Доно қиз билан бой

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир чол билан ўн икки ёшлик қизи ёлғиз яшашар экан. Уларнинг бисотида битта туя, битта от ва битта эшак бор экан.
Чол ўрмондан ўтин териб келиб, уларни сотиб тирикчилик қилар экан. Қиз эса уй иши билан банд бўлар экан. Чол одатдагидек, туяга ўтин юклаб бозорга борибди. Унинг ёнига семиз бир бой келиб:
— Утинни неча пулдан сотяпсиз?—деб сўрабди. Чол:
— Уч тангадан, — жавоб берибди. Бой:
— Сенга ўн танга бераман, шартим шуки, ўтинни уйга олиб бориб берасан, — дебди.
Чол беҳад хурсанд бўлиб, бойнинг уйигача олиб бориб беришга рози бўлибди. Чол бойникига боргач, ўтинни ағдариб, пулни олиб, энди кетмоқчи бўлиб турган экан, бой:
— Туяни ҳам боғла! — деб бақирибди. Чол ҳайрон бўлиб:
— Туя меники-ку, — деса, бой:
— Мен ўтинни туя билан бирга сотиб олганман, бўлмаса, сен аҳмоққа ўн танга берармидим, — деб ўдағайлабди.
Шундан кейин улар тортишиб қолибдилар, иш қозигача борибди. Қози:
— Сен ўтинни борича сотдингми? — деб сўрабди. Чол:
— Ҳа, — деб жавоб берибди.
— Ундай бўлса, туя ҳам бойники. Ўтинни шу туришича сотиш керак эмас эди, — дебди қози.
— Ахир, туянинг ўзи уч юз танга туради-ку! — деб қолаверибди чол.
Шундай қилиб чол ноилож туяни бойникида қолдириб келибди.
Бошқа куни чол ўтинларни отига юклаб, бозорга олиб чикибди. Яна ўша бой келиб, ўтиннинг нархини сўрабди. Чол, “уч танга” деб айтса, бой “шундайлигича уйга олиб бориб берсанг, ўн танга бераман”, дебди. Ўтган воқеа ёдидан чиқиб кетган чол, яна рози бўлибди.
Бойникига боргач, бой, “мен оти билан баҳо қилганман” деб туриб олибди. Чол отни ҳам ташлаб кетишга мажбур бўлибди. Чол хафа бўлиб ўз уйига қайтибди ва бўлган воқеаларни қизига айтиб берибди.
Кейинги куни чол эшакка ўтин юклаб бозорга кетаётса, қизи тўхтатибди ва:
— Ота, менга рухсат берсангиз. Ўтинларни мен олиб бориб сотсам, — дебди.
Чол рози бўлибди. Қиз отасини уйда қолдириб, бозор томон йўл олибди. Яна ўша семиз бой келиб, ўтинларга харидор бўлибди. Қиз ўтинларнинг баҳосини “уч танга” деса, бой яна “шу туришида уйга элтиб берсанг, ўн танга бераман” дебди.
Қиз кўнмабди. “Фақат ўтин ҳақини берсангиз бўлади”, деб туриб олибди.
Қиз ўтинларни тўкибди ва унинг ҳақини сўрабди. Бой қизга пулни бераётганида, қиз унинг қўлини ҳам пул билан ушлаб олибди ва “биз ваъдани шундай қилганмиз” деб қўйиб юбормабди. Жанжал, ур-сур бошланибди, ҳеч ким уларнинг тортишувини ажрата олмабди. Қозига ҳам боришибди. Лекин қиз ўз айтганида туриб олибди. Охири қиз бойга:
— Эллик тилла танга берсангиз қутуласиз, озодсиз, — дебди.
Бой рози бўлиб, қизга эллик танга берибди. Лекин бу бойга жуда алам қилибди ва турли йўлларни ахтара бошлабди. Ўйлаб-ўйлаб қизга, кимки ёлғонни дўндириб ишлатса, эллик тилладан гаров ўйнашни таклиф қилибди. Қиз рози бўлибди. Олдин бой бошлабди ёлғон гапиришни:
— Бир вақтлар мен буғдой эккан эдим, шундай серҳосил бўлдики, туя, от, эшаклар буғдой поясига киришса, кўринмай қолар эди. У ерга кирган ҳайвонлар қайтиб чиқмас эди. Бир куни буғдойни янчиб, хотинга нон қилдирдим. Нонни синдириб, энди тишлаган эдим. “Бэ-э-э” деган эчки овози эшитилиб, бирин-кетин семиз, катта эчкилар туша бошладилар. Кетидан туя, отлар ҳам чиқиб келавердилар.
Қиз:
— Ҳа, дунёда бунақа воқеалар кўп учраб туради, — дебди ва у ҳам ўз ҳикоясини бошлабди:
— Бир куни қишлоғимизнинг ўртасига бир дона пахтанинг чигитини экдим. Пахта етилиб, очилганида беш юз хотинни чақириб тердирдим. Терилган пахтани сотдим. Унинг пулига қирқта туя сотиб олиб, уларни яхшилаб безадим. Икки акам билан Бухорога жўнатдим.
Уч йил улардан ҳеч қандай хабар бўлмади. Яқинда уларнинг ўлдирилганликларини эшитдим. Сизнинг устингиздаги тўн — менинг катта акамнинг тўни. У бу тўнини Бухорога кийиб кетган эди. Демак, сиз менинг акаларимни ўлдирган экансиз, уларнинг туяларини эса ўзлаштиргансиз!
Семиз бой ўйланиб, танг ҳолатга тушиб қолибди. Агар қизнинг бу ҳикояси бўйича айбланса, у — жиноятчи, одам ўлдирган бўлиб чиқади. Агар бу гапларни нотўғри, ёлғон деса, гаровга биноан, эллик тилла танга бериши керак бўлади. Бой ўйлаб-ўйлаб, охири қизга эллик тилла тангани берибди. Бой қизга қараб:
— Бутун ҳаётим давомида биринчи марта бундай қўлга тушишим, — дебди ва қизга туя билан отни ҳам қайтариб берибди.
Қиз хурсанд бўлиб, туя, от ва эшакларни етаклаб, пулларни туяга ортиб, ўз уйига қайтиб келибди.