Шомирза Турдимов. Алпомиш ва Отабек

http://n.ziyouz.com/images/alpomish.jpg

Абдулла Қодирийнинг ёзувчилик таланти, бадиий салоҳияти “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида намоён бўлган. Ёзувчи бу асарларида ўз олдига қўйган мақсадига анъанавий адабиёт ва халқ бадиий тафаккур тарзини янги ўзан — реалистик баён усулига ўтказиш орқали эришган. Юзага келган шарт-шароит, ёзувчининг ички сезгилари анъанавий халқ эпосининг мағзини янгилаш имконини берган.

Халқ эпоси хотира ва орзу чегарасида туғилади. Чунки эпос таназзул ­авлодларининг ижоди саналади. Халқ таназзулдан чиқиш учун ибрат ахтаради ва хотирасида ярқ этиб кўринган ибрат мисолини топиб, уни барчага бирдек етиб борадиган тайёр эпик қолипларда баён этади.

Абдулла Қодирий ушбу қонуният ва заруратни дилдан ҳис этган. Энг муҳим жиҳат — эскирган ифода воситаси ўрнига замон билан мос келувчи янгисини яратиш эҳтиёжини ақл билан англаб янги шакл — роман жанрига мурожаат қилган. «Ўткан кунлар» ўз замонининг янги шаклга кирган эпосидир.

Инсониятнинг адабий эстетик тафаккури ривожида мифлар, мифлар замиридан эпос ва эпос асосидан роман пайдо бўлганлиги айтилади. Қодирийнинг интуитив равишда ушбу йўлга келиши зарурият, табиий эҳтиёждан туғилган. Ҳар бир бадиий-эстетик янгиланиш ана шу табиий эҳтиёж ва талабдан пайдо бўлиши ўзгармас қонундир. Мумтоз эпоснинг қаҳрамонлик турида эпос ва этнос масаласи бош мақсад ҳисобланади ва бу мазмун сиртқи баён ботинида келади. Айни ҳолатни «Ўткан кунлар» романида ҳам кўрамиз. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари воқеалари сиртдан севги қиссаларига ўхшаса-да, уларнинг замирида Ватан тақдири, Ватан қайғуси ётади.

Сиртдан қаралса, «Ўткан кунлар» романида Отабек билан Кумушнинг севгиси етакчи мавзудек тасаввур уйғотади. Лекин нима учун адиб катта нуфузга эга ота-онанинг ёлғиз фарзанди бўлган Отабекни «ўзбошимчалик» билан хизматкор — қули Ҳасанали бошчилигида Марғилондан уйлантирмоқда? Нега Отабек ота-онасидан рози-ризолик олмай ўз йўриғида иш тутмоқда? Тўғри, Отабек қизни бир бора кўриб ёқтирди. Кумуш ҳам уни кўриб пинҳона кўнгил қўйган, лекин у куёвнинг айнан ўша ўзи ёқтирган йигит эканлигини тўй оқшомидагина билди. Асардаги муҳаббат мавзуси анъанавий — бир-бирини кўриб: «Мен сени яхши кўраман, сен мени яхши кўр, деб ёниб-куйиш» қолипига тушмайди. Кумушнинг йигит ҳақидаги тасаввурлари пинҳон, умуман, унинг кимгадир тегиши кераклиги учун, ота-она хоҳиши, деб келин либосини кийиб чимилдиққа киргани айни ҳақиқат. Унинг кўнгли ариқ лабида бир бор нигоҳи тушган йигитга боғланган бўлса-да, буни ошкор эта билмайди. Куёвнинг айнан ўша йигит бўлиб чиқиши чинданда «кутилмаган бахт» ва ҳамманинг наздида «киройи куёвинг шундоғ бўлса», деб ҳавас қилгулик бўлди. Отабек уйланганидан кейин Ҳомиднинг қутқуси билан дор тагига борди. Тошкент томонларда эса, қўзғолон бошланди. Ҳасанали нажот истаб Тошкентга, Кумуш қайнотасининг хати билан хонлик идорасига мурожаат қилди. Отабек ва кутидор дор тагидан омон қайтишади. Лекин Ўзбек ойим босим ўтказиб, Отабекка Зайнабни олиб беради. Орада яна Ҳомиднинг туҳмати билан Отабек Кумушдан вақтинча айрилади. Отабек Марғилон ва Тошкент орасида қатнаб, Ҳомид хатаридан қутулади. Уста Алим воситачилигида ҳақиқат ошкор бўлиб, Отабек ва Кумуш ярашадилар. Орада қипчоқ қирғини бўлиб ўтади. Кумуш Марғилондан Тошкентга келгач, бу оила Кумушни ўзларининг ҳақиқий келини сифатида қабул қилади. Кундошлик куйигига чидай олмаган Зайнаб Кумушни заҳарлайди. Кумушдан қолган ўғилни Ёдгор атайдилар. Талоқ олган Зайнаб савдойи бўлиб қолади. Отабек Авлиёотада ўрис босқинчиларига қарши кечган жангда шаҳид кетади. Роман якунида ёзувчи томонидан қуйидаги изоҳ берилган: «Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисида суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу ­асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғил қолибдир. Ўғилларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси… Бу кунда ному нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар».

