АҚШ Оролбўйи мутахассисларини ўқитишга кўмак беради

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ўртасида “Сув, таълим ва ҳамкорлик” номли 5 йиллик лойиҳани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) мазкур лойиҳаси Оролбўйи ҳавзаси сув секторида фаолият юритаётган мутахассислар, илмий ходимлар ва мансабдорларни ўқитиш, тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Аввалроқ БМТ ҳамкор муассасалар билан биргаликда Оролбўйи минтақаси аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этган эди. Жамғарма Қорақалпоғистон Республикасининг экологик таҳдид кучли минтақасида жойлашган Мўйноқ, Тахтакўпир, Шуманай туманлари аҳолисида ёрдам кўрсатади.

Қолаверса, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев жорий йил 18 январда “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида” қарор имзолаган. Ушбу дастур доирасида умумий қиймати 8,422 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида хусусий секторни ривожлантириш, юқумли касалликлар, хусусан, сил ва ОИТСни даволаш ҳамда одам савдосига қарши кураш каби йўналишлардаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. 1992 йилдан буён агентлик Ўзбекистонга 356 миллион доллардан зиёд кўмак берган.