Юрак ҳам чарчади, ақл-чи толди,
Манзилга етишга озгина қолди…
Ҳаловат истаган юрак тўхтади.
Турмуш ташвишлари билан банд юрак ҳаловат билан жимгина хайрлашди.
Эм игнасига дори тортаётган ҳамшира қариянинг қотиб қолган қорачиғини кўрди-ю, бармоқлари титраб кетди. Оғир-оғир нафас олаётган беморнинг бирданига жимиб қолиши вужудида қўрқув титроғини уйғотди. Ўқишни битириб, шифохонада ишлай бошлаганига ярим йилдан ошган бўлса-да, ўлимга биринчи марта дуч келиши эди. Қишлоқ шифохонасида оғирлашиб қолган беморни яқинлари “ўлса ҳам уйда хотиржам ўлсин, дўхтирлар қорнини ёриб кўрмасин”, деб олиб кетгувчи эди. Бу қарияни эса беҳуш ҳолда олиб келишди. Врач қон босимни ўлчади, юракни эшитиб кўрди, кардиограмма тасмасига тикилиб қарай-қарай бош чайқаб қўйгач, қандай дорилар берилишини тайинлади-ю, чиқиб кетди. Ҳамшира дастлабки дориларни эм игнасида билакка юборгач, ярим соатча танаффус қилиб, энди томчи дори юборишга киришмоқчи эди. Қариянинг оқара бошлаган юзига қараб қўрқуви баттар ошди, нима қиларини билмай “Ойдин опа!” деб қичқириб юборди.
Дераза томондаги каравотда ётган беморнинг томирига дори юбораётган ўрта ёшлардаги ҳамшира чўчиб, ўгирилди. Ҳамшира “ўлди” демоқчи бўлди-ю, титроқ лабларидан бу сўз учмади. Жон тарк этган танага тикилганича довдираб тураверди. Ўрта ёшли ҳамшира игнани томирдан суғуриб, беморнинг билагини букди-да, бу томон ўта туриб, “Анвар акангни чақир, тез чақир!” деб буюрди. Қиз чиқиб кетгач, қариянинг бўйин томирига бармоғини қўйди. Кейин шошқич равишда кўкрагига кафтини қўйиб, куч билан босди.
Даҳлизга отилиб чиққан ҳамшира йўлда бир қарияни бехос туртиб юборди. Унинг “ҳай-ҳай қизим, кўзингга қарасанг-чи” деган танбеҳига қулоқ солмай, узр сўрашни ҳам унутиб, югуриб кетди.
* * *
Шифохонадаги бу воқеа юз берган пайтда дўстининг тақдиридан бехабар Мамасоли чошгоҳ нафл намозини ўқиб бўлиб, мутолаага тутинган эди. Дадасининг хайрли ният билан “Муҳаммад Солиҳ” деб қўйган исмини ҳали ҳеч ким тўлиқ айтмаган, “Муҳаммад Мусо”ни “Матмуса”, “Муҳаммад Амин”ни “Мадамин”, “Муҳаммад Раҳим”ни “Марайим” дейишни одат қилган қишлоқ аҳли “Мамасоли” деб чақирганда у ажабланмас ҳам, кўнгли оғримас ҳам эди. Болаликдан бирга катта бўлган улфатларининг янада қисқартириб, “Соли” дейишларига ҳам кўникиб кетган.
Мамасоли қўлидаги китоб сатрларига кўз югуртирди-ю, иккинчи саҳифага ўтмай, чуқур хўрсинди. Сўнг “астағфируллоҳ” деб пичирлаб қўйиб, нигоҳини яна ўша сатрларга қадади. Бу сафар кўзларига ёш қуйилиб, ҳарфлар кўринмай қолди. Тили истиғфор билан банд бўлди. Чуқур-чуқур нафас олди. Бўйнига ташлаб олган оқ рўмолининг учи билан кўзларини артиб, ўйга толди. Лекин хаёл булутида узоқ уча олмади, юрагини серхатар титроқ босиб, яна китоб саҳифасига қаради. Энди пичирлаб ўқиди: “Боқий Зот фонийларга бахт ато этди. Ўлимни муттақийлар учун нажот ва учрашув ваъдалашилган манзил қилди. Қабр эса бадбахтлар учун зиндон, то яхшилик ёмонликдан ажраладиган жазо кунигача тор ҳибсхона бўлди… Ўлим – қисмати, қабр – қароргоҳи, тупроқ – тўшаги, Мункар ва Накир – суҳбатдоши, қурт-қумурсқалар – улфати, ер ости – хосхонаси, маҳшаргоҳ – ваъдалашган жойи, жаннат ё дўзах – сўнгги манзили бўлган ҳар бир кишининг фикру зикри – ўлим, тадбиру тадориги ҳам ўлим учун бўлиши, табиий. Унинг бутун диққат-эътибори ўлимга қаратилган, қўрқинч ва қувончи ҳам ўлимдан, у ўлимга мунтазир. У нафсини ўликлар қаторида санаб, ўзини қабрда кўради. Чунки келувчи нарса доимо яқин, келмайдигани эса узоқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Нафсини тергайдиган ва ўлимдан кейинги ишларни ўйлаб амал қиладиган киши асл зийракдир…” (Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратларининг “Иҳйоу улумид-дин” (“Дин илмларини жонлантириш”) асарларидан Абдурашид Зоҳид таржимаси.)
У китобни хонтахта устига қўйиб, бошини эгганича ҳаракатсиз туриб қолди.
Китобдаги сатрларни ўқиб, ўлим эсига тушиб кетди-ю, юраги қўрқув тўрига ўралди, дейиш ёлғон бўлур эди. Аввали шуки, эсга тушиши учун олдин унутиш керак. У муқобилида ўлим борлигини ҳеч маҳал унутмаган. Урушда қуёнюраклик қилиб хандаққа писиб олган йигитларни кўрганида: “Пешонангга ўлим ёзилмаган бўлса, устингдан танк босиб ўтса-да ўлмайсан, умринг калта бўлса, Азроил пусиб ётган жойингдан ҳам топиб олади. Ўлимдан қўрққанинг билан ундан қутулолмайсан. Шунинг учун қўрқмай ўлган афзал”, дерди. Қайси бир китобда: “Одам совуқ лаҳадда ётишини тасаввур қилса, қўрқувдан тилига қадар терлаб кетади”, деган гапни ўқиб, “яхши одам қўрқмайди, кўп гуноҳ қилган осийнинг аҳволи шунақа бўлиши мумкин”, деб қўйган эди.
Тўғри, унда ҳам қўрқув бор, лекин лаҳадда ёлғиз ётиш қўрқуви эмас.
Волга дарёсидан то Элбага қадар бўлган қонли жанггоҳни пиёда босиб ўтган одамнинг ҳозирми ё эрта-индинми ўлиб қолишидан қўрқиши мантиқсиз ҳамда ишонарсиз бир ҳолатдир. Ўликни кўрганда, даҳшат дўлига учраб лабига учуқ тошадиганлар ҳам бор. Мамасоли ундайлардан ҳам эмас. Урушдаги ўликларни ҳисобга олмаганда ҳам, қайтганидан кейин қанча яқинларининг жағини ўзи боғлади. Қишлоқда ўлик ювучи қолмагани учун ғассоллик қилган вақтлари ҳам бўлди. Бу хизматни вақтинча деб ўйлаган эди, ўғли вояга етгунига қадар савоб ишдан бўйин товламади. Хотини бир-икки хонадонга совчиликка борганида “ўлик ювғучи билан қуда бўламизми?” дегандай гап қилишибди. “Ҳар бирингни бугун бўлмаса эртага кимдир поклаб, охирги сафарингга кузатиб қўйиши керак. Бугун мен билан қуда бўлишдан ор қиляпсан. Эртага ишинг тушиб қолса, уялмайсанми?” – деб танбеҳ бермоқчи бўлди-ю, қилган ишлари миннат бўлиб, савоблари учиб кетишидан қўрқди. У ғассоллиги учун ҳақ олмасди. Бу хизматдан тирикчилигини яхшилаб олишни орзу қилган бир киши топилиб қолди-ю, “бахтимдан ўргилай”, деб ўзини четга олди. Шунда ҳам яқинларини ўзи ювиб, ўзи кафанлашдан бўйин товламади. Билагида ҳали қувват бор эди, лекин тенгқурларини ювиш чоғида кафти қалтираётганини сезди.
Улфатдаги дўстларининг бирин-сирин кетиши унга яқин келажак хабари эди…
Лекин бу хабарлар уни талвасага сололмас, ташвиши бўлак эди.
Мамасоли билиб-билмай қилган гуноҳлари учун маҳшаргоҳда уялиб қолишдан қўрқади. Кўп тавба қилади. Лекин Раҳмли зот бу гуноҳларни не қадар кечирганини билолмайди. Ота-онасига яхши хизмат қила олмади. Йигит ёшига етганда урушга кетди. Ота-она дуоси билан кетиб эди, уйига етим ўғил бўлиб қайтди: ота-онасининг қуруқшаган лабларига бир томчидан сув томизиш, қабрларига бир кафт тупроқ ташлаш унга насиб этмади. Буни айб деб билмаса ҳам, кўнгил ғашлиги ҳалигача кўтарилмайди. Устозининг кулфатга учрашида гуноҳи борлиги эса аниқ. Отаси ҳарф танимаса-да, олимларга ихлоси баланд эди. Ўғли шўро мактабида ўқиши баробарида, дин илмини олишини ҳам истарди. Афсуски, дин илми ҳеч қаерда ўқитилмасди. Қишлоқда илмли бир киши бор эди. Бироқ болаларни ўқитмасди, советнинг қонунига кўра қамалиб кетиши мумкин эди. Отанинг қайта-қайта илтимослари таъсир қилдими ё илмни қизғаниш гуноҳлигидан қўрқдими, ҳар ҳолда, у киши Мамасолига Қуръон илмини ўргата бошлади. Бир куни мактаб мудири Мамасолини чақириб ғоят хушмуомалалик билан гапга солди: “Сен мактабимиз фахрисан, катта ўқишларда ўқийсан, катта олим бўласан. Қуръонни ҳам ёдлаётган эмишсан, бу ҳам жуда яхши. Менга битта кичкина сура ўқиб бер-чи?” деди. Мамасоли бу ширин сўзга учиб, кичик эмас, “Таборак”нинг ярмини ўқиб бериб, яна “олқиш” олди. Бола бечора мудирнинг сотқин эканини қаёқдан ҳам билсин? Устози уни тонг палласи, ҳали қишлоқ уйғонмай туриб ўқитарди. Эртаси субҳи содиқда унинг уйига борганида ҳибсга олиб кетишаётганини кўрди. Кўрди-ю, бу кулфатда ўзининг ҳам ҳиссаси борлигини англаб, чинқириб юборди. Устози унга бир қаради ўшанда. Кўзларида нафрат йўқ эди, худди “сенда айб йўқ, ўзингни қийнама, бу Оллоҳнинг синови”, дегандай мулойим боқди. Бу қараш хотирасига муҳрланиб қолган. Лекин ўзини ҳануз кечира олмайди. Дийдор Қиёматга қолган экан, ўша учрашув палласини қўрқув билан кутади…
Дунёга муккасидан кетган киши ўлимни эсламас экан. Эслаган тақдирда ҳам бойлиги қолиб кетаётганига афсус қилиб, бунга ўлим сабабчи бўляпти, деган бемаъни хаёл билан жон берар экан. Мамасоли шундайлар сафида бўлмагани учун шукурлар қилади. Ўзини тавба йўлига кирганлар сафида кўриб, ўлимни унутмайди. Шунданмикин, қалби қўрқинчу истиғфорга, айни дамда, вужуди хушуъ ва ҳузуъга лиммо-лим тўлади. Тўғри, баъзан ўлим қўққис келиб, тавбалари охирига етмай, охират озуғининг ғамланмай қолишидан чўчийди. Лекин тавба йўлидаги одамлар қаторида бўлгани сабабли ўлимдан қочмайди. Балки ўзининг қусур ва нуқсонлари сабаб Оллоҳнинг дийдорига етиш каби буюк неъматни бой бериб қўйишдан хавфсирайди. Гўё у суюклиси рози бўладиган учрашувга тайёрланиш билан машғул бўлиб, висолга кечикишдан чўчиётган кишига ўхшайди. Висолга кечикишдан қўрқиш эса висолни хоҳламаслик эмас…
Мамасоли бир он ҳаракатсиз ўтиргач, яна пичирлаганича истиғфор айта-айта ўрнидан туриб, уй этагидаги бир учи қайрилиб қўйилган жойнамоз устига борди-да, нафл намозига ният қилиб қўл боғлади. Биринчи ракатнинг зам сурасини ўқиб, рукуъга борган пайтда темир дарвозанинг эшиги тарақлаб очилиб, бир бола бор овози билан: “Мамасоли тоға! Мамасоли тоға!” деб чақирди. Унга жавобан кампирнинг “Бунча бақирмасанг, тоғангда гапинг борми?” дегани эшитилди. “Пўлатжон тоға қаттиқ оғриб қолибдилар, баннисага олиб кетишибди, шуни айтиб қўйишга келдим”.
Саждага бош қўйган Мамасоли буни эшитиб қаддини кўтарди-да, намози чала бўлса-да, салом бериб ўрнидан тургач, кулранг чакмонини шоша-пиша кийиб ташқарига шошилди. Айтиши керак хабарини айтган шошқалоқ бола унинг чиқишини кутмай, кетиб бўлган эди. Кўчага чиққан Мамасоли у ёқ, бу ёққа қараб турди-да, кейин ошнасининг уйи томон юрди. Пўлатнинг эшиги ташқаридан қулфланмаган, ичкаридан танбаланмаган эди. Уй соҳиби унинг етмиш йиллик дўсти бўлса-да, ҳовлига индамай кириб боришдан ўзини тиярди. Хавотирга тушган юраги безовта бўлаётганига қарамай, бу сафар ҳам одатига хилоф қилмади – эшикни қия очиб “Пўлатжон, ҳов Пўлатжон!” деб чақирди. Бир неча нафас кутди, жавоб бўлмагач, эшикни тақиллатди. Яна сабр қилди. Бирон дақиқа ўтгач, жавоб бу ҳовлидан эмас, қўшни томондан бўлди. Қўшни аёл шошқалоқ хабарчи боланинг гапини тасдиқлади, холос, қандай воқеа юз берганини батафсил тушунтира олмади.
Бу қишлоқ туманнинг чекка ҳудудида жойлашгани сабабли, яна тўрт катта қишлоққа хизмат қилувчи шифохона қурилган эди. Аввалига “касали оғирроқ бўлса туман марказига олиб кетишдимикин”, деб хаёл қилди. Кейин “яқин жой турганда касални толиқтириб узоққа олиб боришармиди”, деган тўхтамга келиб, қадамини тезлатди. “Бирон йўловчи машина келиб қолармикин”, деган умидда дамо-дам ортига қараб кетаверди.
Мамасоли умиди ушалмай, шифохона томон шошиб бораётган пайтда унинг уч дўсти манзилга етиб бўлишган эди. Воқеадан илгарироқ хабардор бўлган Мирҳосил қўшни кўчада яшовчи Турғун билан Обидни чақиргач, тракторчи жиянини ишга солган, тракторнинг тиркашаравасида уч ошна шифохонага тезда етиб келишган эди. Турғуннинг “Уччаламиз бостириб кириб ваҳима қилмайлик, Боз кириб секи-ин разведка қилиб чиқсин”, деган таклифи маъқул келиб, шифохона биқинидаги чойхонада ажрашдилар. Улфатлар орасида исми айтилмай, хотин олиб, хотин қўявергани учун “Боз” лақаби билан шарафланган Обид гапни кўпайтирмай, шифохона томон шошилди. Ичкарига кириб суриштираман, деган чоғида реанимация хонасидан отилиб чиққан ҳамшира шу одамга урилиб кетган эди.
Чойхона сари бораётган икки ошнанинг тик қаддига, дадил юришига қараганда “қария” деб атамоқ инсофсизлик бўлар. Айниқса, Мирҳосилнинг кенг елкалари, жарангдор овози, бургутникидек нигоҳи қариликни ҳали-бери яқинига келтирмайдигандай эди. Қирра бурнининг икки ёнида болаликдан хотира – иккитадан чечак изини астойдил тикилиб қарагандагина кўриш мумкин бўлса-да, ошналари орасида “Чўтир” деган лақабни ортмоқлаб юради. Аслида, бу лақаб бобосидан мерос қолган. Чечак изи бўлмаганида ҳам шу лақабга кўнишдан ўзга чораси йўқ эди. Чунки бу атрофда яшайдиганларнинг барчасида лақаб бор. Бирон одам ҳақида сўз кетиб, “шунинг ақли йўқ”, деса ҳеч ким ажабланмайди, лекин “лақаби йўқ”, деса ҳайрон бўлишади. Дарров ота-боболарининг тарихи титкилана бошланади ва қайси бир бўғинда тўхтаб қолган лақаб топилиб, меросхўрга берилади. Мирҳосилга нисбатан бўйи пастроқ, гавдаси тўлароқ Турғунга “Буқоқ” деган лақаб шу тарзда инъом этилган. Айтишларича, қайси бир бобосининг буқоғи узун соқолининг ортидан ҳам кўриниб турар экан. Турғунга бу лақаб малол келмади. Ҳар ҳолда, қишлоқда “Хўкиз”, “Туя”, “Макиён” деган лақаблар бор, шуларга рўпара қилмаганлари учун ҳам лом-мим демаган, ҳозир ҳам индамайди. Аслида, лақаб қўйишдан мақсад, кимнидир хорлаш эмас, балки улфатлар учрашганда аския пайровига бир баҳона. Агар лақаб кишининг жисмоний камчилигини масхаралаш мақсадида тўқилганида Турғунга “Буқоқ” дейилмас эди. Урушдан кейин аввал панжасида, сўнг бўйнида пайдо бўлган оқ доғларга ишора қилинарди. Бу ҳолда лақаб ҳазил доирасидан чиқиб, ҳақорат даражасига кўтарилиб қолардики, атроф қишлоқларда бунга сира йўл қўйилмайди. Агар оқ доғларга ишора қилинса, Турғуннинг ўзигина эмас, ошналари ҳам мушт билан жавоб беришдан қайтмаган бўлишарди.
Мирҳосил Турғунни чойхона ҳовлисига бошлаб киргач, барглари олтиндай сарғайган мажнунтол остидаги сўрига омонат ўтириб, “Кела қол, Боз чиққунча сал нафасни ростлаб турайлик”, деди. Сўрига тўшалган эски шолчанинг титилиб кетганига парво қилмай, омонат ўтирдилар. Қишлоқлардаги чойхоналарда ҳеч ким сўрига гилам тўшашни талаб қилмайди. Эски палос, ёғи чиқиб кетган кўрпачаларда ўтириш ҳеч кимга малол келмайди.
– Булар ҳали ҳам курашиб ётишган экан, – деди Мирҳосил чойхона айвони пештоқидаги шиорга имо қилиб. Турғун шиордаги “1995 йил мўл ҳосили учун курашайлик!” деган сўзларни ўқиб, мийиғида кулганича:
– Булар отасининг белида ҳам курашган, онасининг қорнида ҳам курашган. Курашга сира тўйишмайди, – деб минғирлаб қўйди.
– Чой-пой чақирайми?
– Чойинг нимаси? Боз чиқсин, шунга қараб бир нима қилармиз.
Ичкарида ювилган пиёлаларни ҳафсала билан артаётган чойхоначи кутилмаган меҳмонларни кўриб, ғашланди. Аввалига “у ёқ-бу ёққа қараб чиқиб кетишар” деган умидда қараб турди. Эшонгузарлик Жасур қиморбоз бу кунни банд қилиб қўйган, “ҳатто пашша ҳам учиб кирмасин”, деб тайинлаган эди. Икки қариянинг кириб, бемалол ўтириб олиши уни пича гангитди. Кейин “чой ичгилари келса, хизматларини тезроқ қилай, тезроқ кета қолишсин”, деган ўйда ташқарига чиқиб, улар томон илдам юрди.
– Келсинлар, тақсирларим, келсинлар, – деб ярим таъзим билан яқинлашиб, қироат билан салом берди.
– Нега “тақсир”лаб қолдинг, мачитнинг имомига ўхшаймизми? – деди Мирҳосил алик олиб.
– Устоз шунақа ўргатганлар. “Чойхонангга кириб келган отахонларнинг мартабаси улуғ бўлади, уларга фақат “тақсир” деб мурожаат қил”, деганлар. Тақсир, ичкарига марҳамат қиладиларми ё бошқа сўрига жой тўшайинми? – деди у қариялар билан қўшқўллаб кўришгач.
– Ичкаринг нимаси, бизларни димлаб барака топмоқчимисан? – деди Мирҳосил норози оҳангда.
– Ҳа, энди, куз ҳавоси-да, – деди чойхоначи.
– Нима бало бўлди, самоворхонангнинг ранги ўчиб кетибди?
– Гапларига тушунмадим, тақсирим?
Турғун дўстининг гапини изоҳлади:
– Самоворхонангда одам йўқ, барака қочдими, деяпти тоғанг.
– Бу ёқдан қишнинг нафаси келиб турибди, сезон ўлди-да, тақсир…
Чойхоначининг бу гапи қарияларга малол келди. Турғун қошларини чимирди, Мирҳосил эса бобиллаб берди:
– Энанг музхонада туққанми сени, гапингнинг совуқлигини қара!
– Ия, қандай совуқ гап қилдим, тақсир? – деб ажабланди чойхоначи.
– “Сезон ўлди” деганинг иссиқ гапми? Бу томон касалхона бўлса, қанча одам “Ҳақ!” деб ўлолмай ётган жойда ўлимни эслаб нима қиласан? “Ошхўрликнинг мавсуми ўтди” деб қўёвурмайсанми?
– Энди бизлар бир оми одам-да, гап билмаймиз.
Чойхоначи шундай деб изига қайтди-да, бироздан сўнг тоза шолча билан кўрпача олиб чиқиб ён томондаги сўрига тўшади.
– Бу ёққа ўтсинлар, тақсирларим, ҳозир чой дамлайман, – деб яна ичкарига кириб кетди.
Икки қария эринибгина ўрнидан туриб бу сўрига яқинлашди. Мирҳосил калишини ечгач, тепага чиқиб, чордана қуриб олди. Турғуннинг сўри четида оёқларини осилтириб ўтиришига қараб туриб, Мирҳосил шумлик билан тегишди:
– Ҳа, белдан олдими, туққан хотинга ўхшаб қолибсан?
– Сен, Чўтир, гапингга озгина туз сепвор. Самоварчига ақл ўргатасан-у, ўзинг нима деб валақлаётганингни билмайсан. Белоғриқнинг туққан хотинга нима дахли бор?
– Сирканг сув кўтармайдиган бўлиб қолибди, сен Буқоқнинг. Адойи тамом бўлибсан. Ўтиришингни қара.
– Сен ҳадеб бировларга қарайвермасдан ўзингга ҳам бир-икки кўз ташлаб қўйгин. Энди сену мен олма билан ўрик бўлармидик. Самоварчига ўхшатиб айтадиган бўлсам, бизди сезон ҳам ўляпти, ошнам.
– Гапларингни оловга қўйиб, сал иситиб олсанг бўлармиди, а? Бунақа совуқ гапларни қайси халадийнадан оласан?
