Жамила Эргашева. Гап (ҳикоя)

Милисада ишлайдиган Суюнбойнинг ўғли ҳуқуқшунослик институтига ўқишга кирибди. Эр-хотин қувончлари ичига сиғмай, бир қўзи сўйиб, қариндошларни уйга чақиришди: ака-ука, опа-сингил, амма-хола, янгалар, келинлар…
Эркаклар ҳовлида ўтиришди, хотин-халаж бемалол ўтирсин деб, ичкарига жой қилишган экан. Катта кондиционер ғувуллаб турган кенг, ҳашаматли меҳмонхонада роса маза қилишди. Таомлар бири-биридан тотли, дийдор ундан-да тотли. Ейишди-ичишди, сўнг келинларга дастурхонни йиғиштиришни буюриб, битта-битта лўлаболишни ёнбошларига олиб, гурунгни уришди. Ҳеч ким турай демасди, бирам маза, бирам маза…
Салқин хонада ҳам чиройли елпиғич билан ўзини елпиб ўтирган тошкентлик янга таклиф қилиб қолди:
– Келинглар, қариндошлар йиғилишиб, “гап” ўйнайлик. Ҳозирги замонда бир сабаб бўлмаса, уйдан чиқиш қийин. “Гап” баҳона уйдан чиқасиз, чиройли дас­турхонларда ўтириб, гурунглашасиз. Эллик мингдан пул ташлаймиз, меҳмон чақирганни ҳам қуруқ қўймаймиз.
Ҳисоблаб кўришди: тўрт опа-сингил, тўрт янга, икки хола, икки амма.
– Как раз! – деди янга. – Ўн икки киши бўлсак, ҳар ойда бир киши чақиради. Ярим миллиондан ошиқ пул йиғилади. Ҳам қўлимизга бирдан бир дунё пул тушади, ҳам меҳмон бўламиз.
Муяссар уйга қайтгач, эрига маслаҳат солган эди, “50 минг бўлса, ойлигингдан берарсан. Бир ойда бир марта қариндошлар билан ўтирсанг, ҳеч нарса эмас”, деб қўйди. Лекин ўзининг кўнглига ғам тушди, акасига ўхшаб, қўй сўймаса ҳам, дастурхонни яхшигина қилиши керак бўлади. Оғзи катта янгаларнинг олдида шумшайиб ўтирмаслиги керак-да. Буям йўқ жойдан бир чиқим.
Дийдор ҳам пулга чақиладиган бўлди.
Одатда у якшанба кунлари жуда эрта туради, уйдаги юмушлар эса қоронғи кечгача ҳам тугамайди. Саҳар туриб, нон учун хамир қоради, изидан сомса ёки манти учун алоҳида икки зувалагина хамир олади. Эри билан болалари уйғонгунча хамирларини тиндириш учун ёпиб қўйиб, бир парча гўштни қиймалагичдан ўтказиб, пиёзларини тўғраб, баъзан нонуштага тўртта-тўртта пишириб ҳам қўяди. Нонушта қилиб бўлишгач, болалари дастурхонни йиғиштиради. Ўзи хамирнинг устини очиб, нонларни ясайди. Тандирни қизитиб, нонини ёпгач, кирмошинга сув солиб, кирни бошлаб юборади. Кирнинг орасида уй йиғиштиради, ҳовли супуради, тушлик тайёрлайди. Тушликдан сўнг супур-сидирларини охиригача етказиб, кечки овқатга ҳозирлик кўра бошлайди. Хуллас, Муяссар эртадан кечгача эри билан ўғилларининг кўнглини олиб, якшанбани байрамга айлантириш учун куйиб-пишади. Ярим тунда якшанбанинг энг охирги юмушлари ҳисобланадиган тўрт эркакнинг ҳафта бўйи киядиган кийим-бошларини дазмоллагач, зўрға ювинади-да, ўзини тўшакка ташлайди. Кўпинча гапиришга ҳам ҳоли бўлмайди. Баъзан эри бошига келиб, “Ҳа, чарчадингми, онаси?” деса, кўзларини ҳам очмасдан “Эртага дам оларман”, деб қўяди. Ростдан ҳам маош олиб ишлайдиган ишида бунча чарчамайди, ҳатто у ерда дам олиш ҳам мумкин.
У ҳовлига чиққанда Зуҳро юлдузи майингина нур таратиб турган ойнинг ёнида чарақлаб турарди. Бостирмага олиб борадиган йўлак четида қийғос гуллаган мойчечаклар, тонг қоронғисида ҳам барглар орасида оқариб турган олмалар, майда-чуйда қўйиладиган бостирмадаги саришталик, салқин тонг ҳавоси кўнглини ёриштирди. Бостирма тагидаги каттакон қутидан хамир тоғорани тўлдириб ун олди-да, ошхонага қайтди. Тонг анча салқин эди. Эшикни ёпиб, хамир учун сув қўйди. Супра ёйишдан аввал белини катта шол рўмол билан икки айлантириб қаттиқ боғлаб олди. Ҳар доим “ноним ҳафта охиригача етсин”, деб, бир дунё сув солади-да, кейин хамирни созиқтира олмай, қора терга тушади, шундай пайтда бу рўмолнинг яхшигина фойдаси тегади. Ун элаётиб, ўзича кулиб қўйди: “Дам олиш куни ҳам бошланди, Муяссар Холбоевна! Энди маза қилиб тандир-ўчоқнинг бошида дам оласиз”.
Аёл кишининг ҳаёти шу экан-да, кўчада олима бўлса ҳам, уйга келганда оддийгина хизматкор. Аммо унга ҳеч қачон бу хизматлар малол келмаган. Онаси баъзан “Тўнғичинг қиз бўлганда ёрдамчи бўларди” деб қолади. У эса кулади: “Ўғил бўлса ҳам қўлидан талай иш келади, ўқишини ўқисин, одам бўлсин, дейман-да. Ҳадеб иш буюравермайман. Ҳозир ўзим эплаб турибман, куч-қувватдан қолгунимча келин оламан”.
Нонуштадан сўнг эри тўнғичини олиб бозорга кетди. Улар ҳам Муяссар ёзиб берган рўйхатга қараб бир ҳафталик майда-чуйдани ғамлаб келишлари керак. Эгизаклар онасининг атрофида гирдикапалак, ҳуда-беҳуда саволлар бериб, ишга халал бериб завқланишади. Муяссар уларни нари қувиб ҳалак:
– Барака топгурлар, сизлар ҳам мундай дарс-парс қилинглар, телевизор кўринглар. Бошимни оғритиб юбординглар-ку.
– Онажон, дарсларимизни кеча қилиб қўйганмиз. Телевизорда ҳеч нарса йўқ, телевизорчилар бир кино топса, ўн марталаб бериб ётишади, уларни деб биз ҳам ўн марталаб кўрмаймиз-ку.
Тушликка яқин ошхонада куймаланиб ётган эди, кўчаларининг нариги бошида турадиган қўшниси Тошгул опа чиқди:
– Муяссаржа-нув, шу десанг, ҳамсоялар маслаҳатлашиб, бир бинойи иш бошладик. Юз доллардан “гап” ўйнайдиган бўлдик. Одам ўзича рўзғоридан орттириб, ҳар ойда бир четга юз долларни олиб қўя олмайди. Гап ўйнагандан кейин иложингиз йўқ, бировдан олдингми, беришинг керак, берасан. Ўн қўшни гапни бир жойга қўйиб, келишиб турибмиз. Агар ўн бир киши бўлса, ҳар ой уй эгасидан ташқари минг доллар йиғилар эди, шунга сен ҳам қўшил, деб келдим. Биринчи минг долларни мен олаяпман, харажатларим бор. Иккинчисини Хосият опа оладиган бўлиб турибди, қизига мебель қилиши керак, учинчисини Норимхол олмоқчи, тўйи бор экан. Истасанг, сен тўртинчисини ола қол.
