Эркин Аъзам: Алданган авлоднинг андишалари (1990)

– Одатда, таъқиблар, тазйиқлар ва зуғумлар ижодкорни жим юришга мажбур этиши мумкин. Бунга узоқ-яқин ўтмишимиздан кўплаб мисоллар топса бўлади. Сиз – ана шундай фикрни эркин айтиш қийин кечган турғунлик замонларида публицистик мақолалар, ҳатто шеърий мажмуаларга тақризлар ёзган ижодкор – ошкоралик бошлангач, нимагадир жим бўлиб кетдингиз. Буни яқинда ўзингиз ҳам матбуот орқали, мени ошкоралик гунг қилди, деб тан олдингиз. “Гунглик”нинг боиси нимада?

– Бу саволни сўнгги пайтларда кўп эшитяпман: нега жимсиз? Ахир, мен ҳеч кимга шовқин-сурон соламан, деб ваъда берганим йўқ эди-ку. Китобларимни ўқиб, ундаги қаҳрамонлар хийла фаол, жангари, исёнкор бўлгани учунми, кўпчилик ўзимни ҳам шундай тоифадан деб ўйлайди чоғи. Аслида ундай эмас: менга кўпроқ мискинлик, камсуқумлик маъқул.

Кейинги йилларда шовқин-сурон кучайиб, менга ўхшаганларнинг сокин, ўйчанроқ овозларини босиб кетдими дейман-ов.

Сиз айтган мақолалар мен учун ўткинчироқ нарсалар эди. Мақоланавислик билан жиддий шуғулланмаганман. Ошкоралик жуда кўплаб қаламкашларни юзага чиқарди. Улар бу ишни ёмон уддаламаяпти. Ҳар ким ўз ишини қилгани маъқул. Мен ҳикоя, қисса ёки шунга ўхшаш нарсалар ёзаман. Ёзганларим – яхшидир, ёмондир – ўзимники, бошқалар бундай ёзмайди. Шуниси муҳим.

Мақоланавислик билан-ку шуғулланмас экансиз, ошкоралик замонининг рўзномаларини кузатиб бораётгандирсиз.

Асти сўраманг: рўзномахўр бўлиб қолдим. Баъзан дўстларим, сиёсатшунос бўлиб кетдинг, кеча яна тонггача сессияхонлик қилгандирсан, деб ҳазиллашишади. Бир дунё газета-журналга обуна бўлганман, ҳаммасини бошдан-адоқ ўқийман. Бугун матбуот қизиқарли бўлиб қолди. Лекин шунга амин бўлдимки, рўзномахонлик ижод кишисини анча фаолиятсиз, дангасароқ қилиб қўяр экан. Одам хуморидек бўлиб қолади. Соат нечада “Ахборот” бўладию “Взгляд” қачон – биласиз, бесабр кутасиз. Сиёсий ўйинлар маҳорат билан ижро этиладиган саҳнанинг иродасиз томошабинига айланасиз гўё. Энг ачинарлиси – булар фикрий мустақилликни олиб қўяр экан…

Сезишимча, сессияхонлигу рўзномахўрликдан кўнглингиз совиган?

Ҳа, бугун ҳаммасидан кўнгил қолди. Қайта қуриш бошланганда энди адолат тантана қилади, ҳақиқат қарор топади, деган гаплар айтилган эди. Ленин йўлидан тойиб кетган эканмиз, келинглар, ҳақиқат сари юрайлик, деган чақириқлар янгради, бу борада дастлаб қандайдир қадамлар ҳам қўйилди: нопок одамлар лавозимидан олинди, жазоланди, кўп ҳақиқатлар айтилди. Етмиш йил ёлғонга ишониб яшаган жамият аҳли учун бу катта гап эди. Ишондик. Энди ҳаётимиз ҳалол, фаровонроқ бўлади, деб ўйладик. Бугун кўрсак андак шошган эканмиз…

Ҳозир рўзномаларни ўқиб, қайси мақоланинг тагида қайси кучларнинг қандай мақсадлари ётганини бехато айта оласиз. Қайта қуриш дегани сиёсий даъволарнинг одатдаги тўқнашувимасмикан, деган хавотирларга борасиз баъзан. Ўйлаб кўрилса, кишилик тарихи ана шундай ўйинлардан – маълум бир тўдаларнинг, гуруҳларнинг ўзаро муҳорабасидан иборатдек туюлади. Гоҳ бу иқтисодий, гоҳ мафкуравий кураш шаклида намоён бўлса, гоҳо икки тўпори сардорнинг “сен зўрми, мен зўр” қабилидаги жўнгина мусобақасидан нарига ўтмас экан. Сиёсатдан ҳафсалам пир бўлди.

