— Тўғри айтасиз, худо ҳазилга тушунмайдиган тўпорилардан сақласин, ука. Мен ҳам бир сафар шунақа тўпорига йўлиқиб қолиб, онамни Учқўрғонда кўраёзганман!
Хўжаликда бригадирман. Бир пайт: «Ўртоқ Милтиқбоев деган янги ижроқўм келдилар, ҳамма раислару бригадирлар билан шахсан танишмоқчилар» — деган хабар эшитдик.
Бордик. Ижроқўмнинг катта зали одамга тўлган. Худо Милтиқбоевга гап деса гап, салобат деса салобатдан берган экан, йиғилишни ўзлари очиб, ўзлари сайраб кетдилар.
Иш кўп, сулайиб юрган чоғларимиз, кўзим илиниб кетган экан, бир маҳал ўртоқ Милтиқбоев номимни айтиб чақирганлари қулоғимга киргандай бўлди. Сапчиб туриб:
— Шўттамиз, ўртоқ Тўппончаев! — деб юборибман.
«Гурр» кулги кўтарилдию, яна сув сепгандай жим бўлди-қолди. Қарасам, ўртоқ Милтиқбоев, ранги девор, қоққан қозиқдай қотиб қолибдилар.
Дарҳол ҳамма гапга тушуниб:
— Авф этасиз, ўртоқ… Милтиқбоев, билмай қолибман, — дедим.
Гапимга тушунсалар-чи! «Ҳали сен ижроқўм раисининг аптартетини тўкмоқчимисан?» деб столни дўппослаб қолдилар… Э, қўйинг ўртоқ Милтиқбоев, бир оғиз сўзга ёпишманг, дейман. Тўппончаев десам нима бўпти, тўппонча милтиқдан ёмон бўптими, дейман.. Қайтага милтиқдан тўппонча яхши эмасми, сўлоқмондай қилиб кўтариб юрмайсиз, чўнтагингизга солиб қўясизу керак пайтда олиб пақиллатаверасиз, дейман. Йўқ, қўймайдилар, баттар авжига чиқиб нуқул «Аптартет»дан оладилар!.. Ахийри бригадирликни топшириб зўрға қутулдим. Менга нима? Бригадир бўлсам ҳам қиладиган ишим шу, кетмончи бўлсам ҳам. Қайтага у кишига қийин бўлди. Нега десангиз, ўша гапдан кейин «Тўппончаев» у ёқда қолиб, лақаблари «Аптортет» бўлиб кетди.