Узоқ йўл босган йигит саман отидан тушишга ҳам эриниб, ярим кечаси бир қўрғон дарвозасини тақиллатди. Ичкаридан қиз боланинг «Ким?» деган овози келгач, жавоб қайтарди:
— Мен, мусофирман. Мумкин бўлса, бир кечага жой берсангизлар. Эрта саҳар туриб йўлга чиқардим.
— Ҳозир, бобомдан сўрайин.
Қадам товушлари узоқлашиб, сўнг тиниб қолди. Сокин тунни саманнинг ҳар замондаги депсинишию сувлиғининг шиқирлаши бузиб турди. Қиздан узоқ вақтгача дарак бўлмагани йўловчини безовта қила бошлади.
Ва ниҳоят, кимнингдир томоқ қиргани эшитилди, кейин дарвозанинг бир табақаси секин очилиб, соқоли оппоқ нуроний киши кўринди.
— Келинг, бўтам, хуш кўрдик.
Йигит қамчисини эгар қошига илиб, чаққонлик билан отдан тушди-да, отага салом берди.
— Ассалому алайкум.
— Ваалайкум ассалом. Тинч-омонмисиз? Қани, ичкарига. Ҳозир қизим чироқ олиб чиқади. Сайисхона чап томонда, отингизни ўша ерга боғланг.
— Хўп.
Йигит дарвозадан ичкарига кираркан, қарши томондан чироқ кўтариб келаётган қизга кўзи тушди. Қизнинг кафтлари орасидаги чироқ гўёки унинг нур ёғилиб турган рухсорига тақлидан ёғду таратишга уринар, аммо уддасидан чиқа олмагани сабаб тун бағрига нишонсиз сингиб кетаётгандек эди. Бу мўъжизадан ҳайрат домига тушиб қолган йигит қизнинг қўнғироқдек жарангдор, аммо майин овозидан ўзига келди.
— Ассалому алайкум. Хуш келибсиз, меҳмон.
— Раҳмат. Ярим тунда дарвозангизни қоқиб, безовта қилганимдан хижолатдаман.
— Бу ёққа, — қиз чироқни бўйи баравар кўтариб, сайисхонага йўл бошлади. — Отингизни ана у яккамихга боғласангиз бўлади.
— Хўп.
Йигит қизга бундан ортиқ сўз айтишга журъат топа олмади. Назарида кўзларига паридек кўринган соҳибжамол уни аллақачон забонсиз қилиб қўйгандек эди.
Ортиқ сўзлашиш бўлмади. Йигит юз-қўлини ювиб, айвонга чиқди.
— Келинг, — деди кекса киши йигит якандозга ўтириб, фотиҳа қилишгач. — Мусофир экансиз, қаерлардан сўрайлик?
— Ўзим Ойтароқ деган қишлоқданман. Саркарда Ботилнинг сўл қанот қўшинига бошчилик қиламан. Кеча тушимда отамни кўрган эдим. Кўнглим негадир беҳаловат бўлиб, катталардан рухсат сўраб йўлга чиқдим. Ҳозир ўзи қаердаман? Қишлоғимгача ҳали анча йўл босаманми?
Нуроний жим туриб қолди. Сўнг:
— Унчалик узоқ эмас. Бу ерларни танимадингиз чоғи-а, қишлоқдан чиқиб кетганингизга анча бўлдими? Саркарданинг қароргоҳида неча йилдан берисиз, — деди кетма-кет савол берганча.
— Анча йил бўлди. Отам саркарда Ботилни кўп таъриф қилган, унинг қанотига кирсам кам бўлмаслигимни айтган эдилар. Шунда йўлга чиққанман. Айтганларидай яхши инсон экан. Астойдил меҳр қўйганим учун хизматидан кетолмадим. Бироқ афсусланмайман.
Нуроний нон ушатиб, меҳмонга чой узатди. Яна анча вақтгача суҳбатлашиб ўтиришди. Кейин уйқуга кетишди.
Тонгда уйқудан кўзини очган йигит чарчагани туфайли отига қараш ёдидан кўтарилганини эслади. Ўрнидан ирғиб туриб, сайисхона сари одимлади. Борса, отнинг устида биргина ёпинчиғи қолган, эгар-абзали олиб қўйилган, жонивор олдига ташланган бедадан «курт-курт» чайнаб турарди.
— Ёши неччида? — деди пичанхонадан чиқиб келган қиз отига тикилиб қолган йигитга.
— Еттида. Сизники-чи?
Қиз «пиқ» этиб кулиб юборди.
— Мен сизнинг ёшингизни сўрамадим-ку.
— Йигирма бешда. Мана, билиб ҳам олдингиз.
— Мен сиздан саккиз баҳор кеч туғилганман.
— Бобонинг кими бўласиз?
— Набираси. Хуржунингизни ичкарига киритиб қўйдим. Ичига тош солганмисиз, жуда оғир экан?
— Ундаги олтин-кумушларга бир умр яшаса бўлади. Ҳатто авлодларимга ҳам етади. — Йигит мағрур керилиб қўйди. — Жанггу жадалларда йиққанман.
— Ҳмм, — деди қиз лабини тишлаб. Бу иборани шундай оҳангда айтдики, йигит мезбоннинг кўнглидаги ҳайратни ҳам, кинояни ҳам, лоқайдликни ҳам англаёлмади. — Юз-қўлингизни ювиб олинг. Уйга дастурхон қилиб қўйганман. Бобом кутиб турибдилар.
— Йўқ, раҳмат. — Йигит негадир бесаранжомланиб қолди. — Хуржунни қаерга қўйдим, дедингиз?
— Ана, пичанхонага кирган жойда.
— Йигит шошиб бориб, хуржунига қаради. Оғзини қандай маҳкамлаган бўлса, шундай турибди экан. Уни зўр-базўр кўтариб, айвонга олиб бориб қўяркан, ортига ўгирилиб қаради. Энди бояги ноаниқ тушунарсиз ҳолат қизнинг нигоҳларига кўчган эди.
Йўловчи кўноқ эгалари билан нонушта қилгач, йўлга отланди.
— Узр, — деди кекса киши ўтирган жойидан турмай. — Оёғимнинг дарди яна қўзғаб қолди. Набирам кузатиб қўяди сизни, айбга буюрмайсиз.
Йигит дарвозадан отини етаклаб чиққач, уни кузатаётган қизнинг қўлига икки дона тилло танга тутқазди:
— Бу тунда менга жой берганларингиз учун. Қайтишда яна кириб ўтаман, сизни кўргани…
Бундан мамнун бўлиш ўрнига, кўнглида аллақандай бегоналикни ҳис этган қиз тангаларни йигит кўздан узоқлашгунча кафтида сиқиб турди, сўнг аравалар ғилдирагидан тупроғи кўпчиб кетган йўлга улоқтириб юборди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 11-сонидан олинди.