Қўнғироқ товушидан чўчиб тушган котиба «дик» этиб ўрнидан турди-да, эшикни аста очиб раҳбар ҳузурида пайдо бўлди.
— Намунахон, бугун ходимлар ўз ўринларидами?
— Ҳа, Бердивой ака.
— Ундай бўлса, соат ўн биру нол-нолда ҳаммани шу ерга йиғинг.
— Хўп бўлади.
Котиба қиз бир зумда ҳаммани йиғилишдан хабардор қилди.
— Бугун сизларни йиғишдан мақсад битта. Хўш, гап шундаки, ҳаммангизга маълум, неча йилдан бери ташкилий ишлар билан шуғулланадиган, гапга чечан, ушлаган жойини узиб оладиган, оёқ-қўли чаққон йигит бўлса, деб юрар эдик. Шундай йигитни топдик. Уни таништириб қўйиш учун сизларни йиғдим. Исмлари ҳам ишларига мос — Қиличбек. Муаммоларни шартта-шартта ҳал қилиб ташлайди. Ана энди кимнинг ташкилий иши бўлса, Қиличбекка мурожаат қилиши мумкин. Ҳаммангизга рухсат, яқиндан танишиш иш жараёнида давом этаверади. Қиличбек, сиз қолинг, маслаҳатли иш бор…
— Қани ўтиринг-чи. Хўш, жамоамиз сизга маъқулми?
— Раҳмат, хўжайин. Ўзингиз айтгандай, яқиндан танишиш иш мобайнида бўлаверади-да.
— Гап бундай, йигит. Бу жойга кўз тикканлар жуда кўп эди. Сизга насиб қилди. Буни нишонлаш керак. Жамоамиз у қадар катта эмас, кўрдингиз. Тушлик вақти ҳам бўлиб қолди. Ўн-ўн беш кишилик чой ташкил қилсангиз. Менда бир шиша тозасидан бор. Қолгани ўзингизга ҳавола. Нимани лозим кўрсангиз, шу-де…
Қиличбек, «Хўп бўлади, тушундим», деди-да ташқарига чиқди.
Котиба қизга юзланиб:
— Ҳеч ким тушликка чиқмасин, мен бир соатга қолмай келаман. Бугун тушлик менинг ҳисобимдан, — деб йўлга тушди.
Бозорга бориб, сара мева-чева, қанд-қурс, ширмой нон ва бир тоғора кокилдек тўғралган норин сотиб олди-да, ишхонага ошиқди. Зиёфат барчага манзур бўлди. Ҳамма Қиличбекка омад тилади. Қиличбек ишлари юришиб кетганидан анча мамнун эди.
Кунларнинг бирида уни хўжайин чақиртирди.
— Хўш, ука, ишлар яхшими, ҳаммаси жойидами?
— Ҳа, раҳмат.
— Байрамга ҳам яқин қолди, хабарингиз бор, албатта.
— Ҳа, шундай.
— Кичикроқ бир дастурхон тузасак. Менда бир шиша қўлбола вино бор. Қолганини ўзингиз ташкиллаштириб юборсангиз. Нима дейсиз?
— Бўлди, хўжайин, буёғидан хавотир олманг. Қойил қиламиз.
Бу тадбир ҳам жуда зўр ўтди. Ҳамманинг оғзида: «Қиличбек зап тадбиркор йигит экан-да», деган гап. Қиличбекнинг уйида эса ҳар куни жанжал. -Хотинининг оғзидан бир гап тушмайди: нима эмиш, ҳамма уйим-жойим, болам-чақам, деб топганини уйга ташиса, бу кишим ишончга кириб олай, деб бор-будини кўчага совурадилар.
Бир куни бошлиқ билан Қиличбек йўлакда рўбарў келиб қолди.
— Қабулхонадаги табрикни ўқидингизми?, — сўради бошлиқ.
— Ҳа, кўзим тушди.
— Пошшахон бизнинг энг обрўли ходимларимиздан. Қанчадан-қанча -таклифлар бўлганда ҳам «Шу жойдан нафақага чиқаман, ундан кейин ҳам -ишлайвераман», деб садоқатини кўрсатиб келаяпти. Шу аёлнинг ҳам сазаси ўлмасин. Кичикроқ бир совға олсак, кейин бир пиёла чойни… Нима дейсиз? Тунов куни бир дўстим хориждан келувди. Шишаси алламбало бир ичимлик ташлаб кетган.
— Хўп бўлади, хўжайин. Тушундим. Бажарамиз, — дедию, Қиличбекнинг хаёли қочди. Уйда яна машмаша бошланиши аниқ.
Қиличбек хонасида бошини икки қўли билан чангаллаб ўтираркан, эшик -очилиб, котиба қизнинг сертабассум чеҳраси кўринди.
— Сизни бошлиқ йўқлаяптилар.
— Тинчликми, ишқилиб?..
Қиличбек бошлиқнинг хонасига бош суқди:
— Ассалому алайкум, йўқлаган экансиз…
— Келинг, Қиличбек. Мен айтмасам ҳам ўзингиз ишни бошлаб юборгандирсиз дедим-у, яна бир суриштирай, деб чақиртиргандим.
— Нима гап, Бердивой ака?
— Ана, холос, эсингиздан чиқдими? Ахир, индинга аёллар байрами-ку!
— Ҳа, дарвоқе, ёддан кўтарилаёзибди.
— Ия, ахир, жамиятимизни, оиламизни аёлларсиз тасаввур қилиб бўладими?! Шундай байрамни эсдан чиқариш… Мен тушунмадим. Хуллас, аёлларга кўнгилдагидек совғалар, албатта, гули билан ташкил қиласиз. Кейин қуруқ бўлмасин, ихчамроқ бир дастурхон атрофида суҳбат қурсак ёмон бўлмасди. Менда совғага келган бир шиша «Мона Лиза» деган зўр ичимлик бор. Қолганини ўзингиз… Сизга нима бўлди, Қиличбек?
— Ҳалиги, сал тобим йўқроқ, шекилли. Сиз хавотир олманг, хўжайин. -Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади.
Байрам тадбири ҳамма ҳавас қилгудек хушчақчақлик билан ўтди. Орадан ҳафта ўтмай, Қиличбек бошлиқ қабулига кирди.
— Бир таклиф бор эди. Шу десангиз, эртага жамоа билан бирга тушлик қилсак.
— Нишонлайдиган бирор… сана борми дейман-а?
— Шундай десак ҳам бўлаверади. Эртага таваллуд куним. Шунга…
— Бўлди, бўлди, Қиличбек. Ҳаммаси тушунарли. Демак, зиёфат денг. Ундай бўлса, менда…
— Агар хўп десангиз, бу сафар ўша битта шишани ҳам ўзим…
— Ҳа, баракалла йигит, мана бу бошқа гап. Бир-биримизни энди тушуна бошладик, чоғи. Майли, нима ҳам дердик. Демак, эртага тушликда биргамиз.
Эртасига бошлиқ ишхонага анча эрта келди.
— Намунахон, кимлар келган?
— Ҳозирча, Қиличбек ака келганлар. Айтганча, столингиз устига узун бўйли қутича қўйиб, чиқиб кетдилар.
— Бу Қиличбек дегани жуда чаққон чиқди-да. Нима бор экан қутичада?
Бошлиқ баланд бўйли қутича устидаги ёзувни товуш чиқармай ўқиди: -«Добрая». Кейин қутича тагидаги оқ қоғозга кўз югуртирди: «Ариза… Мени ўз хоҳишимга кўра…»