Бола ўлик туғилди. Бир кун ўтмай хотини ҳам жон берди. Жаноза куни шомдан кейин туғруқхонанинг бош врачидан элчи келиб, бир қоп сабзи-пиёз, ярим қоп гуруч, қўйнинг сон гўштини ташлаб кетди. Эрталаб пайдо бўлган иккинчи элчи бош врачнинг ҳукумат мукофотига номзоди қўйилганини айтиб, “ғалва чиқармай ўтиринг, хўпми”, деб кетди. Тайинламаса ҳам “яхши қарамаганликларинг учун ўлди”, деб туғруқхонадагиларга даъво қилиш нияти йўқ эди. У ердагиларга пул беришга қўли калталик қилган эди, энди даъволашишга тили калталик қилди.
Хотини “Тўртинчи болани туққанимдан кейин тўхтатамиз. Шуларни эплаб боқиб, катта қилиб олсак ҳам катта гап”, деган эди. Тўртинчисини туғди ҳам, ўзи билан олиб кетди ҳам… Учтасини боқиб, катта қилишни унинг зиммасига юклаб кетди… Каттаси ўн учда, кичиги ҳали икки ёшга ҳам тўлмовди. Бировлар хотинининг дунёни эрта тарк этганига, яна бировлар унинг ўзига ачинишди. Бу дунёдан кетганларнинг қабрдаги ҳаётини кўпчилик ўйламайди, тўғрироғи, билмайди. У ҳаёт Яратганнинг Ўзигагина маълум. Аммо уч бола билан бева қолган эрнинг тақдирини ўйловчи яқинлари унинг эртанги кунидан, норасидаларнинг қисматидан ташвишланишди.
Бева эрнинг муаммосини ҳал этиш осондай туюлади. Биронтасига уйланса яна бахтини топгандай бўлади. Лекин болаларнинг бахт топишлари мушкул. Уйларига дунёдаги энг меҳрибон ўгай она кириб келса ҳам кемтик бахтларининг ўрни тўлмайди.
Эргашнинг уйланишига доир фикрлар яқинларининг хаёлида жаноза куниёқ уйғонган бўлса-да, марҳуманинг қирқидан кейин тилга кўчди. Эргаш табиатан ялқовроқ бўлгани учун рўзғор ташвишларининг бир учини эмас, асосий қисмини хотини кўтарарди. Томорқани ҳам эпларди, тўйи бўлаётган келинларнинг кийимларини тикиб беришга ҳам улгурарди. Чеварлиги атроф қишлоқларга тарқагани учун, айниқса тўй мавсумлари қўли-қўлига тегмасди.
Хотинидан кейин томорқа ҳам қаровсиз қолди. Болаларнинг бетларидан қон қочиб, сарғая бошлашди. Қишлоқ одатига кўра, бева эрнинг бир йил давомида уйланиши айб саналса-да, қариндошлар кенгашиб, бу муддатни икки ойга келтиришди. Аёллар зиммаларидаги вазифаларини тез бажаришди – шаҳарга яқинроқ қишлоқда яшовчи хотиннинг чиройи кўнгилга чироқ ёқа оладиган даражада бўлмаса-да, икки марта турмуш қуриб фарзанд кўрмагани учун, Эргашга маъқул келди. Қариндошлар йиғилишиб, никоҳлаб қўйишди. Раҳиманинг қўл-оёғи чаққонгина эди. Рўзғор ташвишларини зиммасига олди. Аммо қўл-оёғига мос равишда тили ҳам чаққон эди. Бир ҳафтадан кейин ялқов эрини гап ўтида қовуришни бошлади. Тиғли гаплари Эргашга таъсир этмагач, заҳрини болаларга соча бошлади. Эргаш унинг фарзандсизлигини эшитганида “тирноққа зор бўлса болаларимга меҳр қилар”, деб ўйлаганди. Чиндан ҳам Аллоҳ тирноққа зор аёллар қалбига етимларга нисбатан меҳрни мўл-мўл беради. Лекин бундай аёллар орасида юрагини меҳр эмас, аламзадалик заҳри билан тўлдирганлари ҳам учрайди. Бу хотиннинг исми жисмига, айниқса руҳига мос эмас, “Раҳима” аталгани билан қалбида раҳм-шафқат озроқ эди. Агар рўзғорни Эргашниг ўзи тебратганида эҳтимол, унинг тили ҳам, қўли ҳам узун бўлмасмиди… Бир тарафдан фарзандсизлик алами, иккинчи томондан эрнинг дангасалиги, ғайратсизлиги ундаги ғазаб денгизини тўлдириб-тошириб юборарди.
Раҳима биринчи эрини яхши кўрарди. На қилсин у бечора, ширин турмуши беш йил давом этди. Иккинчи эри ҳам ёмон эмасди. Лекин у ҳам фарзанд талабида эди. Бунисида бундай талаб йўқ, фақат қорин ғами бор. Раҳима қисматига шукр қилувчилардан эмасди, ўз тақдирини лаънатлашга қониқмай, эрини, кейин болаларни ҳам қарғай бошлади. Қарғаб-қарғаб ургани билан, болаларни оч-наҳор ташлаб қўймасди. Кичкинтойнинг иштонларини ювишдан ирганмасди. Эргаш шунинг учун ҳам унинг заҳарликларига чидади.
У-ку чидади, бироқ, болаларнинг чидаши қийин эди. Бу уйдан чиқадиган ҳар бир товушга зийраклик билан қулоқ тутувчи холаларнинг чидамлари ҳам узоққа бормади. Эргашнинг катта қайин эгачиси болаларни кўргани келган куни ўртанча ўғил дастурхонга чой тўкиб юборди. Раҳима “ҳа, шумгина етим!” деб қарғанди-ю чап қўли билан тарсаки туширди. Ўртада қиёмат ғалваси бошланиши учун шунинг ўзи кифоя қилди. Бир-бирларининг сочларини юлишмади-ю, бироқ, тиллари билан бир-бирларига кафан бичишди. Охири Раҳима “Болаларга раҳминг келса, олиб кет!” деб ҳайқирди. Хола эса “Олиб кетаман, Худо бекорга сени уриб қўймаган экан!” деб жавоб қилди.
