Буюк ҳазилкаш (Шимолий Корея «отаси» Ким Чен Ирнинг махфийлик пардасига ўралган ҳаёти)

Бир қарашда Шимолий Корея халқи давлат раҳбари Ким Чен Ир ҳақида кўп нарса биладигандек. Чунки эндигина тили чиқа бошлаган гўдакдан тортиб, бир оёғи тўрда, бир оёғи… гўрда бўлган қарияларгача — жамики раият уни «отам», «мильлат қуёши», «давлат халоскори», «мамлакат осмонида порлаган юлдуз» ва яна бошқа ажабтовур унвон-ёрлиқлар билан улуғлайди. Доҳийнинг номи керак-нокерак ўринларда юз бора, минг бора такрорланади. Корейс журналистлари учун ҳатто янги очилган… узр, чўчқахоналар ҳам доно раҳбарнинг оқилона сиёсатидан нишона бўлиб туюлади. Лекин аслини суриштирганда, вазият буткул бошқача эканига амин бўлиш мумкин. Ким Чен Ир номини сут эмаётган гўдак каби тамшаниб талаффуз қилаётган маддоҳ аслида унинг «буюк доҳий»лиги ва Катта доҳий Ким Ир Сеннинг ўғли эканидан бошқа маълумотни билмайди. Бу борада «давлат ва миллат халоскори»га тан бермай илож йўқ: Ким амаки, тасанноки, ўз шахсий ҳаётини ҳатто ер тагида илон қимирлашини олдиндан биладиган Ғарб журналистлари назаридан ҳам четда сақлай олди. Лекин сўнгги пайтларда айрим «садоқатсиз ва яхшиликнинг қадрига етмаган» мулозимларнинг хиёнати туфайли Ким Чен Ирнинг омма нигоҳидан панадаги мавҳум ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар пайдо бўлаяпти…

ТАРИХИЙ «ХАТО»НИНГ ТУЗАТИЛИШИ

Ким Чен Ир — Шимолий Корея давлатининг асосчиси Ким Ир Сеннинг фарзанди. Айтишларича, тўнғич Ким 1950-йилларда япон империалистларига қарши исён туғини баланд кўтариб юрган пайтда ана шу шонли курашда жавлон уриб иштирок этаётган Инқилобхон (Ким Чен Сук) билан танишган ва юлдузи юлдузига тўғри келган икки ёш оила қурган. Орадан кўп ўтмай, Ким Чен Ир, муаррихлар таъбири билан айтганда, «буюк ота амалга ошираётган буюк ишларнинг буюк давомчиси» дунёга келган. Айтиш жоизки, ота Ким ўғлини болалигидан ворислик руҳида тарбиялади ва 1970-йиллардаёқ уни Шимолий Кореянинг бўлажак раҳбари деб эълон қилди. Бироқ қаҳрамонимиз давлат бошлиғи, доҳий бўлишдек орзусига эришиш учун узоқ кутди. 1994 йилнинг июльида дунёга устун бўлишни даъво қилган Ким Ир Сен вафот этдию, унинг ўғли ўз-ўзидан тарих саҳнасида бош қаҳрамон бўлиб қолди. Меҳрибон отанинг солиҳ фарзанди сифатида у отаси ўлимига уч йил мотам тутди ва шу муддат мобайнида давлат раҳбари «в. б» (вазифасини бажарувчи) бўлиб турди.
Ана шу йилларда кўпчилик ўғил доҳий ҳокимиятни қўлда сақлаб қололмайди, деб башорат қилди. Ўша кўпчиликнинг бундай тахмин қилишига жиддий асос бор эди, албатта. Тарихда бир мустабид раҳбар (диктатор) ўлимидан кейин ҳокимият унинг ворисларига насиб этмаган. Бунга Гитлер, Франко, Чаушеску,Сталин, Муссолини ва яна сон-саноқсиз Жанубий Америка раҳбариларининг қисмати далил. Лекин Ким Чен Ир тарихнинг ана шу қонунига ҳам ўзгартириш киритди: минг отли арава — ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қола билди.