– Совуқми, иссиқми… умрдан барака кетиб бўлди, – Турғун шундай деб эгилди-да, ердан сарғайган баргни олиб, дўстига узатди: – Ма, ушла.
Мирҳосил беихтиёр қўл узатиб, баргни олди, кейин ажабланганича сўради:
– Нима қиламан?
– Олгин-да, узилиб тушган жойига қайтариб қўй, – деди Турғун маънодор оҳангда.
– Вей, эсларинг жойидами?!
Мирҳосил шундай деб баргни силтаб ташлади. Турғун эса бошини эгганича, худди ўзига ўзи гапираётгандай деди:
– Ҳа… қўёлмайсан… Ҳеч ким қўёлмайди. Бу барг эмас, УМР! Узилдими… Тамом…
Турғун шундай деб хўрсинди. Унинг бу ҳазин кайфияти дўстига ёқмади. Ўтирган жойида бир қимирлаб олиб, жеркиб берди:
– Менга қара, Худо хайрингни берсин, донолик қилмагин шу топда. Юракларни сиқмагин.
Турғун унинг танбеҳига парво ҳам қилмади. Қўлидаги баргдан кўз узмаган ҳолда аввалги ҳазинликда давом этди:
– Сен буни хазон деб ўйлаяпсанми? Бир сен эмас, ҳамма шундай ўйлайди. Лекин бу шунчаки хазон эмас… балки… ўлим даракчисидир? Ўлим кимни олиб кетади? Ичкарида жон талвасасида ётган одамними ё… балки сенидир?
– Ҳой, буқоқларнинг совуғи дейман, бас қил дейман, донолик қилавурма. Ўладиган бўлсанг ўзинг ўлавур. Ҳар ҳолда, мендан беш ойлик каттароқсан. Мен ҳали бери кетадиган аҳмоқ эмасман. Уқдингми?
– Хўп… Гапинг рост, мен адашибман. Худо билади, балки хабар менга келгандир?.. – Турғун шундай деб ошнасининг тутай бошлаган ғазаб ўтини ўчиргандай бўлди.
Чойхоначи гуллари ўчиб кетган қора патнисда чойнак, новвот олиб чиқиб, хонтахтага қўйгач, чойни қайтарди. Дўстига гапириб барака тополмаслигига фаҳми етган Мирҳосил заҳрини чойхоначига сочиш баробарида бир ўқ билан икки қуённи урмоқни маъқул кўрди:
– Ҳой, ўғил бола, новвотингга қаҳат келганми? Бунча кам олиб чиқдинг? Бунинг тишимнинг кавагида йўқ бўлиб кетади-ку? Манави тоғанг нимани шимади? Юрганда оёқларининг қалтирашини кўрсанг-чи?
“Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” йўриғида айтилган бу пичинг сўзлар довулини Турғун худди ўзидай кўринишда дўстига қарата сочди:
– Самоварчи ука, тоғанг яқингинада сенга нима деди? “Музхонада туғилганмисан?” дедими? Ўзидан сўра-чи, энаси қаерда туққан экан. Ўзи айтмаса, менгина айтайми? Бу тоғанг шимолий муз океанининг нақ киндигида туғилган. Ишонмасанг, башарасига қарагин-а, онаси чўтир қилиб туғмаган, туғилганида бип-бинойи бўлган. Аммо туғилгани заҳоти афтини моржлар тимдалаб-тимдалаб ташлашган.
Чойхоначига бу гап таъсир қилиб, хахолаб кулиб юборди. Мирҳосил худди ўрнидан туриб ошнасига чанг солмоқчи бўлгандай, жойида бир қимирлаб олди. Чанг солишга қасд қилгани рост, лекин тирноқлари билан эмас, тили билан чанг солмаса хумори босилмас даражага етган эди. Икки ошна эсларини таниганларидан бери бирга, ҳатто урушда ҳам битта бўлинмада хизмат қилиб эт билан тирноқдай ажралмас бўлиб кетишган. Шунга қарамай, “гап келганда отангни аяма”, деган насиҳатни иккови ҳам байроқ қилиб олгани сабабли Турғун гап отганида Мирҳосилнинг жимгина кетганини ҳали бу атрофда биров кўрган эмас. Ҳозир ҳам шундай вазият юзага келди. Бу ерга нима учун келганларини унутишди. Мирҳосил ошнасининг гапига жавобан аввалига асабий тарзда томоқ қиргач, чойхоначи кулгидан шарт тўхтади.
– Гапнинг иссиғини шу тоғангдан оловрасан, – Мирҳосил маънодор оҳангда гап бошлаб, қошларини учириб, буқоқ кўринмаса ҳам, Турғуннинг томоғига ишора қилди. – Кўряпсанми, хумдони ўзи билан-да бунинг.
– Эсимга тушди, тақсир, қойилман, – деди чойхоначи кулиб.
– Нима тушди?
– Бизлар бола эканимизда тўйларда юрардинглар лапар айтишиб, аскиялар айтишиб. Кўпини ёдлаб олган эдим. Сиз бошлардингиз: “Охират бозорига юк боғлаган карвон буқоқ, олти минг ғиштни пиширган бетутун хумдон буқоқ…” деганингизда оламни қийқириқ босиб кетарди.
– Ҳа, ҳа, шундай бўлган, – деди Мирҳосил кибр билан яйраб. – Эсингдан айланай сенинг.
Ғашланиш навбати энди Турғунга ўтди. Тиззасига ўнг кафти билан шарт уриб, чойхоначига бургут қараш қилди:
– Мен-чи? Мен мум тишлаб ўтирармидим?
Чойхоначи икки ўт орасига тушиб қолганини англаб, салгина довдиради-ю, кейин ўзини қўлга олиб, қувноқ оҳангда давом этди:
– Оҳ-оҳ, тақсирим, сиз ҳам жуда-а олардингиз-да! Сира қўймасдингиз, ушлаган жойингизни узибла олардингиз: “Ариларнинг уясини “бет бу”, деб алдар чўтир, худди чекичлаб чекилган патир, деб жаврар чўтир”, деганингиз ҳали ҳам эсимда.
– Ҳе, эсинг қурсин сенинг! Қани, менинг жавобимни айт-чи? – деди Мирҳосил унинг гапини шарт узиб.
– Тақсирим, мен эси паст одамга ўхшаяпманми? Жавобингизни айтайми? “Елкасига хуржун осган, хуржунида ошқовоқ, ҳар бири чорак етилган миришкор деҳқон буқоқ…” Шунақа ажойиб тўйлар бўларди-да. Тонготар жилмай ўтирардик.
Икки ошнанинг ўртасида узоқроқ қолса бирон бир балога йўлиқиши мумкинлигини англаган чойхоначи хотирасини якунлаб, кетмоқчи бўлиб ўгирилган эди, Турғуннинг: “Тўхта, гапни чала сўйиб ташлаб кетма. Охирига етказиб қўй энди”, деган амри янграб, тўхтади.
– Ағи эсимда йўқ, тақсир.
Шу айёрлиги билан қутулиб кетмоқчи эди, Турғун “Айтасан!” деб бўш келмади.
– Қўй, болани қийнама, эси пастлиги кўриниб турибди-ку? – деди Мирҳосил муғомбирлик билан. – Отам замонидаги гапларни қаёқданам ёдида тутади. Дурдона гаплар мияда қолади, шалай-балай гаплар ўчибла кетади.
– Сен тек тур-чи, – деди Турғун дўстини жеркиб, кейин чойхоначига тикилди: – Эсингда йўқми? Қани, ўйлаб кўр-чи? Мен бошлаб берайми: “Бу кеча қайларда қолдинг, бетларинг итнинг изи…” Хўш?
Чойхоначи Мирҳосилга хавотир билан бир қараб олиб, Турғунга очиқ чеҳра билан юзланди-да, давом этди: “Панжарагулчин юзингдан айладингми, ор чўтир?”
Бу жавобдан қувонган Турғун “Оҳ-оҳ!” деганича иккала кафти билан тиззасига шапатилади:
– Гапнинг хўрози шунақа бўлади. Эсинг баракали экан, сен боланинг.
Чойхоначига бу мақтов маъқул келиб ийиб кетди:
– Яна бир ашулангиз бўларди: “Тоғда қуён отибман ияги йўқ, жонон кўйлак кийибди, жияги йўқ…”
– Ҳой, “эсли бола”, бўлди қил. Жа-а мияларни ачитибла ташладинг. Бор, новвотингдан олиб чиқ. Белангги тоғангга қувват бўлсин.
– Шошираверма, айтадиганини айтиб олсин.
– Эшитгинг келаётган бўлса, уйингда би-ир паловхонтўрани дамлаб чақирасан. Эртаматанга довур ликобча чертиб ашула қилиб беради, сен буқоғингни селкиллатиб ўйинга тушиб берасан. Хўп базми жамшид қилишасанлар.
Турғун жавобга ҳозирланди-ю, кўзи Обидга тушиб, гапи оғзида қолди. Сўрига яқинлашаётган ошнасининг шашти пастлигини сезган Мирҳосил ўрнидан туриб кетди. Турғун жойидан жилгунича, у пастга тушиб, Обидга пешвоз чиқди:
– Ҳа, шу ерда эканми?
Обид чойхоначининг саломига руҳсиз равишда бош ирғаб алик олгач, дўстига тикилиб қолди. Унинг бу аҳволидан хавотирланган Турғун Мирҳосил билан кўз уриштириб олгач, уни саволга тутди:
– Шу ерда эканми, кириб чиқоврамизми?
Обид жавоб бермай, сўрига келиб, омонат ўтирди. Бу аҳволдан ғашланган Мирҳосил уни елкасидан ушлади:
– Боз… Обид, Обид дейман, нега машқинг паст?
– Касали… оғирроқ эканми?
– Касалими?.. – Обид хўрсинди-ю, бошини эгган ҳолда паст овозда жавоб берди: – Бу оғайнимизни ҳам Худо бизга кўп кўрди. Пўлатдан… ажраб қолибмиз.
Кутилмаган шумхабарни эшитиб Турғун бироз карахт ҳолига тушди, сўнг юзига фотиҳа тортди. Мирҳосил эса ишонқирамай, Обиднинг иккала елкасини чангаллаб олиб уни бир-икки силтади:
– Ким айтди сенга? Ўзинг кўрдингми? Ўз кўзинг билан кўрдингми? – Обид бош чайқаб “йўқ” ишорасини қилгач, уни яна силтади: – Сен, ношуд бола, фамилиясини тўғри айтдингми? “Тоҳиров” дедингми ё “Тоиров” дедингми? Сен, пайтавафаҳм ҳамиша адаштириб юрасан.
– Тақсирим адашганга ўхшайдилар, – деди чойхоначи вазиятни юмшатиш мақсадида. – Бугун бу касалхонада ҳеч ким ўлмади. Ўлса биз ҳам эшитардик.
Аламини кимдан олишни билмаётган Обид бу гапни эшитиб унга бақириб берди:
– Сен кимсан ўзинг? Главврачмисан ё самоварчимисан? Бор, ишингни қиловур сен!
Гапга ножўя аралашганини фаҳмлаган чойхоначи бошини эгганича ўгирилди.
– Бу болага сапчима. Тўғри гапиряпти, – деди Мирҳосил Обидни қўйиб юбориб. – Главврачингдан олдин хабар шу самоворхонага чиқади. Сен хомсан, бола. Ҳамма ишларинг хом. Ўйлаб кўр-чи, Берлинга довур ўт кечиб борган одам индамайгина ўлиб кетоврадими? Э, йўқ. Сенга ишонган мен – аҳмоқ! Ўзим кириб чиқаман. Қайси жойда экан?
– Ўликларни тирилтирадиган бўлимда экан, – деди Обид тўнғиллаб.
– А? Нима дединг?
– Нега анграясан? Эшигига шундай деб ёзиб қўйибди. Ишонмасанг, бор ўзинг қара.
– Гапингнинг тузи йўқ: ўликларни тирилтирадиган бўлимда одам ўларканми? – деди Турғун ошнасининг елкасига енгил туртиб. Ҳозиргина гапга аралашгани учун пушаймон бўлган чойхоначи изоҳ беришдан ўзини тия олмади:
– Тақсирим “реанимация” бўлимини айтяптилар, шекилли. Ҳозир шунақа ёзадиган бўлишган. – Шундай деб Обидга қаради-да киноя билан қўшимча қилди: – Главврач бўлмасам ҳам, шунақа гапларни сал-пал биламан.
Чойхоначи яна ортиқча гапириб юбориб, исканжага тушиб қолмаслик учун тез-тез юриб кетди. Мирҳосил шифохона томон бурилган эди, Турғун унинг йўлини тўсди:
– Тўхта, сен борма. То топгунингча ўликнинг тили қотади. Боз, бор, ўзинг кириб чиқ. Ўлик бўлса ҳам, тирик бўлса ҳам ўз кўзинг билан кўриб чиқ.
– Ҳаммамиз бирга кироврамиз унда, – деди Мирҳосил ўжарлик билан.
– Ҳовлиқма. Ичкарида пода бўлиб юрмайлик.
Обид бироз ҳаракатсиз равишда ўтирди-да, кейин оғриниб ўрнидан турди. Ошналарига норози нигоҳини бир-бир қадагач, изига қайтди.
– Гапингнинг совуқлигини қара: тили қотиб қолармиш! – деди Мирҳосил алам нишини Турғунга санчиб.
– Гапимга осилаверма, мен “ўлган бўлса”, дедим.
– Нега ўлади? Сендан сўраяпман: нега ўлади? Кеча туппа-тузук ўтирган одам-а?
– Ҳа, энди иссиқ жон-да. Пов этади – чиқади, кетади. Сен билан маслаҳатлашиб ўтирармиди?
– Агар Пўлат ҳам ўладиган бўлса, дунёйингга қойил қолмайман, ошна. Ўтишга-ку, ҳаммамиз ҳам бирин-сирин ўтамиз-а, ома икки ойнинг ичида улфатдан икки кишини кетма-кет олиб кетиши инсофданмас. Агар жон оладиганларда ҳам план бўлса, ана, дунё деганингда хунасаи даргоҳлар тиқилиб ётибди, олсин битта-битта тери-иб.
– Гапларингга туз сепиб гапиргин. Биз киммиз? Биз бир соллотмиз, биздан сўраб ўтирармиди? Кетдик, деса бўлди, бир парча сурпга ўраламизу ёғоч отга миниб “чу!” деймиз, вассалом. Бир зумда Мункар билан Накирнинг саволларига рўпара бўламиз-да, ошнам.
– Ўзинг рўпара бўлавур. Мен бориб қолсам, ома уларингдан олдин ўзимла савол бериб ташлайман: дунёга нима учун ёмонларни қалаштириб ташладиларинг, дейман. Аввал дунёни ёмонлардан тозаламайсанларми, яхшилар тўрт-беш кун яйраб яшаб олмайдиларми, дейман. Одам ўлиб бўлганидан кейин сиқувга олишларинг нимаси, тириклигида суд қил, ёмон бўлса жонини олавур, яхши бўлса умрига қўшиб бер. Сотволдининг нима ёмонлиги бор эди? Ўзини-ку, эна-отаси тилаб-тилаб олган эди. Ўзи ўн беш йил тиланиб биттагина ўғил кўрдими?
– Қўй, энди ошна, гап деб ҳар нарсани гапиравурма. Худонинг иродаси-да. Тақдири шу экан.
– Сен тақдир дейсан, ирода дейсан. Мен ҳам тақдир дейман. Худога қарши чиқмайман. Ома шу тақдир деганига тушунмайман-да. Хўп, Худо беришга берди. Ўзига шукур. Бунақа қайтариб олишига сира-сира тушунмайман.
– “Отамлатсанг отамлатгин – бўтамлатмагин”, деганлари шу-да. Бу ҳам Худонинг бир имтиҳони экан.
Турғуннинг бу гапи овунтира олмади. Унинг юраги хотира туманига танҳо ҳолида шўнғиб, ғавғони бошлаган эди. Агар юрак китоб каби бўлсайди, униг саҳифаларидан кўп-кўп титроқ сатрларни ўқиш мумкин эди… Ҳаёт оқими мангу: унинг ўйинлари ғоят ажабтовур, баъзан эса бешафқат: висоллар ва айрилиқлар, қувонч-кулгу ва қайғу бир-биридан нафратланмай, қўшилиб, сел каби бостириб келаверади, суриб келаверади… келаверади…
– Ичим ёниб кетяпти, Турғун. Ўлганимда ичимни ёриб кўрсанг, тамоман кўмирга айланиб кетгандирман. Ҳамма яқинларимнинг ўлганлари бир бўлди-ю, Сотволдининг кетворгани бир бўлди. Хўп, шунинг жони керак экан, урушда ола қолмайсанми? Шунча куйдирасанми бечорани. Ўғлининг жони керак экан, нима қилардинг шу болани унга бериб? Тирноққа зор бўлиб ўтавермайдими? Яна иккита набира бергани нима эди? Афғонга олиб бориб жонини олиш учун берибмиди? Ўликларини темир тобутларга солиш учун берибмиди? Ҳаммаларини ўз қўли билан қўйди-я! Ҳеч бўлмаса, хотини туриб турса бўлмасмиди? Сотволдимизни, ҳеч бўлмаса, икки-уч кун ётқизиб, биз билан хайр-хўшлашгандан кейин жони олинса бўлмасмиди? Уйқусида ҳам оладими жонни?
– Сен билан мен билиб ўтирибмизми, балки бу Худонинг синовидир?
– Ол-а! Синайдиган бўлса, фақат Сотволдини синайдими? Барибир, қойил эмасман.
Ҳаво очиқ, беғубор, осмон табассум қилар, аммо буларнинг кўнгилларини қора булут қоплаб олган эди. Чойхоначи шумшайиб ўтирган икки қарияга далда бериш мақсадида ҳовлига чиқиб, сўрига яқинлашди-да, чойнакни ушлаб кўриб, уларга савол назари билан қаради:
– Ие, совубди-ку? Янгилайинми?
– Керакмас, ҳозир кўнгилга чой ҳам сиғмай қолди, – деди Мирҳосил қўл силтаб.
– Кўнгилни кенг қиловринг, тақсир. Бир ашулаларинг бўларди…
– Вей, ашула-пашулангни йиғиштир, бор, самоварингга қара.
Чойхоначи уларга яқинлашганига пушаймон еб, ўгирилди:
– Самоваримга гап йўқ. Худди ўзларига ўхшаб қайнаб турибди…
Мирҳосил минғирлаб айтилган гапни яхши англамай, ошнасига қаради:
– Бир нима дедими? Димоғига қурт тушадиган сортидан эканми, а?
– Ке, қўй, ўзича бир нима деб минғирлади.
– Турғун, берироқ кел, сенга бир гапни айтиб қўяй: қўққис мен ҳам уйқумда жўнаворсам, сен билиб ол, мени Сотволдининг ёнига қўйдирасан. Мен унга кўп оғир ҳазиллар қилганман. Бечора кулиб тураверарди. Энди ўзим армондаман.
– Гапинг тўғри. Баъзан қуюшқондан чиқиб кетардинг. Бир марта аскиянинг орасида эркаклигига писанда қилувдинг. Ёмон бўлганди ўшанда. Болага тиланиб-тиланиб юрган вақтлари эди. Бошини эгибла қолганиди. Бошқа одам бўлганида каллангни шартта узибла ташлаган бўларди. У бечора индамаган.
– Эсимда… Шунинг учун ҳам ўғил кўрганида суюнчига гилам берганман-ку?
– Гап билан жонини суғуриб олган эдинг, дилнинг ярасига гиламинг малҳам бўлармиди?
– Армоним ҳам шу-да. Уч-тўрт кун касал бўлиб ётганида ҳам розилик сўраб қолардим. Турғун, Сотволди билан ошначилигимиз қаттиқ эди, рози бўлиб кетгандир, а?
– Буни Худо билади.
– Энди армон ейди мени. Манов ерим куядиган бўлиб қолди, – Мирҳосил шундай деб кўкрагига енгил муштлади. – Агар ёнига қўйдирмасанг, у ёқда ҳам тинчимайман, ошна.
Уч-тўрт дақиқа олдин бир-бирини киноя найзаларига илиб отаётган икки ошна энди армон кемасида дардкаш бўлиб ўтирганида ҳамширанинг билагидан ушлаб келаётган Обид кўринди. Йиғламсираётган ҳамшира худди боғча қизалоғидай унга тобелик билан бўйсуниб келарди. Обид сўрига яқинлашиб тўхтагач, қизни олдинга ўтказиб, қарияларга рўпара қилди:
– Қани, ўзинг айт буларга. Мир Мирович, кўнглинг тўғри сезибди. Қара-я, Пўлат ўлмаган экан, тирик экан!
– Ҳа, шунақа! Биттанг ўлди, дединг. Яна биттанг тили қотмасин, дединг, ҳе пайтавафаҳмлар! Нима, қизча адашибдими?
– Адашса ҳам гўрга эди. Айт ўзинг энди!
Қариялар орасига тушиб довдираб қолган ҳамшира баралла йиғлаб юбормаслик учун пастки лабини тишлаб, мўлтиллаганича тураверди. Кейин кимдандир нажот истаб атрофга аланглаб олди. Шошилиб келаётган докторни кўриб, кўзларида умид учқунлари чарақлади. Сўрига яқинлашган доктор қарияларга салом бериб кўришгач, Обидга юзланди:
– Тоға, қўйинг, қийнаманг қизимизни. У адашмаган. Беморнинг юраги чиндан ҳам тўхтаган эди.
– Нега тўхтайди, сен ўзинг кимсан? – деди Турғун унга қовоқ уюб қараб.
– Мен даволовчи врачман. Тоҳировнинг юраклари…
– Сен бола гапни чайнама, айт: ошнам тирикми? – деди Мирҳосил унинг гапини узиб.
– Худога шукур, тириклар.
Бу гап жонларига ҳаловат берди. Кўнгиллари эшигидан мўъжиза мўралаб, табассум қилди, дилларини шод-масъуд этди.
– Ҳа, бу гапинг эркакчасига бўлди. Пўлат ўладиган боламас-да, ўзи, – деди Мирҳосил. – Кеча оқшом биллалашиб чой ичганмиз. Ўладиган бўлса ҳам менга айтиб кетарди. Биз у билан биласанми, Берлинга довур билла борганмиз.
Дўстининг ҳаётлигидан кўнгли хотиржам бўлган Обид ҳазилнинг ўрни келганидан фойдаланди:
– Немиска хотинлар билан тоза улфатчилик қилишган бу тоғаларинг, – деди Обид.
– Ҳой! – Турғун “тилингни тий” деган маънода ҳамширани имлаб кўрсатди: – Уят-а…
– Бир ҳазил келиб қолди-да, ҳазил бу.
– Ҳазилинг қурсин сенинг. Қўйвор қизимни, юрагини чиқариб юборай дебсан-ку? –Мирҳосил ошнасига қуруқ пўписа қилиб, кейин ҳамширага қаради: – Қизим, сен бунақа совуқ гаплардан эҳтиёт бўлгин, хўпми? Яхши гап бўлса, дарров суюнчи ол. Ёмонини ичингга ютовур. Сиқилиб кетсанг ҳам ютовур.
Обиднинг қўлидан бўшаган қиз “хўп бўлади” дегандай бош ирғаб қўйиб, тез-тез юрганича булардан узоқлашди. Ичкаридан чиқиб келган чойхоначи унинг изидан қараб турди-да, сўнг докторга яқинлашиб, сўрашди:
– Дўхтиржон, иш тугадими дейман?
