Сайидо Насафий (1637-1710)

Сайидо Насафий (тахаллуси; исми Миробид) (1637—Насаф — 1710) — шоир. Бухоро мадрасаларида ўқиган. Тўқувчилик билан кун кечирган. Турди билан яқин дўст бўлган, унинг таъсирида ижоди камолга етган.
Дастлаб асарларида аштархоний ҳукмдорларни мадҳ этган, уларга мадҳиялар ёзган. Лекин ижтимоий тенгсизлик, адолатсизликлар моҳиятини тушунгач, мадҳиябозликдан узоклашган. Асарларида жабру зулмга қарши норозилик асосий ўринни эгаллаган.
«Шаҳр ошуб» манзума сида 212 хил касб-ҳунар эгаси ҳақида фикр билдирган, ҳунар аҳлини улуғлаган. «Баҳориёт» («Ҳайвонотнома») мажозий мунозара асарида, айрим ғазалларида ўз даврининг ижтимоий-сиёсий муҳити танқид қилинган. Асарлари нафис, содда тилда ёзилгани учун тез оммалашган.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Мен дилинг акси деган мардуми олам топмадим,
Доғда шу дарддин юрибман, унга марҳам топмадим.

Уззукун мисли қуёш урдим замин устинда чарх,
Бир нишонни, қайда манзил қилди Ҳотам, топмадим.

Аҳли жоҳга бордим-у, ахтардим ўзимга либос,
Жомаи мотамдин ўзга бир кийим ҳам топмадим.

Жон жигардан ошиқиб оҳ тортадир аҳли карам,
Кўзи тор соғарларида ҳеч маҳал нам топмадим.

Сийнасига ҳар кишининг мен нафас янглиғ кириб,
Ҳақ жазо куни бирон-бир дилда ҳам ғам топмадим.

Қанчалик гул борки чеҳрадин ҳижобни ташлаган,
Кўзлари шарму ҳаёли қатра шабнам топмадим.

Сайидо, тавофга бордим Каъбаи мақсуд сари,
Ўз кўзимдин ўзга ҳеч чашмаи Замзам топмадим.

* * *

Қай тараф бормай, сўроғим: “Қайда мардум?” — айларам,
Борки шўх ўғлим, уни ҳар-ҳар замон гум айларам.

Оқизиб қонимни дилдан, сўрар: аҳволинг қалай,
Чопар-у шамшир билан, дейди, тараҳҳум айларам.

Гул каби ишқ соғари илкингга осон кирмагай,
Хун ичар токи умрлар бир табассум айларам.

Бошладим гарчи гуноҳни, узмади бадхўй оёқ,
Мен тиғи остида умримни тазаллум айларам.

Ойни рухсори унинг хийра чодирга михлади,
Хийракўз юлдузларин бамисли мазлум айларам.

Безабон неъмат буғдой эрди хомуш лаблари,
Шиква этмасдим, ўзимни энди сал шум айларам.

Тўғри гап айтмоқ қиличбозликдан авлодир азал,
Арра гард қилгай тилимни, то такаллум айларам.

Мисли тандир, интизорликдан қаро бўлғай кўзим,
Оқ буғдой нондан наҳот суфрамни маҳрум айларам?

Мен гўё Сайидо, сўнг майхона ёққа борамен,
Сокин ором олганики, болишим хум айларам.

* * *

Гулинг бўйини тунларда ҳаволардан сўроғ этсам,
Бориб боғингга ўн панжам ёқиб мисли чароғ этсам.

Сипанд доналаридан чексам ўзлар интиқомини,
Куюк юлдузларингни бамисоли лола, доғ этсам.

Ёниш таълимини олсам сенинг базмингдаги шамдан,
Бориб майкадага чароғини мен бедимоғ этсам.

Ғунча янглиғки бошим хешларимнинг пинжига тиқсам,
Лозимми боғ ҳавоси сингари димоғ-фироғ этсам.

Тийра бахтимга ўзимнинг ташладим ҳар шом назар,
Юзидан хонани гашти тамошо, мисли зоғ, этсам.

Хешларимдан топмадим бир бор хабар чун Сайидо,
Магар водийсига Мажнунни борсам-да, сўроғ этсам.

* * *

Кўйингда ўз бошимдек саждали муқбилни билмасман,
Ўзингдек даргаҳингда бандаи қобилни билмасман.

Сафи мужгонининг қилди зеру забар бу оламни,
Сеҳр-ла наргиси даври каби ботилни билмасман.

Эшик-девор қулоғим пахтасидин келди фарёдга,
Бунинг янглиғ кишини — ўзидин ғофилни билмасман.

Киши умри мудом сув сингари бургай юзин йўлга,
Қадам қўймоқ учун корвон каби манзилни билмасман.

Муҳаббатим туфайли учраган мушкул кушод ўлғай,
Қўлимга тушса ҳар қандай тугун, мушкулни билмасман.

Мени ҳарчанд у бадхўй ёндирар мисоли шамъ, аммо
Куйишдан ўзга бир таманно қилган дилни билмасман.

Бу имкон оламида бўлмаса, Сайидо, осойиш,
Назар то қилмадим, бу дашт аро манзилни билмасман.