Муяссар лаби-лабига тегмай, бидирлаётган қўшнининг бўёқлари чаплашиб кетган қош-кўзига қараб, энсаси қотди:
– Хўжайин келсин-чи, маслаҳатлашиб кўрамиз.
Қўшнининг ранги ўзгарди:
– Вой-бў, шунинг нимасини эр билан маслаҳат қиласан? Қир ошиб, Қримга кетаётганинг йўқ-ку. Чиқсанг, шу кўчада яшайдиган қўшниникига чиқасан. Ё пулини ўйлаяпсанми? Сендай дўхтир аёл учун юз доллар муаммоми, а?
Муяссар хижолат ичра чайналди:
– Энди… Тошгул опа, барибир, эр эр-да, у кишидан бемаслаҳат бир нарса дея олмайман. Келсинлар-чи? Йўқ-ку, демайдилар, шундай бўлса ҳам, бир олдиларидан ўтганим яхши-да.
Қўшни опа дераза томон қиялаган қуёшдан паналаб, ўриндиғини нари суриб ўтирди:
– Вақтнинг ўтишини қара. Боягина тонг отган эди, бир иш қилиб улгурганим йўқ, пешин бўп қопти. Уйда ўтириб, бир ишга улгурмайман, сен ишлаб туриб рўзғорни қандай эплаяпсан?
– Шу-да!
Тошгул опа яна мақсадга кўчди:
– Энди қарасам, Муяссаржан, ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетаяпти. Ишга боради-келади, овқатини еб, телевизор ўлгурга термилиб ўтираверади. Кетма-кет сериал, дегин, завутингга ўт тушгур. Қўшни бўлиб, биров-бировникига чиқмаса, ҳолинг қандай, демаса, буям яхши эмас-да. Иссиқ жоннинг иситмаси бор, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ёнингда биров туриб берса яхши-да. Сизлар ҳали ёшсизлар. Қўшниларни бириктириб, тўғри йўлга бошқариш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Бир кун ўтиб кетсак, қўшничилик учун куйиб-пишиб юрарди шу опамиз, деб эслаб юрасизлар ҳали.
Муяссар кулди:
– Қўйинг-е, опа, қўлингизга минг доллар келаман, деб турганда, ўлимдан гапирманг-э.
– Энди, келаси гапни келин гапиради, дейишади. Бу жаҳон айвонида неча жонсан, ҳамманг бир-бирингга меҳмонсан. Шунинг учун Худойим имкон берганда, бир-биримизни излаб, иззатимизга етиб, меҳр-оқибатли бўлиб юрайлик. Бу долларлар ҳеч нарса эмас, жонгинам. Мақсад – қўшниларни бириктириш.
Оёқда тик турган ҳолида ҳам бир соат лақиллаган Тошгул опа чиқиб кетгач, Муяссар унинг айёр кўзларини эслаб, ўзича яна кулди: “Ундан кўра пул зарур бўлиб қолганди, ким ҳам шунча пулни бир йилга бериб туради, қўшнилардан юз доллардан йиғайин деб, шу “гап”ни ўйлаб топдим, деб қўя қолса-ку, яхши бўларди”. Лекин кўзига уч ойдан сўнг келиши мумкин бўлган минг доллар пулнинг дийдори жуда иссиқ кўринди: “Бир ҳисобдан қўшни ҳақ, ўз бошича рўзғордан орттириб, шунча пулни йиғиш қийин. Йилда бир ош бўлса, ҳеч гап эмас-у, қиларман”.
– Гап пулида эмас, йиғаман десанг, уларсиз ўзинг ҳам йиғишинг мумкин, – деди эри.
– Шундай дейсиз-да, дадаси. Ойлик келиши билан қаердаги харажатлар кўндаланг бўлиб, қандай ишлатиб қўйганимизни билмай қоламиз. Бировга беришимиз керак бўлиб турса, ўйлаб харажат қиламиз.
– Ҳа-ей, билганингни қил.
Уям билганини қилди, лекин “гап”лари кетма-кет тушиб қолди, икки ҳафта кетма-кет дам олиш кунида уйда бўлмади. Ҳар якшанба бирон тансиқ овқат бўлишига ўрганиб қолган болаларининг қовоғи осилди:
– Яна макарон шўрвами? Уф-ф!
У эри ва болаларига, ҳар якшанба куни қиртишлаб йиғиштириладиган бесаришта уйига хижолатли термилди. Кирларини ҳафта орасида, ишдан қайтганда, кеча-кечаси ювиб олди. “Мантихўр” болалари учун бир кеча манти букиб, музлаткичга қўйди-да, иккинчи оқшом пишириб берди. Аммо болалари мантини мириқиб еган бўлса ҳам, барибир, оналари якшанба куни кетишидан норози бўлишди:
– Биттагина якшанбада уйда бўлардингиз. Энди шу куни ҳам кетиб қоласизми?
Муяссарга қолса-ку, бу “гап”ларнинг сира кераги йўқ-куя. Ҳа, майли…
Бир кун ишдан кечроқ қайтиб, шошиб овқатга уннаган эди. Муюлишда яшайдиган синфдош ўртоғи келиб қолди. Кўришиб, ошхонадаги стулларнинг бирига одатдагидек қимтинибгина ўтирди:
– Сен овқатингни қилавер. Бирпасга чиқувдим, кетаман.
– Ҳа, тинчликми?
Меҳмон дугона бошини қийшайтириб, хижолатомуз жилмайди:
– Тинчлик… Мени сенга қизлар элчи қилиб жўнатишди.
– Қандай қизлар?
– Синфдошлар-да. Шу-у, улар бир иш бошлашган. Ора узилиб кетмасин, ҳар ҳолда ўн йил бирга ўқиганмиз деб, бир ойда бир марта йиғилишиб туришади. Шунга… сени ҳам қўшилсин, биз билан бирга бўлсин, дейишаяпти.
Муяссар афтини буриштириб, газ ўчоққа норози суянди:
– Во-о-ой, Мушши-и! (унинг исми Муштарий эди, гўдаклигида бобоси эркалаб “Мушши” деб чақирган, шу бўйи бир умр Мушшилигича қолиб кетган). Ҳеч иложим йўғ-а. Биласан-ку, бизнинг ишимизни, ҳафта бўйи эртадан кечгача бандман. Болаларим ҳали ёш. Бир якшанба куни уйда бўламан. Мен ҳам аёлман, онаман, кир-чирим, супур-сидирим бор. Шусиз ҳам қўймай, иккита “гап”га қўшишди. Энди икки якшанбам йўқ, калавамнинг учини йўқотиб қўйдим. Хафа бўлманглар, мен ҳечам қатнаша олмайман.
Қуёш юзини булутлар ортига беркитиб олди. Мушши ерга қаради. Муяссар жаҳл билан тақур-туқур қилиб, қозон ковлади.
– Тўғри. Мен-ку, сени тушунаман, – деди Мушши. – Лекин анавилар тушунишмайди-да. Улар ҳали сен билан гаплашмай туриб, “У бизларни ўзига тенг кўрмайди”, дейишган эди. Мен: “Бекоргинани айтибсизлар. У сизлар ўйлагандек димоғдор аёл эмас”, деб сенинг олдингга келган эдим.
Муяссарнинг баттар жаҳли чиқди:
– Тавба-а, ичагида ели туюлса, Муяссаржон, деб чопиб боришади ҳаммаси. Ишлари тушса – Муяссар балогардон. Олдимда илжайишиб, ортимда ғийбат қилишади-я!
