Хоан Игнасио Тайбо. Одамлар, кимсиз ўзи? (ҳикоя)

I

У ҳали кичкина пайтларидаёқ, отаси, одамларга яқин борма, гарчи денгизда тирикчилик қиладиганлар унчалик бадкирдор бўлишмаса ҳам, бекордан- бекорга тош ёки калтак билан уриб дилингни сиёҳ қилиб кўйишлари мумкин, деб тайинлаган, бироқ дельфин боласи унда ҳали жуда мурғак, бунинг устига гапиришни ҳам билмас, шу боис бу билан отаси нима демоқчи бўлаётганини тушунмаган эди.
Орадан йиллар ўтди. Ўша пайтларда улар суви мусаффо, ҳароратли ва сокин кўрфазда яшашар, у ерда балиқ мўл-кўл бўлиб, ҳаммаларига етиб ортар, бинобарин, дельфинлар қорин ташвишидан бутунлай фориғ эдилар.
Ўзига айтилган гапни ҳали тушунмаса ҳам, лекин сузишга келганда дельфинчага етадигани йўқ эди, у шунчалар моҳирона сузар эдики, гарчи очиқ денгизга чиқмаса ҳам бир ўзи кўрфазда эмин-эркин сузиб юра оларди. У атрофидаги мавжуд оламни билишга кизиқар, ҳамма нарсадан бохабар бўлишни истар, паррандалар, одамлар ҳамда дельфинлар ҳаётини, одатларини кузатишдан баҳра олар, қискаси, дунёдаги барча болалар сингари ҳар куни ўзи учун бир янгилик кашф этарди.
Шу важдан кунларнинг бирида у тап тортмасдан қирғоккача сузиб борди. У ҳали қирғоққа етиб бормаёқ ўша ерда юрган аллақандай ғайритабиий мавжудотларга кўзи тушди. Бунақасини у ҳали кўрмаган эди, улар дельфинларга ҳам, балиқларга ҳам ўхшамасди. Бу ғалати мавжудотнинг қўли, оёғи, боши бўлиб, эгнига яна алланимабалоларни кийиб олганди, дельфин боласи фақат улардаги калла нималигини тушуниб етди, негаки бунақа аъзо денгиз жониворларида ҳам бор эди-да! Қолган нарсаларининг фарқига бормади… Дельфинчага отаси булар одамлар, деб таърифлаган мавжудот эканини дабдурустдан англаёлмади, ўз-ўзидан улардан нега қўрқиши кераклигини эса мутлақо тушунмади.
У одамлар сезиб қолмасликлари учун эҳтиёткорлик билан қирғоққа сузиб келди, тўғрисини айтганда, у бошқа дельфин болаларига нисбатан ўйинқароқ бўлгани билан ҳар ҳолда эҳтиёткор ва итоатгўй эди. Ҳозир ҳам сувдан бошини хиёл чиқариб, соҳилни диққат билан кўздан кечирди.
Дельфинча ҳар куни эрталаб, кун энди ёйила бошлаганда ота-онаси билан бирга денгизга балиқ овлаш учун чиқадиган таги ясси кема ортидан эргашиб юрарди. У ўша кеманинг капитани билан унинг икки нафар ёрдамчи матросларини аллақачон таниб олган эди. “Кармина” деб номланган бу кема ана шу уч кишига тегишли эди. Дельфинчани ўзига ўхшаган, катталар доим овга ўзлари билан олиб чиқадиган кичкина одамча — қуралай кўз бола қизиқтириб қолганди. Ўша бола энди-энди тетапоя бўлганига қарамай чайқалиб-чайқалиб сузаётган кемада йиқилмасдан бемалол юра оларди. Кичкинтой болани катталар ҳамиша бир хилда, Фуко деб чақиришар, шу сабабли дельфинча унинг исми Фуко эканини билиб олганди. Бу дельфинча ўрганиб олган одамзод тилидаги биринчи сўз эди.
Ҳар куни эрталаб балиқчилар кема билан қирғоқ орасига тўр ташлаб қўйишар, боланинг отаси билан матрослар тезроқ гапиришни ўргансин, деган мақсадда Фукони гапга тутишарди. Дельфин боласи ҳар бир сўзларини илиб олаётгани уларнинг хаёлига ҳам келмасди.
Дельфинлар бошқа жониворларга нисбатан анча-мунча идроки баланд эканидан у секин-аста одамларнинг тилида гапиришни ўрганиб олди. Кема билан ёнма-ён сузиб бораётган маҳал катталар ўргатаётган сўзларни кайтараётган Фукога эргашиб, то ёдлаб олмагунча ўша сўзларни қайта- қайта такрорларди. Ота-онаси олдига қайтиб борганда эса улар боласига дельфинча гапиришни ўргатишар эди; дельфинлар тили ғоятда гўзал, лекин шу билан бирга ўзлаштириш анча мушкул эди, уларнинг товушлари эса бамисли қўшиқ каби мураккаб ва баланд пардаларда янграр эди. Нафсиламрини айтганда, бу тилда истаган нарса ҳақида гапириш мумкин эди, бу тилда ўзга болалар, қушлар ҳамда одамларнинг оғзидан чиқаётган ҳамма гапларни айтса бўлади, фақат “ўлдираман сени”, “бошингга ит кунини соламан” қабилидаги ўта хунук, қўрқинчли ва таҳдидона сўзларни айтишга ярамасди, чунки бунақа тушунчалардан дельфинлар тамоман бехабар эдилар.
Охир-оқибат, дельфин боласи ўзининг қадрдон она тилида ҳам, одамзоднинг тилида ҳам бир хилда бемалол гапиришни ўрганиб олди. Бироқ буни у ҳали амалда қўллаб кўрмаган, шу чоққача катта одамлар ва болалар билан суҳбатлашиш унга насиб этмаган эди.

