Маъсума Аҳмедова. Жиянимнинг ҳикояси (ҳикоя)

Бизникига мана бундай борса бўлади: бозордан тўғри кетаверасиз, кетаверасиз, қаршингиздан бир тор кўча чиқади. Ўша кўчага бурилиб, пастга қараб юрсангиз, паст кўчага тушасиз. Ундан юқорига кўтариласиз. Юқорига чиқсангиз, битта катта ёнғоқ дарахтига дуч келасиз. Шу ёнғоқдан нарига ўтсангиз, бир тепаликни кўрасиз. Тепаликнинг тагидан бир ариқ оқади. Ана шу ариқни ёқалаб бораверасиз, бораверасиз, шунда олдингиздан бир сой чиқади. Сойнинг шундоқ тепасида эса бизнинг уйимиз жойлашган.
Биз уйда уч киши яшаймиз: мен, Қаҳҳор акам ва бувим. Биздан ташқари, уйда яна эшагимиз, мушук ва кучугимиз бор. Мен олтинчи синфда ўқийман. Қаҳҳор акам шофёр. Яқинда армияга кетади. Шунинг учун тунов куни сочини қирдириб олдириб келди.Пешайвонда кўпинча бувимнинг олдида самовар, дастурхон тузалган хонтахта туради, унинг ёнида эса мушугимиз Мош юзини ювиб ўтирган бўлади. Кучугимиз Тўрткўз бўлса, сой ёқалаб биров ўтиб қолди дегунча, вовуллаб атрофга зир югуради. Эшагимизнинг маълум вақтларда ҳанграшини айтмаса, ўзи жуда ювош. Бувим, бизга соат ҳам керакмас, дейдилар. Бувим шундай дейдилару кўзларига ёш оладилар: “Эшак ҳам худди Қаҳҳордай ювош, бечоранинг ҳанграши ҳам энди кўнгилни бузади”, дейдилар.
Рўпарамиздаги ҳовли Маткарим аканики. Унинг Қаҳҳор акам билан тенг Раъно исмли қизи бор. Ана шу қизни Қаҳҳор акам яхши кўради. Бувим: “Ҳар куни намоз ўқиганимда илоё Раънохоннинг кўнглини Қаҳҳоржонга ўнг қилсин, деб Худодан тилайман”, дейдилар. Бир куни шаҳардан келган Маҳамат акага бувим Раъно опа ҳақида гапириб қолдилар. Маҳамат ака, бувимнинг айтишларича, шаҳарда олим бўламан, деб юрганмишлар. Бувим унинг орқасидан, тишсиз оғизларини юмиб, “Омон бўлгур жуда пўрим-да”, деб куладилар. “Маҳаматжоннинг кўйлагидаги отми, ниманинг расми?” — деб пичирлаб сўрайди мендан қўшнимиз Рихси хола.
Ўшанда бувим Маҳамат акага: “Қаҳҳоржон пашшага ҳам озор бермайди-ю, Раънохон шундай болани хор қилиб юрибди-я”, деб қолдилар.
— Пашшага ҳам дейсизми, хола? Пашшага нега озор бермас экан? Биласизми, пашша қанча инфекция тарқатишини?
Маҳамат ака пашшанинг зарари ҳақида биз ҳеч қачон эшитмаган гапларни сўзлаб бўлгач, охири, бир киши иложи бўлса, бир кунда ҳеч бўлмаганда ўнтагача пашша ўлдириши керак, деган хулосага келди. Кейин, Раъно қандай қиз ўзи, деб сўраб қолди. Бувим дастурхондаги ушоқларни оғзига солди-да:
— Кўҳлик-да, жудаям кўҳлик, — деди хўрсиниб.— Айтгандай, эртага Тоживой қизини чиқаряпти. Тўйга чиқсанг, ўшанда кўрарсан.
Бувим бу гапни кеча айтган эди. Тўй эса бугун оқшом бўлади. Раъно опа ҳам тўйга чиқса керак. Чунки Қаҳҳор акам Раъно опага ёзган хатни мен ўзим унга элтиб берган эдим.
