Муҳаббат Шарафиддинова. Таржимада ҳам устоз

Жамоатчилик Озод Шарафиддиновни биринчи навбатда адабиётшунос-танқидчи, заҳматкаш олим сифатида яхши билади. Лекин у 1955 йилдан бошлаб то умрнинг охиригача таржима билан ҳам фаол шуғулланган хассос ижодкор эди. У киши қилган таржималар орасида хилма-хил жанрлардаги асарлар мавжуд: романлар, қиссалар, ҳикоялар, саргузашт, фантастик асарлар, эсселар, адабий-танқидий мақолалар, фалсафий изланишлар, шу билан бирга, машҳур адиблар, файласуфлар, давлат арбобларининг маърузалари, китоблари, ҳикматли сўзлар, турли халқларнинг латифалари ҳам бор. Киносценарийлар таржимаси эса олим ижодида алоҳида ўрин эгаллайди.

Рақамларга мурожаат қилайлик. Ижодкорнинг биринчи таржималари 1955 йилда қилинган. 1955 йилдан то 1998 йилгача у 150 тага яқин асарни таржима қилган экан. 1955 йилдан то 1998 йилгача — 35 та. 1998-2005 йил-гача – 120 тага яқин асар таржима қилинган. Аниқроқ айтсак, охирги 7 йил ичида у 120 га яқин асарни ўзбек тилига ағдарган. Бу рақам Гиннес китобига кирадиган ҳодиса десак, муболаға бўлмайди. Табиийки, шунча асарни қисқа вақт ичида таржима қилиш осон эмас.

Бу асарлар мазмунига қараб олимни қандай муаммо ва масалалар қизиқ-тирганини билиб олиш мумкин. У киши таржима учун асар танлашда ҳам холис, талабчан ва ниҳоятда мустақил бўлганлар. Масалан, Аҳмад Аббоснинг “Ҳиндистон фарзанди”, Э.Казакевичнинг “Кўк дафтар”, В.Катаевнинг “Девордаги кичкина темир эшик”, “Ичак узар ҳангомалар”, А.Рибаковнинг “Арбат болалари”, Генлиннинг “Сталин ва Булгаков”, Л.Толстойнинг “Иқрор-нома”си, Эфраим Савеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан”, Оноре Бальзакнинг “XIX аср француз ёзувчиларига мактуб”, Афлотун, В.Белинский, Н.Добролюбов, Ларошфуко, Ж.Ж.Руссо, О.Уайльд, Хосе Ортега, З.Фрейд, Франсуаза Саган, Ҳерман Вамбери, “Шахмат ҳангомалари”, В. Биков, П. Коэльо, Ж.Голсуорси, Кобо Абе, Ҳерман Ҳессе, Н.В. Гоголь, Зб. Бзежинский, Ю. Борген, В. Войнович, А. Моруа асарлари ва ҳоказо. Бу рўйхат Озод Шарафиддинов ижодининг библиографик кўрсаткичида (Библиографик кўрсаткич, — Тошкент, 2005) 9 бетни эгаллаган. Албатта, гап рўйхатда эмас, таржимонлик маҳоратида.

