Ерда қор йўқ — қора совуқ. Икки четда аржиной нондай қоп-қора шудгор. Асфальт йўл ҳў уфқдаги ўрмонга бориб тақалади. «Икарус» ер танобини тортиб сувдай боряпти. Аҳён-аҳён буғдой похол ғарамлари лип-лип ўтади.
Яқинлашяпмиз — ўрмон тобора бўй чўзяпти, гўё биз томонга ёпирилиб келаётгандай. Ялангликда ҳайкал кўринди: бош эгганча она сукутга чўмган… Вужудим жимирлаб, юрагим ҳаприқди. Кўзим ёшланди. Ўттиз йил… ўттиз йилдан ортиқ кўришмаган биродарим у ерда мени орзиқиб кутаётгандай эди.
Автобусдан тушдим. Лабларим учади, тиззаларим қалтирайди. Қани ўзимни боса олсам. Қабристонга кирдим. Ҳаммаёқ муз. Жимжит. Фақат оёғим остидаги тўнг ер кисирлайди — озор чекқандай туюлади. Кадамимни эҳтиётлаб босаман. Сочлари тўзғиган яланг бош она. Ёноғида тош котган томчи ёш. Чеҳрасида мунг. Дол букилган қоматида мунг. Юпқа лаблари қимтилган. Мотамсаро, ич-ичидан эзилиб, пинҳон йиғларди.
У мана шу кўйда, фарзандидан айрилган неча минглаб оналар рамзи, халқ дарди тимсоли сифатида кўп йиллар турган. Бундан буён ҳам туради. Ёғин-сочинли, жазирама иссиқ, қаҳратон совуқ кунларда, зулмат тунларда ҳам мана шундай ёлғиз тураверади. У гўё қаршисидаги қабр тошлари остида қатор ётган, ер юзида адолат ва тартиб ўрнатиш учун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган мард ўғлонларининг осуда уйқусини кўриқларди.
Мозор, кета-кетгунча мозор. Бир-бир босиб, қабрларни оралаб, биродаримни изладим. «Кичик сержант Макаров Александр Борисович, 1922. 1943 йил 8 июлда Ватан учун бўлган жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди». Унинг ёнидаги қабр тошига: «Оддий аскар Бейшенбеков Уммет, 1924. 1943 йил 9 июль…» деб ёзилган. Ундан нарида Худойберганов, Олимбоев, Доленко ётибди. Тасаввур этаман: булар ўша вақтда эндигина мўйлови сабза урган, ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган ёш-ёш йигитчалар эди.
Бу ерда ётганлар билан биз бир авлодмиз — деярли бари тенгдошларим. Аммо менинг қон-қариндош биродарим қани? Хаёлан улардан сўроқлайман. Қабрда ётганларнинг қиёфаси кўз ўнгимдан аён бўлаётгандай туюлади. Гўё улардан бири: «Буёқда», дегандай, чап елкаси томон ҳарбийларчасига кескин бош ирғайди. Бошқаси ҳам ана шундай унсиз имо қилади. Баъзилари: «Салом, ҳамшаҳар!» дея кулиб боққандай бўлади. Бошқаси эса: «Энди келдингми?» деб таъна қилгандай қовоқ уяди. Мажақланган чаноқлар, ўпирилган кўзлар… Айримларининг қўли, оёғи йўқ, бошқасининг қовурғалари мина портлаб ёки бомбардимонда тилка-пора бўлган…
Саф тортган қатор-қатор қабрларни оралашда давом этаман. Орадан… бир соат ҳам ўтибдики, ҳамон излайман. Юра-юра ўрмон ёқасига етиб қолибман. Қадамимдан кўзим илдам — теваракка олазарак боқаман. Шунда дафъатан… У четдаги тошда… ишонгим келмайди… Ёғин-сочин чаплаштирган ҳарфлар бир-бирига уландию… Юрагим гупиллаб уриб кетди. Охир топдим!.. Сени топдим, жигарим! Пешонамни муздай мармарга қўйдим. Шунда биродарим гўё кўзларини аста очди:
— Келдингми? — деди.
— Келдим, — дея шивирладим.
— Узоқ кутдим, — дегандай бўлди у.
Хижолатдан бошим хам. Юзимнинг ўти чиқиб кетгандай бўлди. Виждоним қийналди. Қидирсанг, баҳона топилади. Бироқ ўзимни оқлашни истамадим.
— Кеч бўлса-да, келдим… йўқлаб, — дедим.
Сукунат. Ранжимадимикан? Юзини ўгириб, четга қарагандай бўлди. Кейин ёнимга келиб турди. У ҳаётлигида кўзлари чақнаб, оламга ҳавас билан боқарди. Шунинг учун ҳам ҳазилкаш янгаси: «Бодроқ кўз қайним!» дея тегишарди.
Ярқираган кенг манглайли, очиқ чеҳрасидан қувонч ёғилиб турарди. Йўқ, ҳозир унинг «бодроқ кўзлари» пирпирамас, нигоҳи оқшом каби сўниқ, қиёфасида ушалмаган орзулар нуқси худди охирги бор юборган фотосуратидагидай… Бошида қизил юлдузли пилотка, эгнида елкаларидан қайнаб чиққан шўр доғли гимнастёрка, белида сириб боғланган камар… (Фронт газетасида бу фотосурат тагида унинг тўғрисида ҳикоя қилувчи мақола ҳам бор).
