Барлос қишлоғи арининг бузилган уясидай тинчимай қолди. Ўз элингдан ёзувчи чиқса қийин экан: ҳали дўконни, ҳали пахтани, ҳали фермани тафтиш босган… Биттасини босди-босди қилиб улгурмай, иккинчи жанжал бошланади.
Ўзимиз билан Маматнинг укаси, ўша, бир вақтлар Банот кўр билан олишиб юрган Маматнинг мўмин-қобил, бечорагина укаси – Тожибой ҳам ёзувчи чиқиб қолди.
Барлосдан одамлар кесакдан ўт чиққанини кўрган, лекин Тожибойнинг бировга тик гапирганини эслай олишмайди. Замонанинг зайли шу экан-да. Қаёққа қарасанг – ёза-ёз. Икки энлик чизиб, почтага ташласанг, қарабсанки, сал кунда ҳамма ёқ – тало-тўп.
Бир ҳафтадан бери гаражда тинчлик йўқ. Тафтиш. Нима эмиш, Тожибой ўз имзосини қўйиб, юқорига шикоят ёзган эмиш, хатни ўзим ёзганман, деб тан олиб ҳам турганмиш. Шикоятида: “Ҳамма ёқда қайта қуриш авж олган бир пайтда бизнинг Барлосда ҳамон порахўрлик, қўшиб ёзишлар давом этаяпти. Ошна-оғайнигарчилик тугамаяпти. Аввалги директор ишни бошқара олмагани учун вазифасидан озод этилганди Ўрнига порахўрликда ундан таълим олган бош зоотехник Хидир Собирович тайинланди Илгариги директор битта янги машинани беш юз сўмга сотса, буниси нархни тўрт баравар қимматлаштириб юборди. Йигирма йилдан бери менинг пешанам эски машина капотидан кўтарилмайди, кечагина гувоҳнома олган болачалар пора эвазига янги машина оляпти…”, деб кўп гапларни роса қойиллатиб ёзган эмиш.
Аввалига ҳаммани зир титратган тафтишчи ҳафта охирига келиб, бирмунча юмшаб қолди. Ҳатто охирги куни гараж ишчи-хизматчиларининг мажлисига район вакили, совхоз директори билан оғиз-бурун ўпишгудай бир ҳолатда кириб келди.
– Ўртоқ Тожибой Тошбоев, бу ёққа чиқинг! – деди тафтишчи, гўё судланувчини қора курсига таклиф қилаётгандай.
Юзи қорайиб, кўзлари киртайиб, бир ҳафтадаёқ буткул ўзгарган, ҳеч нарсага тоқат қилолмайдиган жирттаки кимсага айланган Тожибой одамларга назари тушмаслиги учун тақир бошига силаган киши бўлиб, ўртага чиқди.
– Бизнинг эл жуда билимдон бўлиб кетган-да, – деди Хидир Собирович истеҳзо билан.
Бу гапн ҳамма эшитди. Ҳамма эшитгани учун ҳам бу гап Тожибойга қаттиқ таъсир қилди. Директораг ўқрайиб, нимадир демовчи бўлган эди, тафтишчи “улоқни илиб кетди”:
– Этикани сақланг, ўртоқ директор! Хўш, ўртоқ директор! Хўш, ўртоқ партком секретари! Йиғилишни бошлайсизми?
Партком секретари Ҳамроқул Бозорович чаққонлик билан ўрнидан туриб, мажлисни очиқ деб эълон қилди. Кейин тафтишчига сўз берди. Тафтишчи партия ва ҳукуматимиз ишлаб чиқаётган янги қарор, қонун ва бошқа норматив ҳужжатларнинг афзаллиги ҳақида, турли ерларда амалга оширилаётган қайта қуришлар ҳақида узоқ маъруза қилди. Ниҳоясида деди:
– Хў-ўш, ўртоқлар, демоқчиманки, бизда меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қаттиқ туриб ҳимоя қилишади. Шу пайтгача менинг қўлимга тушган бирон-бир шикоят натижасиз қолган эмас. Ўзларингиз гувоҳсизлар, ҳамқишлоғингиз Тожибой Тошбоевнинг шикоятини обдон текширдик. Баъзи бир фактлар тасдиқланса-да, асосий айбномалар фақатгумон асосида ёзилганига, замирида муста\ҳкам пойдевор йўқлигига амин бўлдик. Лекин бу гапим, шикоятдаги фикрлар тасдиқланмади, деган нарса эмас…
Тожибой ҳамон ўртада доскага чиқариб қўйилган ўқувчидай қаққайиб турар, ўтириш на ўзининг, ўтир дейиш на раҳбарларнинг хаёлига келмасди.
– Бизда ҳозир демократияга кенг йўл очилган, ўртоқлар, – давом этди нотиқ руҳланиб, Ҳар қалай у жуда илҳомланиб, равон ва силлиқ гапирар, бу ҳолатни ўзи ҳам пайқаб, ўзидан ғурурланар, бадтар тўлқинланиб борарди. – Хуллас, сўнгги нуқтани сизлар, ана шу гаражнинг ишчи-хизматчилари – бутун бир коллектив қўйиши керак. Хўш, фикр билдирувчилар?..
– Мен гапирай! – деди гапнинг нишабини англаган Абдулла. У намунали хулқли пионердай қўл кўтарганча сакраб ўрнидан турди. – Мен Тожибой акани жуда ҳурмат қиламан, – деди у , беғам лунжини тўлдириб. – Оғзи очилганда қатор, қип-қизил тишлари ярақлаб кетди. – Кўп йиллардан бери бирга ишлаймиз. Бирон марта сан-манга бормаганмиз. Менимча, бундай хатни ёзиш Тожибой аканинг қўлидан келмайди, ўртоқлар! Тожибой акани тезлашган.
– Мени ҳеч ким тезлаган эмас! – Боядан бери қаққайиб туриш жонига теккан Тожибойнинг жазаваси тутди. – Мен сизларга бир ҳафтадан бери айтяпман-ку, хатни ўзим ёзганман! Ҳеч ким мени мажбур ҳам қилган эмас. Менинг навбатим бўла туриб, Хидир ака янги машинани жиянига бериб юборгани учун алам ўтиб – ёздим.
– Қачон мен янги машина минибман?! – Директорнинг жияни ўрнидан туртди.
– Икки кун миндинг-ку! Мен жанжал кўтаргандан кейин бир ҳафта тўхтатиб, тоғанг бир ярим минг эвазига Сафарга ўтказиб юборди.
– Туҳмат! – Сафар найнов лопиллаб ўрнидан турди. – Ўртоқлар, ёзганларининг ҳаммаси туҳмат экани аллақачон маълум бўлди. Мен Тожибой Тошбоевни туҳматчи сифатида судга беришларингизни талаб қиламан.
“Суд” сўзини эшитиб, Тожибойнинг кўзлари аланг-жаланг бўлиб қолди. Мадад излаб, ўтирганлар орасидан нажоткорларининг нигоҳини қидирди. Лекин: “Ёзавер, сен ишчи одамсан, сени ҳеч нарса қилишолмайди, қолаверса, сен юз фоиз ҳақсан. Агар директор бўлиб қолсам, биринчи янги машинани сенга бераман. Бемалол гапиравер, бирон кор-ҳол юз берса, ўзимиз сени қўллаб-қувватлаймиз”, деганларнинг нигоҳи ерга қадалган. – Тожибойнинг бир ўзи нима қилсин? Гап билмаса, ҳалиям бир ҳафтадан бери ўзини ўзи еб, ғижиб, ғижиниб, чираниб, гап талашишни анча-мунча ўрганди. Тўғриси, одамлар Тожибойни мўмин-қобил дейишгани билан Тожибой айтарли мўмин-қобил эмасди. Ҳар кимга оғзидаги ошини олдириб юради. Бу – рост. Лекин ўлгудай ўжар, тўпори, шунинг учун учоворага қўшилолмай умри ўтиб бораётган, Мамат акасига зид феълли бир кимса эди. Нажоткорлар нозик фурсатдан фойдаланиб қолишди. Ҳар қалай бировга гап беролмайдиган, бировдан гап ололмайдиган, мужмал деса мужмал ҳам эмас – Тожибой ҳақида қирқ йилдан бери Барлосда бирон марта гап тарқамаган. Тожибой ундай депти, Тожибой бундай депти, Тожибой фалончини сотипти, деган гапни эшитишмаган. Шунинг учун ҳам қишлоқ орасида “Тожибой шикоят ёзипти”, деган гап чиққанда ҳамма ажабланди, ишонқирамади. Баъзилар бу иш ким-бировларнинг қўли билан амалга оширилганини тахмин қилди. Аммо Тожибой илло-билло ҳаммасини ўзим ёздим, деб икки оёғига қўшиб икки қўлини ҳам бир этикка тиқиб олди.