Олимнинг тилимизга илк таржима қилган асари В.Белинскийнинг “Танқид ҳақида нутқи” (1955) эди. Ўша даврда, олим энди адабиётга кириб келаётган даврда, Белинскийнинг танқид ҳақидаги мулоҳазалари, ноёб гаплари унга жуда яқин бўлган. Шу туфайли Белинскийнинг асарини ўзбек танқидчилигига олиб киришга аҳд қилган. Кейинроқ, у 1959 йилда Н.А.Добролюбовнинг адабий-танқидий мақолаларини ва машҳур ҳинд ёзувчиси Хўжа Аҳмад Аббоснинг “Ҳиндистон фарзанди” романини таржима қилган, сўнг Э.Казакевичнинг “Кўк дафтар” ва бошқа асарларга қўл урган. Шу йиллар орасида (1968) “Тирик сатрлар” шеърий тўплами нашр этилди. Аммо, маълум сабабларга кўра “Тирик сатрлар” таъқибга учраган (тўпламга Чўлпон, Фитрат, Мухторхон, Элбек, Боту шеърлари ҳам киритилган) эди. Озод Шарафиддинов шу мажмуага муҳаррирлик қилгани маълум. Табиийки, “Тирик сатрлар” туфайли олимнинг бошида “калтак”нинг энг каттаси синган. Унинг китоб-ларини, мақолаларини чоп этмай қўйишди. Шунда “Ўзбекфильм” киностудияси дубляж гуруҳининг бош муҳаррири Қодир ака Мирмуҳамедов бу оғир ҳолатни ҳис қилиб, таржима учун киносценарийлар юбориб турган. Шундай қилиб, Озод Шарафиддиновда таржимонлик маҳоратини кинода синаб кўриш имконияти пайдо бўлди. Табиийки, у кишига сценарийларнинг энг бақуввати, салмоқлиси таржима учун таклиф қилинар эди. Масалан, Сергей Герасимовнинг (“Кўл бўйида”), Иван Пирьев, Сергей Бондарчуклар яратган фильмлар ёхуд Ф.Достоевский асарлари асосида суратга олинган фильмлар.

Лекин таржима Озод Шарафиддинов ижодида ҳеч қачон тирикчилик манбаига айланмаган. Ижодкорнинг олдида доим аниқ, катта мақсад бор эди: ўзбек халқини жаҳон маданияти билан таништириш, ундан баҳраманд қилиш, дунёқарашини кенгайтириш ва ривожлантириш. Таржималар орқали ўзбек китобхонини жаҳон адабиёти билан таништириш вазифасини кўзлаш асосий муддаолардан бири эди. Мана шу мақсад “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил топгандан кейин (1997), айниқса кенг кўламда амалга ошира бошланди. Биринчи навбатда Бош муҳаррир Озод Шарафиддинов олдида жуда муҳим вазифа — журналнинг аниқ дастурини яратиш масаласи турар эди. “Жаҳон адабиёти” адабий-бадиий-ижтимоий-публицистик журнал бўлиши билан бирга, халқнинг маданиятини тарбиялаш, дунёқарашини кенгайтиришдек жуда катта масъулият ётарди. Шу туфайли у киши таржима учун асар танлаганларида, шунчаки маълумот бериш ёки дуч келган асарни таржима қилиш йўлидан борган эмас. Бу ўзига яраша ижод эди. Домла асар танлай билишни — ижодий маҳоратнинг бошланғич нуқтаси деб ҳисоблар, шунинг учун ниҳоятда эҳтиётлик, дид ва билимдонлик билан бу ишга қўл урар эди. Аксига олиб, айнан шу пайтда оғир хасталик унга ёпишиб олди. Шунга қарамай, у ағдарган таржималарнинг кўпчилиги (120) айнан шу даврга тўғри келади. (Бу рақам кўпроқ бўлиши керак, чунки вафот этганларидан кейин ҳам матбуотда таржималари чиққан). Таржималарининг айримлари “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Саодат” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Озод Обид, Шерзод, Нодирабегим, Нодирабону, Музаффар, Азизхон, Азизбек тахаллус-лари билан ҳам босилиб чиққан. “Жаҳон адабиёти” журналининг деярли катта қисмида устоз таржималари бор десак, муболаға бўлмайди. Таржимон ўзбек тилининг барча гўзал имконият-ларидан, халқона ибораларидан маҳорат билан фойдаланган. Айни пайтда Озод домла ўткир сўз устаси, ташбеҳ ва ибораларни ўз ўрнида қўллай оладиган моҳир ижодкор сифатида бу ишга доим нозик дид ва катта талабчанлик билан ёндашган эдилар.

Озод Шарафиддинов таржималарини ўрганиш жараёнида шуни айтиш мумкинки, у киши таржималари орқали маданиятшунослик бўйича мукаммал дастур тузиб берган десак, хато бўлмайди. Шуниси ҳайратланарлики, бу “дастур” халқнинг турли табақасига мўлжалланган. Чунки китобхонлар ҳар хил. Уларнинг диди, табиати, тажрибаси, ақл-заковати ҳам турлича. Бундан ташқари, мутолаадан мақсад ҳам ҳар хил бўлиши аниқ. Аҳамият берсак, домланинг таржималари фақат илмий-назарий мақолалардан ёки фақат фантастик, саргузашт асарлардан, фалсафий, сиёсий тадқиқотлардан ва фақат латифалардан иборат эмас. У ҳамма жанрларни қамраб олишга интилган. Шу билан бирга бу асарларнинг тузилиши ҳам ранг-баранг. Уларнинг ичида изчил динамика бор: оммабоп рисолалардан тортиб, ниҳоятда чуқур фалсафий-психологик асарларгача домланинг эътиборида турган.

