Маъсума Аҳмедова. Алам (ҳикоя)

Ўзи нима бўлди? Кўчада уни кўриб қолди. Кўрса нима бўпти? Нима бўпти эмиш, ахир у бошқа бир қиз билан кетаётган эди-да. Бўлгани шуми? Шу кичкина гапми? Уни бошқа қиз билан бирга кўрди-ю, куйиб кетди. Шундоқ метрога тушиб кетаверишда. Улар шундай бахтиёр, шундай хурсанд эдиларки…
— Бирор танишидир-да, Камола, ваҳимасанки бирам, — юзини терс бурди ишхонада дугонаси.
— Танишига ўхшамасди, деяпман-ку. Чиройли қизмиди, дейсанми.Э…
Қўлини силтади.Қизнинг қўлида гул бор эди. Билади, гулни қиз болага бежиз бермайдилар. Телефонини қидирди. Сумкасини титиб ташлади. Сумкани олиб, стол устига ағдарди. Ҳа, буёқда экан, ёмғирпўши чўнтагида. Кетма-кет рақам терди: “Телефон вағтинчалик уланиб берилмайди…”
Дугонаси унга ҳайрон термулди. Елкасини қисиб, ишига тутинди.
Телефонини атайин ўчириб қўйган, бунга шубҳа йўқ. Узоқ йўл юриб чарчагандай, ўзини креслога ташлади. Кошки арзиса, топган қизини-чи. Сапчиб, ўрнидан турди, сумкасидан кўзгу олди, қаради, кўнгли тўлмади. Ўз аксига ғаши келди. “Қиз деганда андак жозиба бўлса-да”. Ўзига ўзи ёқмади. Кўзгуни бир чеккага улоқтирди.
— Камола? — уни кузатиб турган дугонаси компьютер ортидан туриб, деди.
— Нодира, пулинг борми?
— Нима қиласан?
— Ўн минг сўм бериб тур.
Дугонаси унга бошдан-оёқ тикилди. Тортмасидан пулни олди-да, стол устига қўйди.
— Ма.
— Ҳозир келаман. Заҳархонга шу ерда деб тур.
— Қаёққа кетяпсан? Билиб қолса, нақ ейди.
 Хонадан отилиб чиқди. Лифтни чақирди, кутишга сабри чидамай, зиналардан тап-тап этиб биринчи қаватга тушди, кўчага чиқди. Югуриб кўчанинг нариги бетига ўтди. Ойнаванд эшик қаршисида бир муддат тўхтаб қолди: “Сартарошхона”.
“Мана энди у ўзидан кўрсин. Билиб қўйсин, мен ўша топган қизидан бир карра эмас, ўн карра чиройлироқман. Ва буни унга исбот қилиб қўяман”.
Сартарош аёл унга саволомуз қаради:
— Қандай бўлсин?
Рўпарадаги катта тошойнадан юзлари ранж-аламдан бўртган, кўзлари олазарак қиз тикилди. Сочлари ҳам патила-патила… Ўз аксидан ҳафсаласи пир бўлди.
— Қандай деяпман?
— Билмасам…Ўзингиз бошқача, чиройли қилиб қўя қолинг. Ҳеч кимникига ўхшамасин.
Сартарош аёл мийиғида кулди, унинг тошойнадаги аксига бепарво тикилди. Қўлига қайчи, тароқ олди. Қайчи-тароқ шарт-шурт қилиб ишга тушди. У кўзларини юмиб олди.
— Қаранг-чи.
Ойнага қаради. Бу гал ойнадан унга сочлари бежирим турмакланган, латофатли қиз тикилди. Лекин кўзлари негадир маъюс… Қўлини беихтиёр сочларига олиб борди. Бўёғи кўчган, парваришталаб тирноқларига кўзи тушди. Маникюр ҳам қилдиради.
Бир оздан сўнг мутлақо хотиржам тортди. Бу энди бошқа гап.
Кўчага чиқди. Чўнтагидан телефонини олиб, унга хабар жўнатди: “Сизни соат 18.00да ўша жойда кутаман”. Бўлмади, жўнатган хабари ўзига ёқмади, ўчириб, қайтадан жўнатди: “Мени соат 18.30 да ўша жойимизда кутинг”. Ҳали кийиниши ҳам керак-ку. Иш кунини қандай ўтказди, ўзи билмади. Шундай чиройли кийиниб борсинки, оғзи очилиб қолсин. Шунга арзийдиган, чиройли, башанг кўйлаги бор-миди? Унақаси йўқ. Келинойисидан сўраб турса-чи?