Мушши гуноҳкорона елка қисиб, ўрнидан турди:
– Майли, Муясс, мен борай бўлмаса. Сенинг ҳам вақтингни олмай… Кайфиятингни ҳам буздим, кечирасан-да энди.
Муяссар унинг бўшашган сиёғига қараб, кулиб юборди:
– Бу ярамаслар атайлаб сени юборишган. Муяссар талаб ташласа ҳам ерга қараб тураверасан, кейин рози бўлади, дейишган-да. Ҳали борайин, мен уларга димоғдорликни кўрсатиб қўяман. Майли, кўндирдинг, қатнашаман. Лекин якшанба эмас, бирон иш кунига, тушликка тўғрилаб ўтказасизлар. Соат ўн бирларда ишдан қочиб чиқсам, иккиларда бирон баҳона билан кечикиброқ қайтаман. Бўлдими?
Мушши ҳар доимгидек хижолатомуз жилмайди:
– Раҳмат. Улар ҳам якшанба куни ўтира олишмайди, ҳаммаси бозорчи-ку.
У қандай сассиз кириб келган бўлса, шундай чиқиб кетди. Муяссарни димоғдор деб, унинг олдида мулзам бўлишни истамаган синфдош дугоналарнинг кўпчилиги ҳақиқатан ҳам бозорни бойлаган хотинлар эди. Биринчи “гап” ана шундай бойвуччаларнинг бириникида бўлди. Шунча йил салом-алик қилиб, бирон марта ҳам уйига бориб кўрмаган экан. Ана уй, мана уй! Дастурхон тўкин, анқонинг уруғи, қушнинг сутидан бўлак ҳамма нарса бор. Аммо бозорнинг энг гавжум ерида “Совғалар” дўкони очиб олган Салимага дастурхон ўртасида турган турли хил ичимликлар орасидаги бурама қопқоқли ароқлар ёқмади:
– Тузукроғидан олсанг, ўласанми, зиқна? Жуда қизғанчиқсан-да, ўзиям.
Мезбон ҳам уни аяб ўтирмади:
– Сен билан менга ўхшаганларга шунақасиям бўлаверади, деб олган эдим-да. Кеча ўзинг ҳам шунақасидан уйингга обкетдинг-ку.
Даврада кулги кўтарилди. Бозорда ўтираверганиданми, ўқувчилик пайтлари саси чиқмайдиган Салиманинг тили анча бурро бўлиб кетган эди:
– Ўзингнинг пулингга бўлса, ҳар қанақаси кетаверади. Лекин азза-базза қилиб, меҳмонга келганингда тузукроғидан ичиш керак-да. Тўғрими, Муяссар Холбоевна? – у Муяссарга қараб кўз қисиб қўйди, Муяссар индамади.
Салима “Бу қурумсоқдан бошқа нарса чиқмас экан, майли энди, кўр бўлиб шуни ичаверамиз”, деб овқат келмасдан, бир бошдан ҳаммага қуйиб чиқди:
– Рухсатларинг билан, аввал ўзимни таништирсам: Салима Эшқувватова, мана шу давранинг “самазванка” раисаси. Энди биринчи сўзни бизга ҳадеб қўшилавермайдиган ҳурматли дўстимиз, азиз меҳмонимиз Муяссар Холбоевнага берамиз. Қани-и, марҳамат. Қадаҳни қўлга олиб-да, ўртоқжон. Ахир даврадошларнинг ҳурмати, дегандек… Э-э, раҳмат. Қани?
Муяссарнинг димоғига ўткир спирт ҳиди урилди. У уч-тўрт оғиз гапирган киши бўлиб, қадаҳни дастурхоннинг бир четига қўйган эди, Салима шанғиллади:
– Ҳай-ҳай! Бунақаси кетмайди, Муяссар Холбоевна. Сўз исботи билан! Сурхонда сўйлаган ичади, қани-и, олинг, ерга қўймасдан олиш керак. Ирими шундай. Охиригача!
Муяссарнинг жаҳли чиқиб кетди: “Қаердаги “иккичи” менга буйруқ беряптими? Аҳмоқ! Синфда ўтирар эдинг бир четда сочингни бит босиб, энди тўрт сўм топдим деб…”
Олдида турган қадаҳни жаҳл билан янада нарироқ суриб қўйди:
– Мен ичмайман! – деди у қовоқларини уйганча ҳеч кимга қарамай.
– Мажбурлама, – деди қизлардан бири. – Ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Ҳали у ишга бориши керак, беморларнинг олдида оғзидан ароқ ҳиди келиб турса, яхши эмас-да.
Салима бир бошдан ҳаммага сўз бериб чиқди, деярли ҳамма сўзини “исботлади”. Қуюқ-суюқлар орасида оёқ ёзиш учун ўйинга тушишди. Ўйинни маданият уйида ишлайдиган Майсарахон арабча рақс билан бошлаб берди. У илк бор мактабда битирар йиллари арабча рақсга тушиб берган, ўшанда бу ҳаракатлар унга жуда ярашган, ҳамманинг ҳаваси келганди. Энди эса ёши қирққа яқинлашиб қолган, бир қоп гўштга айланган хотин…
Қадрдон куйни қўйиб, даврабоши Салимахон “Майсар-р!” дейиши билан ўрнидан туриб, белдан пастроғига қиялатиб попукли рўмол боғлаб олди. Кейин давранинг ўртасига чиқиб, напрамачдек  думбаларини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга учириб, лорсиллаган кўкракларини силкитиб, бир қилпиллади-ей, кулавериб, ҳамманинг ичаги узилди. Кейин “Мустаҳзод” янгради, унга зулукдек қилиб бўялган қошларини чимириб, қовоқлари осилиб қолган кўзларини ноз билан сузиб, Лаълихон чиқди. Ўйнамаган одам қолмади. Муяссарни ҳам рақсга тортишди. Бир вақт қараса, соат ўнта кам икки: “Комиссия бор эди-я!..” У ҳамма билан шоша-пиша хайрлашиб, кўчага югурди. “Бошлиқ йўқлигимни билиб қолмасин-да”, деб тили танглайига ёпишганча югуриб бораркан, дастурхонда қўл урилмасдан қолиб кетган ноз-неъматлар кўз олдидан кетмасди. Ҳаммаси оғизда эриб кетадиган, бир-биридан тотли эди. Лекин у-булардан бир-бир тотинган бўлди-ю, кейин иштаҳаси бўғилиб, тўрсайганча ўтираверди. Ишхонасига кирар-кирмас қорни очди.
Кунни якунлаб, ўринга чўзилгач, хуррак отиб ухлаётган эрига қараб ётиб, ундан яширган базмни эслади. У ҳақиқатан ҳам бозорчи синфдошларини ҳеч қачон ўзига тенг кўрмаган, гарчи ҳамиша уларнинг илтимосларини бажариб юрган бўлса ҳам. Бу хотинлар ҳам Мушшига бежиз “Муяссар бизни писанд қилмайди”, дейишмаган. Муяссарнинг кўзлариданми, сўзларининг оҳангиданми, кўнглидаги беписандликни сезиб қолишгандирки, Мушшига шундай дейишибди. Ахир… бечоралар бошқа нима иш қилишсин. Ҳар ким қўлидан келган ишни қилади-да. Биров доктор, биров бозорчи… Ҳаммаси ҳам бола-чақа деб югуриб юрган аёллар-да. Бунинг учун уларни айблаб бўладими?
