Ҳирот шаҳрида ҳазрат Алишер Навоий яшаган уйга тарихий манбаларда, жумладан, “Бобурнома”да ҳам “Унсия” (“унсия” арабча сўз бўлиб, улфат, чин дўст деган маънони билдиради — Б.Р.) деб ном берилгани зикр этилади. Яъни бу қутлуғ даргоҳ дўстлар, ижод аҳли, устоз ва шогирдлар суҳбат қурадиган эзгулик, хайру эҳсон ҳамда илм-маърифат маскани ҳисобланган. Улуғ шоир ўзининг “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” номли ҳасби ҳол характеридаги асарида “ота масобасидаги” устози Саййид Ҳасан Ардашернинг ўн тўрт ёшдаги ёлғиз фарзанди Саййид Муҳаммад вафотидан кейин анча руҳий тушкун кайфиятга тушганда унга маънавий фарзанд мақомида ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиб, ўз ҳовлиси — Унсиясидан алоҳида турар жой қилиб бергани ҳақида шундай қимматли маълумотни ёзиб қолдирган: “…илтифоти зотийси бу фақир била бор эрди ва фарзанд, деб эрдиларким, ўз ҳавлим гўшасида алар учун бир мухтасар маскане алоҳида тартиб қилиб эрдим, гоҳики муфрит риёзатлардин таъблариға калоле (хасталик, заифлик, чарчоқ маъносида — Б.Р.) воқеъ бўлса эрди, хотирлари ташхизи учун ул масканға келиб бир кун-икки кун туруб, яна хонақоҳға ўз хилватлариға борурлар эрди”. Бир томондан, бу бетакрор эътироф туфайли Навоийнинг устозига кўрсатган ҳимматидан “Унсия” мисолида хабардор бўлсак, иккинчи томондан эса, ушбу лирик чекиниш билан улуғ шоир ўзининг “Жаҳондин, кўрки, кимлар ком (баҳра) олибдур, Бу эски дайр кимлардин қолибдур”, деган ҳикматга йўғрилган байтини бизга эслатадики, бу даъват фақат касбу коримиздагина эмас, балки ўз уйимизда ҳам бағрикенглик бўлиши лозимлигини уқтиради.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” номли тазкирасининг хотима қисмида фозил ва амирлардан олти кишининг зикри келтирилади, жумладан, амир Алишер Навоий ҳақидаги зикрда у ёзган олий даргоҳ ҳақидаги маълумоту тасвир билан танишар эканмиз, бу “Унсия” ҳақидаги ишончли тасвир ва хабар эканлигига амин бўламиз. Чунончи: “Шу кунларда бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ва миллат пушти паноҳидир. Замон подшоси (Султон Ҳусайн мирзо — Б.А.) унинг фойдали насиҳатларидан баҳра олмоқда. Муносиб дўстлари, (баланд) мартабали арбоблар унинг ёқимли суҳбатидан миннатдор ҳам розидирлар. Унинг ҳимматли мажлислари фозиллар тилаги, олий даргоҳи (Унсияси — Б.Р.) фуқаронинг мурожаатгоҳи, дастурхони ҳижронзадалар учун турли нозу неъматларга тўла, эшиги муҳтожларга ҳамма вақт очиқдир”.
Бобур ўз мемуарида бу қутлуғ масканни икки ўринда ҳурмат билан тилга олади. Биринчидан, у 1506 йилда Ҳиротга келганида устози Навоийнинг “Унсия”сида бир муддат яшаганини, фаолияти ҳамда ижоди билан яқиндан танишганини, унинг ўзига хос руҳий оламидан куч-қувват, файзу барака олганини фахр ва чексиз эҳтиром билан шундай хотиралайди: “Тонгласи келиб Боғи Навда туштум. Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар, Ҳиридин чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим”. Иккинчидан эса “Йигирма кунким, Ҳирида эрдим, ҳар кунда кўрмаган ерларни сайр қилур эдим. Ажзчимиз бу сайрларда Юсуф Али кўкалдош эди”, деб Ҳирот сайри ва сафари ҳақида батафсил ёзади. Шаҳарнинг олтмишдан зиёд машҳур тарихий, маданий обидалари, масжиду мадраса, боғ ва боғчалари билан яқиндан танишганини бирма-бир санаб, изоҳлайди ҳамда шулардан шахсан Алишер Навоий барпо қилган Алишербек боғчасини, тахти Навоийни, “Қудсия” номли мақбара масжидини, “Халосия” ва “Ихлосия” хонақоҳини, “Сафоия” ва “Шифоия” номли ҳамом ва дорушшифосини диққат билан кўрганини ёзади ва “…Алишербекнинг ўлтурур уйларини “Унсия” дерлар”, деб китобхон учун яна бир бор алоҳида изоҳ ва тушунтириш беради. Ишончли манбалардан, жумладан, “Бобурнома”дан маълумки, Бобур Мирзо улуғ шоир билан мактуб ёзишган: “Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда, Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди.
Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида туркий байт айтиб, битиб йибориб эдим. Жавоб келгунча тафриқа ва ғавғо бўлди”.
Демак, Алишер Навоий ҳаётлигида бир-икки бора мактуб ёзишган Бобур учун “Унсия”да яшаш фавқулодда тарихий, маданий ва маърифий ҳодиса эди. Бобур бу масканда Алишер Навоий ижоди ва фаолияти билан янада яқиндан танишиш бахтига, имкониятига муяссар бўлган. Муҳими, у ўз асарида келажак авлод учун Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, ижтимоий фаолияти тўғрисида: “Яна Алишербек Навоий эди, беги эмас эди, балки мусоҳиби эди…”, “Алишербек назири йўқ киши эди”, “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай…” каби хулосаю хабарларни изоҳлари, шарҳлари билан ёзиб қолдирди. Демак, Бобурнинг Алишер Навоийнинг “Унсия”си боис битган бундай далилга бой тарихий маълумотларини бугун ҳайрат ва шукроналик ҳисси билан нафақат биз, балки бутун олам аҳли ўқиб-ўрганмоқда, рамзий маънода, увайсий ҳолатда “Унсия”ни зиёрат қилмоқда.
Буробия Ражабова, филология фанлари номзоди
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 46-сон