27 апрель куни Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида оқинлар ўртасида халқаро айтис (айтиш) мусобақаси ўтказилди, деб хабар беради Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.
Маданий тадбир таниқли қозоқ оқини Жамбул Жабаевнинг – 170, улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишлаб уюштирилди.
Халқ оғзаки ижодининг 14 устаси санъат саройида жам бўлган 4000 нафар томошабин қаршисида айтис бўйича маҳоратини намойиш этди.
Муросасиз ва қизиқарли кечган беллашувда бош соврин сариоғочлик оқин Жарқинбек Наушабековга насиб этди. Шунингдек, халқаро мусобақада Кулмахан Дюйсенов (Ўзбекистон Республикаси) – биринчи, Анор Жапарқулова (Чимкент шаҳри) – иккинчи, Нурлан Есенқулов (Чимкент шаҳри) ва Биржан Байтуов (Тароз шаҳри) учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларига ташкилотчилар – Қозоғистон элчихонаси ҳамда Ўзбекистондаги Қозоқ маданияти маркази томонидан совғалар тақдим этилди.
Айтис – туркий халқларнинг қадимий тарихга эга фольклор жанрларидан биридир. Халқ оғзаки ижодининг ушбу жанрида шеърият, мусиқа, театр ва ижрочилик санъатлари уйғунлашиб кетганини кўриш мумкин.
Қозоғистонда айтис дўмбира жўрлигида ижро этилади.
Айтис жанри анъаналарига кўра, икки ёки бир неча оқин аввалдан белгиланган мавзуда ўзаро беллашади. Мусобақа мавзуси, одатда, томошабинлар томонидан танланади. Беллашувда иштирокчиларнинг бадиий маҳорати, зукколик, бадиҳагўйлик, ҳозиржавоблик каби хислатлари синовдан ўтади.
Сўзни, шеърни, оҳангу куйни нозик ҳис этиб, рақиби чақириқларига закийлик, топқирлик билан жавоб берган оқин ғолиб саналади.
Қозоғистонлик Жанак Сагиндикули (1770-1856), Шоже Каржаубой ўғли (1808-1895), Суюнбой Арон ўғли (1815-1898), Биржан-сал (1834-1897), Сара Тастанбек қизи (1878-1916), Торебай Ескожаули (1844-1911), Жамбул Жабаев (1846-1945), Асет Найманбоев (1867-1922) каби оқинлар айтис жанрининг усталари сифатида эътироф этилган.
Айтис – бадиҳагўйлик санъати 2015 йили ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий бойликлари рўйхатига киритган.
Собир Салим