II

Кунлар кетидан кунлар, ойлар ўтди. Фуко улғайиб қолди, дельфин ҳам. У балиқ овлагани чиққан кемани кузатиб юришни яхши кўрарди; кема билан ёнма-ён сузиб бораётганда дельфинча одамлар эътиборини жалб қилиш учун дам-бадам сувдан сапчиб ҳавога отилар, катталар бунга ортиқча аҳамият беришмас, чунки улар кема атрофида сузиб юрган дельфинларнинг бундай қилиғига аллақачон кўникиб қолишган эди. Кунлардан бир кун дельфин боласи Фуконинг ўзига қизиқсиниб қараётгани, бу ҳам етмагандек марок билан томоша қилаётганини пайқаб қолди. Кема очиқ денгизга чиқиб кетган пайтларда дельфин боласи зерикиб қоларди: унинг ортидан эргашиб боролмас, ҳали ёш экани туфайли кўрфаздан чиқиб, олисларга сузиб боришдан қўрқар эди. Иттифоқо, бир куни эрталаб Фуко барвакт уйғонди ва катталарни кутиб ўтирмай ўзи денгиз ёкасига борди. Дельфин боласи шу ерда, доимгидек кеманинг ён-верида кутиб турарди. У катталарнинг йўқлигидан фойдаланиб, беозоргина кулаётгандек туюлгувчи тумшуғини сувдан чиқарди. Фукиньо уни кўриб ҳайратдан қотиб қолди, негаки, шу чокқача у биринчи марта дельфинни бунақа яқиндан кўриши эди, у фақат одамларни, мушуклар билан паррандаларни ва яна кемада овланадиган балиқларни кўрганди, холос, шунга қарамай у дельфинларнинг балиқларга мутлақо ўхшамаслигини, терилари эса одамларникига қараганда юмшок ва майинроқ эканини англаб етди. Дельфин Фуконинг исмини айтиб чакирди- да, ундан ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
Фукиньо дельфинчадан қўрқмади, дельфинча ҳам ундан ҳуркмади, зеро, ёлғиз катталаргина ўзлари нималигини билмайдиган нарсалардан кўрқишади. Кичкинтойлар эса аксинча. Фуко дельфин боласи ўзига ўхшаб галисий тилида гапира олишидан, катталар эрталаб соҳилга келишганида доим нари юришидан бохабар бўлди. Бора-бора дельфин боласи унинг энг қадрдон, ажралмас дўстига айланди. Нафсиламрини айтганда, Фуко ҳам дельфиннинг бирдан-бир дўсти бўлиб қолди.