– Ҳа, энди борайлик.
Бу гапни эшитиб ошналар бир-бирларига савол назари билан қараб олишди.
– Қаёққа борасан? – деб сўради Мирҳосил ажабланиб.
– Уйга-да. Иш вақтимиз тугади.
– Дўхтирмисан ўзинг? Менинг ошнам сенинг касалингми? – деди Мирҳосил унга норози нигоҳини қадаб.
– Ҳа.
– Бутунлай тузалдими?
– Йўқ ҳали.
Доктор бу саволлардан мақсад нима эканини англамай, жим турган икки қарияга қараб олди. Мирҳосил эса саволлар ҳужумини давом эттирди:
– Тузалмаган бўлса, уни ташлаб қаёққа борасан?
– Қарайдиган навбатчи врач бор.
– Э, йўқ, дўхтирвой, сен тудавой-судавой гапларингни йиғиштир, навбатчи-павбатчи деганингни мен билмайман. Қани, дарров изингга қайт-чи! Ошнам тузалмагунича бир қадам нари-бери силжимайсан. Менам силжимайман, буларам силжишмайди. Ошнамни тузатиб берасан, кейин биллалашиб кетамиз.
Бу талаб докторга ғалати туюлиб, “ошналарингизни инсофга чақириб қўйсангиз-чи”, деган маънода нажот кўзи билан қаради. Турғунга ҳам, Обидга ҳам дўстларининг талаби маъқул келаётган эди. Булардан ёрдам кутишдан умидини узган доктор ўзини ҳимоя қилишга ўтди:
– Тоға, нима деяпсиз, бир кунда бўладиган иш эмас бу.
– Бир кун бўлмаса, икки кундир. Урушда қуршовга тушиб қолганимда тўққиз кун бағримни қорга бериб кутганман. Билиб қўй бола, керак бўлса бир йил ўтирамиз. Бизнинг бошқа қиладиган ишимиз йўқ. Пўлатнинг кимлигини биласанми? Билмайсан. У бизнинг жўрабошимиз! Яхшиликча қайтовур жойингга, ҳа!
– Ука, қайтовринг, – деди Турғун мулойимлик билан. – Бунга йўқ десангиз, балоларга қоласиз. Гитлерни ҳам шунинг ёлғиз ўзи бориб инига тиқиб келган. Бунинг кимлигини билмайсиз.
– Бошқалар билмаса ҳам мен биламан, – деди доктор кулимсираб.
– Кимнинг ўғлисан? Мени қайдан биласан?
– Ўтган йили шаҳардаги шифохонада ётувдингиз-ку?
– Ётган бўлсам нима?
– Бир ҳафта даволаниб кейин ётган каравотингизни олиб кетганингиздан хабарим бор.
– Олиб кетганман. Тўғри қилганман. Ўғлим келиб “отамни касалхоналарингга ётқизаман”, деса шерикларинг “жой йўқ” дейишдими? Кейин ўғлим пул бериб жойлаштирдими мени? Пул бергани шу жойни сотиб олгани бўладими? Билмасанг, билиб ол! Мен сотиб олган нарсани ташлаб кетадиган аҳмақ эмасман. Турғун, эсингдами, ўша ерда бир ҳафта ётибман-а! Ҳали унақа касал топишади, ҳали бунақасини топишади. Э, ўликда ҳам бунақа кўп касал бўлмайди. Ўғлимга: “жувоб тегди, мошин олиб кел”, дедим. Каравотни орттирдиму жўнавордим. Ома булар орқамдан йиғлаб боришди. Каравотлари испискада тураркан.
– Ҳа, бу ҳазилингиз анча гап-сўз бўлган эди.
– Ҳазил дедингми? – Мирҳосил қошларини чимириб бош чайқади. – Сенларга ҳазил бўлиб туюлдими? Балки сен чалароқ эшитгандирсан. Бир бошдан айтиб берайинми?
– Қўйсанг-чи, эски пахталарни титиб нима қиласан? Бошингдан ўтгани бу дўхтир боламизга тегишли эмас.
– Сен тек тур. Ўша ишимни ҳамма дўхтир билиб, шунга қараб тўн бичиши керак. Дўхтир болам, менга яхшилаб қара-чи, касалим борга ўхшайдими?
Доктор “Мақсадингизга тушунмадим”, дегандай елка қисиб қўйди. Мирҳосил бунга қаноат қилмади, унга “сиз соппа-соғсиз” деган аниқ гап керак эди, шу боис саволини такрорлади-да, бу сафар хоҳлаган жавобини олгач, мамнун равишда давом этди:
– Ҳа, мен ўшанда ҳам соппа-соғ эдим, ҳозир ҳам отдекман! Шу ёшга киргунимга қадар дўхтир деганига ишим тушмаган. Шу қиш икки марта аксирган эдим, катта ўғлим тушмагурнинг меҳри жўшиб: “Ота, сиз ҳам бошқаларга ўхшаб ёти-иб бир даволанинг”, деди. “Касалхонага ётмасам одам қаторидан чиқаман шекилли, болаларим яна “отасини касалхонага ётқиза олмаяпти экан”, деган маломатга қолишмасин”, деб, кўна қолувдим. “Йўлланма деган матоҳни олишдаги сарсонгарчиликни билибманми? Боз, сен биласанми, сарсонгарчилик нималигини?
– Сендан бошқа ҳамма билади. Сарсонгарчилик – чиқим қилиш дегани. Чиқимсиз мушук ҳам офтобга чиқмайдиган бўлиб қолганини билмайдиган одам уйида туршак шимиб, наъматакнинг қайнатмасини ичиб ўтиравергани дуруст-да.
– Нақ топиб айтдинг. Лекин каттам ўжар-да, ўша чиқимдан қочмай олиб келди йўлланмасини. Мен ҳам одам қаторига қўшилиб, касалхонасига ётдим. Дўхтурлар бирин-сирин кириб, ҳурматимни жойига қўйиб: “Нима касалингиз бор?” – деб сўрашди. Мен нодон “нима касалим борлигини ўзинг топмайсанми?” – деб ўтирмай, “кампиримни соғинишдан бошқа касалим йўқ”, – дебман. Шу-шу дўхтир зоти менга йўламай қўйди. Менам “Бу дўхтирларда кампирни соғиниш касалига дори йўқ экан-да?” – деб ётавердим. Кейин зийраклик билан кузатиб қарасам-ки, дўхтирлар кириб, қуюқ салом беришганда, мен лақмалик қилиб, қуруқ алик олган эканман. Билсам-ки, тузалишни истаган касал дўхтирнинг саломига бошқача алик олиши зарур экан. Астойдил дуо қилиш, юракдан чиқариб раҳмат айтиш ҳисобга ўтмас экан. Раҳмат деганлари чўнтакдан чиқиши шарт экан.
– Мир, қўй энди жуда-а оширвординг, укамизни ҳижолат қилма, – деди Турғун уни аста туртиб.
– Сен аралашмай тур. Мен кўрганимни айтаман. Бу дўхтир укам у ерда йўқ эди. Демак, гуноҳи ҳам йўқ. Аслида, дўхтирларга даъвоим ҳам йўқ. Уларнинг билгани билган. Агар бозорга бориб: “Мирҳосил тоғамиз менга бир тонна раҳмат айтдилар, дейишса, биров бир мисқол гўшт берармиди?” Мен анқов ҳам, зиқна ҳам эмасман. Ақлим кирганидан кейин раҳматни чўнтакдан чиқариб, айтувдим, дорининг хилма-хилини ёзиб беришди-ю, ома “бунақа дори касалхонамизда йўқ, ўғлингизга айтинг, топиб келсин”, дейишди. Барака топгурлар, касалхонанинг шундай биқинида дорихона очиб қўйишган экан, ўғлим қидириб, сарсон бўлмади.
– Айтганинг эсимда, – деди Обид. – Дорининг нархи гўрковнинг нархи билан бир хил экан. Ома дорининг эм бўлишига ишонч йўқ, гўрковники ишончлироқ, сувабла ташлайди.
– Худди шунақа! – деди Мирҳосил кўрсатгич бармоғини кўтариб. – Яна барака топишсин, илгарилари касалхонага ётган одамни йигирма тўрт кун даволашарди. Ҳозир икки ҳафтада михдай қилиб юборишяпти. Шуниси ҳам дуруст. Йигирма тўрт кун ётган одам раҳмат айтавериб, охири ўлимлигига асраб юрганини ҳам шу ерга ташлаб кетармиди… Хуллас, ортимдан катталари ҳай-ҳайлаб қолишдими… Касалхонангга ётқизишда ўғлимга: “Битта койка фалон сўм”, деган экансанлар. Ўша пулни тўлаганман. Энди шу койканг меники бўлади”, дедим. Кейин ҳисоб-китобни бошладим: “Бармоқдан қон олишга ҳамширангга шунча раҳмат пули, томирдан қон олишга мунча, думбага игна санчишига яна бунча, клизма деган палакатинг бор экан, унга ҳам шунча, ҳожатхонангга кўп тўламай деб икки кунда бир кирадиган бўлиб қолдим… яхшиям касалхонангда ўлиб бермадим, жағимни боғлашга пулим етмаса, оғзимни ланг очиб, чиқиб кетаверардим. Янаям барака топларинг, кампирларга бир қараб олиш текин экан, кўзларим роса мазза қилди”, девдим, оғзини очганича бақа бўлиб қолди ҳаммаси.
– Боплагансан. Бу дўхтирларнинг қўлига тушган соғ одам ҳам тирик чиқмайди, –деди Обид ошнасини қувватлаб. – Ўрдак балчиқни титгандай титаверишади ичингни. Ташқаридан касал топишолмаса, ичингнинг авра-астарини ағдариб ташлашади. Бурноғи йили қовуғимдан касал топишибди. Нима эмиш – қовуғимни тешиб ичак улаб қўйишармиш. Э, менга қараларинг, дедим, мен яна тўртта хотинни гуллатадиган йигитман, дедим.
Турғун қарасаки, ошналари “ўтлаб” кетадиган. Шу боис жеркиб берди:
– Бўлди, суюлмаларинг. Аччиқ ичакдек чўздиларинг, ома. Дўхтир болам, сиз буларнинг гапларига қараманг, боровринг.
Ҳимоячи топилиб, осон қутилганидан қувонган доктор кетмоқчи эди, Мирҳосил тўхтатди:
– Ҳа, қаёққа? Изингга қайт, бола! Мен битта гапирадиган сортиданман. Жойингга қайтгину, ошнамни тузатгин. Ҳа, орқа томондан уриб кетма, ҳар соатда бориб текшираман-а?
– Борақол дўхтиржон, – деди Обид “иложсизсан” деган маънода кўз қисиб қўйиб. – Гитлер ҳам бу одамнинг гапини икки қилганмас.
– Дўхтир болам, ё Тошкандан дўхтир чақиртирайликми? – деди Турғун.
– Кераги йўқ, ўзи қараб, тузатади, – деди Мирҳосил бош чайқаб. – Тошкандаги дўхтиринг ҳам шу бола ўқиган мактабда ўқиган. Боровур, дўхтир бола.
Доктор изига қайтмоқчи бўлганида Мирҳосил уни тўхтатди:
– Тўхта-чи, бола, менам сен билан бориб ошнамни бир кўриб чиқай.
Бу илтимосдан кейин доктор қатъий оҳангга ўтди:
– Мумкин эмас.
– Нимага мумкин эмас?
– Реанимация бўлимига ҳеч ким киритилмайди.
– Хўп, кирмасам кирмадим. Сен эшикни қиялаб очиб турасан. Мен секингина мўралайман. Ошнам билан кўз-кўзга тушса, тезроқ тузалади. “Меҳр – кўзда” деган гапни эшитганмисан?
– Мумкин бўлмаган ишни мендан сўраманг. Шу ерда эканингизни жўрабошингизга айтиб қўяман. Кўнгиллари кўтарилади. Ҳозир у кишини безовта қилсангиз, ўзларига қийин қилиб қўясиз.
– Мени кўрса, безовта бўлмайди.
– Ке, қўй, дўхтирга осилавермагин, – деди Турғун ўртага тушиб. – Сиз боровринг, ўғлим.
Доктор сал нари кетгач, Мирҳосил Турғунга ола қаради:
– Сен бир нарса дейишдан олдин гапингни чўққа қўйиб дам-пам едириб олгин. Ҳеч замонда деҳқон одамга Тошкандан дўхтир келарканми? Идорада ўтирадиганлардан бўлганида ҳазилакамига аксириб юборса ҳам Тошкандан ўнтаси учиб келарди. У ёқнинг дўхтирлари арига ўхшайди, фақат ширага ёпишади. Нима дединг, Боз?
– Гапнинг тўнини бичиб қўя қолдинг. Сен гапираётганингда мен кампиримни қучоқлагандай яйраб кетаман, – Обид шундай деб ўзининг гапидан ўзи яйраб кулди.
– Дўхтирлар билан шунақа авжда гаплашмасанг бўлмайди. Сотволдини ҳам шунақа қаттиқ туриб кўрсатганимизда бекорга ўлиб кетмаган бўларди. Оғзимизга пашша қўниб кетса ҳам лаллайиб ўтирадиган лапашанг бўпқопмиз.
– Энди ўзингдан кетдинг, Чўтир. Энди бу гапинг шалтоқ хотиннинг йиртиқ лозимига ўхшаб кетди, – деди Обид норози қиёфада бош чайқаб. – Сотволдига дўхтир эмас, Сотволодига хотин керак эди. Неча марта айтдим, уйлантириб қўяйин, деб. Эркакнинг хотини ўлдими, жанозасини ўқиб, кўмиб қайтаётганида йўл-йўлакай уйланиб келиши керак. Эркак бир нафас ҳам хотинсиз яшамасин.
– Сотволдини сарқитингга уйлантирмоқчимидинг? – деди Турғун уни жеркиб.
– Рисолни айтяпсанми? Нега сарқит бўларкан?
– Еттинчими саккизинчими хотин сарқит бўлмай нима бўларди?
– Саноқдан адашма, Буқоқ, Рисол бешинчиси эди. Ома “сарқит” дея кўрма! Хотинларимнинг ичида жонони шу эди. Худонинг қудратини қара-я, тишим оғриганида битта ўпса, оғриқ таққа тўхтарди. Ўпиши шунақа шифобахш эди. Кайфда уч талоқ қилиб қўйганман. Бўлмаса ,шунақа хотинни қўйиб бўларканми?
– Вей, сал пастроқ туш. Бунақа эртакларни мишиқи болаларга айтсанг, ишонишади, – деди Мирҳосил энсаси қотиб. – Сен эркак бўлиб биронта хотинингни ўзингча талоқ қилмагансан. Ҳаммаси сени ташлаб кетган. Оғзингдан чиқадиғон носнинг сассиғига ит ҳам чидамайди.
Бу гапдан малолланган Обид унга жавоб бериш ўрнига ёвқараш қилиб, белбоғидан носқовоқ чиқарди-да, намойишкорона чекди. Кейин кафтини шимига артиб, кўкрагини кериб қўйди:
– Носди эркакнинг хўр-рози чекади, гапнинг ҳам шалтағини чиқариб юбординг. Эркакнинг хўр-рози хотинга тўймайди. Сенларам юрибсанлар-да, эркакман деб!
– Кўп хотин олганингни билмаган одам сени эркак ҳам демайди, – деб пичинг қилди Мирҳосил.
– Сенинг кўзларинг ёмон, Боз, – деди Турғун ошнасини қувватлаб. – Кўчада сени кўрган кампирлар ҳуркадиган бўп қолишибди. Туновинда хаптобусда қайнсинглимга тикилиб, еб ташлай дебсан.
– Сенам гапнинг шилталарини чиқарворасан-да! Қайнсинглингнинг ёши нечада? Тўқсондан ошдими?
– Винтларинг анча бўшаб қоптими, Боз? Қайнсингил ҳеч замонда поччадан катта бўладими? Хотиним етмиш иккига кирди. Синглиси етмишга бормагандир.
– Ҳа, ана! Олтмиш тўққиз ярим бўла қолсин. Аканг қарағай олтмиш бирга кирганига ҳам кўнмайди, билиб қўй. Етмиш иккига кирган битта кампирига тикилиб ўтирадиган лапашанглар бошқа.
– Ҳа, қойилман, эркак дегани шунақа бўлса-да! Агар ҳақиқий “Боз” бўлсанг, энди ўн саккизга кирганига уйлан. Ўладиган дунёда бир яйраб ол. Ёш хотиннинг қўлида ўладиган бўлсанг ҳам мазза қилиб ўласан.
– Олса ҳам онаси ўлиб кетган қизни олсин. Сотволдига ўргатган гапи эсингдами?
– Ўргатган бўлсам, гапнинг нақ ўғил боласини ўргатганман. Аввал боши ўзи йиғлаб қолган менга. Қайнонасида грамм ақл бўлмаса нима қилсин? Ақлли қайнона қизиникига келиб беш кун ҳам ётиб оладими? Сотволди ҳали етмишдан ошмаганди ўшанда. Юбилей қилувдик-ку, эсларингдами? Хотини ҳам аҳмақ-да, онам келиб қолибди, деб онаси билан ётоврибди-да. Ақли бўлса, эр турганида онаси билан бирга ётами? Менга-ку, барибир, биттаси онаси билан ётса, биттаси ўзимга қолади. Сотволдига қийин-да, шунинг учун йиғлаб берди. Гапнинг хўр-розини ўргатдим: “Ёлғиз ётиб ўлибла қолсам, жағим очилиб қолса – иснод сизга тегади”, деган экан, кампиршо дарровла хайр-маъзурни насия қилиб жўнаворибди.
– Пешонасида, барибир, ёлғиз ўлиш бор экан. Жағини аранг жойига келтирдим.
– Ҳа, ошнамга жавр бўлди… – Мирҳосил шундай деб алам билан хўрсинди.
Унга жавобан Обид ўзининг ҳам армонда эканини билдириш учун уф тортди:
– Биттагина хотинга қаноат қилиб нима кўрди бу дунёда?
Турғун Обидни бир жеркиб тинчитиб қўймоқчи эди, чойхона ҳовлисига кириб келаётган Рихсига кўзи тушиб, гапи оғзида қолди.
– Ие, Рихси, шу ердамидинг? – деди уни қаршилаб.
Рихси уларга тик қарамай сўрашди-да, синиқ овозда жавоб берди:
– Ҳа, ичкарига қўйишувди, ёнларида эдим, – Рихси тикилган кўзларга қарашдан ўнғайсизланиб, бошини эгди.
– Анча тузукми энди? – деб сўради Мирҳосил.
– Ҳа, ўзларига келдилар.
Бу жавобдан сўнг қайғунинг изтиробли шарпаси аригандай бўлиб, юраклар хотиржам ура бошлаши керак эди. Лекин ўнғайсизланган Рихсининг кўзини ерга қадаганича жавоб беришини улар бошқача тушуниб, хавотирлари ошди: умид саробини ханда эмас, ясама илжайишга банд лабдан ахтарсинларми?
– Гапиряптими? – деди Обид ҳовлиқиб.
– Сал қийналяптилар-у, гапларига тушунса бўлади, – Рихси шундай деб ўзини зўрлаб жилмайди.
Рихсининг лип этган табассуми ишончли ҳаловатни баён қила олмади. Аксинча, кўзидан оққан бир томчи ёш умиднинг дарз кета бошланганидан дарак эди. Турғун ҳам, Мирҳосил ҳам буни сезса-да, умид кемасида маҳкам туришга интилиб, юракларидаги хавотирни ошкор этмадилар. Қани эди, умид ҳаёт уммонини лабига қадар лиммо-лим тўлдира олса?
– Худога шукур, гапирган бўлса – тузалибди-да, – деди Турғун хотиржамроқ оҳангда.
– Тузалмаганига қўямизми! – Мирҳосил беморни биттагина гапи билан оёққа турғизиб қўйган мард одам оҳангида гапириб, кўкрагини кўтарди. Бошқа пайт бўлганда бу олифтагарчилиги учун Турғундан бир чимдим қалампирли гап эшитарди. Мавриди бўлмагани учун Турғун ошнасига қия қараб олди-ю, яна Рихсига юзланди:
– Ўзи нима бўлди? Кеча туппа-тузук эди-ку?
– Билмасам, саждага бош қўйдилару ёнларига шундайгина йиқилдилар. Ваҳимага ўралашиб қолдим. Кетиб қолдиларми, деб қўрқдим.
– Қаёққа кетади? Индамай жўнаворадиган боламас у, – деди Обид аёлга далда бериш мақсадида. – Рихси, сен хафа бўлмагин-у, ошнам шу ердан чиққанидан кейин суюнчисига битта хотин олиб бераман. Узоқ яшашнинг сирини билиш керак-да! Менинг бобом бир юз йигирма учга кирганлар. Ўн саккизта хотин олганлар. Менинг отам ўн биринчи хотиндан. Отам туғилганларида бобом саксон учда бўлганлар. Битта хотин билан ўтаётган мановларнинг тўқсонга боришларига кўзим етмайди. Сен, хўп, деявур, эрингни бир юз элликка киритиб бермасам – бетимга тупурасан.
– Тўхта, шу ерда отдан туш, – Турғун жеркиши камлик қилиб, Обиднинг енгидан ушлаб тортди-да, яна Рихсига қараб давом этди: – Ошнамнинг бунақа касали йўқ эди-ку, қўни-қўшнилар у-бу деб аччиғини чиқаришдими? Ёнларингда сув талашадиган хумпар бор эди, ўша яна ғалва қилдими?
– Йўқ, у тинч эди. Ўртоғингизга газитдаги гап ёқмади, шекилли?
– Қанақа газит?
– Ўқимадиларингми?
– Газит ўқимай қўйганимга анча бўлган.
– Кеча оқшом почтачи газит ташлаб кетувди. Ўқидилару ғижимлаб қўйдилар. Бир сўкиндилар. Кейин самоворхонага чиқиб кетдилар. Газитни қарасам, “Бобомнинг қотили ким?” деган гап ёзилган экан. Сиз биласиз, калтаариқлик Собит алкаш дегани бўларди, – Рихси шундай деб Мирҳосилга қараб олди. – Сизларга озгина жамоатлиги бориди, шекилли? Ашининг шаҳарда турадиган ўғли ёзибди.
Мирҳосилга бу гап таъна каби туюлиб, худди ўзи айбдордай томоқ қириб қўйди. Бундан фойдаланган Обид гапга қўшилди:
– Э, бўлди, танийман уни. Бурнининг тагига соч қўйган паканагина қўнғиз башара болами? Турқи халадийнадан ҳам совуқроқ бир бола эди.
– Нима деб ёзибди? – Мирҳосил энди тўнг овозда сўради.
– Қирқинчи йилда бобоси қамалиб, кейин Сибирда ўлиб кетган экан. Миллатпарвар киши бўлган экан. Ўртоғингиз… “қулоқ” қилдирган эканлар?
– Вой, хунаса! Шунақа деб ёзибдими? – Мирҳосил ғазаб билан сўкингиси келди-ю, аёлнинг олдида ўзини тутишга мажбур бўлди. Турғун эса ажабланиб деди: – Қирқинчи йилда ”қулоқ” деган нарса йўғиди-ку?
– Нимага ҳайрон бўласан? – деди Обид. – Ёзган бола Собит алкашнинг ўғлими? Собит алкашдан эсли бола туғилами ҳеч замонда?
