Маъсума Аҳмедова. Байрамлик (ҳикоя)

Хотини эрталаб: “Икки куннинг бирида ичиб юргунча, ана, май яқинлашяпти, болаларга жуда бўлмаса кийим-кечак олсангиз-чи”, деди. У: “Нима, болалар яланғоч қоляптими, мана, бугун оламиз-да моянани”, деб жавоб қайтарди.
Кўм-кўк майса билан қопланган қияликдан югуриб тушаркан, хотинининг тепадан бақирган овози эшитилди:
— Ҳой, нима олишни биласизми ўзи? Илҳомга кўк шапка, Шоирага кўйлак…
“Шокирга ботинка, Аҳмадга майка, Раҳимга шим…” — дея бармоқларини битта-битта букиб санаб чиқди. Автобазада йигитлар: “Бир-бир қилмаймизми, Тошпўлат ака?” — дейишса ҳам кўнмади, “Чурвақаларни бир хурсанд қилайлик, кейин”, деди. “Э, сиз шундай десангиз энди,Тошпўлат ака, бошқалардан саратонда қор кутарканмиз-да”, — деди Салим малла. “Ҳозирча нима кутсанг кутиб тур”, дея зўрға жуфтакни ростлади.
Маошни киссага жойлаб, магазинга жўнади. Йўл-йўлакай яна санаб борди.
“Илҳомга ботинка, Аҳмадга кўйлак, Шоирага майка… Ия, Шоира нима қилади майкани?”
Магазинда харидорлар йўқ, шундоққина эшик рўпарасидаги пештахтага тирсакларини тираб, қошлари бир-бирига туташ, серкиприк қиз бошини кафтлари орасига қўйганича мудраб ўтирарди. Нозик бармоқларини қўш узуклар безаган.
— Мамлакат!
Овози гулдираб чиқдими, қиз чўчиб бошини кўтарди. Уйқули кўзларида бир лаҳза қўрқувга ўхшаш ифода акс этди.
— Куёв бола дейман, жа-а… — у теварагига аланглаганча ёйилиб кулди.
Қиз кўзларини ишқалаб, оғзини кафти билан тўсганча эснади.
— Одамнинг ҳам шунчалик қилиғи совуқ бўладими? — деди бўғиқ овозда қовоғини уйиб. — Ваҳимангизга яраша нима оласиз ўзи?
У турли-туман матолару газламалардан тортиб, тахтачой, гуручу ёғ, аёлларнинг ички кийимию болалар шиппаги, эркаклар пальтосигача қалашган қаторларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди. “Нима олмоқчи эдим? Ҳа, Илҳомга шапка, Шоирага кўйлак, Комилга… Бу ерда бошвоғингни йўқотиб қўйишинг ҳеч гапмас. Яна бир қарай-чи”.
Нигоҳи яна шифтгача етган газлама тахланган тахталардан тортиб, нақ дераза рафига қадар буюм тиқилган бурчаккача кезди. Бирдан кўзи энг баланд қаторнинг тепасида ялтироқ қоғозга ўралган новвотранг матога тушди. “Ялтироқ қоғозга ўраб қўйилганки, зўр, — деди матога қизиқсиниб тикиларкан, — бели қилдай, “пуф” деса, учиб кетадиган олифта нозанинлар кийса керак-да буни”.        
— Олмайсизми оладиганингизни! — деди сотувчи қизнинг энсаси қотиб. — Олмайдиган нарсага намунча тикилдингиз?
 “Нега бақиради? Худди ўзининг қуриб қўйган иморатидай хўжайинлиги оламни бузади? Шуни айтадилар-да, бойникини бойтеват қизғанади, деб!” Унинг ҳам чапараста жаҳли чиқиб кетди. Бир адабини бериб қўйсин, ким деб ўйлаяпти уни! Унақа текин томоша қилиб, қийшайиб чиқиб кетадиганлардан эмас у, ҳа!
— Ол, кўрсат матоҳингни!
Сотувчи қиз пештахта ортидан қимирламай, унга кўзларини қадаб турарди. У қизнинг кўзларида калаканамо илжайиш пайдо бўлганини кўриб, баттар тутақиб кетди.
— Нима деяпман, ол!
— Бақирманг, — дея ҳамон жойидан қимирламай жавоб қилди қиз, — тағин кеннайим олдига солиб қувламасин.
 “Кеннайим”миш! Хотини рўйхатда йўқ эди-ку. Олишига ишонмаяпти. Ҳа, бир кийимлик олади. Нима бўлса бўлди, пачакилашиб ўтирадими шу бези қиёмат билан!
— Нега қувлар экан, жон десин!