III

Шу асно кўклам келди. Кунлар узайди, Фуко ҳар куни овга чиқиш олдидан барвақг туриб, денгиз бўйига келарди. Катталар ҳали уйқудан турмаган маҳал икки ўртоқ сувда ким ўзарга ўйнашар, мириқиб чўмилишар, ҳаммаёққа сув сачратиб сакрашар, ичакузди қўшиқдар айтиб, тинмай яйрашар эди. Маза қилиб ўйнаб бўлишгач, олдинма-кетин отаси билан матрослар келишар, узоқ пайсалга солишмай “Кармина”да денгизга йўл олишарди. Дельфин боласи энди кема қаерга бормасин, унинг ортидан кузатиб борар, зеро, у одамлардан ҳам, ваҳимали денгиздан ҳам чўчимайдиган бўлиб колганди.
Қисқаси, ота-онаси дельфинчанинг одамдан дўст орттирганини асло билмасдилар. Фуко ҳам дельфин билан дўстлашиб қолгани ҳақида ҳеч кимга айтмас, негаки, катталар аксар ҳолларда ҳамма нарсадан хавотир олиш тугул, ҳеч нарсани тушунишни истамас, улар ҳатто энг оддий нарсалар, айтайлик, дельфиннинг биз одамларга ўхшаб гапира олишига ҳам ишонишмас эди.
Фуко ов тугаб, уйларига қайтишгач, қош қорайгандан кейин ҳам денгиз бўйига келарди, у кела солиб ўзини сувга отар ва алоҳа, икки ўртоқ — дельфин билан инсон қайиқ ва соллар орасида ёнма-ён сузиб юришарди. Улар биргаликда кўрфаздаги ҳавзада чўмилаётган бойларнинг болаларини кузатишар, гоҳо-гоҳо ўша болалардан битта-яримтаси ҳавза ён деворидан бошини чиқариб Фуко билан дельфинни томоша қилар, боёқишлар ҳеч қачон қумлоқ соҳилда, денгиз ёқасида ўйнолмас ёки дельфин билан дўстлашолмас, бу икки қадрдон ўртоқ билан суҳбат қуриш у ёқда турсин, салом-алик ҳам қилишолмас эди. Кўпинча бойларнинг ўз болаларига панд-насиҳатларини, ўгитларини эшитиб, улар ҳайрон бўлишарди: “Денгизда чўмилишни хаёлингга ҳам келтирма, чўкиб кетасан” ёки “анови балиқчи бола билан ўйнама, у сенинг тенгинг эмас” ё “кўп хаёл сураверма, бошинг оғриб қолади” қабилидаги гапларидан маълум бўлишича ота-оналари бу болаларга ҳеч нарсани раво кўришмас эди. Бояқишлар, бу икки ўртоқнинг шўх-шодон, беғараз кулгилари туфайли янада завқлироқ туюлаётган шўхликларига махлиё бўлиб қараб туришар, Фуко билан дельфин эса одамзод ҳеч қачон тўймайдиган ҳаёт завқидан маст ҳолда яйрашарди.
Ҳавзада чўмилаётган болалар орасида ширингина, кулчаюз, шаҳло кўзли қизалоқ ҳам бор эди, Фуко ундан кўзини узмасди ва нима учундир унинг давлатманд одамнинг қизи эканидан ич-ичидан куюнар ва оҳиста хўрсиниб қўярди. Дельфинлар бой нима, камбағал ким, деган нарсани тушунишмайди. Чунки уларнинг ҳаётида бунақа тушунчаларнинг ўзи йўқ эди; улар пул билан бойлик нималигини билишмайди; одамлар ҳаётининг мана шу жиҳатларини дельфинча Фукодан эшитиб ҳайрон бўлди, у бир нарсани сира ҳазм қилолмасди — қиз бой хонадонда, Фуко камбағал оилада ўсган бўлса нима қипти, асосийси — иккови ҳам ёш, тенгқур-ку!
Икки дўст ғира-шира оқшом қоронғисида овдан қайтиб келаётган баҳайбат кемаларни томоша қилишни яхши кўришар, қуёш заволга юз тутган маҳал уфқнинг алвон жилоларда товланишини кузатишдан завқланишар эди. Ёз оқшомининг таровати, осмондаги ранглар жилоси икки ёшнинг дилига бир дунё қувонч бахш этарди.
