Ёшлиги ватани Аргентинада ўтган, сўнгра Парижда муқим яшаб ижод қилган ХХ аср жаҳон адабиётининг таниқли вакили Хулио Кортасар (1914 — 1984) ижодий фаолиятини ўтган асрнинг 40-йилларида бошлаган эди. Унинг “Ҳозирлик” номли илк шеърий тўпламиёқ реаллик ва хаёлотнинг ўзаро сингиб кетиши, мавжудликнинг азалий ва абадий ўзгармас бирламчи негизи — олий руҳ, олий ғояни излаш, Курраи замин билан инсон ўртасида уйғунликни топишга интилиш каби бадииятнинг умуминсоний тамойилларига хос унсурлар сезила бошлаганди. Бани башар ва табиатнинг ўзаро муносабати мавзусига бағишланган “Бестиарий” номли ҳикоялар тўплами эса ёзувчига халқаро миқёсда обрў келтирди.
Кортасар ёшлигидаёқ Х.Л.Борхес ижодига мафтун бўлган. Адабиётдаги илк қадамларида Борхес услубига тақлид қилганини унинг ўзи ҳам эътироф этган. Ҳикоялари мавзуи долзарблигидан ташқари, Борхес уларда ўша давр зиёлилари дунёқарашининг асосини ташкил этувчи “Аргентина руҳи”ни акс эттирарди. Бу ҳикояларда ҳайбаракаллачилик, сохта ватанпарварлик, цензура кучи билан “безатилган” ташқи ҳаёт “бўлиши мумкин бўлмаган ҳаёт”дек қабул қилинарди. Шубҳасиз, бу Борхеснинг реалликни бадиий идрок этиш тарзи эди. Бироқ Кортасар ижодида ҳаёт ўзгача тарзда намоён бўлди: адиб учун қаҳрамоннинг юзага келган вазиятни қандай баҳолаши эмас, балки танг шароит, вазиятда нималарни ҳис этгани ўта муҳимдир.
“Бестарий” ва “Ўйин охири” номли илк тўпламларида Кортасар ўзига хос эскапизм, яъни қаҳрамонларнинг танг вазиятда ҳаётдан бегоналашиб, руҳий ва жисмоний толиқиш оқибатида объектив воқеликдан хаёлот оламига ўтиб, ўй-хаёлида яратган “фил суягидан ясалган кўшк”ка бекиниб олган ҳолатларини тасвирлайди.
Кейинги асарларида ҳам ёзувчи қаҳрамонларини шунга ўхшаш мураккаб вазиятларга солиб, оғир синовлардан олиб ўтади. Масалан, “Жанубий шоссе” ҳикоясида ХХ аср бошида юзага келиб, глобал муаммога айланган, ХХI асрда ҳам долзарблигини йўқотмаган воқеа тасвирланади.
Парижга жануб тарафдан кириладиган катта йўлда юзлаб автомобиллар тирбанд бўлиб, йўлда ҳаракат тўхтаб қолган. Ҳайдовчилар ва йўловчилар манзилларига етиб олиш илинжида қўлларидан келган имкониятларни ишга солишади. Бироқ йўл очила қолмайди. Кимдир умидини узмай “ишқий саргузашт” илинжида ўзига жуфт ахтаришга киришса, кимдир бу вазиятда Яратганнинг қаҳру ғазабини кўриб, умидсизликка тушади. Кемага тушганнинг жони бир, деганларидек одамлар бир-бири билан танишадилар, ўзлари дуч келган вазиятдан қутулиш чорасини биргаликда ахтарадилар. Иттифоқо, чорасизлик домида узоқ қолиб инсоний қиёфасини йўқотмаслик учун бир-бирларига талпинадилар. Ўзаро кўмаклашиш, кўнгилга сал бўлса ҳам таскин берадиган сўзларни айтиб, умидни сўндирмаслик учун далда беришдан, меҳр улашишдан шод бўлган ҳикоя персонажлари ниҳоят йўл аранг очилганини кўриб, дарҳол автомобилларига ўтирганча, ғизиллаб ҳайдаб бир зумда кўздан ғойиб бўлишади. Мушкул вазиятга тушганда одамларни ўзаро маҳкам боғлаган ҳамдардлик, меҳр ришталари шу ондаёқ узилади, ҳамма ўз йўлига равона бўлади.