Бу онда Эргаш чойхонада улфатлари даврасида яйраб ўтирган эди. Уйга хуфтонда ширакайф ҳолда қайтиб, ғалати манзарага дуч келди: хотини айвонда ўтириб олиб қўл-оёқлари юлиб ташланган қўғирчоқнинг бошига игналар санчарди. Бу уйда ўғил болалар қўғирчоқ ўйнашмасди, қайдан топди экан, деб ўйламади. У хотинининг ҳаракатига тушунмай анграйиб қолди. Раҳима эрининг келганини кўрса ҳам, ўрнидан жилмай, ишини давом эттирди. Эридан “Нима қиляпсан?” деган саволни кутди. Эргаш анқайиб туравергач:
-Ҳа, кўча хандон, уй зиндон, келдингизми?-деб минғирлади.
-Келдим,-деди Эргаш.-Нима қиляпсан?
-Илму амал қиляпман.
-Бу нима деганинг?
-Ҳали қайнагачингиз келиб сасиб-сасиб кетди. Жиянларига ачиниб, олиб кетмоқчи. Менинг яхшилигимни билишмади, уруғларингиз. Сиз ҳам билмайсиз. Худо олсин, ҳаммаларингни. Мени ёмон деганларинг учун, энди ёмонлик қанақа бўлишини мендан кўрасанлар. Болаларингизни мана шунақа жоду қиляпман. Агар холаси эртага олиб кетмаса, уччаласи бирин-кетин тил тортмай ўлади. Энди болаларингизнинг бу уйда туришлари мумкинмас, ҳатто шу кўчадан ўтишса ҳам ўлишади. Мени ҳайдайман, деб овора бўлманг, фолбин жоду қилиб қўйди: бу уйдан чиқиб кетган куним болаларингиз ўлишни бошлайди. Менга энди барибир, нима қилсангиз қилаверинг.
Бу гапларни эшитиб, Эргашнинг бутун бадани музлаб кетди. Хотини охирги гапни айтмаганида муштини ишга солиши, кейин уни ҳайдаб солиши аниқ эди. Эргаш чорасиз қолди. Хотинини сўкишга ҳам тили бормади. Тақдирини лаънатлади-ю ҳовлига чиқиб бир пас туриб қолди. Кейин божасиникига қараб юрди. Қайин эгачиси уни нохуш кайфиятда қаршилади. Бир-икки пиёла чой ичилиб, болалар қисматидан гап очилгач, кун бўйи тўплаган барча заҳрини Эргашга соча қолди. Эргаш “Менда нима айб? Бу хотинни ўзим топиб уйланибманми?” деса ҳам осон қутула олмади. Яхшики Раҳиманинг жоду ҳақидаги гапларини айтмади. Айтганида балолар дўли остида қолиб кетиши аниқ эди. Эргаш “Хотиним инсофга кириб қолгунича болалар сизларникида турса бўлармикин?”, деб илтимос қилишга оғиз жуфтлаганида қайин эгачиси болаларни эрталаб олиб келишини билдириб, мушкулини осонлаштирди. Бу қарорга божаси монелик қилмади.
-Етимларнинг ризқлари ўзлари билан бўлади. Бу қисмат барчамизга бир синов, етимлар баҳонасида савоб амалларимизни кўпайтириб оламиз,-деди. Ўзининг тўрт фарзанди ёнига на уч етимнинг қўшилиши оқибатида тирикчилик аравасини тортиш мушкуллашиши ҳақида гап очмади. Фақат Эргашни кузатиш чоғида “Аҳли аёлингизга насиҳат қилишдан чарчаманг, етимларнинг кўнглини оғритиб, гуноҳкор бўлиб қолмасин, бунинг жазоси оғир бўлади”, деб қўйди. “Бу гуноҳга сиз ҳам шериксиз”, демоқчи бўлди-ю божалик ҳурматини сақлаб, тилини тия қолди. Эргаш эса божасининг огоҳлантиришини унутиб юбориладиган оддий бир гап ўрнида қабул қилди.
Раҳима болаларни чиқариб юборишни истаётган бўлгани билан уларнинг бу уйда ўлишларини хоҳламас эди. Эрини қўрқитиш учунгина айтганди. Лекин қўғирчоқнинг бошига игналар санчаётганини катта ўғил – Йўлдош эшик тирқишидан кўриб ўтирганди. Ўсмирлик остонасида турган бола ўгай онасининг гапларини эшитиб титраб кетди. Жоду ва ўлим ҳақидаги гап Эргашнинг баданини музлатган бўлса, Йўлдошни ҳушидан кетгизай деди. Онасининг ўлими фожиасидан ҳали ўзига келмаган бола укаларининг ҳам ўлиб қолишини тасаввур этиб, қўрқиб кетди. Ярим кечаси укаларини уйғотиб, уйдан қочишни ҳам ўйлади. Лекин холасининг “сенларни эртага олиб кетаман”, деган гапига ишониб, фикридан қайтди.
Холаси алдамади. Нонушта пайтида келди. Йўлдош ўгай онасининг уришиб беришидан қўрқиб, иштаҳаси бўлмаса ҳам нон чайнаб ўтирган эди. Холасини кўриб, қафасдан қутилган қуш шодлигида енгил тортди. Бахтига, холаси ўтирмади, кечаги жанжални давом эттирмаслик учун “Йўлдошжон, болам, нарсаларингни тезроқ йиғиштир”, деди. Йўлдош олиб кетадиган кийим-кечак, дафтар-китобларини кечаси тайёрлаб қўйганди. Укаларига “холамникига бориб ўйнаб келамиз”, дегач улар қувнашди. Ўзининг назарида онасининг руҳи кезиб юрадиган, онасининг ҳиди анқиб турадиган бу уйни, бу муқаддас гўшани бутунлай тарк этаётганини билгани учун юрагини биров юлиб олгандай бўлди.
