Абдулла Қодирий ижодига, хусусан, унинг “Ўткан кунлар” романига хорижда ўтган асрнинг йигирманчи йиллари охиридаёқ муносабат билдирила бошланган эди.
Кейинчалик адибнинг миллатпарварлик ҳаракатидаги ўрни, фаолиятига оид масалалар таҳлили америкалик ва англиялик ўзбекшунослар Э.Олворт, А.Бенингсен, Э.Уимбуш, Роберт Ж.Баррет, Д.Монтгомери, Г.Моррис, Ҳ.Баттерсбининг Ўрта Осиёни ўрганиш муаммоларига бағишланган изланишларида ҳам кузатилди. Мазкур тадқиқотларда олимлар “Ўткан кунлар” романи, ўзбек миллий романчилигининг пайдо бўлиши, шаклланиши жараёнига таъсир этган омиллар ҳақида қисқача тўхталган.
90-йилларга келиб Америкада қодирийшунослик янги босқичга қадам қўйди. Адиб ҳаёти ва ижодий меросига оид фундаментал тадқиқотлар яратилди. Эден Наби, Христофор Мюрфи, Роберта Мария, Ахмет Оғир, Леон Шон, Жексон Келлог сингари ўзбекшунослар ёзувчи ижодини турли қирраларда ўргандилар ва натижада Америка ўзбекшунослигида “Ўткан кунлар” романининг назарий, бадиий, ғоявий-ижтимоий тадқиқи юзага келди. Хусусан, адабиётшунос Э.Набининг “Ўрта Осиёнинг ўтиш даври адабиёти” номли тадқиқотида Абдулла Қодирий асарларининг жанр хусусиятлари, уларда ватанпарварлик ва миллатпарварлик ғоялари бадиий талқини, сюжет ва композиция муштараклиги, ўзбек романчилигининг тарихий илдизлари ҳамда етакчи хусусиятлари, ёзувчи услуби ва бадиий маҳорати каби мавзулар ўрганилган.
Ўзбек адибининг ҳаёти ва ижодини монографик планда тадқиқ этган америкалик яна бир олим Христофор Мюрфи “Абдулла Қодирий тарихий романларининг халқ оғзаки ижоди анъаналарига боғлиқлиги” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Тадқиқотда “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари қурилиши ва тасвир усулига хос анъанавийликни халқ оғзаки ижоди намуналари “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Тоҳир ва Зуҳра” ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти дурдоналари “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларига қиёсланиб, улардаги муштарак нуқталарни илк бор структурал таҳлил усуллари воситасида таҳлил этилган. Айни пайтда АҚШ Конгреси кутубхонасининг “Турк ва Марказий Осиё” бўлими бош мутахассиси, “Яқин Шарқ” бўлими раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Х.Мюрфининг кейинги тадқиқоти “Абдулла Қодирий ва большевиклар” деб номланган.
Мустақиллик йилларида хорижда қодирийшунослик илми янада ривожланиб, ёзувчи адабий меросининг мукаммал таржималарини яратиш жараёнлари бошланди. Бу давр янги авлод қодирийшунослари изланишларида адиб асарлари таҳлилида ижтимоий-сиёсий талқинлардан бадиий эстетик талқинларга ўтиш жараёни кузатилади.
Адабиётшунос олима Майкеллеф Роберта Мария “Миллий тикланишда адабиёт ва зиёлиларнинг ўрни” (Техас университети, 1997) мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ҳозирги пайтда АҚШдаги “Туркий тилларни ўқитиш бирлашмаси”да фаолият олиб бораётган мутахассис мазкур тадқиқотида Абдулла Қодирийнинг тўнғич романи воқеалари, асосий персонажлар, рамзий ифодаларни давр воқеалари билан боғлиқ ҳолда ўрганиб, асар композицияси, мавзуси, номи ва этимологияси, яратилиш тарихи каби масалаларни қиёсий услубда тадқиқ этади. Америка ўзбекшунослиги мактабига хос ғояга урғу бериш, муайян бадиий асарни ижтимоий-сиёсий нуқтаи назардан талқин этиш тамойили Роберта Мария изланишларига ҳам хос. Жумладан, ёзувчи қаламига мансуб ҳар бир эпизод, кўриниш, лавҳа ва образ асар яратилган давр воқеаларига боғлаб талқин қилинади. Ўлкамиздаги ўша давр миллий уйғониш жараёнларида бадиий санъатнинг ўрнига диққатини қаратаркан, тадқиқотчи ватанпарварлик, миллатпарварлик ғоялари бадиий ифодасининг ривожланиш босқичларига аниқлик киритиб, бадиий матн маъно-моҳиятини ғоявий мазмун асосида белгилашга интилади.