Гаражнинг айвонида давом этаётган мажлис қизигандан қизиди. Машиналарнинг капотида, олдида, темир-терсаклар устида, ерга шолча ёзиб ўтирган одамлар бир тебранишди. Тўрда, олдига қизил латта тўсилган столнинг орқасига ола-қора каптарлардай тизилган “катталар” ҳам кўз уриштиришди.
– Ўртоқлар! Бу нима деган гап? Бир-бирингизга ҳурмат, этикани сақланг, – деди тафтишчи аччиқланиб.
– Раҳмат сизга, ака! – деди Абдулла, навбат яна ўзига текканидан қувониб. Доим шу: мажлис бўлса, Абдулла албатта гапириши шарт. Абдуллага гап тегмаса, мажлис тугамайди. Мажлисни расман ёпиқ деб эълон қилиб қўйишса ҳам Абдулла халққа қарата икки оғиз гапирмаса, кўнгли жойига тушмайди, хумори тарқамайди. Одамлар ҳам шу одатга ўрганиб қолишган. Йигирма йилдан бери Тожибой шофёрлик қилиб, умри эски, шалоғи чиққан машиналарни ремонт қилиб ўтаётган бўлса, Абдулла биронта мурватни у ёқдан бу ёққа олиб қўйган эмас. Йил сайин машинасини янгилайди. Бринчи “ГАЗ-51”ни ҳам, биринчи “ГАЗ-53”ни ҳам, биринчи “ЗИЛ”ни ҳам, биринчи “КАМАЗ”ни ҳам Барлосда Абдулла ҳайдаяпти У “синовчи-ҳайдовчи”. – Мен айтмоқчиманки, – давом этди Абдулла, – Тожибой акамиз бу шикоятни бировларнинг маслаҳатисиз, ўз қўли билан ёзган бўлиши мумкин, лекин муҳими бу эмас. Умуман, барлосликлар бир-бирини ейишиб, бир-бирининг тагига сув қуяяпти, деган гапнинг тарқаши биз учун – уят! Ўртоқлар! Қолаверса, биз ҳаммамиз биргаликда – катта коллектив, бир аҳил оиланинг қондош-жондош жигаргўшаларидек бир овоздан Тожибой акани ўз кафиллигимизга оламиз. Ва сизларни: “Тожибой ака бундан кейин ёзмайди”, деб ишонтирамиз. Сиздай улуғларимизнинг ўта қимматли вақтлари бекорга сарф бўлаётгани туфайли бутун коллективимиз билан ўта хижолатдамиз. Мен мана шу ўтирганлар номидан, қолаверса, Тожибой ака номидан… Ийе! Сиз ҳамон тик турибсизми? – Абдулла қизариб-бўзараётган Тожибойга эндигина эътибор берди. – Раҳмат сизга заҳмат чекканингиз учун, ўтиришингиз мумкин, жон ака! – деди бир қўлини кўксига қўйиб, иккинчиси билан жой кўрсатаркан. Аммо ўтирадиган ўриндиқнинг ўзи йўқ эди. Оёқдан толиб, бир имони кутиб турган эканми, Тожибой ҳам турган жойига чўка қолди. У ёқ-бу ёққа қараб безовталанди, типирчилади, кимнидир излаб, алаҳсиди. Абдулла эса гапида давом этди: – Хуллас, биз… биздан ўтган, агар таъбир жоиз бўлса, камчиликлар учун узр! Қуллуқ, акалар!
– Қисқароқ бўлсин! – луқма ташлади орқароқдан кимдир.
– Сиздан бошқа ҳам гапирадиганлар бор, – деди олдинда кўкрак тугмаларини ечиб, шеригига суяниб ўтирган Қурбон тракторчи.
– Тўғри, гапингизнинг интиҳосини айтинг, – деди район вакили, завқ билан Абдуллага тикиларкан.
– Этика сақлансин! – Тафтишчи столни муштлади. – Бу қанақа ғала-ғовур? Бу киши… – исмингиз нимайди? Абдулла? Абдулла ўртоқ тўғри айтяпти. У сизларни ҳимоя қиляпти. Битта ичи бузуқ тана чиқса, бутун бошли подани булғаркан. Бир ҳафталик текшириш борасида мен шундай ҳолнинг гувоҳи бўлдим. Бу одам… Абдулла ўртоқ, энди бутун бошли пода номидан кечирим сўраяпти. Бу жуда катта олижаноблик, ўртоқлар! – қандайдир дақиқа орасида тафтишчининг мувозанати бузилиб, тебраниб кетди. Кўзлари сузилди. «Мажлисгаям ичиб келадими?» – пичинг қилди кимдир.
Хуллас, у бўлди-бу бўлди, мажлис: “Шикоятдаги фактлар тасдиқланмади” , – деган қарорга келди. Янги машина олганларнинг ҳаммаси директорга пора бермаганлиги тўғрисида тушунтириш хати ёзгани инобатга олинди. Аввал-бошда Тожибойни ҳаволатганлар писиб кетди, Тожибойни гўё уришди, тепишди, йиқитишди, ўласи қилиб калтаклашди, кейин яна қўлидан тортиб турғизиб, орқасини супурги билан тозалаб, “кўзингизга қараб юрсангиз бўлмайдими, ака!?”, – дея огоҳлантиришди. Мажлис қарорига “туҳмат уюштиргани учун Тожибой Тошбоевга қаттиқ ҳайфсан эълон қилинсин ва яна ўзбошимчалик қиладиган бўлса, коллективдан ҳайдалсин”, деган гапларни тиркаб қўйишди.
Тожибойга алам ўтиб борарди. Аммо илож йўқ. Бирда-иккида бировлар билан уришиб юрган одам бўлсаки, роса муштлашиб, хумордан чиқса. Анави номардларнинг жиллақурса далда учун кўз уриштиришга қурби етмади. Тожибойнинг бир ўзи иккиланиб, талмовсираб қолди. Мажлис тугагандан кейин Тожибой кечгача бировга бир нима демади. Бировнинг кўзига тик қарамади. Кечгача калитларини кўтариб, шалтоқ машинасининг таъмири билан банд бўлди.
– Камбағалга қийин бўлди, тезлаган бировлар, бу маломатга қолди, – деди Қурбон тракторчи.
– Бадтар бўлсин! Маломати гапми! Мен уни судга бераман, – деди Сафар найнов гезаниб. – Мен унга туҳмат қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман.
– Э, ўпкангни бос! Бир яримтани қоғозга ўраб, мана шу диспетчерскийда кўпчиликнинг кўз ўнгида берганингни ҳамма билади-ку! – деди Қурбон тракторчи қизишиб.
– Билганда-чи!? Ким кўрипти? Ким қўлимдан ушлапти? – Сафар найнов баланддан келди. – Қайсинг шу гапни исботлай оласан? Балога қолиб кетма баринг. Сафарга осилганнинг бели чиқади.
– Ҳа, ношукр банда-я! Шу бечора йигирма йилда бир жанжал қилгани сабаб сен янги машинали бўлиб қолдинг. Икки мингни қўлтиқлаб ҳам ўтган йили Абдулладан қолган “ЗИЛ”га етолмаган эдинг-ку.
– Бари бир мен қўймайман. Менга исбот керак! – Найнов хезланди.