У секин ўрнидан туриб, ўғиллари ётган хонага ўтди. Болаларнинг усти очиқ, пардалари бир четга сурилиб, ланг очиқ қолган дераза ортидаги бир парча осмонда баркашдек ялтиллаб турган тўлин ой хонани сутдек оппоқ нурларига чўмиб ташлаганди. У оҳиста бориб, деразани ёпди, пардани тўғрилаб қўйди, сўнг беозоргина пишиллаб ухлаётган болаларининг ёнига бир-бир ўтиб, устларини ёпиб қўйди. Бир уйда яшаб туриб, унинг юраги бир умр соғинчдан симиллаб туради. Эрталаб ишга шошади, кечқурун ҳориб-толиб қайтган ҳолига бир дунё уй юмушларини бажаради: пишир-куйдир, йиғиштир, юв-чай, дазмол… Эгизаклари эртак эшитишни жуда яхши кўришади. Баъзан уларга эртак айтаётиб, улардан олдин ўзи ухлаб қолади. Эри ҳамиша “Бир ставка ишла, ўзингни қийнама. Болалар билан кўпроқ уйда бўласан”, дер эди. У эса атрофидаги баъзи ҳамкасблари иш талашиб, бир ярим ўрин ишлаб, яна тинмай навбатчиликларда ҳам тураётганига қараб, “Улгураяпман-ку. Болалар ҳам бирпасда улғайиб қолишади. Бир эмас, уч ўғил!..” деб, бир ярим ўринга икки-уч навбатчилик ҳам қўшиб олганди. Пулнинг эса сира баракаси йўқ, кам бўлганда тежаб ишлатаркан одам, кўп бўлганда ҳам ишлатилиб кетавераркан. Айниқса, манави “гап”ларга аралашиб қолди-ю, ҳам вақтининг, ҳам пулининг баракаси учди. Ҳар икки-уч куннинг бирида Тошгул опа “Муяссаржан-ув” деб кириб келади:
– Жумагул ҳамсоянинг отаси ўтиб қолибди. Гапдошлар йиғилишиб, бир ўтиб келишимиз керак. Дастурхон учун йигирма мингдан пул йиғаяпмиз.
– Ойдиннинг онаси минг ойнинг юзини кўрибди, акалари катта тўй қилиб беришаётган экан, ресторанда! Бизни ҳам шу кунларга етказсин. Худо хоҳласа, шанба куни бирга-бирга ўтамиз. Ҳар доимгидек дастурхонига йигирма минг, шундай табаррук онахоннинг елкасига ҳам арзийдиган бирон нарса ташламасак бўлмайди, дастурхондан дастурхонга ўтиб юрадиган исқирт мато бўлмасин, эслаб кийи-иб юрадиган бир нарса олайлик, деяпмиз. Унга ҳам йигирма мингдан йиғаяпмиз.
Баъзан Тошгул опа унинг энсаси қотаётганини сезиб қолиб, ранжиб ҳам қўяди:
– Ҳай-ҳай, сингилжоним, яхши-ёмон кунларингизда ёнингизда туриб берадиган қадрдонлар ҳамиша керак. Ҳали сиз ҳам тўйлар қиласиз, ўшанда бу пулларингиз, албатта, ўзингизга қайтиб келади.
Тошгул опа чиқиб кетгач, у ёпиқ дарвозага қараб, ошкора ғижинади: “Ўртадаги пулнинг бир қисми сизнинг жиғилдонингизга кетаётганини билмасам экан!”
Буёқда Мушши ўлгур ҳам қўймайди:
– Майсара қизига тўй олаётган экан. Шунга бориш керак. Ўн беш мингдан йиғиштираётган эдик.
– Ё, тавба! Тўй олаётган бўлса, тўй егани бормаймизми? Унга тўёна бериб нима қиламиз?
– Билмасам… Салима шундай деди. Бечоранинг қўли юпқа, ёрдам берайлик, деди.
– Ҳа, майли. Тўй-пўйларга чиқмаяптимикин? – кулади бу.
– Нима деяпсан? Унинг нўмири ўтиб бўлган, уни ким тўйга чақиради?
Ҳафта ўтмай яна келади бошини қийшайтириб:
– Ойнаобод қайнисинглисини чиқараётган экан. Шунга дастурхон учун…
– Уф-ф!.. Ҳай, мен-ку, докторман, ойлигим яхши. Шундаям “дод” деб юборгим келади, сен бечора қандай қилаяпсан арзимаган маош билан?
Мушши нимадандир хижолат тортаётгандек аянчли илжаяди:
– Хатга тушдинг, ўтга тушдинг, дейишган-ку, “гап” ҳам хатнинг бири экан. Бир амаллаяпман-да.
У баъзан Мушши учун ҳам тўлаб юборади:
– Болаларинг ойликчи бўлиб, пулинг кўпайганда қайтарарсан…
Тушлик пайти ҳаллослаб, ана шундай тадбирларнинг биридан келиб турган эди, ота ҳовлисидаги энг яқин қўшниларидан бири келиб қолди. Бу опанинг эри бир умр тумандаги энг катта автокорхонанинг бошлиғи бўлиб ишлаган, лекин ўзи каттага ҳам, кичикка ҳам бир хил муомала қиладиган ажойиб аёл. Шунинг учун Муяссарнинг онаси бу аёлни жуда яхши кўрарди.
Сўрашиб улгурмасдан аёлнинг йўтали тутиб қолди, опа ғужанак бўлиб, узоқ йўталди.
– Тинчликми, Қаноат опа? Яна йўталаяпсизми?
Опа қўл силтади:
– Э-э, куним қурсин менинг. Биров ёнимда туриб райҳон эзғиласа ҳам нафасим бўғилиб, йўтал тутиб қолаяпти. Акангиз ремонт бошлаган, эшик-деразалар бўёқдан чиққунча уч-тўрт кун онангизникигами, синглимникигами бориб турай, уйда ўзингиз бор, келин бор десам, йўқ, уйда бўл, деб туриб олди. Мана энди, йигирма кундан буён йўтал тўхтамайди. Ичакларим ҳам буралиб қолгандек бўлаяпти. Ўғлим тоғдан асал олиб келган экан, тоза асал, ҳар наҳор оч қоринга бир қошиқдан енг, деган эди. Уч-тўрт кун есам, бутун аъзойи баданимга парча-парча қизил тошма тошиб кетди. Энди бу нимаси бўлди деб, ёнингизга келдим.
Муяссар бош чайқади:
– Вой, опажоним-эй, ўзингиз билмаган ҳолда вужудингизда ухлаб ётган касалликни уйғотиб юборибсиз-ку. Ахир асални асаларилар неча хил гулнинг чангидан йиғиб олади, шунинг учун асал энг кучли аллерген ҳисобланади, райҳон, бўёқ – булар ҳам ўткир аллергенлар. Энди беш-олти кун кучлироқ муолажа олишингиз керак. Иложи бўлса, ётиб даволанинг.
Қаноат опа касалхонада ётиб даволанишга рози бўлмади. Дориларни ҳамшира қизларга олиб келтириб, шу ерда биринчи кунги муолажани олиб қўя қолди. Муолажахонада озроқ ётиб, пича енгил тортгандек бўлдими, чеҳраси ёришиб, Муяссарнинг ёнига кирди.
– Кучли таомлардан ўзингизни тийинг. Қатъий парҳезга риоя қилинг, – деб тайинлади Муяссар.
Қаноат опа кулиб бош чайқади:
– Эртага “гап”имиз бор эди-я. Энди дастурхоннинг бошида кўрмак бор-у, емак йўқ, деб ўтирарканман-да.