Қаранг, қайта қуришнинг бошида узангисидан айрилган кўп зотлар қайтиб жой-жойини эгаллади. Ким амалдорликка даъвогар бўлса, ким мансаб кўйида ўртанган, унга интилган бўлса – бурни қонагани йўқ. Орада пешонаси салгина ғурра бўлганини айтмаганда, тағин жонажон оромкурсисини эгаллади: кимдир ўрмалаб, бошқаси эмаклаб, яна бирови эски тирговичларига таяниб. Хуллас, манзара ўша-ўша: ортда юрган бугун ҳам ортда. Ишонмасангиз, атрофингизга бир қаранг. Бедаво дардларимиз – порахўрлик , таниш-билишчилик  камайиш ўрнига, баттар газак олгани-чи!

Шуларни кўриб, қайта қуриш шаънига чапак чалган қўлларингиз шалвираб қолади.

– Ёзувчи ва шоирларимиз бадиий ижоддан кўра кўпроқ сиёсий мақоланавислик билан машғул бўла бошладилар. Бу, бир жиҳатдан қувончли, албатта…

Лекин бадиий ижоднинг, адабиётнинг рутбаси тушиб кетди, демоқчисиз-да? Дарҳақиқат, ҳозирги кунда, масалан, муҳаббат ҳақида яхши бир асар яратилса, амин бўлаверинг, изсиз, акс садосиз кетади. Эсланг, турғунлик йилларида анчайин бир ҳикоя ёки шеър чиқса, қандай гап бўлиб кетарди!

Жамиятимизнинг барча қатламларида сиёсат, якка мафкура ҳукмронлик қилиб, ҳужайра-ҳужайраларимизга сингиб кетган эди. Лекин, ажабки, бизда чинакам сиёсатчилар йўқ эди. Номенклатура (номаъқултўралар) саноғидагиларни сиёсатчи деб билардик. Гўё туғилгандаёқ уларнинг пешонасига тамға урилган: сен албатта раҳбар бўласан, сен эса – ижрочи. Бошқалар сиёсатга аралашолмасди. Ҳолбуки, номаъқултўралар сиёсатчи эмас, балки юқорининг топшириғини қулоқ қоқмай бажарадиган қуллуқчи гумашталар эди, холос.

Ана шундай шароитда халқимизнинг уйғоқ ва илғор қисми – ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, кейинчалик баъзи олимлар ҳам сиёсат билан шуғулланишни зиммага олдилар. Билишимча, бугун уларнинг кўпчилиги пушаймон: умр қисқа, сиёсат ўткинчи, “меҳр қолур, муҳаббат қолур” – адабиёт эса боқийликка дахлдор.

Яна бир тоифа ижодкорлар борки, гўё узлатга кетди: ё жимгина ижод қиляпти, ё ҳайрон бўлиб юрибди, ёки мушоҳада билан банд… Бу ҳол кўпинча шахснинг табиати, ҳаёт тарзи билан боғлиқ, назаримда.

Ажабки, турғунлик йилларида адабиётнинг ҳам, ёзувчининг ҳам нуфузи баланд эди. Аммо ёзувчилар ташкилотининг ҳам, ижодкорнинг ҳам жилови партиянинг қўлида эди. Партия эса, истаса бор қиларди, истамаса – йўқ. Партиявий адабиёт, яъни сарой адабиёти ҳар томонлама рағбатлантириларди. Шундай қарамлик замонида ҳам адабиётнинг гуллаган чоғлари бўлган. Узоққа бормай, Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”сини ёки Абдулла Ориповнинг шеърларини олайлик. Уларда ҳаёт ҳақиқати шундоқ силқиб турибди. Лекин адабиётимиз барибир юқоридан бошқариладиган, текшириладиган, назорат қилинадиган адабиёт эди. У сиёсатнинг чўрисига, маддоҳига айланиб қолган, публицистикага яқин бир машғулот эди.

Сизнингча, адабиётнинг тақдири нима кечади? Бизга адолатли қонунлар, фаровон ва эркин турмуш қанчалик зарур бўлса, ҳақиқий адабиёт ҳам шунчалик зарур.

Адабиёт барибир ўсади, ривожланади. Назаримда, эндигина публицистика ўз ишини, адабиёт ўз ишини қила бошлади. Худога шукр, у маддоҳликдан, хушомадгўйлик иллатидан қутулиб бормоқда. У – инсон, инсоннинг тақдири, руҳий олами ҳақидаги санъат. Ундан биз, илгари бўлгани каби, давр руҳини акс эттиргин деб сиёсатлашувни талаб қилсак, яна ўлади. “Асарингга фалон пленум қарорлари руҳини сингдирмабсан”, деган таъна-дашномларни ҳам кўп эшитганмиз-да.

Ҳозир алғов-далғов, ҳовлиқма бир замон. Бундай пайтда нафис адабиётнинг овози баралла эшитилмаслиги табиий. Қолаверса, ёзувчиларда балки қандайдир довдирашлар содир бўлаётгандир, ҳарқалай, улар ҳам юқоридан кўрсатма кутишга ўрганиб қолган-да. Лекин, аминманки, адабиёт барибир ўзлигига қайтяпти. У ҳозир теран бир изланишда.