Улкан мис қўнғироқнинг ҳазин товуши қулоғимга чатинди. Буни Тожиддин ҳам эшитди шекилли, сескангандай бўлди назаримда. Беихтиёр Берёзовка қишлоғига боқдим. У тепаликда жойлашган. Бу ердан аниқ кўринади. Айниқса, оппоқ черков сийрак туман ичида муаллақ қалқиб тургандай. Унинг баланд минорасидаги катта-кичик мис қўнғироқлар «Донг-динг, донг-динг!» қилади…
Берёзовкалик кексаларнинг ҳикоя қилишларича, уруш даврида бу қишлоқ неча бор қўлдан-қўлга ўтган. Уруш бошланиши олдида қуриб битказилган, ҳали бўёғи қуримаган янги клуб ҳамманинг кўз олдида ловиллаб ёнган. Снаряд, миналар зарбидан не-не умид билан тиклаган бошпаналарининг кули кўкка совурилган. Бутун бошли қишлоқдан илма-тешик бўлиб кетган шу черков ва сўппайиб-сўппайиб уйларнинг мўриларигина қолган. Бу ерга дафн этилганлар ўша беомон жангларнинг қурбонларидир. Сен эсанг, жигарим (қирқ учинчи йилнинг ёзида хонадонимизнинг эшигини қоққан машъум қорахатдан маълум), душман истеҳкомларига қарши бутун Курск темир ҳалқаси бўйлаб бошланган мислсиз шиддатли ҳужумда қатнашгансан, тўққизинчи июль куни эса…
— Ёлғиз мен эмас… — деб шивирлагандай бўлди Тожиддин.
Биламан, биргина сен эмассан. Дўстларинг ҳам бор эди атрофингда. Полк… дивизия — ҳаммаларинг ёппасига ёв устига ёпирилиб ҳужум қилгансизлар. Иккала томондан ҳам мингларча тўплар, миномётлар чўғга айланган пўлат, маъдан пуркаган. Қирувчи, штурмчи самолётлар осмону фалакни тўлдириб ғизиллаб учган тонна-тонна бомба, қўрғошин ёғдирган…
Мозорда ётганлар, назаримда, сўзларимни эшитиб безовталанаётгандай эди.
— Ўз суҳбатимиз билан ҳамсояларингнинг тинчини бузмайлик, юр, — дедим хаёлан биродаримга.
Қабристондан аста чиқиб, ўрмонга кирдик. Дарвоқе, бу ердан кўриниб турган қишлоқни Берёзовка деганларича бор: ўрмонда шохлари солланган, пўсти оқ, ола-була атласдай ялтироқ қайин дарахтлари арча билан аралаш. Оёқ остида қизғиш-сарғиш барглардан гилам: шох-шаббалар қисирлайди. Совуқ. Игнабаргларда қиров.
Тожиддиннинг совуқдан ранги ўчган, лаблари гезаргандай кўринди кўзимга.
— Ўзбекистонимизда совуқ бунчалик бўлмаса-да, ҳар қалай у ерда ҳам хазонрезги пайт, — дейман биродаримга. — Биз томонларда куз шўхлиги шумликка айланиб кетадиган пайтлар ҳам бўлади. Соғингансан, биламан. Ҳамма нарса ҳам соғинганда соз кўринади. Лекин тўғри, бу йилги куздан гинамиз йўқ. Деҳқоннинг омади келган — тўкин-сочин куз бўлди. Пахтани-ку, ўзинг биласан, эсимизни таниганимиздан ягана, ўтоқ, чопиқ, теримга чиқардик. Меҳнати оғир, аммо шарафли. Бу йил Кангкатоғдан ҳам баланд хирмон кўтардик оқ олтиндан. Ҳа, юзимиз ёруғ! Шаҳарда, қишлоқда — ҳаммаёқда тўй, марака. Айниқса, жума ёки шанба оқшоми карнай-сурнай, ноғора суронидан, йигитларнинг хушчақчақ қийқириғидан етти қат осмон янграб кетади…
Биродаримнинг кўзларида ҳавас, армон ялт этгандай бўлди.
— Айтгандай…
Тожиддин мендан бир нима кутгандай ҳушёр тортди.
— Бир-икки йил бурун Норин ёқаларини айланганимда… ҳў юрагингдан урган қиз бор эди-ку, ўшани учратдим.
Назаримда Тожиддин титраб кетди. Бир қизарди, бир оқарди. Болаликдан қолган уятчанлиги ёноқларида зуҳур этди.
