Онамнинг урчуғи


“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

Камина ёзғувчингиз ўзимни бугунги ўзбекларнинг бир зиёлиси, ёшлигидан ҳарф таниб, оқ-қорани ажратишга ўрганган одам, деб ўйлаб юрар эдим. Лекин бугун англаб етишимча, мен билган қораларнинг ҳаммаси ҳам қора эмас экан. Оқ деб таниганларимнинг барисини ҳам оқ деб айтиш хато бўларкан.
Таассуфларим боиси шулки, камина муаллифингиз ақлини таниган жамиятда худони инкор қилган шўролар тузуми ҳукмрон эди ва бизни Аллоҳни танишдан бошқа ҳамма нарсага ўргатдилар, лекин ёшим элликдан ўтганда тушуниб етдимки, Аллоҳни танимай билганларимнинг бариси сароб экан. Дунёни ўрганишга интилибмиз-у, лекин дунёнинг эгасини билмай туриб бирон самарага муяссар бўлиш мумкин эмаслигини англамабмиз.

Кўп нарса ёдимдан кўтарилиб кетган, лекин бола чоғим бир куни онаизоримнинг қошига келиб, савол сўраганим ҳамон ёдимда:
– Эна (мен туғилиб ўсган юртда онани шундай чақиришарди), мактабда малим (муаллимни шундай атар эдик) худо йўқ деди.
Онам раҳматли йигириб ўтирган урчуғини кафти билан тўхтатиб, тиззаси устига қўйди, ёнидаги бир тутам тоза пахтани чангаллаб, тўсатдан уни қаерга қўйишни билмагандай каловланди. Кейин менинг ҳали алмаштиришга улгурмаган мактаб кийимларимнинг йўқ чангини қоқди.
– Малиминг бекорларнинг бештасини айтибди, – деди онам зарда билан. – Худо йўқ бўлса, бу дунёни ким яратган, деб сўрамадингларми?
 – Сўрамадик.
 – Эртага яна худо йўқ деб айтса, сўранглар.
Эртасигами, индинигами, сал кейинроқми, муаллимимиз яна худо йўқ, деб айтди. Мен тирсакларимни партадан узмай, одоблигина бола бўлиб қўл кўтардим.
 – Ҳа, саволинг борми? – деди муаллим.
 – Энам, малиминг яна худо йўқ деса, бу дунёни ким яратган деб сўра деди, – дедим ҳар бир сўзни дона-дона қилиб.
Ҳозир ёдимда йўқ, ўшанда учинчи синфда ўқирмидим, ё тўртинчидами, лекин тилим анчагина бурро эди. Ўша муаллим бизга қўшни бўлгани учун ундан унчалик чўчимасдим ҳам. Мактабга қора костюм кийиб, ялтироқ қизил бўйинбоғ тақиб келадиган, доим терлаб-пишиб юрадиган муаллимимизни ҳар куни уйда йўл-йўл тик иштон, оқ яктак ё олабайроқ тўн кийган ҳолида кўрганим учунми, ўзимга аллақандай яқин ҳам олардим. Синфдошларим менинг яхши ўқишимга ғайирлик қилмасди-ю, лекин малим ҳамсоянг, шунга сенга нуқул беш баҳо қўяди, деб айтишарди. Мен баҳони малимнинг ёрдами билан эмас, ўзимнинг кучим билан олаётганимни исботлашга ўлиб-тирилардим. Онам раҳматли айтган саволнинг мағзига етиб бормаган бўлсам ҳам, шу саволни берсам, синфдошларим роса қойил қолади, деб ўйлаган бўлсам керак, эҳтимол. Яна ким билади дейсиз. Балким, бугун ўша олис болаликда қолиб кетган хотираларимни ёзиб қўйишим учун ҳам ўша пайтда ўша савол  тилимга келгандир…
