Дилноз Тўхтаева 1981 йил Навоий вилоятида туғилган. Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги ихтисослашган техника коллежини тамомлаган. “Тоғлар сабоси” номли илк шеърий тўплами чоп этилган.
ВАТАН
Таърифингни келтирмоқ учун
Сўз уммони аро хўп суздим.
Ҳақиқатни англадим бугун
Ва улардан мисралар тиздим.
Ватан — ҳовлим, уйим, остонам
Ва жисмимни яратган тупроқ.
Гул лабида титраган шабнам,
Водийларга жон берган булоқ.
Ватан, ана, ҳув узун йўллар,
Ўз уйимдай бўлган ишхонам.
Бир-бирини суёвчи қўллар,
Қанот бўлган жафокаш онам.
Бошимдан зар сочади офтоб
Бир гулингман мангу чаманим.
Мен ёзажак дилдаги китоб —
Бахтим сенсан — озод Ватаним!
ҚАЛБ ДАФТАРИ
Бўм-бўш эди, оппоқ ва тиниқ,
Гард юқмаган, бирам покиза.
Бир четидан тортдилар чизиқ,
Сўнг ёзмоққа очди саҳифа.
Турфа ранглар, бўёқлар тегди,
Умр бўйи бўлар эсдалик.
Қорлар ёғди, шамоллар елди,
Олисларда қолди болалик.
Эҳ, биродар, қолма армонда,
Ўтирганча сураверма ўй.
Умринг кетар ана карвонда,
Дилда борин энди ёзиб қўй.
ҲАВАС
Ҳавасим келади кулсалар хандон
Қошу кўзларида ўйнар табассум.
Кўнглида йўқ гўё хижиллик, гумон
Олам ёришгандай туюлар бир зум.
Ҳавасим келади кулсалар хандон,
Ғуборлар тарқалар тумандай гўё.
Кулсанг, кулар экан толе бегумон,
Кенгга бепоёну, торга тор дунё.
Ҳавасим келади бу соф туйғуга,
Чин қалб қувончини шўхликка йўйгум.
Гоҳида ўзимча боқиб кўзгуга
Юракдан бир бора жилмайиб қўйдим!
ДИЛХИРОЖ
Навога айланди дилдаги дардлар,
Кўзларга жамланди бари басма-бас.
Бармоқлар имоси кўнгилга ёқар,
Дилхирож — эгнингда беқасам атлас.
Ўзбекнинг ўзидай танти, беминнат,
Юрт кезди виқор-ла, юзда ибоси.
Авлоддан авлодга ўтар омонат,
Дилхирож — халқимнинг олтин мероси.
* * *
Қизларга бахт бергин, йигитга омад,
Осмонида қора булут учмасин.
Азизлар, қилингиз бир холис ният,
Ёмонга яхшилар иши тушмасин.