— Эски ошноларимдан бири… танийсан, сенинг ҳам ошнанг: «Бизнинг эшикка ҳам кириб ўтинг, бир пиёла чойимиз бор», деб қистаб қўймади. Бордим. Шоҳи-атлас кўрпачалар, биқинингда парёстиқлар. Дастурхонда анвойи ноз-неъматлар. Узум, анор, нашвати — ширин-шакар мевалар. Аччиқ кўк чой. Болалигимизни эсладик. Нориндан балиқдай сузиб ўтиб, оролда мол боққанларимиз, тўқайда юриб, қирғовул қочирганларимиз, дарё бўйидаги қумлоқда куч синашганларимиз — ҳеч нарса қолмади-ёв. Сен чакки эмас эдинг! Болалигимда мен чувакроқ, сен елкадор, отамизга тортгандинг. «Ётиб отар» қилишнинг хўп машқини олгандинг. Тўрт-беш яшарлик пайтимиз бўлса керак. Ҳовлида ариқ-ариқ ўйнаётган эдик, шекилли. Сен тешада кавлаб, мен энкайиб тупроғини қўлим билан тортаётганимда бошимга бир нима қарс этиб тушди… Мен чирқираганча юмалаб қолганман. Сен бўлсанг, қўрққанингдан қаёққадир тирақайлаб қочгансан. Ҳа, билмасдан солиб қолибсан. Онам бечора қаёқдандир пайдо бўлиб мени даст кўтаргану ўчоқ бошига югурган. Кимдир сочимни қайчилаб, теша теккан жойни очган. Яна кимдир кигиз куйдириб босган — қонни тўхтатган. Шундан кейингина сен эсларига келгансан. Фақат номозшомда, сигир подадан қайтгандагина сени қоронғи молхонадан — охур ичидан топишган. Миқ этмай бекиниб ётиб ухлаб қолибсан. Эртаси куни ўртамизда ҳеч нарса бўлмагандай яна бирга ўйнаб кетганмиз. Ана шундай, жигарим! Менинг баданимда қонли уруш босган тамғалар билан бирга сенинг кичкина момиқ қўлинг қолдирган из ҳам бор. Эски қадрдонимнинг дастурхони атрофида ўтирганимизда гоҳо кулиб, гоҳо хўрсиниб шуларни ҳам эсладик.
Суҳбатимизга аралашиб, файз киритган уй бекаси… Кел, отини айтмай қўяқолай. «Адаси, ош…» дея ошнамизнинг эсига солди ибо билан.
Ўзинг биласан, биз эркаклар палов дамлашда аёлларга нисбатан ўзимизни устаси фаранг санаймиз. Аёлларимиз ҳам бизнинг бу «ожиз»лигимиздан жуда моҳирлик билан фойдаланишади. Уй бекаси менга қараб жилмайди-да:
— Ўртоғингиз ошга усталар. Мен ҳечам ўхшатолмайман, — деб қўйди. Ошнамиз кўп ажойиб меҳмоннавоз киши. Рафиқасининг бу мақтови шунчаки илтимос эканини тушунади. Бироқ бўш келмай, ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтариб ўрнидан турди:
— Ҳа, йўғасам-чи! Ҳозир боплаймиз-да!
— Қарашиб юборайми? — дедим.
— Йўғ-э, бари тайёр! — деди уй бекаси. — Фақат гуручни солиб, бостирсалар бас.
— Силар ўтиравуринглар! Бирпастда гатоп қиламиз!… — деди-да, ошнам меҳмонхонадан чиқиб кетди.
Суҳбатимиз давом этди. Яна — ёшлик хотиралари. Уй бекаси — сочига оқ тушган аёл ўксиниб қўйиб сени эслади:
— Қовун-тарвузларимиз пишишга яқин капага кўчиб чиққандик… Бу чеккада мен, у чеккада укам, ўртада ачам… Супада қатор ётамиз. Дадам ишчи батальонига олинган, уруш пайти. Уйқум келмай хаёл суриб чигирткаларнинг чириллаши, қурвақаларнинг қуриллашига қулоқ солиб ётгандим. Осмон тўла юлдуз денг. Бир вақт аллақандай шарпа… уят қимайсизми? — уй бекаси — тўладан келган кулча юз аёл мен томонга ибо билан бокди рўмолининг учини типшаб.
— Қани, эшитайлик-чи, кейин ўйлаб кўрамиз! — дедим ҳазиллашиб.
— Худо олсин! — дея қош қоқди у. — Етти боланинг онаси бўлганимда кимам уят қиларди! Қарасам оппоқ оқ кийимда… оқ кўйлак, оқ шим, оқ туфлида… Таниб туриппан — Тожиддин! Кўзимни чирт юмдим. Юрагим уриб кетяпти денг. Аста оёқ учида юриб тепамга келди. Нафас олишига қадар эшитиб ётиппан. Аммо кўзимни очишга кўрқаман. Ёш эканман-да! Ахийри энгашди. Ёстиғимга ниманидир қўйди-ю, яна оёқ учида юриб узоқлашди. Кўзимни очганимда у йўқ эди: фақат бир дона қизил гул қолдириб кетибди… — уй бекаси шундай деди-ю, ерга қараганча дастурхоннинг попугини ҳимаришга тушди. Анчадан кейин хўрсиниб:
— Ёш эканмиз… — деб қўйди.