Фуко билан дельфин улғайиб борарди. Улар улғайган сари вакт ўтиши тобора тезлашаётгандек бўларди. Улар ҳар куни бирга ўйнашар, бир-бирларига қизиқарли ҳангомалар айтиб беришдан чарчашмас, дельфинча ҳеч қачон бормаган заминдаги ҳаёт ҳақида гапирса, дельфин денгиз сирлари ҳақида сўзлар эди.
Кунларнинг бирида дельфиннинг исми нималигини ҳам билмаслиги Фуконинг эсига тушиб, ундан исмини сўради. Ўртоғи унга дельфинларнинг ҳар хил исмлари — балина, муҳур, денгиз мушуги, афолина, Юнусбалиқ деган номлари бор, лекин сен сўраётган исмлар йўк, деб жавоб берди. Фуко ажабланди, у дельфинларнинг умумий номи керакмас, мен қадрдон дўстимнинг исмини билгим келяпти, холос, деди. Буни билишнинг нима кераги бор, минг қилса ҳам бошқа биронта дельфин одамзод тилида гапирмагандан кейин, менинг ҳеч қанақа исмим йўқ, дея ўзича тушунтирган бўлди дельфинча, сен сўраётган бунақа исмлар ёлғиз одамлар билан уй ҳайвонларида бўлади, денгизда яшовчи жониворларнинг ҳаммаси бир хил ном билан аталади, улар бирга яшаб, бир-бирларини яхши билгандан кейин исмларнинг нима кераги бор?!
Фуконинг кўнглида дельфиндан сир сақлайдиган гапи йўқ эди, нега деганда дельфин унинг бирдан-бир дўсти-ку! Бироқ йиллар ўтиб, улар ўсиб улғайгач, Фуко бу ўйин-кулгилар, бирга вақт ўтказишлар ўзига ёқмай қолаётганини пайқади: у куни бўйи ишлаб чарчарди. Энди у дельфинга ҳар хил нарсаларни гапириб ўтирмас, кўпроқ ҳеч қачон дўстлашиб кетолмаслиги рўйи-равшан бўлиб бораётганини ҳис қилар, чўмилаётган болалар ҳаётига қизиқар, бу ўзгаришларни ўртоғидан яширишга ҳаракат қилар эди. Пировардида, Фуко бундай ўзгариш сабабларини изоҳлаб бериш учун шундай сабабларни рўкач қилар эдики, дельфин боласи буни ҳеч қачон тушуна олмасди.
Фуко одамга ўхшаб ҳаёт кечиришлари учун кун-уззукун ишлашга мажбур экани, пулдор ота-оналарнинг болалари эса ишлашни хаёлларига ҳам келтирмаслиги, балиқчининг боласи эртадан-кечгача ишлаб ҳам, очиғи, рўшнолик кўрмаслиги тўғрисида гапирарди. Улғайиб катта бўлгани учун янаям кўпроқ ишлашга мажбурлиги, бунинг устига мактабда ўқиши, ҳафтада олти кун дарсларга қатнашга мажбурлиги, хуллас, бундан буён умрининг охиригача шундай яшашга маҳкум эканлигини тушунтирмоқчи бўларди. Дельфин галисия тилини билгани билан унинг гапларини мутлақо тушунмасди, бунинг сабаби яна ўша дельфинлар ҳаёти билан боғлиқ нарсалар эди, зеро, уларни денгиз боқарди, улар ҳолдан тойгунларича тер тўкиб ишлашлари шарт эмасди, мол-дунёга зарурат сезишмасди, одамлар сингари бойлик орттираман, деб ҳаётларини хавф остига қўйишларининг ҳожати йўқ, фаровон ҳаёт ва муҳтожлик деган тушунчалар уларга бегона. Шунинг учун дельфинча Фуконинг ақли тобора хира тортиб бораяпти, деб ҳисоблашдан ўзга важ тополмади.

