Бугун жуғрофия ўқитувчиси дарсга келмади. Хомток қиламан, деб сўридан йиқилиб, оёғини синдирипти. Ажойиб «хушхабар»дан кейин бир зумда синф бўшади-қолди.
Бундай қулай пайтдан фойдаланай деб, Сотволди уйга эмас, шаҳар марказидаги «Маданий моллар» магазинига қараб йўл олди. Батареяси ўтириб қолгани учун чўнтакда олиб юрадиган совун қутичасидек радиоси гапирмай қўйган.
У дўконга келганда соат беш минути кам бир бўлганди. Эшикни тортди, очилмади. Пештахта орқасида стакандан лабини чўччайтириб қайноқ чой хўплаётган сотувчи Суйдихон эшик томонга имо қилди. Сотволди ҳали шошганидан қарамаган экан. «Перерив» деган ёзув илиб қўйилганини энди кўрди.
Суйдихон атир шишасини чайқатиб қопқоғини чиқарди-да, икки қулоғининг тагига, томоқларига тегизди. Кейин ойнакка қараб сочларини тузатган бўлди. У эшикка чиқиб, дўконни қулфлаётганида Сотволди илтижо қилди.
— Опажон, иккитагина батарея керак бўлиб қолувди, берворақолинг, катта танаффус тугамай дарсга етиб борай.
Суйдихон унинг гапларини эшитмади. Эшитса ҳам парво қилмай ҳаммаёқни атир ҳидига тўлдириб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди.
Эшик олдида сигарета, жевачка, «Сникерс» сотиб ўтирган кампир ёнига соч-соқоли ўсиб кетган, белбоғига қиличдек пичоқ осган бадхўр бир бесўнақай йигит келди.
— Биззи хотин қани? — деди у.
Ундан саратон офтобида қолган қозонсочиқнинг қўланса ҳиди буруқсиб кетди.
— Абетка кетди, — деди кампир. — Вой болам-е, яна ичибсан-да. Мунақа қилаверсанг, бир кун эмас, бир кун хотининг сени ташлаб кетади-я!
Маст унинг гапларига парво қилмай қўл силтади.
— Ўн сўм қарз бериб туринг, хотиним келганда беради.
— Бермайди. Тунов куни олган беш сўмни зўрға ундирдим. Бундан буён эрим пул сўраса берманг, деб тайинлаган. Ўзинг бинойидек қўли гул қассобсан. Топиш-тутишинг ҳам икки рўзғорга етарди. Топганингни шу арақ ўлгур сўриб ташлади.
Маст бир мункидию одамлар оқимига қўшилиб кетди.
Қассобларнинг хотинларига осон тутиб бўлмайди. Ҳар куни бир ўлимдан қоладилар. Айниқса маст қассоблар тушларида ҳам алаҳсираб мол сўядилар. Уйқусираб хотинини сўйиб қўйганлар ҳам кўп бўлган. Шунинг учун ҳам қассобларнинг хотинлари кечаси пичоқ, болталарни бекитиб қўядилар.
Сотволди нима қилишини, қаёққа боришини билмай, ҳайрон турарди. Сотувчи опа бир соатсиз келмайди. У кўчанинг нариги бетидаги истироҳат боғига кириб музқаймоқ емоқчи бўлди. Аксига олиб, музқаймоқ дўкони ҳам берк экан. У боғ айланиб анча юрди. Анҳор бўйидаги мажнунтол тагида ўтириб дам олмоқчи бўлди. Бу ердаги скамейка ҳам банд. Икки ошиқ-мошиқ бир-бирининг пинжига суқулиб, хўрсиниб ўтиришипти. Улар анҳорга қараб ўтирганликлари учун орқада ким борлигини билишмасди. Эркак бўйнини чўзиб аёлнинг юзидан ўпди. Аёл қиқирлаб кулди. Шунда йигит уни елкасидан тортиб ўзига қаратди-да, яна чўпиллатиб ўпа бошлади. Йигитнинг дўпписи скамейка орқасига тушди. Қўл узатиб олаётганда кўзи Сотволдига тушдию қимирламай қолди. Ердан олган дўппи худди бир тонналик юк бўлиб туюлди. У дўппини нима қилишини билмай бақрайиб тураверди.
