Шеъриятга юлдуздек чақнаб кириб келган ва миллий тафаккурга ислоҳ киритган шоирлардан бири — Абдулла Орипов. Унинг солиҳ асарлари ёруғлик кўрган кун шеърият шайдолари дилида унутилмас из қолдирган. Сурур ё маҳзунлик, шоирона кайфият руҳимизни чулғаб олса, аксар ҳолларда Абдулла Орипов сатрлари турнадек тизилиб, беихтиёр хаёлимиздан кеча бошлайди:
Қайдадир шоира куйлайди беҳол:
— Кўнглим ҳам бу кеча ойдай яримта…
Умумтаълим мактабларида адабиётдан сабоқ дастури (лойиҳа)да Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” (V синф), “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Она тилимга”, “Дорбоз” (VI синф), “Она сайёра” (VIII синф) шеърлари ҳамда “Жаннатга йўл ” (XI синф) драматик достони таҳлилига алоҳида вақт ажратилган. “Ўзим ҳақимда” деган камтарона сўзини қуйида эълон қилаётирмиз. Бундан мурод — тил ва адабиёт ўқитувчиларига кўмак бериш, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида бирмунча ёрқин тасаввур уйғотишдир.
ЎЗИМ ҲАҚИМДА
Мен 1941 йил 21 март куни Қашқадарё вилоятининг ҳозирги Косон туманига қарашли Некўз қишлоғвда туғилганман. Болалик йилларим кўҳна Қўнғиртов этакларида кечди. Бироқ, у жойда дов-дарахт ўсмас, чучук булоқлар йўқ, қудуқ суви ҳам ниҳоятда шўр ва нордондир. Фақат баҳорнинг қисқа фаслида кўклам ёмғиридан баҳра олган бахмалдай майсалар, анвойи гиёҳлар ўсади. Лекин уларнинг умри ҳам баҳорнинг ўзи янглиғ ўткинчидир. Ичимлик сувини олти-етти чақирим наридан кўзаларда ташиб келтирар эдик. Саратоннинг олов уфуриб турган кунларида ҳаётимиз гўё бир маромда кечар эди. Сув таширдик, ғалла ўрардик. Урушдан кейинги йилларни яхши эслайман. Қишлоқ кўчаларида қўлтиқтаёқда собиқ жангчилар ўқтин-ўқтин кўзга ташланар, одамларнинг кун кечириши ғоятда ночор эди. Бироқ, бирор оила қишлоғимизни ташлаб бошқа жойларга кетиб қолишмаган. Энди ўйласам, ҳамма ерда ҳам қийинчилик бир хил бўлган. Лекин болалик йилларим фақатгина мунгли хотиралардангина иборат эмас. Ҳайратнинг кўзлари катта бўлади, дейишади. Айниқса, ёшлик чоғларингда олам кўзингга бошқачароқ кўринади, сирли туюлади. Баҳор ёмғиридан кейинги сел тошқинлари, бепоён адирлар ортидаги уфқ, тоғ этакларида ҳазин хониш қилиб кезган меҳмон турналар, шувоқзорларда яйраб юрган оҳу уюрлари, ва ниҳоят, жанубнинг тим қора осмонида қандилдек осилиб турган улкан-улкан юлдузлар…
Балки бу манзаралар ҳанузгача қайлардадир бордир. Лекин менинг болалик йилларим эса сира қайтмас бўлиб ортда қолиб кетди. Ана ўша чоғларда мен қўлимга қалам олиб, биринчи шеъримни ёза бошлаган эдим. Оиламиз ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам: отам Ориф бобо Убайдулло ўғли тўқсонни қоралаб қолганлар. У кишининг бутун ҳаёти қишлоқ ҳудудида меҳнат билан ўтган. Раҳматли онамни Турди Карвон қизи дердилар. Онам 1966 йили ҳаётдан кўз юмдилар. Онамнинг хотирасига бағишлаб кўплаб шеърлар битганман. У зотнинг унутилмас меҳри қошида ўзимни ҳанузгача қарздор ҳисоблайман.