Қош қорайиб, карнай-сурнай садолари янграй кетди. Қишлоғимизда тўй ажойиб бўлади-да, эҳ… Қаҳҳор акам бир маҳал мени чақириб қолди. Раъно опангни сой бўйига айтиб кел, деди. Яна, ўзинг қоровул бўлиб тур, деб тайинлади.
Менга Раъно опа ёқмайди. Ҳайронман, Қаҳҳор акам шу қизнинг нимасини яхши кўраркин? Кеккайган, роса заҳар. Бир нарсани гапирсанг, дарров калака қилишга тушади: “Ростдан-а?” “Уни қаранглар-а!” Чиройлимиш! Нимаси чиройли? Кўзлари худди Рихси холани бузоғининг кўзларига ўхшаган катта-катта. Ундан инглиз тили ўқитувчимиз Манзура опа чиройли, доим кулиб туради. Агар Қаҳҳор акамнинг ўрнида бўлганимда, Раъно опага қайрилиб ҳам қарамасдим. Бувимга шуни айтсам, “Кўнгил-да, начора, кўнгилга буюриб бўлармиди”, деб бошларини чайқайдилар. Нега кўнгилга буюриб бўлмас экан, тушунолмайман.
Хуллас,тўй бошлангач, анчадан кейин секин бориб, қизлар орасида сузилиб, кимнидир мазах қилиб турган Раъно опанинг енгидан тортдим. Чимирилиб орқасига ўгирилган Раъно опа мени кўргач, қиёфаси дарров ўзгарди:
— Ҳа, Тоҳиржон, полвон йигит, менда гапингиз бормиди?
Агар ўзимга қолса-ку, унинг яқинига ҳам йўламасдим-а! Илоннинг худди ўзи. Худди ҳеч нарсадан хабари йўқдай, гапини қаранглар! Нима қилай, Қаҳҳор акам чақириб келишни буюрган. Раъно опа оёғини босайми, босмайми, деб кетимдан юраркан, сизсираб жонимни оларди:
— Анча ақлли йигитсиз-да, акангиз армияга кетаётганида бир ҳожатини чиқарай дебсиз-да, баракалла.
Харсанг устида ўтирган Қаҳҳор акам бизни узоқдан таниб, яқин кела бошлади. Мен ўзимни тор кўчага урдим. Девор тагига ўрнашиб олдим. Гапимизга қулоқ солма, дейишибдими, эшитавердим.
— Яхшимисан, — дейди Қаҳҳор акам уни бир кунда юз икки марта кўрса ҳам. Кейин узоқ вақтгача жимиб қолади. Менинг энсам қотади.
— Яқинда мен редакцияга хат ёзувдим, — деб узоқ сукутдан сўнг гапида давом этади Қаҳҳор акам.
— Вой ўлай, мендан арз қилдингми?
— Йўқ, китобларда ёзилган қаҳрамонлардан сизларда ҳам шундай бўладими, деб маслаҳат сўрадим, — дейди Қаҳҳор акам.
— Энди жавобини олгунча армияга кетиб қоламан, деб куяяпсансан-да, — деб кулади Раъно опа. — Қўй, кўп куюнма, ўзим жавобини ёзиб юбораман. Фақат уларнинг адресини тўғри ёзувдингми? Ундан кейин, улар бошқа шаҳарга кўчиб кетган бўлишлари ҳам мумкин. Ёки хат қўлларига тегмай қолиши ҳам мумкин-ку. Бунга нима дейсан?
Раъно опа уни узоқ калака қилиб кулди-кулди-да, келган йўлига қараб жўнади. Қаҳҳор акам серрайиб жойида қолаверди. Негадир ўзимдан-ўзим уялиб кетдим. Агар катта бўлсам ҳеч Қаҳҳор акамга ўхшамайман.
Раъно опанинг кетидан эргашдим. Балки менинг изимдан Қаҳҳор акам эргашгандир. Агар Маҳамат аканинг йўлда Раъно опани кутиб турганини билганимизда ўқдай орқамизга қайтган бўлардик.