Хуллас, Озод Шарафиддинов қилган таржималар барчанинг қалбига етиб бора олади.

Устоз ҳозирги кунда чиқаётган энг яхши асарларни, яъни бугунги кунда дунёда қўлма-қўл ўқиладиган асарларни ўзбек халқига етказиб беришга шошилар эди. Масалан, у қайта қуриш пайтида машҳур “Арбат болалари”ни (1988) ўзбек тилига таржима қилди. Бу асарда қайта қуриш даврида биринчилардан бўлиб Сталин шахсига сиғиниш муаммоси кўтарилган эди. Тўғри, кейинроқ бу мавзуга бағишланган талай асарлар чиқди. Лекин “Арбат болалари” бу борада қалдирғоч эди. Домла худди шундай тезкорлик билан бразилиялик ёзувчи Паоло Коэльонинг асарларини ҳам ўзбек халқига етказиб берди (“Алкимёгар”, “Бешинчи тоғ”). Коэльонинг асарлари бугунги кунда 117 дан ортиқ мамлакатда севиб ўқилади. “Ўзбек китобхони ҳам дунё ўқийдиган асарлардан хабардор бўлиши керак”, — деган шиор унинг маслагига айланиб қолганди.

Озод Шарафиддинов таржималарини бир неча йўналишларга бўлиб ўрганиш мумкин. Масалан, таржималарнинг жанр хусусиятига кўра ўзига хослиги; таржимон маҳоратини; таржимон ва муаллиф усулларининг уйғунлигини, таржимада кинояни сақлаб қолиш йўллари; бадиий тил муаммолари; таржимон ва муаллиф дунёқараш-ларидаги уйғунлик ва ҳоказо.

“Тафаккур” журналида (2000 йил, 2-сон) босилган Ҳерман Вамберининг “Маърифат йўлидаги уйғониш” мақоласи таржимасига назар ташлайлик. Ҳерман Вамберининг номи ўзбекларга бир қадар таниш. Масалан, унинг Бухоро тарихига бағишланган асари икки марта нашр қилинган. Бу венгр шарқшунос олими, туркий тилларни пухта ўзлаштирган ва атрофлича тадқиқ этган. Ўтган асрнинг ўрталарида у катта қийинчиликлар билан Туркистонга келган, бу ерда халқ ҳаётини, тили, маданияти ва адабиётини яқиндан ўрганган. Озод домланинг қўлига немис олими Гольдцигернинг 1912 йилда Петербургда чиққан “Исломдан маърузалар” номли китоби тушиб қолган эди. Шу китобга Ҳерман Вамберининг Россия мусулмонлари ҳақидаги мақоласи ҳам киритилган экан. Мақоладаги Туркистон халқлари ўртасидаги миллий-маданий уйғониш ва жадидчилик ҳаракатининг илк даври ҳақидаги мулоҳазалари олимни ниҳоятда қизиқтирган. Чунки Туркистон ўлкасидаги миллий-маданий уйғониш муаммолари домлани ҳам доим қизиқтириб келган эди. Юқоридаги китоб бугун ҳам ўз қимматини йўқотмаган.