Онам табиатан ғоят таъсирчан аёл эдилар. Ўчоқ бошидами, тандир ёнидами иш билан машғул чоғларида қадимий маҳзун байтларни такрорлашлари ҳанузгача эсимдан чиқмайди:
Гулираънонинг тагида ювма сочингни, ювма сочингни, Шаҳло кўзгинангдан тўкма ёшингни, тўкма ёшингни. Шаҳло кўзингдан тўксанг ёшингни, тўксанг ёшингни, Оларман-да кетарман ёлғиз бошимни, ёлғиз бошимни.Оиламиз катта, рўзғорда тўрт ўғил, тўрт қиз ўсганмиз. Мен ўғиллар орасида кенжасиман. Акаларим турли олийгоҳларда таҳсил кўришган. Уларнинг йиққан китобларини обдан ўқиб чиққанман. Кўпгина адибларни ўша пайтдан ғойибона таниганман, илк шеъримни ўшаларга эргашиб ёзганман.
1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Тошкент Давлат дорилфунунининг (ҳозир ЎзМУ) журналистика куллиётига ўқишга кирдим. Ана ўша йиллардан буён Тошкент ва унинг муҳити мен учун қадрдон масканга айланиб қолди. Мен бир нарсага аминманки, табиат кишига қанчалик истеъдод бермасин, агар уни муттасил ўқиш-ўрганиш билан, қисқаси, илм ва меҳнат билан мустаҳкамлаб бормаса, бирор натижага эришиши мушкулдир. Шу маънода мактабдаю дорилфунунда таълим берган устозларимни чуқур миннатдорчилик билан эслайман.
Лекин, у маҳалларда жамиятнинг ҳақиқий феъл-атвори биз тенгиларга унчалик маълум эмас эди. Кўпгина адибларнинг фожеавий тарихлари очиқ айтилмас, китоблари нашр қилинмас, дин қатағон этилган, она тилимизнинг мақоми паст, адабиётимиз тарихи ҳам махсус кўрсатмалар асосида ўқитилар эди. Шундай шароитда “қалтис” мавзуларда шеърлар ёзиб, балога ҳам қолганмиз. Ижодим жараёнида кўпгина шеърий тўпламларим нашр этилди. “Митти юлдуз”, “Онажон”, “Руҳим”, “Ҳайрат”, “Юзма-юз”, “Йиллар армони”, “Ишонч кўприклари” ва ҳоказолар шулар жумласидандир. “Жаннатга йўл”, “Ҳаким ва ажал”, “Ранжком” каби достонларим бор. Кейинги пайтларда тарихимизнинг бой маънавий қадриятларидан таъсирланиб, “Ҳикмат садолари” китобимни ёздим. Асарларим кўпгина тилларга таржима қилинган. Шунингдек, ўзим ҳам таржима ишлари билан шуғулланаман. Буюк итальян шоири Дантенинг “Илоҳий комедия” (“Дўзах”) асарининг таржимасини бу соҳадаги меҳнатимнинг энг муҳим маҳсули деб ҳисоблайман. Хуллас, ўтган даврнинг баланд-пастидан мен ҳам бебаҳра қолмаганман.
Бироқ мен учун энг катта сийлов камтарин ижодимга халқимнинг муҳаббатидир. Яна шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки. 1981 йилда “Ҳаким ва ажал” достоним учун Ўзбекистон Давлат мукофотига ҳамда 1990 йили “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлдим. Оилам, олти нафар фарзандим бор.
Режаларим, албатта, кўп. Қадрли ўқувчиларим билан наинки китоб саҳифалари орқали, балки яна узоқ йиллар юзма-юз кўришиб туришни орзу қиламан.
“Мен нечун севаман Ўзбекистонни” (1964 йил)
— Йигирма саккиз йил бурун ёзилган.