Назаримда, Тожиддин жўшиб кетди. Қўнғирга мойил қўйкўзлари чақнади. Кенг чаккасидаги тангадай қорамтир (исмига монанд) холи лов этиб ёнгандай бўлди. У шитоб билан олға интилди. Мен ҳам қадамимни тезлатдим. Негадир ичим тўлиб бораётибди. Хилват ўрмонда додлагам келади. Қулочимни ёзиб осмон баравар хипча оқ қайин атрофида гир айландим-да, Тожиддиннинг йўлини тўсиб, сўрадим:
— Ўшанда кўнглингга тугган сўзларингни унга?.. — чамаси мен сўроғимни тугатар-тугатмас бутун қайинзор гўё: «Севаман… Севаман… Севаман…» деган садодан янграб кетди.
Тожиддин индамади. Лабларини тишлаб, кўзларини хазонрезги тўшалган ердан узмади.
Оҳ, жигарим, сезиб турибман, айтмоқчи бўлган оташли сўзларинг бари ичингда қолган. Ўзинг билан бирга олиб кетгансан!
Қачонлардир сен ўпканг оғзингга тиқилгудай бўлиб, бир қирғиз келинчагининг ҳазилини сўзлаб бергандинг. (Ҳа, биз ака-уканинг орамиздаги фарқ атиги бир-бир ярим ёш… деярли тенгдошмиз. Шунинг учун ҳам энг якин дўстлар сингари ўртамизда сир ётмас эди.)
Сен бедазорнинг чеккасида ўтлаётган қашқа сигиримизни серўт жойга силжитгансан-у ўзинг катта ариқ бўйига чиқиб, ажриқзорга ағанагансан. Пастда шаррилаган сув, тепангда сарвқат мирзатераклар. Шабадада кумуш баргларнинг шилдираши. Сен чалқанча ётиб роҳатдан энтиккансан-у, уйқуга кетгансан. Бир вақт бурнингга пашша қўнгандай бўлган. Сен қўл силтаб ҳайдагансан. Хира пашша яна қўнган. Яна қўл сермагансан. Шунда қиқирлаган кулгидан уйғониб кетгансан. Рўпарангда… йўқ, эртаклардаги гулқаҳқаҳ парилар эмас, иккита ёш-ёш қиргиз келинчак. Улардан бирининг қўлида узун ғумай. Бурнингга қўниб, уйқунгни безовта қилган «пашша» шу ғумай бошоғи эканини пайқагансан. Шу келинчак оёғи остидаги тупроғи ўйнаб кетган сўқмоққа қўлидаги ғумайпоя билан: «Бир ўпсанг-чи!» деб ёзиб қўйган. Унинг ўйинқароқ кўзлари сенга тикилган. Сен бўлсанг дам тупроқдаги ёзувга қарайсан, дам келинчакка. Қалбингда ўсмирлик ҳислари туғён уради. Юрагингнинг гупуллаши, чаккангнинг лўқиллаши гаранг қилгудек. Томирларингда қон қайнаши шунчаликки, ақл-ҳушингни йўқотгансан. Сенга қадалган шўх, муғомбир кўзлар қаршисида тилинг лол. Шунда қўққисдан қахқаҳа янгради. Ҳазилкаш янгачанг қўлидаги ғумай билан тупроқдаги меҳрли ёзувни ўчирди-да, кетди-ворди. Улар катта ариқдан ўтиб, ўсиқ маккажўхори ичидаги сўқмоққа бурилганларида сен томонга қайрилиб, яна хохолашди.
Бу воқеа икковимизнинг гуркираб палак ота бошлаган беғубор ўсмир қалбимизни анчагача ҳаяжонга солган, ўртамиздаги сирли суҳбат мавзуига айланиб қолган эди.
Қулоғимга олис жойда чалинаётган ҳазин бир куй эшитилгандай бўлди. Ана гоҳ зўраяди, гоҳ пасаяди. Тўлқинлана-тўлқинлана ўрмон устидан ўтаётганини ҳам пайқаб турибман. У гўё тунд булутлар кетидан қаёққадир шошади. Ё, алҳазар! Бу наво-ку. Элимизнинг илиқ нафаси! Эшитяпсанми? У бизни меҳрибон она каби қучоқ очиб чорлаяпти.
Назаримда Тожиддин ҳам эшитди. Эшитдию титраб кетди. Шунда ўрмон ҳам чайқалди. Дарахт шохларидап укки паридай енгил, оппоқ қиров тўзғиди.
Тожиддин тоқати тоқ бўлган одамдай, гўё ҳайқирди:
— Шу ҳақда сўзласанг-чи! Ахир ота-онам… Оҳ, шу қадар соғинганманки! Қавм-қариндош, ёр-дўстлар омонми? Айтақол тезроқ!
— Сабр қил, жигарим. Ўзингни бос. Ҳаммасини айтаман… — дедим-у, лекин сўзни нимадан бошлашга бошим қотди. Дафъатан ота-онамиз… Йўқ, оғир зарба бўлади унга. Ҳаётимиздаги энг чароғон лаҳзалар, кунларни ёдига солиб қувонтиргим келди. — Жийдакапа эсингдами? Ўттиз беш… ўттиз еттинчи йиллар? Районда ягона тўлиқсиз ўрта маълумот берадигап қишлоқ ёшлар мактаби? Ота-онамиз бағридан узилиб йигирма беш километр йирокда ётиб ўқиганларимиз?