 Эркин ака, сиз ёзувчиликни қандай тушунасиз? Улуғлардан бири уни исён деб атабди. Бу фикрга нима дейсиз?

– Тўғри гап. Ижод мавжуд муҳитдан қониқмасликдан туғилади. Ижодкор хаёлида бошқачароқ, мукаммалроқ дунё яратгиси келади. Инсонни баркамолроқ кўришни истайди, дейиш ҳам мумкин. Бу истак, норозилик исёнга яқин туйғу-да. Бир ижодкорнинг ҳаётга муносабати исён шаклида, бировники мулоҳаза шаклида намоён бўлади. Масалан, ўзим тасвирлаётган воқеликда “яшаш” менга мароқли. Бинобарин, ижод инсоннинг эркинликка бўлган ҳиссини қондириш воситаси ҳамдир.

 Асарларингизда юмор руҳи бўртиб туради. Тўпори, анойи, айни пайтда, хийла қитмир қаҳрамонларнинг қилиқларини, гапларини ўқиб куламиз. Сиз ўзингизни ҳажвга алоқаси бор ёзувчи деб биласизми? Умуман, сатира-юморга муносабатингиз қандай?

–  Қаердадир ўқиганманки, ёзувчининг иқтидор даражаси унинг ҳажвга муносабати билан белгиланади, деган мазмундаги гапни. Лекин, қизиқ, Чингиз Айтматовдек улкан адибнинг асарларида юморни деярли учратмайсиз. Ўта жиддий, фожиавий воқеа-ҳодисалар қаламга олинади. Мен эса ўзимни нурга интилувчи қаламкаш деб биламан. Аммо, боя айтдим, табиатан изтиробларга, мискинликка кўмилиб яшайман. Менда ҳажвчилик қобилияти йўқ ҳисоби. Ёзмишларимдаги кулгили ўринларга келсак, мен уларни ҳажв деб билмайман. Улар табиатимдаги заҳарханда, кинояли қарашларнинг маҳсули бўлса керак. Умримда латифа айтиб бировни кулдирмаганман. Шу боис, фалон асарингизни ўқиб кулдик, деганларида ҳайрон бўламан, чунки уни бировларни атай  кулдириш учун ёзмайман. Биргина сирини айтай. Воқелик ҳар хил андозаларсиз, холис, ҳаққоний тасвирланганда кулгили ҳолатлар ўз-ўзидан чиқаверади.

Умуман олганда, менинг адабиётга, ҳаётга муносабатим жуда жиддий. Ҳамма нарсага шундай жиддий, норозироқ  қарашни камчилигим деб биламан. Ҳаётга сал тепароқдан, файласуфона, кулиброқ қараган маъқул. Унча-мунча кўнгилсизликни кулги билан енгиш, кулги билан кўрсатиш мумкин.

Йиғлаб айтилганда таъсир қилмаган гапни кўзёш аралаш кулиб айтиш санъати деб тушунаман мен чинакам ҳажвиётни.

– Ҳаётда шундай дамлар бўладики, танлаган касб-корингиздан пушаймон қилиб кетасиз. Сизда ҳам ёзувчиликни танлаганингизга ачинган вақтларингиз бўлганми?

Мўъжиза рўй бериб қайтадан туғилсаму танлаш имкони берилса, ўйлайманки, тағин шу соҳанинг бошини тутардим. Бошқа ҳунар қўлимдан келмайди.

Ачиниш масаласига келсак, Ёзувчилар уюшмасида бўлган бир-икки мажлисдан кейин пушаймон қилганим рост. У ердаги бир-бирининг устига мағзава ағдаришлар, ўзаро тўн талашувларни кўриб, шундай хаёлларга боргандирман. Бировни ерга урганингиз билан ўзингиз осмонга чиқиб қолмайсиз-ку! Бировни асоссиз мақтаганингиз билан у истеъдодли, ёзган битта китоби иккита бўлиб қолмайди-ку! Бу жўн ҳақиқатни биринчи галда ўзини ёзувчи деганлар билиши керак. Ҳарҳолда, авом тўдадан бир бош баланд саналади. Кўнглида нур ўйнаган, адолату эзгуликни байроқ қилган имон-инсофли зот бўлмоғи фарз унинг!

Шу ўринда яна бир гап. Иттифоқ (союз) дегани иноқ, ҳамфикр, ҳаммаслак тоифанинг ўзаро ихтиёрий уюшувидир. Қирқ йил бир қозонга солиб қайнатса ҳам қони қўшилмайдиган олақуроқ оломонни бир жойга йиғиб, уни сунъий равишда “ёзувчилар уюшмаси” деб аташ, сталинчасига марказлаштириб бошқариш вақти ўтди, менимча.

Келинг, хаёлга бирпас эрк берайлик-да, фараз қилайлик: ўзга сайёрага парвоз қилдингиз. Манзилда сизга ажойиб зотлар пешвоз чиқиб, “Эй азиз меҳмон, бизнинг юртимизга хуш келибсиз! Кўнглингиз тусаганини сўранг, дарҳол бажо этамиз”, дейишса, улардан нимани тилардингиз?