Сотувчи қиз истамайгина курсига чиқди. Газчўп билан матони берироқ суриб, тепадан зўрға олди-да, шахт билан пештахтага ташлади.
У шоша-пиша йўғон бармоқларини мато тахламлари ичига суқди.“Вой-бў, шунақаям юпқа бўладими? Хотини бунақа “уҳ”деса, эт кўринадиган юпқа нарсаларни киймаганига, э-ҳе, қанча бўп кетди-ю! Унга бунақа матоларнинг ҳеч кераги йўқ. Болалар, рўзғор юмушлари дегандай… Шулар билан киёладими буни. Қоматиям ўзи… — Негадир кулгиси қистади. — Ҳа, майли, бўлар иш бўлди. Битта фаранг кўйлакка арзимабдими? Чурвақалар билан қийналиб кетди. Битта шунақасидан ҳам кийиб қўйсин!”
— Бер! — деди қатъий. — Ўлча! Тўрт метр!
— Нархини биласизми ўзи? — деди қиз писанда қилгандай. — Иннайкейин эни бир метру қирқ сантиметр. Бу эни салкам бир ярим метр дегани бўлади. Шунчани нима қилмоқчисиз? Тўрт метрни 17 сўм 60 тийиндан ҳисобласак…
Сотувчи қиз чўт қоқди.
“Ўн етти сўм олтмиш тийин! Бир метрининг пулига битта арзонгаров костюм олиш мумкин. Эни-чи, ўзиям шу ердан чойхонагача боради-ёв!”
— Уч метр! Уч метр ўлча! — У бир қарорга келган эди.
Сотувчи унга кўз қирини тез-тез ташлаб, эрмак қилаётгандек, матони ўлчаб, бир парча қоғозга ўради-да, унга туқазди.
— Яна нима?
 “Яна нима? Хўш, Шокирга кўк шапка, Илҳомга шим, Аҳмадга ботинка… Адашиб кетдим-ов”.
— Битта кўк шапка,— деди баланд овозда.
— Размери?
— Размерими… тўртинчи синфда ўқийди.
Қиз шапкани топиб, пештахтага ташлади.
— Яна?
— Тўртта кўйлак, ўғил болаларникидан, битта чиройлироғидан бўлсин, қиз болаларникидан. Иккита иштон, битта ботинка.
Қиз бир талай қилиб, барини бир жойга уйди.
— Тўртта кўйлак, тўртта шим, иккита майка, шапка, битта ботинка, ҳаммаси 46 сўму 40 тийин.
Қиз нарсаларни тезда қоғозга ўради. У ўроғлиқ харидни қўлтиққа суққанича уйга йўл олди.
 “Ия, буёғи қизиқ бўлди-ку! Мамлакат унга кийимликни бериб қўйиб, ҳисоблаш эсидан чиқди. Шунақаям иш қиладими киши, шунча машмаша бўлган матони ҳисоблашни унутса-я! Ўн етти сўм олтмиш тийиндан, ў-ҳў, салкам эллик тўрт сўм бўларкан. Вой-бў, шунча пулга алданибди-я! Қайтсамикан? — У бир дақиқа икки-ланиб орқасига қаради. — Булар ҳиссасини чиқарволади одамлардан! Анув Тошмат дегани бўларди. Ўзиям, беш йилда итининг ялоғича тилла бўлиб кетгандир… Ҳар келгандан икки тийиндан ўмарганда ҳам ҳақини беш кунда чиқаради ҳали!”
Шундоқ кўчасига қайрилишда катта, усти очиқ машина турар, пастда сурнайчи чийиллатиб сурнай чаларди. “Бешик тўйи эмиш, одамларнинг иши йўқми, нима бало? Сурнайчининг нима кераги бор экан, ҳайронсан”, дея энсаси қотиб қияликка кўтарилди.
 “Бировга жабр бўлди-да, эллик тўрт сўм-а, бу деган савилга озмунча нарса келармиди? Э, шуниям ўйлаб ўтирибдими? Улар учун бу пул бўлибдими? Ҳар битта нарсага ўн тийиндан қўйгандаям…
Ўзи хотини ҳисобда йўқ эди”. У шундай деб ўзини юпатганча уйга кириб келди.
Аҳмад, Илҳом, Шокир, Раҳим, Шоира, ана, Комилгача эмаклаб, отасига пешвоз чиқди. Пешайвонни чангитиб супураётган хотини қўлидаги супургини “тап”этиб ерга ташлади.
У кўрпачага ёнбошлаганча ҳамманинг тегишини бирма-бир улаша бошлади: Шокирга ботинка, Илҳомга майка, Аҳмадга кўйлак, Шоирагаям…
— Бу сенга… — матони хотини томон секин сурди.