…кечалари онаси келгандай бўларди. Оқ шарпа кўринишида кириб келган онасининг бағрига ўзини отарди. Онаси билан гаплашарди…
…энди… онаси кириб келганда уни ким кутиб олади? Онаси уларни қидириб бўзламайдими?..
Кўчага чиқиб, йигирма қадамлар юргач, ортига қаради. Ўгай онасининг дарвоза олдини супураётганини кўриб ажабланди. Бу онда холаси ҳам қаради-ю, супуришдан мақсадини фаҳмлаб “Ҳа, қилиғинг қурсин!” деб қўйди. Бирон бир ёқимсиз меҳмоннинг яна қайтиб келишини истамаган аёл унинг кетидан супурарди ёки майда тош отиб қўярди. Раҳиманинг супура туриб изларидан майда тош отганини кетувчилар билишмади.
Боланинг ҳаёлот олами ғоят бой бўлади. Катталар энг яқинларининг ўлимига тез кўникишади, ҳатто унута бошлашади. Бола кўника олмайди. Марҳум уларнинг ҳаёл оламида яшайверади.
Холасиникига кўчиб боришгач, биринчи тунда Йўлдош безгакка учраган каби тўлғониб чиқди. Онасини бу уйга ҳам кириб келишини кутди. Неча бор қаддини кўтариб, укаларига тикилиб ўтирди. Ўгай онасининг жоду ҳақидаги гапларини эслаб, яна титради.
Эртасига мактабга отланаётанида укаларига “уйимизга бормаларинг, кўчамиздан ҳам ўтмаларинг”, деб тайинлади. Кенжатой унинг гапига тушунмади. Бош ирғаб қўя қолди. Аммо ўртанча ўғил “Нимага?” деб сўради. Йўлдош “Агар ўгай онамиз кўриб қолса, дўппослайди”, деб уни қўрқитди.
Кунлар ўтаверди. Йўлдош адасини соғинганида чойхонага қараб ўтарди. Бора-бора адасини камроқ кўришга ўзи ҳам, укалари ҳам кўникишди. Дастлабки кунлари “адамга борайлик”, деб ялинадиган укалари ҳарҳаша қилмай қўйишди.
Бунга Эргаш ҳам кўникди. Божасининг уйи узоқ эмасди, болаларини ҳар куни келиб кўриб турса ҳам бўларди. Раҳима билиб қолган тақдирда ҳам “нега болаларга серқатнов бўлиб қолдингиз!” деб тўпалон қилмасди. Қуруқ кириб боришдан уялиш баҳона бўлиб, узоқлашаверди. Чойхонага бир кун чиқмаса гангиб қоларди, ҳаётини чойхонадаги улфатларисиз тасаввур қила олмасди. Лекин болаларини узоқ вақт кўрмай, соғинчсиз яшай олиши мумкин эди…
Ота шундай бўлгач, болада соғинч қоладими? Йўлдош отасиз яшашга ўргана борди. Бироқ, онасиз яшашга кўникиши оғирроқ бўлди. Отани соғинмай яшаш мумкин, лекин уй соғинчига чидаш мушкулроқ экан. Йўлдош пайт пойлаб, ўгай онаси йўқлигида уйга кириб чиқишни ҳам ўйлади-ю, жоду ва ўлим ҳақидаги гапни эслаб қўрқди. Бир куни кенжатой ўзбошимчалик қилиб уйига бормоқчи бўлибди. Аранг ушлаб қолишибди. Мактабдан келиб, бу хабарни эшитган Йўлдош баттар қўрқди.
“Энди болаларингизнинг бу уйда туришлари мумкинмас, ҳатто шу кўчадан ўтишса ҳам ўлишади…”
Йўлдош шундай бўлишига, кўчаларида ўзиними ё укалариними ажал пойлаб турганига ишонарди. Дардини холасига айтса, у бориб Раҳима билан жанжаллашарди, ўгай она эса яна қарғарди… Йўлдош шунисидан чўчиди. Ўйлай-ўйлай, жодудан қутилиш чорасини топди: ярим кечада турди-да, “Ўлсам ўзим ўлиб қўя қолай, укаларимга тегмасин”, деган қарорда уйига қараб юрди. Қўрқа-писа қадам босди. Дарвозаси қаршисида пича турди. Қўшқанот темир дарвоза ўртасидаги эшик ғийқиллаб очилиб, ўгай она кўринишидаги ажалнинг ташланиб қолишидан қўрқиб, титради. Йўқ, эшик очилмади. Ажал ҳужум қилмади. Аксинча, ҳовли ёришгандай, дарвоза ортида онаси юргандай бўлди. Беихтиёр равишда эшикка қўл узатди. Онаси тириклигида эшикни сира тамбаламасди. Аксинча, эрта саҳар туриб, “хонадонимизга Худо барака киритсин”, деган ниятда эшикни қиялаб очиб қўярди. Раҳима келгач, шом қоронғуси тушиши билан эшик тамбаланадиган бўлган эди. Бир куни Эргаш “намунча қўрқасан, бўри ейдими?”деб танбеҳ берганида “ўрисларнинг мақоли бор: “Ўзингни эҳтиёт қилсанг, Худо ҳам сени сақлайди”, деб жавоб қайтарганди.
Йўлдош бу тун ўгай онасининг одатини унутиб, эшикни очмоқчи бўлган эди…
Ўша тун ажал чанг солмаган бўлса-да, кун давомида қўрқувдан қутулмай юрди. Ранги оқарганини, иштаҳаси тортилганини холаси сезиб, “касалмисан?” деб пешонасини ушлади, кейин бетидан ўпди.
Икки кундан кейин кўчасига яна борди. Бу сафар кўпам қўрқмади. “Ўгай онамнинг қарғиши менга ура қолсин”, деб Худодан сўради.
Шундан сўнг уйқуси ўчган тунлари ўрнидан туриб, уйи атрофини айланиб келишни одат қилди. Бир куни холасидан “Биров бировни қарғаса, бу қарғиш неча кундан кейин уради?” деб сўради. Холаси зийрак аёл эди. Унинг мақсадини англаб, бошини силади:
-Яшшамагур ўгай онанг қарғаганмиди? Қўрқма, унинг қарғиши ўтмайди,-деди.