Шундай оламшумул мўъжиза, бахт менга насиб этса-ю, ўзимнинг майда-чуйда истакларимни айтсам, уят бўларди, албатта. Масалан, ўн йилдан буён бир бедаво дард мени қийнайди, шуни тузатиб беринг, ўзга сайёралик дўстим, деб илтимос қилишим кулгили эмасми? Чунки Ер шарида менга ўхшаган тўрт миллиард одам борки, ҳаммаси ўзига яраша дардни орқалаб юради. Ёки, менга битта “Мерседес” совға қилсанглар-чи, десам ниҳоятда уятли иш бўларди. Нега бу қадар пастсанлар, эй ерликлар, дея ўлдириб қўйишлари тайин. Шунинг учун мен улардан бундай нарсаларни сўрамас эдим.

Матбуотда ўқиётган бўлсангиз, шундай фараз борки, одамзод маймундан келиб чиқмаган, уни ўзга сайёраликлар ерга сочиб кетган экан. Бу махлуқнинг тадрижини, униб-ўсишини бир тажриба қилиб кўрайлик, деган мақсадда шу ишни қилган эмиш. Яна шундай фаразлар ҳам борки, инсон руҳи мангу, яъни одамзоднинг умри тугагач, бошқа биродарига ёки бирор жониворга ўтиб жон (руҳ) бағишлайди.

Агар шу тахминлар рост бўлса… инсон, жонли махлуқот устида бундай тажриба ўтказиш шарт эмасди. Ўтказилганда ҳам уни бир-бирининг кўзига чўп суқадиган қилиб яратмаслик керак эди. Бугун шундай тараққиётга эришганимизни эътироф этган ҳолда, мен уларга, шу тажрибани бошқа бирор жойда, тошлар устидами ўтказсанглар бўлмасмиди, деган гапни айтардим. Яна уларнинг олдида тиз чўкиб таваллолар қилардимки: “Эй, ўзга сайёралик дўстлар! Модомики, шу гуноҳкор заминга, изтироблар, фожиалар гирдобига ташлаб кетган экансиз, бизни энди озгина комил қилинг, бир-биримизга озгина кечиримли қилинг, озгина меҳр-шафқатли қилинг!”

Бошқа илтимосим йўқ, чунки қолгани ўзимизнинг қўлимизда.

Бу гапларни нега айтяпман? Кўргандирсиз, яқинда телевизорда бўрилар ичида вояга етган “бугунги куннинг Мауглиси” билан суҳбат бўлди. “Одамлар орасида яшаш яхшими ё бўрилар орасида?” деган саволга у хўрсиниб нима деди денг? Унинг жавобини эшитган инсон зоти ларзага тушмаслиги мумкин эмас…

– Етмиш уч йиллик фожиаларимизнинг бош айбдори – Ленин деб кўрсатишга уринишлар бўлмоқда. Сиз Сергей Алексеевнинг “Ленин ҳақида ҳикоялар”ини таржима қилган мутаржимлардан бирисиз. Бундай таъналарни эшитганда хаёлингиздан нималар кечади? Умуман, Сиз – бадиий таржима билан унча-мунча шуғулланиб юрган ёзувчи, бирдан сиёсий адабиётга қўл уришингизнинг боиси нимада эди?

– Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг ўша пайтдаги раҳбарияти Хайриддин Султонов иккаламизни чақириб, “Ленин ҳақидаги ҳикоялар”ни таржима қилиб беришимизни сўради. Тўплам болаларга мўлжалланган қисқа-қисқа ибратли ҳикоячалардан иборат эди. Мен ҳозир ҳам афсусланмайман қилган ишимга. Китобда ёвузликни ёки эгриликни тарғиб қиладиган гап йўқ. Ундан катталар ҳам, айниқса, раҳбар зотлар ибрат олса арзийди.

Қизиқ-да, норасо тузумнинг айбими ёки инсон табиатига хос бир нуқсонми, билмайман, негадир сиғинмасак яшай олмаймиз. Бу балки коинотда инсоннинг ёлғизлигидандир. Албатта кимгадир суяниб, сиғиниб яшашга ўрганиб қолган. Моддий, маънавий, мафкуравий – хуллас, барча жиҳатдан шундай.

Биз етмиш йил мобайнида Лениннинг номи билан ётиб, Лениннинг номи билан турдик. Ҳолбуки, Қуръон ўргатади: дунёда бандасига сиғинма. Ўрисларда ҳам бор бу гап: “Не сотвори себе кумира”. Бандасига ҳавас қилгин, уни олқишла, шаънига офарин айт, лекин зинҳор-базинҳор сиғинма. Чунки у ҳам ўзингга ўхшаган хом сут эмган.

Бугун Ленинни, очиғини айтсак, айримлар фашистга ҳам тенглаштиряпти. Мен бунга журъат қилолмайман. Уни барибир анойи одам эмас эди деб ўйлайман. Шундай бўлмаса, коммунизм деган хомхаёлни 73 йилдан буён миллионлаб одамнинг онгига сингдириб, Ер шарининг ярим аҳолисини сеҳрлаб қўярмиди!