Тожибой бу гапларнинг барини эшитди. Қолаверса, найнов атайлаб эшиттириб гапирди. Мендан ҳайиқсин, яна ёзадиган бўлса, хатига мени чалкаштирмасин, деган ўйда замзама қилди. Тожибой ўшанда бир оғиз директорнинг жиянига гап қайтаргандан кейин нажотсиз, нажоткорларсиз қолганини англаб, қайта оғиз очмаган, бош кўтариб, бировга тикилмаган эди. – Ичида нима борлигини билиб бўлмайди Тожибойнинг. Қачон қарасанг хўмрайганча кўзларини лўқ қилиб, ўз дардида юргани юрган. Йигирма йилдан бери машинага ёлчимайди. Уч кун ишга чиқса, уч ой таъмирдан чиқмайди. Унинг шу юришига қишлоқда ҳамма, ҳатто хотини, бола-чақаси ҳам кўникиб кетишган. Кечга томон кабинадаги ўриндиққа қўйилган кўрпачани текислай туриб, Тожибойнинг кўзи оёқ остида ётган ошпичоққа тушди. Чархлатиб келинг деб хотини қўлига тутқазганига икки ҳафта бўлди-ёв. Шунча кундан бери ҳатто шугина ишнинг уддасидан чиқолмайди. Чархчи бошқаларнинг белўроқларигача, болтаю-тешаларигача бир оғиз илтимосга чархлаб бераверади. Тожибой пичоқ кўтариб борса, ё электр токи келмай қолади, ё чарх бузилади. Чархчининг Тожибойга қолганда “эртага, эртага”си кўп. Тағин “бехосият одам экансиз, қачон сиз яқинлашсангиз бир бало бўлади”, деб дағдаға ҳам қилиб қўяди. Сўнгги ҳафта шикоят баҳона бўлдию, Тожибойдан ҳамма қочишга тушди. Гаплашаётганимни директорнинг ошна-оғайнилари кўриб қолса – етказади, деб чўчишди. Уйда хотини ҳар куни “чархлатмасангиз ордона қолсин, келтиринг, ўзим тошқайроқ билан ўткирлаб оламан”, деб ғиринглайди. Ўша куни бир фалокат босиб, машинаси юриб қолгани туфайли тушликка уйга миниб борган эди, Пичоқни ўшанда олган. Қайтишда далага етмай машина тўхтади. У қилди-бу қилди, машина юрмади. Шатаккка олиб, гаражга келтириб ташлашди. Ўшандан бери машина яна таъмирда. Ўшандан бери ошпичоқ ҳам ётипти. Кейинги кунлари жанжал билан алаҳсиб, унутган экан. Тожибой чархчига қаради. У ниманидир қайраяпти. Жуда яхши бўлди. ТОжибой пичоқни олиб, ўша томон юрди. Чархчи буни илғаб қолди шекилли. Шоша-пиша чархни ўчириб, ғилофини кийгизди. Тожибой етганда у чархнинг атрофини супуриб-сидираётган эди.
– Иш вақти тугади, Тожибой ака. Эрталаб вақтли келсангиз чархлаб бераман пичоғингизни, – деди у шоша-пиша йўлга чиқаркан.
Нима? Тожибой юқумли касалликми? Нега ҳамма ундан қочади? Бунча қўрқишмаса бу одамлар Хидирдан? Еб қўярмиди у? Тўғри, аввалги омон-омон замонларда Тожибойга ўхшаган ёзувчиларни қуритиб, йўқ қилиб, изини ҳам ўчириб юбориш Хидирга, Хидирнинг устозига чўт эмасди. Мана, энди Тожибойнинг икки энли хати туфайли обрўли жойдан тафтишчи келиб, бир ҳафта ҳамма ёқнинг тит-питини чиқарди. Шунинг ўзиям катта гап. “Кўкрагини кериб юрадиган Хидир бўйнини қисиб қолди”, деган эди текшириш бошланган кунлари ўша ҳомийларидан бири. Кеча оқшом биттаси: “Тулкининг терисини кийган Хидир баччағар бу тафтишчининг ҳам қўйнига бир нима тиқди-ёв, муомаласи бирдан ўзгариб қолди”, деганди ҳовлиқиб келиб. Ростдан ҳам текширишни бутунлай бошқача ўткизган одам бугун мажлисда мутлақо тескарисини айтиб, ўзи калака бўлди. “Ҳаммаси майли, нега анавилар?..” – Тожибойнинг индамай юриб-юриб бирдан жаҳли чиқадиган одати бор эди. Ҳозир шундай бўлди. Жаҳл билан пичоқни қаршисидаги дарахтга отди. Пичоқ тўғри бориб санчилдию, дастаси дириллаб тураверди. Кейин пичоқни суғуриб олиб, машинасининг ёнига қайтди. Кабинага улоқтирди. “Эрталаб деяпти-ку! Шунча кутган хотин яна бир кун кутса, ияги узилиб қолмайди” – Тожибой шалоқ машинасига суянганча, диспетчер хонаси қаршисига кечагина келтирилган янги “ГАЗ-53”ни қандайдир орзиқиш билан: “Шуни менга бериб қолармикан”, деган ўйда кузатди. “Бермаса-чи”, деган изтироб бир неча сонияда зардага айландию, тура солиб, идорага жўнади. Ҳозир директор билан гаплашади. Энди ортга қайтган номард. Бермаса яна ёзади. Қойиллатиб ўргатадиганлар етарли. Ёзиб ҳам беришади. Директор уни мажлис бошланмасдан масхара қилди-я! Демак, ўшандаёқ иш уларнинг фойдасига ҳал бўлган, мажлисни эса жўрттага ўтказишган. Бу Хидирдан чиққан фикр. О, у жуда ташаббускор. Унинг қўлидан ҳар бало келади-ю, замонида директорликни ололмади-да!
– Хў-ўш, эшитаман!? – сўради директор у киргандан сўнг креслога ястанганча, мийиғида ҳақоратомуз кулимсираб. – Гапинг бўлса тез айт! Мен нарядга киришим керак.
– Янги “ГАЗ-53”ни менга берасиз! – деди Тожибой ўшшайиб, чўқиқишга ҳозирланаётган хўроздай.
– Унинг эгаси бор.
– Ким?
– Хўп, ўша машинани сенга бермасам нима қиласан?
– Устингиздан яна ёзаман.
– Ёзиб, қўлингдан нима келди? Бирон каромат кўрсатдингми?.. – Директор ғазаб билан гапирса-да, ўз муомаласидан ўзи ҳузур қилаётгани яққол сезилар, буни яширишга ҳам уринмасди.
– Менинг қўлимда сизни йўқ қилиб юборадиган ҳужжатлар бор. Шикоят ҳам тайёр! Бир неча нусхада! – деди Тожибой авзойини ўзгартирмай, лўқ кўзларини директорга тикаркан.
Хидир Собирович сакраб ўрнидан туриб кетди. Қандай қилиб Тожибойнинг ёнига етганини ўзи ҳам сезмай қолди. Кейин сал босили-иб, хонани айланиб, оёғининг чигилини ёзган киши бўлиб, хаёлчан гапга тушди:
– Та-ак, та-а-ак, ҳаммаси аён. Ҳужжатларни ким бергани, хатни ким ёзгани маълум.
– Ўзим, ҳаммасини фақат ўзим қиляпман.
– Э, эски ашулангни қўй. Газетани зўрға ҳижжалаб ўқийсан-ку, шикоят ёза олармидинг! Ким ёзганини айт, демаяпман-ку сенга. Айтмасанг ҳам биламан. Фақат… қўрқмайсанми?
– Нимадан?
– Ким билади, омонат жон. Техникани билиб бўладими, тормоз шланги узилиб қолиши мумкин, бизнинг паст-баланд йўлларда… Бола-чақангни ўйламайсанми? Нима қиласан бировларнинг ноғорасига ўйнаб? Ўзинг шоҳид бўлдинг, пусиб кетди-ку ҳаммаси, сени бозорга чиқариб. Менга – ку бари бир… тафтишчиларни бир амаллайман. Ишқилиб, жон омон бўлсин… Бу ёғи мана – демократия! Халқнинг ўзи мени қувватлади… Қўл учида кун кўраётган одамсан. “Ёзувчи” деган тавқи-лаънат бўйнингга осилди. Бўлди-да энди, қўй! Ё то Барлосдан ҳайдаб чиқишгунча қилиғингни давом эттираверасанми?