-Нега?-деб ажабланди Йўлдош.
-Худо уни ёмон кўради, ёмон кўргани учун ҳам шунақа ёмон қилиб яратган. Бунақаларнинг қарғиши ўзига уради. Худо қарғовчи одамларни ёқтирмайди. Бошқаларга яхшилик тилаган одамларни яхши кўради. Болам, сен катта бўлиб қолдинг, укаларинг тушунишмайди. Ўгай онанг ёмон бўлса ҳам, сен унга ёмонлик тилама. Шунда Худо ҳам сени яхши кўради…
Онаси ҳам “Ким яхшилик қилса, Худо уни яхши кўради”, дерди. Ўлимидан икки ҳафта олдин бир қизнинг келинлик сарполарини тикиб берганди. Тикувчилик бу қишлоқда ўғил боланинг ҳунари ҳисобланмаса-да, Йўлдош онасига кўмаклашишни ёқтирарди. Айрим ишларга қўли ҳам келиб қолганди. Бўлажак келин келиб, тайёр бўлган сарполарини кийиб кўргач, кўзлари ёшланди. Онаси ажабланди. “Куёв болага кўнглингиз йўқми, зўрлаб узатишяптими?” деб сўради. Қиз пастки лабини тишлаб, ёшли кўзларини жавдиратиб тураверди. Онаси “Ҳозир ёқмаса, кейин кўнглингиз юмшайди, ташвишланманг. Қиз боланинг тақдири шунақа оғирроқ бўлади”, деб унга далда берган бўлди. Шунда қиз йиғи сабабини айтди: тикувчининг ҳақини беришга ночорлигини билдирганида онаси уни қучиб, пешонасидан ўпди-да: “сингилжоним, бу тикканларим тўйингизга холис бир хизмат. Мендан сизга тўёна. Худо менга бу сафар қиз берса, уни узатаётганимда сиз ҳам тўёна қилиб узарсиз”, деди. Қиз қувониб, раҳмат айта-айта кетгач, онаси “Бизнинг ризқимизни Худонинг Ўзи беради. Яхшилик қилиб, Худонинг муҳаббатига етиш мумкин экан”, деган эди.
“Ҳаммага яхшилик қилаверганлари учун Худо яхши кўриб, чақириб олдимикин?”
Дунё ва охират савдоларидан бехабар боланинг онги шу фикр билан банд эди.
Холаси насиҳат қилмаса ҳам, Йўлдош ўгай онасига ёмонлик тиламаётган эди. У адасининг бу хотинни ҳайдаб юборишини, укалари билан уйларига қайтиб, тўртовлон бахтли-саодатли яшашларини истарди халос…
Йўлдошнинг илмга муҳаббати зўр эди. Муаллимлари уни мақтай-мақтай, шаҳардаги лицейга юборишни таъкидлайверишгач, холаси кўнди. Шаҳарда ўқишнинг ҳаражати оиланинг моддий аҳволига таъсир этса ҳам, синглисининг арвоҳи хотираси учун бу заҳматни ҳам бўйнига олди. Бу заҳмат уч-тўрт ҳафтагина давом этди. Холасини кутилган қийинчиликлардан Йўлдошнинг одоби, зеҳни халос қилди. Бадавлат оиланинг ёлғиз фарзанди билан ёнма-ён ўтириб, дўстлашиб қолган Йўлдош унинг дарс тайёрлашига ёрдамлашди. Ҳатто қўшимча дарс берувчи зукко муаллимига айланди. Ўзини тутиши бу боланинг ота-онасига ҳам маъқул келиб, уйларидан бир хонани ажратиб беришди. Уларнинг “Етимга қараш савоб”, деган тушунчаларига, Йўлдошнинг эркатой ўғилга ҳар томонлама далда эканидан қаноатланиш ҳисси қўшилди. Гарчи хизматкор бўлса-да, ҳовлининг юмушларини Йўлдош ўз зиммасига олиб, уларни қувонтирди.
Икки йил давомида Йўлдош бу оиланинг фарзанди мартабасидаги иззатга эришди. Эркатойнинг илм олишга зеҳни ўткир бўлмаса-да, интилиши бор эди. Унинг камчиликларини Йўлдош тўлдириб, институтга ҳам бирга киришди. Таҳсилнинг учинчи йили ҳориж дорилфунуни кўриги талабларини ҳамжиҳатликда бажариб, ўқишга биргалашиб кетишди.
Йўлдош инглис тилини яхши билгани учун ҳориждаги талабалар билан тез дўстлашди. Дўстига “чет элдаги ўқишни битириб келган” деган номнинг ўзи кифоя қилгани учун, илм олишга қаттиқ киришмади. Бир гўзалга ишқи тушгач, дарс тайёрлашга тоқати етмай, Йўлдошни ўз ҳолига қўйди.
Ётоқлари ўрмонга яқин бўлгани учун Йўлдош бўш вақтини, айниқса якшанба кунини дарахтзорда ёлғиз ўтказарди. Ўшандай кунларнинг бирида ўрмонга ўт тушди. Ер юзида шундай бало офати бўлиши мумкинлигини у тасаввур ҳам қилмаган эди. Катталарнинг “Эй Аллоҳим, сув балоси, ўт балоси, қуруқ туҳмат балосидан Ўзинг асра!” деб дуо қилишлари бежиз эмаслигини шу ёнғинни кўриб англади. Сув балоси – сел ўзининг юртида ҳам бўлиб турарди. Гарчи ўзи дуч келмаган бўлса-да, туҳмат балосининг қандай фожиалар ёғдиришини эшитган, ўқиган. Лекин бунақа ўт балосининг даҳшатига энди дуч келиши эди. Назарида ўрмонга юз бошли аждаҳо макон қуриб олиб, тинмай ўт пуркаётгандай эди. Эрталаб эсаётган майин шабада қаердандир куч олиб, шамолга айланган, олов алангасини у дарахтдан олиб, бунисига урарди. Бир неча ҳафталик сувсизликдан ҳолсизланган дарахт шохлари олов тилига дош беролмай тезлик билан ёна бошларди. Олов дарахтлар орасидаги уйларни ҳам ямлаб-ямлаб олға интилаверарди. Аҳолининг чаққонроғи қочишга улгурган, қолганлари тириклайин куярди.