У Сотволдининг дадаси Тўлаган эди. Ота-бола анча пайтгача кўз уриштириб қолишди. Охирги Тўлаган ғазаб билан боласига ўшқирди:
— Мактабга бормай буёқларда нима қилиб юрибсан, аҳмоқ?!
— Ўзингиз ишга бормай, бегона хотин билан нима қилиб юрибсиз? — деди Сотволди ҳам бўш келмай. Тўлаган ёнидаги жувонга қаради.
— Сиз кетаверинг, чойимизга пашша тушди. Бу аҳмоқ билан ўзим гаплашиб қўяман.
Жувон ўрнидан турганда Сотволди унинг юзини аниқ кўрди. У «Маданий моллар» дўконидаги Суйдихон эди. У бетартиб очилиб кетган ёқасининг тугмаларини қадаб, икки кўкрагининг тагини кафти билан беозор кўтариб, Сотволдига еворгудек бўлиб қаради. Кеиин қизил қум сепилган йўлкадан жаҳл билан юриб кетди. Ота-бола боғ дарвозасигача жим келишди.
— Ўзинг яхши боласан-ку, ойингга айтмай қўяқол, — деди ялинган оҳангда дадаси.
— Айтаман, — деди қатъий қилиб Сотволди.
— Айтма, болам, ойингни жаҳлини биласан-ку.
— Барибир айтаман. Сизни бир каратэ қилиб қўйсин.
Сотволдининг онаси ростдан ҳам аёллар ўртасида қаратэ бўйича мамлакат чемпиони эди. Оёғининг бети билан иякка тепса, ҳар қандай одам ҳам чирпирак бўлиб кетади.
— Жон болам, айтма. Айтмасанг, батарей олиб бераман.
— Чироғингизни пишириб енг. Магнитофон олиб берсангиз айтмайман.
— Вой-бў, жуда қиммат нарса-ку. Бўпти, сен кетавер, кечқурун ўзим олиб бораман.
— Ҳозир олиб берасиз.
— Оббо, жудаям хирасан-да. Лўлимисан, нима бало. Бола эмас, шилимшиқ, шилқим бир нарса экансан. Бўпти, юр.
— Японскийсидан бўлсин…
Тўлаганнинг тишлари қичирлаб кетди.
Хуллас, Сотволди уйга яп-янги магнитафонини кўтариб келди. Эртасигаёқ бу хабар ўртоқларининг қулоғига етди. Етти-саккиз бола ҳар хил кассеталарни опкелиб роса бақиртиришди.
Кечқурун Марҳаматхон эрига ҳасрат қилиб қолди:
— Болангизни тергаб қўйинг, уйимиз бозор бўлиб кетди-ку.
Тили қисиқ Тўлаган ўғлига гўрни бир нима деёладими.
— Ҳа, энди, бир-икки кунда кўнглига тегади, тинчиб қоласан, — деб қўяқолди.
Тўлаган ишдан келса хотини тўрсайиб ўтирибди. Ярамас бола сирни очиб қўйган шекилли, деб юраги орқага тортиб кетди. Ўғлини четга чақириб, ойингга ҳеч нима демаганмидинг, деди қўрқа-писа.
— Йўқ, — деди Сотволди. — Энди айтмоқчи эдим.
— Айтакўрма. Айтсанг калтак ейсан, — деди у боласига пўписа қилиб.
— Видео олиб берсангиз айтмайман. Бўлмаса албатта айтаман.
Тўлаган дод деб юборай деди. Урмоқчи бўлиб мушт кўтарди, мушт боланинг бошига келганда панжалари ёйилиб кетди. Бошини силай бошлади.
— Жон болам, айтмагин.
— Айтаман.
— Болам, болажоним, дўмбоқ болам, оппоқ болам…
— Лаганбардорлик қилманг, фойдаси йўқ.
Ичкари уйдан Марҳаматхоннинг овози келди.
— Ота-бола нимани гаплашяпсизлар?
Тўлаган шошиб жавоб қилди.