Тожибой кўз олдига аварияни келтирди. Хидирнинг қўлидан келади авария уюштириш. Бунинг қўлидан ҳар бало келади. Тожибой бир дам “отам”лаб турган ўн битта боласини кўз олдига келтирди. Кўнгли бузилди. Буни ўзича тушунган директорнинг ҳам дили қайишди шекилли, давом этди:
– Майли, мен сендан ўпкаламайман. Биламан, жўжабирдай жонсан. Ҳақиқатан ҳам биз кейинги пайтларда инсон омили деган нарсани унутиб қўйган эканмиз. Майли, сен қўймасанг ҳам мен гинани қўйиб, сенга бир ёрдам берай. Э, ўзи латта деса латта эмассан, муомалани билмайсан! – Директор бош қа кўрсаткич бармоқларини бир-бирига ишқалади. – Ўтган кетганда кириб туради одам деган раҳбарнинг олдига. Ҳол-аҳвол сўрайди. “Ассалому алайкум” деб қўл узатади. Нима, бизларга осон тутасанми? Қани, мен икки кун қўлимни бурнимга тиқиб юрай, учинчи куни “бу қайта қуришни ҳали англаб етмапти”, деб ишдан бўшатиб ташлашади…
– Машина берасизми менга? – сўради Тожибой ҳамон ўша алфозда.
– Э… – Хидир Собирович сўкинишдан ўзини зўрға тийиб қолди. – Ғалча! – Кейин бир пас ўйланди-да, янаям тушунар деган хаёлда умидвор қилди. – Эрталаб гаражга борчи, маслаҳатлашиб кўрармизю
Ҳар доимгидай, Тожибой тўрсайганча уйига қайтаётганда акасининг ўғли велосипедини йўлига кўндаланг қилди: “Отам сизни уйга чақиряпти”. Йўл-йўлакай Тожибой аввал Ниёзматга дуч келди:
– Нима бўлди ўзи? – сўради у ачиниб.
– Ай-й!
– Ҳар қалай яхши иш бўлмапти-да. Мен-ку, бир вақтлар Йўлдош билан Баҳрининг туҳматига қолгандим. Сизники чатоқ бўпти. Э, булар ёмон. Дарров бирикиб кетишади.
Тожибой судралиб йўлида давом этди. Дўконнинг қаршисида бир тўда одамлар турган экан. Уларнинг орасидан Йўлдош югуриб етди. Оғзи қулоғида эди:
– Энди нима қилмоқчисиз, шоввоз?
Тожибой индамади.
– Бўш келманг! Бошланган ишни охирига етказиш керак. Барлосдан ўзингиз чиқдингиз-да отилиб!
Йўлдошнинг гапи ўзи шунақа. Қачон ҳазиллашяпти, қачон жиддий гапиряпти, қачон чин дилдан куйиняпти – билиб бўлмайди. Мамат акаси уйида болишга ёнбошлаб ётган экан. Зўрға қўзғалиб, ўтирди. Кўришишга қўлини ҳам чўзмади. Қовоғи солиқ..
– Ўтир.
Тожибой ўтирди.
– Янги машинани олдингми?
Тожибой индамади.
– Ҳа? Нега жимсан? Кейинги кунларда тилинг узайиб кетган эди-ку!
– Э, нима бўлса бўлди-да, ака, ҳадеб ижикилайверасизми? Нима фойдаси бор?
– Нима, ака бўлиб жим ўтиришим керакми? Таёқнинг бир чеккаси бизгаям тегади. Хидирнинг авзойи бузуқ. Бир кун қўққисдан мелиса чақиртираман-да, икковингниям уйингни тинтув қилдираман. Йўқ деганда бир пақир ем чиқади-ку. Ана ундан кейин додингни худога айт, деди. Укам-ов, ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан! Сени касрингга қолиб кетмайлик. Саккизта боламнинг қарғишидан қўрқ.
– Э, мунча вой-войлайсиз, ака! – деди энсаси қотган Тожибой жеркиниб. – Мендаям ўн битта бола бор. Биронтангиз: “қани ука, аҳволинг қандай?” деб сўрадингизми. Ничоқ суякдан ўтиб кетди-да. Ё менинг янги машина минишга ҳаққим йўқми?
– Бермаса нима қиласан? Уриб, тортиб оласанми? Сафарларга ўхшаб пулинг кўп бўлса экан…
– Акангман, акангман, дейсиз, жағ урасиз, ўша машина келганда беш юз қарз сўрадим, янгамдан ўтолмай ерга қарадингиз. Қарз сўрагандим, еб кетарга эмас. Жоним омон бўлса, янги машинада даромад қилиб, қайтарардим.
– Йўғиди-да ўшанда пул.
– Э, бу эртагингизни кўп эшитганман, ака! Давлатнинг катта бедазори қўлингизда, неча йиллардан бери…
Ака-ука сукутга чўмди. Бир пас хонада ноқулай жимлик ҳукм сурди. Ниҳоят Мамат бошини кўтарди:
– Ука-а, бу ўпка-гинангни қўй. Ҳадеб даъво қилаверганча, ўзинг ўзингни эпла. Бировни ака де, бировни ука де, кунингни кўр. Синглимиз уч боласи билан менинг қўлимга қараб ўтирипти. Каттаси Шониёз бўлса, шаҳарда юриб ўрганган, топар-тутарга уқуви йўқ. Кўчириб келдим, директорга илтимос қилиб, уй сўраб олиб бердим, пул ҳисобига бўлса ҳам жойлаштирдим Бир тийин қўшиш у ёқда турсин, тузукроқ қарашганинг йўқ-ку. Ёмон одам эмас директор. Бугун юзимга солди, яхшиликка ёмонликми деди. Бу ёғи нима бўлса бўлди. Мен директордан сен учун ҳам ўтиндим. Билмай бу ишга қўл урган, фалончилардан гумоним бор, ўшалар ўргатган бўлса керак, менгаям бу тўғрида сира оғиз очмаган, деб сени орқаваротдан ёмонлаган киши бўлдим. Айтаман, келиб ўзи сиздан кечирим сўрайди, дедим. Ҳар қалай ўшанинг гапи гап. Ў-ў, Хидир билан ўйнашма. Мажлисда ўзи чеккада мук тушиб ўтириб, қайраб қўйган одамлари гапирган эмиш-ку. Шундан ранг олавер… У хатни сенга ким ёзиб берувди ўзи?
– Нима, директор сиздан шуни билиб беришингизни сўрадими?
– Э, падарига минг лаънат ўша!.. Нима, ҳали мендан ҳам сир яширадиган бўлиб қолдингми? Ў-ўвв ука, биласанми…
Энди нима қилиш керак? Акасидан яна беш юз сўрасамикан? Директорга ҳеч бўлмаса минг сўм бермаса бу машина ҳам бошқа бировга ўтиб кетади. Акасидан пул чиқиши қийин. Ўртада янга бор… Директорнинг устидан ёзиб, қўрқитиб бўлмас экан. Икки ўртада… Анавилар ўргатган гапни айтиб тўғри қилдими, йўқми? “Менинг қўлимда сизни йўқ қилиб юборадиган ҳужжатлар бор. Хат тайёр”. Олдинига шошилиб қолди, кейин дарров ўзини босиб олди-да, қўрқитишга ўтди. – Тожибой қўрқиб-қўрқиб етган жойи шу. Энди ортга йўл йўқ. Бари бир ёзувчи деган номни олди. – Тожибойнинг бармоқлари мушт бўлиб тугилди. Қачонгача индамай юради? Жонидан ўтиб кетди-ку!
– … бўлмаса шу гап, ука. Эрталаб идорага бор-да, қуллуқ қил. Ахмоқ эканман, де. Зора кўнгли эриб – одамку уям, аҳволингни билади, ўлдими, пул сўрамас – “ол қулим”, деб юборса, ажабмас, сен ҳам машинали бўлиб қоласан. Жа-а, пул сўраса, айтасан-да: “Бир-икки ой ишлай, чиқариб бераман,,,”. Бордир ўзингдаям, сандиқнинг тубига…
Қўшни хонада қий-чув кўтарилди. Янгаси овозини қўйиб қарғанди. Кимларнидир шапиллатиб урди, болачалар чириллаб йиғлади.
– Ҳов-в хотин! Тинчит уларингни! Меҳмоннинг олдига дастурхон ёзсангчи!
“Акажон, ўзи атайлаб уриб йиғлатди-ку!”
