Абдулла Орипов. Мен нечун севаман Ўзбекистонни (видео)

МЕН НЕЧУН СЕВАМАН ЎЗБЕКИСТОННИ

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.
Нечун ватан, дея еру осмонни,
Муқаддас атайман, атайман танҳо.

Аслида дунёда танҳо нима бор?
Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?
Ёки қуёшми севгимга сабаб?
Ахир қуёшли-ку, бутун Осиё.

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Боғларин жаннат, деб кўз-кўз этаман.
Нечун ардоқларкан тупроғини мен,
Ўпаман, тупроғинг бебаҳо, Ватан!

Аслида тупроқни одил табиат,
Тақсим айлаган-ку, ер юзига тенг
Нечун бу тупроқ, деб йиғлади Фурқат,
О, Қашқар тупроғи, қашшоқмидинг сен?

Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
Сабабин атгин, десалар менга.
Шоирона, гўзал сўзлардан олдин,
Мен таъзим қиламан она халқимга:

Халқим, тарих ҳукми сени агарда,
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?

Ватанлар, Ватанлар,
Майли, гулласин,
Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо,
Юртим, сени фақат бойликларинг чун
Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!

Абдулла Орипов