Ленин асарларини синчиклаб ўрганган одам унинг буюк заҳматкашлигига, ўткир ақлига, ташкилотчилигига тан бермасдан иложи йўқ. У инсоният тарихида қолади, муқаррар. Лаънатлар биланми, раҳматлар биланми, униси энди бошқа гап.

Ленинни бугун қоралаётган бўлсак, яна айб ўзимизда. У тирилиб келиб, менга ҳар қадамда, айниқса, қадамим етмаган олис Тошкентда ҳам энг барваста ҳайкалимни қўйинглар, оқ мармардан ҳашаматли музей қуринглар, деб айтмаган. Номимни бўлар-бўлмас жойга, нарсаларга тиқиштиринглар ҳам демаган. Ленин вафотимдан сўнг мени онамнинг ёнига қўйинглар, деб васият қилган экан, дабдабали мавзолейда сақланглар, деб кўрсатма бермаган ҳеч кимга. Бу ишларни биз қилдик. Ўзимизнинг шахсий майлларимиз, даъволаримизни амалга оширишда унинг номидан фойдаланмоқчи бўлдик. Сталиннинг қилмишлари бунга далил.

Ошкоралик туфайли маълум бўляптики, Лениннинг ҳам хатолари бўлган, оқпошшонинг оила аъзоларини маҳв этишга бош қўшган, сиёсий қарашларини рад этган зиёлиларни қувғинга солган. Нега шундай бўлган? Ахир, у инсонпарвар, улуғ ғояларни илгари сурмоқчи эди-ку? Коммунизмнинг моҳияти, ғоялари инсонпарвар жамият қуришдан иборат эмасмиди?! У инсонни баркамол қилмоқчи, порлоқ истиқболга элтмоқчи эди-ку!

Умуман, коммунизм ғояси назарий таълимот сифатида ўзича олижаноб ғоя. Ноқислиги шундаки, инсоннинг биологик ҳодиса, яъни хом сут эмган банда эканлиги ҳисобга олинмаган. Мазкур таълимотда инсоннинг миясига қуруқ ғояларни жойлаб, уни темиртанга – роботга айлантириш кўзда тутилган гўё. Лекин, инсоф билан айтганда, Ленин бу ишларни ёвуз ниятда қилмагандир.

Ҳамма замонларда ҳам ҳокимиятга интилган одам бирон бир шаклда албатта ўз рақибларини маҳв этган. Ғоявий мухолифлар ҳокимиятни осонгина бўшатиб бермаслиги маълум. Ленин ҳам ўз ғоясини оммага сингдириш учун куч, қурол ишлатди. Ажабки, эндиликда унинг ўзи-да ана шу ғояларнинг қурбони бўлиб турибди.

Ҳаёт қонунларидан бирини унутмаслигимиз керак: ҳокимиятга даъвогар одам ҳеч қачон юмшоқ пойандоз узра чиқиб бормайди. Кимнингдир кўкрагидан итариши ёки кимнидир тирсаги билан туртиб ўтиши табиий.

Юмшоқ пойандоз салтанат эгалланганидан кейингина тўшалади.

Аслида нек ниятли улуғ инсон нега бу қадар ғурбатларга сабаб бўлди, деб ўйлайсиз. Аёнга баён на ҳожат: ахир, у ҳам хом сут эмган банда эди. Биз эса шуни тан олмадик, темир мафкура бунга йўл бермади. Туну кун Ленин бобони, унинг таълимотини илоҳийлаштириш билан машғул бўлдик. У сармояни йўқсилга олиб бериб, ҳаммани тенглаштираман, деди. Биз, йўқсиллар ана шу тотли хомхаёлга бус-бутун ишондик.

Улуғ одамларнинг фожиаси ҳам улуғ бўлади.

– Сиёсат, дунёқарашу доҳийларнинг ўзгариши одамларнинг имон-эътиқодига путур етказади. Кўпчилик нимага ишонишини билмай қолади. Эътиқодсиз одамларни бошқариш эса қийин…  

– Бировни кеча сен ундай эдинг, бугун нега бундайсан, деб айблаш қийин, албатта. Аммо мунофиқлик деган бир иллат бор. Қайта қуришдан кўнглимни совитиб, мени “гунг” қилиб қўйган сабаблардан бири ҳам шу.

Биласиз, турғунлик замонининг дарғалари, маддоҳлари, жарчию хушовоз хонандалари бўларди. Носоз замонни соз деб куйлаган, яшасин шонли компартиямиз, ҳаммамиз учун севимли ва ҳурматли раҳбарларимиз, деган одамлар… Алҳазар! Қайта қуриш дейилган заҳоти ана шу зотлар биринчилар қатори нариги соҳилга ўтиб олиб, ўзига мансаблар берган, шону шавкатларга эга қилган замонга қарата тўплардан ўқ уза бошлади. Бу хатти-ҳаракатларда эътиқоддан кўра талваса, жон сақлаш майли устунроқ эди.