– Ҳе ўл, амакингга ўхшамай, писмиқ! – Янга авжланди. Мамат ўсал бўлди. Томоқ қириб у ёқ-бу ёққа аланглади:
– Ҳўй, сенга айтяпман, чой келтир!
– Газ тамом бўлган! –шанғиллади янга, ака-ука ўтирган хонага кираркан. – Мен сизга уч кундан бери баллонларни алмаштириб келинг, деб худонинг зорини қиламан. Нима, энди қоракуяга ботиб, ўчоқ титайми? – Янга Тожибойнинг тепасига келиб, тахмондаги бўғжомани тортиб олди. Шу пайт бўғжоманинг тагида турган олача сирилиб, Тожибойнинг елкасига тушди. Янга бўғжомани силкиб, бир четга отди-да, олачани кўтариб, жойига ташлади. Буюмларни олганча-қўйганча Тожибой янгасига йўл бериб, эгилиб-букилиб турди. Янганинг турқи совуқ. Қовоқлари учиб борар, “ҳа” дегудай бўлса, юлишадиган важоҳатда эди. Янга Тожибойни бормисан-йўқмисан, демади, бетига қарамади.
-Ў-ў, янга, мен қарз сўрагани келганим йўқ”
– Нега унча шовқин соласан? – деди Мамат хотинига, юраги бетламайроқ.
– Ана, девдай арзандангизни қаранг, эртага мактабга борадиган бўлиб турибдию, ҳалигача иштонига сияди. Иштон илаяпман. Ҳу, уруғ-пуруғинг билан қуриб кетгур! Излаганда топилмайди!
– Э, жин урсин иштонингни! Чиқ, бор! – Мамат ҳам орланиб, жойидан қўзғалди.
– Менга дўқ урганча олдин ўғлингизга эгалик қилинг, – деди янга бўғжомани кўтариб жўнаркан. – Биронтасининг янги кийими йўқ. Олиб беринг. Давлатнинг бедасини сотиб, пу тўплаб ётибсиз-ку!
“Янгам гапимизни пойлаб турган экан-да!”
– Ма ол, кий савилингга! – Янганинг овози нариги хонадан эшитилди. – Калнинг касри уриб, отанг қамалиб кетса, Шу ҳам йўқ эртага. Кейин кўчага чиқиб, тиланчилик қиламиз.
Акасини билмади-ку (акаси ҳар қалай бундай муомалага кўникиб кетган), Тожибой ер билан битта бўлди. Аммо нима десин? Жигари-да! У-бу деса, оиламни бузмоқчимисан, деб яна тармашади. Умуман, бирини жигар деб, иккинчисини жиян деб, бошқасини ҳамқишлоқ деб, андиша қила-қила Тожибой етадиган жойига етиб бўлди. Аммо, бари бир…
– Ака, майли, мен энди борай.
– Ўти-ир, чой ичардик, -деди акаси журъатсиз.
– Йў-ўқ, майли, кеч бўлиб қолди. – Тожибой қўзғалди.
– Калласида ҳуши йўқ, оғзида бир тиши йўқ, не бўрилар билан олишмоқчи. Топгани битта иштон,унинг ҳам кети йиртиқ… Тез кийиб ол, қирилгур! – Янгасининг овози ҳовлига чиққанларида ҳам эшитилиб турди. – Кал бўлсак ҳам кўнглимиз нозик!.. Киявер, сени кетингга ким зарил?..
“Мен кетмасам энди янгам авжланаверади. Кейин акам муштлайди. Сўнг янгам бир ҳафтагача пешанасини танғиб, мени қарғайди: “Бехосият, қачон шу келса, уйимиздан барака арийди!”
Йўл-йўлакай анавиларнинг бириникига кирди. Бахтига учови ҳам шу ерда йиғилиб ўтирган экан. Каттаси ҳам, кичиги ҳам: “Тожибой ака, келинг-келинг”лаб, тўрга ўтқазишди.
– Боплабсиз, Тожибой ака, – деди кичиги. – машинани сизга бермасдан иложи йўқ.
– Ҳай билмадим-да, – иккиланди Каттаси, – бермайди-ёв. Гапини қаранг уни: “Устингдан янги хат тайёр!” деб қўрқитишга уринди эмиш . Шу гапни нарядда айтиб ўтирипти. Қўрққанини билдирмайди. Бир нимани бошлайди у ҳали.
– Бари бир оёғи қалтираб қолди. Катта ака. Иккинчи хат борса – йиқилади. Мана кўрасиз.
– Унчалик эмас, Хидирнинг елка тирагичлари ҳали мустаҳкам: “Ким ёзганини, ким ўргатганини жуда яхши биламан”, деди менга ўқрайиб.
– Ишқилиб, Тожибой акамизга худо куч-қувват берсин-да, – деди ўртанча. – Минг гумон қилсин, тожибой ака маҳкам бўлса… Хидир оёқлари тушовланган қўйдай типирчилаяпти. Эрта-индин бўғизланишини ҳам билади, аммо иложсиз. Қайралаётган пичоққа мўлтайи-иб қараб ётипти.
– Ўзи, сиз са-ал шошиб қолдингиз-да, Тожибой ака! – деди кичик ўпкалаб. – Шофёрларга ҳужум қилиб адашдингиз. Кейин ҳаммаси шу гапга тармашиб олдию, директорнинг устидан ёзилган бошқа гаплар, бухгалтерия ҳужжатларини “унутишди”. Шунинг учун бизлар ҳеч нарса дея олмадик.
– Асли “Сафарга машина сотди”, деган жумлани олиб ташласак бўлармиди? – фикр билдирди ўртанча.
– Ҳа, бу сафар Хидир бизларга нисбатан пухталик билан ишлади, – деди Катта ака. – Тожибойни чалкаштириш учун Абдуллани тайёрлаган. Ўзи доим мажлисларда гапириб юрадиган одам, ҳеч ким ундан шубҳаланмаслиги тайин. Абдулла эса кўпчиликнинг фикрини ўзгартириб, чалғитиб юборди. Ҳечқиси йўқ, – Катта ака шоп мўйловини силаркан, аллақаёқларга умидвор тикилди. – Энди биз ҳам пухта бўламиз.
– Иккинчи тафтишчини ҳам тиқиб юборсакчи. Битта пункт тасдиқланмаганидан фойдаланиб, пора эвазига шикоятни йўққа чиқарди, деб, а? – Ўртанча яна фикр билдирди. – Ўша хат бўйича бошқа тафтишчи сўрасак.
– Жуда маъқул. Ёзишни бошлаймизми? – Кичикнинг кўзлари илҳом билан порлаб, ручкасини чиқарди.
– Шошилманглар, шошилманлра! Шошқалоқлик ишнинг белига тепади, – деди Катта ака вазмин. – Кўрдиларинг-ку ўзларинг. Бу ёғи пухта бўлиши керак. Иккинчи хат ҳал бўлсин, қолганини кейин гаплашамиз.
– Иккинчи хатни беринглар, мен бир кўрай, – деди боши қотиб қолган Тожибой.
– Кўргансиз-ку, – ҳайрон бўлди кичик. – Нима, қўрқаяпсизми?
– Нимагадир шу ишлар менга ёқмаяпти, – деди Тожибойнинг асаби таранглашиб. – Қўйинглар, шу машмашаларга мени аралаштирманглар.
– Хат кетди, – деди Катта ака бамайлихотир.
– Қаёққа кетади?
– Тафтишчини вилоятга ўзим ташлаб келдим-ку! Бу ишни ҳам Хидир жўрттага қилди… Хатни ўша ердан почта қутисига ташладим.
– Уҳҳ! – Тожибой пешанасига қўл тиради. Акаси, янгасини ўйлади. Бир нима бўлса душманку душман, янгасидан тириклай қутулмайди.
– Сиз тап тортманг, – деди Катта ака насиҳатомуз. – биламиз, Хидир Мамат акангизга дўқ урди. Бир оғиз гап билан қамаб юбораверадиган замонлар ўтиб кетган. Бошқа давр ҳозир. Тожибой ака, қўзингизни очинг! Шунақа сотилиш ниятнгиз бор экан, эртароқ айтмайсизми? Номингизни ўчириб, мана буларникини қўярдим.