– Собит алкашнинг отаси… оти нима эди?
– Урайим ўғри.
– Ҳа, ўша. Савдода ишлаб, дўконни каламушдай кемириб ташлагани учун қамалувди. Ома, тўғри, Пўлат уни бир дўппословди. Мен ажратиб олмаганимда ўлдирибла қўярди ўшанда, – Турғун Мирҳосилга қараб изоҳ берди: – Сен армияда эдинг. Энам қайтиш қилганда кафанликка берган сурпдан салкам бир метрини уриб қопти-да. Пўлат билиб қолиб тозза чангини чиқазворди.
– У хунасанинг бобоси миллатпарвар эмас, пулпарвар эди. Пул бераман деса, хотинини бировга қўшиб қўйишдан ҳам тоймайдиган сортидан эди. Ҳа эсизгина-я! Собит алкаш тирик бўлганида, шу ёзадиган ўғлини ўзининг кўзи олдида ким ошди савдосига қўйиб юборардим. Кейин юрарди, майда қадам бўли-иб.
– Ҳа, майли, бўлар иш бўпти. Ошнам тузалаверсин-чи. Ўша болани Тошкандан олиб келиб қўлларини чопмасам юрган эканман, – Мирҳосил “айтганим шунчаки бир гап эмас, қасам!” деган маънода жағини кафти билан силаб қўйди.
Бу онда ташқарида от пишқириб, ҳаммалари ўша томон қарашди. От аравадан тушган Мамасоли чойхона томон қарамай, шифохонага ўтиб кетмоқчи эди, Обид ҳай-ҳайлаб чақирди-да:
– Ҳа, сўфи, мурид овлаб юрувдингми? Бунча ҳовлиқиб қолдинг? – деб пешвоз чиқди.
– Ошна, хабарни эшитиб, шошиб келовурдик, югурдакни жўнатувдим, яхши уйда экансан, – деди Турғун узр оҳангида. Мамасоли ошналари билан тезгина сўрашиб, Рихсига хавотир билан юзланди:
– Тинчликми?
Аёл аста бош ирғаб қўйиш билан чекланди, Мамасоли бундан қониқмай, аёлга қараш ножоиз эканини унутиб, бесамар тикилди. Коинотнинг муқаддас сирини билиб олиш иложсиз бўлганидек, қайғу пардаси ортидаги қорачиқларда қалбнинг ловуллаган яширин олови алангасини кўриш мумкин эмасди. Рихси унинг тикилишидан ўнғайсизланиб, “ўзингиз айта қолинг”, дегандай Мирҳосилга нажот нигоҳи билан қараб олди. Мирҳосил жавобни ҳаяллатмади:
– Тинчлик. Пўлатнинг сал тоби қочибди.
– Худо шифосини берсин.
Бу ерда узоқ туриб қолишдан хижолат бўлган Рихси Турғунга қараб олди-да: “Мен бора қолай”, деб изн сўради.
– Ҳа, сен ёнидан жилма. Дўхтир болага ҳам тайинлаб қўйдик. Яхши қарамайдиган бўлса, дарров бизга чиқиб айт. Биз бу ердан жилмаймиз.
– Вой, сизлар боровринглар, анча тузуклар.
– Биз билан ишинг бўлмасин, – деди Мирҳосил буйруқ оҳангида. – Биз бир яйилишиб ўтирамиз. Ошнам бир касал бўлганда ўтирсак ўтиришибмиз-да. Сен боравур.
Чойнак кўтариб чиққан чойхоначи Рихсини савол назари билан кузатганича сўрига яқинлашди.
– Тақсир, чойни янгилайинми?
– Ҳа, энди ичсак бўлади, – Мирҳосил шундай деб жойига чиқиб ўтирди. Унинг мулойимлашиб қолганидан кўнгли хотиржамлашган чойхоначи чойни қайтара туриб, унга жилмайиб қаради:
– Тақсир, ҳали гап сал чала қовди, тўйда айтадиган битта ашулангиз бўларди. Тўйхона қийқириқ бўлиб кетарди:
Тоғда қуён отибман – ияги йўқ,
Жонон кўйлак кийибди – жияги йўқ.
Жияги йўқ жойларидан қўлим солсам –
Билқиллайди қўш анори – суяги йўқ. До-оде, суяги йўқ…
– Суюлма, мен бунақанги ашула айтмаганман, – деди Мирҳосил муғамбирлик билан қовоқ уюб. – Айтган бўлса, манов тоғанг айтгандир. Бунақа суюқ нарса шундан чиқади.
– Эшитяпсанми? – деди Турғун Обидни енгил туртиб. – Сен айтгин, суюқ гаплар кимдан чиқарди?
– Э, шунинг гапига парво қилиб ўтирибсанми? Бунинг гапи нима-ю, лўли хотиннинг ямоқ лозими нима! – Обид шундай деб қўл силтаб қўйди-да, чойхоначига юзланди. – Менга қара, эркакнинг хўр-рози, бир йиғилишиб қолибмиз, сен ўчоққа дарров ўт қала. Мен ўзим эркаклар ейдиган паловхонтўрани дамлай. Тоғаларинг кампирларини би-ир хурсанд қилишсин.
– Ўтни-ку, ёқвораман. Ома гўшт-ёғ йўқ-да?
– Нега йўқ бўлади? Самоворхонами бу ё хотинларнинг ҳаммомими?
– Энди… кузда одам сийрак… қўй сўйсак…
– Бўпти, сен қозон осовур. Анави шайтонарава сеникими? – Обид айвон устинига суяб қўйилган велосипедга ишора қилди-да, сўнг Мамасолига қаради: – Ўзим гузарга чиқиб келаман. Сўфи, Чўтирни дуо қилиб бир ош ейлик а?
– Сен нега мени дуога рўпара қиляпсан? Эркак бўладиган бўлсанг, чиқимини ўзинг кўтар. Бўлмаса, тўкма қиловур.
– Агар менинг ўғлим солиқда ишлайдиган бўлса, кунига беш маҳал ош дамлаб берарман.
– Ўғлимни ўртага солма, унинг қозони бўлак. Ана, сўфининг бўйнига ил. Худойиларда оладиган тугунларининг учига тугилган пуллари сасиб қолмасин.
– Сўфига осилма, ҳозир сенга ўхшаган нокаслар пул тугмай қўйишган, – деди Турғун.
– Шунақами, Боз? – Мирҳосил шундай деб қошларини учириб, Турғунга имлаб қўйди: – Бировларнинг ўғли коррупцияда ишлайди шекилли, а?
– Ома бу гапинг кампирнинг лунжидаги новвотдай ширин бўлди. Ҳозирги ош сендан, нонушталик бундан.
Бу гапни эшитиб Мамасоли ажабланди:
– Ие, ётиб қолмоқчимисанлар ҳали?
– Ошнамизнинг касали сал жиддийроққа ўхшайди. Ўтирмасак бўлмайди, – деди Турғун. – Ҳарна далда.
– “Улфати чор – анда маза бор”. Мен кетдим. Уйларингга одам жўнатиб айттириб қўяман. Бугун кампирларингга дам. “Эртаматан белди бақувват қилиб келишади”, дейман. Сўфи, Чўтирнинг сазаси ўлмасин, сен ҳам савобдан қуруқ қолма, чўнтакди бир қоқ.
– Нега?
– Ол, олавер, сенинг пулинг қўшилмаса, томоқдан овқат ўтмайди.
Мамасоли чўнтагидан пул чиқариб, санай бошлаши билан. Обид шумлик қилиб ҳаммасини тортиб олди.
– Санайвурма, пулнинг баракаси учади. Сенинг пулларинг табаррук, бунга “обизамзам” оламиз. Буқоқ, оқидан бўлсинми ё қизилиданми?
Бу гапни эшитган Мамасоли ғашланиб, пулини қайтариб олиш учун қўлини чўзди.
– Пулни ол, ҳаром қилма.
– Жойингга ўтир. Сенинг пулингга ичилса, ҳаром бўлмайди, – деди Мирҳосил уни этагидан тортиб. – “Ҳаром, ҳаром”, дейсан, биз шу арақди кучи билан пошистти инига жойлаб келганмиз.
– Фошистни қанақасига инига кирғизганингни билмайман, мен бошқа фронтда эдим. Лекин ичволиб дўппиларингга қусиб юрганларингни биламан. Буқоқ, сеникидамиди? Кўзлари ғилай бўлволиб, хотинини танимай, а? Ўзининг хотинига гап отиб, “шу хотин менга ёқиб қолди, олиб берасанлар”, деб йиғлаганлари эсингдами?
– Ўзининг уйида маст бўлволиб “етимман” деб йиғлаганлари ҳам бор. Биз кетамиз, десак, “уйимга олиб бориб қўйларинг”, деб ялинганлари ҳам бор. Ома ичволиб ўповрардинг-а. Одамди бетини яловриб шилибла ташлардинг. Ит ҳам бунчалик яламас.
– Гапнинг роса хўр-розини айтдинг. Бу кўпроқ Сўфини яларди. Бу таъвияни Сотволди бечора опичиб обориб қўярди уйига.
– Майли, бўлди, отам замонидан қолган гапларни кавламаларинг.
– Ие, кавлашни бошлаб қўйиб, бизга ақл ўргатяптими? – деди Обид Турғунга қараб.
– Ёшликда ичгани учун тавба қилса, Худо кечирворади, лекин эндигиси… уят. Сенларни ҳозир ичишдан қайтармасам, менам гуноҳга қоламан. Ичволиб, мени ғийбат қилсаларинг, гуноҳларим сенларга ўтади.
– Сўфи, сенинг гуноҳларинг ҳам бизларга табаррук. Қил кўприкдан ўтаётганимизда сеникини рўпара қилиб ўтоврамиз. Ўзимизники запасда туровради. Ома бу пулларингга рози бўлгин.
– У дунё бу дунё розимасман.
– Ма, ол, нокас! – Обид чангалидаги пулни ўртага ташлади. – Хотининг уч марта кетиб қолганида уч марта ўртага тушган мен аҳмоқ. Қирқ саккизинчи йилда қайнотангни ийдириб, кўндираман деб, икки марта ўзимнинг пулимга ароқ сотиб олганман. Менам ўшанга розимасман.
– Вей, тентак, пулини нега қайтардинг, ол! – Турғун шундай деб пулларга қўл чўзди.
– Тегма, рози бўлмаса, олмайман. Бунинг бир нарсаси бор. Сталин ўлган йили қалин қор ёққанди. Сенлар йўғидиларинг. Сотволди икковимиз буни алдаб Сожи сатангникига олиб борувдик. Ичмай тозза куйдиргани камлик қилиб, ярим кечада бизни ташлаб кетворибди, номард. Бир гап ёқмай, сатанг ҳайдаб чиқаргани эсимда. Уйларимизни тополмай, маҳаллани айланавериб, охири тобутхонага кириб ётибмиз-а! Ўшанда совуқ нафас қилганда бу. Сотволди шунинг учун кетворди. Бўлмаса, ўладиган бола эмасди. Хотин олишга кўндирувдим.
– Бўлди қил, минг йиллик гапни лағмондек чўзаверасанми. Пулни, олсанг олавер, нима қилсанг қил. Қиёматда жавобини ўзинг берасан.
Чойхоначи худди отни эгарлаб шайлагандай, велосипедни олиб келиб, жинғироғини чалиб қўйди. Обид ташлаган пулини тезгина йиғиб олиб, чўнтакка урди.
– Самоворхонани тузук юрғизсанг, шайтонарава минмай, мошинда керилиб юрардинг, – деди велосипедни етаклаб. – Америкадаги чойхоначилар қанақа мошинларда юришади, биласанми?
– Билмайман, тақсир.
– Шунинг учун ҳам кунинг шу шалоқ шайтонаравага қолган. Умринг шу билан ўтади, сен ношуднинг.
Чойхоначи: “Ундай деманг, тақсир, бизнинг кунимиз ҳам туғиб қолар”, деганича уни кузатиб қўйди.
Мирҳосил пиёлага чой қуйиб Мамасолига узатди:
– Пулингга ачинма, сўфи, пул қўлнинг кири. Ўзинг икки гапнинг бирида: “бойликка муккаларингдан кетмаларинг”, деб насиҳат қиласан-ку?
– Худо мени кечирсин. Сенларга қўшилган одамнинг охирати куяди. Куймаганига қўймайсанлар, – Мирҳосил пиёлани олди-ю, бир ҳўплади.
– Кемага тушганнинг жони бир, ошна, – деди Мирҳосил муғомбирлик билан кўз қисиб. Турғун эса гапни илиб кетди:
– Сен болани онанг, аслида, инсофсиз қилиб туққан. Болалигингда ҳам бизларга хиёнат қилиб турардинг. Шоюсуф гуваланинг боғи эсингдами? Чўтир, биз боққа тушганимизда бу нима қиларди,а? Иштонини ҳўл қилиб, шумшайиб ўтирармиди?
– Қўрқоқ эди, бола пақир. Қуён ҳам бунга қараганда юраклироқдир.
– Бекор айтибсан. Қўрқмасдим, ҳаромдан ҳазар қилардим.
– Ол-а, ўшанда ҳаром-ҳалолнинг фарқига борармидинг?
– Ҳа, ҳаромдан ҳазар қиларди. Шунинг учун биз олиб чиққан нашватиларни беркитиб ерди.
– Туриб-туриб ҳайрон қоламан: ҳаммамизнинг боғларимизда мевалар сероб эди. Ома Гуваланинг боғига тушишга ишқибоз эдик, а? – Мирҳосил шундай деб жойида қимирлаб олди. – Бошқаларнинг боғига қараб ҳам қўймасдик.
– Гувала раҳматли бошқалардан бахилроқ эди. Боғини қаттиқ қўриқлар эди-да. Ўйлаб кўргин, фақат шунинг боғи пахса девор билан ўралганди. Кирганни тош отиб қуварди. Бизларга мана шуниси қизиқ эди-да. Бошқалар индашмасди. Индамаган жойга кириб-чиқишнинг нима қизиғи бор? Ома Гувала ҳам астойдил уришмасди. Эсингдами, Сотволди раҳматлини ушлаб олгани. Тозза калтак ейди, десак, Гувала тушмагур Сотволдининг иштонини ечиб олиб, ўзини қўйвориб ўтирибди. Энди ўйлаб қарасам, ўша пайтда одамларнинг назарлари тўқ экан. Назари тўқ бўлгани учун ҳам қаҳатчилик йилларида қишлоқ қирилиб кетмади.
– Ҳа… шундай одамлар ўтиб кетишди-я… Сўфи, шуларни ўйлагин сен. У дунёга борганингда болалигингдаги қилиқларни қилиб юрмагин.
– Қанақа қилиқ?
– “Мен намоз ўқиганман”, деб панага ўтиб олиб, бизларнинг дўзахга тушишимизни томоша қилиб ўтирмагин, демоқчиман.
–Томоша қилиб бўпти. Биз қайга кирсак, бу ҳам ўша ерга киради.
–Бу гапинг тўғри. Сен – қариб қуйилмаганларни инсофга келтиролмаганим учун ҳам қиёматда жавоб бераман.
– Ҳай Сўфижон, инсоф дедингизми? Инсофга келмайдиганлар бизларми? – Мирҳосил пичинг оҳангида шундай деб қошларини чимирди. – Худойи ошларида уйнинг тўрини бермайдиган Карим каззобингнинг инсофи борда, а? Агар сутга сув қўшадиганни инсофли десанг, майли, бизларни инсофсиз деявер. Ома билиб қўй: биз шу ёшга кириб, бировнинг бир тишлам нонига хиёнат қилмадик. Тўғри, ароқ ичдик, ома етимнинг ҳақини емадик. Бировларни ургандирмиз, сўккандирмиз, ома ёмонлиги учун қилдик бу ишларни. Намоз ўқиб туриб ҳаромдан ҳазар қилмайдиган Карим каззобинг агар жаннатга кирса, мен кирмадим ўша жаннатингга. Сен айтаётган шу инсофсиз ошналарим билан дўзахингда исиниб ўтирганим маъқул. Сенам, боравур, каззобингни кетидан.
Ярим ҳазил, ярим чин оҳангида айтилаётган гапларни эшитиб, Мамасоли бошини эгди. Ошналарининг феъли ҳам, тили ҳам унга маълум. Кўп ножоиз қилиқларига кўникиб ҳам кетган. Лекин ўлим хабари дарвозани қоқиб турганида ҳам бундай гапларни гапираверишларига чидаши қийин бўлиб қолган. Қайириб-қайириб ташлаган вақтлари ҳам уларнинг феълида ўзгариш бўлмади. “Бир тоғнинг ўрнидан кўчиб кетганини эшитсангиз ишонингиз, аммо бир одамнинг хулқи бошқа бўлди, деб эшитсангиз, инонмангиз”, дейилганда менинг ошналаримга ўхшаганлар назарда тутилибдими экан?” Шу фикр хаёлига урилгандаёқ вужуди зириллаб кетган эди. Айтса, ишонмасликлари мумкин, бомдоддан кейин “Ёсин”ни ўқиган пайтда бўйинларидан то иякларигача ҳалқа-кишан солинганлар ҳақидаги оятни тилга олганида юраги безовта бўла бошлайди… “уларнинг бошлари юқори бўлиб ғўдайиб қолган, ерга эгилмайдилар… уларнинг олдиларида ҳам, орқаларида ҳам парда-тўсиқ яратдик. Бас, улар ҳеч нарсани кўрмайдилар…” Бу тоифа қўрқитилса ҳам, қўрқитилмаса ҳам, барибир – иймонга келмайди… Бу калиманинг ошналарига ҳам тааллуқли эканини ўйлашнинг ўзиёқ унинг жонини олгандай бўлади. Кўп марталаб огоҳлантираётган бўлса-да, барибир, ўзини айбдор ҳисоблайди. У ўзининг эмас, ошналарининг дўзахга тушишидан қўрқади. Бир валиуллоҳ Худога ёлбориб, “Агар гуноҳларим кўп бўлса-ю, дўзахга тушсам, Сендан биргина ўтинчим бор, эй Тангрим, мени шундай баҳайбат гавда билан дўзахга туширгин-ки, дўзахинг менинг вужудим билан тўлиб, бошқаларга жой қолмасин”, деган экан. Мирҳосил ҳам шундай, агар шу улфат учун маълум бир жой ажратилган бўлса, ўша жойни бир ўзи эгаллашни, дўстларини дўзах азобидан қутқаришни истарди…
Мирҳосилнинг жимиб қолганини “сукут ризолик аломати”, деб билган Турғун заҳарли сўзларини давом эттирди:
– Биров ўлиб, уйидан йиғи чиқса, каззобинг “булбул сайраяптими?” дейдиган сортидан. Отнинг ўлими – итнинг байрами-да! Ўлган одамнинг хонадони буларни бир йил боқади. Мен болаларимга айтиб қўйдим: ўлсам, буларга бир пиёла чой ҳам қўймайсанлар, дедим. Меникида булбул сайрамаса сайрамасин.
Бу гапдан кейин Мирҳосил чидаб туролмади:
– Сал эви билан-да! Кимнинг куни худойига қолибди? Бировга “Худойи қил”, дейилмаган. Ўзи қилади, чақиради. Кирмасак, хафа бўлади. Есак бир чўқим ош еймиз. Дуойи фотиҳа қиламиз.
– Ўша фотиҳангни ош емай қилсанг ўласанми? Нафсларинг чатоқ сенларнинг. Жаннатга тушсаларинг ҳам, ҳамма ёқни шипириб еб тугатасанлар. Сенлар билан жаннатга кирганлар очидан ўлади.
– Бўлди-е, ҳамма ёқни булғатвординг-а!
– Сен жириллама, сўфи. Каззобингнинг сутга сув қўшгани ёлғонми? – Турғун савол берди-ю, жавобни кутмай, давом этди: – Фақат “хабарим йўқ”, дема. Буни бутун қишлоқ билади. Мирҳосил, эшитгин-а, туновинда Ҳайдарникига худойига кирувдим.
– Қайси Ҳайдар?
– Ҳайдар хўтикни айтяпман.
– “Ҳайдар эшшак”, дегин. Хўтиклиги қолибдими, ёшлигида хўтик эди. Энди нақ қари эшакнинг ўзи. Боласи тўрт танга топадиган бўлганидан бери ағанаб, ҳамма ёқни булғатади. Одамларнинг ҳақини туя қилиб ҳаромдан топган пулига Худони шерик қилишибди-да.
– Ҳа, энди унисини қўявур. Хуллас, худойига кирсам, тўрни Каззоб эгаллаган. “Нафс ундай. Нафс бундай” деб гуноҳлардан сафсата сўқиб ўтирибди. Менинг тилгинам қурсин, бир илволдим.
– Сўкдингми?
– Баттар қилдим. Дедимки, бир бойнинг чўпони қўйларни соғиб бераркан-у, хўжаси эса сутга сув қўшиб пулларкан. Чўпон уни инсофга чақирса, қари кўппакдек қопиб бераркан. Бир куни сел келиб қўйларни олиб кетибди. Ашинда чўпон хўжайинига “Сиз сутга қўшган сувлар тўпланиб келиб, селга айланди-ю, қўйларингизни олиб кетди”, деган экан. Шуни айтиб, Каззобга қарасам, башараси қилча ўзгармабди даъюснинг.
– Шуни “олдим!” деб кериляпсанми? Сен деворга гапиргандай бўлибсан. Энасини бозорга солиб сўкмасанг, гап таъсир қилмайди унга. Менга қара, сўфи, ўшани имом, деб этагидан тутиб юришга ор қилмайсанми?
– Сен ўшанга қараб ҳаммага тўн бичма. Қишлоқнинг кичкинагина масжидига яраша чала илми бор. Хато-камчиликлари шу илмига яраша-да. Қулоққа азон айтиш билан жаноза ўқишга яраб турибди-ку, шукур қилавер.
– Сенам унча-мунча ўқигансан. Илминг битта масжидга етмайдими, ўзинг имомлик қилавермайсанми?
– Эй-й… гап деб гапираверасан-а? Имомликнинг масъулияти бор. Вақти келса, намозда орқасида иқтидо қилганларнинг гуноҳи зиммасига юкланиб қолади. Урайимнинг невараси Бухородаги мадрасани хатми кутуб қилиб, энди Тошкентдаги ўқишини тугатай, деб турибди. Илмли имомга ёлчиб қолармиз. Пулдорларга инсоф берса, масжидни ҳам янгилаб олармиз.
– Уч йил олдин ҳам шунақа гапни айтувдинг. Хурсандалининг невараси ўқишни битириб келади, девдинг. Тошкентда қолиб кетди-ку?
– Ўзича қолмади, илмга зеҳни ўткир экан, устозлари олиб қолишди.
– Сенинг баҳонанг кўп. Оғзингни тўлдириб валдирайвер. Фақат бизга гуноҳ-гуноҳ деб осилавурма. Билиб қўй: дўзахга тушадиган бўлсанг, каззоб имомингни деб тушасан. Ҳали қараб тургин, бизларди эшшакка мингашиб жаннатга ҳам ўтиб оласан сен, ҳа!
Ҳамма гапларидан ҳам мана шуниси ошиб тушди. Ғазаб ўти бетларигача қизартириб юборди. Агар иймони суст, феъли эса Мирҳосилники сингари бўлганида, ўзига яраша жавобни берарди. Шайтон “гап келганда аяма”, деб васваса ҳам қилди. Иймон эса, “битта гапинг билан шулар қаторига тушиб қолмоқчимисан”, деб ҳимоялади. Лекин ғазабли нигоҳини ошнасига қадаб туришдан тийила олмади:
– Ҳа, ол-а, ол! Жонларимга тегдиларинг! Чойдан қуй.