Муаллим бироз эсанкиради, аниқроғи, мен ҳозир у кишини ўша пайтда бироз эсанкираган бўлса керак, деб ўйлаяпман. Ахир, эсанкираш нима эканини ўша пайтлар ўзим тушунмас эдим-да. Ҳарҳолда, худди видеотасвир каби аниқ ёдимда қолиб кетгани шуки, муаллим қўлидаги узун чизғич билан олд қатордаги партани бир-икки бор шартиллатиб урди, қисиб турган бўйинбоғини бироз бўшатди, тердан ялтираб турган юз-бўйнини кир дастрўмоли билан артди. Кейин негадир эшик томон юрди. Уни очди. Бироқ ташқарига чиқмади, уёқда бирон киши борми, деб қараб ҳам кўрмади. Яна ёпди. Ортига бурилиб, столи ёнига келди ва шундай деди:
 – Си(з)лар энди катта-матта бўлиб қолдиларинг, бир гапни айтса, тушунаси(з)лар. Бизга тепадан, – муаллим кўрсаткич бармоғи билан шифтга ишора қилди. Ҳаммамиз шифтга қарадик. Ҳеч нарса йўқ. Муаллим бу қилиғимиздан кулди. У бунақа мажозий тушунчалар бизнинг бола тафаккуримизга сиғмаслигини тушунди, шекилли, яна муаллимнинг оғзига тикилган биз болаларга англатди. – Районда (бугун ўйлашимча, ўшанда муаллим туман фирқа ва шўролар идорасини назарда тутган) бизга “болаларга худо йўқ деб айтинглар”, деб тайинлашган. Биз шуни айтамиз. Лекин уёққа, – муаллим яна қўли билан шифтга ишора қилди. Биз яна шифтга қарадик. Яна ҳеч ким ё ҳеч нарсани кўрмадик. Муаллим бу қилиғимиздан тағин илжайди. – Уёққа ҳеч ким бориб келмаган. Йўқ, деб айтаётганлар ҳам бориб келмаган. Балким худо бордир. Лекин менам баъзан энанг айтган саволни ўйлаб қоламан. Худо йўқ бўлса, дунёни ким яратган?..
Мен ўшанда муаллимнинг гапидан бирон нарсани тушунган ё тушунмаганимни бугун эслолмайман. Эслаганим, энам айтган саволга муаллимнинг жавоб беролмаганидан андак ғурурланганим.
Онам раҳматли бесавод аёл эдилар. Ёшлиги иккинчи жаҳон урушидан олдинги қийинчилик замонларига тўғри келгани туфайли мактабга ҳам гоҳ чиқиб, гоҳ чиқолмаганини ҳикоя қилиб берса, мен худди эртак тинглагандай ўтирар эдим. Қолаверса, биринчи синфда лотин алифбосини ўрганиб, учинчими-тўртинчи синфдан кириллчада ўқишни давом эттиргани тўғрисида айтарди. Кейин иккинчи жаҳон уруши бошланиб, нон арзандага айланган замонларда мактабга чиқишни бас қилган, алқисса, бесавод бўлиб қолган экан. Лекин менинг назаримда энг оқила, энг донишманд, дунёдаги ҳамма нарсани биладиган аёл эдилар. Асли, ҳаммамиз онамиз ҳақида шундай ўйлаймиз. Ҳаммага ўзининг онаси азиз. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин онамни. Бу дунёни жуда эрта тарк этдилар.
Исломда худонинг зоти ва сифати ҳақида фикр юритишдан қайтарилган. Чунки борлиқ билиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган оламлардан – кўриб турганимиз моддий оламдан ва ақл эмас кўнгил сезадиган ғайб дунёсидан иборат. Ақлнинг билмаган нарса ҳақида фикр юритиши алал-охир адашишга олиб келиши мумкин. Ҳозир шунга яна бир мисол айтай.
Талабалик чоғларимиз эди. Бир куни ҳамсабоқлар халфана қилиб бир чўқим ош дамладик. Аввал кундалик можаролар борасида бошланган ғийбатга ўхшаш суҳбатимиз аста-секинлик билан ҳаммамизни ўйлантириб турган мавзуларга бурилди.