Бу воқеаларга муайян рамзлар, ишоралар воситасида умуминсоний муаммо туси берилмаганида “Жанубий шоссе” оддий ҳикоялардан бири бўлиб қолаверарди. Кортасарнинг маҳорати шундаки, у мазкур асари замирига глобал муаммони сингдира билган. Чунончи, ҳикояда тасвирланган автомобиллар тирбанд катта йўлни Курраи заминга қиёслаш мумкин. Бунда одамлар ягона мақсадда: тирик қолиш (ҳаёт) учун бирлашган. Бу тўғри танланган йўл, негаки ёлғизликда одам ўз жонини сақлаб қолиши даргумон. Ҳар қандай назариялар ҳам бешафқат ҳаёт олдида одамларга таскин бермайди. Зеро, ҳаёт ўз ҳукмини ўтказади: ҳикояда йўловчилар дастлаб бир гуруҳ бўлиб яшаса, кейинчалик бир нечта гуруҳга бирлашади. Ушбу гуруҳлар тимсолида ёзувчи Ғарбда шаклланиб келган инсон, жамият ва давлат тузумига ишора қилади. Бошида йўлда ноилож тўхтаб қолган одамлар сув, озиқ-овқат, егулик айирбошлайдилар, кейинчалик пул-товар муносабати бошланади, ҳатто чайқовчилар ҳам пайдо бўлади, одамлар мушкул аҳволга тушиб қолганларига қарамай, улар сурбетларча фойда топиш илинжида олиб-сотарлик билан шуғулланади. Бу манзараларда муайян маънода инсоният тарихий тараққиётига ишорани пайқаш қийин эмас. Тирбандликда икки, узоғи билан уч ҳафта туриб қолган одамлар руҳан, жисмонан бир-биридан кескин фарқланади: кимдир ҳис-туйғуларга берилиб тушкунликка тушса, кимдир бошига тушган вазиятга қизиқарли бир саргузаштга қарагандек қарайди, кимдир дош беролмай ўз жонига қасд қилади.
Кортасар ҳикоя мазмунида буюк италян шоири Дантенинг “Илоҳий комедия”сига ишора қилади. Бу бежиз эмас. Тирбандликда ўз оила аъзоларини ташлаб қочиб кетган кимса билан кейинчалик нималар рўй берди, у қандай қисматга дучор бўлди — биз бунда бехабар қоламиз. Бу муҳими эмас. Муҳими шуки, ровий бизга бир ҳақиқатни уқтиради: ўз машинанг — уйинг, оилангдан узоқлашдингми, бас, сен ном-нишонсиз бўлиб кетасан. Яъни йўл четида, тириклик дунёси деган уммон қирғоғида ҳаёт йўқ. Ҳаёт шу ерда, тирбандликда!
Муаллиф атай воқеалардан “ошиб”, воқеаларни оралатиб, уларнинг “устидан сакраб” китобхон олдига: “Воқеа бўлиб ўтди, наҳотки буни кўрмадингиз? Ёки тушуниб етмадингизми?” қабилида савол қўяди. Биз беихтиёр ҳикояни қайта бошдан варақлаймиз, матнга тағин кўз югуртирамиз: қаерда, қайси саҳифада, қайси сатрда ўша “воқеа”ни кўрмай ўтиб кетганимизга ажабланамиз.
Мана, мўъжаз автомобилда ўтирган ёш жувон бошқа автомобилдаги ёш эркакка нималардир демоқда. У нимагадир иқрор бўлмоқда… Ажабо, кейинчалик кўзимиз “ўғил” сўзига тушади. Улар ўғил кўришдими? Қачон? Қандай қилиб? Бунинг аҳамияти йўқ. Бинойидай ёш эркак ва соҳибжамол жувон бир-бирини севиб қолган. Шундай тирбандликда мўъжиза! Тирбандлик ариб, автомобиллар юра бошлагандан сўнг, ёш эркак ўз маҳбубасини йўқотади. Жувон автомобиллар оқимида ғойиб бўлади. Гангиб қолган эркак атрофга олазарак кўз югуртираркан, бегона одамларни кўради, ҳалигина дўстга айланган кишиларни кўрмайди, қаерга қарамасин ҳамма ерда бегона одамлар, бегона автомобиллар. У энди ўзи учун ҳақиқий ҳаёт ўша жойда, тирбандликда қолиб кетганини англайди.
Тирбандликда у ҳар куни қандайдир юмушларни бажарар, бир нималарни ахтарар ва шу кўйда келажакдан умидини узмасди, ўзининг тирик эканлигини ҳис этарди. Кимгадир ёрдам берар, бировлар билан суҳбатлашар, аразлашганларни яраштирарди. Қолаверса, ўз ихтиёрисиз тўхтаб қолган ўша жойда жувонга кўнгил қўйди ва севилди… Энди эса, Парижнинг осмону фалакка ёйилган шуъласини кўраркан, ҳаётидаги энг тотли лаҳзалари, сермазмун кунлари ўша катта йўлда қолиб кетганлигини тушуниб етади.
Кортасар Ғарб насрида биринчи бўлиб, Борхес ва Маркесгача одатий, кунора бўлиб турадиган воқеадаги умуминсоний мазмун касб этган сеҳр ва мўъжиза кўра билди. Оддий, кундалик ҳаётда учрайдиган воқеа-ҳодисалар тасвири орқали ёзувчи китобхон олдига севинч ва ташвишга, умид ва хавф-хатарга уйғун ҳаётда қандай яшамоқ керак, деган саволни қўяди ҳамда унинг ечимини топишни ўқувчига қолдиради. Инсон ҳаёти, унинг камчилик ва нуқсонлари, хислат ва фазилатлари кафтдагидек намоён бўлган бу ҳикоя ХХ асрда яшаб ижод қилган аргентиналик классик адиб Хулио Кортасарнинг энг сара асарлари сирасидан.
Муҳаммаджон Холбеков,
филология фанлар доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 24-сонидан олинди.