Мамасоли пиёлани дўқ этиб қўйиб, юзини буриб олди. Мирҳосил савол назари билан Турғунга қараган эди, у “етар, яна бир нима десанг портлаб кетади”, дегандай имо қилиб қўйди. Мирҳосил “шунга гапирмасам-гапирмадим”, деган қарор билан чой қуйиб ғашланган ошнасига узатди. Шу аснода чойхона ҳовлисига кириб келаётган икки йигитга кўзи тушди-ю, аввалига эътибор бермади. Оқ шим, оёғига оқ туфли, устига жигарранг чарм куртга кийган, сочлари орқасига силлиқ таралган қотма йигит “Салют, бобойлар!” демаганида улар билан иши ҳам бўлмас эди. Сурбетларча кириб келиб, яна бу тарзда саломлашганидан ғаши келиб, алик олмади. Аксинча, қовоқ уйиб қаради.
Мирҳосилнинг ғашини келтирган силлиқсоч, қирғийкўз йигитни болалик чоқлари ҳамма отаси қўйган исмда “Ғани” деб чақирарди. Қиморбозларга қўшилганидан кейин бу исмдан ор қилиб ўзи “Гена” деб ўзгартириб олди. Қиморбозлар орасида йигит ёшига етиб, унча-мунча ютуқлари билан чўнтаги қаппайгач, дам олгали Ялтага борди. Қора денгиз бўйида бир арман гўзали билан танишиб, уч кун маишат қилди. Учинчи кеча гўзал уни шип-шийдам қилиб кетгач, қуп-қуруқ чўнтак, аламли юрак ва янги исм билан уйига қайтди. Арман гўзали ўзини “Офелия” деб таништирганида у “Мен эсам “Гамлет”ман”, деб ҳазиллашди-ю, кейин бу исм ўзига ёқиб, “Гена” унутила бошланди. “Гамлет” ўша ҳузурли ва аламли кунлардан хотира бўлиб қолди.
Гамлетнинг ёнидаги қора қошлари туташ йигитнинг исми Жасур эди. Аслида, бўйнидан иягига қадар қизариб турган қизил доғга ишора қилиб “Тожи” бўлиши керак эди. Отасининг исми “Тожибой” бўлгани учун ирим қилиб, қайтармадилар, “Жасур” бўла қолди. У ҳам шериги каби ўсмир ёшига қадар “Жасур” бўлиб юрди. Кейин оз муддат “Жўра”, сўнг эса қартадаги олти чилликка ишора қилиб “Жокер”га ўзгартирилди. Қимордаги иқтидори пастдан кўра сал юқорироқ, лекин ҳали у тўдага, ҳали бу тўдага суйкалиб юриши туфайли шу номни олган эди.
Буларнинг тўдаси аввал Бўкада, кейин Оҳангаронда асли исми Алижон, лекин ўз оламида Алекс деб донг таратган қиморбоз билан ҳаёт-мамот жангидек ташлашишди. Бир ютиб, бир каттага тушишди. Бугун ҳал қилувчи ўйин учун бегона кўзлардан йироқроқ деб шу чет қишлоқ чойхонасини танлашган эди. Сўрида ўтирган чолларни кўриб аввалига ажабланишди, кейин ўртада битта чойнак турганига эътибор қилиб, “томоқни ҳўллаб жўнашади” деган фикрда хотиржам бўлишди. Гамлет уларга хушчақчақлик билан салом бериб, жавоб олмагач, шеригига қаради:
– Жокер, гапим ёқмадими, тўмсайиб олишди.
– Саломинг ёқмади. Бунақа саломингни шаҳарлик чоллар кўтаришади. Энди сен шу ерда тура тур, – шундай деб сўрига яқинлашди-да, ўнг қўлини кўксига қўйди: – Ассалому алайкум, тоғажонлар. Дамликкина юрибсизларми, яхши ҳордиқ чиқаряпсизларми? Худо бизнинг бахтимизга умрларингизни узоқ қилсин.
Унинг узатган қўллари жавобсиз қолмади, алик олиниб, қўшқўллаб сўрашишди.
– Кўзимга иссиқ кўриняпсан, кимнинг ўғлисан, жиян? – деди Турғун унга тикилиб қараб.
– Мен эшонгузарлик Тожибой охуннинг ўғли Жасуржонман, тоға.
– Э, ҳа, Бўғирсоқнинг ўғлимисан? Отанг раҳматли икки лаган паловди кўрдим демай, еб юборарди. Жуда баднафс эди. Ома еган овқатига яраша кучи ҳам, гавдаси ҳам бор эди. Сен мунча майдалашиб кетдинг?
– Ким билади, бўлганим шу-да.
– Шеригинг ким? Отаси йўғида онаси чулчут билан дон олишганларданми? – деб сўради Мирҳосил.
– Ҳа, энди тоға, шаҳарлик културний боллардан-да.
– Э, културасига урай уни. Сен бу ғаркўздан нари юравур. Отанг яхши бола эди. Ке, ўтир, чой ич.
– Раҳмат, тоға. Самоворчига учрай-чи, оғайнилар билан йиғилишадиганмиз, пича ўтиришимиз бор эди.
Шошилиб чиққан чойхоначи йигитлар билан кўришди-да, чолларга хавотир билан қараб олгач, меҳмонларини ичкарига бошлади.
Мамасоли чойдан бир ҳўплади-да, сўнг чўкмай айланаётган шаманинг ҳаракатидан қандайдир маъно уқаётгандай тикилиб қолди. Мирҳосил суяниб ўтирган лўлаболишни орқасидан олиб, ёнига ташлади-да, ёнбошлаб олди. Турғун эса оёғим увушди, чигилини ёзиб келай, деб боғ томон юрди.
Гамлет бошлаб ичкари кирган Жасур остона ҳатлаши билан чойхоначига “ишлар бошқача бўлиб кетибдими, тоғажон”, деб норозилигини баён қилди. Гамлет эса худди уриб юборадигандай чойхоначига тик борди-да:
– Бўсс, бу тиррақи чоллар нима қилиб ўтиришибди? Билиб қўй, ошга пашша туширсанг, отвечат қиласан, – деб ўдағайлади.
– Мен нима қилай? Келишди, ўтиришибди. Оғайнилари касал экан, кутишармиш.
– Нима деяпсан сен, братан! Бу ер вокзалми, кутадиган. Йўқот уларни!
– Йўқотолмайман. Биттаси харажатга кетди. Ошга уннашяпти.
– Гамлет, вақт борида жойни ўзгартира қолайлик?
– Йўқ, тўртта чолдан қўрқдиларингми, деб бошни оғритишади. Чолларни йўқотиш керак.
– Булар фронтовой чоллар, бас келиб бўлмайди. Ош тезлашса, еб кетишади.
– Гамлет, бир томондан уларнинг ўтираверганлари яхшими, дейман. Хитлар адашиб келиб қолишса, шуларни кўриб қайтаверишади.
– Жокер, бунинг учун сенинг бошинг оғрисин. Бу ёғига ўзинг отвечат қиласан, – шундай дегач, яна чойхоначига қаради: – Хўп, айтилган харажатлар естми? Унда первийсига шўрвани бошлайвер. Пока булар кетгунича жойни ичкарига қилавер. Жокер, “оқсоқол”дан биттасини оч. Томоқни ҳўлламасак бўлмайди. Нардани ол, айвонда бир ташлашайлик. Чолларинг тиқир-тиқирдан безишса, тезроқ кетишади.
Турғуннинг оёқдан шикояти бир баҳона эди. Боғ томон сал юргач, йўлни кўча томон олиб, шифохонага борди. Даҳлизда унга ҳеч ким эътибор бермади. Лекин “реанимация” деб ёзиб қўйилган эшик ичкаридан қулфлоқлик эди. Аста тақиллатган эди, ўзига таниш ҳамшира кўринди. Ташқарига чиқди-ю, эшикни ёпиб, қўрғонини ҳимоя қилувчи посбондай туриб олди.
– Қизим, ошнамни бир кўриб чиқай, – деди Турғун ялиниш оҳангида.
– Отахон, иложи йўқ, Анвар акам боя айтдилар-ку, ўзингиз эшитдингиз-ку?
– Жон қизим, биттагина мўралайман-у, “Ошнам, ҳормагин”, деб қўяман. Агар яна икки оғзим гапирсам, бетларимни юмдалаб ташлай қол.
– Отажон, сизни ичкарига қўйсам, мени ишдан ҳайдашади.
Турғун қизларнинг бунақа жойга ишга жойлашишлари мушкуллигини, ҳайдалишлари эса оппа-осонлигини эшитган. Шунинг учун ҳамширага бошқа ялинмади. Орқасига ҳам қайта қолмади. Оғир курашда енгилиб бўшашган сингари иложсиз оҳангда сўради:
– Унда тўғрисини айт, қизим, ростданам бир ўлиб, тирилдими?
– Ҳа, юраклари бир пас тўхтаб қолди.
– Энди-чи, энди яхши уряптими?
– Ҳозир анча яхшилар.
– Гапиряптими?
– Ҳа.
– Нима деяпти?
– Билмадим… ая билан гаплашяптилар.
– Бизнинг келганимизни биладими? Мени сўрагандир-а? Исмим Турғун. “Турғунбой келмадими?” деб сўрадими?
Ҳамшира бироз иккиланди-да, сўнг саволлар оқимидан осонроқ қутилиш учун жавоб берди:
– Сўрадилар… шекилли.
– Ана сўрабди! Биринчи бўлиб мени сўрайди. Энди олдига кириб чиқмасам бўлмайди.
– Мумкин эмас.
– Сен тушунмаяпсан-да, қизим. Агар бу ошнамиз… кетиб қолса чатоқ, тўғон янаям бузилади. Кетишга-ку, ҳаммамиз кетамиз-а, ома бу биздан кейин қолиши керак. “Нега?” деб сўрамайсанми?
– Вой, отажон, ҳаммангиз ҳам кўп яшанг!
– Сен “бу чолнинг эси оғиб қолибди”, деб ўйлама. Ҳаммамиз ҳандалакдек пишиб турибмиз. Узиб олиш қолди, холос. Оёқларим бир тортишганида “Ана энди жон ҳам кетди”, деб ўйлайман. Оёқ нимага тортишади, биласанми? Бир одам жонни олгани келган Азроилдан нолиб: “Эй Худо, жон керак экан, аввалроқ огоҳлантирсанг бўлмасмиди?” деган экан, овоз келибдики: “Эй ғофил банда, аввал кўзларингдан нурни олдим, кейин белдан, оёқ-қўлдан қувватни олганим огоҳлантиришим эканини фаҳмламадингми?” Ана кўрдингми, қизим, бизларга хабар аллақачон келган.
– Отахон, хафа бўлмасангиз бир гап айтай.
– Айтавур, қизим.
– “Хабар-хабар”, дейсизу, кимнинг қачон ўлишини Худо билади. Ёшлар ҳам тўсатдан кетиб қолишяпти.
– Шунақа-ку, ома ёшлар яшаши керак. Яхшими-ёмонми, яшасин! Тегирмон навбати билан. Биз кўрадиганимизни кўрдик. Ейдиганимизни едик. Кетсак ҳам армонсиз кетоврамиз. Ома қизим, сен билмайсан, биз ҳалол меҳнат билан яшадик. У дунёга қўрқмай кетоврамиз. Орқамиздан биров ёмон гапирмайди. Сен яширмай айтовур, қизим, ошнамга балки қон керакдир. Бировлардан қидирма, ўзимиз берамиз. Қонимиз бир ҳаммамизнинг – топ-тоза қон.
– Қон керакмас, отахон.
– Қизим, сен билиб қўйишинг керак: бу ошнам оддий одам эмас, мартабаси баланд, ҳа!
– Ҳокиммилар?
– Ҳокиминг нимаси! Шу ҳам мартабами? Бу одам бизнинг жўрабошимиз, ҳа! Аввал улфатимизнинг жўрабошиси Сотволди эди. Сотволди хайр-хўшни насия қилиб жўнаворди. Энди буниси ҳам кетворса, инсофдан бўлмайди. Энди тушундинг-а?
– Тушундим.
– Тушунган бўлсанг, кел, хўп де, бир мўралаб олай.
– Отажон, илтимос, мени қийнаманг.
– Сен Абулқосимнинг неварасисан, а? Каттанг жуда мўмин, гапга кирадиган бола эди. Ҳаптобусга ҳам калишини ечиб чиқарди, раҳматли. Сен унга ўхшамабсан. Жуда-а қайсар экансан. Каттанг тирик бўлганида айтиб, адабингни бердириб қўярдим-а.
Ҳамшира бу қариядан осон қутилолмаслигини билиб, ўзини сал четга олди-да, эшикни қия очди. Турғун ичкарига мўралаб, дўстини кўрди. Рихси эрининг ўнг қўлини кафтлари орасига олиб силаб ўтирган эди. Унга халал бермаслик учун овоз бериб чақирмади. Бироз тикилиб тургач, ўзини орқага олди-да, кипригига қалқиган ёш томчисини артиб, ҳамширани дуо қилгач, беморга яхши қарашни тайинлаб, бир соатдан кейин хабар олишини ҳам айтди.
Изига қайтган Турғун чойхона ҳовлисига кириб келаётган, қўлига асо тутган, қора кўзойнакли Тўлқинни кўриб, тўхтади. “Ие, бу ерда Тўқим нима қилиб ивирсиб юрибди?” деган хаёл билан уни кузатди.
Тўлқин асосини тўқиллатиб келиб, нарда ўйнаётганлар ёнида тўхтади.
– Биродарлар, йўлдан адашганга ўхшайман. Касалхонага кетаётувдим, қаерга келиб қолдим?
– Чойхонага келиб қолдингиз, бобой, – деди Гамлет нарда тошчаларини ташлаб.
– Бир ўзингиз нимага туртиниб юрибсиз, тоға? – деди Жокер ўрнидан туриб.
– Ошнам оғриб қолибди, омонатим бор, келмасам бўлмас эди.
– Пул олганмиди? Катта пулмиди? – деди Гамлет унга қараб олиб.
– Йўқ, ундан мен қарзман.
– Неваралардан бериб юбора қолмабсиз-да, – деди Жокер.
– Бу омонатни бировдан бериб юбориб бўлмайди. Биродар, бу ер самовархона бўлса, бир қултум чой беринг, “сахир”им ошганга ўхшайди, томоғим қуриб кетди.
– Чойдан йўқ, бобой. Оқидан ҳам отоврасизми? – Гамлет шундай деб ароқнинг шишасига чертиб қўйди.
– Унда малол келмаса, мени йўлга солиб қўйинг.
– Прямой сообшения қилиб бороврасиз, бобой, – деди Гамлет пиёлага ароқ қуя туриб.
– Мен олиб бориб қўяман.
Тўлқин томон юрмоқчи бўлган Жокерни Турғун тўхтатди:
– Сен ўтиравур, жиян.
Тўлқин овоз келган томон ўгирилди:
– Ким бу? Овозинг таниш… Турғун… сенмисан, Буқоқ?
– Менман, Тўқим, менман. Нега келдинг?
– Пўлат оғриб қолибди, деб эшитдим.
– Оғриса сенга нима? Улфатга яқин келма, деганмиз-ку, эсингдан чиқдими?
Ёнбошлаб ётган Мирҳосил Тўлқинни кўриб қаддини кўтарди. Мамасоли ҳам шу томон қаради.
– Омонатим бор унда, – деди Тўлқин синиқ овозда.
– Қанақа омонат? – деди Турғун дағал оҳангда. Кейин нотаниш йигитлар олдида гаплашиб туришни эп кўрмай, ҳазар қилгандай енгининг учидан ушлаб, сўри томон бошлади.
– Қанақа дейсан-а… Рози-ризолик сўрашим керак, – деди унга итоат билан эргашган Тўлқин.
Бу гапни эшитган Мирҳосил сўридан тушиб, унга рўпара бўлди:
– Нима дединг? Розилик, дедингми? Нима, у ўляптийканми? Сен Тўқим, совуқ нафасингни энангдикига бориб қиловур!
– Чўтир… Мирҳосил, сенмисан?
– Ҳа, менман. Нақ ўзимга дуч келдинг. Сен изингга қайтовур. Сени кўрган соғ одам ҳам аччиқланиб ўлиб қолади. Бор, турқинг қурсин.
Мамасоли ҳам уларга яқинлашиб, ўртага тушди:
– Мирҳосил, қўй, қаттиқ гапирма. Ошначиликнинг ҳурматини қилиб келибди. Дод десанг, демасанг бу ҳам ошнамиз эди. Тўлқин, юр, бир пиёла чой ич, ҳовурингни бос.
– Бу бизга ҳеч қачон ошна бўлмаган. Бунақа ошнани отай десанг ўқ ҳайф. Тириклай кўмиб ташлаш керак бунақаларни.
– Чўтир, сен кариллайверма! Сен билан олди-сотдим йўқ. Пўлат олдида қарздорман. Тавба қилганман. Яна тавба қилгани келдим. Мана мени Худо уриб қўйди, энди сенам туртовурма. Менга шу жазонинг ўзи етмайдими?
– Етмайди! Сен кўзларингни лўқ қилиб туриб ёлғон гувоҳлик бергансан. Пўлатни сен қаматгансан. Халқ душмани Пўлат эмас, асли сен эдинг. Жўна, кўзимга кўринма, бўлмаса мижиб-ла қўяман. Худойинг тағин ҳам сени аяб урибди. Бўҳтон гапларни айтган тилларинг ириб, узилиб тушиши керак эди.
Шу пайтда Обид Шокирни бошлаб келиб, авжига чиқаётган Мирҳосилнинг ҳовури сал босилди. Обид Тўлқинга бир қараб қўйди-ю, омонлашмай, ўчоқбошига ўтиб кетди. Қарияларнинг даҳанаки жангидан завқланган Гамлет нарда тошчаларини ташлаб қўйиб, сигарет тутатганича уларни кузата бошлади. Жокернинг “ичкарига кириб кета қолайлик” деган ишорасига “тўхта, текин кино”, деб қўйди.
Шокир уч ошнаси билан сўрашиб бўлгач, Тўлқинга яқинлашиб, унинг қўлини олди:
– Ҳа, Тўлқин, омонмисан?
– Омон бўлмай ўлсин бу. Сотволдининг ўрнига шуни олмайдими Азроил, – Мирҳосил ўзи берган саволга ўзи жавоб қайтарди: – Ҳа, олмай тўғри қилади, бундан у ёқдагилар ҳам безор.
– Бировга ўлим тилама.
– Бировга тиламайман, ома бунга тилайман. Эллик йилдан бери тилайман. Бундан олдинроқ ўлиб қолсам, у ёқда ётиб ҳам тилайман. Бор, сўфи, менга ақл ўргатма.
– Яна ўша гапми? Мирҳосил, қўй энди, Пўлат буни кечирган. Ораларида низо қолмаган. Худо ҳам кечиради.
– Ким кечирса кечировурсин. Ома дўстга хиёнат қилган одамни мен кечирмайман. Агар иккаламизни ёнма-ён кўмсаларинг, буни гўрида ҳам бўғиб ётаман.
– Бўлди, ўпкангни бос, – дўстини шу гапи билан тинчитганига ишонган Шокир ўчоқбоши томон қараб, овозини баландлатди: – Обид, жиззани тезлат, ошна, йўлда туз тотмадим. Қорним пиёзнинг пўсти бўлиб кетди.
– Манави кетсин. Худди мижиб, яйиб-ла ташлайман, – деди Мирҳосил хезланиб.
– Ҳеч қаёққа кетмайди, – деди Шокир ҳукм оҳангида. – Бунақа пайтда гинани унутиш керак. Сен “яйиб-ла” қўймасанг ҳам, бараварига етилиб турибмиз. Қани, ўтирдикми, сўфи, бошла.
Мирҳосил бўш келмай, йўлни тўсди:
– Унда ҳов четда ўтирсин якка мохов бўлиб. Менга кўринмасин.
– Бекор айтибсан.
– Домла, қўёвур, четроқда ўтирганим маъқул. Шунинг иси келмасин. Бунга ит бас келмаса, одам бас келолмайди.
Вазиятни юмшатиш учун чекиниши лозимлигини англаган Тўлқин шундай деб ўгирилди. Аммо қай томон юришни билмай каловланди. Шокир уни билагидан тутиб, ён томондаги сўрига бошлаб бориб, ўтқазди. Кейин ўзи Мирҳосилнинг ёнидан жой олиб, тажанг ошнасини совутиш мақсадида тиззасига шапатилаб уриб қўйди. Ўчоқбошидан қайтган Обид шишани Мирҳосилга пинҳона бериб, харажатларни четдаги стол устига ёйиб, гўшт-ёғни ҳафсала билан тўғрай бошлади. Мамасоли дуодан сўнг чой қуйиб узатгач, ҳол сўрашга ўтди:
– Ҳа, домлажон, ҳали бир ҳафта юришинг керак эди-ку?
– Ҳа, шунақа эди. Ома кечадан бери юрак сиқовурди. Уйдан бир хабар олмасам бўлмас, деб келдим. Йўлда Обидни учратиб, тўғри шу ёққа келавердим.
– Зап иш қилибсан. Бизни озгина қўрқитди-да. Ҳозир яхши, – деди Турғун. Яқингинада эшикдан мўралаб келганини айтиб мақтанмоқчи эди, Мирҳосилдан балога қолиши мумкинлигини англаб, бошқа гапирмади.
– Дўхтирнинг каттасини ёнига қозиқдек қоқиб қўйдим, – Мирҳосил энг катта ишни ўзи бажарганини билдириб қўйгач, ўчоқбошида шўрванинг ҳаракатини бошлаб юборган чойхоначига қараб бақирди: – Ҳой, самоварчи бола, қайси гўрда ивирсиб юрибсан, меҳмонга қарамайсанми?
Чойхоначи қўлидаги ўтинни ташлаб, қадамини тезлатди. Унинг яқинлашишини кутмай, Мирҳосил ғазаб ўқларини соча бошлади:
– Сен бола, шайтонга дарс берадиган бўлиб қолибсанми, а?
– Худо сақласин, тақсир, – чойхоначи худди жаллодга рўпара келгандай таъзим қилиб, ҳукмни кутди.
– Худо сақласин, деб юравергин-чи, уриб қолганида дод демасанг, бас. Ҳалигина бизга “Самовархонам бўм-бўш, ҳеч вақом йўқ” деган сенмидинг? Анави сўлтаматларга топилдими?
– Улар эртаматан харажатларини ташлаб кетишувди.
– Бу чўпчагингни катта энангга айтасан. Ўзим чўтир бўлсам ҳам, ақлим путун, кўзларим зийрак. Майли, ҳозир мавриди эмас, кейин атайла келиб гаплашиб кетаман сен билан. Бор, чой олиб кел. Тузукроқ дамла, – Тўлқинни имлаб, қўшимча қилди:
– Анавинга ҳам алоҳида олиб кел. Ома ҳаққини ўзидан оласан, бизларникига қўшмайсан. Ма, манов зормандани ҳам чойнакка қуйиб чиқ.