 – Фалончи домла (мен бу домланинг атай исмини ёзмаяпман – муаллиф), отаси ўлганда жанозасига бормаган экан, – деди ҳамсабоқлардан бировимиз.
Ошни катта-катта ошаётган яна бировимиз кафтида қолган гуруч доналарини тили билан териб оларкан, бепарво гап қотди:
 – Шуниям билмайсанми, у киши коммунист, жанозага борса, партиядан ўчади, ишданам кетади.
 – Отасининг арвоҳи чирқиллаб қолмайдими? – деб сўради ҳалиги ҳамсабоғимиз.
 – Ўлган ўлди, кетди, – деди ошхўр ҳамсабоқ. – Унинг касрига буёқдагилар қийналиши керак эмас-ку!
 – Лекин шу домла бир сафар мардлик қилиб, отасининг жанозасига борса эди, бизга мазза бўларди, – деди негадир тиззасига шаппатилатиб кулган яна бир ҳамсабоғимиз.
Гап мавзуси бўлган домла анчайин қаттиққўллиги билан машҳур эди. Айрим талабалар шу домладан имтиҳон топшира олмай, қийналиб юриши ҳақида эшитган эдик. Таниш-билишга ҳам йўл бермас экан. Димоғи баланд одам эди. Ўртага таниш тиқмоқчи бўлсанг, мендан баландроқ одам ёнимга келсин, лекин Ўзбекистонда мендан зўри йўқ, демак, танишларинг ўтмайди, деган эди бир сафар.
 – Бекорга хурсанд бўляпсиз, бизга бунинг сираям иссиқ-совуғи йўқ – дея мен ҳам гапга қўшилдим. – Мен сўраб билдим: шу фандан имтиҳон пайти домла Тошкентда бўлмасакан. Ёрдамчисига топширамиз.
Ўша куни, адашмасам, суҳбатимизнинг аввалида худонинг бор-йўқлиги борасида баҳс қўзғалган, ҳар ким ҳар хил фикр айтган, ҳатто, ичимизда худога ишонмайдиган даҳрийлар ҳам бор экан ва биз курсдошлар уларга нисбатан ўзимизда заррача бегоналик туйғусини сезмаган эдик. Ниҳоят, анча тортишувдан кейин, мабодо, худо бўлмаса ҳам, чексиз коинотда Олий Бир Куч борлиги, янаям аниқроғи, шундай кучга эҳтиёж борлиги ҳақида тўхтамга келдик. Дунё ўз-ўзидан яралган, бу ишда худонинг заррача иштироки йўқ, деб таъкидлаган аллақайси домламизга эътирозан ўзимизча Олий Моҳият борлиги ҳақида гапирдик. Бу Олий Моҳиятни диндорлар худо, динсизлар Олий Онг деб айтади, деб хулосаладик. Ҳар ким ўз фикрида қолса, зарра зиёни йўқ, шунчаки, ҳаммамиз бошқа-бошқа сўзлар билан ягона нарса тўғрисида гапираётирмиз, деб ўйладик кўпчилигимиз.
Ошхўрлик сўнггидаги гурунг шу суҳбатнинг изоваси эди. Ўзак масала борасида эмас, энди унинг атрофидаги ғийбатларни бошлаган пайтимиз эди. Жумладан, машҳур домланинг ота жанозасига бормагани ҳақидаги гап ҳам шу ғийбатнинг давоми бўлди.
Мен бу суҳбатга унчалик қўшилмай, аниқроғи, қўшилолмай ўтирардим. Чунки мен ўзимга худо аниқ бор деб таъкидласам-да, ёнверимдаги дўстларимнинг Олий Моҳият борасидаги фикрлари ҳам жўяли бўлиб туюларди. Ўйлаган сари хаёлим чувалиб, охирида кўз олдимга онамнинг урчуғи келди. Урчуқ пириллаб айланиб, онамнинг баланд кўтарилган қўлидаги ип чийрилиб, мустаҳкамланиб борарди. Кейин онам раҳматлининг муаллимдан сўрашим учун тайинлаган сўроғи ёдимга тушди: “Худо йўқ бўлса, дунёни ким яратган?”