Вамберининг “Маърифат йўлидаги уйғониш” номли мақоласида ислом динига эътиқод қўйган рус фуқаролари ҳақида кўп гапиради. Улар “татар” деган умумий ном остида маълум ва машҳурдир. Этник жиҳатдан эса улар Волга бўйи татарлари, бошқирдлар, Кавказ татарлари ва Қрим татарлари каби гуруҳларга ажралади. Шу билан бирга, Вамбери “мусулмонлар орасида Ғарб маданиятига интилиш борасида бошқаларга қараганда анча илгарилаб кетган, ўз ватанида ва диндошлари ўртасида янгича қарашларнинг ёйилишига катта ёрдам берган” учта халқ ҳақида ҳам гапирган. Буларнинг биринчиси, усмонли турклар иккинчиси, Ҳиндистон мусулмонлари, учинчиси ислом динига эътиқод қўйган рус фуқаролари. Руслар уларнинг миллий туйғуларини уйғотиб, исломдан чалғитишга ва христиан динига киришга ҳаракат қилган”, деб ёзади Вамбери. Шу боис, муаллиф шундай қизиқ фикрни айтади: “Маданий ҳаракатлар ташқаридан зўрлик билан олиб кирилмай, ўз-ўзидан, миллатнинг ич-ичидан ривожланган тақдирдагина маданий инқилоблар муваффақият қозонмоғи мумкин”. Бу йўналишдаги биринчи турткини маърифатчилик, ватанпарварлик кайфияти билан куйиб-ёнган Исмоилбей Гаспирали берди, деб таъкидлайди Вамбери. Олим Гаспиринскийнинг туғилган қишлоғи, “Таржумон” газетаси, унинг йигирма йиллик фаолияти ҳақида гапиради. Асарда ниҳоятда қимматли маълумотлар бор. Масалан, Гаспиринскийнинг бениҳоя доно одамлиги, Ғарб маърифатини инкор қилган инсонларга бу нарсанинг зарарини ётиғи билан, авайлаб тушинтиришга ҳаракат қилгани, миллий театрни юксалтириш, соҳасидаги ишлари, халқ орасидаги маърифатчилик фаолияти, босмахоналар ҳақидаги маълумотлар, 1909 йил 16 августда Нижний Новгородда бўлиб ўтган қурултойда татарлар илк бор яхлит миллий куч сифатида намоён бўлгани ҳақидаги мулоҳазалар ҳамда фикрлар мавжуд. Ҳар бир миллат ўз она тилини сақлаб қолиши лозимлигига доир фикрлар, айниқса эътиборга сазовор. Шу нуқтаи назардан татарларнинг, кенг маънода олганда, туркий миллатларнинг маданий ҳаракати Вамберининг эътиборини жалб қилади.

Шу билан бирга “Таржумон” (1883) газетаси ҳақида гапириб туриб, унинг мақсадини халқни маънавий жиҳатдан уйғотишда деб билади.

Мақолага қараганда, Вамберини жиддий бир масала қизиқтиради: маърифатли одамлар сафини имкон қадар кенгайтириш учун нима қилиш керак? Бу муаммо билан Озод домла ҳам умри бўйи шуғуллангани маълум. Кўриб турибмизки, Озод Шарафид-динов Вамберининг мақоласини тасодифан таржима қилган эмас. Ундаги фикр, мулоҳазалар, муаллиф фикрлари домланинг қарашлари билан чамбарчас уйғунлашиб кетган.

Озод Шарафиддинов таржималари орасида Ғарб маданияти вакилларининг Шарқ маданияти, тарихи билан, ислом дини билан қизиқишига доир масалалар алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, олим машҳур рус ёзувчиси Н.В.Гоголнинг “Ал-Маъмун” (“Жаҳон адабиёти”, 2003, 2-сон) эссесини таржима қилди. Мазкур эссе 1834 йилда Санкт-Петербург университетида маъруза ҳолида ўқилган экан ва маърузани тинглаш учун В.Жуковский ва А.С.Пушкинлар ҳам таклиф қилинган.

