Дониёр Бегимқулов. Руҳият ранглари ва оҳанглари

“Китоб дунёси” газетасининг шу йил 24 июл сонида “Бир шеър тарихи” рукнида атоқли шоир Абдулла Ориповнинг “Юртим шамоли” шеърининг ёзувчи Носир Фозилов архивида сақланиб қолган асл матни эълон қилинди.

1969 йили ёзилган ушбу шеърнинг дастлабки нусхасидаги ҳар олтиликнинг охирги мисрасида такрорланиб келадиган “О, ўзбек шамоли, ўзбек шамоли” “О, юртим шамоли, юртим шамоли”га, яна бир ўринда “Қўқон” “Ҳисор”га алмаштирилган экан. Бир қарашда бу муҳим ўзгаришдек туюлмаслиги мумкин. Аслида-чи? Биргина сўз алмаштирилиши билан бутун шеърнинг моҳияти, шоирнинг нияти, шеърхонга етказмоқчи бўлган фикр ўзгариб кетган. Шеърнинг ўзгартирилган вариантида шоир туғилган юртига меҳр-муҳаббатини, соғинчини изҳор қилгандек, унинг дийдоридан хурсандлигини баён этаётгандек таассурот ҳосил бўлади. Аслида эса “Юртим шамоли” матни замирида жуда теран маъно-мазмун мужассам экан. Зотан, шамол образи шеърда ўзбек, Ўзбекистон тимсоли, унинг мавжудлиги, борлиққа, дунёга кўз қараши, мақсад-муддаоси сифатида талқин этилган экан. Шоир орзу қилади: агар бир кун келиб ўзбекнинг шамоли эркин эсса, яъни Ўзбекистон озод бўлса, оламни мовий нафас, учқур қўшиқларга тўлдиради, унинг шаъни, шавкати тилларда достон бўлади.

Шеърдаги машҳур ибора — “Қўқон шамоли” қўлланилганда тасаввуримизда бутун бир жўғрофий кўлам, Ўзбекистон кўз олдимизда гавдаланади. “Ҳисор шамоли” дейилганда эса ана шу кўлам тораяди, муайян бир ҳудудни тушуниш мумкин. Дарвоқе, шеърнинг асл ҳолида босилишига монелик қилганлар, шубҳасиз, ўз муддаоларига эришган. Назаримизда, “Юртим шамоли” бундай кейин “Kитоб дунёси” газетасида эълон қилинган матндек “Ўзбек шамоли” тарзида қабул қилиниши, кейинги нашрларга асл ҳолида киритилиши лозим. Зеро, бу шеър истиқлолни, ҳурриятни орзу қилган, унга интилган, унинг барқарор бўлишига ишонган қалб туғёни.

Кейинги вақтларда айрим мунаққидларнинг мақолаларида истиқлолни куйлаган, уни орзу қилган, шеъру достонларида мустақиллик ғоясини кўтариб чиққан шоирлар рўйхати тобора кенгайиб бораётгандек. Бу “Ёв қочса, ботир кўпаяр”, деган мақолни эслатади. Ҳар нарсани ўз номи билан атаган маъқул, албатта. Чўлпондан кейин ўша мустабид даврларда истиқлолни ҳам очиқ, ҳам имо-ишора билан баралла илгари сурган, тарғиб қилган, миллий ўзликни англашни бошлаб берган, бу борада мактаб яратган, ўзидан кейинги шоирлар авлодига жуда катта таъсир кўрсатган шоир Абдулла Ориповдир.

Бу фикримизга далил сифатида “Манзара” (1964) шеърига диққат қилайлик:

Булут тошди,
Водий осмонин
Қоплаб олди хира кўланка.
Ел овора,
Намхуш хазонни
Учиролмай боғдан йўлакка.
Новдалари бирдан қотгандай
Кўринади сукутда толзор.
Гўё ниманидир кутгандай
Булутлар ҳам ювош, беозор…

Бу шеър фақат табиат манзараси тасвирига бағишланмагани рамзларга синг­дирилган маънолардан аёндир: ўлкани мустамлакачилар эгаллаб олган, ел, яъни халқ қора кўланкани, намхуш хазонни (мус­тамлакачилик асоратини) елкасидан силтаб ташлай олмай овора, толзор (юрт­нинг аҳли донишлари) ҳам сукутда, новдалари қотиб қолгандек, кўланкани супуриб ташлашга журъати етмагандек… Бироқ бу ҳолат, вазият абадий эмас, қачондир булут тошиб, шаррос ёмғир қўйиши, кўланканинг даф бўлиши, ёқимсиз увада хазоннинг итқитилиши, боғнинг тозариши, яъни мустақиллик, эгаменлик интизорлик билан кутилмоқда. Шеърдаги мажозий образлардан келиб чиқилса, шундай мазмун англашилади. Шоирнинг дориламон кунларга келиб, истиқлол шукуҳидан илҳомланиб 2010 йили ёзилган “Урф” шеъридаги ушбу мисралар ҳам фикримизни қувватлайди:

У кезлар наинки ўзликни, балки
Ўзбеклигимни ҳам айтолмас эдим.
Ёшим минг йилларга тенг келса ҳамки,
Битик тошларимга қайтолмас эдим.