Қолаверса, тахминан шу кунлари бир туш кўрган эдим. Тушимда кўҳна бир шаҳарда юрган эмишман ва мовий гумбазлар тагида ирфоний суҳбатга гувоҳ бўлибман. Сокингина суҳбатлашиб турган кишиларнинг икки жумла гапи ҳамон миямда михланиб турибди: “Одамзот ҳақ йўлидан юришга табиатан мойил, лекин шайтон бизларни йўлдан оздириб туради”, деди соқолини калта кузаб, бошига кичиккина салла ўраган биттаси. “Агар шайтон йўқ бўлса, уни ўйлаб топишга тўғри келарди, – деди ярашиқли соқол-мурт қўйган иккинчи киши. – Чунки ёмонга тимсол керак, шусиз биз ҳақ ва ботилни бир-бировидан ажратолмай қоламиз”.
Ҳозирлар ўйлаб кўрсам, ўшанда Эронда исломий инқилоб амалга оширилган ва барча матбуот воситалари фақат шу ҳақида ёзарди. Американи ёмон кўрадиган шўролар давлати матбуоти Эронда америкапараст шоҳ ҳукуматининг ағдариб ташланганини олқишлар эди-ю, лекин инқилоб ислом байроғи остида амалга оширилганини ҳазм қилолмасди. Шу боис бу инқилобнинг моҳияти ҳақида хабарлар берилмасди. Биз билмаган воқеамиз ҳақида тахмин ва тасаввур қилишга мажбур бўлардик.
Ўзимча таъбир қидириб, Фрейд деган ғарб файласуфининг китобидан ўрганганларимни қўллаб, тушдаги маконни бир қадар тасаввур қилдим.
Лекин шайтон мавзуи хаёлимга қандай келганини ҳозиргача тушуниб етолмайман. Ҳозиргача, ҳар сафар шу тушимни эсласам, фоний ва боқий дунёлар орасида узилмас боғланиш бор, лекин ақл уни идрок этишга қодир эмас, шу боис, бундай масалаларда руҳнинг билимига таяниш лозим, деган хулосамни ўзимга такрорлайман.
Менинг ақлим ўз-ўзидан яралган дунё ҳақидаги таълимотни ўша талабалик чоғларимда ҳам қабул қилолмасди. Олий Моҳият ҳақидаги гапларни эса Гегелни ўқиганми ё Гегел ҳақида ўқиганми, ишқилиб, ақлли бир жўрамиз топиб келган эди. Гегел фалсафаси кўпчилик қатори менга ҳам ёқиб тушганди, чунки унга амал қилсак, яъни, ишонсак, ҳар ким ўз фикрида қолиши мумкиндай эди. Худо бор дейдиганларга ҳам, йўқ дейдиганларга ҳам мос фалсафа эди бу. Лекин кейинроқ билсам, орамизда худони қатъиян инкор қиладиган жангари даҳрийлар ҳам йўқ эмас экан.
Ҳа, бир гап, мен, барибир, Гегелни кейин ҳам сира ўқимадим. Орадан анча йиллар ўтгач, олимликка даъвогар бир танишим Гегелни ўқимаганим ҳақидаги эътирофимдан ажабланди. Сиз уни албатта ўқишингиз лозим, бугунги замонавий дунёқарашнинг асосида шу фалсафа ётади, десам, эҳтимол, хато айтарман, лекин Гегелнинг замонавий инсон тафаккурига жуда катта таъсир кўрсатгани шаксиз, деди у. Тўғриси, Гегелни ўқимаганимдан ўшанда бироз уялдим. Бироқ дарров жавоб ҳам топдим. Айтдимки, мен илмда авторитетларни тан олиш тамойилига амал қиламан, лекин илм уммони чексиз, унинг ҳамма пучмоғини бирма-бир кезиб чиқиш имконсиз. Хусусан, менинг Гегелни ўқишим дунёқарашимга ижобий таъсир кўрсатишига шубҳа қиламан. Ўқиб-ўрганишим керак бўлган китоблар шундоқ ҳам жуда кўп…
Хўш, хайр, аввалги суҳбатимиз мавзусига қайтсак.