– Нега энди фақат бизларникини?
– Менинг номимни қўйиш мумкин эмас. Директорликка даъво қилиб юрувди. Хидир тайинлангандан кейин аламзадаликдан ёзяпти, деб жанжал кўтаришади, – деди Каттта ака тушунтириш бериб ва Яна Тожибойга юзланди. – Бизга ҳам сизни аралаштириш жуда зарил эмасди. Шу камбағалнинг ҳовлисигаям имкон борида қуёш тегиб қолсин, деган эзгу ниятда айтган эдик. Сиз рози бўлдингиз. Биз ахир сизни мажбур қилганимиз йўқ-ку! Шундайми? Энди аравани кўчанинг охиригача тортинг. Йўлда йиқилиб қолсангиз оёқости бўласиз. Шуни унутманг. Хидир – илон. Олдин авраб чақиради, кейин ютади. Ютолмаса – чақади. Яхши гапирди, деб бизга тайсалламанг. У яхши гап билан ишингизни тўғрилаб қўяди, ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Эрталаб янги машина оламан, деб ўйладингизми? Олиб бўпсиз! Икки минг ҳисобига машина Абдуллага кетди.
– Биринчи хатни ёзмаганингиздаям майлийди, – дея кичик Катта аканинг гапини маъқуллади. – Номим ёзувчига чиқди, деб ўйлаяпсизми? Сиз ёзувчи эмас, ўз ҳаққингизни талаб қилаётган жабрдийда инсонсиз! Барлосдагиларнинг кўпи сиздан хурсанд. Кейинги бир ҳафтада Хидирнинг ўзи ҳам хийла тийилиб қолди-ку!..
– Ҳа-да, – ўртанча чуккалади. – Хидир ҳам, ундан олдинги директорлар ҳам сизга “одаммисан” демаган, хатдан кейин эса Хидир сиз билан ҳисоблашишга мажбур бўлди.
– Хидир ҳали-бери ҳисоблашмайди. – Катта ака оталарча бош чайқади. – У ўйин кўрсатяпти… Энди подпольедан чиқишимиз керакка ўхшайди. Яна текшириш келса, ишонган Тожибой акамиз оғзидаги ошини олдириб ўтирса… Бизга натижа керак! – Катта ака хонтахтани муштлади, дераза зириллаб кетди.
– Хатни булар ёзганди десангиз ўзингизга қийин бўлади, Тожибой ака, – деди кичикнинг важоҳати ўзгариб. – Хатдаям, конвертдаям сизнинг ёзувингиз. Туҳматчига чиқиб қоласиз. Туҳматчи эса Жиноят Кодекси бўйича бир йилдан уч йилгача қамалади…
Тожибой мум тишлади. Бармоқларини юзига босди. Бутун бадани, юз-кўзи, сочларини ҳам совуқ тер босди.
– Нима керак шунақа гаплар!? – Катта ака суҳбат оқимидан мамнунлигини билдириб қўймаслик учун ўз оёқларига тикилиб, пастки лабини қимтиб-қимтиб, давом этди. – Йўқ десангиз – ихтиёрингиз… Аммо айтиб қўяй: Хидирга бари бир, лекин икки мингсиз янги машина ололмайсиз. Хидир нархни кўтариб юборган. Агар тоат-ибодатларимиз кўкка етиб, ўрнига мен бўлиб қолсам, то мен тургунча мендан ҳам яхшилик умид қилманг. Майли, боринг. Сизга рухсат.
Хонага оғир жимлик чўкди. Тожибой чиқиб кетарини ҳам, ўтирарини ҳам билмасди.
– Хўш, нима қарорга келдингиз? – жиқиллади кичик. – Айтинг-да, кетаверинг.
– Бўпти, – деди Тожибой афсус-надоматга тўла нигоҳини уйнинг бурчагига тикиб. – Иккинчи хат ҳам меники, аммо кейин мен ўйиндан чиқаман.
– Ҳа, бу эркакча гап, – деди ўртанча эркинсиниб.
Катта ака қовоғини уйиб, аразлади.
– Бўпти, мен кетдим. Шу гап – гап! – Тожибой ҳорғин қўзғалди.
Ўртанча Тожибойдан олдин кўчага чиқиб, у ёқ-бу ёққа қаради, пойлоқчи йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина Тожибойни дарвозадан чиқара солиб, эшикни ичкаридан занжирлади. Тожибой ўз кўчасига етганда йўлини иккита девдай-девдай йигит тўсди. Бири директорнинг машинасиз қолган жиннисифат жияни, иккинчиси нотаниш.
– Хўш акам, қўлингиздан нима келди? – Жиян хунук ишшайди, юзини Тожибойнинг юзига тираб. – Яна ёзасизми?
Тожибой индамади. Қаради, қаради, унча-мунча ҳадиксиради, лекин кеч тушгандан бери турли-туман дўқларни эшитавериб, дийдаси қотиб кетгани учунми, “э қўй, бир камим сен қолганмидинг!”, дегандай Жиянни айланиб ўтаётганди, шериги қулоғининг тагида қўлини кўтарди. Алланарса ярақлади, шарақладию, томоғи тагига ўткир тиғли бир нарса қадалди. Тожибой эсанкиради. Кўзларидан ўт чиқиб кетди. Қуруқ дўқ бошқаю, бунақа қилиб кўз ўнгингга ўлимни нақд қилиб қўйса бутунлай бошқача бўларкан. Оёқлари қалтиради. Ичи тўкилди.
– Ол, пичоғингни ол! – деди Жиян шеригига. Шерик пичоқни олди. – Билиб қўйинг, – деди яна Жиян таҳдид билан, – болаларингиз ҳурмати бу сафар омон қоляпсиз. Бундан кейин қадамингизни билиб босинг. Ҳеч кимга “мени сўймоқчи бўлди” дея айта кўрманг. Мабодо айтсангиз, мен қамалсам, умуман яна хат ёзсангиз мана шу шеригим шериклари билан бир оқшом келади-да, бола-чақангизни чавақлаб, уйингизга ўт қўйиб кетади, инсон ақли етмайдиган иш бўлади.
Тожибойнинг кўз ўнги қоронғилашди. Қирқ беш йил умр кўриб, бугунгичалик кўп дўқ эшитмаган, ўлимни бу қадар бўйнига олмаган эди. Биридан қутулиб иккинчисига, иккинчисидан қутулиб, учинчисига тутиляпти. Шунча яшаб, бирон киши билан қаттиқроқ гаплашган, гап талашган одам эмасди. Тинчгина, амал-тақал рўзғорини тебратиб келаётганди. Анавиларнинг гапига лаққа тушдию… Ўша машинани тайин менга беришади, деб ишонч билан кутаётганди-да. Ҳеч нарсани бекорга беришмас экан. Кутиш эмас, оёқни қўлга олиб югуриб керак экан… Алам ўтиб турганди. “Қараб қолаверасанми, сен ҳам одам бўлиб, би-ир ёз!”, деди бири. Иккинчиси қалам тутқизди. Учинчиси айтиб турди, аламзада Тожибой ёзди. Ёзган билан ҳам, мана, ҳеч иш чиқмади. Қайтага ҳамма юз ўгирди, Йўлдош мазахлади, акаси сўкди, янгаси қарғади, анавилар қўрқитди, Жиян пичоқ тиради. Бу нима кўргулик? – Тожибой ўзига келганда ёлғиз эди. Жиян шериги билан қандай пайдо бўлганини ҳам, йўқолганини ҳам пайқамай қолибди. Ростдан улар пичоқ тирадими ё туш кўряптими? Нималар бўляпти ўзи? Тожибойнинг гуноҳи нима? Ҳақини талаб қилганими? Анавилар ўргатмаганда ҳам ахир… одам-ку Тожибой ҳам… Бозордаги мол эмас, ўтган ҳам,қайтган ҳам турткилайверадиган! Жиян нимага зуғум қилди? Машинасини унга эмас, сафарга бериб юборишди-ку. Эҳҳ! Ахир… Ҳали директор заррача парво қилгани йўқ.. Катта аканинг гапи тўғри.. Янаям эрталаб аниқ бўлади. Жиян “тоға ўзимники!” деб ҳеч бўлмаса иримига қўл узатмай, янги машинани миниб юраверган, Сафар пул тиқиштирса ҳам етолмаётганди. Тожибойнинг хати директорга дастак бўлгану, Жиянини авраган… Ў, Хидир!!! Сени тулки деганларича бор экан. Ҳали менга ҳам роса эзғилаб тушунтирдинг! Опкелиб беради деб ўйладингми? Мана буни оласан! Шошмай тур!.. Аммо… пичоқ тираганлари жон-жонигача қақшатиб боряпти. Энди нима бўлади? Наҳотки шундай замонда ҳам катта бир оилани оппа-осон бўғизлаб кетаверишса?!