Шоир, айниқса, кейинги йилларда жуда самарали ижод қилди: “Қалб”, “Тавалло”, “Сурхон мўъжизалари”, “Оддий ҳақиқат”, “Қишлоқ оқшомлари”, “Кибр”, “Дарё”, “Сайроб чинори”, “Қайтиш”, “Озон қатлами”, “Парадокс”, “Нажот”, “Қиёмат аломатлари”, “Кема” сингари инсон руҳиятининг сирли қатламлари ранг-баранг буёқларда инкишоф этилган шеърлар яратди. Бу шеърлардаги қуйма фикрлар, бетакрорлик, топқирлик, айни чоғда юракларни ўртаб юборадиган ҳис-туйғулар талқинига гувоҳ бўламиз. Уларнинг мавзу доираси кенг ва турли-туман. “Ворислик”, “Апокалипсис” сингари шеърларда умуминсоний муаммолар, одам боласининг ўта мураккаб шаклу шамойили, қалбидаги ворис ҳислар — эзгулик билан ёвузликнинг кураши таъсирчан ифодасини топган:

Кимдир эзгулик деб тинмайди, бироқ
Кимдир ханжар билан йўлини пойлар.
Ҳаётнинг мана бу йўриғига боқ:
Ёвуз ҳам ёвузни ҳимоят айлар.

“Апокалипсис” шеърида ёнғин, зилзила, вулқон каби табиий офатларга юзма-юз келганда бандасининг чорасизлиги, “на боши, на адоғи бор поёнсиз очун”да бундай ҳодисалар такрор-такрор содир бўлаётгани таъкидланади. Бироқ шеърда бу ҳақиқатлар шунчаки қайд этилмайди, шоир кутилмаган аччиқ, аламли поэтик хулосага келади:

Аммо юракларда бордир бир алам,
У боис тугамас ташвишлар, ғамлар.
Замин талвасаси босилганда ҳам
Бир-бирин тинч қўймас, афсус, одамлар.

Табиат ҳодисалари инсон иродасига бўйсунмайди, кутилмаганда рўй беради, улардан қочиб қутилиш мушкул. Бироқ ўз қалб софлигини, инсонийлигини сақлаб қолиш кишининг иродаси, иймонига боғлиқ. “Озон қатлами” шеърида бу ғоя теран очиб берилган. Ерни ҳарир пардадек ўраб турган озон аталмиш қатлам сайёрамизни ўткир зарарли нурлардан асраб туради. Худди шунингдек ҳаётда инсофу диёнат барқарорлигини асраш учун ҳар бир инсоннинг ўз “озон қатлами” бўлмоғи зарурки, токи бу қатлам инсонни ноқисликлардан сақласин, қалбида ёвузликка жой бўшатмасин. Шоирнинг безовталиги, огоҳликка даъватининг боиси ҳам шунда:

Яшайсан гоҳ шоду, гоҳ дилда кадар,
Ўзингники эрур қувончинг, ғаминг.
Лекин огоҳ бўлгин доим, биродар,
Бутун турибдими озон қатламинг?!

Ҳозирги глобаллашув, тезкор ахборотлар оқимининг ижобий жиҳатлари билан бирга маънавиятга етказаётган зиёни бугун ҳеч кимга сир эмас. Боз устига Европадаги айрим давлатларда бир жинсдагилар никоҳига рухсат берилмоқдаки, умумбашарий бу муаммо ҳеч бир диёнатли инсон қалбини безовта қилмай қўймайди. “Европа” шеърида ўқиймиз:

Бор эди муҳаббат аталмиш қўрғон,
Учиб киролмасди чивин ҳам ҳатто.
Совғасин Ягонинг қўлида кўрган,
Бўғиб қўя қолган жуфтин Отелло.
 
Энди бу юртларда дунё тескари,
Муҳаббат ҳислари бадар кетганлар.
Жаннатни мадҳ этиб юрганлар бари
Жаҳаннам комига бориб етганлар…

Теран фалсафийлик, шарқона донишманд­ликка йўғрилган, мураккаб олам бўлмиш инсон руҳиятининг сир-синоатлари шоирнинг воқеабанд, ёйиқ ифода шаклида ёзилган янги “Ранглар ва оҳанглар” туркумидаги шеър­ларнинг ҳам етакчи мавзусидир. Мазкур туркумга кирган илк шеърда ­бугунги кунда ижодкорнинг бурчи нималардан иборат эканлигига урғу берилади. Зеро, хилқатдаги ранглар ва оҳанглар турфа, бир-бирига асло ўхшамайди:

Бир қарашда улар ҳамоҳанг, ўхшаш,
Бироқ сен, ижодга азм этган шоир,
Уларни адашмай фарқламоғинг шарт!
 
