Икромжон Аслий (1984)

1984 йилда туғилган. Андижон Давлат университети филология факультетини тамомлаган. “Андижон ёшлари” газетасида муҳаррир ўринбосари лавозимида хизмат қилади. Шоирнинг “Тонгги сабо”, “Андижон чашмаси” шеърий тўпламлари нашр этилган. У Зомин семинари, “Келажак овози” Республика кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиби.

* * *

Сизни кутган тонгларим ойдин, мусаффо бўлдилар,
Учрашиб кундузларим ҳам нурга ошно бўлдилар.

Кўкда ой, офтоб, саноқсиз юлдузу сайёралар,
Бошингизда чарх уриб, бир сизга шайдо бўлдилар.

Лайлининг шайдоси танҳо Қайс эди олам аро,
Сизга-чи, мингларча ошиқ йўлда пайдо бўлдилар.

Кўнглингиз топмоқ муаммосин қаламга олмишам,
Тахмису фарду рубоий ҳам муаммо бўлдилар.

Бу замин зеболари пардозу одоб ўрганиб,
Олдию андозани гулчеҳра зебо бўлдилар.

Сиз араз қилдингизу ўзга нигор топмоқ бўлиб,
Манзилим Фарғонаю Шошу Бухоро бўлдилар.

Топмадим, қайтдим қошинггизга мен Икромжонингиз,
Ҳисларим, дилрозларим бир турфа иншо бўлдилар.

Йўллардаман

Чорламишдирсиз шитоб, йўллардаман,
Сиз кутинг, эй моҳитоб, йўллардаман.

Йўлларим унгай, бу марқаблар қатор,
Чусту, Тошкенту Китоб – йўллардаман.

Йўл азоби гўр азоби бўлмагай,
Менда тоқат, менда тоб, йўллардаман.

Бу ҳаёт йўлдир бақога бошлаган,
Дўсту душманлар сероб йўллардаман.

Ким юрар – манзилга етгай, дейди эл,
Орзулар бўлмас сароб, йўллардаман.

Ошиқ Икромжонни гулмоҳи, кутинг,
Чорламишдирсиз, шитоб йўллардаман.

* * *

Эй дилим, дунё ғамин қўй, дилрабони эслагил,
Хуш калому хуш салом, хуш муддаони эслагил.

Кетдилар олисга сендан баъзи бир ошноларинг,
Жон ила жисмингга дўст – чин ошнони эслагил.

Ишқ эли маъшуқасин доно дея фахр айлагай,
Шул замоннинг зийнати – ақли расони эслагил.

Не сабаб, ҳолинг паришон, боқишинг беморга хос,
Бир нигоҳи беадад дардга давони эслагил.

Қўй букун Лайлою Шириннинг ширин афсонасин,
Барининг устози бўлмиш маҳлиқони эслагил.

Соқиё, қуйгил тиниқ майким, кўнгил тинсин яна,
Базми жамшид ичра ёр чалган навони эслагил.

Бас қил, Икромжон, у гулруҳ мадҳи мадҳингдан баланд,
Не қилиб қўйдинг, ўзинг қилган хатони эслагил?!

Атоийга тазмин

“Жамолинг васфини қилдим чаманда,
Қизорди гул уяттин анжуманда”.

Сенинг васлинг ҳамиша дилда матлаб,
Ёқарсан не учун минглаб гумонда?

Биров борми чиройда сенга монанд,
Балиқчи ё Наманган, Марғилонда?

Очарман сирларимни бирма-бир мен,
Ажабким, дилда асроринг ниҳон-да.

Сўроқ-соғинчларим саф-саф, санамжон,
Фақат нозу фироқ бор сен томонда.

Синаб, қийнаб, санаб сонсиз сабабни,
Зерикмассан, сенга ишқим аён-да.

Севилган шоҳу севган қул эрур, воҳ,
Қулин ташлаб кетиш шоҳга осон-да.

Чин ошиқлар чидар, дер аҳли мўмин,
Менинг бахтимга, майли, бўл омонда.

Бўлибдир элга афсона бу севгим,
Дегай қизлар: илинжи – Зуҳрахонда.

Бу Икромжонни қадрин англамай, сен,
Ҳамиша ноз-фироқ қилсанг ёмон-да.

Гап қилманг

Муҳаббатим муқаддас, майда-чуйда гап қилманг,
Миш-мишларга зўр бериб, ўнгларимни чап қилманг.

Лайло эмас у, ахир, мустақил юрт дилбари,
Мендан ҳам сиз Мажнуннинг феълини талаб қилманг.

Ошиқларнинг оҳлари юрагида пинҳона,
Ҳижрон билан висолни тарафма-тараф қилманг.

Бир алдайсиз, гўзаллар иккинчи бор ишонмас,
Ёлғон-яшиқ ваъдани бўйнига садаф қилманг.

Йўлга чиқсам висол деб, усиз омад завол деб,
Севгисизлар даф бўлинг, мени ҳаргиз даф қилманг.

Икромжоннинг қалбида дона холли бир қиз бор,
Муҳаббатим муқаддас, майда-чуйда гап қилманг.