IV

Ёз тугаб, қиш яқинлашди. Кўрфаз суви совуқлик қила бошлагани етмай қандайдир ғалати нордон, дори-дармон ҳиди ёхуд таъми келадиган бўлиб қолди, дельфин боласи Фуконинг дараги бўлмаган кунлар бепоён денгизга чиқиб кетишни афзал кўрар, у ерда ўзининг ҳамжинслари кўп, суви эса шўртанг ва тоза бўларди.
Кунларнинг бирида Фуко отаси билан матрослардан анча илгарироқ кемага келди. Денгиз устини туман қоплаган эди. У ўпкаси тўлиб, келган заҳоти ўксиб-ўксиб йиғлашга тушди, дельфин боласи унинг кўз ёшларини биринчи марта кўриши эди. Фуко ўзини сира босолмади, охири кўз ёшлари қуриб, чуқур хўрсинди-да, тилга кирди. Биз бошқа кўришмаймиз, деди. Дельфинлар ёлғон гапиришни билишмайди, улар умуман ёлғон нима эканидан бехабардирлар, бироқ бизнинг дельфинча Фуко айни лаҳзаларда алдаяпти, деган хаёлга борди, чунки унинг тушунчасига кўра, икковлари ораларидан қил ўтмайдиган дўст бўлишса, ўрталаридан гап ўтиб, уришиб қолишмаган бўлишса, нега бундан буён бутунлай кўришолмас эканлар? Бир-бирларига заррача ёмонликни раво кўрмайдиган икки қадрдон нега бирдан учрашолмай қоларкан?
Бу кун уларнинг ҳаётидаги энг қайғули кун бўлди. Кўрфазни туман қоплагани учун денгиз ичкариси, қирғоқ яқинидаги қоялар ҳам кўзга чалинмасди. Кўрфаз тугул денгизда ҳам балиқ қолмаган, балиқчилар балиқ овлагани, дельфинлар емиш излагани анча олисга боришлари лозим бўлиб қолган эди. “Кармина” кемаси хийла кичик эканлиги сабабли балиқ овлагани денгиз ичкарисига боришолмасди, чунки у кучли тўлкинлар зарбига дош беролмасди. Фуконинг отаси “Кармина”ни сотиб юборди, бироқ унинг пулига нисбатан йириқроқ шхуна сотиб олишнинг иложи бўлмади, шу боисдан Фуконинг отаси, ўзи ва икки нафар матрос улкан бир кемада ёлланиб ишлашга қарор қилишган эди, ўша кема “Кармина” сингари уларнинг тасарруфида бўлмай, икки дўстга ҳавас билан қараган ўша кулча юзли ширинтой қизнинг отасига тегишли эди.
Дельфинча балиқ овлагани шундай баҳайбат кемада, бунинг устига, яна шунақа олисларга бориш шартми, дея боши қотарди. Ҳаммаси пул учун, деб тушунтирарди Фуко, отаси пул топиб, янги бир кема сотиб олиш мақсадида шунга қарор қилибди. Балиқчи қушлар қирғоққа яқин келиб, қанот қоқа бошлади, бу ёмғир ёғишидан дарак берарди. Дельфинча Фукодан энди нима қиласан, деб сўраганди, у шундай жавоб берди:
— Мен пул топиш учун ишлашим керак, тушунаяпсанми? Бизнинг энди “Кармина”миз йўқ, мен энди олисларга кетишга мажбурман. Бу ерларда денгиздан балиқ овлаш мумкин эди, энди эса балиқ ҳам қолмади. Шунинг учун мен бошқа юртларга кетаяпман. У шунчалар узоқда жойлашганки, у ерлардан қайтиб келишимга ҳам ишонолмаяпман. Шу сабабли биз хайрлашишимиз керак. Бошқа ҳеч качон кўришолмаймиз, деб қўрқаман.
— Лекин нега, Фуко, нима учун? — деб сўради дельфин боласи ва йиғлаб юборди, ваҳоланки, одатда дельфинлар йиғламас эди. — Биз ахир дўстмиз- ку, дунёда энг садоқатли оға-ини бўлиб юргандик-ку, нега ахир, сен ўзинг яшаётган қишлоқни, мана шу кўрфазни, мени яхши кўрсанг, ифорли ёз тонгларини, қиш фаслини, туман қоплаган қояларни ва ёмғирни яхши кўрсанг, дельфинларсиз, ҳамқишлоқларингсиз қандай яшайсан? Нега ҳаммасидан юз ўгириб, уларни унутиб, олисларга бош олиб кетмоқчи бўлаяпсан? Тушунтириб бер менга, Фуко, нега, нима учун?