Сенинг кўзларингга кўринсин улар,
Сенинг қулоғингга чалинсин унлар,
Барчаси ранго-ранг, саслари турфа…
 
Билиб қўй, ранги бор армоннинг ҳатто,
Орзуларнинг ажиб шамойиллари,
Инсон қанча бўлса, улар ҳам шунча.

Туркумга жамланган ўн бешта шеърнинг ҳар бирини қайта-қайта ўқиб мисралар қатидаги фикр дурларини англаб шоирнинг поэтик мушоҳадаси нақадар кўламли, салмоқли эканлигига иқрор бўламиз. Мухтасар сюжетга қурилган, ёрқин таассурот қолдирадиган бу шеърлардаги ҳаётий деталлардан муҳим поэтик хулосалар чиқарилади. Бу жиҳатдан “Уйғунлик”, “Тафаккур”, “Миллат”, “Қадр”, “Эътиқод”, “Тарих” каби шеърлар характерлидир. Уларда илдизи бир — бугунги умуминсоний муаммолар, Ватан, миллат равнақига даъваткор қалб товланишлари ўз аксини топган. “Шеърият нима ўзи? Унинг ёзиб қўйилган қоидаю амаллари борми? Нима у? Миллионларни оёққа турғиза оладиган, минбарларни ларзага cоладиган даъваткор хитобми? Нима у? Гоҳида теран фикри билан, гоҳида аччиқ cатираcи билан, гоҳида мунгли маломати билан тинглаганлар қалбини имтиҳон қилувчи зўр кучми? Нима у? Фалакка чораcиз ­илтижоми ёки муҳаббат чаманига cочилган дурдек кўз ёшларими?”, дея саволни қўяди шоир бир мақоласида. Туркумга кирган ­фалсафий теран ва бадиий нафосати юксак шеърлар мана шу хитобли саволларга берилган образли жавобдек янграйди.

Шоирнинг кейинги бир йил мобайнида ёзган ўн бешта ғазали мавзу доираси кенг: уларда оддий шеърга сиғмаган ҳис-туйғулар мумтоз жанрнинг мусиқий оҳангларида жозибали ифодасини топган.

Она-юрт – жонажон Ўзбекистон Абдулла Орипов энг баланд мақомларда қаламга оладиган мавзудир. Истиқлол арафасида ҳамда мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳаётда айнан юз берган, шоир ўзи гувоҳ бўлган тарихий жараёнлар таъсирида ёзилган “Истиқлол манзаралари” достонининг “Тоғлар ҳикояси”, “Ўзбек иши”, “Мурунтов”, “Элобод”, “Қамчиқ довони”, “Имом Бухорий”, “Женева” деб номланган қисмларида қаламга олинган лавҳалар орқали мамлакатимиз ва халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида юз берган ўзгаришлар бадиий талқин қилинади. Дос­тон воқеабандлик усулида ёзилган бўлса-да баёнчиликдан мутлақо холи, истиқлолнинг йигирма йили шаънига битилган бадиий солномадек таассурот қолдиради.

Довонлардан шу тахлит
Ғолиб ўтган карвон бу.
Йигирма йил зил юкни
Олиб ўтган карвон бу.

Достондаги Ботир ва Фотиҳ ўртасидаги баҳс-мунозара замирида очиладиган ҳақиқатлар, мустақилликнинг қадам-бақадам мустаҳкамланиб бориши бадиий лавҳаларда тасвирланган. Достон образли топилдиқларга, ёмби фикрларга, мавзунинг моҳиятини очиб беришга хизмат қилган ўзига хос ўхшатиш ва сифатлашларга бой. Асарда мус­тақилликнинг нечоғли машаққатлар эвазига қўлга киритилгани, бу йўлда олиб борилган тенгсиз курашлар таъсирчан талқинини топганки, бу хусусиятларига кўра ушбу достон ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос бадиий қўлланма ­вазифасини ўтай олади.

Атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг кейинги йиллардаги ижод намуналарини кузатганда поэтик-фалсафий мушоҳада, инсон кечинмалари тасвиридаги ҳаётийлик янада кучайганига гувоҳ бўламиз. Айни чоғда ўқувчи қалбида акс-садо берадиган ҳис-туйғуга бой мисралар гарчи олдинги йилларда битилган шеърларидан бирмунча вазмин ва мулоҳазалироқдек туюлса-да ҳамон жозибали, сеҳрли. Уларда ҳаёт мураккабликлари, инсон қалбидаги эврилишлар, иккиланишлар, иқрорлар, ҳайратлар, ўтмишга айланган хотиралар юки, ёруғ кунлар шукронаси, армоннинг ранглари ва оҳанглари ўзининг ғоят жозибали талқинини топган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 38-сонидан олинди.