* * *

Нолакорлар боғидин четга, чу булбул борамен,
Изладим, маъюс, қани хуш ҳидли ул гул, борамен.

Йўл учун ашқол бисотимда фақат сарсончилик,
Чун қуюн, айлаб биёбонда таваккул, борамен.

Айлашур озодалар аввал фалакни поймол,
Мен баҳорнинг сели, кўприк оша буткул, борамен.
Силкиб этакни жунунданки, камарга танғидим,
Шул сабаб, бугун чаманда бўйи сунбул, борамен.

Аҳли жоҳнинг кўчабоғига қадам боссам агар,
Нечасин, тонг бодидек айлаб тағофул, борамен.

Менда йўқ ошуфталикдин кас мулоқотига тоб,
Мен насимдин ҳар тараф чун зулфу кокул, борамен.

Сайидо, мисли асо, андиша қилмас кимсадин,
Душманим қошига аввал бетааммул борамен.

* * *

Доғ гул очди қайда, тагин такъяи дил айларам,
Қайда чақмоқ хонани ёритди, манзил айларам.

Бу кеча кўрдим мен ўз мурдамни шамънинг пойида,
Қайда парвона шаҳид, мен ўзни бисмил айларам.

Не ёпишди барига аҳли талаб — саргаштанинг,
Чун тегирмон, қатлаб ушбу кунда ҳосил айларам.

Мушт туширди неча бор чеҳрамга ўз аксим ахир,
То ўзимга оинаюзни муқобил айларам.

Эй фалак, ғолиб либосин қил инъом танга, дедим,
Бир гадога қўл чўзиб ўзимни соил айларам.

Сайидо, гавҳар агар денгизга таклиф айласа,
Мавж ила жўшмоқни соҳил ортида, бил, айларам.

* * *

Бу девона дилим унга нишон қилсам-да, билмабман,
Камон қош ўқидин ҳолим ёмон қилсам-да, билмабман.

Гўё меҳринг йиқитган юзлаб инсон оша йўл олдим,
Ўзимни бемеҳрга меҳрибон қилсам-да, билмабман.

Умидвормен, кўзим хонасига бир кун оёқ босгай,
Эшикларда бошим садқаи жон қилсам-да, билмабман.

Амин бўлдимки, ётлар бирла улфатлиғи беканда,
Уни ошно ўзимга деб гумон қилсам-да, билмабман.

Сайидо, қошининг суянчиғи хотири бу умринг,
Гўё жавҳар, тиғ дамин ошиён қилсам-да, билмабман.

* * *

Қилғали хоким тавоф ошиқнавоз чиқса эди,
Хоким узра майсанинг ўрнига ноз чиқса эди.

Кетди ёр ўз хонасига, мен қиёматга қадар
Ўлтирарманки умидида, у боз чиқса эди.

Зуд ривож олғай улуғлардан фақирларнинг иши,
Май хумидин шиша ҳам бир сарфароз чиқса эди.

Гар ғами ноз бирла сийнам узра қўйган чоғ қадам,
Қошиға, жон ҳис қилиб юз-юз ниёз, чиқса эди.

Чун Сайидо, хизматиға боғладим зулфдин камар,
Хизр фикридан қачон умри дароз чиқса эди.

* * *

Итинг минг ҳурса ҳам этмам шикоят,
Ки бор сарви равонингдин ривоят.

Йўлинг бошида мен ўпай узангинг,
Етагингдин магар топгум иноят.

Хазон боғингга йўл топмайди ҳаргиз,
Магар сарви равонга бор ҳимоят.

Сенинг қай илтифотингга шукр дей?
Ниҳонингдин атолик йўқ ниҳоят!

Сайидога халослик йўлини айт,
Жинон боғига, гар бўлмас жиноят.

* * *

Маҳ лиқосидин бу кеч хонам чаманлиғ истагай,
Шамъи мажлис кўзга милдай анжуманлиғ истагай.

Бўстоннингким, менинг моҳим тамошо айлади,
Ғунчаси гулнинг Юсуфга пираҳанлиғ истагай.

Бошласам гулшанда нола гар қаро бахтим учун,
Ки овозим сурнайи мурғи чаманлиғ истагай.

Мурдасин парвонанинг боғлар фонус қошида шамъ,
Пардаси маъшуқнинг ошиққа кафанлиғ истагай.

Холи карвонларни урғайдур унинг хат фаслида,
Гар танилди ўғри, бил, ул роҳзанлиғ истагай.

Тожу тахту ганжинанг мағрури бўлма, Хусраво,
Рўзи маҳшар хун баҳойи Кўҳканлиғ истагай.

Дилбарим гар шеъру шоирликка чин дохил экан,
Чун қалам мен бирла сўнг ёри суханлиғ истагай.

Мисли савсан ҳарфимиздан бир забон ким етказур,
Бўйнида ғунчаосо маржони шанълиғ истагай.

Келди айёми, қуёшдек айланурмиз барчамиз,
Токи қайси сарзамин бизга ватанлиғ истагай.

Гар, Сайидо, зулфидан ёрнинг насим келтирса бўй,
Кўчалар, шаҳримда саҳройи Хўтанлиғ истагай.

Форс тилидан Жонибек Субҳон таржимаси.