Бу эсседа Ал-Маъмун ҳақида айтилган фикрлари мунозарали бўлиши мумкин. Аммо Гоголнинг Шарқ тарихига, ислом дунёсига катта қизиқиш билан қараганлиги устозни мазкур эссени таржима қилишга ундайди. Мазкур эссе аббосий халифалардан бири Маъмун фаолиятига (Бағдодда 813 — 833 йилларда ҳукмронлик қилган) бағишланади. Гоголь Маъмуннинг маърифатпарварлигига, ўз даврининг маданиятли кишиси бўлганлигига кенг ўрин берган. Маъмун шу даражада илм-фанни яхши кўрганки, унинг олимларга ҳомийлиги, ғамхўрлиги тилларда достон бўлган, деб таъкидлайди Гоголь. У қайси мамлакатлар билан жанг қилиб, ғалаба қозонса, кўпинча хирожни тилла ёхуд қимматбаҳо дуру жавоҳирлар билан эмас, ноёб китоблар билан олар экан. Буларнинг ҳаммаси тўғрисида завқ-шавқ билан гапирган Гоголь, айни чоғда, унинг маърифат ва маданиятга берилгани кўнгилчан, раҳмдил қилиб қўйганини, бу эса давлатни бошқаришга халақит бергани ва охир оқибатда халифаликни мустаҳкамлаш йўлида елиб-югурган Маъмуннинг ўзи давлатнинг таназзулига сабабчи бўлганини очиб берди. Мазкур ўринда гап шундаки, Гоголнинг Ал-Маъмун ҳақидаги қимматли фикрлари Озод домлани ҳайратда қолдиради ва Шарқ маънавиятини улуғлаган бу ноёб асарни таржима қилишга ундайди.

О.Шарафиддинов таржималари орасидаги Шарқ ва Ғарб муносабат-ларига оид яна бир мақола катта қизиқиш уйғотади. Бу А.Гениснинг “Қалб фотографияси” (“Жаҳон адабиёти”, 2003, 1-сон) мақоласидир. Унда сўз филологик роман ҳақида, ҳозирги кун адабиёти хусусида боради. Муаллиф ҳозирги кундаги бадиий асарлар ҳолатини кўриб чиқиб, шундай ҳулосага келади: бугунги китоблар фильмлар учун хомашё, экранга мос бўлиб қолган. Масалан, ҳозирги бадиий тўқималар — адабий ўғирликка айланди. Унинг муваффақияти китобхон ёки муаллифнинг нодонлик даражасига боғлиқ. Мақолада муаллиф ўринли киноя ишлатган. Таржимон бу нозик нуқтани маҳорат билан сақлаб қолган. Кесатиқлар, киноя, юмор — буларнинг ҳаммаси матндан таржимага маҳорат билан ўтган. Муаллифни асарда персонажнинг роли, унинг оддий инсондан фарқи, ёзувчининг айтган гапидан кўра айтмаган гаплари, онг оқими ва шунга ўхшаган масалалар қизиқтиради. Гениснинг фикрича, кейинги пайтда чоп этилган энг яхши асарлар бу — “Кафканинг кунда-ликлари”, Шварцнинг “Телефон”, Ю.Олешанинг “Видолашув” китоб-ларидир.

Мақолада А.Генис Ғарб ва Шарқ поэтикаси ўртасидаги тафовутнинг моҳиятини кўрсатади, яъни Ғарб — метафорага, Шарқ — метонимияга таянган ҳолатларини пайқайди. Унинг маъноси шуки, Ғарб санъати образ теварагида қурилади, Шарқ санъати эса из теварагида қурилади. Яъни Шарқ — метонимик фикрлаш тарзининг намунаси. Масалан: “Битта япроқ узилиб тушса, бутун дунё куз бошланганидан бохабар бўлади”. Шу билан бирга, А.Генис Хитой иероглиф-лари ҳақида қизиқарли маълумотлар беради. Масалан, иероглифларни бир императорнинг донишманд вазири кашф қилган экан. У ёзувни жонивор-ларнинг ва қушларнинг изларига қараб туриб топган экан. Хитой ёзувининг пайдо бўлиши (ривоятга кўра) табиий характерга эга экани муаллиф томонидан таъкидланади. Хитой ёзуви инсон нутқини қайд этмайди, балки табиат томонидан берилган белгиларни қайд қилади. Иероглиф — белги эмас, нарсанинг онгдаги изидир. Шу изда уни қолдирган нарса тўғрисидаги хотира муҳрланади. Иероглиф — табиатнинг бизнинг маданиятимиздаги муҳридир. Иероглиф — бу фақат қўлда чизилган нарса эмас, фотосуратдир, у уни туғдирган нарса билан алоқасини сақлаб қолади. Иероглифлардан таркиб топадиган шеърларда шоирнинг лирик ўзбошимчалиги бўлмайди. Иероглиф билан боғлиқ шеърлар нарсаларни қандай бўлса, шундайлигигача кўрсата олади. А.Генис Хитой шеъриятини таҳлил қилиб, унинг моҳиятини очиб, шу билан бирга Хитой шеъриятининг Ғарб шеъриятидан фарқини кўрсатиб беради. Филологик роман ҳақида фикрлар юритиб, А.Генис шундай хулосага келадики, филологик романда ёзувчи яратган образларни эмас, балки ёзувчи қолдирган изларни кўради.