Эшикдан чиқаётиб, изига қайтди:
– Менга қаранг, Муяссархон! Сизни бир жойга таклиф қилсам, нима дейсиз? Масалан, дейлик, бизнинг даврамизга. Бир-биридан ажойиб хотинлар йиғилган, денг. Бири прокурорнинг онаси, бировининг ўғли ҳоким муовини, бировининг ўзи катта тадбиркор, нечта дўкон, ресторанлари бор. Нимага ишингиз тушса, ўша соҳанинг калити ёнингизда бўлади. Орамизда дўхтир йўқ. Аслида, бу даврага ҳар кимни ҳам қўшавермаймиз, деб келишганмиз. Бир сафар уларга сиз ҳақингизда гапирсам, синглингизни биздан қизғаниб юрмасдан, даврамизга олиб келинг, биз билан ҳам таништиринг, дейишди. А-а, нима дейсиз? Сизга манаву касалларингиздан нима наф? Эшигингиздан чиқиши билан сизни унутиб юборади. Сиз ҳам бундоқ катта давраларга қўшилинг. Ўғилларингиз катта бўлаяпти, синаб-кўриб, биронтаси билан қуда бўлишингиз мумкин.
Муяссар жуда ноқулай аҳволга тушди. Бу аёлга “йўқ” дейиш қийин эди. “Хўп” деса… Шунча “гап”га улгуриши ҳам осон эмас.
– Опа, эрим пича инжиқроқ одам. Бир олдиларидан ўтишим керак.
– Йўқ, деса, ўзимга айтинг. У кишига ҳам калит топаман, – кулди опа.
– Ўзим…
– Эмасам, ғайрат қилинг.
Эри ишдан кеч қайтди, чарчаганми, нимагадир кайфияти ҳам йўқ эди. Бошқа пайт бўлганда Муяссар индамай қўя қолган бўларди, аммо опаси тушмагур эртага эрталаб қўнғироқ қиламан, деган…
Эрига опанинг таклифи ёқмади:
– Мен у даврани биламан, бошлиғимизнинг онаси ҳам шу даврада. Нохосдан оғзингдан бир гап чиқиб кетса, онаси орқали бошлиғимнинг қулоғига етади-да, балога қоламан. Тинчгина юр, хотин. Уй-жойимиз, бинойидек турмушимиз, болаларимиз бор. Яна нима керак бизга?
– Вой, дадаси! Одамзод янаям яхшироқ бўлишга интилиши керак, ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмаслиги керак. Сув ҳам бир жойда туриб қолса, сасийди. Бошлиғингизнинг онаси бўлса, янаям яхши. Кўнглини топсам, мартабангиз ошади. Шундай танишларим борки, казо-казолар билан “гап” ейиш учун ҳар ойда бир марта самолётда Тошкентга бориб келади! Сизни қаранг-у… Болаларингиз ўсаяпти, ўзлари билан бирга уларнинг харажатлари, эҳтиёжлари ҳам ўсаяпти. Эртага уларни ўқишга жойлаштириш, ишга жойлаштириш бор. Шундай пайтда бир қўллаб юборадиган танишга зориқиб қолади одам.
Хуллас, у деди, бу деди, эри бечора “Билганингни қил” деб терс бурилиб ётиб олди. Анчадан сўнг яна тўнғиллади:
– Ҳайронман, ўша кампирлар билан нимани гаплашаркансан? Улар бир умр олдин эрининг, энди ўғилларининг топганини еб, уйда ўтирган хотинлар бўлса.
– Бир гап бўлар.
Бирпас ўтгач, эри ўрнидан туриб ўтирди:
– Ҳай, менга қара!
Муяссарнинг энсаси қотиб, унга томон ўгирилди:
– Ҳа-а! Яна нима дейсиз?
Эри лом-мим демасдан, анча пайт унга тикилиб турди. Муяссар жаҳл қилиб, яна орқа ўгириб олди.
– Сен хотин, жуда ўзгариб кетдинг. Билиб қўй, менга сен олиб берадиган мансаб умуман керак эмас. Болалар бўлса, соғ-омон, эсли-ҳушли бўлиб улғайишса, сен билан мен каби ўз йўлларини топиб кетишади.
Муяссар бир нарса деса, жанжал катта бўлиб кетишини билиб, индамай қўя қолди: “Тавба! Нима, у бузуқлик қилгани боряптими? Шундай бообрў аёлларнинг давраси бўлса! Боради, барибир боради. Осиб ташласа ҳам боради. Кўчада бўл, кўйда бўл, эр келганда уйда бўл, дейишган. У ҳам эри ишдан қайтгунча уйда бўлади”.
Эртаси куни эри одатдагидек ҳаммадан аввал кетди. Унинг тезроқ кетишини пойлаб турган Муяссар кийинмасдан ҳали ошхонада, ҳали болалар хонасида куймаланиб юраверди. Чой дамлаб, дастурхонни тузаб қўйди-ю, аммо эрига гап қўшмади. Эри ҳам индамади. Бир оғиз гапирмасдан чойини ичди-да, хўшлашмасдан чиқиб кетди. Муяссарнинг юраги ғашланган бўлса-да, ич-ичида қаҳрланиб турган “мен”и қўл силтади: “Токайгача? Ўзи бир иш қилса, мендан маслаҳат сўраб ўтирмайди-ку”.
Шу кайфият билан болаларини ўқишга кузатди. Салонда ишлайдиган қўшни келинни чақириб сочини турмаклаттирди. Сўнг бисотидаги бор тақинчоқларни тақиб, яқинда олган, у ер-бу ерига ялтироқ тош қадалган қора кўйлагини кийиб ишга борди. Ундаги ўзгаришни ҳамшираси дарҳол сезди:
– Очилиб кетибсиз, Муяссар Холбоевна!
Муяссар унга қараб, кўз қисиб қўйди:
– Борадиган жойим бор эди. Соат ўн бирдан кейин бош врач сўраса, участкага чиқиб кетди, деб қўясиз.
– Хўп бўлади.
У анча кечикиб борибди. Катта дастурхоннинг гирдини тўлдириб ўтирган аёлларнинг ҳаммаси, Муяссарнинг назарида бироз малоллангандек ўринларидан туриб, кўришишди. Кечикиб келиб, ёши бир жойга бориб қолган бой хотинларни қўзғаб қўйгани учун хижолат тортди. Беихтиёр тошбақага ўхшаб бошини ичкарига тортди. Шу ўтиришида ўзини Мушшига ўхшатиб юборди: “Шўрликкина”.
Қаноат опа тўрдан бошлаб, даврадошларни таништириб чиқди:
– Бу киши Салтанатхон, раҳматли хўжайинлари генерал бўлганлар, ҳозир ўзлари “генерал”. Олти ўғил-олти келин, тўрт қиз-тўрт куёвни ўзлари бошқарадилар. Икки ўғиллари прокурор. Бу киши ҳокимимизнинг оналари. Бу киши…
Хуллас, ҳамма зўрлар йиғилган эди. Хонада қовурилган, қайнатилган, дудланган гўшт, янги узилган кўкатлар, антиқа пишириқлар ҳиди билан нафис атир-упалар ҳиди қўшилиб кетган, ҳар-ҳар замонда бир тотиниб қўяётган меҳмонлар қўлларини қовуштирганча, ёнидаги шериги билан ғивир-шивир гаплашиб ўтирарди. Фақат қуйироқда ўтирган бошқалардан нисбатан ёшроқ, афтидан мавқеи ҳам пастроқ бир аёл тинмай питир-питир қилиб, дам ўтирганларни таомга ундар, дам бирини қўйиб, бирини мақтар, ора-сира аскиялар айтиб, ҳеч ким кулмаса ҳам, ўзи ваҳа-халаб куларди.
Бир вақт Муяссарнинг ёнида ўтирган аёл у томон хиёл эгилиб, ўзича дастурхонга таклиф қилган бўлди:
– Нега ҳеч нарса емаяпсиз?
Муяссар дастурхон нақшларига қаради:
– Едим, опа, еяпман.
