Юрий Штерк: “Европа Иттифоқи таълим бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истагида”

11 декабрь куни Тошкентда Европа Иттифоқи таълим кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбир ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан “2015 йил – Европа  ривожланиш йили” доирасида ўтказилди.

ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк кўргазманинг очилиши маросимида таълим лойиҳалари аҳамиятига тўхталди.

“Европа Иттифоқи барча соҳалар қатори таълим йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Бу борада билимга чанқоқ ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамнуният билан айтиш жоизки, ЕИнинг таълим лойиҳаларида Ўзбекистон муносиб иштирок этмоқда. Бир замонлар улуғ мутафаккир Эразм Роттердамский (ЕИнинг машҳур дастури айни шу мутафаккир номи билан аталади) ҳар бир миллатнинг келажаги ёшларнинг таълим-тарбиясига боғлиқ эканини таъкидлаган эди. Бугун ушбу фикр янада долзарб аҳамият касб этмоқда”, – деди ЕИ делегацияси раҳбари Юрий Штерк.  

Европалик дипломатнинг маълум қилишича, биргина Erasmus+ дастури бўйича 2014-2020 йилларда 14 миллиард евро ажратилади. Erasmus+ Европанинг 33 мамлакати ва дунё бўйлаб 125 минг ташкилот ҳамда 4 миллион кишини қамраб олади.

“Erasmus+ дастурининг илк танлови натижалари яна бир бор янги дастурда қатнашишга қизиқиш  кучли эканини тасдиқлади. Марказий Осиёда лойиҳалар танлаш жараёнидаги кўрсаткичларнинг яхшилангани ҳам шундан далолат бермоқда. Минтақа бўйича 23 та лойиҳа танлаб олинган ва шулардан 12тасида Ўзбекистон олий ўқув юртлари иштирок этади”, – деди ЕИ делегацияси раҳбари.  

ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк ҳамда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Ботир Усмонов

2015 йилда ўзаро ташрифлар бўйича лойиҳалар танловидан олинган дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистондан 178 нафар қатнашчи Европага боради, Европадан эса Ўзбекистонга 69 нафар ўқитувчи ва докторант келади. Шу тариқа Марказий Осиёнинг 5 мамлакати учун ажратилган грантнинг 25 фоизини Ўзбекистон олий ўқув юртлари ютиб олди.

Кўргазма давомида ўзбекистонлик ёшларга Erasmus+ cтинпендия дастури ҳамда Франция, Германия, Буюк Британия, Руминия каби давлатларнинг таълим лойиҳалари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Тадбирда Erasmus Mundus дастурида иштирок этган ўзбекистонлик мутахассисларнинг Европада ўқиш бўйича тақдимот ва тренинглари ҳам ўтказилди.

ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 1996 йилда ҳамкорлик битими имзоланган. 2011 йилдан Тошкентда ЕИ делегацияси фаолият юритмоқда. Делегация сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалар қаторида таълим йўналишидаги ҳамкорликка ҳам катта эътибор бермоқда.

Ўзбекистон, хусусан, 1994 йилдан бери Tempus таълим дастурида фаол иштирок этмоқда. Tempus дастурининг мамлакатимиздаги 55 та олий ўқув юрти қатнашган лойиҳаларига 34 миллион еврога яқин маблағ ажратилган.

Кўргазманинг эртаси куни – 12 декабрда ЕИ ва Ўзбекистон ҳамкорлигига бағишланган ярмарка ҳам ўтказилди. Унда ЕИ ва унга аъзо давлатлар молиялаштирган лойиҳалар тақдим этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ЕИнинг 2007-2013 йилларда Марказий Осиёга ажратган беғараз ёрдами 750 миллион еврони ташкил этди. 2014-2020 йилларда бу рақам 1 миллиард еврога етиши кутилмоқда.

Собир Салим

Шу мавзудаги материал:

Юрий Штерк: “Европа Иттифоқи бюрократик тузилма эмас!”