Келинойи қайнсингилга ажабсиниб тикилди.
— Кеч қолиб кетманг, ойингиз койийдилар.
Келинойисининг гап оҳангини уқди: “Шундай қилишингизга арзийдиган йигитми? Алдаб кетмайдими?”
Келинойиси ўз либосини танимади. Тошойнадан бениҳоя умид билан термулган нозиккина, малоҳатли қизга қаради:
— Ярашибди, эҳтиёт бўлинг.
Ўзига ўзи маъқул тушди. Вақт ҳам оз қолибди. Ўн беш дақиқада қандай қилиб етиб боради? Таксига ўтирди. Роппа-роса вақтида етиб келибди. Одатдаги учрашув жойлари катта озиқ-овқат дўкони рўпарасидаги гулзор. Вақт ҳам ўтди, одамлар ҳам уёқдан-буёққа ўтиб турди.
Шом тушди. Кўчада одамлар камайиб қолди. Нега келмаяпти экан? Ёки хабарни олмаганмикин? Ёки телефони ёнида эмасмикин? Сумкасидан телефонини олди, бесабр рақам терди.Ундан лоқайд овоз эшитилди: “… хизмат доирасидан ташқарида”.
 Ўкинч кўксини тўлдирди. Соатига қаради. Роппа-роса соат 19.30. Бир пайт сесканиб кетди, бошига совуқ томчи томди.Осмонга қаради, қаттиқ ёғадиган забти бор, қоп-қора. Келмаса-я? Қулоғига юракни орзиқтирадиган мусиқа овози чалинди. Сериалдан ёзиб олинган. Шу мусиқани яхши кўради. Ие, телефони-ку. Шошиб, қаради.У ахири хабар жўнатибди:
“Узр, боролмадим. Эртага имтиҳон…”
Ҳа-я… Жойида туриб қолди. Совуқ томчилар уни савалай кетди. Бир томчи, икки томчи…
— Қизим, панага ўтмайсизми, ивиб кетасиз, — икки қўлида иккита тўрва-халта, ўрта ёшли бир аёл ўтиб кетаётиб, ачиниб деди.
Ёмғир тезлашди. Совуқ томчилар бўйнидан ичига сизиб туша бошлади. Эти жунжикди. Тўғрисини айтганда, унинг ёнидаги ўша қиз кўҳликкина эди. Камола-чи… Ёмғир ҳаммаёғини шалаббо қилди. Тўсатдан мусиқа овози янгради: телефони. Олди. Онасининг койиган овози эшитилди: “Қаёқларда юрибсан? Тезда етиб кел!”
Энди кетмаса бўлмайди. Аллақачон кеч бўлди. Судралиб бекатга келди. “Ғийқ” этган овоз эшитилди. Бекатга яшил автобус келиб тўхтади. Автобус рақамига қаради: унда уйига борса бўлади. Чиқиб олди. Автобус ичида одам сийрак. Чеккадаги жойга ўтирди. Бармоқлари билан ҳовур босган дераза ойнасини артди. Унинг баҳона қилиб, келмаганлиги, ўша қизни топганлиги ва ҳеч қачон келмаслиги аниқ. Ичи ёнди. Сартарошга боргани билан, келинойисининг кўйлагини кийгани билан барибир чиройли бўлиб қолмади. Камола — сувга тушган мушук. Камоланинг қадри йўқ… Кўзларига ёш келди, упали юзларига оқиб туша бошлади: бир томчи, икки томчи…
Бир маҳал димоғига нозик, нафис ифор урилди. Бошини кўтарди. Тепасида қўлларида бир даста қип-қизил чиннигулларни тутганича баланд бўйли бир йигит унга қараб кулиб турарди.
— Манави гуллар сизга.
Ҳайрат билан нотаниш йигитга қаради:
— Нима учун?
— Изоҳга ҳожат йўқ. Гўзал қизларга гул тақдим этилади.
Ҳангу манг бўлиб қолди. Гулларни олишини ҳам, олмаслигини ҳам билмай қолди.
Автобус тўхтади.
— Олинг. — Йигит гулларни унинг тиззаларига ташлади-да, ўзи эшик томон шошилди. Автобус эшиги очилди, йигит тушиб кетди.
Камола шоша-пиша деразадан пастга қаради. Йигит пастда гўёки биров билан хайрлашмоқчидай турарди. Бир маҳал унинг кўзи Камолага тушди, қўлларини силкиди, хайрлашди. Камола беихтиёр тиззасидаги гулларни қўлларига олди, ҳидлади.
Автобус тез юриб кетди.

2009.