Шаҳарнинг энг катта магазинларидан бири.Тоға-жиян иккинчи қаватни айланиб юришибди.
– Манави зўр экан,сизга тўғри кеп қолар? – Тоға жиянига жигар ранг камзул-шимни кўрсатди.– Ўзиям импортнийга ўхшайди.
Абдимурод камзулнинг у ёқ бу ёғини ағдариб кўрди.Асл матодан тикилган, чет элники.Шунақасини анчадан бери тополмай юрувди.Размери ҳам жуда мос.
– Оламизми? – Ҳамдамхон чўнтагини кавлаштира бошлади йигитнинг тараддудланганлигини рози бўлдига йўйиб.
Абдимурод уст-бошига назар солди.Ювилавериб ранги унниқиб кетган,талабаликдан қолган кўкиш камзули кўзига кўримсиз кўриниб кетди.”Жониворни беш йилдан бери тиндирмай кияди-да,ахир.Аксига олиб ёнида пули ҳам йўқ”.
–Йўқ,ёқмади.Юқорига чиқайлик-чи?
Ҳамдамхон ғижинди.”Мунча ғурурли бўлмаса бу етимча.Озиб-тўзиб тамом бўлибди-ю,яна ноз қиладилар.Умрингда шунақасини кийганмисан,ўзи?”
Магазиннинг сўнгги қаватига –“Аёллар бўлими”га кўтарилдилар.Тоғанинг калласига “Хотинига бирор матоҳ олдирмоқчи” деган фикр келди.Тайёр кийимлар тартиб билан териб қўйилган қаторга бурилди.Қундуз ёқали пальто унга маъқул тушди.
–Манавини кўринг жиян, келинпошшага жуда кетади-да.– Йигитни ўзи томон имлади у.
Ҳамдамхон танлаган пальто чиройли эди.Эсига хотини тушди.”Турмуш қурганларига ўн йилдан ошаяптики,бечорага тузукроқ нарса совға қилганини эслолмайди.Ҳалиям бахтига Гулсара ақлли аёл чиқди.Уним кам,буним етишмайди деявермайди.Борига шукр қилади.Абдимурод баъзан “Сен бечораям менга тегиб рўшнолик кўрмадинг,одамдай яшамадинг” деб қолса,”Қўйсангиз-чи,ўзингиз мен учун катта бойликсиз” дейди ёқимли жилмайиб. Бундай пайтларда хотинини ниҳоятда яхши кўриб кетади.Мана бу пальтони оборса борми,қанчалик суюнади.Қани эди!” У пальтонинг астаридаги нархига кўз югуртирди.”Вой-бу,жуда қиммат-ку! Бунча пулни қаердан олдингиз,деб сўраб қолса нима дейман? Тоғам ўғлини ўқишга киритмоқчи бўлганим учун совға қилди,дейманми? Қайси тил билан айтади.Жондан азиз кўрган кишисига ҳаром пулга совға? Яна умрида биринчи марта-я.Асло! Ундан кўра…”
–Келинингизнинг пальтолари кўп. Яқинда худди шунақасидан олиб берганман.Ҳеч нарса олмасангиз пастга тушамиз.
Ҳамдамхон жиянидаги бу кескин ўзгаришдан анграйиб қолди.Унинг кетидан оғир судралиб пастга тушди.
Кечқурун поездга чиқиш олдидан роса ялинди:
–Жон жиян,бу яхшилигингизни ўла-ўлгунча унутмайман! Биздан қайтмаса,болалардан қайтар.Қариндошчилигимиз,марҳум отангиз ҳурмати бир марта хўп денг.Тобуткашмиз,ахир…
Кап-катта,савлатидан от ҳуркадиган, қишлоқда каттаю-кичик “эшон
бува” деб ҳурматига қўл қовуштириб, доим турдан жой кўрсатадиган бу одамнинг марҳум отасининг номини ўртага қўйиб ёлвориши йигитнинг кўнглини сал юмшатди.
–Хўп,майли,ёзнинг бошларида йигитчанинг ўзи бир келсин.Танишайлик-чи? – деди хайрлашаркан.
…Абдимурод кечқурун ишдан келса уйда тоғаси ўтирибди.Басавлат, шоп мўйлов бу одамни ўқувчилик пайтларида кўча-кўйда учратиб қолар, рўбарў келганларида “яхшимисан,жиян” деб ўтарди. Аста-секин Абдимурод ҳам уни “тоға” дейдиган бўлди. Ҳамдамхонни у отасининг жанозасида учратганидан бери қайтиб кўрмаган, эсидан ҳам чиқай деб қолганди.Ўша тоғаси бугун Тошкентдай шаҳри азимдан сўраб-суриштириб,уйини топиб келибди.Улар қучоқлашиб кўришдилар.Узоқ сўрашдилар.
Абдимурод катта бир институтда ўқитувчи.Тўғрироғи, кафедра мудири, илмий иш олиб бораяпти.Қишлоқдошларининг таъбири билан айтганда: ”Хоҳласа икки-уч болани жойлаштириб қўя оладиган катта домилла”.
–Яшанг жиян! Асли ўзимизга тортгансизда. Шундай катта шаҳарда ишлашнинг ўзи бўладими? – Тоға ҳар гапида жиянини мақтарди.