Ана шунда менда қандайдир синиш содир бўлди шекилли. Наҳотки, янги ўзгаришларга кўникиш шунчалик осон кечса? Наҳотки, булар ҳақиқатга шунчалик ташна бўлатуриб, кечагина… Худо кўрсатмасин, замон тескари айланиб кетса, ёв қочгач пайдо бўлган бу ботирларнинг аҳволи не кечаркан? Қайси ашулани айтиб, қайси ноғорага ўйин тушишаркан?..

Адабиётшуносликда Ҳамза инқилобни қучоқ очиб кутиб олди, деган гап бор. Доим ҳайрон бўламан: Ҳамза маърифатли, мулла одам эди-ку? Наҳотки, ҳали нотаниш, теран англаб етилмаган бир жараённи шартта чиқиб, қучоқ очиб кутиб олди? Йўқ, бундай бўлмайди. Унинг ҳам зиёли дилида зиддиятлар кечгандир. Бу зиддиятларни Чўлпонда, Фитратда, Қодирийда кўрамиз-ку! Хўп, дейлик, Ҳамза жуда мураккаб, қон силқиб турган замонда яшаган. Аммо ҳозиргина ўзи нон-тузини еб ўтирган дастурхондан сакраб туриб, уни тепкилай бошлаганларга нима дейсиз? Мен карахтлик замонида ҳамма нарса кўнгилдагидек эди, уни танқид қилмаслик, қораламаслик керак, деган фикрдан мутлақо йироқман. Лекин буни аввал тазарру келтириб, андишалар билан қилиш лозим-да.

– Гапларингиз “Пиёда” деган ҳикоянгиз қаҳрамони Бердибойни ёдга солади. У ҳам эътиқодсиз одамлар орасида ўзини ёлғиз сезади, эзилади, галдираб қолади.

– Бердибойники бошқа, уни қўятурсак. Мен галдираб қолган эмасман. Ҳамма чопган томонга чопгим келмайди, холос. Балки шунинг учун вақтида партияга кирмагандирман. Мана, бугун ундан чиқиш ташвиши ҳам йўқ. Қолаверса, ижодкор, ҳаётни холис акс эттирмоққа бел боғлаган, ҳар қандай мафкурадан юқори туриши, инсоний эътиқод билангина иш тутиши лозим бўлган одам муайян бир партияга аъзо бўлиши бемаънилик эмасми?! Михаил Шолоховнинг гапи ёдингиздадир: “Биз, совет ёзувчилари қалбимиз буюрганини ёзамиз, лекин қалбимиз партияникидир”. Ижодкорнинг қалби ўзиники бўлиши керак. Партияга қарашли бўлдими, ижодкор ҳам партиянинг қулига айланади. Қулларнинг қаламидан чиққан нарсаларни кўп ўқидик…

Қайта қуриш эътиқод эркинлигига йўл очди. Улуғ амал. Аммо бунда ҳам бояги ҳолат – оломончилик. Тавба! Кўнглингизда эътиқод бор экан, шу чоққача қаерда эдингиз? Уйида намоз ўқигани учун таъқиб қилингандир-у, лекин сўнгги йилларда бировни қамаганини эшитганимиз йўқ. Эътиқод майдонга олиб чиқиб намойиш қилинадиган матоҳ эмаски, тортинсангиз. Худога ихлос мақтаниш, миннат ё иддао йўлига эмас, тоза, беғубор бўлмоғи лозим. Уни бировларга кўз-кўз қилиш бемаънилик, куфр.

Диндорларнинг, эътиқодлиларнинг кўпайгани яхши – мусулмон фарзандларимиз, қувонамиз. Аммо баъзи мусулмонларимиз бизга ўхшаб ҳали намоз ўқимайдиганларга худодан имон-инсоф тилаш ўрнига, беписанд, ҳатто нафрат билан қарай бошладилар.

Ихлосни кўнгилга худо солади. Эътиқод – ҳужайралардаги қон. Нега менга ўхшамайсан, бошқачасан, деб таъна қилиш – инсон ҳуқуқларини поймоллаш демак. Мусулмон ҳар қандай такаббурликдан холи, олижаноб, кечиримли бўлмоғи керак. “Агар бандаси кўнглида хантал уруғича кибр бўлса, жаннатнинг ҳидидан ҳам баҳраманд бўлолмайди”, деб марҳамат қиладилар Пайғамбаримиз. Менга динимизнинг ривожи ёқади. У – жуда улуғ, мутараққий дин. Афсуски, уни яхши билмаймиз: на эътиқод қўйганлар, на унга қарши курашганлар.

– Сиз ўзингиз мансуб авлод ҳақида нималар дея оласиз? 