Қочган ҳам, қувган ҳам худо дейди. Ҳозир қаҳрамонлар кўпайган. Ўша даврларнинг юксак мукофотларини биз ҳам олганмиз. Бироқ Ўзбекистоннинг она-Ватан, демакки, азиз ва мўътабар, муқаддас эканлигини камтарона ақлимиз билан фаҳмлашга уринган эканмиз-да…
“Она тилимга” (1965 йил)
— Бу шеърнинг тарихи жуда узун. Саккиз қаторлик шу шеър бошимга саккизта бомба бўлиб тушишини туш кўрибманми?
Ҳозирги ёшлар она тилимизга Давлат тили мақоми бериш ҳақидаги Қонунни “ҳатго” уддалаб бажара олишмаяпти. У маҳалларда-чи?..
Шеър чиққач, “Ҳали сенинг она тилинг борми? Ҳали сен жаҳон сотсиализми ғоясига қаршимисан? Ота-онанг ким? Қайси миллатчининг боласисан?” — деган бир дунё тазйиқ остида қолганман.
Ҳар қандай миллатда ҳам холис ва улуғ сиймолар, албатта, учрайди. Шундайлардан бири рус халқининг буюк шоири Александр Твардовский эди. Ушбу инсон ўша маҳалларда менинг уч-тўртта шеърим атрофидаги можарони эшитган, дунёга донғи кетган устозлар аралашгач, шу шеърларимнинг русча таржимасини “Новый мир” журналида эълон қилган…
Катта миннатдорчилик билан бир гапни айтиб ўтишим керак: балки қамашга, балки мени йўқ қилиб юборишга асос бўладиган ўша уч-тўртта шеърим, яъни “Она тилимга”, “Минораи калон тепасидаги лайлак”, “Ўзбекистон” каби тизмалар Александр Твардовский ҳамда Қайсин Қулиев ёрдами билан марказий нашрларда босилиб чиқмаганида эди, ўша тақдир чархпалаги қаёққа қараб айланиб кетиши мумкинлигини мен ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман.
Баъзан менга савол беришади:
— Истеъдодингиз бор. Шеърингизни қадрлайдиган бадавлат туркий нашриётлар ер юзида мавжуд. Модомики, шунча қийинчилик бўлган экан, нега сиз ўз қадрингизни билиб, вақтида чет элга чиқиб кетмадингиз?
Жавобим доимо битта:
— Юртдан мосуво бўлганларга тақдир ўзи жазо берсин. Бироқ… шунга имоним комилки, бирон-бир ўзбек чегарага етиб турганида “кет!” деб орқасига ёпишган тақдирда ҳам ё чалқанча ва ёки юзтубан Ватан тупроғига йиқилади. Менимча, бунинг изоҳига ҳожат бўлмаса керак…
Хулласки, ҳар бир шеърнинг ёзилиш тарихи кўпдан-кўп ҳодисалар билан боғлиқдир. Шу кунларда камина она тилимизнинг мавқеини таъминлаш ҳукумат қўмитасининг масъул аъзосиман. Хўш, ўша маломатлар ўринли бўлганмикан?
Менимча, бу иллатларнинг барчасига аслида муҳит айбдордир.
“Дорбоз” (1965 йил)
— Бу — тимсол шеър.
А. Пушкин номли бир боғ (ҳозир А. Қодирий номида) бўлар эди. Биз шунинг ёнидаги ҳовлида — ижарада турар эдик. Ҳар куни боғда Маъмуржон Узоқов, Фахриддин Умаров каби таниқли ҳофизлар концерт беришар эди. Жумладан, дорбозлар ҳам ғаройиб ҳунарларини кўрсатишарди.
Мен яшайдиган ижара ҳовли роҳатбоғча деб аталарди. Бу ердан ҳалиги ҳофизлар айтган ашулалар шундоқ эшитилар, дорбозларнинг ўйини эса биз — талабалар учун текин томоша эди.
