Мақсуда Мўмин 1968 йилда Андижон вилоятида таваллуд топган. Эркин ижодкор. Шеърлари турли нашрларда эълон қилинган.
* * *
Хотиралар ойнасини чертади дил,
Кўз олдимдан ўтар аста ўт нигоҳинг.
Юрак ярим…
Йиғлаяпти ўксик кўнгил,
Жудоликка кўндирди ишқ, йўқ гуноҳинг.
Наҳот қийин унутмоқлик, шунча азоб,
Эсламайман дейман, яна соғинаман.
Муҳаббатим…
Излаганим бўлди сароб,
Орзуларим, сенга боқиб овунаман.
Хаёл кетар бирга юрган кўчаларга,
Бизга ҳавас билан боққан эди олам.
Осмонда ой, юлдуз тўла кечаларга,
Термуламан энди узоқ…
Киприкда нам.
Соғинчингни туйиб яшаш эмас осон,
Дийдорингга етмаган дил куяр энди.
Майли куйсин дунёларга сиғмаган жон,
Олисларда қолган севгим, тинч қўй энди.
Тинч қўй хаёл, хотиротлар, мен етмаган,
Юрак ютиб кетолмаган туйғуларим.
Бахт тонглари отмай туриб эрта сўнган,
Хаёлларда қолиб кетган кулгуларим.
Тинч қўй энди…
ЮРАК
Кўнди кўнгил жафосига,
Бўлмай ошно сафосига.
Етмаган ишқ вафосига,
Тўкилмоқда титраб юрак.
Ўксинади оғриқ қалбдан,
Тинмай оғу ичган лабдан,
Тақдир туҳфа этган зарбдан,
Тўкилмоқда титраб юрак.
Туни бедор, ороми йўқ,
Армонларнинг ҳеч шоми йўқ.
Дардин айтар ғуломи йўқ,
Тўкилмоқда титраб юрак.
Топмади гоҳ ҳаловатин,
Йўқолган хуш тароватин,
Энди кутмас бахт, омадин,
Тўкилмоқда титраб юрак.
* * *
Телба дилнинг хонишларидан,
Куйган юрак ёнишларидан,
Севмайман деб тонишларидан,
Девона дил, эй девона дил.
Муҳаббатнинг қийноқларида,
Жавоби йўқ сўроқларида.
Эланмасин фироқларида,
Девона дил, эй девона дил.
Кўнгил қучган васлинг ягона,
Куйла юрак, сен ёна-ёна,
Бўлай ўзим сенга ҳамхона,
Девона дил, эй девона дил.