Фуко кўзларига қуйилиб келаётган ёшни тўхтатолмай жавоб кайтарди:
— Чунки энди бизнинг кўрфазда балик қолмади, энди балиқ денгизда ҳам йўқ. Сармоядор кишилар сувни заҳарлашди, булғашди, балиқлар қирилди, қолганлари ҳам бу ерлардан олисга кетиб қолди, балиқчилар кун кўролмаяпти. Бу ерда қолсанг, сен ҳам ҳалок бўласан.
Фуко тўғрисўз бўлганига қарамай дельфин боласи унга ишонмади ва уни яна саволга тутди.
— Нега улар сувни ифлос қилишади? Нима сабабдан балиқларни қириб юборишади? Нима фойдаси бор бунинг?
Фуко елка қисди ва кўнгли бузилиб деди:
— Пул учун, улар пул дардида шундай қилишган.
Буни эшитиб дельфин боласи довдираб қолди.
— Одамлар бизларга мутлақо ўхшамас экан. Сизлар ваҳший экансиз, сизларга заррача зиёни етмаган бўлса ҳам балиқларни ўлдирасиз, сувларни заҳарлайсиз, ер юзида ҳаёт чашмаларини қуритасиз, ўзгаларни яксон қилиш, қириш, ўлдириш, вайрон қилишга шароит яратасиз, йўл қўясиз! Фақат инсонларгина бир-бирига шундай адоватда яшар экан. Сизларнинг тилингизни ҳеч қачон ўрганмасам бўлар экан-а! Алвидо, Фуко-Фукиньо, биз бошқа ҳеч қачон кўришмаймиз!
У шундай деди-да, бепоён денгиз сари сузиб кетди. Мусаффо ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олиш учун сув юзасига чиққанида Фуко ҳалиям, энди ўзларига тегишли бўлмаган “Кармина” кемасида қимир этмай, тобора узоқлашиб бораётган дўстининг ортидан термилган кўйи йиғлаб турарди. Бироқ дельфин боласи изига қайтмади. Нега деганда унинг ҳафсаласи пир бўлган, аламидан ўртанар, қолаверса, Фукони ҳам, одамларни ҳам бутунлай унутишга, улар ҳақидаги хотиралардан ҳам воз кечишга қарор қилган эди. У денгизнинг чуқур қатламларига қадар тушди ва олис-олисларни кўзлаб сузиб кетди. Дарҳақиқат, сув тахир, дори-дармон билан мой ҳиди анқирди. Бу ҳид уни беҳузур қилди.
Дельфинчанинг иложи борича узоқроққа кетгиси келарди. Фукони, кўрфазни, бу қўланса сувнинг таъмини бутунлай унутишни истарди. У ота-онаси билан хайрлашгани борди. Лекин ёлғиз онасини учратди. Онаси аччиқ-аччиқ йиғларди. Отаси жон бераётган эди. Унга одамзод ҳиди анқиётган заҳарли сув туфайли шундай бўлди, дея тушунтиришди. Дельфинчанинг кўз ёшлари қуриган, у энди йиғлаёлмас эди. Қолаверса, дельфинлар камдан-кам ҳолларда йиғлайди.

V

У бир пайтлари қадрдон бўлган маскандан тезроқ бош олиб кетиш учун бор кучи билан сузиб борарди. Уни олис сарҳадлар чорларди. У ошиққан томонда — йироқ-йироқлардан инсон яшайдиган замин бутунлай кўринмайди, на одамлар, на кемалар, на қайиқлар, на зулм бор эди у ерда. У дельфиннинг боласи эди, бундан буён ёлғиз дельфинлардан дўст орттиради. У энди асло одамзодга яқин бўлмайди, уларни, Фуко-Фукиньони ҳар қанча соғинмасин, дельфинча ўз қароридан қайтмайди.

Русчадан Олим Отахон таржимаси