Гурунгга ошхўр ҳамсабоқ нуқта қўйди.
 – Эй, бу масалада тортишманглар, ҳеч ким уёққа бориб келмаган, – деди у ва кўрсаткич бармоғи билан шифтга ишора қилди. Биз, энди анча катта бўлиб қолган йигитлар, бармоқнинг қаёққа ишора қилаётганини яхши тушунардик. – Яъни, буёқдагилар уёқ ҳақида аниқ хабарга эгамас. Тоза яша, ҳалол яша, ўшанда ўлсангу, у дунё бор бўлса, албатта, жаннатга тушасан, мабодо, йўқ бўлса, хотиржам ўласан, ҳалол яшадим деб ўзингга таскин берасан…
Шу суҳбатдан анча кейин, Яратган ва яралмиш борасида ўзимнинг мустаҳкам фикрим қарор топган чоғларда, физика факултетида ўқийдиган шоир дўстим дунёнинг яралиши борасида гапириб, бундан неча миллиард йилдир аввал коинотда улкан портлаш юз бергани ва шундан кейин юлдузлар чангидан бугун биз кўриб турган олам пайдо бўлгани хусусида ваъз ўқиган эди. Мен ўшанда ҳам онамнинг урчуғини эсладим ва “Ўша портлашдан аввал нима бор эди?” деб сўрадим.
У айтдики, ундан аввал ҳеч нарса йўқ эди.
Ҳеч нарсадан бир нарса яралиши мумкинми, деб яна сўрадим.
Физик танишим гапга чечан инсон эди. Довдираб қолмади: “Йўқликдан борликни яратишга фақат Худо қодир”, деди у.
Шу жавобдан кўнглим таскин топди. Чунки худо дунёни мукаммал қонун билан яратган. Фақат, табиатшунос олимларимиз буни дунёнинг ўз қонунлари деб айтади, холос. Бу қонунларда табиат ва кишилик дунёсининг муайян тарзда такомил топиб бориши ҳам азалдан белгилаб, тайин этиб қўйилган. Қуръони Каримда одамнинг йўқдан бор этилгани ҳақида неча бор айтилади…
Мана, ўша воқеалардан буён ҳам орадан 35-40 йил вақт ўтди. Алҳамдулиллоҳ, имонимиздаги кўп камчиликлар барҳам топди. Исломимиз ҳам аста-секин изга тушяпти. Мусулмончилик аста-аста, деган гапнинг ҳам маъносини чаққандай бўляпман. Бироқ…
Бироқ бугунги замонда айрим амри-маъруф давраларида иштирок этишга тўғри келса, кўп ҳолларда фақат нафснинг ёмонлигидан, нафсга қарши кураш ҳақида ваъз ўқилади. Билган одамлар ҳам шу мавзуда ўзаро баҳс қиладилар.
Ҳолбуки, муслимнинг имонига фақат нафс эмас, ақл ҳам зарар етказиши борасида деярли ўйламаймиз.
Бундан йигирма йилча бурун, имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари ўзбек тилига таржима қилиниб, кўпминг нусхада чоп этилди. Буни юртимизда заифлашган динимизга қувват бўлади, деб тушундик.
Лекин яқинда дўстларимиздан бири ғалати фикр айтиб қолди:
 – Биласизми, мана шу китобнинг нашр қилиниши динимизга фойдадан кўпроқ зиён келтирди, – деди у ва столи устидаги тўрт жилдлик “Саҳиҳи Бухорий”ни кўрсатди.