Тожиддин бош ирғагандай бўлди.
Ўттизинчи йиллар анча оғир йиллар эди. Интернат-мактабимизда нонуштага яримта нон билан чой беришарди. Кечқурун ҳам шундай. Баъзи кунлари оқ нон, кўпинча қора нон. Тушлигимиз баъзан қуюқ, баъзан суюқ бўларди. Кўпинча ёвғон ош, қозон қусиб қорайган мошхўрда билан қаноатланардик. Мактабнинг ер участкасида шоли ўтоқ қилардик, пахта терардик. Оёғимиз, эгнимиз юпун. Кунларимиз ўтиши ҳам бир нав — гоҳ оч, гоҳ тўқ. Аммо шунга қарамай, нолиш нималигини билмасдик! Руҳимиз баланд, кеч кириши билан сен ҳаваскорлар тўгарагига чопардинг — такатум-так — чилдирма чалардинг. Мен бўлсам, бўш синфга қамалиб олиб, еттинчи лампа чироқни липиллатиб, деворий газетанинг навбатдага сонини тайёрлардим. (Амалимни суиистеъмол қилиб, кўпроқ ўз «асар»ларимни тиқиштирардим!) Тожи Ҳусний… Ўта ғамхўр мураббийимиз бор эди! Сочини устарада олдириб, ёзда оқ тўр дўппи киярди. Тишлари сунъий садафдан. Бирор нарсадан ҳаяжонланса шақирлаб кетарди. Биз болалар болалик қилиб қўйсак, койиш ўрнига қуюқ қошларини учириб-учириб самимий куларди. Ҳуснийнинг оиласи Наманганда, ўзи эса, ётоғимизга яқин алоҳида хонада ёлғиз яшарди. Кечалари лампа чироқ атрофида дарс тайёрлаётганимизда ёки ўринга ётганимизда кириб, меҳрибон онадай ҳар биримизнинг тепамизга келар, агар устимиз очилиб қолган бўлса, ёпиб қўярди. Кейин оҳиста юриб чиқиб кетарди. Эрталабдан эса синфда бўлар, она тили ва адабиётдан дарс бошлар эди. «А» билан «О»нинг фарқига бормайди укангиз, — дерди гоҳо сенинг имлоингдан кўнгли тўлмай. Бир сафар Тарас Шевченконинг «Ўлсам, дўстлар, қўйингиз…» мисралари билан бошланувчи «Васият» шеърини ёд ўқиганингда жимгина ўтириб тинглаётган Ҳусний кўзига ёш олганини гапириб бергандинг. Энди билсам, бунинг ажабланадиган жойи йўқ: кексалик аломати экан…
Сен кейинчалик Фарғонага бориб педагогика институтининг география факультетига ўқишга кирдинг. Қалбингда географияга ҳавас ким туфайли уйғонган, биласанми? Ўша бир оёғи ёғоч география ўқитувчимиз Қурбонов туфайли! У қўлтиқтаёқда салобат тўкиб кириб келарди. У билан бирга синфга харита, глобус, кўрсаткич таёқчаси ҳам кириб келарди. Қарабсизки, қитъалар бўйлаб хаёлан саёҳатимиз бошланарди. Кўп мароқли саёҳат!
У, сендан эшитгандимми, бир оёғини Наманган ва теварак-атрофдаги қишлоқлар аҳолиси бошига кўп кулфатлар солган Омонполвон тўдасига қарши курашда йўқотган экан. Шунинг учундирки, чўлоқлигидан ҳеч ўксинмас, доим мағрур, қадам олиши бардам эди. Қурбонов бизни гоҳо кундуз, гоҳо кечаси экскурсияга олиб чиқар, компас билан юлдузлар ёрдамида томонларни аниқлашни ўргатарди. Ўша вақтларда Жийдакапанинг четида кўҳна тепалик — мозористон бўларди. Кексалар уни «Кат» дейишар, қадим замонларда теварак-атроф тўқай, ботқоқлик бўлиб, тўқайзорда ёввойи чўчқа, йўлбарслар яшар экан. Одамлар эса Катда жон сақлашган, деб ривоят қилишарди. Курбонов «табиат қучоғига» экскурсия уюштирганда болаларни, аксари, шу тепаликка бошлаб чиқиб, атрофни томоша қилдиришни яхши кўрарди. Олдинда ўзи. Кекса, кўпни кўрган саркардадай мағрур қадам ташларди. Ёғоч оёғи ғижирларди. Биз эса унинг содиқ қўшини, сафларимизни жипслаб, тепаликка ҳамла қилардик. Юқорига чиққанимиздан кейин ҳаммамиз ҳансираган, қизишган бир кайфиятда Қурбоновнинг атрофида доира ясаймиз. У бўлса таёғига таяниб, ўиг қўлини бошимиз узра кўтариб, атрофга суқданиб боқади ва хитоб қилади:
— Мана шу, Ватан!
