Сайдазим Равшанов (1955-2020)

Сайдазим Равшанов 1955 йил 1 март куни Жиззах вилояти, Бахмал туманида деҳқон оиласида туғилган. Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган. Илк меҳнат фаолиятини 1976-1996-йилларда Бахмал туманидаги 14-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1996-1998-йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчи, 1998-2001- йилларда “Бахмал туман халқ ижодиёти ва тарихи” музейида раҳбар вазифаларида фаолият олиб борган.

Сайдазим Равшанов мактабда ишлаб юрган пайтида ўзи яшаётган ҳудуд тарихини изчил ўрганиб бадиий публицистик йўналишдаги “Бахмалнома” (“Сангзор” нашриёти, 1988), “Мозий туҳфаси” (“Сангзор” нашриёти, 1991) асарларини яратади.

“Бахмал туман халқ ижодиёти ва тарихи” музейида фаолият кўрсатиш жараёнида ҳам вилоят туманлари ҳақида асарлар ёзишни кўнглига туккан ёзувчи “Мирзачўл” (“Сангзор” нашриёти, 1998) бадиий публицистик асарини ёзиб чоп эттиради. Шунингдек, ёзувчининг “Учрашув” (“Сангзор” нашриёти, 2005) ҳикоялар тўплами ҳам ўз ўқувчиларини топган. 2008 йилда адибнинг “Ҳайратдан тўкилган сатрлар” шеърий тўплами (“Сангзор” нашриёти) чоп этилган.

ҲАЙРАТ

Эй, гуллар, ғунчаланг! Авжи пайт келди,
Қадни дол ташлайсиз, тушкунлик нега?
Субҳидам шамолин қаршиланг хушҳол,
Ўхшасангиз, ахир, бўлмасми менга?
Тўлғаниб тонг саҳар ғунча ёрди лаб,
Тикони нишламай чиқди бир эга.
Ҳиссиз бир малакнинг илкида сўлди,
Дедим: – Мунчалар ҳам ўхшаманг менга.

БИТТА ГАПДАН ҚОЛ

Нақлларинг бор бўлсин, халқим,
Ўзинг каби камтирин, ҳалол.
Ютганидин юттиргани кўп,
Мана бири: “Битта гапдан қол”.
“Олтин қўллар…” деди қимтиниб,
Ҳиммимиз-чун ҳурматли бир чол.
О, ютганинг заҳар бўлди-ю,
Қиноатинг: “Битти гапдан қол”.
Ўз халқининг пешонисига
Қўриқчи ҳам битмагин зотлар.
Темур каби жаҳонгирингга
Отса, не дей, тош – маломатлар!?
Ўз юртингда зулматда қолмиш,
Жиҳон аро зиё тиратиб.
“Бобурнома” сенсиз кезинди,
Бобомга не уни яритиб?
Аро йўлда қолди сувларинг
Армон тўлиб оролинг қолди.
Меҳробингда руҳлар кезиниб,
Эътиқодинг, имонинг қолди.
Сенинг номинг билан сўзлаган
Ўғилларинг беқабр кетди.
Нақлинг тўсган ўша гапни айт,
Йўқса, навбат тилингги етди.

СЎНГГИ ГАП

Майитни тупроққа топширди қишлоқ,
Шаънига оятлар ўқилди узок.
Сўралди: – Фалончи эди-я қандоқ?
Жавоб шу: – Зап одам эди раҳматли.
Ватанфуруш ўтди гуноҳи кабир,
Падаркуш учун ҳам топилди сабр.
Ўғри, муттаҳами ўтди бирма-бир,
Аммо дер: – Хўп одам эди раҳматли.
Фоҳиша, муртадлар қилмишин ўраб,
Валади зинолар ўтди юрт сўраб.
Сўнгги йўл боришда битта ҳукм-гап,
Деймиз: – Яхши одам эди раҳматли.
Таомил шунақа бу жумард элда,
Ёмонин яширмоқ бу ҳам бир феъл-да.
Айрилиқ бўлдими, белбоғи белда,
Дерлар: – Яхши одам эди раҳматли.