Латвия парламенти раиси: Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбойжон ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз

Латвия Арманистон-Озарбойжон зиддиятида Озарбойжоннинг халқаро даражада тан олинган чегаралари дахлсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлайди. Trend агентилиги хабарига кўра, бу ҳақда 3 октябрь куни Латвия Сейми раиси Инара Мурниеце Озарбойжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедёров билан музокараларда маълум қилган.

Арманистон-Озарбойжон зиддияти, хусусан, Тоғли Қорабоғ масаласида Европа Иттифоқининг Озарбойжондаги элчиси Малена Мард ҳам муносабат билдирган. Европалик дипломат расмий Брюссель мазкур масалада барқарор тинчлик битими зарурлиги, бунинг учун инсонлар ўртасида мулоқот катта аҳамияти касб этишини таъкидлаган.

Боку учун стратегик аҳамиятга эга Тоғли Қорабоғ масаласи Германиянинг Озарбойжондаги элчиси Михаэль Киндсграбнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган. 3 октябрь – Олмон бирлиги куни муносабати билан Бокуда ўтган тантанали маросимда Михаэль Киндсграб зиддиятни фақат тинч йўл билан ҳал этиш лозимлигига урғу берган. Элчи жорий йил ёзда Германия Ташқи ишлар вазири Франк Вальтер Штайнмаернинг Бокуга ташрифи рамзий маънога эга эканини қайд этган.

“Ҳозирги вазиятда статус-кво мақбул эмаслигини жуда яхши англаймиз. Биз томонлар билан доимий алоқада бўлиб, зиддият яна авж олмаслиги ва уни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш йўлида томонларни аниқ мақсадли музокараларга жалб этишга интилмоқдамиз”, – деган Германиянинг Озарбойжондаги элчиси Михаэль Киндсграб.

Тоғли Қорабоғ Озарбойжон расмий доиралари эътиборидаги долзарб масалалардан бири саналади. Озарбойжон Президентининг ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Али Ҳасанов ҳам жорий йил 3 октябрь куни журналистлар билан учрашувда мазкур муаммога тўхталган.

Али Ҳасановга кўра, Фаластин ва Суриядаги вазият билан бирга, Арманистоннинг Озарбойжонга агрессияси мусулмон оламидаги барқарорлик ва тинчликка таҳдид солмоқда.

“Cир эмас, 20 йилдан ошдики, Арманистон Озарбойжон ҳудудининг 20 фоизи, жумладан, Тоғли Қорабоғни оккупация қилиб келмоқда. Озарбойжоннинг тарихий ерларида бутун инфраструктура қаторида миллий, маданий ва диний ёдгорликлар, масжидлар вайрон этилди. БМТ, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ва бошқа нуфузли ташкилотлар эгалланган ҳудудларни озод этишга доир тегишли қарор ва резолюциялар қабул қилди. Афсуски, буларнинг бари амалий натижа бермаётир”, – деган Озарбойжон Президенти ёрдамчиси.

Қайд этилишича, мазкур долзарб масала ечими йўлида мусулмон мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасида ҳамкорликни кучайтириш лозим.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақола:

Қўшилмаслик ҳаракати саммити якуний ҳужжатига Қорабоғ масаласи ҳам киритилди. 19.09.2016