Улуғбек Ҳамдам. Қайтиш (ҳикоя)

1.

Бугун у ишдан кетди. Ишдан-а?!.. Ҳа-ҳа, ишдан кетди деяпман мен сизга… Бақирганим йўқ. Мен бор йўғи унинг ишдан кетганидан хабар бераяпман. Шу тобдаги кўнгил ҳолим унинг ишдан кетганлиги ҳақидаги хабар мазмунига мос. Тўғрироғи, хабар мени ўз сажиясига кўра созлаб олди гўё. Шунинг учун ҳам сизга бақираётгандек туюлган бўлишим мумкин, аслида ундай эмас. Ахир, бир кун сиз ҳам, мен ҳам, хуллас, ҳаммамиз ишдан кетишимиз мумкин-ку… (ўшанда керак бўпқолар балки бу гаплар). «Қаёққа?» – дейсизми?… Билмадим. Ҳамма гап шунда бўлса керак. Дарҳақиқат, ишдан кетгандан кейин одам қаёққа борар экан?.. Ишлаб туриб ўлиб қолса, унинг қаён бориши маълум: чин дунёга… Лекин ўлмасдан бурун ишдан кетса-чи? Кейин нима бўлади. У ишдан қаерга боради?..

2.

Шундай қилиб, у ишдан кетди. Қирқ йил ишлаган, қирқ йиллик умри ўтган жойдан кетди… У қанақа жой, ишнинг номи нима, кимлар билан ишлаган эди, деганга ўхшаш юзлаб саволлар бу ўринда аҳамиятли эмасдек. Нима учун ишдан кетди, ўз ихтиёри биланми ёки ихтиёрига қарамай кетишга мажбур қилишдими, кексайиб, ишга ярамай қолгани учундир, балки… ўйлайманки, буларнинг жавоби ҳам жуда муҳим кўринмайди. Чунки, ҳамма қачондир қандайдир сабабга кўра ишга киради ва вақти соати етиб ундан кетади. Худди туғилиш ва ўлишдек гап бу. Пистончи ўлибди, дейишса, дарров «нимага?» деб сўраймиз. «Фалон-фалон» сабабга кўра дейишгандан сўнг, «агар ўша сабаб бўлмаганда тирик юрарди» дея ҳамдардлик билан билағонлик қиламиз. Тўғри, бўлиши мумкин. Масалан, агар у анов куни ҳақиқатан ҳам ўша савил машинага ўтирмаганида, автоҳалокат содир бўлмаслиги мумкин эди. Бироқ у барибир қачондир ўлар эди. Қша куни бўлмаса эртасига бошқа сабаб билан, эртасига ўша сабаб билан ўлмаса, индинига яна ўзга бир сабаб билан… Айтмоқчимизки, ўлим – муқаррар. Ҳаммамиз мазкур фикрда якдилмиз. Худди шундай, у ёки бу одамнинг бир кун келиб ишдан кетиши ёки ишлаб туриб омонат жонни Яратганга топшириши ҳам табиий ҳол. Бунга шубҳа йўқ… Тавба, тавба… тағин ўтлаб кетдик, чоғи…

3.

Шундай қилиб у ишдан кетди… Ишхонадан кенг ва катта кўчага чиқаркан, ўзини ғариб, афтодаҳол сезди. Уйига бормасдан қаровсиз итдек шаҳар кезди. Шунда у ўзини ҳақиқатан ҳам кераксиз ва ташландиқ ҳис қилди. Улкан кўчалар бўйлаб қад кўтарган осмонўпар бетон уйлар худди унга қараб бостириб келаётгандек даҳшатли туюлди. Илгари ҳеч буларни пайқамаган экан. Ахир ҳар куни шу уйлар олдидан ўтар эди-ку, нега фақат эндигина улар бегонадек, шафқатсиздек туюлаяпти. Қани аввалги муносабат, қаёққа кетди, нега кетди?!..

Уйига эса унинг асло киргиси келмаётганди. Юраги дов бермаётганди, тўғриси. Ахир, ўғли ва қизининг бири чет элда, бошқаси қўшни шаҳарда яшашади. Улар оила қуриб, ўзидан тиниб-тинчиб кетишганига кўп бўлган. Хотини ҳаётлиги пайтда ҳам йилда бир келишса келишарди, бўлмаса телефон биланоқ қариндошчилик бурчидан осонгина қутилиб қўя қолишарди. Узоқ йили аёли қазо қилди. Шундан бери ёлғиз эди. Бироқ у ўз ёлғизлигини мана бугун – илк марта ҳис қилиб турибди. Илк марта дуч келди унинг кийимсиз қолган жўжабирдек жони аёвсиз танҳолик шамолига… Ҳолбуки, анчадан бери сўққабош ва қаровсиз эди. Бироқ бугун… Бугун бошланганга ўхшайди унинг чинакам кимсасизлиги…

4.