Бу даҳшатдан гангиб қолган Йўлдош келган йўлига қараб қоча бошлади. Ёнаётган бир уй яқинидан ўтаётганида қиз боланинг чинқириғини эшитди. Ўзининг жони ҳам қил устида турганига қарамай, у тўхтади. Аланглади. Аланга тиллари ямлаётган дераза ортида ўсмир қизнинг даҳшатдан чақчайган кўзларини кўриб, ўша томон ташланди. Атрофи ёна бошлаган эшик қулфлоғлиқ эди. Йўлдош эшикни тепа-тепа очди. Ичкарига отилиб кирди-да, тутундан бўғилиб ҳушсизланган қизни кўтарганича изига қайтди. Ҳозиргина кириб келган эшик оғзи аланга билан тўсилган эди. Ўйлашга, чора излашга фурсат йўқ эди. У таваккалига ўзини аланга оғзига урди. Ташқарига чиққанида ўзининг ҳам, қизнинг ҳам кийимлари ёна бошлаган эди. Юзлари ачишиб, кўнгли айниди, боши айланди. Кимнингдир қораси кўринди…
Бу онда уй соҳиби келиб қолиб, уни ерга йиқитганича оловни ўчирганини, машинасига ўтқизиб бу дўзаҳ балосидан қутқариб олиб чиқиб кетганини шифохонада ҳушига келгач билди. Қизнинг бобоси ўзини мистер Белден деб таништириб, дунёдаги ёлғиз юпанчини ўлимдан сақлаб қолгани учун раҳмат айтди. Мистер Белден шифохонага кунда икки марта келиб, Йўлдошнинг ҳолидан хабар олар, изига қайтишга шошилмай, суҳбатлашиб ўтирарди. Шундай суҳбатларнинг бирида ўғли билан келинининг йўл фожиасида ҳалок бўлганини, ўзи набираси билан ёлғиз қолганини айтди. Йўлдош ўзининг ҳаракатини қаҳрамонликка йўймаган, чолдан бир нима тамаъ ҳам қилмаган эди. Ҳатто қимматбаҳо шифохонадаги муолажа ҳақини тўлаганини билиб озгина ҳижолат ҳам бўлди. Йўлдош шифохонадан чиққач, мистер Белден уни шаҳар марказидаги қасрмонанд уйига таклиф қилди. Йўлдошнинг куйган юзидаги доғларни кетгазиш учун шифокор билан гаплашиб қўйганини айтди. Кейин “Менинг мулким набирамга аталган эди, сен уни сақлаб қодинг. Энди меросга тенг шериксан”, деб Йўлдошни ҳайратга солди. Йўлдош бундай марҳаматни қабул қила олмаслигини айтса ҳам, у ўз қарори қатъий эканини билдирди-да, ўзи ва оиласи ҳақида батафсил гапириб беришни талаб қилди. Йўлдош бошидан ўтганларнинг ҳаммасини ҳасрат дастурхонига тўкмади. “Онам вафот этганларидан кейин отам уйландилар, икки укам билан холамникида яшадик. Укаларим ҳозир ҳам ўша ерда”, дейиш билан чекланди. Шунда мистер Белден холасининг манзилини айтишни талаб қилди. “Миннатдорлигимни баён қилиб, укаларингга совға юбораман”, деди. Йўлдош айтди, лекин бу одамнинг кўп миқдорда пул юборишини ўйлаб ҳам кўрмади.
Йўлдошнинг даласидан нарида нималар бўлаётганидан бехабар поччаси уммон ортидаги мамлакатдан бир неча минг долларни бу қишлоққа бир неча соатда етказиб берувчи тезкор молиявий хизмат тури мавжудлигини тасаввур ҳам қила олмас эди. Шу боис шаҳарга тушиб пул олиши шартлигини билгач, аввал ишонмади. Кейин ўйланиб қолди. Бу хабарни Йўлдошнинг шаҳарда бирга ўқиган дўсти етказган эди. Пул нима сабабдан юборилганини у ҳам аниқ билмасди. Поччани ҳавотир сели боса бошлади. Болалиги, ёшлигида чет эл жосуслари ҳақида кўп эшитарди. Хаёлига келган биринчи гумон шу томондан бўлди. “Йўлдош жосуслик қилаётган бўлса пул беришгандир” деб ўйлаб, шаҳарга боришдан бош тортди. Қарорини хотинига айтган эди, у ҳам тасдиқлади. Эр-хотин ташвиш тўрига ўралганича қолаверишди. Йўлдошнинг дўсти уйга қайтгач, бу воқеани интернет орқали маълум қилди. Шундан кейин Йўлдош ёнғин воқеасини баён қилмай туриб, бу юртда ҳимматли бир одамга дуч келганини, юборилган пул ҳалол эканини қисқагина қилиб тушунтириб, бу маблағни уйларни таъмирлашга ишлатиш мумкинлигини айтди. Дўсти буни ёзув дискига муҳрлаб, енгил компьютерини кўтарганича қишлоққа борди. Дискни қўйиб берди. Кичик патнис ҳажмидаги қутичанинг мўъжиза кўрсатиши Йўлдошнинг холасига ҳам, поччасига ҳам ажабтовур эди.
Хуллас, шаҳарга тушиб, пул олинди. Унинг довруғи ўша куниёқ қишлоққа ёйилди. Шубҳасизки, Раҳиманинг қулоғига ҳам етди.
-Вой, савил!-деди у ғижиниб.-Отаси тирик туриб пулни нимага поччасига юборади!
Шундай деди-ю, миясида санчиқ турди. Дори ичганидан сўнг, оғриқ сал босилгандай бўлгач, дийдиёсини давом эттирди:
-Боринг, лаллайиб ўтирманг! Отанинг ҳақини чўзиб қўйишсин.