— Футболчи Миржалол Қосимов тўғрисида гаплашяпмиз.
— Гап битта, — деди Сотволди. — Ё видео олиб берасиз, ё ойимдан калтак ейсиз. Хоҳлаганингизни танланг. Аммо-лекин эртага кундуз соат ноль-ноль иккида видео столимнинг устида бўлсин, — дедию чиқди-кетди.
Тўлаган пешонасига шапиллатиб урганича қолди.
Эртасига ўқишдан воҳликкина қайтган Сотволди соат икки бўлиши билан эшик олдига чиқди. Дадаси билан ишлайдиган киши машинада ҳали картон қутиси очилмаган видео билан иккита кассета олиб келди.
Сотволдининг ётоғи ҳар хил нарсаларга аста тўлиб борарди. Айтганча, у Суйдининг дўконига бориб, бермасанг, эрингга айтаман, деб битта фотоаппарат билан беш-ўнта рангли плёнка ундириб келди. Ўша кундан бошлаб Сотволдининг кўзидан витринада турган видео камера кетмай қолди. Барибир, шуни ҳам ундираман, деб дилига тугди.
Бу бола эр-хотинга жуда қимматга тушганди. Негадир уларнинг болалари турмасди. Икки-уч ойгина яшаб, уларни доғда қолдириб кетарди. Мана шу Сотволди дунёга келганда ирим қилиб болани туғуруқхонадан ўзлари эмас, қўшнилари Анзират хола олиб келган ва икки киши гувоҳлигида уларга минг сўмга сотган эди. Номининг Сотволдилиги ҳам шундан эди.
— Хотин, — деди Тўлаган бир куни. — Бир нарсага ҳайронман. Менинг бурним япасқи, сенинг иягинг паст. Мен буғдойранг, сен оппоққинасан, боламиз нечукким қирра бурун, қоп-қора, сочлари жингала, худди Пушкиннинг бола пайтига ўхшайди. Мабодо туғуруқхонада бировнинг боласига айрибоши қилиб қўйишмаганмикин? Уруғимизда бунақанги башарали одам бўлмаган эди шекилли. Лўли-пўлининг боласи эмасмикин?
— Э, гапингиз қурсин…
— Ўша сен ётган роддомда биронта лўли хотин туғмаганмиди?
Марҳаматхон ўйланиб қолди.
— Қайдам. Бир лўли хотин бола кўрди, дегандек гап бўлганди шекилли.
Тўлаган икки тиззасига шапиллатиб уриб, ўрнидан туриб кетди.
— Ана, айтмадимми? Бу бола лўли, қилиқлари ҳам лўлича. Дутор олиб бердим, қарамади, рубоб олиб бердим, ушлаб ҳам кўрмади. Чилдирма олиб келганимда қўлимдан юлиб олди-ю, даранглатиб чалишга тушиб кетди. Лўлилар чилдирмага ўч бўлади-да. Ўн иккига энди кирди, мўйлаби чиқяпти. Умуман, лўли болаларнинг мўйлаби тез чиқади дейишади.
Тўлаганнинг кўнглига ғулув тушди.
— Ҳамма айб Анзират холада. Туғуруқхонадан қанақа болалигини суриштирмай, қанақасини берса индамай кўтариб келаверган.
— Ўлган одамнинг орқасидан маломат қилманг, гуноҳга ботасиз. Уялинг-е, ўз болангиздан тонмоқчисиз-а? Боламиз, худога шукур, эсли-ҳушли, ойдек бола. Ҳали кўрасиз, бир-икки йилда лочиндек, қарчиғайдек бўлиб кетади. Бу гапни бир айтдингиз, иккинчи оғзингизга олманг.
— Хўп, хўп, — деди айтган гапидан пушаймон бўлган Тўлаган. — Бир айтдим-қўйдим-да.
Сотволди «Маданий моллар»га келганда Суйдининг эри пештахтага тиралиб, ана йиқиламан, мана йиқиламан, деб аранг турипти. Сотволди уни кўриб эски қадрдонлардек қуюқ кўриша кетди.