Тожибой ҳовлисига ўтиб, толчивиқдан ясалган дарвозасини наридан-бери маҳкамлаган бўлди. Бари бир дарвозанинг икки томони очиқ қолди. Хоҳиш бўлса дарвозанинг ҳар қандай бурчидан бемалол ошиб ўтса бўлаверади. Умуман, дарвозанинг ўзини яхшилаб бир тепса ҳам ағанаб тушади. Лекин ҳарна, кўнгилга мадор-да. Дарвозанинг табақаларини бир-бирига сим билан ўрадию, уйига жўнади. Гўё ҳовлининг нимқоронғи бурчакларидан кимлардир пичоғини яланғочлаб, йўлини пойлаб тургандай, кимдир ҳозир орқасидан шарпасиз етиб келадию, елкасига пичоқ санчадигандай бўлаверди. Супа ҳам жимжит. Деразаларда чироқ ёғдуси кўринмайди. Гўё боягилар аллақачонлар киришгану, болаларини хотини билан қўшиб… – Тожибой додлаб юборай деди. Ўйи шу ерга етганда ўзининг кўргуликларини ҳам унутиб, қора тер ичида эшикни тортди.
Эшик ичкаридан қулф эди.
– Онаси! Ҳо онаси! Эшикни оч! – Тожибой жон аччиғида талпиниб, эшикни силкилайверди.
Хотини ҳали ухламаган шекилли, бошига рўмолини елвагай ташлаганча, тезда етиб келиб эшикни очди. Тожибой ўпкасини қўлтиқлаганча ўзини ичкарига урди. Нималардир демоқчи эди, тили оғзига тиқилди. Кўзлари косасидан чиққудай бўлиб, атрофга олазарак тикилди.
– Тинчликми? – сўради хотини хавотирланиб, эшикнинг зулфинини яна соларкан. – Мунча ҳаяллаб кетдингиз?
Тожибой индамай ичкарига ўтди. Хоналарга назар ташлади: болалари ўринларида ётишарди!
– Нима бўлди? Нега индамайсиз? – Хотинининг ҳам юрагига ғулғула тушди. – Қаерларда юрибсиз? Боя директорнинг жияни сизни излаб келди. Уруғ-аймоғи билан умрида остонамизга қадам босмаган одам!
– Ҳеч гап йўқ, акамникига боргандим… Керак бўлсам топиб олади-да, – деди Тожибой. Дедию, вужудини қалтироқ босди. Аҳволини билдириб қўймаслик учун чинни косани пақирдаги сувга тўлдириш баҳонасида эгилди. Кейин косани кўтариб ичди.
– Овқат ейсизми?
“Шу вақти томоқдан овқат ўтармиди?”
– Йўқ, янгам ош пиширган экан. Қорин тўқ, – деди Тожибой, ўз хонасига бурилиб.
– Қала-ай? – деди хотини кулимсираб. – Қайнисига эрипти-да бир…
– Ким билади, ишқилиб, охири бахайр бўлсин. – Тожибой ўзига солинган тўшакка бориб, ҳали тахлами билан ётган ёпинғич кўрпасига чўкди.
– Машина нима бўлди? – сўради хотини эшикка суяниб.
Тожибой: “булар менга машина берармиди?” дегандай қўл силкиди. Ичидаги титроқ сув ичганда камайгандай бўлганди, энди яна авжланди. Ишқилиб, эрталабгача жинни бўлиб қолмасайди.
– Қўйинг, отаси, эски машина минсангиз ҳам кунимиз ўтяпти-ку. Ёзманг ҳам, олишманг ҳам булар билан. Очдан ўлмасмиз. Жияннинг турқи ёмон. Кўзларига қарадиму, ичимга бит оралади.
“Ў-ў, хотин! Ана шундай деб, андиша қили. Умримиз ўтиб кетди. Билмайман, эртанги кунимиз қандай кечади. Жонгаям ишонч қолмади. Мени ўлдириб қўйишса… – Тожибойнинг ичи музлаб кетди. – Ишқилиб, болаларга тегишмасин!” – Тожибойнинг ич-ичидан хўрлиги келди. Кўзларига ёш қадалди. Юзига сизиб чиқаётган ёшларни кўрсатмаслик учун кўйлагини ечаётган киши бўлиб, қўлларини кўтариб, кўйлаги билан юзини тўсди. Шу баҳона ёш томчиларини артди. Ўкириб йиғлаб юбормаса бўлди. Бунчалар ҳокисор бўлмаса хотини! Ўзи-чи? Ундан бадтар! Шунинг учун ҳеч ким ҳурмат қилмайди. Шунинг учун акагинаси билан янгагинаси ҳар сафар дуч келганда қоп-қоп насиҳатларни қўлтиқлатиб жўнатади. Тожибой – укам, бу –укамнинг хотини, дейишдан, керак бўлса, орланишади. Ана шундай бўлиб тургандан кейин бошқалардан ўпкаламаса ҳам бўлаверади. Дуч келган одам ақл ўргатади. Ўзининг ақли ўзига етар, куни ўтаяпти-ку шуниям, демайди… Жияннинг пўписаси баридан ошиб тушди. Бошқа одамга бундай қилолмасди. – Қачонгача? Қачонгача буларнинг замзамасига чидаши керак? Етар ахир?! Ёруғликка чиқар кун борми? – Тожибой тўшагига ўтиб, кўрпани устига тортди. Ўзи сезмаган ҳолда қаттиқ уф тортди. Юраги куйиб борарди.
– Онаси, қатиқ-патиғинг борми?
Хотини шипиллаб бориб қатиқ келтирди. Шу пайт икки ёшли кенжаси уйқусираб, ғингшиди, нималарнидир пичирлаб, ағдарилди. Хотини қатиқ тўла косани Тожибойга тутқаза солиб, ўғлини кўтарганча ташқарига чиқиб кетди. Тожибойнинг томоғи яна ғиппа бўғилди. Эшикнинг олдида пойлаб туришган бўлса. Хотини чиқиши билан орқасидан… Кейин ўғлини биғиллатиб… Тожибой ич кийимда қандай қилиб ташқарига отилганини ўзи ҳам билмай қолди.
– Қани, “а-а” қил-чи, ўғлим. Кейин яхши ухлайсан, ширингинам! Иштонини ҳўлламайди-да бу! – Хотини олманинг тагида бамай лихотир кенжатойни авраб, тўсиб ўтирарди.
Тожибой бир пас термулиб турди-да, ичкарига қайтди. Ҳаприқиб бораётган юрагини босиш учун косадаги қатиқни бир кўтаришда охиригача симирди. Сал ўзига келгандай бўлди. Ҳар қалай, жинниликка бир баҳя борга ўхшайди. Кейин ўзи бориб, косани яна қатиққа тўлдириб келди-да, хотини қўйган дастурхонни очиб, нон олди. Қорни қаттиқ очганини энди сезаётганди.
Эрталаб ишга отланаётганда хотини: “Бугун пичоқни опкелақолинг, ўзим тошқайроқда ўткирлаб оларман”, дея тайинлади. Йўқ, таъна қилмади, жанжаллашмади. Шунчаки айтгани учун ҳам жиззакилашиб кетган Тожибойга қаттиқ таъсир қилди. Қанийди хотин дегани ҳам гапингга гап қайтариб, талашиб, жанжаллашиб турса… Баъзан юракнинг чигили унча-мунча ёзилармиди. Шунчаликка боришганки, оилада фақат битта пичоқ бор. Етишмовчилик-да. Хотини айтмаса ҳам Тожибой сезиб юрипти. Бир у қўшнининг, бир бу қўшнининг пичоғиги опкелиб, рўзғорга ишлатишяпти. Битта пичоққа пул орттиролмагандан кейин Тожибой нима қилиб юрипти, эркакман деб?! – Йўл-йўлакай дуч келган бир-иккита ҳамқишлоқлар қўл бериб кўришишди. Хушҳол, хушмуомала. Тожибой ҳайратланди. Сира бунақа бўлмасди. Илгарилари салом берса, оғриниб алик оладиган одамлар.