Кеза-кеза, туртина-туртина ҳориб-чарчаб, ниҳоят, у ўз уйи остонасига келиб қолди. Юрагини ваҳм босди. Бироқ на чора, унинг киссасидан калит олиб, эшикни очишдан ўзга йўли бормидики, тағин иккиланса… Йўқ-да… Ичкари кирди. Бутун дунёсини қоронғилик чулғаб келди – шошиб чироқни ёқди. Кейин бошқа хоналарникини ҳам бирин-сирин ёқиб чиқди. Ҳатто, ҳожат ва чўмилиш хонасини ҳам чароғон қилиб қўйди… Алламаҳалгача ётмади, ўйланиб-сиқилиб ўтирди, юрди, устма-уст сигарет чекди. Исмсиз аламнинг авж палласида эса кўзларига ёш ҳам чиқди: «Энди нима бўлади? Қандоқ яшайман?» деган ғоят хавотирли савол миясини аёвсиз чўқирди…

Ниҳоят, тонгга яқин чарчоқдан кўзи илинди… Қанча ухлаганини билмайди. Бир маҳал қулоғига қушларнинг шодон чуғур-чуғури кирди, шу ҳамоно юзига тушиб турган қуёшнинг ёқимли тафтини туйди. Ҳа, ажиб бир фароғат уни уйғотганди. Тўнини елкасига ташлаб, аста ташқари юрди. Мўъжазгина ҳовлида қад кўтарган бир жуфт ўрик қийғоч гуллаган – тинимсиз сайраб турган қушлар ҳам, у гулдан бу гулга учиб-қўниб ғўнғиллашини бошлаган асаларилар ҳам унда эди. Атрофда она-заминнинг, кўкламнинг, улуғвор куч – ҳаётнинг бўйи шундоқ уфуриб ётарди. Во ажаб… Наҳотки, у олдин буларни кўрмаган бўлса?.. Ахир у қарийб қирқ йилдан бери шу ҳовлида яшайди, анов дарахтларга ҳам камида шунча берса бўлади, лекин у нега буларнинг биронтасини пайқамаган бугунгача?..

Чамаси, у бир замонлар – бунга кўп бўлган – болалик чоғлари эди у пайтлар – ҳаммасини кўрар ва ҳис қиларди. Эрталаб уни ё қуёш алангаси ёки бўлмаса мана шунақа жувуржуқ қушларнинг бир-бирига гал бермай сайрашлари уйғотарди – эслайди. Кейин… Кейин у фақат ишхонанинг, кундалик ва йиллик режалар ташвиши билан кўз очиб юмишга одатланганди. Бугун эса улар қаёққадир чекинганга ўхшайди: унинг қариб қолган баданига тағин қуёшнинг тафти ёқаяпти, тағин унинг ярим битиб қолган қулоқлари қушлар қўшиғини эшитиб роҳатланаяпти.

Кечгача у шу ердан қуёш нурларига чўмилаётган дарахт гулларининг тагидан кетолмади, сайроқи қушларни тарк этолмади. Туртиниб-суртиниб бўлса-да, раҳматли аёлидан кейин қаровсиз қолган ҳовлини супуриб-сидирди, ер чопди, гулларни ёввойи ўтлардан тозалади, уларга сув қуйди… Ниҳоят шом тушди. У ҳам ҳориб-чарчади. Кетмонни бир четга қўйиб, муслукда юз-қўлини ювди, елкасига сочиқни ташлаганча келиб супага чўкди. Кекса нигоҳларини эндигина ниш уриб турган-дарахту гуллар, ўту ўланлар ўсган кафтдеккина ер майдонига тикди. Узоқ вақт шундай ўтириб қолди. Шунда кимдир унга «Сен ёлғиз эмассан!..» деяётгандек бўлди… Бир сесканди-да, қўзғалиб юрди. Димоғига сув сепилган тупроқнинг баҳор аралаш ҳиди урилди. Кўнгли бир кўтарилиб тушди. Лекин ўзини тутди. Дарахтга яқинлашиб, унга худди одамга қарагандек қаради. Бирдан ботинида нимадир кўчди… Кўчди-ю, ўзини дарахтга ташлаб, уни маҳкам қучганича аввалига унсиз, кейин негадир пиқиллаб йиғлаб юборди. Узоқ, жуда узоқ вақтдан бери кўзларидан бир томчи ёш чиқмаган бу қария энди елкалари силкиниб-силкиниб, ичлари ағдарилиб-ағдарилиб йиғлар, йиғлаган сари бутун умр йиғилган қатлам-қатлам ситамлари кўчиб чиқаётгандек бўларди…

У ўзига ҳамроҳ ва суянчиқдек туюлган дарахт гавдасидан қўлларини олганда, кўнгли чароғон эди. Ҳолбуки, атроф туннинг сиёҳига чўмилганди, бироқ зулмат йўқ эди бу кечада…

Бу ора вақт илгарилаб кетганди. Аста юриб уйга кирди, қорни очқаганини ҳис қилса ҳам чарчоқдан кўзлари юмилиб бораётганди. Зўрға хобхонага етиб олди-да ўзини ўринга ташлади. Уйқунинг тўрига ғарқ бўлаётган шуури энди хоналар чироқларини ёқиб қўйилишига эҳтиёж сезмасди…