Чойхоначи шишани олиб нари кетгач, Мамасоли афсус билан бош чайқади-ю, бу мавзуда танбеҳ бериш шамолга қарши қичқириш билан баравар эканини билгани учун Шокир билан суҳбатини давом эттирди:
– Домла, кетганингдан бери ўйлаб ҳеч ақлимга сиғдиролмаяпман. Хўп, ишингга қайтганингга тушундим: уйда зериккансан, мактабинг ҳам чақировриб тинчитмаган. Мактабда сендан бўлак эркак зоти қолмагандир, а? Малака оширай деб ўқишга жўнаганингга ҳайронман-да. Шу ёшга кирганингда малакангни ошириб бўларканми?
– Бўлади. Ўзинг бир ҳадисни айтувдинг: пайғамбаримиз “Бешикдан то қабрга қадар илм изла”, деган эканларми? Ҳали қабрга анча бордир, деб умид қиламан. Бешикда эса… э, сўфи ошнам, ярамни янгилама. Кейинги пайтда юрагим сиқиладиган бўлиб қолган. Биз биров ўлса дарров мотам тутамиз. Беҳуда ўтган кунларимизга ким мотам тутади? Ахир, беҳуда ўтган кун – ўлик кун-ку?
– Домла, нималар деяпсан? Умримиз нега беҳуда ўтар экан? – деди Турғун ажабланиб. – Худога шукур, нонимизни ҳалоллаб едик. Суягимиз қотмай далада кетмон чопдик. Урушга бордик…
– Ҳа… уруш… Мени “Бу одам ўқитувчи, болаларга билим берсин” деб урушдан олиб қолишди. Сенлар кетдиларинг, мен эсам бу ерда хотинлардан уялиб юрдим. Қишлоққа қорахат келган куни дарс ўтолмасдим. Аслида, менам кетворишим керак эди. Ўлиб кетсам, ҳозир бунақа қийналиб юрмасдим…
– Нафасингнинг совуқлигини қара. Сен болларди ўқитдинг. Биздан кўра савобни кўпроқ топдинг. Жаннатига белатинг тайин. Нима дединг, сўфи?
– Ичинг тор сенинг, – деди Мирҳосил гапга аралашиб. – Домла, нега совуқ фикр қилиб қолдинг? Айтовур, сен бекорга минғир-минғир қилмайсан.
– Совуқ фикр эмас. Биз “ақлимиз бутун” деб кариллаб юрамиз. Бировларга ақл сўқаверар эканмизу ома, ақлнинг ҳам кўзлари бўлишини, бу ақл кўзларининг ҳам кўр бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрмас эканмиз. Бировларда ақл кўзи жуда кеч очилар экан.
– Бировларники умуман очилмайди. Лаҳадга ҳам тимирскиланиб кириб боради, –Мирҳосил шундай деб Тўлқин томон имо қилиб қўйди.
Шокир унинг бу киноясига эътибор бермай, фикрини давом эттирди:
– Ўйлаб қарасам, ҳаётда яшашдан мақсад – шу ақл кўзларини очиш экан. Ўзинг вақтида ҳаракат қилмасанг, ҳаётнинг ўзи бешафқатлик билан очиб қўяр экан. Ҳаёт менга шунақа дарс берди. Қариганимда очди бу кўзларни. Қариганимда кўчага чиқишга, ўқитган болаларимнинг кўзларига қарашга уялиб қолдим.
– Буқоқ, домлангнинг ат-батини чимчилаб кўр-чи, нега алаҳсияпти? Сенинг ақлинг путун, ўйлаб кўр-чи, бу бола уяладиган иш қилганми ўзи? Дарсим бор, деб ошхўрликлардан ҳам кечворадиган одам нега ўқувчиларидан уяларкан?
– Ҳайронман, бунинг ота-онаси ҳам, хотин, бола-чақаси ҳам, ошналари ҳам мактаб эди. Домла, ичимизда ўқиб, одам бўлган фақт сенсан, бунақа гапларинг билан юракларни сиқмагин.
Чойхоначи иккита чойнакнинг биттасини Мамасолининг ёнига қўйиб, иккинчисини Турғунга узатди. Турғун аввал чойнакни ушлаб кўрди, сўнг қопқоғини очиб ҳидлади-да, Мирҳосилнинг ёнига қўйди:
– Чўтир, ўзинг қуя қол.
– Тўхта, жизза келсин.
Уларнинг бу қилиғидан аччиқланган Мамасоли жеркиб берди:
– Нафсларинг чукилламай қурсин. Гапини бўлмай тек турларинг, юрагидан тутун чиқяпти. Домла, ақлнинг кўзини топиб айтдинг. Бу қалбнинг муҳрланишига ўхшаган бир гап. Худо бир тоифа одамларнинг қўлларини бўйинларига кишанлаб қўяркан. Улар бошларини эгиб юрарканлару ома тўғри йўлни кўролмас эканлар.
– Ҳа, худди шунақа. Бошқаларни билмайман, ома мен шундай бўлдим. Кечикдим. Камида эллик йилга кечикдим.
– Қиёматда бизнинг эллик минг йилимиз Худонинг бир кунига тўғри келар экан.
– Сўфи, энди ўзинг гапни чалғитмай тур, болалардан нега уялаётганини айтсин, – деди Турғун.
Шокир бу саволга дарров жавоб қайтармади. Ниманидир мулоҳаза қилаётгандай сукут сақлаб, уф тортди:
– Мен болларни хато гапларга ўқитган эканман.
– Нега хато бўлади? – деб ажабланди Турғун.
– “Худо йўқ”, деб ўқитган-да. Мана энди Худо дилидаги қулфни ечибди, – деди Мамасоли маънодор оҳангда.
– Сўфи, сенга тек ўтир, дейилди. Гапир, домла.
– Сўфининг гапида ҳам жон бор. Лекин менинг уятим бошқа ёқда. Мен “Саксонинчи йилларда коммунизм бўлади”, деб болларни ишонтирганман. “Пул бўлмайди, милиса бўлмайди”, деб ишонтирганман.
– Ҳа, сен коммунизмни яхши кўрардинг, – деди Мирҳосил. – Кўчангни ҳам “Коммунизм” деб номлатувдинг. Қайси бир йили лектор келиб: “Ўртоқлар, биз бир оёғимиз билан социализмда, иккинчиси билан коммунизмда турибмиз”, деганида мен ҳазиллашиб “Лектор ука, эҳтиёт бўлинг, бу туришда чотингиз йирилиб кетмасин” деб сендан балога қолувдим.
– Ҳа, энди гапировур. Мен аҳмоқ ўшанда бу ғоянинг белидан қарсиллаб синиб, ўлай деб ётганини фаҳмламабман.
– “Одам маймундан пайдо бўлган”, деб ҳам ўргатгансан, – деди Мамасоли. – Эсингдами, бир куни мен сенга “Ота томондан маймунмисан ё она томонданми”, деб тегишганман.
– “Одам маймундан пайдо бўлган”, деганда… – Мирҳосил шундай деб Тўлқинга ишора қилди, – ановдақаларни назарда тутиб, тўғри айтган. Аслида, ановини ҳайвонот боғига олиб бориб қўйса ҳам бўларди-ку, ома боллар қўрқишади-да. Нима дединг, домла?
– Ҳа, гап сенга, гапировур.
– Яна нимани гапирай? – Бироз сукут қилди, ошналари шоширишмади, давом этишни кутишди. – Екатеринасию Елизаветаларининг тарихини сув қилиб ичиб юборган эдим. Лекин Замахшарий деган улуғ олим ўтганини ўзим ҳам билмаган эканман. Шунинг учун малака оширувчи ўқишга бордим. Болларга ҳеч бўлмаса бир кунгина тўғри, ҳалол дарс берай, кейин ўлсам армоним қолмайди.
Турғун унинг ҳолига ачиниб, бош чайқаб қўйди-да, далда берди:
– Ома оширвординг, ошна. Сен ўзингни айблама, замон шунақа эди.
– Баъзан ўзимга ўзим шундай тасалли бераман. Ома, ўқитувчининг кўзлари кўр бўлса, болларнинг кўзларини қандай очади? Бу саволга ҳам жавоб беришим керак.
– Ҳаҳ, эзвординг-да! – Мирҳосил шундай деб ўзининг тиззасига бир шапати урди. – Мен сенга минг йилдан бери айтаман-ки, кўп ўқийверма, бола, деб. Ўқовриб, ўқовриб, мияларинг пўла бўп қолган. Давлат сенинг қўлингга китоб бериб, шуни ўқит, дедими, сен ўқитдингми, тамом, шу етарли. Нуқул нотўғри гапларни ўқитмагандирсан. Тўғрилари ҳам бордир, а?
– Энди… – Шокир ўзини оқламоқчи эди, Мирҳосил гапиртирмади:
– Бўлди, энди-пендини йиғиштир, бўладиган гапдан гапир: Шожалилни бориб кўрдингми?
– Очиғи… вақт бўлмади.
– Шу-да! – Мирҳосил яна тиззасига шапатилади. – Ошнасини қариялар уйига олиб бориб қўйишибди-ку, бу чала домланинг фурсатлари бўлмабди. Яна “виждон-пиждон” дейди! Э, ўргилдим, сендан!
– Бормай тўғри қилибди, – деди Турғун Шокирнинг ёнини олиб. – Сенам ҳовлиқиб оширворасан. Чолни кўриб, бувам дегансан. Адашгансан. Ўғли олим бўла туриб отасини “Қариялар уйи”га топшириб қўядими?
– Вей, Буқоқ, билмайсанми, ҳамма қилиқ шу олимчалардан чиқади. Буруннинг тагига тўрттагина соч қўйиб олишиб, энам кўрмаган ишларни қилишади. Телевизорда шу кўзларим билан аниқ кўрдим: Тошканда “Қариялар уйи” деган жой борми? Бор. Битта ошнамизнинг оти Шожалил – Шалпангқулоқми? Ҳа. Ўзини танимасам ҳам қулоғи билан қошидан танийман уни. Бунақа шалпангқулоқ билан бунақанги бароқ қош дунёда бошқа одамда йўқ.
– Ўзи телевизорда гапирдими ё фамилиясини айтишдими?
– Тошканга кетатуриб ҳам шуни сўровдинг, дарров унутдингми? Яна эшит: Ёнидаги ўрис чол гапирди. “Яхши яшаяпмиз”, деди. Мен “Шунақа жойда яхши яшамай ўл”, дедим. Бола-чақанг бўлса, ғарибхонада яшайсанми, э сўтак! “Қариялар уйи”миш! Ўлимни кути-иб ётадиган ғарибхона у ер. Кўча-кўйда хорланиб ўлиб қолмаслик учун уч маҳал овқат еб, ўлимини кутиб ётишдан бошқа иш йўқ. Худо бир тишлам нон берса ҳам, бола-чақа билан биллалашиб ейдиган қилиб берсин. Бола-чақанинг ёнида жон бермайдиган бўлсанг, ўлиб ҳам маза қилолмайсан.
Обид иккита ликопчада жизза кўтариб келиб, кичикроғини Тўлқиннинг ёнига қўйиб, каттароғини Мирҳосилга узатди:
– Даклатни оляпсанми, чўтир?
– Сен, ёш бола нарса, эркакларнинг ишига аралашма. Эгнингга шим битганидан буёғига бунақанги доно гапларни эшитмагансан.
– Ол-а, битта кампиршонинг қош-қовоғига олтмиш йилдан бери тикилиб ўтириб, ҳали сен эркак бўлдингми? Айтмоқчи, Чўтир, кеча уйингга бориб сени чақирсам, қайнсинглинг чиқди. Кўриниши ҳалиям қиздеккина-я! Олтмишдан ошмади-ёв, а?
– Ҳа, юракдан урдими, олиб берайинми?
– Раҳмат, ошна. Жон-жон дердим-у, ома бу йил уйланиш плонда йўқ-да. Келгуси ёзгача чидашим керак, шунақа ваъда берганман. Менга қара, шу хотин увол бўлмасин, Обид қувлик билан кўз қисиб қўйиб Тўлқин томон қаради: – Тўқим, ҳали ҳам бевамисан?
– Нима эди?
– Сенга харидор чиқиб турибди. Чўтирга божа бўлмайсанми?
Бу гапни эшитган Мирҳосилнинг кўзлари олайди, худди уриб юборадигандай қўлини пахса қилди:
– Ўчир-е, овозингни! Яна шунақанги шилта гапларни айтадиган бўлсанг, нақ путингни йириб ташлайман. Шунга божа бўлгандан кўра итга божа бўлганим минг марта яхши!
– Жириллама! Сенга божа бўламан, деб ўлиб турганим йўқ, – деди Тўлқин овоз келган томон ўгирилиб. – Ит билан божа бўловур. Ҳар ҳолда бегона эмас, ўзингга қариндошлиги бор.
Бу гапдан ҳузурланиб кулган Турғун пайровни илиб, давом этди:
– Тўқим, озгина хато кетдинг. Итга божа бўлолмайди бу. Отаси “Қариндошдан қиз олма” деб васият қилиб кетган.
Турғуннинг гапидан малолланган бўлса ҳам, Мирҳосил сир бой бермай, кулган бўлди-да, жавобни ҳаяллатмади. Лекин Турғунга эмас, Тўлқинга мурожаат қилди:
– Вей, Тўқим, кўр бўлсанг ҳам балосан-а, бунақанги қопағон итни, – шундай деганича Турғунга ишора қилди: – қаердан топа қолдинг? Мен Бекали бурганинг жиянини етаклаб юрибман, десам, сенинг итингни боқиб юрган эканман-да, а?
– Адашдинг, Чўтир, ишонмасанг думини кўтариб кўргин, бургаларини кўрасан, – Обид ўзининг гапидан ўзи ҳузурланиб, хохолаб кулди. Кулги босилгач, Мамасоли ошналарига дакки берди:
– Бўлди-е, тоззаям айнидиларинг энди.
– Бўпти, айнимасак айнимабмиз. Чўтир, қани, тупукдек-тупукдек қуй, – деди Обид ёшланган кўзларини кафти билан артиб.
– Керак бўлса, ўзинг қуйиб ичовур. Мен қуймайман ҳам, ичмайман ҳам, – деди Мирҳосил чойнакни нари суриб.
Бундан ажабланган Обид ҳам, Турғун ҳам бараварига сўрашди:
– Ҳа, нима бўлди?
Мирҳосил гарданини силаб туриб, кейин бирдан қўл силтади:
– Настраения бузилди.
– Аразлаган гадонинг хуржунига зиён. Буқоқ, бирга оласанми?
– Ҳамма нима деса – менам шу.
– Уялмайсанларми? У ёқда ошналаринг ётган бўлса, юракларингга маишат сиғяптими?
– Домла, менга гапирма, Чўтирдан чиққан ғоя бу.
– Мени рўпара қилма, Боз. Домла, буни маишат демагин, дурустми? Ошнам тузалди, шунинг суюнчисига озроқ олармиз, девдим. Ўзи лик этиб кўтариб келибди. Ма, йўқот, – чойнакни узатиб, Тўлқин томон ишора қилди: – Анавинга бера қол. Заҳрига ичсин. Дўзахга тушишига озгина гуноҳи етмай турган бўлса, белатсиз кира қолади.
– Ўзинг ичовур. Ароққа чўмилиб юрганларингни унутдингми? “Ўлсам ўлигимни ароққа ювасанлар”, деб юрган одам энди фаришта бўпқолдингми?
– Вей, Тўқим, овозингни ўчирасанми ё оғзингни тикиб қўяйинми?
– Бўлди-е, ўрталарингда шу зорманда сарсон бўлдими? Шишага солиб, уйга олиб кетаман. Сўфи, ярмини берайинми, невараларингнинг томоғига кампрес қиласан.
– Ўзингга буюра қолсин. Меникига ҳаром нарса кирмайди.
Обид ароқни шишага қайта қуйишдан олдин “тупукдек” отволиш мақсадида чойнакни кўтариб ўчоқбоши томон юрди-ю, кўчадан ўтиб бораётган Шожалилни кўриб, тўхтаб қолди.
– Ие, ие, эшакни йўқласанг қулоғи кўринади, дейишармиди, а? Ҳой, Қулоқ, анқайма, бу ёққа қараб юравер!
Шожалил овоз келган томон қараб, Обидга кўзи тушиши билан чеҳраси очилди. Сўрида ўтирганлар Шожалилни кўриб, ўринларидан турдилар. Нарда ташлаётган йигитлар эса уларга бир қараб олиб, ўйинларини бепарво равишда давом эттиравердилар. Гамлетнинг пиёлага ароқ қуйиб ичишини кўрган Мамасоли афсусланиб бош чайқади. Мирҳосилнинг эса қошлари чимирилди. Ошналар кўришаётган пайтда бир йигит пайдо бўлиб, айвонда ўтирганлар томон шошилди. Гамлет ўтирган ерида унга қўл узатди. Йигит ўтирмай, сал энгашганича, унинг қулоғига нимадир деди. Гамлет мамнун ҳолда бош ирғагач, унга ароқ қуйиб узатди. Йигит бир зарбда пиёлани бўшатгач, бутун бодрингдан бир тишлашда узиб олиб чапиллатиб чайнаганича бўш ўриндиққа ўтириб оёқларини чалиштириб олди.
Шожалил ошналари билан кўришаётиб, ёшланган кўзларини билинтирмай артди. Аммо Мирҳосилнинг зийрак нигоҳи буни илғади:
– Ҳа, ошна, нима бўлди?
– Кўзимни сал шамоллатибман, шекилли.
– Азалдан нозиксан, сен бола. Ёнингдан пашша учса ҳам шамоллаб қоладиган сортидансан, – деди Турғун.
– “Қариялар уйи” совуқдир-да, а? Шабадароқ ерда эканми? – деди Мирҳосил жойига чиқиб ўтирар экан.
– Нима деяпсан, тушунмадим? Қанақа қариялар уйи? – Мирҳосилнинг рўпарасидан жой олган Шожалил унинг ўткир нигоҳига дош беролмади: – Кўзларинг худди ўқланган тўппончага ўхшайди-я, тепкини боссанг тамом, – деб гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди.
– Қулоқ, сен гапни айлантирма. Хоҳласанг, хоҳламасанг ҳозир тепкини босади. Зап келиб қолдинг, қонингга ташна бўлиб ўтирувдик, – деди Турғун ҳозир бошланажак довулдан хабар бериб.
– Ҳа… кўрибсанлар-да. Хўш, нима бўпти? Қариялар уйида яшаш гуноҳми? Давлатга хўп хизмат қилдим, энди давлат ҳам мени боқсин-да!
– Боқадиган давлатингдан айланай сенинг. Фақат боқарканми ё уйлантириб ҳам қўярканми? Ит қарамайдиган баришналар бордир ўша уйингда? – деди Обид.
– Шожалил, бизларам давлатга хизмат қилганмиз, бизларни ҳам олиб бор ўша уйингга. Давлат бизларди ҳам боқсин, – деди Мамасоли.
– Сўфи, сен ўзингни тиқиштирма, – деб Мирҳосил уни қайириб ташлади. – Сени мачит боқади. Давлат манавиндақа сўлтаматларни боқади.
– Менга бунча осилиб қолдиларинг? Пўлатга нима бўлди, тузукми?
– Ҳали сенга осилганимиз йўқ, осилмаймиз ҳам. Аксинча, сени осамиз. Аввал ўша олимча ўғлингни шахсан ўзим тумруғидан осаман. Бутун қишлоқ томоша қилиб туради. Керак бўлса, дилбизорда кўрсаттираман. Бемеҳр ўғилга қандай жазо берилишини одамлар кўриб қўйишсин. Шундан кейин эна-оталарини хўрлайдиганларни топиб битта-битта осавераман.
– Катта кетма, Чўтир, ҳаммасини осишга умринг етмайди, – деди Мамасоли.
– Етади. Худодан сўрайман. Бемеҳр фарзандларни осиб қуритмагунимча ўлдирмай тур, дейман…
Турғун ошнасининг нафас ростлашидан фойдаланиб, Шожалилга бошланган ҳужумни давом эттирди:
– Қулоқ, сен Мирҳосилдан ранжима. Аччиғи чиққанича бор. Ўғлинг олиб бориб қўйган бўлса ётовурдингми аммамнинг бўзагига ўхша-аб. Хом ошқовоқни ишлатмадингми? “Бу ерда ётишим – ошналаримга иснод, ошналарим энди бош кўтариб юролмай қолишади”, деб ўйламадингми? Қишлоғимиздан шу пайтгача бирорта бузуқи чиқмаган, битта ўғри чиқмаган. Чиқса ҳам унча уялмас эдик. Чунки бундақалар ҳамма ердан потраб чиқиб ётибди. Ома ён-атрофдаги биронта қишлоқдан бир пайтавафаҳм чиқиб “Қариялар уйи”га бориб ётгани йўқ. Бизнинг улфатга ўхшаган улфат бу яқин атрофда йўқ. Сени бир бало қилиб бўлса ҳам боқиб олардик.
– Тўғри айтдинг, жуда боқолмасак, поезднинг тагига ташлаб қутулиб қўя қолардик. Ё бўлмаса, битта бойроқ кампирга уйлаб қўярдик, ўзи эвлаб оларди сен туршакни.
– Ана, қўшмачимиз ҳам тайёр. Ома Чўтир чиндан осадиган бўлса, арқонни ўзим-ла эшиб бераман.
– Оғайнилар, сизлар тушунмаяпсизлар…
– Ҳали биз тушунмайдиган ҳам бўпқолдикми? “Қариялар уйи”нинг карам шўрвалари ақлингни пешлаб юбордими? Менга қара, Қулоқ, манов Тўқимни кечиришимиз мумкин. Ома, сени кечириб бўлмайди. Тўқим битта Пўлатнинг ўзига хиёнат қилувди, сен ҳаммамизга хиёнат қилдинг. Билиб қўй, ўша ёқда ўладиган бўлсанг, ўғлинг бу ёққа савлат қилиб кўтариб келмасин. Бу ерда жой йўқ сенга, пойтахтига кўмаверсин. Домла, тўғри гапиряпманми? Сен ҳам бир нима де.
– Чўтир икковинг сайрай бошласаларинг, бу ёқдагиларга навбат тегармикин? Сенларнинг жағларингни Худо резинкадан яратган, безразмерний, – деди Мамасоли танбеҳ оҳангида. Унинг жиддий гапини Обид ҳазилга бурмоқчи бўлди:
– Ўрисча қўшмай гапир, сўфи, ато намозингни Худо принимат этмий.
Вазият жиддийлиги учун пайров давом эттирилмади. Суҳбатга чорланган Шокир томоқ қириб қўйиб, гап бошлади:
– Ҳар ҳолда, яхши иш бўлмабди. “Қариялар уйи” ҳеч кими йўқ чорасиз одамлар учун ўйлаб топилган. Мана, масалан Сотволди борса айби йўқ эди.
– Домла, ўйлаб гапир, нима учун Сотволди бораркан? – деди Турғун.
– Мен мисол учун айтяпман.
– Мисол учун ҳам айтма. Сотволди виждонли одам эди. Одам ўлса виждони ҳам қўшилиб ўлади, деб ўйлайсанми? – деди Мамасоли Турғунни қўллаб.
– Бу Қулоқнинг Сотволди бўлишига минг қовун пишиғи бор, – деди Мирҳосил тўнғиллаб.
– Ҳали мен виждонсизманми? – шундай деб ўрнидан туришга ҳаракат қилган эди, ёнида ўтирган Обид енгидан тортиб, қимирлатмади.
