Россия Федерацияси ҳамкорлик истагида бўлган барча давлатлар билан дўстона мулоқот ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиради. Айни чоқда, мамлакат тўғри ва ҳаққоний деб билган жиҳатларни ўзгартиришга ҳар қандай уриниш фойдасиздир. Москва ташқи сиёсатда очиқлик, холислик, прагматизм ва миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш каби тамойилларга таянади. Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев 10 февраль – Дипломатик ходимлар куни муносабати билан ёзган мақолада айни шу жиҳатлар хусусида сўз боради.
“Биз кенг кўламли аксилтеррор фронтини ташкил этиш, зиддиятларни бартараф этиш тарафдоримиз, халқаро ҳуқуқ устуворлиги ҳамда халқаро муносабатларда жамоавийлик тамалини ҳимоя қиламиз, БМТнинг истисносиз марказий роли, Хавфсизлик Кенгашининг дунёда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашдаги бирламчи масъулиятини ёқлаймиз”, – дейди Россия элчиси В.Тюрденев ўз мақоласида.
Айни пайтда дунё миқёсида конфессиялараро, тамаддунлараро зиддиятлар кучаймоқда, жаҳон иқтисодиётида буҳронлар кузатилмоқда. Бундай вазиятда эса ташқи сиёсат маҳкамалари ҳамда дипломатик фаолиятнинг аҳамияти катта, албатта.
“Ташқи сиёсат хизмати анъаналар, миллий ҳамда маданий қадриятлардан оғишилмагандагина самарали ва юқори савияда фаолият юритиши мумкин. Бу, айниқса, халқаро муносабатларда мураккаб босқич кечаётган – жаҳонда кўпқутбли янги тартиб шаклланаётган даврда янада долзарбдир. Мазкур жараён осон кечаётгани йўқ, яъни халқаро майдонда беқарорлик авж олаётир, глобал ва минтақавий миқёсда ихтилофлар кенгаяётир, террорчилик таҳдиди кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада кучаяётир”, – дейди дипломат ўз мақоласида.
Қайд этилишича, мазкур мураккаб вазиятда Россия замонавий дунёнинг фундаментал муаммоларини ҳал этиш йўлларини таклиф этмоқда. Мамлакат дипломатиясининг устувор тамойиллари эса Россия Президентининг 2012 йил 7 майдаги фармони билан тасдиқланган Ташқи сиёсат концепциясида акс этган.
Россия элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорлик муносабатларига ҳам алоҳида тўхталган. Қайд этилишича, Россия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси деб билади. 2015 йил ноябрда икки ўртада иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилганига 10 йил тўлди. В.Тюрденевнинг таъкидлашича, иттифоқчилик муносабатлари бундан кейин ҳам тараққий этади ва икки давлат ҳамкорлигининг истиқболи порлоқдир.
Эслатиб ўтамиз, 10 февраль санаси Россия Президенти Владимир Путиннинг 2002 йил 31 октябрдаги фармонига кўра, Дипломатик ходимлар куни сифатида байрам қилинади.
Тарихий манбаларга кўра, 1549 йил 10 февралда Рус давлатида дипломатик хизмат пойдевори қўйилган. Ўшанда Рус подшоси Иван Грозный Иван Висковатовни элчилик вазифасига тайинлаган. Шу тариқа Россия давлатида дипломатик фаолият шакллана борган. 1634 йили Швецияда, 1673 йили Польшада дипломатик ваколатхоналар очилган. 1802 йилда эса император Александр I Ташқи ишлар вазирлигига асос солган.
Замонавий Россия давлати 190 дан ошиқ давлат билан дипломатик муносабат ўрнатган, жаҳон бўйлаб 140 дан зиёд дипломатик ваколатхона очилган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 10 мингдан зиёд ходим фаолият юритади.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Владимир Тюрденев: “Ўзбекистон – Россиянинг стратегик ҳамкори”. 25.12.2015