Сўнг аёл унга томон бироз сурилиб, ярим овозда арз-ҳол қилди:
– Бир санчиғим бор, десангиз, ўн беш йилдан бери ҳали у еримда, ҳали бу еримда пайдо бўлиб, азоб беради. Кўринмаган дўхтирим қолмади. Қаноатхон сизни роса мақтади, менга ҳам бир маслаҳат бермайсизми?
– Бажонидил, – шундайин кибор даврада унга ҳам кимнингдир иши тушганидан севиниб кетди. – Фақат анализлар топшириб, бир-икки аппаратларимизнинг текширувидан ўтишингиз керак бўлади.
– Қачон борсам бўлади?
– Истаган пайтингизда бораверинг, ҳар куни ишдаман. Фақат уйдан чиқишингиздан аввал бир қўнғироқ қилиб қўйсангиз, бўлди. Овора бўлиб борсангиз, бирон жойга бемор кўргани кетиб қолган бўлмай, дейман-да.
Хуллас, душанба куни тўрт даврадош бирга-бирга Муяссарнинг қабулига борадиган бўлишди. Очилиб-сочилиб ўтирмаган бўлса ҳам Муяссар уйга кўнгли ёруғ орзу-хаёллар билан тўлиб қайтди. Ҳадеб бидир-бидир қилиб, ўзи гапириб, ўзи кулиб ўтирган сергап аёлни айтмаса, ҳаммаси оғир-босиқ, бамаъни аёллар эди. Сергап аёл ўзининг зиммасига ҳамма ташкилотчилик юмушларини ҳам олган, шекилли, ўртадаги пулни ҳам ўзи йиғиб олди, ундан ташқари яна бир дунё тадбирларни эълон қилди:
– Шу ойнинг якшанбасида Муҳаббат опанинг етмиш беш йиллик юбилейларини нишонлаймиз. Кейинги жума Маърифатнинг эрига маърака қилишар экан. Юзта сомса буюрсам, бўладими? Унга йигирма минг сўмдан пул берасизлар. Йигирма бешинчида Гулнора опа неварасига ақиқа қилаётган экан. Бир маслаҳат қилиб, харажатларини телефонда айтаман. Пайшанбада…
Хуллас, Муяссар ҳар эҳтимолга қарши деб юз минг сўм олиб чиққан эди, ҳалиги аёл унга деди, бунга деди, ҳаммасини олди-қўйди. Ўртада айланадиган юз долларни унинг учун Қаноат опа берди. “Ҳа-а, катта давраларнинг ҳаражати ҳам катта бўлади-да. Чидаш керак, – ўйлади Муяссар. – Навбатчиликни кўпайтирсаммикин?” Бу, албатта, эрига ёқмайди: “Бойларга қўшилиб, отимни чопдим, отимдан йиқилиб, қумларни қопдим, дейишган экан. Ҳолингга қараб иш қил, хотинбой”. “Э-э, ёмон мижғов бўлди-да шу одам ҳам!.. Шунинг маслаҳати ҳам, ёрдами ҳам керак эмас, ўзим топаман. Кей-и-ин, вақти келганда айтаман. Ўша давраларга шундай ниятлар билан қўшилган эдим, сиз эса кўркундошдек бўлиб еб қўйгандингиз, дейман”.
У шу пайтгача сира ҳам беморларига таъмагирлик қилмаган эди. Ўша куни доимий мижозларидан бири келиб, кетаётганда “йўқ” деганига ҳам қўймай, чўнтагига пул тиқиб кетди. Хонада ҳеч ким йўқ эди. Бемор эшикдан чиқиб кетиши билан ташлаб кетилган пулни санаб кўрди: “Йигирма минг сўм. Қандай яхши! Кечгача яна ўн беш-ўн олти киши қабул қилса, инсофи борлар ўн мингдан ташлаб кетишса ҳам, пича пул йиғилиб қолади. Лекин баъзилар бездек бўлиб, индамай чиқиб кетаверишади. Ноинсофлар!”.
Навбатдаги бемор очган эшикдан қаттиқ-қаттиқ овоз эшитилди. Бу ҳар доимги шовқинлардан бошқачароқ эди. У ҳайрон бўлди. Бирпасдан кейин ранги қумдек оқарган ҳамшира қиз кириб келди:
– Муяссар Холбоевна!.. Жасур Тиловмуротовични погонли одамлар олиб кетишди.
– Нега? – Муяссарнинг юраги “шув” этиб кетди.
– Ногиронликка чиқиши керак бўлган бир касалга эллик минг берсанг, бюллетень қилиб бераман, деган экан. Ҳалиги киши йигирма минг берайин, деб роса ялинса ҳам кўнмабди. Бечора қўли юпқароқ экан. Пул топа олмагандан кейин ички ишларга арзга борибди.
Муяссар беихтиёр қўлини чўнтагига солиб, ҳалиги йигирма мингни ушлаб, қаттиқ ғижимлади: “Ё, Худойим, энди нима қиламан?!”
Ҳозир эшиги очилиб, унинг хонасига ҳам Жасур Тиловмуротовични ушлаганлар кириб келадигандек бўлаверди. Шарманда! Ер ёрилса-ю, ернинг тагига кириб кетсам!.. Ҳа, фалончининг қизи, ёки фалончининг онаси пора билан қўлга тушиб, қамалиб кетибди, деган исноддан кўра ернинг тагига кириб кетиш, ўлим минг марта афзал эди. Унинг нафаси бўғзига тиқилиб қолгандай бўлди. Ўрнидан туриб, дераза томон ўтди, ортига қараб, ҳамширадан бир пиёла сув сўради. Ҳамшира бурчакдаги стол устида турган челакдан пиёлага сув олиб, унинг ёнига келгунча учинчи қаватдан пастга бир назар ташлади-да, ҳамон қўли билан қаттиқ ғижимлаб турган пулни пастга ташлаб юборди. Сўнг ҳамшира узатган сувдан бир ҳўплаб, жойига ўтди. Аммо ўзига келолмади. Пешонасига тепчиган муздек тер доналарини кафти билан сидириб, унга анқайиб қараб қолган беморга юзланди. Худди кўнглидаги фикру хаёллар кўзларидан англашилиб тургандек хижолат тортди:
– Бечоранинг бир уй боласи бор эди-да.
Бемор аёлнинг сарғимтил юзи буришди:
– Бола-чақа кимда йўқ, синглим? Хасталаниб, ишга ярамай, бир сўмга зор бўлиб юрган одамдан ҳам пул сўрайдими? Инсоф ҳам керак-да!
Шу билан икки-уч кун ўзига кела олмай юрди. Худди пул берган бемор бориб шикоят қилган-у, ҳали замон эшикдан текширувчилар кириб келадигандек бўлаверарди. Бутунлай ҳаловатини йўқотди. Бу орада Қаноат опа икки марта қўнғироқ қилди, пулини сўрамаган бўлса ҳам, Муяссар хижолат тортди. Миллиард-миллиард одам сиққан кенг дунё унинг кўзига тор кўриниб қолган эди: “Э-э, қайси гўрданам шу “гап”ларга қўшилдим”. Харажатлари кўпайганидан буён эшикдан кирган ҳар бир бемор кўзига пул бўлиб кўринадиган бўлиб қолган эди. Иш тугагандан кейин ҳам “Балки биров-ярим келиб қолар”, деб ўтираверарди…
Илгари маош олди дегунча дўконга кириб, болаларининг оғзига ёқадиган бирон нарса харид қиларди. Энди кунора бир йиғин, унча-мунча пул Чамбилга чироқ ҳам бўлмайди, емай-ичмай йиғиб қўяди.
