20 январь: қаҳрамонлар қони ила битилган тарих

Озарбайжон халқи 32 йил аввал рўй берган фожиали ҳодисаларни ёдга олиб, мустақиллик  учун жонини фидо қилган ўғил-қизлари хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқда.

1990 йилнинг 20 январида Озарбайжон пойтахти Бокуга совет армияси жанговар қисмлари киритилди. Ҳарбийлар агрессияга қарши намойишга чиққан минглаб озарбайжонликларни шафқатсиз жазолаган. Тинч намойишчилар танк, пулемёт ва автоматлардан ўққа тутилган.

Маълумотларга қараганда, Бокуга қўшин киритилиши оқибатида 133 нафар озарбайжонлик ҳалок бўлган, 744 нафари жароҳатланган. Қурбонлар орасида аёллар, болалар ва қариялар ҳам бўлган. 850 га яқин намойишчи ҳибсга олинган, 5 киши бедарак йўқолган. Талотўп пайти юзлаб уй ва машиналар вайрон қилинган, хусусий ва давлат мулкларига зарар етказилган.

Фожианинг эртаси куни мамлакат раҳбари Ҳайдар Алиев Москвадан айбдорларни жазолашни талаб қилган ва СССР Коммунистик партияси сафидан чиққанини эълон қилган.

“1990 йил 20 январь санаси озарбайжон халқи тарихининг энг фожиали, айни чоқда, қаҳрамонлик ва мардлик саҳифалари саналади. Ўйлайманки, биз ўша кунлардан қанча узоқлашсак, унинг озарбайжон халқи тарихидаги аҳамиятини шунча яхши англаймиз”, – деган эди мамлакат миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ўз даврида.

20 январь Озарбайжон мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлидаги кураш куни сифатида тарихга кирган. Ўша куни жонини фидо қилган инсонлар дафн этилган масканда кейинчалик Шаҳидлар хиёбони бунёд этилган. Мазкур сана мамлакатда Умумхалқ мотам куни дея эълон қилинган. 2000 йилда Ҳ.Алиев фармони билан ҳалок бўлганларнинг барчасига “20 январь шаҳиди” фахрий унвони берилган.

Озарбайжонда Умумхалқ мотам куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида тадбирлар ўтказилади. Хусусан, давлат арбоблари ҳамда оддий халқ вакиллари Бокудаги Шаҳидлар хиёбонида бўлиб, марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо этади.