Хотини уни чиқмай жим бўлиб қолди. Матога, худди бировникидай, қўл теккизса, куйдирадигандай, тикилиб қолди.
Эри уни ҳам эслаб байрамлик олиб келганига қанча пайтлар бўлиб кетди-ю! Тўғри, бир нарса олиб беринг, деса, ҳеч қачон йўқ демайди, лекин ўзича қаторга қў-шиб, эслашининг йўриғи бошқа экан…
Хотинининг ўпкасига нақ муштумдай нарса тиқилиб қолгандай бўлди.
— Ёқмадими? — деди у хотинидан кўзини узмай. — Мамлакат айтувди ўзи, тағин олиб борсангиз кеннайим олдига солиб қувмасин, девди. — Сотувчи қизни тилга олиши билан юраги бирдан орқага тортди. — Мана, ушлаб кўр, ўн йил бўлсаям қилт этиб, йиртилса, йигит ўлай.
— Вой… — деди хотини деярли пичирлаб. Унинг кўзлари намланиб турарди. — Нега ёқмас экан, сиз опкеласизу ёқмайдими?
Негалигига сира ақли етмайди-ю, хотинининг шу сўзларидан кейин титраб кетганини ҳис қилди. Бундай сўзларни эшитмаганига қанча вақтлар бўлди-ю… Аслида, бундай сўзларга ҳожат ҳам йўқмиди? Ким билади, ҳозир ширин, ғалати бир нарса бутун вужудини титратиб юборди-ку.
— Ўзиям японларники экан, —деди завқини ичига сиғдиролмай баланд овозда. — Мамлакат айтди, эниям нақ икки метрча келаркан.
Бўлди, ҳаром нарса керак эмас унга! У матони хотинининг қўлидан шартта олди-да, қоғозга ўради. Илҳомдан шапкани, Шоирадан, Аҳмаддан кўйлакни, Комилу Шокирдан ботинкаю майкаларни юлқиб олиб, қўлтиғига қисди.
— Вой, бу нима қилганингиз? — деб сўради хотини ранги қув ўчиб.
— Ҳозир, ҳозир…
Магазинга тушлик пайтига келиб қолибди. Аниқ билади, Мамлакат магазиннинг ўзида овқатланади.
Эшик дастасидан қаттиқ тортиб, зўрға михда илиниб турган илгагини шиқирлата бошлади.
— Нима дейсиз? — дераза ойнасидан сотувчи қизнинг нафис зар рўмоли, қоп-қора қошларию кўзлари кўринди. — Ҳозир тушлик пайти-ку ахир!
— Оч, оч! — дея бақирди у жонҳолатда.
Унинг авзойидан чўчибми, сотувчи қиз калитни узоқ шиқирлатиб, эшикни очди.
— Қайтиб келасиз девдим-а… — деди ҳафсаласи пир бўлиб.
— Йўқ, мана… — у тез-тез нафас оларкан, қўлидаги нарсаларни пештахтага сочиб юборди.
Қиз қўрқа-писа пештахтага яқинлашди:
— Тинчликми?
— Менга сенинг бир тийин ҳам ҳақинг керакмас, болаларим билан тинч ўтирай, ҳа… — у намойишкорона тарзда қўлларини орқасига қилиб, хонада дўп-дўп қадам ташлаб юра бошлади. — Нотўғри ҳисоблабсан-ку. Мана буни, — у кийимлик матони қўллари билан аста уриб қўйди, — эсингдан чиқарибсан.
Қиз шоша-пиша чўтни қўлига олиб, қоқа бошлади: уч метр материал 17 сўм 60 тийиндан 53 сўм 80 тийин. Бояги 46 сўм 40 тийинга буни қўшсак, 100 сўм 20 тийин бўлади.
У киссасидан эллик тўрт сўм чиқарди, санаб, қизга узатди:
— Қайтими керакмас.
— Олинг, Тошпўлат ака, — деди Мамлакат. У миннатдорчилигини қандай изҳор қилишни билмай, ўнғайсизланаётгани шундоқ сезилиб турарди. — Қандоқ виждонли одам экансиз, болаларингизнинг роҳатини кўринг.
 “Ўрикдай юмшаркансану!” — деди у ичида.
Байрамлик харидни маҳкам қўлтиқлаганича ташқарига чиқди. Кўчани кесиб ўтиб, маҳалласига буриларкан, хотин-халаж тўла машина йўлини тўсди. Чил-дирманинг овози ҳаммаёқни тутган, сурнай овози эшитилмаяпти ҳам. Хотинлар ўртасида лунжини шиширганча кетаётган сурнайчига қичқирди:
— Авжини сал баландроқ ол-да, оғайни!

1977.