ЧEГАРА БИЛМАС «ДОНИШМАНДЛИК»

Ким Чен Ир айни пайтда Шимол мамлакатининг расмий давлат таълимотига айланган чучхе қарашларини ишлаб чиқди. Доҳий томонидан чучхеизмга бағишлаб ёзилган асарлар бугун мактабларда, ўқув юртларида мажбурий равишда ўқитилади, фуқаролар китобларни илоҳий мужда янглиғ ёд олишади. Чучхе таълимоти инсоннинг (демакки, давлатнинг) фақат ўз кучига ишониши ва бошқалар ёрдамига таянмаслиги ғоясига асосланади. Ана шу «жўмардлик» ғояси сабаб фуқаролари очдан ўлаётганига қарамай, ҳукумат халқаро ҳамжамият ёрдамларини қабул қилмайди, бу билан эса гўёки ўз шон-шарафини сақлайди. Ким ҳукумати чучхе қарашларига тўла риоя этганда эди, ақлга тўғри келмайдиган бу қайсарликни ҳам тушуниш мумкин бўларди. Бироқ таълимот асосчисининг ўзи чучхе қоидаларини ўйин деб билади, уни — муқаддас эътиқод даражасига чиқиб қолган таълимотни ҳам ўз ноғорасига ўйнатади. Далил керакми? Марҳамат.
1996 йили Шимолий Корея даҳшатли очлик исканжасида қолди. Табиат инжиқликлари мамлакатнинг ягона нажоти бўлган ғалла ҳосилини ҳам йўққа чиқарди. Юрт отаси сифатида Ким Чен Ир вазиятни бартараф этиш учун узоқ ўйлади ва доно тадбир ўйлаб топди. Режани эшитган мулозимлар шундай буюк инсон билан ҳамнафас яшаётганлари учун шукроналар айтишди. Кутилмаганда, одатга хилоф равишда Пхенян ҳукумати қўшни «душманлар» — Япония ва Жанубий Кореядан инсонпарварлик ёрдами кўрсатишларини сўради. Япоп ва корейс раҳбарлари Ким жанобларига инсоф кириб қолганидан хурсанд бўлиб инсопарварлик юкларини зудлик билан юборишди. Бироқ доно раҳбар кўпчилик кутмаган тарзда иш тутди (Асли у шунинг учун ҳам донода!) Қўшни мамлакатлардан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ёрлиғи зудлик билан топшириққа кўра ўзгартирилди ва уларга коммунистик давлат муҳри босилди. Шу тариқа халқ уларни очликдан халос этган юклар «ярамас» оролликлар (Япония) ҳамда «зўравон» қўшнидан (Жанубий Корея) келганини билмай қолаверди. Барча-барчаси учун доҳийга тасаннолар айтилди. Об-ҳаво расвойи радди бало келиб, ҳамма ҳосил нест-нобуд бўлган бир йилда қандай қилиб шу-унча дон-дун етиштириш мумкин деган, ақл ҳеч кимнинг хаёлига келмади.

СИЁСАТ ВА… АЛДОВ

Ким Чен Ир дунёдаги энг камтар давлат раҳбариларидан бири бўлса керак. У шу даражада кибру ҳаводан йироқки, бирор давлатга борса ҳам, камоли камтарликдан ўз ташрифи ҳақида оммавий ахборот воситаларини огоҳ этишни истамайди. Дарвоқе, қаҳрамонимиз анча-мунча давлат раҳбарига насиб этмайдиган яна бир хислатга эга: у жуда камдан-кам ҳолларда хориж мамлакатларига сафар қилади. Ўн йиллик давлат бошқарувида даврида у фақат иккитигина (!) давлатга сафар қилган. Бу бахтли мамлакатларнинг исми шарифи эса — Хитой ва Россия. Оддий фуқароларга ҳам ҳар доим буюк доҳийдан ибрат олиш тавсия этилади. Чет давлатларга ҳадеб қатнайверадиганларга эса салкам миллат душмани сифатида қаралади.
Ким Чен Ир сиёсат бобида баҳор ҳавосидай ўзгарувчан. Балки шу боисдир халқаро майдонда унга «Буюк ҳазилкаш» лақаби муносиб кўрилган. Лақаб замирида эса катта ҳаётий асос мавжуд. Мана яна бир бўлиб ўтган ҳодиса.
2000 йили Шимолий Корея осмонида қора булутлар пайдо бўла бошлаганди. Сабаб эса Пхенян ҳукуматининг ядро қуролига эга бўлиш йўлидаги хавотирли уринишлари эди. Ана шу вақтларда кутилмаганда Ким жаноблари Россия Президенти Владимир Путинни Пхенянга таклиф қилиб қолди. Путин Окинавада ўтган «Катта саккизлик» давлатлари саммитидан қайтишда Шимолий Кореяда тўхтаб ўтди. Россия раҳбарининг Ким Чен Ир билан учрашуви бутун дунёда шов-шувга айланиб кетди. Боиси, кўп йиллардан бери Шимол тупроғига хориж раҳбари, боз устига, Россиядай буюк давлат бошқарувчиси қадами етмаганди. Путин билан учрашувда Ким Чен Ир айтган сўзлар эса янада катта шов-шувларга мавзу бўлди. Халқ Республикаси раҳбари Путинга ядро тадқиқотларидан воз кечишга қарор қилганини маълум қилди. Бу хушхабар қанот боғлаб дунёга тарқалди. Айрим Ғарб мамлакатлари аллақачон узилиб кетган ҳамкорлик ришталарини яна тиклашга шошилишди. Бироқ ҳаммаси ўйин экани маълум бўлиши учун кўп вақт керак бўлмади.
Ким Чен Ир бир ой ўтмай Жанубий Корея журналистлари билан учрашди ва матбуот анжуманида ҳаммани ҳангу манг қилиб Путинга айтган сўзлари… ҳазил эканини ошкор қилди. Буюк ҳазилкаш шу тариқа дунё эътиборини яна бир карра ўзига жалб этди…
Ким жанобларининг «тараллабедод»ига Жорж Буш хотима ясашга уринди. Американинг янги раҳбари сифатида эски президент Клинтон сиёсатини инкор қилишга уринган Буш эркаланиб кетган Пхеняннинг танобини тортиб қўйишга қарор қилди. Дастлаб Шимолий Корея атом қуролига эга бўлиш йўлидаги ҳаракатлари учун Эрон, Ироқ давлатлари қаторида «зулм ўқи» мамлакатлари рўйхатида эълон қилинди. Кейинроқ «Сем амаки» (АҚШ) Шимолий Кореяга қарши кескин чора кўрди: мамлакат иссиқлик электр станциялари (ТEС) учун зарур бўлган хомашё юборишни тўхтатиб қўйди. Ким Чен Ир эса бунга жавобан мамлакатдаги МАГАТE инспекторларини ҳайдаб чиқарди, боз устига Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиққанини намойишкорона эълон қилди. Бу билан ҳовуридан тушмаган буюк доҳий бошига Саддам Ҳусайн қисмати тушишидан ҳам қўрқмаслигини билдирди. Оқибат… Оқибат узоқ давом этган музокаралардан кейин АҚШ Шимол иссиқлик станцияларига хомашё жўнатишни давом эттирадиган бўлди. Ким жаноблари гўёки яна бир марта ғалабага эришди.