Биз юқорида қўйган саволлар, асарнинг қисқача тафсилоти ва асар сўнгида берилган изоҳ «Ўткан кунлар» романи замиридаги мазмуннинг ойдинлашувига ёрдам беради. Абдулла Қодирий Отабекнинг «ўзбошимчалик» билан кўнгли истаган қизга уйланиш воқеасига катта ижтимоий маъно юклаган. Сиртдан муҳаббат тасвири бўлган бу воқеа Отабек яшаган даврдаги илғор фикрли ёшларнинг Ватан қайғусини ифодалайди ва уларнинг бу йўлдаги курашларини бадиий акс эттиради. Чунки Отабеклардаги Ватан қайғуси катта авлод — Юсуфбек ҳожилар кайғусидан фарқли эди. Отабеклар юрт озодлиги ва келажагини ўйлаб куйинганлар. Бу ўринда ирим-сиримлар оламида ўралашиб қолган Ўзбек ойимлар ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Отабекларнинг ўй-хаёллари уларнинг ҳатто тушига ҳам кирган эмас. Лекин Отабеклар истаги халқнинг кўнгил тубида пинҳон бўлса-да, очиқ-ошкор айтилган эмас эди. Халқ Кумуш сингари кўникмалар бўғовидан «ота-она» — хон ва беклар тизгинидан четга чиқа билмас эди. Бу пинҳонлик Кумушнинг Отабекка бўлган майли орқали билдирилган. «Кутилмаган бахт» ушбу пинҳона муҳаббатнинг қовушуви бўлиб юзага чиққан. Аммо бу ҳаракат ғунчалигидаёқ Ҳомидларнинг чиркин истак-хоҳишлари билан хавф остида қолади. Ҳомидлар ким эди? Унинг ички қиёфаси китобда Ҳомид билан Раҳматнинг сўзлашувидан ойдинлашади.

Тумшуғидан нарини кўрмайдиган, нафсининг қули бўлган ва қамчисидан қон томиши билан мақтаниб, ўзини эр санайдиган, ибтидоий фикрли одамлар тоифасининг вакили бўлмиш ҳомидлар сабаб юрт бошига кўп балолар ёғди. Ҳомидлар сабаб Кумуш — энди уйғониб келаётган халқ оммаси ва Отабек — ягона, маърифатли, озод, ҳур фикрли авлод вакилларининг орзу-истаклари амалга ошмади. Ҳомиднинг «…бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ», деган сўзлари Отабекнинг ота-онасидан узоқда, улардан бесўроқ уйланиши мисолида анъаналарнинг бузилиши эканлигини илғаш қийин эмас. Отабек жорий анъаналарга зид фикрли, уйғоқ шахс. Лекин унинг бу дунёқараши ўз даврасидан четга чиқиб кенг ёйилмади. Устига устак ибтидоий истак-хоҳишлар исканжасида қолиб кетган Ўзбек ойимнинг раъйи Зайнабни Отабекка боғлади. Бу «истак-хоҳишлар» бўрони, юртда ҳомидчиликнинг кенг ёйилгани «қипчоқ қирғинлари» бўлиб, бу ўлкаларни мустамлакага айлантирди. Ушбу маънолар сатҳида олиб баҳоланса, асардаги ҳар бир образ ўз даври маълум социал қатламларининг бадиий тасвири эканлиги англанади ва роман замиридаги мазмуннинг ойдинлашувига ёрдам беради.

«Ўткан кунлар» романида тасвирланган воқеалар замиридан келиб чиқувчи маънолар Абдулла Қодирийни қалам олишга ва ушбу романни ёзишга ундаган, илҳомлантирган. Отабекнинг хатти-ҳаракатлари, тақдири тасвирида истибдод кучлари эгаллаб олиши арафасидаги Ватан фидойиларининг ҳаёти, тақдири бадиий ифодасини топган. Абдулла Қодирий ана шу «бузуқ давр» ибратини қаламга олган, халққа тимсол қилиб кўрсатган. Отабек қалбида унган Ватан муҳаббати вақт ўтиб жадидлар ҳаракати бўлиб бош кўтарди.

«Алпомиш», «Гўрўғли» каби қаҳрамонлик достонларида ҳам бўлинган, таназзулга тушган юрт тақдири ва уни ана шу фоже ҳолатдан олиб чиқувчи алп ҳаёти куйланади. Масалан, «Алпомиш» достонидаги ҳар бир образ маълум ижтимоий гуруҳнинг тимсолий образи ҳисобланади.

Шу маънода Алпомиш ва Отабек, Ойбарчин ва Кумуш, Қултой ва Ҳасанали, Бойбўри ва Юсуфбек ҳожи, Ултонтоз ва Ҳомид образлари ўртасида моҳиятан уйғунлик мавжуд.

«Алпомиш», «Гўрўғли» достонлари ва «Ўткан кунлар» романининг ботиний мазмунини қиёслаш улар ўртасида ҳайратланарли яқинликларни кўрсатади. Бу яқинлик шунчаки тасодиф меваси эмас. Абдулла Қодирийнинг ёзувчилик таланти ва «бузуқ давр” таҳлили ҳамда бадиий тафаккур ривожидаги тадрижийлик ушбу уйғунликни таъмин этган. Шу маънода «Ўткан ­кунлар»ни ўз даврининг эпоси ­дейишга ҳақлимиз.

Халқнинг асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб эпик тафаккур қолипларида пишиб мумтоз шакл олган қаҳрамонлик эпосининг зуваласи Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романида янгиланган шаклда бўй кўрсатиши бу асарнинг бадиий тафаккур ривожининг қонуниятлари ўзанида пайдо бўлганлигини кўрсатади. Абдулла Қодирийнинг эпик мезонларда тафаккур қила олган улкан адиб эканлигини ва унинг ижоди бевосита халқнинг кенг кўламли эпик тафаккурига чамбарчас боғланганлигини ­исбот этади.

Шомирза Турдимов,

филология фанлари доктори

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 15-сон