Тожибой гаражга киргандан чархчининг ўзи чақирди:
– Пичоғингизни опкелинг, Тожибой ака! Яхшилаб ўткирлаб бераман, уч сўм чўзасиз.
Ҳазиллашдими, чиними, Тожибой машинадан пичоқни опкелди ҳамки, тушуниб етмади. Ахир уч сўмга бунақа пичоқдан тўртта сотиб олиш мумкин. Уч сўм ортиқча пули бўлганда ўн беш кундан бери ялиниб юрармиди.
– Майли, Тожибой ака, пул бермасангиз ҳам, соғлигингиз керак. Худо йўлига ўткирлаб берай. Баъзан савоб иш ҳам қилиб қўйишимиз керак-ку, тўғрими?
Шу пайт директорнинг “Волга”си гаражга кириб келди. Диспетчер хонаси яқинидаги янги машина атрофида одам уймалашди. Директор ичкарига кириб кетди. Тожибойнинг кўзлари тўрт бўлиб кузатаркан, бетоқатланди. Чархчи бемалол ўз ишини давом эттирарди. Тезроқ бўла қолмайдими? Тағин Тожибойни излаб қолишса? Тожибой топилмаса. Кейин “Тожибой йўқ экан”, деб янги машинани бошқа бировга бериб юборишса-я?
– Болта бўлиб кетибди-ку бунингиз, – деди чархчи бамайлихотир. – Умрида чарх кўрганми, йўқми?
Тожибой индамади. “Бўласанми, йўқми?” дегандай сабрсизланиб чархчига қараб қўйдию, яна директорнинг йўлига умидвор кўз тикди. Агар янги машинани берса, унинг тўғрилигига ишонади.
– Шошиб қолдингиз-да кеча, Тожибой ака, – деди чархчи семиз гавдасини оғир қимирлатиб, пичоқни пақирдаги сувга ботириб оларкан. – Бу аблахларнинг адабини бериш керак эдию… “Тожибой аканинг ёзганлари юз фоиз тўғри” деб ўрнимдан туриб кетай дедиму, сал қолди-да, тағин шайтонга ҳай бердим. Йўқ жанжални нима қиламан ўзимга сотиб олиб? Мен-ку майли, нуқул орқаваротдан директорни сўкиб юрадиган, ундан қилиб йўқотиш керак, бундай қилиб қуритиш керак, деганларга кеча бир фурсат келиб қолганди, ҳаммаси димиқиб кетди. Э, бу одамлар!.. Сиз саға-ал тажрибасизлик қилдингиз. Ҳа-а, ҳали ҳаммаси изга тушиб кетади. – Чархчи чархни тўхтатди-да, пичоқнинг тиғини силаб кўрди. Кейин тошқайроқ билан тиғнинг қировини кеткиза бошлади. – Тожибой ака: шуни билиб қўйинг, қишлоқда кўплар сиз тараф. Бу оқшом Барлосда ҳеч ким ухламаган. Элликдан ортиқ киши бирлашиб, юқорига хат тайёрлашипти. “Мана, Тожибойни ҳеч нарса қилолмади-ку, – дейишяпти одамлар. – Қачонгача писиб юрамиз?” Пичоғингиз тайёр, ака. Тиғи етса бўлди, ўзи кесиб кетаверади. Мен розиман. Яхши кунларингизга буюрсин. Тўйларда ишлатинг…
Тоқати тоқ бўлиб кетган Тожибой чархчига эвини келтириб миннатдорчилик билдиришга ҳам сабри чидамай, ўнг кафтида пичоқнинг сопини тутганча, чап кафтида тиғнинг ўткирлигини билиш мақсадида пайпаслаб, одамлар йиғилган тарафга юрди. Ярим йўлга етмасданоқ ичкаридан отилиб чиққан Абдулла янги машинанинг эшигига калит солди. – Тожибойнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Бир дам анграйганча, йўлнинг ўртасида туриб қолди. Демак, Катта ака тўғри айтган экан. Демак… аввал хўрлиги келди. Кейин алам қилди. Алам эса ғазабга айланди-да, одамларга яқин борди. Ичкаридан Хидир Собирович ҳам чиқиб кела берди.
– Бу машинаниям энди… бермайсизми менга? – сўради Тожибой маҳзун, ички бир алангадан ҳансираб-қоврилиб.
– Сенга янги машина нима керак? Қаламинг бор, қоғзинг бор, ёзавер! Машинани Катта акангдан оласан. – Директор масхараомуз ишшаяркан, мадад тилаб йиғилганларга тикилди. Лекин одамларнинг биронтаси директорга қўшилиб кулмади. Ҳамма сукут сақларди.
– Беринг шу машинани менга! – Тожибойнинг овози секин, аммо таҳдидли янгради.
– Э бор, дўқ урганча олдин ўзингни эплаб ол! – Директор ён тарафга ўгирилиб, кимларнидир қидира бошлади. – Сенга янги машинани ишониб бўладими? “ГАЗ-53” ҳайдаб кўрмагансан. Бузинг қўйсанг нима бўлади? Давлатнинг моли, қимматбаҳо нарса. Отамники эмас. Ҳар бир машина учун катталар олдида жавоб бераман.
– Хидир ака, шу ишингиз адолатдан бўлмаяпти лекин, – деди одамлар орасидан Қурбон тракторчи. – Ҳеч бўлмаса, Абдулла аканинг эски машинасини беринг бу кишига. Ҳаққи бор!
– Ҳаққи бўлса ҳисоблаб олсин. Сен ўртада адвокатлик қил. Абдулланинг эски машинаси ҳам эскимас ҳали. Энди икки йил бўлди. Қўлидан иш келмайди тарафини олаётган одамларингнинг. Ана, битта болти йўқ деб отдай машинани бир ойдан бери қантариб ўтирипти. Асли тагидагини ҳам тортиб олиш керак! – директор овозини баландлатиб, кўрсаткич бармоғини бигиз қилди. – Бошқа шофёр бўлганда бу машинани аллақачон одам қилиб оларди.
– Бермайсизми? – Тожибойнинг овози жуда бўғиқ,, йиғлоқи, ҳатто қўрқинчли ва яна аянчли эди.
– Э, менга ёзувчилар керак эмас! Бор! Қаёққа арз қилсанг қилавер! Менга деса ЮНЕСКОга бор. Қишлоқдан бутунлай чиқиб кет! – Директор терс ўгирилди.
– Хидир ака, менга қаранг! – деди Тожибой. У ҳамон асабий титраётган кафтида пичоқнинг тиғини сийпар, кўзларидан шашқатор ёш оқиб борарди.
– Нима дейсан, урасанми?.. – директор аччиқ билан ўгирилди ва кўзлари даҳшат ичра тепага битиб, қўллари осилди. Папкаси ерга тушиб, очилиб кетди.
Тожибой ошпичоқни ярмигача директорнинг биқинига тиқиб юборган эди… Бир зум ҳамма қотиб қолди. Кейин ичиккан, ҳайиққан, изиллаган товушлар, нидолар эшитилди. – Папкадаги қоғозлар сочилиб кетган, қоғозларнинг устига директор юзтубан тушган, ёнида қоғозларга аралаш-қуралаш икки боғлам ўн сўмлик пул кўриниб турар, биқинидан булоқдай тўкилаётган қоп-қора қон боғлам пулларнинг устидан сизиб ўтиб, ерга ёйиларди.
Шалвираб қолган Тожибой бир дам лоқайд одамлар бу манзарага тикилиб турдию, инграб юборди. Қўлидаги узун ошпичоқ сирғалиб, ерга тушди. У қонли қўлларини (ўзи ҳам бундан бехабар) юзига босди. Осмонга қаради. Ғайритабиий бир овозда хо-холаб кулганча эгри таёқдай аввал осмонга отилиб, кейин ерга гупиллаб тушди.