Тоҳир Қаҳҳор 1953 йил 9 майда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1991). ТошДУнинг журналистика факультетини битирган (1975).
Республика радиосининг адабий-драматик бўлимида муҳаррир, «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим (1979—1986), Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Шоирнинг дастлабки китоби эса 1980 йилда «Оқ ўрик» номи билан чоп этилган. Шундан сўнг унинг «Оқаётган дарё» (1982), «Осмон кимники?» (1984), «Эшик тақил-лаётир» (1984), «Кун кўзи» (1987), «Юлдузлар менинг боғим» (1988), «Тоғнинг парвози» (1990), «Оташгиёҳ» (1992) каби шеърий китоблари нашр этилган. «Ҳур Туркистон» (1994) мақолалар тўплами ҳам бор.
Туркияда нашр этилган «Замонавий ўзбек шеърияти» антологияси (1995, 3 жилдли) тузувчиларидан бири.
Тоҳир Қаҳҳор Г. Г. Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси», Н. Отсизнинг «Кўкбўриларнинг ўлими» (2001) романи, турк шоири Зиё Кўкалпнинг «Эргенўкўн» достони ва қатор шеърларини, форс адабиёти намояндалари Ҳофиз Шерозий ва Абдураҳмон Жомий ғазалларини, араб адабиёти вакиллари Абу Таммом, Ал-Маарий ва бошқа кўплаб Шарқ ва Ғарб адабиёти намояндаларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Исмоил Аканинг «Амир Темур даври тарихи» (1996) китоби ҳам Тоҳир Қаҳҳор таржимасида нашр бўлган.