Тепамизда чарақлаган қуёш, узоқларда Олой тоғи. Ўрик шохлари орасидан эса ойнадай ялтираб Норин кўринади. Ундан берирокда шолипоя, пахта далалари. Кун ботишда эса кета-кетгунча боғ-роғлар, қишлоқ томлари. Шулар орасида аэропланга ўхшаб кетадиган бизнинг мактаб-интернатимизнинг ҳашаматли биноси ҳам бор.
Жигарим, Ватан сўзини биринчи бор сен билан мен ўша география ўқитувчимиздан эшитмаганмиканмиз? Ватанга муҳаббат уруғини баҳорги шудгордай кўпчиган бизнинг мурғак қалбимизга илк бор у сочмаганмикан?
Ҳарқалай, сен синфдошларинг томонидан тан олинган «жуғрофиячи» эдинг: харитага орқа ўгириб туриб болаларнинг фалон шаҳар, фалон тоғ ёки дарё қаерда, деган саволларига фалон қитъа, фалон мамлакатда, фалон жойда, дея аниқ жавоб қайтарардинг.
Сен чинакам саёҳатларни орзу қилардинг… «Ёзги таътилда Нориннинг бошига бормаймизми?» дея ўртоқларингнинг юрагига ўт солардинг. Шундан кейин улуғвор дарёнинг тоғ бошидаги қор эришидан ҳосил бўлган жилдираган ирмоқчадан бошланишини тасаввур этганингда кўзларинг ҳайратдан пирпираб кетарди. Умуман, сен табиатга ҳайрат билан боқардинг. Бир янги сўз, ёки ғалати ўхшатиш ҳам сени ҳаяжонга соларди. Ёдимда, «Алпомиш» достони қўлингга тушган кезлар эди. Бир сафар тун яримда мени уйқудан уйғотиб:
— Манави сўзни эшит, — дея пишиллагандинг қулоғим тагида. Завқинг тошиб бораётганини косасидан чиқаёзган кўзларингдан ҳам билса бўларди:
Қурру-ё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти!
Оқ тўшим — яйловинг, сочим — шипиртки.
— Оқ тўшим — яйловинг… Ана! — дея хитоб қилгандинг китобни ёпиб. -Бундан ортиқ садоқат бўладими!
Сен кейинча армияга чақирилганингда юкхалтангга ўша оташин муҳаббат, чинакам садоқат, беқиёс жасорат ҳақидаги халқ достони «Алпомиш»ни солибсан. Ҳам доно, ҳам соддадил, ҳам жўмард, ҳам меҳр-шафқатли халқимизнинг дур-гавҳар сўзларидан тизилган бу достон сенинг оғир, қаҳрамонона йўлингда ҳамиша ҳамроҳинг бўлганига аминман. У балки қабрингда ҳам сен билан биргадир. Сени дафн этган қуролдош дўстларинг уни ёстиқ ўрнида бошинг остига қўйишгандир?
Тожиддиндан садо чиқмасди. У ўша армиядан уйга охирги марта юборган суратидагидай маъюс. Бошида пилотка, эгнида гимнастёрка… Суратда шундай. Қор-қировли қора совуқ. Бунинг устига, ўрмон бўлишига қарамай уни бошқача, қишлик формада — бошида қулоқчин, эгнида шинель кийган қиёфада тасаввур эта олмадим. У бошини ҳам қилганча, этигини судраброқ босиб мен билан ёнма-ён борарди. Ниманидир сўрашга жазм этган кишидай лаблари қимтилган. Пайқадим. У гапни чалғитиб узоқцан бошлаганимга кўнглига ғулу тушгани аниқ: сезмаслиги мумкин эмас. Оҳ, меҳрибон она, падари бузрукворимиз! Қайси тил билан унга, улар оламдан ўтган, дея оламан?
— Эсингдами, дадангдан дакки эшитганинг… Ҳў, темир йўл ёқасида сув суғорганингда?
Тожидцин эслади шекилли, аста бош ирғади.
— Ёзги таътил пайтлари қўлимиздан келганча сигир-бузоққа қараш, томорқадаги экинларни ўташ, чопикдан чиқариш, том сувоқ дегандай, уй-рўзғор ишларига қарашардик. Бир куни экинларни суғориб юрган отамиз таъзияга борадиган бўлиб қолдилар. Сен ишларига қарашиб турадиган бўлдинг. Ғўзалар айни гулга кирган пайт эди. Отамизнинг қўлларидан кетмонни олиб, картани бир айланиб келгансан. Жилдиратиб таралган сув, сенинг назарингда озга ўхшаб кўринган: эгатлардаги сув картанинг ярмига ҳам етмаган экан-да. «Дадам келгунларича экинни сувдан чиқариб қўя қолай…» деб ўқариқдан сувни кўпайтириброқ очгансан. Зора мақтасалар, деган ниятда қилгансан буни. Кейин тут тагига чиқиб ёнбошлабсан. Ариқдаги сувнинг шариллаши, ғир-ғир эсган шабаданинг кўкрагингта тегиб эркалашидан маст бўлиб, уйқуга кетибсан. Бир вақт дадангнинг бақириқ-чақириғидан уйғониб кетибсан. Қарасанг: «Эҳ ношуд бола, ношуд бола!» дея ўқарикқа чим босаётган эканлар картага уриб кетган сув билан олишиб. Шундай тепангда эса у кишининг шалпангкулоқ оқ эшаги сени эрмак қилаётгандай бақрайиб турган эмиш.