Бой хотинларнинг бирининг юбилейига айтишган эди, негадир сира оёғи торт­мади: “Мазам бўлмай турибди, иш ҳам кўп” деб айтилган пулни бериб, қутулиб қўя қолмоқчи бўлди. Қаноат опа қўймади:
– Барака топгур, ҳозир юрмасангиз, қачон юрасиз? Яхши кишиларнинг тўйларини кўринг, шундай тўйлар қилайин деб, ҳавас қилинг.
“Уф-ф! Бу йиғинларга боришнинг ўзи бўлса экан… Ҳамма кўйлакларини неча мартадан кийиб борган. Бу хотинларнинг даврасида бир кўйлакни қайта-қайта кийиш жуда ноқулай. Ҳар сафар фалон сўмга соч турмаклатиши керак. Уям текин эмас”.
Эрини ишга кузатгач, “салон”чи келинни уйга чақирди:
– Сочимни бир нарса қилиб қўйинг, тўйим бор эди.
Келин нақ ярим соат уриниб, бошида ажабтовур мўъжиза яратди. Иши тугагач, уни гир айланиб, ўзининг ишидан ўзи мамнун жилмайди:
– Жуда очилиб кетдингиз. Ўзингизга ҳам ёқдими?
– Жуда ҳам! Қўлингиз дард кўрмасин.
Уйдан чиқаётган пайт онаси қўнғироқ қилди, овози жуда хаста эди:
– Муяс, қизижоним, жуда мазам йўқ. Чап кўкрагимнинг таги санчгани-санчган. Ҳеч нафас олишга бермаяпти. Бугун ишингдан жавоб сўраб, мени Термизнинг катта дўхтирларига кўрсатиб, ренгенга, компьютерга тушириб кел, болам.
Муяссар бир зум жим қолди, онаси ҳам ёши ўтган сайин жуда инжиқ бўлиб бораяпти-да. Агар ўзи шифокор бўлмаганида ҳам майли эди… Онаси тумандаги дўхтирларнинг ҳаммасини саводсизга чиқариб, ўзига ўзи ташхис қўяди. Ўзи ҳам тинмайди, атрофидагиларни, айниқса, Муяссарни тинчитмайди. Не ҳасратда қилдирган турмагини беихтиёр силаб қўйди: “Юбилей ўлгур бўлмаганда ҳам майли эди”.
– Муяс, Муясс! – онасининг бетоқат овози эшитилди.
– Ҳа, она?
– Мени эшитаяпсанми?
– Ҳа, она.
– Олиб борасанми? Жуда мазам йўқ-да, болам. Акангга айтсам, менинг ишим кўп, қизингизга айтинг, ҳамкасбларига кўрсатади, дейди. Шунинг учун…
– Хўп, она, ишдан жавоб оламан-да, бир такси ушлаб, ёнингизга ўтаман, – сўнг ўзини тинчитди: “Битта томография билан рентген бўлса, юбилейга бемалол улгураман”.
Осмоннинг бир четида қорайиб турган булут то манзилга етиб олгунларича бутун осмонни қоплаб олди. Машинанинг очиқ деразаларидан муздек совуқ ҳаво ва нам тупроқ ҳиди урилди. Кўп ўтмай, шаррос ёмғир қуйиб юборди.
– Ойналарингизни ёпинг-ей, – зорланди момо.
Ҳайдовчи хижолат бўлди:
– Кечирасиз, моможон. Мана, мана, ёпдим. Ё, тавба! Ҳозиргина қуёш чарақлаб турган эди-ку? Одамни шошириб қўйди-я.
Муяссар ҳайдовчидан илтимос қилиб, машинани рентгенхонанинг остонасигача ҳайдатди. Рентген суратларини олиб чиқишганда ёмғирнинг шашти анча пасайган, аммо ҳамон тинимсиз ёғиб турарди. Томография касалхонанинг нариги бошида жойлашган эди. Муяссар ичкаридан ногиронлар аравачаси сўраган эди, елка қисишди: “Бизда ундай нарса ҳеч қачон бўлмаган”. Томографияга етиб боришгунча оёқларини судраб зўрға илгарилаётган кампир ҳам, эрталабдан ҳаммани, ҳатто эгасини ҳам ҳайратга солган соч турмаги ҳам ёмғирда ивиб, адойи тамом бўлди. Муяссар аввалига сумкасидан битта газета чиқариб, бир қўлида газета билан бошини пана қилиб, иккинчи қўли билан онасининг тирсагидан ушлаб, юришига кўмаклашмоқчи бўлди. Эплай олмагач, жиққа ҳўл газетани йўл четидаги ариққа улоқтирди. Эрталаб “салон”чи келин сепган шиширувчи, қотирувчи, ялтиратувчи кимёвий қоришмалар ёмғир сувида эриб, алланечук шилимшиқ моддага айланиб, пешонаси, чаккаларидан оқар, унга сари кекса онанинг юриши тобора секинлашар эди: “Уф-ф! Одамзод бунча ўзини яхши кўрмаса?! Бу кишим дўхтирма-дўхтир юриб, қайтадан ўн саккиз яшар бўладилар!”
Барибир бўлмади. Кимнидир кутиб, йўлак четида машинасини тўхтатиб турган бир йигитдан илтимос қилиб, томография бўлимининг остонасигача машинада боришди. Томография хулосаси тайёр бўлгач, онаси бўлим мудирининг хонасида ўтириб буюраверди, Муяссар у бўлимдан бу бўлимга чопиб, онаси сўраган мутахассисларни олиб келаверди. Энг охирида чақирилган дўхтир томоқ, бурун, қулоқ бўйича мутахассис эди. У ўрта ёшлардаги тепакал киши экан, юмшоққина диваннинг бир четида ўтирган кампирга қараб, кенг юзларига табассум ёйилди. Қўлидаги кичкинагина чамадонини столнинг бир четига қўйиб, момонинг қаршисига ўтирди:
– Хўш, моможон, дамлигинамисиз? Сизни нима безовта қилаяпти? Хўш, қулоқ жойида, бурун жойида, томоқдан овқат ўтиб турибди. Бизга яна қандай шикоятингиз бор?
Ёмғирдан пана, илиққина, юмшоқ жойда ўтириб, озроқ нафас ростлаб олган кампирга дўхтир йигитнинг очиққина муомаласи хуш ёқди:
– Энди, ука, тўғрисини очиқ-очиқ айтсам, айбситманг. Бурним билан бир йилда бир шимгирмайман, лекин томоғимнинг йўлидан аллақандай шилимшиқ нарса келади, вақт-бевақт қоқиришга тўғри келади. Баъзан ёнимда меҳмон-пеҳмон бўлиб қолади, жуда уяламан. Шу-у, буруннинг тешиги битиб қолганми, дейман, агар шундай бўлса, беш-олти кун қийналсам ҳам тештирсам, девдим.
Дўхтир Муяссарга қараб, кўзини қисиб қўйди-да, чамадончасини очди:
– Аҳвол жиддийга ўхшайди-ку. Қани, бир яхшилаб текшириб кўрайлик-чи.
Кўриб-кўриб, яна кулди:
– Хўш, моможон, сизга бир воқеани айтиб берай. Икки киши дўстлашиб, бири бирини меҳмонга чақирибди. Мезбоннинг болалари жуда ёш экан, қўшни хонада роса шовқин-сурон қилиб, суҳбатга халал берибди. У бундан хижолат бўлиб, “Кечирасиз, дўстим, болаларим ёш, бизники доим шундай, бақириқ билан ҳайқириқ”, дебди. Меҳмон эса унга ҳавас билан тикилиб ўтирган эмиш: “Сиз жуда бахтли одам экансиз. Бизникига борсангиз, қоқириқ билан тукурик. Эру хотин учрамаган табибимиз қолмади. Бир тирноққа зормиз”, деган экан. Бу билан нима демоқчиман? Инсон ҳаётида бақирадиган ҳам, тупурадиган ҳам фасл бўлади. Буни табиий жараён сифатида қабул қилиш керак, холос. Сизда даволаниши керак бўлган ҳеч нарса топмадим. Биттагина паталогия – юрагингиз нотекис ураяпти. Буни қизингизнинг ўзи даволаб ташлайди, сизга бегона дўхтирнинг умуман кераги йўқ.