Янглишмасам, дор устида ўйин кўрсатадиганлар — Тошканбоевлар сулоласи эди. Ҳаётда ўз йўлимизни топа олмай юрибмиз-у, қаранг, улар қил кўприк устида қандай санъат кўрсатаётир! Бунга қойил қолмаслик мумкин эмас эди-да. “Дорбоз” деган кичкинтой бу шеър аслида шу ўйлар боис ёзилган:
Булутларга ёндош, осмон остида: Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз. Қиличнинг дамидай арқон устида Кўзларини юмиб юрибди дорбоз. Одамлар, одамлар, уни олқишланг, Қаранг, у нақадар эпчил ва ўктам. Биз-чи, эҳ… баъзи бир кўзи очиқлар Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам.Баъзи бир улуғ адибларимиз шу байтларда ўзининг омадсизлигини акс эттирмоқчи бўлди, яъни ривожланган сотсиализм даврида айрим одамнинг фарёдини ёзди бу, дея бонг уришди. Афсуски, бу гапларга адабиётшунослик соҳасида нон еб юрган уламолар ҳам, арбоблар ҳам қўшилишди. Буни қаранг, вақти-соати билан давр барча ҳодисаларни ўзича таҳрир қилди. Вақтида мени сўфизмда айблаганларнинг ўзи бугун сўфилик қилиб юришибди…
Яна бир мисолга диққатингизни тортайин: шеърхонлар балки билишар, менинг “Оломонга” деган шеърим бор. Ўша шеър эълон қилингач, давлатнинг мартабали раҳбарларидан бири, халқни оломон дейишга нима ҳаққинг бор, деб қатъий қарши чиқди. Ўша шеър қуйидаги сатрлар билан бошланар эди:
Машраб осилганда қаёқда эдинг? Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?..Адабиётга дахлдор раҳбарлар дедиларки, Машрабга чидаш мумкин, лекин бу ўринда Чўлпонга бало борми?
Ҳар қанча уринмай, гапим ўтмади. Чўлпоннинг ўринга, майли, ўша давр сиёсий қаҳрамонларидан бирининг номини қўя қолинг, деб кўрсатма беришди. Мен эса, ўрнига Чўлпонга қисматдош, бамисоли у каби разолат қурбони бўлган исёнкор испан шоири Горсиа Лорка номини қўйдим. Аслида моҳият ўзгармаган бўлса-да, байналмилалчилик тушунчаси туфайлими ёхуд жаҳолат белгиси сифатидами, ҳар қалай, қисмати фожеий бу шоир номини қўйишга розилик беришди.
Эҳ-ҳ, гапираверсанг, гап кўп. Қани эди, эринмаган бир одам бўлса-ю, ҳар бир шеърим, ҳар бир сатримнинг элга етишувида қанчалик машаққат чекканимни сўраб-суриштирса, мен айтиб турсам, достон бўлар эди…
“Ўзбекистон” (1969 йил) ва “Она сайёра” (1969 йил)
— Кўпчиликка маълум.
Шеърхонни зериктирувчи узундан-узоқ мисралар орасида замонасозлик тарзида ёзилган байтлар ҳам йўқ эмас.
“Ўзбекистон” қасидасини эълон қилиш мен учун қийин бўлди. Муҳаррирлар қуйидагича талаб қўйдилар: тарихимиз, бугунимиз яхши айтилибди. Бунинг учун раҳмат. Лекин Россия ҳақида бир байт битишингиз шарт.
Мен уларга қуйидагича жавоб қайтардим:
— Ушбу қасида она Ўзбекистон ҳақида. Рус халқи ҳақида баҳоли қудрат асар ёзарман…
Ўша қасидада бугунги кун болаларининг дунёқарашига сингмайдиган айрим сатрлар мавжуд, албатта. Улар замон тақозосига кўра туғилиб қолган. Юпанч шулким, ҳали барҳаёт ижодкор ўз ёзганларини таҳрир қилиш имкониятига эга бўлади…
“Жаннатга йўл” (драматик достон, 1978 йил)
— Нега бу асар ҳақида савол бердингиз, укам? Ярани тирнадингиз. Афсуски, ушбу ярани очганлар ҳанузгача тирикдирлар.