– Жирилламай тек ўтировур, – деди Турғун ҳужумни давом эттириб: – Сен икки марталаб виждонсизсан. Исбот қилиб берайинми? Биринчи виждонсизлигинг – “Қариялар уйи”га боришлигинг. Домла “чорасизликдан” дедими? Йўқ, домла, сен тўғри айт: виждонсизликдан борилади. Дунёда одам ёлғиз қолиши мумкинми? Бола-чақаси ўлиб кетган бўлса, ёки қарамай қўйган бўлса, ошна-оғайнилари ҳам қолмайдими? Мен бу хунасага кунда бир коса овқат топиб бера олмайманми?
– Гап овқатда эмас.
– Энди тўхта, домла, – деди Мирҳосил. – Сайрасам сайраб олайин: қайси бир йили райком Сотволдига текинга мошин бермоқчи бўлди, эсларингда, а? Ҳаммамиздан кўра Сотволди ҳақлироқ эди. Ордени ҳам кўп эди. Ома олмади ўша текин мошинани. Гаплари эсларингдами: “Мен етим ўсганман, етимлик нималигини биламан. Давлатнинг сағирлари бор, шу мошиннинг пулига сағирларини яхшироқ боқсин. Урушдан тирик қайтишимнинг ўзиёқ менга бир бахт. Мен текин мошин оламан, деб уришмаганман. Урушда жонимни сақлаб қолган Худо пешона теримга ҳам бирон нима берар”, деган эдими? Ҳа… ома… ўша мошинни сен олдинг, Шалпангқулоқ. Олдинг-у, “Ўғлим билан яшайман”, деб шаҳарга жўнавординг. “Қишлоғимиздан битта олим чиқибди”, деб индамадик. Ўғлингга ота эмас, ўша мошин керак эди.
– Ўша мошин турибдими ё сотиб юбордиларингми? – деб сўради Турғун пичинг оҳангида.
Шожалилга бу савол кутилмаган бўлгани учун сал довдиради:
– Тур…гандир… Ҳа, турибди, неварам минади.
– Турган бўлса яхши. Чўтир, ўғлини ўша мошинга қамаб ёқиб юбориш керак.
– Суф-е, гап деб гапироврасанларми! – деди Мамасоли аччиқланиб. – “Сотволди”, дейсанлар, “виждон”, дейсанлар… Сотволди тирик бўлганида, бунақа кариллай олмасдиларинг. Оғизларингни ўзи ёпиб-ла қўярди. Сотволди ўлиб кетди, Пўлат бу ёқда. Тахт сенларга қолдими энди? Пўлат ҳам ўтгудай бўлса, Чўтир, жўрабошилик сенга қолади, ана ўшанда истаганингча кариллайверасан.
– Совуқ нафас қилма, нега мен жўрабоши бўларканман?
Уларнинг тортишувини диққат билан эшитиб ўтирган Тўлқин “бу тилни ейдиган ит ҳам ўладиган бўлди”, деб қўйди. Паст овозда гапирган бўлса ҳам, Мирҳосил эшитди, лекин чалғимаслик учун унга жавоб қайтармади. Ўқрайиб қараш билан кифояланиб, гапини давом эттирди:
– Бир куни Сотволди бозорга тушиб сабзи олиб чиқибди. Хотини қараса, бу сабзини мол ҳам емайдиганмиш. Хотини “Нега ириган сабзи олдингиз?” деса, “Ахир, мен олмасам бошқа ҳеч ким олмайди-да”, дебди.
– Боғча қурилишини айтгин, – деб уни қувватлади Турғун. – Хотини овқат қилиб қўйса, қурувчиларга олиб чиқиб берарди.
– Ўзинг айт, Қулоқ, сен шундай қила олармидинг?
– Ўзларинг-чи?
– Биз ҳам қилолмасдик. Шунинг учун Сотволдининг виждонини гапирсак, сен тек ўтировур.
– Шожалил, сен бу ошналарингдан ранжима. Бу партизанларнинг қўлларига милтиқ бериб “От!” дейилса бас, “Кимни отай, нимага отай?” деб суриштирмасдан тепкини дангал босиб юборишовради. Ўғлингни “осамиз, ёқамиз”, дейишлари бекор. Ўғлингда айб йўқ.
Шокирнинг бу гапи Шожалилга мойдек ёқиб, чеҳраси сал ёришди:
– Ҳа, гапир, домла, гапир. Бу пандавақилар нима дейишаётганларини ўзлари ҳам билишмайди. Гитлерга ҳам беш кетмайман баъзан. Шунча уруш қилиб, шунча пул сарфлаб, шу икковига қолганда иккитагина ўққа хасислик қилса-я! Иккови тузукроқ бўлса ҳам майли эди: биттаси чўтир, биттаси буқоқ. Бир кўрсам кўнглим айниб, ўн кун овқат еялмай юраман. Домла, қўй буларди, нима деятувдинг?
– Ўғлингда айб йўқ, дедим.
– Эшитиб қўйларинг, ҳов…
– Ҳа, ўғлингга даъво йўқ, ҳамма айб ўзингда! – Шокирнинг бу гапидан кейин Шожалил бир бўзарди. Унга осилаётган икки ошна юзларини мамнунлик ели силаб ўтди. Шокир бу ўзгаришларга парво қилмай давом этди. – Сен, энг аввало, бола тарбиясида янглишгансан. Биз ёшларни ёмон дейишга ҳақли эмасмиз. Улар қандай ёмонликни одат қилишган бўлишса, осмондан эмас, ўзимиздан олишган-ку? Улар бизлардан яралдиларми, ахир, одобни, қандай яшашни бизлардан ўргандиларми. Осадиган бўлсак, аввал ўзимизни осайлик, ёқадиган бўлсак, аввал ўзимизни ёқайлик. Агар ўғли ёмон бўлса, фақат Шожалил эмас, мен ҳам, сенлар ҳам айбли. Ошнамиз, деймиз, ака-укамиз, деймиз, оғиз-бурун ўпишамиз, маза-бемаза ҳазиллар қиламизу жиянимиз қандай ўсяпти – билмаймиз.
– Домлажон, сен осмондан туриб гапирма, эсингдами…
– Турғунбой, қўй ошнажон, вақт кўмиб юборган нарсаларни кавлаб чиқарма. Бўлар иш бўлган. Қариялар уйида беш-ўн кун ётгандир. Мана, бурнига сув кириб, қайтиб келибди. Ўзининг уйида яшовради, сенларам ўша бир коса овқатларингни чиқароврасанлар.
– Чўтир, каллага зўр фикр келди, – деди Обид мактаб боласи каби қўл кўтариб.
– Қайнсинглимни бунга тиқиштирма. Мен энди бунга божа бўлишдан орланаман.
– Яна бошлаяпсанларми! Қани, турларинг, маза-бемаза гаплар айтовриб, исқиртларинг чиқиб кетди. Шом кирмасидан сойга тушиб, бет-қўлларни ювайлик. Енгил тортамиз. Бирга намоз ўқисак, Пўлатни дуо қилсак савоб бўлади.
– Э, бормисан, Сўфижон, индамасанг буларинг дунёни дўзахга айлантириб юборишади, – таклифдан мамнун бўлган Шожалил биринчи бўлиб жойидан жилди.
Бармоқ излари ҳар хил бўлганидек, туйғулар ҳам бир хил эмас. Шунга қарамай, бу улфатларнинг қалблари меҳр занжири билан боғланган, занжир ҳалқасини фақат ўлимгина узиши мумкин эди.
Мирҳосил ҳам туриб, сўридан тушди-ю, аммо уларга эргашмади.
– Юрмайсанми? – деди Мамасоли.
– Мен сенларга ўхшаб ювуқсиз эмасман. Менинг бет-қўлларим топ-тоза.
– Бунинг бетларини ҳалиги… божалари ялаб қўйишган, – Обид кулганича ўчоқбоши томон юрди.
– Шунақанги ҳафсала билан ялашган-ки, яловриб-яловриб арининг уясидай ўйдим-чуқур қилиб ташлашган.
– Вей, Қулоқ, сенга аския айтишди ким қўйибди, сен сойингга тушовур. Орол денгизидай келадиган қулоқларингни ювишга бу сойнинг суви етармикин?
Мирҳосил шундай деганича сўри яқинида ёлғиз ўзи қолди.
Оқшом уфқ ортига аста судрала бошлади. Кечки шабада умри тугаётган баргларни тортқилаб шивирлайди. Гўё бу барглар видо қўшиғини айтишади… “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деганларидай Мирҳосил табиатнинг бу ажиб манзарасига парво ҳам қилмайди.
– Мирҳосил, сенам тушсанг бўларди, сал ҳовуринг босиларди. Бугун чап томонинг билан турганмисан, одам зоти кўзингга хунук кўриняпти, – деди Тўлқин.
Мирҳосил нишини кимга санчишни билмаётган гаранг ари ҳолида турганида Тўлқин тилга кириб, бу нишга ўзи рўпара бўлди:
– Одам зоти дедингми? Йўқ, адашдинг, – деди Мирҳосил унга яқин келиб. – Одам зоти кўзимга ҳечам хунук кўринмайди. Ома одам кепатасидан чиққанларга тоқатим йўқ. Биринчи галда сенга, Тўқим. Феълимнинг айниши учун чап томоним билан туришим шарт эмас, сени кўрганимнинг ўзи етарли.
– Ҳадеб кариллайверма, сенга ёмонлик қилмаганман.
– Агар Пўлатнинг ўрнига мен қамалганимда, қутилиб чиққан кунимоқ сени бўғардим. Пўлатни олиб кетишганда, рости, сени ўлдирмоқчийдим, шу боллар йўлимни тўсишди.
– Ўлдировурсанг бўларкан, мени бу азоблардан қутқарардинг. Бир лаҳзалик қўрқоқлигим учун Худо мени бир умрга жазолади.
– Сен ўшанда ўлимдан қўрқдингми?
– Йўқ… – Тўлқин чуқур уф тортиб сукут сақлади. Кейин аламли овозда деди: – болаларимнинг етим қолишидан қўрқдим.
– Иккови бир эмасми?
– Мирҳосил… сўкасанми, урасанми, ўлдирасанми, майли, ҳақинг бор, сендан ранжимайман. Сен-ку, сен… мен ўзимни ўзим кечиролмайман. Қанча тунларни уйқусиз ўтказаман. Ҳеч кимга билинтирмай… йиғлайман. Пўлат чиқиб келганда сенлар қувондиларинг. Уни эсон-омон кўриб шодландиму ома сенларга ўхшаб сиртимга чиқара олмадим. Кўкрагимни муздек ерга бериб ётдим. Ер шундайгина ёрилса-ю, бағрига ола қолса, дедим.
– Хоинлардан ер ҳам безор, бағрига олмайди.
– Безорми… барибир, олади бағрига.
– Шармандалик юки билан кирасан. Урушда пошистлар “Бу – партизан”, деб тахтага ёзиб, бўйнига осиб қўйиб кейин отишган. Агар мендан олдин ўлсанг, уйингга бориб, кафанингга “Бу – хоин” деб ёзиб қўяман.
– Чўтир, бунчалик бешафқат бўлмагин. Ҳар ҳолда, биз бегона эмасмиз. Бутун умрим хоинлик билан ўтмади-ку? Бир мартагина адашдим. Болалигимиз ҳурмати, бунча қийнама, ошна.
– Болалигимизни тек қўй. Болалигимиз оппоқ дастурхондай бўлиб қолган. Энди ифлос оёғинг билан босма уни.
Мирҳосилнинг кескир қиличдай сўзларига кўникиб кетган Тўлқин жавоб қайтармай, соғинч оҳангида, худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай деди:
– Мен кўп эслайман. Кўчаларда соққа қувишларимиз…
– Ўша ўйинда ҳам ғирромлик қилардинг.
– Унда ҳаммамиз ғирромчи эдик. Ома дилимиз беғубор эди. Сен чечак билан оғриганингда энанг “юқиб қолмасин”, деб бизларни ҳайдардилар. Биз барибир ёнингга келоврардик. Буқоқ сариқ билан оғриганида…
– Ҳа, райсентргача опичиб олиб боргансан. Ҳали ҳам миннат қилиб юрибсанми?
– Миннат учун айтаётганим йўқ. Сариқни тузатиш учун қонни алмаштириш керак, деб эшитиб ҳаммамизнинг қон топширгани борганимизни эслатмоқчийдим. Қон эмас, жон дейилса, жонимизни ҳам топширардик ўшанда. Шунақа аҳил эдик, беғубор эдик… оппоқ дастурхон деганинг ўринли.
– Биз ҳозир ҳам шундаймиз. Фақат сен бўлакчасан.
Ўзаро гап талашаётган қариялар айни чоғда гўё дарёнинг икки соҳилида турарди, аммо умрлари бир дарё сувида оқиб бораётганини, мавжлар елканлари титилиб кетган кемаларини бир манзилга етказиб боражагани ўйлаб кўришмасди. Тил заҳридан юраги яраланган Тўлқин чуқур уф тортди-да, ҳазин оҳангда давом этди:
– Бўлакча эмасман. Ҳозир Пўлатнинг ўрнига жонингни бер, дегин…
– Қўй, Тўқим, жонинг ўзингга буюрсин. Бунақа мардликни ёшликда қилиш керак. Эрта-индин ўладиган жонинг кимга керак?!
– Қаҳринг мунча қаттиқ, Чўтир? Мусулмон мусулмоннинг айбини уч кундан кейин кечвориши керак экан.
– Шунақа гапларни ҳам биласанми? Сўфи ўргатдими, дейман? Сўфидан сўра-чи, хиёнатчи ҳам мусулмонга кирармикин? Хиёнатчини уч кун кечиришмас, уч кун ичида ўлдирвориш керак.
– Хиёнат деёвриб ҳам жонимни олдинг-да!
– Уч кундан кейин кечириш керак, деб мана бунақа, – Мирҳосил Тўлқиннинг кўзи ожизлигини унутиб, нарда ўйнаётганларни ишора қилди, – ёшларди расвои жаҳон қилдиларинг. Дўстни сотвориш буларнинг ош-овқати бўлиб қолди. Ким нима деса деёвурсин, менинг гапим битта: хиёнат сира кечирилмаслиги керак. Хиёнатчиларнинг мозорини ҳам бўлак қилиб қўйиш керак. Ўтган-кетган шу мозорга қараб тупуриб ўтсин. Сен дўстга хиёнатни кичкина гап деб ўйлаяпсанми? Йў-ўқ, Тўқимбой, бугун дўстга хиёнат қилган эртага Ватанини ҳам сотворади. Индинга Худони бозорга солишдан ҳам қайтмайди.
– Сен кечирмасанг кечирмагину ома мени унақаларга тенглаштирма. Орадан эллик йил ўтди-я!
– Ана кўрдингми, сенсиз эллик йил улфатчилик қилибмиз. Сенсиз яна эллик йил бемалол яшашимиз мумкин экан.
– Ҳа… тил сеники, гапиравер, ошнам. Йиллар бўйи дилимни оғритаверишингга кўникиб қолганман, аммо улуғ ёшга етиб феълинг ўзгармаганига ажабланаман, холос.
Қатлама йиллар оралиғига ўтмиш хотиралари чўкиб кетгандай бўлгани билан қат-қат кунларнинг орасида нақшланган излар ўчмайди. Ўтиб кетган вақт ғилдирагининг поёнсиз чуқур изидаги афсуслар ҳам ўчмайди… Довулли кунлар ўтади, зулмат тунлар ҳам ўтади, бироқ излар мангу қолади. Тўлқин буни билади. Билгани учун ҳам бу ошнаси билан астойдил олиша олмайди…
Мирҳосилнинг сойга тушмай қолишидан мақсади, Тўлқин билан гап талашиш эмас, унга айвондаги йигитларнинг ўтириши ёқмаётган, иложи бўлса, уларни йўқотишни фикр қилган эди. Тўлқин билан гаплаша туриб у томон дамо-дам қараб, фикри қатъийлашди. Кейинги гапини гапира туриб, уларга баралла тикилиб қолди.
– Тўқим, сен минғирлаб, мен бақириб, барибир муросага келолмаймиз. Тек ўтировур. Сиқилиб кетаётган бўлсанг, уйингга жўна. Келганингни Пўлатга айтиб қўярмиз.
Тўлқин унинг талабига жавоб бермади. Даҳанини асога тираб ўтираверди. Мирҳосил эса қандай чора кўришни билмай тикилганича туриб қолди. Гамлет унинг бу туришидан хавотирланиб, соатига қараб олди:
– Вақт бўлиб қолибди. Ну, нима қилдик, Жокер, старё кетадиганга ўхшамайди.
– Қўявер. Буларнинг ўтириши менга ёқяпти, – деди учинчи йигит, – мент адашиб келиб қолса, буларни кўради-ю, бу ёққа ўтмайди. Кечаси билан ўтиришса ҳам, майли.
Жокер унинг гапини қувватлади:
– Менам шунақа деяпман.
– Эсингдан чиқарма, – деди учинчи одам Гамлетга тик боқиб. – Бошқа нарсаларга алаҳсимай, оқ қўлқопнинг бармоқларидан кўзингни узмайсан. У қишин-ёзин бекорга қўлқоп киймайди. Бармоқларини аяйди, хунаса. Бир балони сезади бу бармоқлари. Агар ютадиган бўлса, индама, ютаверсин. Лекин катта тушма, ҳовлиқма, – Гамлет “маъқул” ишорасини қилгач, у Жокерга қаради. – Одамларинг тайёрми?
– Тайёр. Ўша бурилишда кутишади. Пишиқлаб қўйганман.
– Ўлдириб қўйишмасин тағин. Пулни олиб, панжасини эзиб қўйишса бўлди, а?
– Худди шунақа бўлади. Аввал сизни сал-пал папалашади, кейин унга ўтишади.
Ғоз юриш билан яқинлашаётган Мирҳосилга кўзи тушган Гамлет шерикларини паст овозда огоҳлантирди.
– Полундра! Старё келяпти, – шундай дегач, қўлидаги тошни тахта устига ташлади-да, овозини кўтарди: – Ваҳ! Олтига-олти! Бўлди, тамомсан, йиғиштир, – худди Мирҳосилнинг яқинлашганини тасодифан кўриб қолгандай у томон қаради: – Келинг, бобой.
– Вей, “бобой” деганинг нимаси, а? Танглайингни қайси татар домла кўтарган. Боя бир айтдинг, индамовдим.
– Энди бу модний-да, бизлар городской бўлсак…
– Э, городскойингга урайин сени.
– Қани, бобой, ўтиринг, плиз, – деб учинчи йигитнинг ёнидаги бўш ўринни кўрсатди.
– Яна “бобой” дейди-я!
– Тоға, бу боланинг тилини қарға чўқиган, парво қилманг, ўтиринг, пича дам олинг.
– Ҳа, тоға, плиз, чой чақирайми, ё оқсоқолдан юзтагина оласизми? Бел бақувватми, чоғингиз келадими биз билан олишга.
– Чоғимми? – Мирҳосил қошларини чимириб, унга ғазаб билан тикилди: – Уйда мишиғингни отанг артармиди ё ўзинг артадиган бўп қолганмидинг? Қани, қуй-чи. Тўлдириб қуй, ҳа. Энди ўзингга қуй. Қани, отдик! – Бир кўтаришда ичиб, “куф” деб қўйди-да, Гамлетга қаради: – Ҳа, омайсанми?
– Биз бунақа дикийчасига олмаймиз. Бўлиб-бўлиб оламиз. Ичишнинг ҳам культураси бор.
– Э, культурангга урайин сени, оласанми ё йўқми?
– Гамлет, арининг уясини кавлаб қўйдинг, ол энди, гапингга отвечать қил, – деди учинчи йигит шеригига танбеҳ бериб.
Гамлет норози қиёфада афтини буриштириб қўйиб, пиёлани кўтарди. Ичаётиб қалқиб кетган эди. Мирҳосил заҳарханда қилди:
– Иликларинг бўш сенларнинг. Биз Ленинград қамалидан чиқаётганимизда…
– Бобой, бобой, пожалуста, политикани қўйинг. Биз отдихга келганмиз, – деди Гамлет лабини кафти билан арта туриб.
– Шунақами?! – Мирҳосил ғазабини яширмай, унга қаттиқ ўқрайди: – Бўлмаса, яна биттадан қуй.
Гамлет Мирҳосилнинг пиёласига қуйиб, ўзиникини сал четга сурди, унинг бу қилиғи қарияга ёқмади:
– Ўзингга-чи?
– Мен пас, ичмайман.
– Ичасан.
– Зўрлашни закўн кўтармайди, бобой, э, узр, тоға.
– Баққа ол! Э, йигит бўлмай кет сен!
Шишани тортиб олиб, Гамлетнинг пиёласига тўлдириб қуйиб узатди. Гамлет бўйин товламоқчи эди, учинчи йигитнинг бош чайқаб қўйганини кўриб, ноилож олди. Мирҳосил унинг ичишини кутмай, гапини давом эттирди:
– Биз Ленинград қамалида неча кун бўлганмиз, биласанми? Билмайсан. Оч қолганларимизни ҳам билмайсан.
– Илтимос, тоға, политикани тўхтатинг. Терпениям до предел бўлди.
– Мен сенга Ленинград қамалини гапиряпман!
– Менга бу политика абсолютно керакмас.
Гамлет илкис айтиб юбормади, билиб гапирди. Ўйинлардан тинкалари қуримай, ишратлардан безмайдиган, овозларидан ҳеч маҳал ҳорғинлик сезилмайдиган бу йигитларни уруш фожиалари, одамларнинг аламли тақдирлари мутлақо қизиқтирмас эди. Бу лоқайдлик, бу бемеҳрлик билан муроса қила олмайдиган Мирҳосилнинг вужудини ғазаб алангаси қамраб олди:
– Шунақами?
Ғазаб ўтида қоврила бошлаган Мирҳосил қўлидаги ароқни унинг башарасига сепди-да, пиёлани стол устига ташлаб, шу заҳоти йигитнинг ёқасига чанг солди. Йигит ўзини ҳимоя қилишга улгуролмай ҳам қолди:
– Пошистни қандай бўғганимни кўрсатиб қўяйин, кейин биласан, ниманинг абсалутна керакмаслигини!
Гамлет қариянинг чўяндай қаттиқ чангалидан қутилишга уриниб, типирчилай бошлади. Жокер эса “Ўлдириб қўймасин!” деган хавотирда Мирҳосилни қучоқлаб олиб, четга тортмоқчи бўлди. Учинчи йигит қариянинг билагига осилди. “Бу оламнинг зўрлари бизмиз”, деб керилиб юрувчи уч йигитнинг ҳаракати бу қарияга чивиндай ҳам таъсир қилмади. Чойхоначининг ёрдамга келиши ҳам фойда бермади. Агар сойдагилар чиқиб келиб, аралашишмаганида типирчилаётган йигит масаласи ҳал бўлиши аниқ бўлиб қолган эди. Ғазаб оташида ўзини йўқотган Мирҳосил уни худди фашистни бўғгандай бўға бошлаган эди.
Мирҳосилни ажратиб олишгач, уч йигит шошганича ичкарига кириб кетди. Мирҳосил ҳам улар кетига тушмоқчи эди, ошналари бўшатишмади. Қафасдаги шер ҳолига тушган қария аламини кимдан олишни билмай, қўрқувда турган чойхоначига қараб заҳрини сочди:
– Сен хунаса, самовархонани шунақаларга макон қилиб қўйдингми? Мен ҳали буларди уруғларини қуритаман.