Сертабассум дўхтирнинг бақамти келиб, кулиб-кулдириб текширгани, гурунг­лашганидан яйраб ўтирган момо бирдан сўлиб қолди:
– Унда… нега менинг бу қадар мазам йўқ?
Дўхтирнинг чўнтагидаги телефон жиринглаб қолди, телефонни қўлига олиб бир қаради-да, ўчириб қўйди:
– Момо, руҳни кўтаринг. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Нечада бўлдингиз? Саксон олтида? Эҳ-ҳе! Қани, менга бир дуо беринг бўлмаса, биз ҳам сизнинг ёшингизга етиб юрайлик.
У эшикнинг ёнига етганда изига қайтиб келиб, шалпайиб ўтирган момонинг қулоғига энгашиб, шивирлади:
– Мен сизга эмас, сиз менга маслаҳат беришингиз керак, аслида. Масалан, одам қандай яшаса, саксон олти ёшга киради? Буни мен билмайман, сиз эса биласиз. Яшанг!
Муяссар кўчадан машина тутиб келди. Келишаётганда ҳаммани оғзига қаратиб, ҳеч кимга гап бермай келган момо машинага жуда эзгин кайфиятда ўтирди:
– Руҳни кўтаринг эмиш! Жоним оғриб, азоб кўриб ётган бўлсам, руҳимни қандай кўтараман? Бугунги дўхтирларга ҳам ҳайрон қоласан. Ҳаммаси ғирт саводсиз! Ренгениям, компьютери ҳам бир пул экан!
Муяссарнинг тоқати тоқ бўлди:
– Онажон, тинчгина кетайлик. Ҳайдовчи йигитга ҳам халал бераяпсиз. Мен сизга айтдим, сизники шунчаки санчиқ, кўчиб юрадиган оддийгина санчиқ! Сиз суринган бўлмасангиз, йиқилган бўлмасангиз, сизга рентген нимага керак, томография нимага керак? Шу рентген ўзимизда ҳам бор эди. Бекордан бекорга ёмғирда ивидик, сарсон-саргардон бўлганимиз қолди. Илтимос, онажон, тинчгина кетайлик, мазам қочаяпти.
У ҳақиқатан ҳам жуда чарчаган эди. Кўзларини юмиб, бошини ўриндиқнинг суянчиғига ташлади. Шу билан онаси ҳам жим бўла қолди. Уйга етиб келгунча бир оғиз ҳам гаплашишмади. Баъзан кўз қири билан ўриндиқнинг бир четида шумшайибгина кетаётган онасига қараб-қараб қўяди, ёмғирга ивиган бугунги кун учун “тинч ўтирмайдиган” онасидан қанча қаҳрланса, унинг айни дамдаги бечора сиёғига қараб, шунча раҳми келарди. Ўзиям ноинсоф бўлиб кетган, иш-йиғинларидан вақт орттириб, онасини излашни ҳам йиғиштириб қўйди. Бир ойларда бир излаб боради. Қаёқданам шу телефон ўлгур чиққан, ҳар куни бир марта “алё-алё, яхши ўтирибсизми, нима камчиликларингиз бор?” дейди, тамом-вассалом, шу билан она ва қизнинг ораси очиқ.
Ота ҳовлисига етиб келгач, машинага жавоб бергиси келмади. У онасини ичкарига киритиб қўйиб, тайёр машинада уйига етиб олмоқчи эди.
– Кетмай туринг, мен ҳозир чиқаман, – деди ҳайдовчи йигитга.
Инқиллаб-синқиллаб машинадан тушган онаси “ялт” этиб, унинг юзига қаради. Бошқа пайт бўлганда, “Кетасанми?” дер эди. Аммо ҳозир йўлда эшитган даккининг алами тарқагани йўқ, шу боис бир нарса демай, дарвозага қараб юрди.
Муяссарнинг ич-ичидан нимадир узилиб, оёқлари учига тушгандек бўлди, шошиб сумкасидан йўлкира олиб, ҳайдовчига узатди-да, боши билан “бораверинг” ишорасини қилди. Ўзи онасининг изидан югурди: “Қоқилиб-суриниб юрмасин яна, чарчаб келаяпти”.
Укаси энди ишдан келиб турган экан. Онасини ўрнига ётқизгач, эрталаб уйдан юбилейга атаб олиб чиққан бир даста пулни укасига тутқазди:
– Бозорга бориб, икки кило юмшоққина қўй гўшти олиб келсанг. Сен келгунча келин билан қатпатир қилиб ўтирамиз.
Ука бир опасига, бир қўлидаги пулга қаради:
– Бу… кўп-ку?
– Сен олавер. Олма, банан, майиз… Онамнинг оғзига ёқадиган бир нарсалар оласан-да. Қайтгунча поччанг билан жиянларингни ҳам ола қайт. Сизларни бир безор қилайлик.
Ука кулди:
– Ҳар кун безор қилсангиз ҳам майли, опа.
Ярим соат қадалиб ўтириб қилинган “лайлак уя”ни бузиб, сочларини ўзи билганча қайтадан турмаклаб, бўёқлар чаплашиб кетган юзларини ювиб, онасининг ёнида ўтирган эди, эри қўнғироқ қилиб қолди:
– Ҳа, тинчликми?
Анчадан бери эри билан иккисининг орасида ёқимсиз бир бўшлиқ пайдо бўлганини сезиб юрар, бундан сиқилса ҳам, ўзи биринчи бўлиб, қўл узатишни истамас, баъзан шу чегаранинг борлиги унга маъқул тушиб бораётгандек туюлиб, қўрқиб кетар эди. Бугун шу чегарани ҳатлаб ўтди:
– Дадажониси, болаларни олиб бир келсангиз. Онамнинг бироз тоби йўқ экан. Қайнингиз билан келинингиз поччамни бир меҳмон қилайлик, дейишаяпти.
Эртаси куни Мушши келди. Мушшининг қийшайиб кириб келишига қараб, дарров билди: “Бу яна бир гап топиб келган”.
Тўрга ўтқазиб, олдига дастурхон ёзди. Чой дамлади. “Ҳай-ҳай”лашига қарамасдан, ярим коса овқат сузиб қўйди. Кейин хонтахтанинг иккинчи томонига ўтириб, тараддудланганча, коса ковлаб ўтирган Мушшига тикилди:
– Мушши, мен сени жуда яхши кўраман. Рост айтаяпман. Ҳаммаларингни яхши кўраман. Лекин мен шу бугундан бошлаб, “гап”дан чиқдим. Фақат синфдошларнинг “гап”идан эмас, ҳамма “гап”лардан чиқдим.
Мушши индамай ерга қаради:
– Навбатинг келиб турган эди-да. Ҳаммага пул бериб-бериб, навбат келганда индамай чиқиб кетаверасанми?
Муяссар қўл силтади:
– Кечдим ўша пуллардан. Истасанг, ана, сен ола қол.
Мушши яна ерга қаради:
– Мен олтинчи “игра”ни олган эдим, олти “игра” қарз бўлиб турибман. Агар менга пулларингни беришинг рост бўлса, ўша пуллар билан қарзимни қоплаб юборардим-да, мен ҳам шу ўйиндан чиқиб қўя қолардим.
Муяссар кулиб юборди:
– Тўғри қиласан, бу ишлар сен билан менга тўғри келмас экан!

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 5-сон