Раҳима ҳадеб силталайвергач, Эргаш эринибгина ўрнидан турди. Қош қораймаган эди. “Божам даладан қайтмагандир”, деган ўйда чойхонага кирди. У ердагилар ҳам гапни пул ҳақидаги хабардан бошлашди:
-Ўғлинг топармон-тутармон бўлиб кетибди-ю, писмайиб юрасан-а!
-Текин ошни паққос туширишни билади у! Эртанги ош ҳаражати тўлалигича шунинг бўйнида!
-Божанг эллик минг доллар олибди, сенга қанчаси тегади?
Шу гап ғалати бўлди. Унинг уйига етиб келган хабарда пулнинг миқдори йигирма минг доллар эди. Хотинлардан эшитган хабардан кўра чойхонада айтилган гап Эргаш учун ҳақиқат эди. Шу сабабли шом қоронғуси тушишини кутишга тоқати етмай, эллик мингнинг ярмини ундириш мақсадида ўрнидан турди. Божаси ҳовлидаги сўрида ётган экан, ўрнидан туриб кўришди. Ошхонадан чиқиб келган қайин эгачиси унинг келишдан мақсадини англаб, қўлини сочиққа артганича сўрига яқинлашди. Саломлашиб, сўрашди-ю, лекин эркакларнинг ёнига чиқиб ўтирмади. Гап пойлаш хунук одат эканини билса ҳам, тураверди. Эри гапни чўзмади:
-Оқшом сизникига ўзим ўтмоқчи эдим, Йўлдошбойдан яхши хабар келиб қолди.
-Эшитдим… Пул юборганмиш. Ақлли бола-да, менинг ўғлим…
Бу гапи қайин эгачисига ёқмади. Қўлидаги сочиқни сўри суянчиғига ташлаб, унга ғазабли нигоҳини қадади:
-Пул юборгани учун энди сизнинг ақлли ўғлингиз бўлиб қолдими? Ҳар ҳолда бу ёққа хотинингиз юборгандир? Ҳақингизни талаб қилинг, дегандир, а?
Эргаш “ҳа” дейишини ҳам, “йўқ” дейишини ҳам билолмай қолди.
-Ҳақни талаб қилишмас-ку… лекин озгина камчиқимлигимиз бор…-деди чайналиб.
Қайин эгачиси яна гапирмоқчи эди, божаси томоқ қириб уни тўхтатди.
-Эргашбой, камчиқим бўласизми ё кўпчиқиммисиз, барибир бу пулдан сизга беролмайман.
-Ие, ҳаммасини ўзингиз еб кетмоқчимисиз?-деб юборди Эргаш.
-Шуни гап деб гапиряпсизми, божа?! Мен бировнинг ҳақидан ҳазар қиламан. Бу пулни тийинига ҳам хиёнат қилмай сақлаб тураман. Йўлдошбой келганида нима қилишни ўзи билади. Хоҳласа, ҳаммасини сизга беради. Менимча, шундай қилгани дуруст бўлади.
-Нега дуруст бўларкан?-деди хотин бу қарордан норози бўлиб.
-Сен гапга аралашмай, ишингни қил. Ҳар қандай ҳолатда ҳам отанинг ҳақи улуғлигича қолади. Сен жиянингни боққанингни миннат қилма. Биз савобталаб одамлармиз, буни унутма.
-Отанинг ҳақи улуғ бўлса, оталигини қилмайдими?
-Бор, ишингни қил!
Божаси яхши гапиргани билан, аҳдида қаттиқ туриб, пул бермади.
Эрининг қуруқ қайтганидан ғазабланган Раҳиманинг бош оғриғи кучайди. Оғриқ эртасига ҳам тўхтамади. Индинига ҳам… Кейин врачга учради. Ёзиб берган дориларини ичди, фойдаси бўлмади. Шаҳар марказидаги врачга ҳам учради. Бир врач иккинчисига юборди, текшир-текшир ҳафталаб давом этаверди, шифодан эса дарак бўлмади. Эргаш дори-дармонга пул зарур деб, яна божасига йўлиқди. Ўжар божаси Йўлдош юборган пулдан бермади, ўзининг асраб қўйган маблағидан берди. Бу орада Йўлдош таътилга чиқиб, уйига қайтди. Мистер Белден катта жомадонга жойлаган совға-саломлардан қариндошлар мамнун бўлдилар. Йўқловчилар кетишгач, Йўлдош поччасининг кўзига қарамасликка ҳаракат қилиб сўради:
-Уйларни янгиламабсиз-ку?
-Уйни янгилаш қочмайди, сен аввал менга бунча пулни қаердан олганингни айт. Ҳаром аралашган бўлса сендан розимасман.
Қатъий оҳангда айтилган бу сўздан кейин Йўлдош ёнғин воқеасини сўзлади-да, мистер Белден бериб юборган пулни олиб, унга узатди:
-Уйларни тузатиб, акамни уйлайлик, опаларимни узатайлик,-деди.
-Аканг билан опаларингнинг ризқлари ўзи билан. Бу пулга ўзингга, укаларингга уй соламиз. Ўзларингни уйлаймиз, Худо хоҳласа. Сен ҳозир отангни ёлғизлатма. Ўгай онангнинг тоби йўқроқ эмиш. Отанг камчиқимроққа ўхшайди. Унга ёрдам беришинг керак.
Эргаш ўғлининг қайтганини эшитса ҳам кўргани келмаган эди. Йўлдош эртасига чой, ширинликлардан халтага солиб, тўғри чойхонага борди. Айни дамда Эргаш ўғлининг меҳрсизлигидан нолиб, улфатларига ҳасрат қилаётган эди. Эшикдан кириб келган ўғлини кўрди-ю, гапи оғзида қолди. Йўлдош салом бергач, халтани чойхоначига узатиб, барча билан алоҳида-алоҳида сўрашди. Кейин яна чойхоначига юзланиб:
-Амак, битта ош дамлайсиз энди. Бу ерларнинг ошини соғинганман. Ош пишгунча дадам билан шифохонага бориб келамиз,-деди.
