Туркиянинг жорий йил 1 июндан дунёнинг 89 давлати, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан виза тартибини қайта жорий этиши ҳақидаги хабарлар асоссиздир. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлиги расман маълум қилди.
Гап шундаки, 8 январь куни бир қатор хорижий давлатлар матбуоти Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги келишувларга асосан Анқара Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Украина каби 89 давлатга нисбатан виза тартибини тиклаши хусусида хабарлар тарқатган эди.
Анқара баёнотига кўра, Туркия фуқароларининг Шенген давлатларига визасиз кириши борасида Европа Иттифоқи билан музокаралар ҳали давом этмоқда.
“Туркия ЕИнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлганидан кейингина ЕИ меъёрларига мувофиқ биз томонимиздан учинчи давлатларга виза тартибини жорий этиш лозим ҳисобланади. Демак, Туркия 1 июндан ЕИ визасини олиши талаб этиладиган мамлакатлар фуқароларига виза жорий этишни режалаштираётгани хусусидаги хабарлар ҳақиқатга зиддир”, дейилади Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Аввалроқ мазкур хабарни Туркиянинг Европа Иттифоқи масалалари бўйича вазири Волкан Бозқир ҳам рад этган эди. Туркия ЕИ билан визасиз тартиб борасида музокара олиб бораётганини таъкидлаган вазир бу борада фақат ваколатли идоралар маълумотига ишонишни маслаҳат берганди.
Анқара 2007 йил 1 августдан Туркияга сайёҳ сифатида борадиган Ўзбекистон фуқароларига виза тартибини бекор қилган эди. Мазкур тартибга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари Туркия ҳудудига визасиз кириши ва бир ойгача эмин-эркин юриши мумкин. Мамлакатга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш мақсадида жорий этилган ушбу тартиб Ўзбекистон фуқароларига енгиллик бериб, туристлар оқимини кўпайтирди. Маълумотларга қараганда, ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Туркияга тижорат ва зиёрат мақсадида боради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 8 январдан Туркияга денгиз ва авиатранспорт воситасида келаётган Сурия фуқароларига виза тартиби жорий этилди. Мазкур чора ноқонуний миграцияга қарши кураш мақсадида амалга киритилди.
Собир Салим