Койинма. Отамиз сенинг бундай «болалик» қилиқларингдан хафа бўлсалар, яхши ишларингни кўриб қувонардилар. Эсингдами, ён қўшнимиз Холбувини буқачаси юмалатиб қочгани? Жуда семириб, қутуриб кетган эди-да, жонивор! Холбуви кечки пайт буқачасини бойлаб қўйган жойидан ечиб, ҳовлисига етаклаганича қайтаётган экан. Сўна чаққанми, қайдам, қўнғир буқача ўқалоғлаб Холбувини йикитибди. Арқон қўл-оёғига ўралиб қолганми, кампирни анча жойгача судраб сарсон қилибди. Буни сен катта йўдцан велосипедда ўтиб кетаётиб, тасодифан кўриб қолибсан. Велосипедингни ташлаб, ёрдам бергани югурибсан. Етиб борганингда Холбуви кийим-боши дабдала, тирсаклари шилинган, тупрокқа беланиб ётган экан. Сен, шўрлик кампирни даст кўтариб уйига элтиб қўйган эдинг.
Кейин унинг буқачасини қидириб кетгандинг. Раҳматли онамиз шунда: «Қўя қолсанг бўларди, болам. Сени ҳам майиб қилмасин яна!» дея жавраб куйинганлари! Йўқ, семизликдан кутурган буқачани подадан тутгансану тумшуғидан маҳкам нўхтапаб, алламаҳалда олиб келгансан. Шунда отамизнинг туришини кўрсанг эди! Оқсурп кўйлак-иштонда. Яланг оёқларида калиш. Мош-гуруч соқол кўкракка тушади. Икки қўллари орқада. Оғизларидан бир сўз ҳам чиқмаган эса-да, сенга тикилган кўз қарашларидан: «Қуйиб қўйгандай ўзим-а! Ўғил бола деган бундоқ бўпти!» дея ич-ичидан қувонаётганлари аён эди.
Ана шундай, жигарим, сен ўзинг сезмаганинг ҳолда, болалигингданоқ бошқаларнинг оғирини енгил қилиш учун ҳозиру нозир эдинг. Ва шу йўлда, туғилган элингдан мингларча километр йироқда қулликка қарши жонингни тикдинг.
Отамиз узоқ умр кўрдилар. Суяги меҳнатда қотган, кўзлари не-не машаққату қувончли ишларни кўравериб пишган, қўллари кетмон, ўроқ, айри ушлайверганларидан ғадир-будир, ҳақиқий деҳқон эдилар. Келбатию сўзлари ҳам деҳқонча, бесўнақайроқ… Лекин совуқ қиш кунлари оёқни сандалга тиқиб, қўлларига Машрабнинг «Ғазаллар»ини олиб мутолаага киришгандай бўлсалар, товушлари титрар, кўзлари лим-лим ёшга тўлар, меҳнатда дағаллашган диллари мисли симобдай балқиб кетар эди. Аммо бари бир у киши ҳаётда табиатан курашчан одам эдилар. Бизни муқадцас жангга кузатаётгашгарида мен у кишининг кўзларида ёш кўрмадим (сен ҳам кўрмагандирсан, жигарим). Аксинча, вагон олдида туриб дод-фарёд қилаётган онамизга ва бошқа хотинларга далда бериб:
«Ўғилларинг йигит бўлиб Ватан ҳимоясига отланишибди. Бунинг учун йиғлаш эмас, фахрланиш керак!» дея насиҳат қилган эдилар. Дарҳақиқат, у кишининг фахрланганларига аминман. Шукрки, сен билан биз отамизнинг юзини ерга қаратмадик. Биз ҳимоячилар сафида бўлдик. Биз минглар, миллионларча эдик. Кучли ва маккор, шафқат нималигини билмайдиган, халқларимизга келажакдаги қуллар, чўрилар деб қарайдиган немис-фашистларнинг йўлини тўсдик. Сен ана шундай беомон жангда, тарихда «Курск ёйи» номи билан машҳур бўлган буюк жангда қурбон бўлдинг. Бу шум хабар эшигимизни қоққанда отамиз ўқ теккан шердай инграб юборгани, муштипар онамиз эса сочини юлиб зор-зор йиғлагани аниқ. Қавм-қариндош, қўни-кўшнилар тўпланиб аза очганлари ҳам маълум. Бироқ ота-онамиз, айниқса онамиз сен ҳақингдаги қорахатга у қадар ишонмаганлар. Қорахатга ишончсизлик билан қарашларларига боис: бир кампир қорахат олган экан-у, лекин ўғли эшикдан ўз оёғи билан кириб келибди. Учқўргонда ҳам биттаси… Онамиз охирги нафасига қадар сенинг йўлингга кўз тутди. Ёдингдами, айни саратон қизитган пайт, қўш қулоқлик хурмачадаги қатиқни бир кўтаришда бўшатганинг? Онамиз: «Тожидциним қатиқни яхши кўрарди», дея сен учун ўша хурмачада қатиқ уютарди. Нон ёпганида эса: «Болам зоғорани яхши кўрарди», деб маккажўхори унидан алоҳида ҳамир оширарди… Охирги марта ётиб қолганида икки кўзи деворда осиғлик турган, ўша сен тишлаб кетган патирда бўлди. Оҳ, онаизор!