Шифохонада миядаги оғриқ азобида тўлғониб ётган Раҳима Йўлдошни кўргач, кўзларини юмиб олди. Оғриққа чидолмай шундай қилдими ё Йўлдошни кўришни истамадими ёинки ундан уялдими – билиш мумкин эмасди. Аслида кўзларнинг юмиб олинишида уччала сабаб ҳам мужассам бўлганди. Ҳол-аҳвол сўралганда, агар бемор тилдан қолмаган бўлса, “Худога шукур” деб қўйгувчи эди. Тилдан қолган оғир бемор ҳам кўз ишоралари билан шукронасини баён қиларди. Раҳиманинг мияси оғриётган бўлса-да, тили бийронлигига қарамай, жавоб бермади. Кўзларини ҳам очмади. Йўлдош бир неча дақиқа сукутда ўтиргач, даҳлизга чиқиб, бош врач хонаси томон юрди.
-Мияда ўсимта пайдо бўлган, тобора ичкарига қараб ўсяпти. Бирдан бир чора – операция. Лекин отангиз ҳам, онангиз ҳам кўнишмаяпти,-деди бош врач норози оҳангда.
-Нега?-деб ажабланди Йўлдош.
-Юз фоиз кафолатни талаб қилишяпти. Бундай кафолатни ҳеч ким беролмайди.
-Чет элга олиб борсак-чи?
Бу савол бош врачга ёқмай, қошларини чимирди. Чарм муқовали дафтарни столи устидан олиб, унга узатди.
-Бу нима?-деди Йўлдош ажабланиб.
-Ишларимиз натижаси. Сиз айтган чет элдаги беморлар бизга келишяпти. Ўқимишли йигитга ўхшайсиз. Истасангиз интернет орқали суриштиринг,-шундай деб сайт номини айтди-да, қўшиб қўйди:-Мен сизни ташвиқот қилмоқчи эмасман. Беморнинг ҳаёти учун ҳар бир кун эмас, ҳар бир соат ғанимат. Чет элга олиб боргунингизча масаласи ҳал бўлади.
Йўлдош отасини бу суҳбатдан огоҳ қилмади. Шаҳарлик дўстиникига борди-да, компьютер орқали бу хасталикка доир маълумотларни аниқлади. Дунёдаги энг кучли клиникалар рўйхатида бу шаҳардаги шифохона номини ўқигач, бош врачни ранжитганини фаҳмлаб афсусланди. Ундан узр сўраш учун изига қайтди. Сўнг отасини бу гаплардан хабардор қилди. Операциянинг бўлиш-бўлмаслиги Эргаш учун аҳамиятсиз эди. “Ўладиган ҳам ўзи, тирик қоладиган ҳам ўзи, аперайса бўладими бўлмайдими, ўзи ҳал қилаверсин”, деган тўхтамда қатъий эди. Уни кўпроқ бу муолажанинг чиқими қизиқтирарди. Йўлдошдан “Бу хотин бизга оналик қилмади, бизни ҳайдаб чиқарди, энди нега мен даволатишим керак?” деган даъвони кутиб, ҳавотирланди. Йўлдош ўтган зулмни эсламади, таъна ҳам қилмади. Узоқ йиллар давомида юрагини тирнаб келган машъум хотира тирноқларини юзага чиқаришга уринмади. Аксинча, даволаш учун зарур бўлган барча чораларни амалга оширишга тайёр эканини айтиб, уни тинчитди. Врачлар тавсия этишса, чет элга олиб бориш имконияти ҳам мавжудлигини билдирди.
Эргаш ўша куниёқ бу хабарни хотинига етказди. Бундан Раҳима қувониши керак эди. Лекин кўнгли баттар ғашланди. Ўгай ўғилнинг марҳаматини қабул қилишни истамади.
-Божангизга боринг,-деди инграб.- Пулни Йўлдош келганида бераман, деганмиди? Ана, келди. Ҳақингизни олинг. Менга садақалари керакмас.
Ёмонлиги учун яхшилик қайтаётганини унинг қашшоқ қалби қабул қилолмаётган эди. Мия оғриғига энди виждон оғриғи ҳам қўшилганди. “Дорилар таъсир қилиб, тузалиб кетаман”, деган умидда яна бир неча кун ётди. Кучли дорилар ҳам оғриқни қолдиришга ожизлик қилиб қолгач, операцияга розилик берди. Охирги текширув натижаларини кўрган врач бош чайқади. Энди операциядан умид йўқлигини билдирди.
Шифодан умид бўлмагани билан ажал ҳам узоқда эди. Раҳима ўлишни, бу азоблардан тезроқ қутулишни истарди. Лекин бу дунё охирати унинг истаги билан ҳисоблашмасди…
Ўгай онасининг кўришни хоҳламаётганини билган Йўлдош ўзини тортди. Поччасининг талабига итоат этиб, пулнинг бир қисмини отасига берди. “Уйга ҳам қараб қўйинг, ҳаммасини совуриб юборманг”, демади. “Нима қилсангиз – иҳтиёрингиз”, деди. Отасига инсоф беришни Худодан сўради. Фарзанднинг дуо қилиши албатта яхши. Лекин Аллоҳ бандасининг қалбини муҳрлаб қўйган бўлса-ю, банданинг ўзида ҳидоятга интилиш кўринмаса юракдаги қулфнинг дуо билан ечилиши қийин экан. Эргаш беморнинг дардига шерик бўлиб ўтирадиган меҳрли эрлардан эмасди. Унинг меҳрибонлиги дори-дармон олиб келиш билан чекланарди. Раҳима шифохонадан олиб келингач, аввалига қариндошлари галма-галдан қараб туришди. Қайсидир нодон “Касалнинг ўлгани яхши, бошқаларнинг қутилгани яхши”, деб бекорга айтмаган экан. Раҳиманинг касали чўзилгач, қариндошларнинг меҳрибонлик денгизи ҳам саёзлашаверди. Раҳиманинг уйда ёлғиз қолиши одатий ҳолга айланди. Бундан хабар топган Йўлдош ўгай онасига, ҳатто отасига билдирмай қўшни аёлни энага вазифасига ёллади.