Қишлоқдаги ўзгаришлардан гаплашдилар. Янги бошлиқлар,полвонлар,марҳумлар ва тириклар, хуллас,ўша куни қишлоқда қулоғи шанғилламаган одам қолмади ҳисоб. Охири тоға муддаога ўтди.
–Жиян, – деди салмоқлаб,– энди бир хизматингизни аямайсиз.Сизни қора тортиб келдик.
–Хўш-ш,қандай хизмат экан, – сергакланди Абдимурод.–Агар қўлимдан келса…
–Катта ўғлимиз бу йил мактабни битираяпти.
Абдимурод масалага тушунди.Ўйланиб қолди. Бироз тараддудланиб, юмшоқлик билан тушунтиришга уринди.
–Тоға,мен бунақа ишни ҳеч қилмаганман.Қолаверса,ўз кучи билан киргани маъқул.Илмнинг қадрига етади.
–Қанақа иш? Мен сизга ўғирлик қилинг деяпманми? Ё одам ўлдиринг деяётган бўлмасам.Қўлингиздан келадиган ишни сўраяпман.Майли,тортинмай айтаверинг.Қанча харажати бўлса,розиман.Пул қўлнинг кири.Мирвалихон одам бўлса бўлгани.
–Тушунсангизчи,бунақа ишларга ҳечам аралашмаганман.Бундан кейин ҳам.–Энсаси қотди Абдимуроднинг.
Жиянининг гапини тоға ўзича тушунди.”Устозинг дурустга ўхшайди-ку!” Ёнидан бир даста пул чиқариб хонтахта устига ташлади.
–Домла-помлангларга чой-пой оберарсан…–Тўсатдан сенсиради у.
Абдимуроднинг ранги бўздай оқарди.–Оли-и-нг! – дея олди зўрға.Овози титраб чиқди.
Ҳамдамхон пулни йигит томон суриб қўйди.–Ҳали бу хамир учидан… – У гапини тугатолмади.
–Ол! Олинг деяпман!!! – Бақириб юборди Абдимурод.
Ўша куни тоға билан жиян бошқа гаплашмадилар.Абдимурод тун бўйи ухлолмай чиқди.Хаёли ўтмишга,ўзининг абитуриентлик даврига олиб қочди.
…Адабиётдан оғзаки имтиҳон борарди.Кетма-кет икки йил “йиқилган” Абдимурод жуда пухта тайёргарлик кўрган бўлиб, ҳар қандай саволга фақат “беш”га жавоб бераман, деб ўйларди. Паст бўйли,ўрта ёшлардаги домла Абдимуроднинг жавобларини бепарволик билан эшитди-да,лабини чўччайтириб “уч” дея синов варақасига қўл узатди. Йигит ўзи билмаган ҳолда “Нега?” деб юборди.Тўғрироғи,оғзидан чиқиб кетди.”Икки” деди домла ғолибона тиржайиб.
–Тўхтанг-чи, Аъзам Акрамович,– боядан бери Абдимуродни диққат билан тинглаётган нозиккина, сочларига оқ оралаган аёл – иккинчи ўқитувчи унга мурожаат қилди.
Абдимурод аёлга нажот билан боқди.Аёл Аъзам Акрамовичнинг қўлидан йигитнинг синов варақасини оларкан,эътироз билдирди:
–Йигитнинг жавоблари анча дадил-ку,домла?! –Сўнгра Абдимуродга юзланди.
–Укажон,– деди мулойимлик билан,– Сиз билет саволларига тўғри жавоб бердингиз.Хўп десангиз, яна иккита савол бераман.
Аёлнинг овозидаги майинлик йигитни дадиллантирди.Боши билан “розиман” ишорасини билдирди.Аёл домла ҳар бир саволга берилаётган жавобларни тингларкан, боши ва кўзи билан “маъқул” ишорасини билдирарди.Ниҳоят тўлиқ қаноатланди,шекилли,овозини чиқариб “Яхши,яхши,жуда яхши!” деди.
Аъзам Акрамович орага суқилди:
– Майли,”уч” қўяқолинг, Раънохон.Иккинчи марта маҳмаданагарчилик қилмайди.
– Нега энди?– Аёл унга қаттиқ тикилди.Юзида қатъият ифодаси пайдо бўлди. Қорачиқлари кенгайиб, қошлари чимирилди.– Бу баҳо билан у конкурсдан ўтолмайди.Бола бечорага жабр бўлади.Бугун имтиҳон топширганлар ичида энг тўлиқ жавобни шу йигитдан эшитдим.Комиссия чақирамиз!
Комиссия аъзолари унинг билимини “аъло”га баҳолашди.Қувончдан энтикиб эшикка йўналаётганда аёл уни тўхтатди.
–Адабиёт муаллимингизга менинг номимдан раҳмат айтиб қўйинг,ука. –Унинг кўзларида нур порлар эди…
Ҳали-ҳали ҳаётда бирон мушкулотга дуч келса, эсига шу воқеа тушади.Қалбида эзгуликнинг, адолатнинг тимсоли сифатида яшаб келаётган ўша устоз-муаллиманинг нурли сиймоси,меҳр билан боқувчи кўзлари,қатъий чеҳраси кўз олдида жонланаверади.
Абдимурод тоғасини поездга кузатиб қайтаркан, ўйланиб қолди.Энди бир умиди тоғасининг ўғли Мирвалидан. Агар у ҳам ота тарбиясини олган бўлса, унда тоға-жиянчилик барҳам топди деяверинг.
1981 йил.