Тожиддин ҳам кўкка боқиб оҳ ургандай бўлди. Кетимизга қайтдик. Кимсасиз ўрмонда ёлғиз иккимиз. Учган зоғ йўқ, фақат оёқ остидаги тўнг хазонрезгиларгина шитирлайди. Тепамизда қиров боғлаган тикан баргли шох-шаббалар солланиб турарди.
Назаримда, Тожиддин қаттиқ қайғуриб, ҳамон оҳ урарди.
— Кўп куяверма, жигарим, — дедим аста. — Ўлим ҳақ. Буни бўйинга олиш керак. Ота-онамиз ёмон яшамадилар. Улар ҳам турмушнинг аччиқ-чучуги, ёмон кунларни ҳам, яхши кунларни ҳам кўришди. Ота-онамиз учўн фарзанд доғи нақадар оғир эканини билсанг эдинг! Улар бунга ҳам чидашди — сабр-қаноати тоғдай одамлар эди ота-оналаринг. Улар оламдан бировнинг ҳақига хиёнат қилишу дилозорлик нима билмай, ҳақгўйлик билан яхшилик уруғини сочиб ўтишди.
— Сен ўзинг-чи, Сайфиддин? — дегандай бўлди Тожиддин кўз қирини ташлаб.
— Мен ҳам уларнинг йўлини тутганман. Яхшидан от қолади, ёмондан — дод, деган мақол бор. Мана сен, сенинг қаторингда ётган дўстларинг авлодларимизнинг бугунги фаровон ҳаёти учун, фашизмга қарши қонли курашда жон бердинглар. Сизларга чинакам мардона ўлим насиб этмиш. Шунинг учун ҳам номларингиз мармарга ўйиб битилган: номингиз дилларимизда, тилларимизда. Ҳеч қачон на бўрон ўчира олади, на асрлар сурони. Мен ҳам умид билан яшаяпман… Ўз ишим билан, ўз сўзим билан кўпчиликнинг дилида зиё ёқолсам, яхшилик уруғини сочолсам дейман… Албатта, уруғ сочишдан олдин, деҳқон шумгняларни томири билан йўқотиш, чиритиш учун даласини шудгорлайди… Ҳеч нарса ҳеч қачон бемашаққат, ўзидан-ўзи юзага келмаган. Мен ҳам яхшилик уруғини сочай, деб эл қатори меҳнат қиляпман. Меҳнатимнинг самараси қачон бўлмасин бир кун юзага чиқар, ярқираб дўстларимнинг кўзларини қувонтирар, дилларида эзгулик уйғотар, деган умид билан юрибман… Яшашнинг маъноси ҳам шунда эмасми, жигарим?
Ўрмон гўё силкинди. Сон минг кумуш зарралар кўзни қамаштиргудек ялтираб теваракка сочилди.
Дарахт шохлари орасидан қуёш кўринди. У узоқда, тутаётган қишлоқ томлари устида сўниққина йилтилларди.
Ўрмондан чиқиб қабристонга қараб юрдик. Ҳайкал қаршисида бир дам тўхтадик. Кимгадир ўхшайди. Ерга тикилган маъюс нигоҳи, елкасига тушган шол рўмолининг попугини тутган бармоқпари, кўм-кўк томирлари ўйнаб чиққан суякдор қўллари… Айтгандай, нимаси биландир онамга ҳам ўхшаброқ кетади, ҳа-ҳа, онамизга…
…Қабр тепасига бордим.
Кун ботмоқда. Қайтишим керак. Буни у ҳам сезди. Биламан, кўзи қиймаяпти. Айрилгиси келмайди.
— Қўйиб юбор… илгимдан тутма. Борай. Ҳали бу дунёда менинг битмаган ишларим кўп. Улгуришим керак!
Тирикларнинг ўликлардан фарқи унинг меҳнат қилиши, яратишида эмасми? Мен, жилла бўлмаса, ўзим ва сен учун ҳам ишлашим керак. Сенинг тириклар орасида ўрнинг йўқолмаслиги учуноқ ишлашим керак!
Кетдим. Орқамга қарай-қарай кетяпман. У энгашиб, икки кўзига ёш олиб қолгандай эди, назаримда.
— Унутма, — дегандай бўлди.
— Йўқ, жигарим, унутиб бўлар эканми! Қор кетиб, табиат қайта уйғонганда келаман. Майса-гиёҳлар гуркираб ўсганда, лолақизғалдоқлар қир бағрини алвон рангга бўяганда… Албатта келаман қучоқ-қучоқ гул кўтариб, жигарим…