Йўлдошнинг таътили ниҳоясига етиб, сафарга отланиш олдидан уйига борди. Онасининг излари қолган уй ҳавоси унинг қалбидаги ҳам ширин, ҳам заҳарли хотираларни уйғотди. Раҳима ҳушсиз эди, унинг кирганини, саломлашганини, сўнг шифо тилаб хайрлашганини билмади.
Кичик жомадонини божхона кўригидан ўтказаётганида Йўлдошнинг ён телефони жиринглади. Кўнгли бир хираликни сезиб, телефонни қулоғига тутди.
-Ҳали учганинг йўқми?-деб сўради дўсти.
-Йўқ… Тинчликми?
-Билмадим… Даданг келиб-кетдилар. “Бир-икки кун кетмай турса бўларди”, дедилар. Ўгай онанг оғир шекилли. Нима қиласан?
Йўлдош кўп ўйланмади. Юкини олди-да, қишлоққа қайтди. Холаси уни кўрибоқ:
-Отанг чақиртириб олдими? –деди норози оҳангда. Кейин норозилиги боисини билдирди:-Бекорга қайтибсан, орқага қайтишнинг ҳосияти йўқ. Хотини ўлса, кўмишнинг ҳаражатини ўзимиз кўтарардик. Сенинг туришинг шарт эмасди…
Холасини тинчитиш учун Йўлдош ёлғон гапирди:
-Ўқишимга телефон қилувдим, таътилни чўзишибди…
Холаси ёлғонга ишонгандай “яхши бўлибди”, деб қўйди. Йўлдош ҳовли ўртасида туриб қолган эди. Холаси унинг ниятини англади. “Тўхтаб тур, бирга борамиз, куни битган бўлса рози-ризолик сўраб қолайлик. Майли-да, ёмон бўлса ҳам Худонинг бир бандаси эди…” деб ичкарига кириб кетди.
Раҳима ётган уйда унинг икки қариндоши паст овозда гаплашиб ўтирарди. Раҳиманинг танаси ҳаракатсиз, рангида ҳам ҳаёт нишонаси қолмаган эди. Фақат аҳён-аҳёнда кўзларини катта-катта очиб, алаҳсираб қўярди. Холаси қариндошлар билан сўрашаётганида Раҳима яна алаҳсиради:
-Қўғирчоғим қани, қўғирчоғимни бер…
Шундай деб ингради. Қариндошларидан бири кафтини унинг пешонасига қўйди.
-Эрталабдан бери қўғирчоғини сўрайди,-деди қариндошлардан иккинчиси.-Болалигини эслаяпти шекилли…
Раҳиманинг алаҳсираши сабабини Йўлдош англади. Кўп йиллар муқаддам худди шу уйда қўл-оёғи узиб ташланган қўғирчоқнинг бошига игналар санчаётган Раҳима кўз олдига келди. Унинг “Болаларингизни мана шунақа жоду қиляпман. Агар холаси эртага олиб кетмаса, уччаласи бирин-кетин тил тортмай ўлади. Энди болаларингизнинг бу уйда туришлари мумкинмас, ҳатто шу кўчадан ўтишса ҳам ўлишади…” деган гаплари қулоқлари остида жаранглаб, акс-садо бергандай бўлди. Кўзлари тиниб, боши айланиб, қўл-оёғи бўшашди. Бу уйда яна бир дақиқа турса ҳам ҳушидан кетиши мумкинлигини англаб, ташқарига шошилди. Занглаб кетган темир сўрига омонат ўтирди. Ҳаммасини эслади…
Ичкаридан чинқириқ овози келди:
-Қўғирчоғим қани, қўғирчоғимни бер…
Раҳима гўё Йўлдошнинг чиқиб кетганини билгандай чинқирган эди.
Бир оз нафас ростлагач, Йўлдош ичкарига қайтди. Аёллар жон таслим қилса жағи, оёқларини боғлаш учун оқ рўмолни шайлаб ўтиришарди. Холаси нима учундир беморнинг оёқ томонида ўтирарди.
Раҳима яна инграб қўғирчоғини сўради. Холаси савол назари билан Йўлдошга қаради. Онаси тириклигида ҳаммалари шу уйда яшашарди. Бир қатор бўлиб ётишарди. Онаси вафот этиб, Раҳима келгач, ёндаги ҳужра уйчага айлантирилиб, уч ўғилга жой қилиб берилганди. Йўлдош тунов куни хайрлашгани кирганида ихтиёрсиз равишда шу ҳужра эшигини очиб қараганди. Болалик хотираларини уйғотувчи барча нарсалар шу ҳужрада айқаш-уйқаш бўлиб ётганди. Ҳозир бу ҳужра томон беиҳтиёр юрди. Эшикни очиб, бошларига игна санчилган ўша қўғирчоқни буюмлар орасидан излади. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, бу бошнинг шу ерда ётганига ишонди. Ишончи алдамади. Эски кийимлар тагида ётган қўғирчоқнинг бошини қўлига олди. Бошга учта игна санчилган эди. Олиб ташлашни ҳам, ташламасликни ҳам билмай гарангсиб, холаси томон ўгирилиб қаради. Холасига айтишни истамади. Холаси унинг қилиғига тушунмай ҳайратланганича тикилиб ўтирган эди. Ўрнидан туриб келиб, игна санчилган бошни кўрди-ю, ҳаммасини англади. Бошни унинг қўлидан олди.
-Суғуриб ташлайми?-деб пичирлаб сўради Йўлдош.
-Сен тегма. Бор, отангни топиб кел,-деб буюрди холаси.
Йўлдош чиқиб кетиши билан қўғирчоқнинг бошидаги игналарни олиб ташлади. Шу пайт Раҳиманинг қариндошларидан бири уни чақирди:
-Опа, келинг, узилдилар шекилли…
-Худога шукур, азобларидан қутулди,-деди иккинчиси…