Тўра бобо телевизорда кўрсатилаётган олимпиадага тикилиб ўтириб, феъли айниди-қолди. У урчиқ йигираётган кампирига ўгирилди:
— Тур жойингдан. Менга анови ғилдиракларни топиб бер!
— Нимани? — сўради Ҳамида буви. — Қанақ ғилдирак? Жимгина ўтирсангиз бўлмайдими, а?
— Набираларнинг ғилдираклари бўларди, эсингдами? Тур!
Кампир телевизорга назар ташлади-ю, тушунди: экранда бир йигит билан қиз муз устида чирпирак бўлиб айланганча коньки учишарди. Чолига ёвқараш қилди-да, ишини давом эттираверди.
— Тур, дедим сенга! — дўқ урди Тўра бобо.
— Эй, чол, — бобиллаб берди Ҳалима буви, — қариганда эсингизни еб қўйибсиз. Жимгина ўтиринг, дедим сизга. Ғилдиракларга бало борми?
— Менга қара, кампир, — деди Тўра бобо, — ҳозир Пўлатжон билан келин йўқ, неваралар ҳам мактабда. Икковимиз би-и-р фигурная катания қилайлик.
Бу гап баҳона бўлиб, кампирнинг бирам жағи очилди-ей! Чолни нақ тентакдан олиб, тентакка солди. Тўра бобога қолса, кампирини бир уриб, овозини ўчирарди-ю, аммо, тўғриси, олдинги кучи йўқ. Кампир билади, шу боис оғзига келганини вайсайверади.
— Тавба, тўғри йўлда юролмай қолган-у, пигурния катания қилармиш. Одам ёмон қариса, қўрққулик экан-да, а? Бўлмаса, туппа-тузук нос чекиб ўтирган чол ҳам айнийдими? Бу тилбизирда ҳар балони кўрсатаверади. Ўзбекка пигурния катанияга бало борми?
— Менга қара, сен қўрқма, — деди Тўра бобо, ўзини дадил кўрсатиб. — Мен қўлингдан маҳкам ушлайман. Ҳовлида уч марта учамиз, вассалом.
— Мен ҳали сизга ўхшаб каллам айнигани йўқ. Тавба, қўни-қўшни девордан кўриб қолса, нима дейди? Бу чол жинни бўп қопти, демайдими? Қип-қизил жиннилик-ку!
Чол кампири томонга хезланди:
— Э, тилингни…
— Яқинлашманг! Мана шу урчуқ билан пешонангизга битта ураман, қоқ иккига бўлинасиз, — деди кампир важоҳат билан.
Тўра бобо орқага тисланди-ю, деразадан ташқарига қаради.
— Ҳеч бўлмаса, ғилдиракларни топиб бер!
— Сизга керакми, ўзингиз топинг!
Тўра бобо нима қиларини билмай, телевизорга тикилди. Муз устидаги йигит билан қиз томошасини тугатган, тавозеъ ила таъзим қилишарди. Кейин бошқа йигит чиқди. Жуда моҳир экан. Муз устида туғилган-ов! Конькида роса учиб, шартта тўхтади. Бошини оёғига теккизди-да, жойида йигирма беш марталар айланди. Кейин яна қаддини ростлаб, муз узра учиб кетди.
Чол баттар энтикди. Учишни бир умр орзу қилган, ахир! Конькида бўлмасаям, ғилдиракда учишга нима етсин! Мазза! Битта-битталаб қадам ташламайсан. Ўзи “зув” этказиб ҳожатхонага элтиб қўйиб, кейин қайтариб олиб келади. Агар қор эриб кетмаганида, чол ҳовлига чиқиб, калишда бўлсаям муз йўлакда учарди.
Тўра бобо ҳассасини дўқиллатиб, ҳовлига чиқди. Ошхона, сўнг молхонани роса қидирди. Тополмади. Неваралари келишини кутиб, улардан секин сўраб олишни ўйлади, бироқ уялди. Учадиган бўлса, улар йўғида учгани маъқул.
Ниҳоят, роликлар топилди. Болохонада экан. Чол уларни авайлабгина олиб тушиб, оёқларига маҳкам боғлади. Кейин ўрнидан турмоқчи эди, мадори етмади. “Кампи-и-и-р”, деб чақирган эди, ичкаридан “ў-ў-ў-л” деган товуш келди. Тўра бобо ҳассасига таяниб, зўрға қаддини ростлади. Кейин оёқларини секин ҳаракатлантирди. Кутилмаганда ўнг оёғи олдинга кетиб қолди. Чотида нимадир “қирс” этгандек бўлди. “Ўлдим, – деб ўйлади Тўра бобо, – аммо кампирга сездирмаслигим керак”. Ҳартугул Тўра бобо ҳассасини ерга маҳкам тираб, фалокатни бартараф этганди. Кейин чап оёғи силжиб кетди. Яна нимадир “қирс” этди. “Энди аниқ ўлдим”, – қўрқиб кетди Тўра бобо. Мувозанатни ушлаб қолди. Телевизордаги бояги йигитга ўхшаб секин одимлаган эди, илдам к-е-е-е-тди. “Мен учяпман, — қийқирди чол. — Керак бўлса, девордан ошиб ўтаман!”
Тўра бобо ўз кучига ишондими, ҳассасини ён томонга улоқтирди. Кейин эса учишда давом этар экан, туйқус ўйлаб қолди: “Ие, қандай қилиб тўхтатаман?” Шундан сўнг бақиришга ҳам улгурмай, тўппа-тўғри сомонхонага кириб кетди.
Ҳалима буви анчадан сўнг ҳовлига чиқди. Чолини излаб, дарвоза томонга юрди. Бир чеккада ётган ҳассага кўзи тушди. Аввал ён-атрофга, сўнг осмонга қаради: “Қурмағур учаман, девди, ростдан ҳам учдимикан?..”
Сомон уюмига кириб кетган Тўра бобо эса миқ этолмас, овози ҳам чиқмасди. “Ишқилиб молга сомон бераман, деб орқамга шохани тиқиб олишмасин”, дея қўрқарди у…
Кечқурун дастурхон бошида Пўлатжон билан хотини ўзларини кулгидан зўрға ушлаб ўтиришди. Телевизорда чанғида учиш мусобақаси кўрсатиларди. Жажжи Талъатжон пультни қўлига олди.
— Тегма, шунга турсин, — деди Тўра бобо. — Учишини қара!
Ҳалима буви гапни илиб кетди:
— Ҳа, тегма, шунга турсин! Бобонг олимпиёда кўриши керак. Бобонг учмоқчи! Кундузи учгани етмади-да! Янаям баланд учмоқчи, ҳа! Бобонг самалўт бўлмоқчи!
Тўра бобо кампирига тумтайиб қаради. Пўлатжон эса кулавериб, ёнбошига ағдарилиб тушди.