— Амаки, яхши юрибсизми, кўринмайсиз? Одамлар сизни жуда зўр қассоб, молни оёғини бойламасдан сўйиб ташлайверади, дейишади. Шу ростми?
— Рост, — деди у.
Суйдихоннинг бу хира, безбет, шилқим бола эримга қадрдон чиқиб қолди-ку, ҳамма гапни айтиб берган бўлса-я, деган гап кўнглидан ўтди.
— Ҳой, оповси, эр-хотин гаплашаётганда ўртага тушмада, ўргилай. Ҳозир сен чиқиб тургин, амакинг кетганларида ўзим чақираман.
Сотволди мастга қараб, бўпти, амаки, ҳали гаплашамиз, деб ташқарига чиқиб кетди.
Кампир эшик олдида касод бозоридан нолирди.
— Шу бугун олтитагина жевачка сотдим. Манави сўқим ёнимга келиб ўтириб олади. Болалар унинг важоҳатидан қўрқиб, яқинимга келишмайди.
Кампирнинг ҳасратидан чанг чиқарди.
— Биласанми, болам, бу пиёниста ўлгир аввалги хотинини сўйиб қўйиб, ўн икки йил ётиб келган. Шундан кейин ҳам кўзи очилмади.
Сал ўтмай маст гандираклаб-гандираклаб, қўлида иккита беш сўмликни ғижимлаганча чиқиб вино дўконига кириб кетди. Сотволди ичкарига кирди.
— Амакингга ҳеч нарса демадингми? — деди Суйди хавотирланиб.
— Энди айтмоқчийдим, гаплашгани қўймадингиз-ку.
— Жинни-минни бўлганмисан, тунов куни фотоаппарат берганимда бировга айтмайман, деб сўз бергандинг-ку, нега айниб қолдинг?
— Мени лақиллатаман, деб ўйламанг. Бу битта фотоаппарат билан битадиган иш эмас.
— Ҳа, нима билан битади, бўлмасам? — деди алам билан Суйди.
— Жирилламанг, эрингиз аввалги хотинини сўйиб қўйганини эсингиздан чиқазманг.
Суйдининг кўзлари тиниб кетди. Бу безбет болани мима қилса бўлади. Уриб бўлмаса, сўкиб бўлмаса. Айтган парсасини бермасанг, шармандангни чиқарса. Э, худо, қандоқ балога гирифтор қилдинг мени.
— Айт, яна нима деб келдинг?
Сотволди биқинига «Тошиба» деб ёзилган видеокамерани имлаб кўрсатди.
— Вой, мени хонавайрон қиласан-ку, биласанми, бу камера неча сўм туради?
— Мен билишим шарт эмас, сиз билсангиз бўлди-да.
— Айнанай, сендан, ўргилай сендан, сал арзонроқ иарса сўрагин. Эрим ўлгир-ку, совдадан пеш тушган пулни пеш олиб турипти. Энди сенинг қилиғинг ортиқча бўляпти. Чўнтакда олиб юрадиган транзистор радио берақолай.
— Уни кейинги келганимда берасиз.
— Вой менгина ўлай, ҳали яна келаман дегин.
— Албатта-да, — деди Сотволди. — Тез-тез келиб тураман. Камерани берасизми ё бермайсизми? Битта гапиринг. Ҳозир ташқарига чиқиб келай, амаким кетиб қолмадимикин?
— Шошма, — деди Суйди жаҳл билан, камерани пештахта устига тақиллатиб қўяркан. — Ма, ол, худоё худовандо шу камера…
— Қарғаманг. Жаҳлим ёмон. Рози бўлмасангиз, олмайман.
— Вой, ноз қилади-я, бу безбет.
Сотволди камерани кўтариб чиқиб кетаркан, Суйди орқасидан жовраб қолди.
— Шу дўконда иккинчи қорангни кўрмай. Мени бўғизлаб кетдинг! Ўлдирдинг!
Унинг безовта овозидан ҳушёр тортган эри эшикка бош суқди.
— Нима гап,тинчликми?
— Дўконда каламуш пайдо бўлибди. Кўриб қўрқиб кетдим.