Аёнки, бу мақолада олимни биринчи навбатда бугунги адабиётнинг аҳволи, у қандай йўлдан бориши қизиқтиради. Шу билан бирга, Шарқ шеъриятининг ажойиб ҳусусиятлари ва анъаналарини эсга солади.

Шундай қилиб, Озод Шарафиддинов яратган таржималарнинг мавзулари ниҳоятда ранг-баранг.

Кимнинг асарини таржима қилма-синлар, хоҳ Л.Толстой бўладими, хоҳ Ортега, хоҳ Бальзак, хоҳ Генис ва ҳ.к. уларнинг тажрибаларидан нимани ўрганиш кераклигини сезиб туриш мумкин. Озод Шарафиддинов учун таржима, худди Чўлпон каби, ўзбек халқини бошқа халқларга яқинлаш-тиргувчи муҳим восита бўлган. Таржима туфайли ўзбек халқининг бошқа халқлар орттирган маданий мерос билан бойитган.

“Арбат болалари”, “Иқрорнома”, Игорь Буничнинг “Партия олтинлари”, “Алкимёгар”, “Бешинчи тоғ”, “Дориан Грей портрети”, Э.Савеланинг “Тўхтатинг самалётни, тушиб қоламан”, “Шахмат ҳангомалари”, Герберт Р.Лотманнинг “Ротшилдлар — банкир қироллари”, Збигнев Бзежинскийнинг “Буюк шахмат тахтаси”, В.Войновичнинг “Монументал тарғибот” каби таржималар ўзбекларнинг маданий ҳаётида катта воқеа бўлган. Ҳеч қайси асар домла ижодида тасодиф бўлмаган. Бунга мисол қилиб Л.Толстойнинг “Иқрорнома” (1997) рисоласини олиш мумкин. Таржима “Тафаккур” журналида 1997 йил эълон қилинган. Ўша пайтларда оғир хаста бўлган устознинг руҳий аҳволи Л.Толстойниннг “Иқрорнома”сидаги фикрларга ҳамоҳанг эди. Айнан Л.Толстой фалсафаси домланинг руҳиятига мос келганини тушуниш қийин эмас. Маълумки, Толстой бу асарини ҳаётининг сўнгги йилларида ёзган. Унда адиб босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида мушоҳада юритади ва умр босқичларини теран таҳлил қилади. Толстойни ҳам, Озод Шарафиддиновни ҳам ҳаёт шомида бир жумбоқ — умрнинг моҳияти нима ва инсоннинг бу дунёга келиб кетишида нима маъно бор? — деган савол қаттиқ қийнайди. Шу сабабли устоз “Иқрорнома” таржима-сига қўл уради.

Озод Шарафиддинов таржималари синчликлаб тадқиқ этилганда, муаллиф ва таржимон ўртасидаги руҳий муштараклик яққол кўриниб туради. Бу борада ҳали кўп тадқиқотлар олиб борилиши аниқ. Шу ўринда Озод Шарафиддинов Чўлпон ижоди ҳақидаги айтган муҳим бир гапни сал ўзгартириб, домланинг ўзига нисбатан қўллаш билан мақолага нуқта қўямиз: “Озод Шарафиддинов бирон бошқа жанрда ижод қилмаганида ҳам таржималарининг ўзиёқ унинг номини ўзбек адабиёти тарихининг энг мўътабар жойига ёзиб қўйиш учун кифоя қиларди. Домла яратган таржималар ўзбек халқининг маданияти ривожига катта ҳисса қўшди ва аллақачон халқимизнинг маънавий бойлигига айланиб кетди”.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон