Ўлмас Умарбеков. Олтин япроқлар (ҳикоя)

Дам олиш кунларидан бири эди. Кўчага чиқдим. Кеч куз бўлса ҳам ҳаво очиқ, қуёш чарақлаб турарди. Ҳамма ёқда япроқлар: ок, сариқ, яшил япроқлар… Гўё кўчага чиқишингизни кимдир билгану йўлингизга гилам тўшаб қўйган.
Ҳар йили кузда, хазонрез пайтида менга шундай туюлади. Шунинг учун ҳам кўчага чиқаман, сердарахт хиёбонларни узоқ-узоқ айланаман.
Бугун ҳам шундай бўлди. Уйимиз рўпарасидаги қайинзорга ўтдим. Оёғингиз остида япроқлар, минг хил рангдаги япроқлар ғалати оҳанг кашф этиб шитирлайди. Ёқимли ўрмон иси димоғингизга урилади. Шимириб тўймайсан киши.
Бир оз айланиб, қайинзорни кесиб ўтган ариқча лабидаги скамейкага ўтирдим. Бирдан қайинзор қоронғилашди. Дарахтлар орасидан тушиб турган танга-танга шуълалар сўнди. Тепага қарадим. Кўк бетини парча-парча қора булутлар қоплаб олган эди. Кўп ўтмай, қайинзорни тасир-тусир товушлар қоплаб, ёмғир қуя бошлади. Панжара девор орқасида алланима дуп этиб ерга тушди. Шу топдаёқ қўрқув аралаш қуқулаган хўроз овози эшитилди. Чумчуқлар галаси чирқиллаганича, гур этиб бир дарахтдан иккинчисга ўтар, у ерда ҳам тинчимасдан, яна гур этиб учинчисига учиб қўнарди.
Ерда тангадек очиқ жой қолмади. Ҳаммасини хазон қоплади. Ёмғир зарбидан барглар дув-дув тўкиларди.
Мен бу манзарадан кўзимни узолмай, костюмимнинг ёқасини кўтариб олиб туравердим. Атрофим бирпасда халқоб-халқоб сув бўлиб кетди. Ёмғир япроқларни худди варрак пирпирагандай пириллатар, кейин эса, бутун кучи билан ерга ёпиштириб, мутлақо қимир этмайдиган қилиб қўярди. Ўз новдаларидан узилиб, ер билан теп-текис бўлган бу япроқларни кўриб, кўнглим бузилиб кетди. Ёмғир эса хамон ёғарди. Баъзи жойларда лойқа сувдан бошқа ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.
Бир маҳал қайинзор ёришди. Ёмғир сийраклашди. Панжара девор томондан хўроз қичқирди ва бир-икки қуқулаб, қанотларини қоқиб қўйди.
Юзимдаги ёмғир томчиларини енгим билан сидириб, тепамга қарадим. Қарадиму, кўзларим қамашиб кетди. Рўпарамдаги қайиннинг энг юқори шохида бир нарса худди олтиндек товланиб турарди. Қўлимни соябон қилиб яхшилаб қарадим. Бу… оддий япроқ, сап-сариқ қайин япроғи эди.
Унга, шу кичкина, енгилгина тебраниб турган япроққа тикилар эканман, бир воқеа эсимга тушиб кетди.
Эрта баҳор эди. Даладан келаётган эдим. Нима учун борганман у ёққа, ҳозир эслолмайман. Анчагина йўл босиб, кўприк тузатаётган одамлар олдидан чиқиб қолдим. Сўрашиб, бўш ётган замбил устига ўтирдим-да, папирос тутатдим.
— Ҳаво айнаяпти, — деди пахталик чопон кийган ёшгина йигит осмонга қараб. — Булутнинг авзойи бошқача.
Беихтиёр осмонга қарадим. Ҳақиқатан ҳам ҳаво айнамоқда эди. Бир папирос чеккулик вақт ўтмовдики, аллақаерда момақалдироқ гулдуради.
— Ана, айтмадимми? — деди ўша йигит, қаршисида хода йўнаётган чолга қараб. — Бўлди қила қолайлик. Иннайкейин…
У гапини тугатолмади, шаррос ёмғир қуйиб кетди. Яна момақалдироқ гулдуради. Йигит қўлидаги белкурагини ташлаб, чопиб кетди. Қолганлар ҳам унинг кетидан йўлга тушишди. Фақат чол парво қилмади, бир ходани йўниб бўлиб, иккинчисини қўлига олди. Унинг кўм-кўк томирлари бўртиб чиққан узун қўллари ниҳоятда тез ҳаракат қиларди.
— Қўйинг, кейин қиларсиз, — деди кимдир жаҳл билан. — Қочиб кетмайди-ку.
Чол индамади. Кўм-кўк кўзларини одамларга тикиб, жилмайди-да, яна муккасидан ишга тушиб кетди. Ёмғир зўрайиб жалага айланди, аммо у ўрнидан турмасди. Унинг ёнида мендан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Чидай олмадим:
— Ота, юрсангиз-чи! — дедим.
Шундай дедиму, ўзим одамлар кетган томонга югурдим. Улар бекинишган жой — эгаси ташлаб кетган чайла эди. Мен ҳам шу ёққа кирдим. Ҳаммамиз жим эдик. Ёмғир эса ҳамон ёғарди, гўё осмон тешилгандек. Бир маҳал кимдир ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Кўприк томонга бирпас тикилиб турди-да, қайтиб кирди.
— Ишлаяпти, — деди секин ва ҳаммага бир-бир қараб, югурганича чайладан чиқиб кетди. Кўп ўтмай, чайлада мен билан пахталик кийган йигитдан бошқа ҳеч ким колмади. Йигит кўзларини ердан узмасдан ўтирарди. Мен ҳам ғалати бўлиб кетган эдим. Бир-биримизга қарай олмай, ниҳоят ўрнимиздан турдик. Ташқарига чиққанимизда ёмғир ҳамон ёғар, аммо булутлар орасидан қуёш мўралаб турарди. Кўприкка яқинлашганимизда ҳеч ким бизга эътибор бермади. Йигит белкурагини олиб яна ишга тушиб кетди. Мен чолга тикилиб қолдим. Унинг қип-қизил юзида, пешонасида, қалин кулранг мўйлови устида олтин доналари ялтирарди. Булар терми ё ёмғир томчиларими, ажратиш қийин эди.
…Қайин дарахти учидаги кичкина япроқ менга шу чолни эслатиб юборган эди. Тепамга яна қарадим. Япроқ қуёш нурида олтиндек товланиб, енгил тебранганича кўкка дадил бўй чўзиб турарди.
1962