Таниқли мунаққид, адабиётшунос Ортиқбой Абдуллаевни илмий-адабий жамоатчилик яхши билади, холис, ҳақгўй танқидчи, заҳматкаш таржимон, публицист сифатида қадрлайди.
Мана, ярим асрдан бери у қайноқ адабий, илмий ҳаёт билан ҳамнафас, ҳамқадам. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси куллиётини битиргач, бир муддат Бўстонлиқ туманидаги мактабларда она тили ва адабиёт фанидан ўқувчиларга сабоқ берди. Лекин ижод иштиёқи уни ўзлигини намоён этиш учун матбуот сари чорлади. Шу боис бадиий-илмий ижодни матбаа соҳаси билан боғлаб олиб боришни маъқул кўрди. У “Ўзбекистон овози“, “Шарқ юлдузи“, “Жаҳон адабиёти“ газета ва журналларида адабий танқид ва адабиётшунослик бўлимларини бошқарди. Бадиий асарларни, адабий жараён ҳодисаларини ҳаёт билан, жамият тараққиёти билан, замондошлар маънавияти билан уйғун баҳолашда, бадиий сўзнинг халқ, миллат, Ватан олдидаги бурчи, масъулияти беқиёслигини илмий асослашда сидқидилдан фаолият кўрсатиб келмоқда.
О.Абдуллаев адабиётшунос сифатида принципиал, миллат, жамият манфаатлари йўлида фидойи ижодкор. Кейинги йилларда адабиётшунослик илмида айрим олимлар муайян соҳаларга ихтисослашиб, ўз имкониятларини бир қадар чеклаб қўйишмоқда. О.Абдуллаевнинг тадқиқот соҳалари кўлами кенг ва ранг-баранг. Адабиётшунослик ва танқидчиликнинг актуал масалалари доимо унинг диққат-этиборини жалб этиб келади. Хусусан, шеър, шоир ва истеъдоднинг зоҳир бўлиш шакллари, бадиий маҳорат, лирика жанрлари ва поэтик шакллар(иккилик, тўртлик, рубоий, саккизлик, ўнлик, сонет, учлик)даги изланишларни синчков, билимдон тадқиқотчи сифатида теран кузатади. “Шеъриятнинг тиниқ осмони”, “Ижоднинг қўшқаноти” (профессор У.Норматов билан ҳамкорликда), “Қалбга очилган йўл” сингари китоблари, икки юзга яқин илмий-танқидий, публицистик мақолалари Ортиқбой Абдуллаевнинг адабий-илмий фаолияти салмоғини белгилайди. Улар нозиктаъб мунаққид истеъдодининг намоён бўлиш шакллари, кўринишлари сифатида эътиборлидир.
Кейинги йиллар ўзбек насридаги бадиий изланишлар, унинг етакчи тараққиёт тенденциялари (“Ҳикояда ҳаёт нафаси”, “Инсон қалбига йўл”, “Роман ва замон”, “Зарралар олами”, “Ижод оламининг сеҳри”, “Ҳаёт гирдоби”, “Замонга ҳамнафас ижод”), тарихий мавзудаги асарлардаги бадиий концепция ва қаҳрамон масаласи (“Заминдан узилиб бўлмайди”, “Ижодкорнинг қўш қаноти”, “Уч меъёр”, “Замон Фарҳодлари тасвири”, “Асрлар қаъридан”, “Нурли ижод”) адабиётшунос ижодида алоҳида ўрнига эга. Яна бадиий таржимачиликдаги эстетик савия ва маҳорат (“Мен на дейману қўбизим на дейди…”, “Ҳақиқат учун курашиш керак”, “Умидбахш изланиш”, “Ахтариш ва юксалиш”, “Маҳорат таҳлили”), ўзбек шеъриятининг бугунги аҳволи, шоирлар изланишларидаги мавзу-муаммолар кўлами, бадиий-ижтимоий ғоялар табиати мавзулари ҳам у томонидан чуқур ўрганилган. Шу билан бирга, ХХ аср ўзбек бадиий маданиятининг ёрқин сиймоларидан Мақсуд Шайхзоданинг илмий-ижодий меросига бағишланган тадқиқи салмоқлидир. Театр-саҳна маданиятига доир кузатишлари ҳам (“Саҳнамиз фахри”, “Юксак баҳо”, “Замондошлар — асосий қаҳрамон”) эътиборга молик.
Бадиий таржимадаги фаолияти билан танишганда Ортиқбойнинг сўз устида заҳмат чекишига воқиф бўламиз. Қрим-татар адиби Айдар Осмоннинг “Олишув”, «Биз бир дунёда яшаймиз» қиссаларини, рус рассоми В.Верешчагиннинг “1868 йилда Самарқанд” ёдномасини, Лев Тостойнинг мактублари, ён дафтардан саҳифаларни ўзбек тилига муваффақиятли таржима қилди.
Бадиий публицистикага доир жиддий асарлари ҳам О.Абдуллаевнинг ижодий фаолиятида муҳим ўрин тутади. Хусусан, “Аччиқ мевалар” эссеси, “Ҳасад қармоғи”, “Адибнинг аччиқ қисмати”, “Туркистоннинг қора кунлари”, “Ўртанмаган куним йўқ”, “Хива босқини”, “Шарқ фалсафаси манзаралари” сингари ўнлаб мақолалари китоб, рисолаларга хос мазмунни ўзида мужассам этган асарлардир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди, доцент, таржимон, мунаққид, адабиётшунос Ортиқбой Абдуллаев етмиш ёшни қоралаган эса-да, унинг ижодий режалари, хайрли-эзгу ниятлари бир олам. Олижаноб мақсадлари юзага чиқишида унга ижодий бедорлик тилаб қоламиз.
Нўъмон Раҳимжонов,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 21-сонидан олинди.