12 декабрь куни Туркманистон Бетарафлик халқаро ҳуқуқий мақомини олганига 21 йил тўлди. Мазкур сана мамлакатда кенг тантана қилинди, деб хабар беради Туркманистон давлат ахборот агентлиги. Хусусан, пойтахт Ашхабодда Президент Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида Бетарафлик монументига гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда мамлакат ҳукумати ва парламенти аъзолари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар дипломатик корпус вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
12 декабрь – Бетарафлик куни муносабати билан Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон халқига табрик йўллади. Табрикда мазкур тарихий сана асрлар давомида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларига содиқ бўлиб келган мамлакат нуфузини янада ошириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада оширишга хизмат қилиши таъкидланади.
Давлат раҳбари яқинда Ашхабодда БМТ шафелигида Барқарор транспорт тизими бўйича глобал анжуман бўлиб ўтгани, Осиё халқаро темирйўл транспорт коридорининг муҳим бўғини очилгани ҳамда Туркманистоннинг Энергетика хартия раислигига сайланганини мамлакат нуфузи ва бетарафлик мақомининг яна бир халқаро эътирофи сифатида қабул қилиш лозимлигини қайд этади.
“Биз БМТ, Европа Иттифоқи, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, ЕХҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар, шунингдек, сайёрамизнинг кўплаб давлатлари билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлашга катта эътибор бермоқдамиз”, – деб таъкидлайди Туркманистон Президенти.
Мамлакат раҳбарига кўра, бу борада бетарафлик мақоми ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда ва ҳамкорликнинг янги уфқларини очишга хизмат қилмоқда.
“Туркманистон бундан кейин ҳам бетарафлик мақомига содиқ қолган ҳолда, наинки миллий манфаатлар, шунингдек, дунё ҳамжамияти манфаатларига уйғун, жаҳон тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлигига қаратилган дўстлик, эзгулик ва кенг қамровли халқаро ҳамкорлик сиёсатини изчил давом эттиради”, – дея хулоса қилади Г.Бердимуҳамедова ўз табригида.
Эслатиб ўтамиз. БМТ Бош Ассамблеяси 1995 йил 12 декабрдаги 50-юбилей сессиясида Туркманистоннинг доимий бетарафлиги хусусида резолюция қабул қилди. Бетарафлик мақоми Туркманистонга халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти сифатида миллий манфаатларни рўёбга чиқаришнинг самарали йўлларини топиш имконини берди. Кузатувчиларга кўра, Туркманистоннинг бетарафлик модели минтақавий бақарорлик ва халқаро цивилизацион мулоқотга ҳам кўмак бермоқда. Алоҳида мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик туфайли расмий Ашхабод БМТ томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бунга далил сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 3 июндаги 69-сессиясида Туркманистоннинг доимий бетарафлиги хусусида яна бир резолюция қабул қилинганини қайд этиш мумкин.
Собир Салим