Биз алданган авлодмиз. Биз ёлғон-яшиқ китоблар, сохта ақидалар руҳида тарбия топдик. Масалан, қулоғимизга қуйилдики, пул ёмон, фойда ёмон, одамни бузади; пулдор бўлмоқ – қабоҳат, муҳими – маънавий жиҳатдан бой бўлмоқ, шунда халқ сени бошига кўтаради. Назарий томондан бенуқсон гаплар бу. Биз ана шунга ишониб, маънавий бойликка беписанд, фақат мол-дунёнинг измини тутганларнинг устидан эринмай кулдик. Ҳаётда эса бутунлай тескари ҳол ҳукм сурди.

Эндиликда ким ҳақ бўлиб чиққанини изоҳлашга ҳожат йўқдир. Аммо бунда ҳам яна бирёқламаликка ўтиб кетилди. Чунончи, бугуннинг шиори: ўғри бўл, каззоб бўл, номус-виждонингни сотсанг сот, лекин бойлик орттир, давлат орттир – шунда дунё сеники.

Бу юртнинг бадавлат одамига ҳам ҳавас қилгингиз келмайди.

Эътиқодимизнинг айнишига ана шундай бирёқламаликлар, ҳаёт билан тарбия ўртасидаги ана шундай жарликлар ҳам сабаб бўлаётир.

– Яхши одамни шарм-ҳаёли, қўйдай ювош деб таърифлар эдик. Ҳозир шунга лойиқ кишиларимиз камайиб кетяпти. Бу ҳам сиз айтган ўша жарликнинг тобора кенгайиб бораётганидан. Келаси йил қўй йили экан…

 – Қўй – турган-битгани фойдали, беозор жонивор. Топилмай қолди-ку ўзи шу замонда!

Халқимизни кўпинча ювош, қўймижоз деб куйинамиз. Аслида эса, андишали у. Қолаверса, ювошлик, беозорлик фазилат эмасми? Кошки шу хислатлар бизга кўпроқ юқса, кошки янада беозор, бир-биримизга меҳрибонроқ бўлсак!

Ювошлик, беозорликка нима етсин… агар оч бўри хавфи бўлмаса, албатта!

Менга бошқа нарса малол келади. Халқим ундоқ, халқим бундоқ, деб кўп мақтанамиз. Ватанпарварлик эмас бу – манманлик. Халқимиз билан, унинг бой тарихию ажойиб анъаналари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, албатта. Лекин нуқул кўкракка уриш билан бирор жой обод бўлармикан?

Ҳамюртларимни ранжитиш ниятим йўғ-у, бизнинг Бойсундаги тўйларда шахсан менга эриш туюладиган бир одат бор. Бутун тўй давомида қадимий Бойсуну унинг кўрк-жамоли, осмонўпар тоғлари, санъатсевар халқи шоирона бир завқ билан таърифланади. У ёқ-бу ёқдан келган меҳмонлар бу мадҳияларни эшитиб, бойсунлик бўлмаганлари учун хижолат чекишлари бир сари, бойсунликларнинг ўзига қайта-қайта такрорлаш… билмадим энди.

Шундайин, четдан келган бирортаси: “Амир Темуру Навоий, Бобуру Улуғбек боболаринг экан, билдик, кўп яхши. Хўш, ундан бу ёғига ўзларинг нима каромат кўрсатдиларинг?” деб қолиши бор…

Устоз шоиримиз Эркин Воҳидов бирда нимадандир ўкиниб, “Ўзбегим”ни ёзишга ҳали эртароқ экан, деганлари ёдимда.

Келажакни кўзлаган эл ҳадеб мағрурланавермай, ўзига танқидий қарашни ҳам одат қилмоғи лозим…

– Масалан, қайси жиҳатларига?

Маълумки, Шарқда демократия тушунчаси Овруподан фарқ қилади. Демократиянинг талқини, эркинлик, инсон ҳуқуқлари деган гаплар бунда ўзига хос. Ўтмишда жамиятни бошқаришда шариат ёки муайян конституциянинг эмас, кўпинча ҳукмдор шахс, ўшанинг салтанат тутумига мос хурофий омилларнинг таъсири салмоқли бўлган. Халқимизнинг табиатида ҳамон сақланиб келаётган мутелик, амалдорга сиғиниш, унга сал бўлмаса пайғамбар деб қараш майллари ана ўша замонларга бориб тақалади. Яшириб нима, мана шу – раҳбар деб бирор таёқни тикка қилиб қўйилса, гирд айланиб улуғламоққа тушамиз. Унинг оғзидан чиққан гап бамисоли оят: такрорлаб, атрофга жар солиб чарчамаймиз. Ҳар бир хизматини тангрининг иноятидек олқиш билан қарши оламиз. Ҳолбуки, уни ўзимиз кўтарганмиз, биз бор эканмизки, ул зот шундай рутбага эга бўлиб ўтирибди. Бинобарин, халққа хизмат қилмоқ – унинг марҳамати, хайр-садақаси эмас, балки бурчи, вазифаси. Бунинг учун маош олади. Оддий ишчи вазифасини қандай виждонан адо этиши лозим кўрилса, раҳбар ҳам айнан шунга мажбур. Фарқи – фақат миқёсларда.