— Кап-катта хотин каламушдан қўрққанингга ҳайронман.
Сотволдининг дадаси Суйдихонни ўпганга ҳам бир ойдан ошди. Бу орада Сотволди дадасидан моторли вслосипед, Суйдихондан нархи палон пуллик рангли телевизор, дадасидан жез тугмали костюм, Суйдихондан қўнғироқ чаладиган электрон соат, дадасидан кўчада юриб ҳам гаплашадиган масофали телефон, Суйдихондан компьютер ўйин ундирди. Булар ҳали ҳолва. «Маданий моллар»да кўзини ўйнатиб турган бутун дунёдаги жами телекўрсатувларнн бемалол оладиган спутник антеннасини мўлжаллаб қўйган.
Бирон ҳафта оралатиб Сотволди ўша антеннани ундиргани «Маданий моллар»га борган эди, дўкон берк экан. Нима қилишини билмай ўйланиб турган эди, жевачка сотадиган кампир:
— Кутмай қўяқол, болам. Суйдихон бояқиш ҳали-бери келмайди. Дўкон печатланган. Ревизиядан қирқ бир минг камомад чиқди. Уч кун ичида тўлаб қўймасанг, ишингни судга оширамиз, дейишипти. Бечора бўйнидаги ўн олти қатор марваридларини, билагузугу зиракларини рўмолчасига тугиб бозорга кетди.
Тавба, Сотволдининг ҳисобига қараганда, камомад ўттиз саккиз минг бўлиши керак эди-ку. Нега бунақа кўп ҳисоблашдийкин…
Сотволди спутник антеннасидан умидини узиб, дадасининг дўкони томон кетди.
Кичкинагина тижорат дўконида дадаси шериги билан жанжаллашаётган экан.
— Ахир шу бир ой ичида 22 минг сўм олдингиз. Аввалги ойда олганларингизни қўшиб ҳисоблаганда 54 минг сўм бўлади. Бу дўконни очганимизда иккаламиз 50 минг сўмдан қўшган эдик. Энди сиз билан ора очиқ бўлдик. Шерикликдан чиқдингиз, калитни беринг…
Оббо тулки-е, уч минг сўм қўшиб ҳисоблади-я. Дадамнинг қанча олганини мен биламан-ку.
Сотволди қолган гапларни эшитмай орқасига қайтди. Мана, икки ойдирки, у на Суйдихондан, на дадасидан бирон нима ундиради.
Дадаси ҳар куни эрталаб мардикор бозорига чиқиб кетганича кечқурун қоронғи тушганда ҳориб-чарчаб қайтади. Ёстиққа бош қўяди-ю, пиш-пиш ухлаб қолади.
Дадасига раҳми келган Сотволди бир кўнглида: «Дадамни тилла магазинида ишлайдиган Доно хола билан таништириб қўйсаммикин», деб ўйлаб ҳам кўрди. Марваридлари шода-шода, узуклари, зираклари бриллиант. Нимаси қийин, гапга солиб туриб битта ўпса бўлди. Эри баджаҳл мелиса, тўппончасиям бор. Буёғини менга қўйиб берсин. Эрингга айтаман, десам, тамом. Боплайман.
Кунора даромад қилиб ўрганган Сотволди «бечора» жудаям сиқилиб кетди. Охири велосипедига қўнғироқ олиш учун «Динамо» магазинига борган эди, тротуарга табуретка қўйиб жевачка, сигарет, лоторея сотаётган Суйдихонни кўриб қолди. Унинг ёнида эри емга тўйган буқадек бўлиб пишқириб, қиличдек пичоғи билан тирноғини олиб ўтирарди.
Энди Суйдихоннинг ҳар биттаси тешиккулчадек келадиган тилла билагузуклари, шода-шода марваридлари, бриллиант кўзли узугу зираклари йўқ эди. Кийимлари ҳам, пардози ҳам илгаригича эмас.
У Сотволдини кўрди-ю, оёғи остида ётган яримта ғиштни олиб унга қараб интилди.
— Э, ўпмай даданг ўлсин. Ўптирмай мен ўлай…
Сотволди одамлар оқимига шўнғиб кетди.