Мен унга ажабланиб, савол назари билан тикилдим. Имони мустаҳкам, динига маҳкам бу дўстимиздан шундай ғалат бир гапни эшитаман, деб сира ўйламовдим.
 – Йўқ, йўқ, сиз мени нотўғри тушунманг, – деди у шошиб. – Мен китобнинг ўзи ҳақида эмас, унинг вақтидан аввалроқ чоп этилгани тўғрисида гапиряпман. Назаримда, уламоларимиз халқимизга аввал дин ва имонни тушунтириши, ҳалол ва ҳаромни ажратиб кўрсатиши, ҳар бир мусулмон киши билиши лозим бўлган тушунчалар ва қилиши лозим бўлган амалларни ўргатиши шартмиди, дейман-да! Ақидани билмай туриб, шариатдан баҳс юритгувчилар кўпайиб кетган ҳозир. – Дўстимиз бир нафас ростлаб, кейин фикрида давом этди. – Ҳозир шу китобни ўқиган чаламуллалар оғзингга дарров уради: “Саҳиҳи Бухорий”да мана бундоқ дейилган, демак, шундоқ қилишимиз лозим деб. Ахир, дейман мен, эй, мусулмон, бу китобдаги ҳадисларни тўғридан-тўғри амалга қўллаб бўлмайди. Замонлар ўзгариб кетди. Олимлардан фатво бўлмаса, ўзимизча хулоса айтишга ҳаққимиз йўқ. Лекин улар менинг гапимни эшитишмайди.
 – Пайғамбаримиз (САВ)дан кейинги замонларда айрим масалалар бўйича саҳобалардан фатво сўралса, улар минг бир гапни баҳона қилиб, фатво беришдан қочар экан, – дедим мен дўстимизнинг кейинги гапини маъқуллаб. Унинг айтган асосий фикри эса ҳамон мен учун янгилик эди. Дарров бир қарорга келишим қийин кечаётганди. Шунга гапни айлантираётган эдим. – Ҳолбуки, улар дин таълимини ҳазрати пайғамбаримиз (САВ)нинг ўзидан олган эди. Кўпчилигининг салоҳияти ҳар қандай масалада фатво бериш учун кифоя қиларди. Шундай бўлса ҳам, улар тағин хато қилиб қўймайлик, деган истиҳола билан фатво беришдан қочган. Савол сўрагувчини ўзидан кўра олимроқ, салоҳиятлироқ деб ўйлаган бошқа саҳобага йўллаган. Ҳозирги чаламулла “олим”лар эса эшитган бир ривоятини байроқ қилиб, даврама-давра кўтариб чопади. Ўрни келса ҳам, келмаса ҳам ўзиникини маъқул қилади…
 – Шунисига куяман-да, – деди дўстимиз. – Илм олимнинг қўлида қолиб, шариат номидан ҳукм ўқиш мақоми жоҳилга ўтиб кетса, шўро замонида кўрганларимиз ҳам ҳолва бўлиб қолмасмикин?! Бугун пайдо бўлиб қолаётган мутаассиб-жангарилар динимизни дунёнинг кўзига ёмон кўрсатса, эҳтимол, бунга чидармиз, лекин болаларимизнинг ақлини, дилини динимиздан чалғитса, фикрини четга буриб юборса нима қиламиз? Худонинг олдига борганда нима деймиз? Кўриб, индамай турган эдик деймизми?
Менинг бу саволларга жавобим йўқ эди. Дўстимизнинг ҳам жавоби йўқ экани тайин. Лекин кейинроқ ўйлаб кўрсам ва ўзим дунёвий илм-фанда тан олинган бир услубни қўлласам, саволнинг қўйилгани – масаланинг ярми ечилгани экан. Ўзи илмдан узоқроқ юрса ҳам, илмлиларни севадиган бу дўстимиз қўйган саволлар жамиятимизнинг бугунги энг муҳим муаммоларидан бири экан. Хайриятки, муаммони илғадик, энди, иншааллоҳ, унинг ечимини ҳам топармиз.

Мусулмон Намоз