“Жаннатга йўл” “Муштум” журналида эълон қилина бошланди. Ўшанда, ҳатто шундай бўлдики, махсус одамлар Дўрмонда — ижод уйида қўлёзмани йўқотиб юборишди ҳам.
Ёшлик экан, хотирам кучли эди, ўн минглаб байтни ёд билар эдим. Жумладан, йўқолган достоннинг ҳар бир сўзини журнал учун қайта бошдан тиклаб бердим. Шу ўринда уни эълон қилишда мардонаворлик кўрсатган Саъдулла Сиёевга раҳмат айтишга бурчлиман.
Қарангки, достон босилиб бўлгач, йўқолган қўлёзмани махсус идора ходимлари илтифотсизлик билан бўлса-да, ўзимга қайтариб беришди. Томоша кейин бошланди: йигирмага яқин машҳур-номашҳур шоирлар Шароф Рашидов номига бир қулоч хат ёзиб, “Нега “Жаннатга йўл” сингари зараркунанда асар босиб чиқарилди? Бу драмада нариги дунё баҳонаси билан бугунги кунимизга туҳмат тошлари отилган. Уни ёзганни-ку дарҳол ҳибсга олиш керак, лекин босиб чиқарганни ҳам тартибга чақириб қўйиш шарт”, дейишган.
Менга маълум бўлишича, Шароф Рашидов бу масала билан шуғулланган ва асарни тақризга беришни тавсия этган. Тақризчилар қуйидагилар бўлиб чиқди: Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Маҳкам Маҳмудов, Михли Сафаров. Уларнинг фикри ижобий ҳолда эди…
Бир марта оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидек, ушбу асарни саҳналаштириш ниятида қўлга олган Ҳамза номли академик драма театридаги ўртоқлар ҳам ўйга толиб қолишди, ниҳоят уни саҳнага қўйишдан бош тортишди. Шу ўринда кишига алам қиладиган битта нуқтани айтиб ўтай: марҳума онамиз Сора Эшонтўраева шу асардаги Она ролини қиёмига етказиб тайёрлаган эдилар…
Қўрққанга қўша кўринар деганларидек, асар атрофидаги гап-сўзлар боис барча ишлар тақа-тақ тўхтади. Шу шароитда ҳам, айтиш керакки, атоқли ношир Ислом Шоғуломов мардлик қилди — “Жаннатга йўл”ни “Муштум” кутубхонаси муҳри билан алоҳида китобча ҳолида нашр этди.
Кейинчалик истеъдодли режиссёр Ҳамид Қаҳрамонов “Жаннатга йўл”ни Ўш давлат театрида саҳналаштирди. Сўнг асар Қашқадарё вилоят театри саҳнасида қўйилди. Ўша кезлар вилоят раҳбари бўлган Президентимиз Ислом Каримов мен билан ёнма-ён ўтириб, асарни томоша қилганлар.
Ука, булар ҳам ахир тарих-ку! Кўзим очиқлигида бу гапларни айтамасам, ким сизга гувоҳлик беради?
“Жаннатга йўл” рус тилига ҳам ўгирилган ва нашр этилган.
Драматургия соҳасида менинг ҳеч қандай даъвоим йўқ, бироқ менда шундай бир таассурот пайдо бўлганки, айрим муаллифлар гуруҳи театрларни ўзларининг хусусий мулкларига айлантириб юборишган. Ташқаридан келган одамларни улар бамисоли оч бўридай “қабул қилишади”. Назаримда, саҳнавий маданиятимизнинг оқсаш сабаблари аслида мана шу “махфий хизмат” билан изоҳланади…
«Ёшлик» журнали, 1992 йил, июль-август сони.