Ана, Маҳамат аканинг гапга усталигини! Сўзидан тўхтаб, жим бўлиб қолмайди ҳам. Қани кеккайган Раъно опа?! Чурқ этмайди. Маҳамат ака бошини хиёл эгганича тўсатдан йўлида пайдо бўлган янги юлдуз ҳақида сўзларди. Агарда у рассом бўлганида эмиш, албатта шу юлдузнинг расмини чизган бўлармиш. Лекин у ҳозирча ана шу кўзни олар ёрқин юлдузнинг расмини ўз юрагига чизиб олибди. У яна узоқ нималарнидир сўзлай-сўзлай Раъно опа билан сой томонга юрди. Мен қўл силтадим-да, орқамга қайтдим. Нима, уларни кузатиб, менга зарур кептими!
Эрталаб Қаҳҳор акам жуда хафа эди. Маҳамат ака хушбўй ҳид анқиб турган кўйлагини кияркан, унга деди:
— Оббо, Қаҳҳоржон-эй, ҳали Мажнун бўлиб юрибман дегин!
Қаҳҳор акам бошини ҳам кўтармади.
— Арзимайди у қизинг!Арзимайди. Биласанми, у қизингни текшириб кўрдим. Яна…
Қаҳҳор акам сапчиб ўрнидан туриб кетди. Бувим ҳам, мен ҳам уни сира бу ҳолатда кўрмаган эдик. У қизариб-бўртиб кетган эди.
— Яна бир оғиз шу қиз ҳақида гапирсангиз, тишингизни қоқиб оламан! — деди Қаҳҳор акам кўзлари ғазабга тўлиб.
— Вой, солдатвой-эй! Мен, нима, сени, қадрли холаваччамни адашмагин, дейман-да, — дея илжайди Маҳамат ака.
Қаҳҳор акам гапга нўноқ.У кўзларидан учқун сачратганча Маҳамат акага юзланди. Бувим ҳайҳайлаб, ўртага тушмаганларида иш жанжал билан тугармиди.
Қаҳҳор акам шу воқеадан сўнг умуман Раъно опа ҳақида оғиз ҳам очмади. Армияга жўнайдиган куни ҳатто Раъно опангга бериб қўй, деб мендан хат ҳам бериб юбормади. Бувим мени бир чеккага имлаб, шивирлади:
— Нима гап ўзи, Тоҳиржон? Қаҳҳор аканг Раънони сўрамадими мабодо?
Мен худди ўз ишига пухта, катта кишилардай салмоқ билан лабимни бураман, елкамни қисаман. Бувим иккаламиз Қаҳҳор акамни, одатдагидай, Раъно опанинг йўлини пойлаб, гапини йўқотиб, гангираб қолар, деб ўйлаган эдик. Йўқ, Қаҳҳор акам индамай армияга жўнаб кетди. Ундан, мана, бир-иккита хат олдигу бирор марта Раъно опани сўраган жойини тополмадик. Бувимнинг айтишларича, Қаҳҳор акам эр кишининг ишини қилганмиш. Шундай қилганда эмиш, қиз боланинг қадрини ерга урмаганда эмиш, одам бўлармиш. Қаҳҳор акам шундай қилса, Худо Раъно опанинг кўнглига меҳр солармиш…
Бувим тўғри айган эканлар. Тунов куни Раъно опа биз билан бозор ичидаги суратхонада расмга тушди. Бу расмни Қаҳҳор акамга жўнатмоқчимиз. Мен суратхонада илиғлиқ турган матросча шапкани кийиб, Раъно опа билан бувимнинг елкаларига қўлимни қўйиб тушдим. Бувимлар фақат, бир қўли йўқ суратчи Рифқат ака: “Внимание, снимаю!” — деганида кўзимни пирпиратвордим, энди ғилай бўлиб чиқмасмикинман”, деган хавотирдалар.
Бувимлар сурат битишини интизорлик билан кутарканлар, нуқул: “Қаҳҳоржон билан Раънохоннинг ишқини достон қилиб ёзса арзийди, ахир, ошиқ-маъшуқлар ҳақидаги достонлар шундай бошланган-да”, дейдилар. Мен достон ёзишни билмайману, лекин ўзимча ҳикоя ёзишни машқ қилиб кўрдим, холос.

1981.