Эртага бир куни бу одам “урилса”, нақ халқ душманига чиқади, тупроққа қориштириб, оламда бор-йўқ тавқи лаънатни шунинг бўйнига иламиз. Инсоф ҳам керак-да!

– Суҳбатимиз хийла жиддийлашиб, сиёсийлашиб кетди. Демократиянинг Шарқу Ғарбга хос айрим жиҳатларини тилга олдингиз. Бу икки маданиятнинг ўзаро муносабати халқимиз руҳиятига қандай таъсир кўрсатди, шундан гапирсангиз!

Ижобий таъсири тўғрисида гапириш шарт эмас – барчага маълум,

Менимча, кўпдан-кўп муаммоларимиз ана шу ўзаро зиддиятли икки дунёқарашнинг, икки маданият, икки хил ахлоқнинг тўқнашуви туфайли келиб чиқди. Эгнимиздаги кийим-кечагу туриш-турмушимиздан тортиб, расм-русумлару тил, муомала, руҳиятимизга қадар бостириб кирган бегона маданиятга хос унсурлар асрий анъаналаримиз билан қоришиб, қонда ғалаёнлар қўзғади, бош-кетсиз мураккабликлар, фожиалар силсиласини юзага келтирди. Азалдан мўмин-қобил, шариатни муқаддас қонун деб билган бир улусда худобехабарлик ҳисси пайдо бўлди. Худо эсдан чиққан жойда, билингки, каззоблик, номуссизлик, бедодлик авж олади; мурувват, андиша туйғулари писанддан қолади; сўз, лафз масъулияти йўқолиб, мардум жағу жиғилдоннинг  қулига айланади.

– Тўғриси, Эркин ака, дардларингизни эшитиб, кўнглимга ғам чўкди. Суҳбатимизни ўқиганлар ҳам ноумидликка тушиши мумкин. Инсон умидсиз яшай олмайди, тушкунлик уни соҳилни йўқотган кемага ўхшатиб қўяди. Ёруғроқ гаплардан ҳам гаплашсак…

Тўғри айтасиз – ноумидлик эзгу хислат эмас. Аммо неча ўн йиллар мобайнида нуқул ижтимоий адолат ҳақида, инсоннинг бахти, фаровонлиги ҳақида гап кетса-ю, аслида бунинг тескариси қилиб келинган бўлса нимага ишониш керак? Бугун – қайта қуриш, покланиш деган замонда, ошкоралик, демократияга ҳавас қилинаётган бир даврда – ўқишга пул ёки таниш-билишчилик воситасида жойлашиш одат тусига кирган бўлса, “текин тиббий хизмат”дан текин фойдаланиш чўпчак аталса, қадри чақага айланган бандаси куппа-кундузи қароқчининг қўлида умри хазон этилаётган бўлса, ижтимоий адолат, социализм, коммунизм деб лоф уриш бемаънилик эмасми?!

Ўйлаб-ўйлаб ҳафсалангиз пир бўлиб кетади, шаккокона хаёлларга борасиз. Худди кишилик тарихи халқни бахтиёр, фаровон қиламан, деб ваъдалар бериб, онтлар ичиб, шу йўлда партиялару салтанатлар тузган, лекин амалда бутунлай шунинг аксини касб этиб келган, ўзини, ўзига яқин аъёнлар манфаатидан бошқа нарсани ўйламаган бир тўда қасамхўрнинг ёвуз қилмишларидан иборатдек туюлади.

Токи чинакам ҳуқуқий давлат барпо этилмас экан, жамиятга одил қонунлар ҳукмронлик қилмас экан, ақл эмас, бугунгидек ахлоқсизлик тантанаси ҳукм сурар экан, маданиятга эътибор ҳозиргидек “така бўлса ҳам сут берсин” қабилида қолар экан – бу бедодликлар чексиз. Охири замон деганлари шу бўлади.

Унинг аломатлари эски китобларда, жумладан, бундай белгиланмиш: дунёда олди-сотди қилинмайдиган нарса қолмайди; ҳалол касб билан ҳалол ризқ топмоқ мушкулотга айланади; аёл зоти эгнига либос кияди-ю, аммо киймаганга ўхшайди… Қани шунинг қай бирига эътироз қила оласиз, айтинг-чи? Рости, ўзимниям суҳбатимизни бундай тушкун оҳангда якунлагим келмаяпти. Лекин – начора? Шунча мунофиқлик қилдик, “Эртага ҳаммаси яхши бўлади”, деб ишондик, бошқаларни ҳам ишонтирдик – етар энди!

“Эртага ҳаммаси яхши бўлсин”, сиз билан яна суҳбатлар қурайлик, умидбахш сўзлар ўшанда айтилар. Илойим, ўшанда бугунги таъналарим юзимга қолсин!

Ноумид – шайтон, дейдилар. Онамиз бизни шайтон қилиб туғмаган, ахир!

Суҳбатдош – Қулман Очил

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1990 йил 14 декабрь