ҲОЛЛИВУД ЮЛДУЗЛАРИ ОРТДА ҚОЛДИ

Ким Чен Ир мамлакат матбуотида халқпарвар ва миллатпарвар раҳбар сифатида кўкларга кўтарилади. Корейс газеталаридан бири коммунизм отасининг ҳарбий бўлинмага қилган сафарини тасвирлаб, миллат доҳийси тушликка картошкадан тайёрланган оддий таом еганини ёзади. Бу халқпарварона эпизод, табиийки, раҳбарга бўлган ҳурматни оширади, айрим кўнгли бўшлар эса айни лавҳани ўқиганда, доҳий улуғлигидан қалби тошиб, кўзига ёш олиши ҳам мумкин. Асл воқеликни эса қочоқлар ва Ким жаноблари билан учрашган кишилар айтишади.
Бир неча йил аввал Ким Чен Ирнинг шахсий ошпази сифатида ишлаган япониялик Фудзимото ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни китоб ҳолида чоп эттирган ва бу асар бестселлерлар қаторидан жой олганди. Ошпазнинг гувоҳлик беришича, корейс доҳийси Ҳолливуд юлдузларини ҳам ҳайратга соладиган ҳашамат ичида яшайди. Буюк доҳийнинг севимли таоми саналган итальян питстсасини Италиядан махсус чақирилган ошпаз тайёрлайди. Ким Чен Ир дастурхонига кундалик тортилаётан лаззатли таомлар ва ноз-неъматлар, мутахассисларнинг ишонч билан таъкидлашига қараганда, ҳатто оддий корейс кишисининг етти ухлаб тушига ҳам кирмайди. Коммунизм отаси тановул қилсин, деган эзгу ниятда Япониядан денгиз маҳсулотлари, Таиланддан манго меваси, Хитойнинг Урумчисидан узум ва қовун, Чехиядан пиво келтирилади. Маиший ҳаёт масаласида эса сўз ҳам бўлиши мумкин эмас…
Ҳаётда ҳамма нарса ўзгаради. Айтишларича, Ким Чен Ир ҳам охирги пайтларда шу пайтгача инкор этиб келинган хусусий мулк масаласида ўз позициясини ўзгартираётганмиш. Хитойдаги янгиланишлар билан танишган доҳий хусусий мулк унчалик ҳам даҳшатли нарса эмас эканку, деган хулосага келганмиш. Дарвоқе, сўнгги янгилик. Дунёдаги технологик ўзгаришлардан кайфияти кўтарилган доҳий лутфу иноят кўрсатиб ўз халқига уяли алоқадан фойдаланиш учун рухсат берганмиш. Ишончли манбаларга қараганда, бундан боши осмонга етган шимолликлар доҳийимизнинг умрлари бунданда узоқ бўлсин, деб дуо қилишаётганмиш…

Собиржон Ёқубов