Висконсин университетида 2003 йили “Мустамлака ўтмишдан озод келажак сари: уч ўзбек романи” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган Ахмет Оғирнинг “Ўткан кунлар” таҳлилига доир изланишларида қаҳрамонни, рамзий-мажозий образлар моҳиятини англаш мақсадидаги чуқур таҳлилий ёндашувлар кузатилади. Америкалик олим Қодирий романидаги ёзувчи умид-орзулари сингдирилган образлар, етук қаҳрамон ва ислоҳотчи шахсларнинг майдонга келиши, шаклланиш омилларини Йўлчи (“Қутлуғ қон”), Рустам (“Тушда кечган умрлар”) образлари билан қиёслаб ўрганган. “Ўткан кунлар” таҳлилида А.Оғир романтизм, романтик шакл каби масалаларга ҳам эътибор қаратади. Инглиз олими Ж.Вилсоннинг романтик идеал қаҳрамонлар ҳақидаги қарашларига таяниб, Қодирий орзу-умидлари акс этган Отабек образини романтик идеал қаҳрамон, ислоҳотчи, дея эътироф этади. Романтизмни миллий ва шахсиятдаги ўзига хослик, идеал қаҳрамонлар ва ҳис-туйғуларни тасвирлашга асосланган оқим сифатида талқин қиларкан, Отабек образини унинг руҳияти, бадиий асардаги вазифаси нуқтаи назаридан тадқиқ этади. Олим “Ўткан кунлар”да ижтимоий-тарихий воқелик ва характерлар муносабати масаласини ёритишда, романга хос образларни характерлашда муаллифнинг ҳаёт йўли, яшаган муҳити, ижодкорнинг табиати, дунёқараши, шахсий тажрибалари ва ғояларига муҳим омил сифатида қарайди. У Қодирийнинг миллий қаҳрамон яратиш услубидаги ўзига хос хусусиятларни ишончли тадқиқ этишга муваффақ бўлган.
Америка қодирийшунослигига оид тадқиқотларда бир-бирига ўхшаш қарашлар билан бирга турли хил мулоҳазаларни ҳам учратиш мумкин. Хусусан, Х.Мурфи ва Р.Мариянинг “Ўткан кунлар” романидаги муаллиф кириш сўзига муносабатларида бир-бирини инкор этувчи фикрлар мавжуд. Аслида Қодирий романнинг “Ёзувчидан” сарлавҳали сўзбошисида муаммонинг асосий жиҳатини таъкидлаган, аммо ушбу масалани, биринчи навбатда, бадиий ижод соҳасига нисбатан қўллаган. Чунки у миллий ҳикоячилик, достончилик ва романчиликнинг ўзгаришларга юз тутиши тарихий зарурият эканлигини биринчилардан бўлиб англаб етган адиб эди. Шунингдек, Қодирий ўз романида қўйилган муаммонинг ахлоқий-маиший, ижтимоий-сиёсий жиҳатларига, аниқроқ айтганда, оталар ва болалар муносабатидаги фикрий янгиланишга кўпроқ урғу берган.
Америкалик қодирийшунослар янги авлоди вакилларининг ўз тадқиқотларида ғарблик машҳур олимлар назарий қарашларига таяниши А.Қодирий асарларини холис тушуниш сари етаклаган. Айниқса, адиб романларини фолклор ва мумтоз адабиёт намуналари билан қиёсий йўсинда тадқиқ этиш, таснифлаш, тасвир усули, ифода воситаларини, тилшунослик нуқтаи назарида ўрганиш ўзбек адиби романларини чуқур тадқиқ этиш имконини берган.
“Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилган мутаржимлардан бири билан суҳбатлашганимизда: “Ўткан кунлар” бугунги китобхон учун ҳар жиҳатдан ибрат бўла оладиган, ўзбек бўлиб туғилиш фахрини янада юксалтирадиган ва бутун бир инсоният миллати ҳақида сўзловчи романдир”, дея таъкидлаган эди. Абдулла Қодирий ижодига хорижлик мутахассисларнинг берган бу каби юксак таърифлари чиндан ҳам ҳар бир ўзбек қалбини ғурур ва фахр туйғулари билан тўлдиради. Биз ёшлар фахрланиш билан бирга, миллий сўз санъатимизнинг энг сара намуналарини дунё халқлари тилларига таржима қилиш орқали уларни жаҳон адабиёти дурдоналари қаторига қўшмоғимиз даркор.
Американинг Нодир китоблар ва қўлёзмалар кутубхонаси, Миллий архив кутубхонаси, Нью-Йорк халқ кутубхонаси, Вашингтон музейлари, Берлин марказий Миллий кутубхонаси, Истанбул ва Париж кутубхоналарида Германия, Англия, Франция, Туркия, Озарбайжон, Эрон, Россия олимларининг Абдулла Қодирий ижоди ва фаолиятига оид кўплаб тадқиқотлари ва таржималари мавжуд. Уларни ўрганиб, келажакда Қодирийнинг жаҳон адабиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлайдиган, унинг дурдона асарларини дунёга тарғиб этишда муҳим омил бўладиган йирик тадқиқотлар яратиш ёш тадқиқотчиларимиз зиммасидаги вазифа эканини унутмаслик, бу жараёнда фаоллик кўрсатиш эса Ватан ва миллат олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Зулхумор Мирзаева,
ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 23-сон