Тошкентда Грузин киноси кунлари бошланди

18 декабрь куни Республика киночилар уйида Грузин киноси кунлари бошланди. Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ташкил этган тадбир доирасида грузин кино санъати тарихига бағишланган фотокўргазма ҳам уюштирилди. Маданий тадбирнинг очилиш маросимида Зураб Кипшидзе, Баадур Цуладзе, Георгий Накашидзе, Гуджа Бурдули каби таниқли грузин актёрлари ҳам иштирок этди.

– Ўзбекистонда қадрдон дўстларим бор. Бугунги тадбир баҳонасида улар билан кўришдим. Бир муддат маданий алоқаларимиз сусайиб қолди. Қайта кўз очган булоқ каби алоқаларимиз қайта жонланаётганидан хурсандман, – дейди биз билан суҳбатда Грузияда хизмат кўрсатган артист, “Ника” мукофоти совриндори Зураб Кипшидзе. – Ўзбекистонлик томошабинлар эътиборига турли даврларда олинган фильмларимиз намойиш этилмоқда. Масалан, тадбирни очиб бераётган “Кето ва Коте” фильми 1948 йилда суратга олинган. Ҳажвий жанрдаги картина бир қарашда шунчаки маиший мавзуга бағишланган, аммо унинг мазмуни теран таҳлил қилинса, салмоқли ғоялар илгари сурилганини кўриш мумкин. Грузин кино ижодкорлари бугунги мураккаб даврда ҳам изланишларни давом эттирмоқда. Масалан, 2013 йилда суратга олинган “Мандаринлар” фильми “Оскар” мукофотига номзод бўлди.

Тадбирнинг илк куни “Кето ва Коте” ҳамда “Биринчи қалдирғоч” бадиий фильмлари намойиш этилди. 19-20 декабрь кунлари эса “Кузги қуёш”, “Верий мавзеси тароналари”, “Бедорлар қуёши”, “Якка овчи”, “Ошиқ ошпазнинг 1001 рецепти” каби бадиий ҳамда қисқа метражли фильмлар намойиши режалаштирилган.

Грузияда кино санъати XX аср бошларида пайдо бўлган. Ўтган асрда грузин кинематографияси довруғини дунёга ёйишда Резо Чхеидзе, Тенгиз Абуладзе, Отар Иоселиани, Георгий Шенгелая, Михаил Кобахидзе каби атоқли режиссёрларнинг хизмати катта бўлди. Енгил юмор, бой миллий колорит, тагдор рамз ва метафора грузин киносига хос муҳим аломатлардир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳатто шўро замонида ҳам грузин кино усталари ҳукмрон мафкура тушовларини узиб, умрбоқий картиналар яратишга муваффақ бўлган. Масалан, режиссёр Тенгиз Абуладзе 1984 йилда суратга олган “Тазарру” фильми нуфузли Канн фестивалининг бош совринига сазовор бўлган.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақола:

Константин Жгенти: “Грузин киноси кунлари дўстлигимизни янада мустаҳкамлайди”. 12.12.2015