– Ундай деманг, тақсир, ким келса самовархонанинг эшиги очиқ. Дам ундай, дам бундай одамлар келишади-да.
– Ҳе, ўша очиқ эшигингга…
Мирҳосил бўралаб сўкишни бошлади-ю, авжига чиққанида бирдан тўхтаб, кўча томон қараб қолди. Бошқалар ҳам ўша томон ўгирилишди. Адолат билан Телманнинг кириб келиши барчаларини ҳайратга солди. Шифохонага қараб бораётган Адолат қарияларга кўзи тушиб, чойхонага бурилди. Уларга яқинлашиб, гўё ниманидир текшираётгандай бир-бир қараб чиқиб, кейин саломлашди:
– Салом, йигитлар.
– Ие, Адол, ўзингмисан? – деди Турғун ажабланганини яширмай.
– Ҳа, ўзимман.
Қисқа саломлашишдан кейин орага тушган сукутни Шожалил бузди, Адолат томон бир қадам ташлаб, қўл узатди:
– Салом, яхши қиз. Келинг, нечук?
– Пўлатнинг тоби қочиб қолганмиш, деб эшитдим.
– Шуни эшитиб атай шаҳардан етиб келдингми, а? Қайдан эшита қолдинг? Биз шу қишлоқда туриб энди билдик. Сен шаҳарда туриб эшитибсан-да, а? Манов ким, ўғлингми?
– Ҳа, ўғлим, танидингми?
Даврага яқинлашган ўғилнинг олазарак нигоҳи йигитлар қолдириб кетган шишага тушиб, қотиб қолган эди.
– Танишга танидим, ома ўғлинг соқов бўпқолганми, дейман?
– Нега? Ҳа… Телманчик, амакиларинг билан дарров саломлаш.
Телман кўзини шишадан узмай “Салом”, деб қўйди. Турғун норози нигоҳини йигитдан узмай яна сўради:
– Адол, бу кимнинг ўғли?
– Меники, дедим-ку?
Телман бу савол-жавобга аҳамият бермай, даврани четлаб ўтиб, столга яқинлашди-да, пиёлага ароқ қуйиб ичиб, ўриндиққа ястаниб ўтириб олди. Бу қилиқдан ғашланган қарияларнинг ҳар бири унинг бетига шапалоқ туширишга тайёр бўлса-да, ўқрайиб қўйиш билан чекланишди. Турғун ғазабини ичига ютиб, бошлаб қўйган савол оқимини давом эттирди:
– Ҳа, энди ярми сеники экани аниқ, қолган ярми-чи? Отаси ким, дейман?
– Ҳа, энди билмай қолдингми? – деди Адолат чимирилиб. – Отаси – Пўлат!
– Бунинг туғилганида Пўлат қамоқдамасмиди? – деди Шожалил.
– Яна эски пахтани чувяпсанларми? Ўзинг ким бўпсан-ки, сенга ҳисоб берсам? Пўлат қамоқдалигида уни икки марта бориб кўрганман. Боланинг отаси кимлигини ўзи яхши билади.
– Тўйда туғилган болага – “Тўйчивой”, йўлда туғилганга – “Йўлчивой” деб исм қўйилади. Унда сеники “Турмавой” бўлиши керак эди. Ҳали ҳам “Телман” деб юрибсанми?
– Қариганингда сассиқ чол бўласан, дердим, янглишмаган эканман.
Ўчоқбошидаги ишини тамомлаган Обид Адолатни кўриб, шу томон юрди. Аёлга яқинлашмаёқ гапини бошлаб юборди:
– Адол? Ўзингмисан, Адол? Вой-бў… адо бўбсан-ку, Адол? Юзингни торттириб турардинг, нима, пул қолмадими? Сен бунақа юрма, ўзингга қара. Қанақанги жонон эдинг-а!
– Тўғри айтасан, Обид, – деб гапга қўшилди Шокир. – Гўзал қариса, бир фожиа, амалдор гўзал қариса, минг фожиа. Бечорага қийин: ҳам чиройдан, ҳам амалдан ажраган.
– Ў, домла. Шунинг ўзи бўлса гўрга эди. Жонон эридан ҳам ажраса-чи?
Шокирнинг ўрнига Шожалил жавоб берди:
– Баттар бўлсин…
Адолат кўзларидан нафрат учқунларини чақнатиб, худди уриб юборишга қасд қилгандай Турғунга рўпара бўлди:
– Буқоқ, сенга ким қўйибди фалсафа сўқишни, бас қил!
– Адол, бу ёққа қара-чи, – деди Мирҳосил. – Тўқимни танияпсанми, қара, якка мохов бўлиб ўтирибди. Сенинг жазманингни деб ошнасини сотган эди.
– Бунақа гапни сен аҳмоқлар ўйлаб топгансанлар. Ҳеч қачон жазманим бўлмаган менинг. Тозалигимни Пўлат билади. Сенлар сасишдан бошқани билмайсанлар.
– Пўлат шу кунга довур сени бизга тоза деб келди, – деди Турғун. – Биз ҳам унинг кўнглига қараб “Хўп”, дедик. Ома у валдирайверади. Ҳар биримизнинг кўзимиз бор, қулоғимиз бор, фаросатимиз бор. Майли, ўтган иш ўтди, тоза бўлсанг тозадирсан.
– Менга қара, Адол, ўғлинг адо бўпти-ку? – Обид шундай деб Телманга қараб кулди.
Адолат ўғлига яқинлашиб, елкасидан ушлаганича силкиди:
– Ҳа, ичмай ўла-а, шу ерда ҳам искаб топдингми?
– Йигитнинг насибаси кўчада бўлади, мамул, – деди Телман шодонлик билан.
Адолат ҳаракати самарасиз эканидан афсусланиб, Обидга қаради:
– Мени шу куйдириб қаритди.
– Уйланганми, бола-чақа борми?
– Шунга ким тегади, ким чидайди?
– Мен уйланишни ваабше хоҳламайман, – деди Телман қўлини пахса қилиб.
– Сенга қийин бўлибди, Адол. Менга қара, сен бунақа юрма, эрга тег, – деди Обид унинг гапига ҳам, ҳаракатига ҳам парво қилмай. Мирҳосилга бу таклиф маъқул келиб, ошнасини қўллади:
– Боз тўғри айтяпти, ана, Тўқим ҳам бева, икковинг қоронғида топишадиган сортидансанлар.
– Бунга кўнмасанг, ана, Шожалил қулоқ ҳам ғирт бева, нима дейсан?
– Фу, сенлар эр бўлдиларингми ҳали?
– Ўҳ-ҳў, димоқ ҳали ҳам баланд-ку! – деди Турғун ошнасига қараб.
– Баъзилар шунақа кибрли бўладилар. Отдан тушсалар ҳам эгардан тушмайдилар. Ома лаҳадга эгарсиз қўйиладилар, – деди Мамасоли.
– Фу, гапинг қурсин сенинг.
Айтадиганини айтиб бўлган Обид ўчоқбоши томон шошилди. Турғун эса давом этди:
– Адол, қўёвур буларди. Шаҳарда чўрт-пўрт чоллар кўп, ўшаларга теговур. Ома сен бизга бир нарсани айт: ҳойнаҳой, сен Пўлатни кўргани келмагансан. Бу сўлтаматингни ҳам бекорга бошлаб келмагандирсан? Райсентрда юрганингни кеча эшитганман.
– Эшитсанг нима бўпти? Мен қишлоғимни соғиниб келдим. Уйга борсам, қўшнилар Пўлатни касал, дейишди. Домланикига борсам, шаҳарда, дейишди. Домла, ўқиётганмишсанми?
– Ҳа. Энди… сал чаласи боракан.
– Гапни бурма, – деди Турғун жеркиб. – Яна уйнинг дардида келгандирсан?
– Сенга нима куйкилиги тушди? Уй меники, хоҳласам талаб қиламан, хоҳласам тортиб оламан.
– Бекор айтибсан, бу уйнинг битта ғиштида ҳам ҳақинг йўқ. Уй ҳаппаи ҳалол Пўлатники. Биз ўлиб кетганимиздан кейин ҳам арвоҳларимиз сени бу уйга яқинлаштирмайди, билиб қўй.
– Адол, узоқроқ бўлса ҳам қариндошимсан, шунинг учун дангал бир гапни айтай, ранжима, – деди Шожалил. – Ўғлингнинг ароғига пул етмаётган бўлса, биз берайлик. Сен кет бу ердан. Сен ошнамизни бир марта хорлаган хотинсан, энди хафа қилдириб қўймаймиз, ҳа! Касал одамга кўриниб, ярасини янгилама, кет, Адол!
– Бекоргиналарни айтибсанлар! Уйга менинг ҳақим бўлмаса, ўғлимнинг ҳақи бор. Бекор келиб, бекор кетворадиган аҳмоқ эмасман мен.
– Адол, булар билан ўчакишма, тинчгина кета қол, – деди Тўлқин. – Мен эллик йилдан бери булардан кечирим сўрайман. Булар ҳам кечиришмаяпти, Худо ҳам кечирмаяпти. Сени ҳам Худо уриб қўйганга ўхшайди. Қариганингда қишлоқдаги уйни нима қиласан? Гўрингга орқалаб кетасанми? Кет, энди бу ерларга бошқа келмагин.
– Жинни бўпсан! Қишлоғимни кўришга ҳам ҳақим йўқми?
– Энди сен бу ерларга бегонасан.
– Шунақами? Буни ҳали кўрамиз!
Шашт билан юрмоқчи эди, Мирҳосил чаққонлик қилиб, йўлига ғов бўлди:
– Қаёққа?
Йўлидаги тўсиқни бир зарб билан маҳв этиб ўтишга кўзи етмаган Адолат худди кўмак истагандай ўғли томон қараб олди. Шишанинг юқини томчилатиб қуяётган Телманнинг онаси билан мутлақо иши йўқ эди. Адолат чорасизлигини ошкор қилмаслик учун заҳарханда қилди:
– Мен Пўлатни кўришим керак.
– Шу ердан қайтасан. Ана, шеригинг ҳам ўтирибди, ўтолмай.
Телман онасидан кўз узмаган ҳолда ароқнинг юқини ичиб олгач, “Мамул нокаут”, деб кулди. Адолат бу ҳукмни эшитса ҳам эътибор бермай, Мирҳосилни четлаб ўтмоқчи бўлганида Рихсини кўриб тўхтади. Рихси ҳам уни кўриб ажабланганича тўхтади, кейин ўзини қўлга олиб, оғир-оғир қадамлар билан юриб келиб, сал нарида тўхтаб салом берди. Бу ҳолатдан ажабланган қариялар чекиниб, икки аёлни бир-бирига рўпара ҳолида қолдирдилар. Бутунлай четга чиқишга ҳеч бирининг истаги бўлмади.
Адолат саломга алик олмай, Рихсига ўқрайганича турди. Бундан ғашланган Рихси унга тик қарамай, яна сўрашди:
– Адолат опа, келинг…
– Сен ҳам шу ердамидинг? Ҳа… қаерда ҳам бўлардинг… Бу қопағонларни сен боғлаб қўйган экансан-да?
– Унақа деманг, яқингинада эшитиб келишди.
– Пўлатга нима бўлди?
– Юраклари сал…
– Унда юрак борлигини иккинчи марта эшитишим. Бир марта сен юрагидан урувдинг. Мана энди юрагининг мазасини қочирибсан. Нима қилиб қўйдинг ўзи? Ахир, сен… – кўзларини сузиб қараб, пичинг оҳангига ўтди: – яхши хотин эдинг-ку? Тузукроқ қарасанг ўлармидинг?
– Худо берган дард-да, мен нима қила олардим?
– Мени қўйиб сенга уйланса, худди минг йил бахтиёр яшайдигандай эди. Тўкиб қўйибсан-ку? Мен шунақа бўлишини билардим. Шунақа ётганини кўришга орзуманд эдим. Ҳали бундан баттар хор бўлиши керак.
– Ёмон ният қилманг, опа, Худо сақласин!
– Ёмон ният ёқмайдими сенга, ўша пайтда мени ёмонотлиқ қилганларинг-чи?
– Сизни ёмонотлиқ қилмаганмиз. Ўзингиз… мени ўғрига чиқарган эдингиз.
– Тўғри, ўғри эдинг. Сен менинг энг ноёб нарсамни ўғирладинг: сен эр ўғрисисан.
– Йўқ, опа, мен ўғри эмасман. Сиз “ноёб нарса” деяпсиз. Пўлат ака нарса эмаслар. Лекин сиз у кишини нарса сифатида чиқитга чиқарувдингиз. Сизнинг эрингиз Пўлат ака эмас, амал столи эди. Оилангиз ҳам, болангиз, эрингиз ҳам мансаб эди.
– Валдирама. Тилларинг узайиб қолибдими? Сени ишга олиб, одам қилмаганимда юрардинг ўша йиртиқ калишингни судраб. Сен котиба эмас, айғоқчи эдинг. Мен ҳақимдаги ҳамма миш-мишларни сен тарқатгансан. Сени ўшанда қаматмай чакки қилган эканман. Қамоқда чиришинг керак эди.
– Тепамда Худо бор. Шу ёшга киргунимча ҳам тилимни тишлаб яшадим. Сизга отилган таёқнинг бир учи Пўлат акамга тегарди. Шунинг учун кўрганларимни кўзларим ортига яшириб қўяверганман.
– Бўпти, яхши, мен Пўлатни кўриб, гаплашишим керак.
– Дўхтурлар қўйишмайди. Улар рухсат берсалар ҳам мен қўймайман.
– Анави, – Телман томон бош ирғади, – Пўлатнинг ўғли, отасини кўришга ҳақи борми?
– Ҳақи йўқ. Шу пайтгача отасини бир марта йўқламаган ўғил ўғилми?
– Отасининг остонасида бир жодугар бор эди, шунинг учун келолмасди.
– Шунақами?.. – Рихси оғир-оғир нафас олиб, энди унга тик қаради. – Жодугар ҳали ҳам пойлаб ўтирибди, бекор келибсизлар.
Адолатнинг назарида бошидаги бахт тожини Рихси аёвсиз қўллари билан юлиб олиб, ўз бошига қўндириб олгандай эди. Шу боис нафратини сочишдан тийилмади. Қалби тош, меҳр чўғи ўчган, ақл шами ҳам жимгина ўчиб бораётган бу хотиндан яна нима кутиш мумкин?
– Яна бир қайтар: жоду-гар! Чиройли айтдинг. Сен чиндан ҳам жодугарсан. Эримни жоду қилиб олгансан. Пўлат фақат мени яхши кўрарди. Ёшликда берган кўнгилдан ҳозир ҳам кеча олмайди. Сен буни тушуна олмайсан. Сенга нафсни қондиришга бир эр бўлса бўлгани. Мен Пўлатнинг урушдан қайтишини кутдим, қамоқдан қайтишини кутдим… Балки, кутадигани бор бўлгани учун ҳам тирик қайтгандир, а? Ўшанда қанча эр чиқди, тегмадим. Сен юлиб олганингдан кейин ҳам эр қилмадим. Чунки менда юрак бор, муҳаббат бор. Сен бунақа туйғуларни тушунмайсан. Сен эски калишини судраб юрувчи қолоқ хотинсан.
“Гиналарим кўзёшларим сингари беҳудадир”, деб ҳисоблаган Рихси “Тақдирда бор экан-да, таънанинг фойдаси йўқ”, деб яшашга кўниккан эди. Хавотирли юраги қалқиб турган онда Адолатга қарши гап айтгиси келди:
– Тўғри, опа, мен кўп нарсаларни тушунмайман. Ҳозир ҳам ҳайрон бўлиб турибман. Сиз ўзингиз ҳам ишонмайдиган гапга мени ишонтирмоқчисиз. Сиз учун эр ошиқча бир бўйинтуруқ эди-ку? Сиз эркинликни яхши кўрардингиз. Эсингиздами, ажрашганларингиздан кейин “Худога шукур, энди мен эркин қушман!” деб хохолаб кулган эдингиз. Сиз ўшанда учишга кўнгил қўйдингиз-у, бир куни қўнишингизни ўйламадингиз. Сизнинг ичингиз аламу надоматга тўлиб кетган, аммо ёрила олмайсиз. Сиз бу дунёда ҳамма нарсадан айрилгансиз. Аламингиз шундан. Чўкаётган одам хасга тирмашади, дейишади.
Рихси нозик жойдан тутди: ишқ фаслининг ўлчоғли эканини билмаган Адолат чиндан ҳам ўша пайтлар ўзини ғоят масъуд ҳисобларди, ҳолбуки, умрини пуч хаёллар зиндонида ўтказаётган эди. Бу зиндон эшиги қулфлоқлик. Ёпиқ эшик остонасида иблис пойлоқчи эди. Ҳаёти бўм-бўш эканини фаҳм этмас, қулф очқичини топишга уринмасди. Пуч хаёллар зиндонидан озодликка чиққан хотинни нима кутади? Бахтиёрлик йўлини тўсиб қўйганликда айблаб, шум тақдирни лаънатлай-лаънатлай кун кўришми? Азобли охиратга дуч келганида ҳам, айбни бошқалардан қидириб юрибди. Умрини бекорчи ҳаваслар шамолида совуриб қариган хотиннинг қалби уйғонишига, меҳр чашмаси тошиб чиққанига ким гувоҳ бўлган?
Рихси шу пайтгача Адолат билан теппа-тенг олишмаган эди. Уни муте аёл, деб юрган Адолатга кейинги гаплар бетга сочиб юборилган чўғлардек таъсир қилиб, сачраб кетаёзди, унга қаттиқ тикилди: оч нигоҳи қорачиқларнинг ортига яширинган сирларни ковлаб олишга қасд қилгандай эди.
– Нима демоқчисан, Пўлат хасу, мен тирмашувчиманми? Бекор айтибсан. Қўрқма, эрингни сендан тортиб олмайман.
– Уйни-чи?
– Ҳа… сенинг ташвишинг шуми? Кўчада қолишдан қўрқяпсанми? Ақлинг балога етар экан-ку, а? Эримни тортиб олаётганингда нимани ўйловдинг? Уйли-жойли эр топиб тегсанг ўлармидинг? Менга уй керакмас. Лекин шу кераксиз уйни сендан тортиб оламан. Кўчада хор бўлиб юришингни бир кўриш учун ҳам қайтариб оламан.
– Адашяпсиз. Уйсиз хотин хор бўлмайди. Вақтида бошқаларга меҳр-оқибат кўрсатмаган одам хор бўлади. Уйни сотиб олиш ёки сотиб юбориш мумкин, меҳр-оқибат сотилмайди, тиллага ҳам топилмайди. Яна оиласининг қадрига етмаган одам ҳам хор бўлади. Худога шукур, менинг оилам бор. Меҳр кўргизадиган яқинларим бор. Қаранг, ўзингиз билган шу улфатлар бизни кўчада қолдиришармикин? Сиз бу уйни биздан тортиб олинг-чи, ўша дақиқада ҳаммалари уйларини бизга бўшатиб беришади. Сиз бизнинг хорланганимизни кўролмай доғда қоласиз. Бизга хорлик тилагунча Худодан сўранг, опа, ўзингизни хорликдан асрасин. Оила деган неъматни сизга ҳам насиб этсин.
– Мени эрга бермаган фақат сен қолувдинг.
– Оила фақат эрдан иборат эмас-ку?
– Бўлди, бас қил, ақлингни сақлаб қўй. Бошқа жойда асқотади. Қани, нари тур, мен Пўлатни кўриб чиқайин.
Рихси йўлни тўсди:
– Кирмайсиз, уйингизни олсангиз олинг, аммо дадасини ҳозир безовта қилмайсиз.
– Менинг бошқа гапларим ҳам бор.
Адолат шўрлик қалби шу аёл туфайли оёқ ости қилинган, деб ҳисобларди. Ҳа, қалбини “шўрлик” дейиш ҳақиқатга анча яқин. Лекин бунинг Пўлатдан ажралганига ҳеч бир дахли йўқ. Бу қалбда муҳаббат йўқ эди. Унинг шўри шундан… Буни билмайдими? Билади! Фақат тан олгиси келмайди…
Икки аёл орасидаги гап олишувини давом эттиришда маъно йўқлигини англаган улфатлар изларига қайтиб, Адолатни ўраб олдилар.
– Ҳой, Адол, бўлди, хиралик қилма. Кет дегандан кейин кетовур-да. Дардинг уй бўлса, бор ана судга! Судни сотиб олиш қўлингдан келса, уйни ҳам оласан. Ома уйни бузиб, ғиштларини битта-битта ташиб кетасан, – деди Мирҳосил. Бу гап Турғунга маъқул келмай, уни қайириб ташлади:
– Хом гапларни айтма! Уйни бузармиш… Қани, қадам босиб кўрсин-чи! Ҳой, сен Адолмисан ё шоқолмисан, нимасан?
– Ҳали ҳам итликларинг қолмабди. Битта хотинни итдай талашдан уялмайсанларми?
Онасининг бу гапидан сергакланган Телман сапчиб туриб, унга яқинлашди:
– Мамул, ким итдай талаяпти? Скажи, лично ўзим гаплашаман.
– Ҳей, майда қадам, бор, жойингга ўтир, яна яйиб қўймайин, – деди Мирҳосил.
– Как яйиб қўясиз? Мамул, скажи…
– Фу, противний. Бор жойингга, сами разберемся.
– Мамул, ти только скажи, мен буларни как лепешка қилиб ташлайми?
Ўчоқбошидаги ишини тамомлаган Обид йигитнинг бу қилиғи камида бир шапалоқ ёки мушт билан сийланишини англаб “Телманжон, бу ёққа кел-чи, жигарим”, – деб чақирди-да, ўнг қўлида чойнакни кўтариб, чап панжасининг кўрсатгич бармоғи билан томоғини чертиб қўйиб, маъноли равишда имлади. Телман бу сирли имони дарров англаб, онасини ҳимоя қилиш учун турганини ҳам унутди-ю, ўчоқбоши томон юрди. Обиднинг қўлидан чойнакни олиб, қопқоғини очиб ҳидлади. Кейин бурнига ишонмай, жўмракдан симирди. Тўрт ҳўплам ютгач, чуқур нафас олиб, валинеъматига қараб мамнун жилмайди:
– Гап йўқ, братан.
– Шу таг-туги билан сенга, жойингга бориб, тек ўтир, уқдингми?
Бу инъом топширилгандан кейин Телманга “тек ўтир” дейиш шарт ҳам эмасди. Шокир унинг ҳаракатини кузатиб, Обидга норози қиёфада бош чайқаб қўйгач, Адолатга юзланди:
– Адолат, сен амалдор хотин бўлганингни унут. Оддий хотин кепатасига туш энди. Умринг ғирромчилик билан ўтди. Энди ҳалоллик таъмини ҳам татиб яшагин.
– Домла, буларнинг ичида тузукроғи сен эдинг. Ўйлаб гапиряпсанми? Мени ғирром дедингми?
– Ҳа, шунақа дедим. Буни ўзинг ҳам биласан, лекин тан олгинг келмайди. Ўнинчи синфда ўқиётганингда нима учун орден олган эдинг?
– Меҳнатимга яраша олганман. Пахтани яхши терардим.
– Яхши терардинг, лекин кунига уч юз кило термагансан. Сен учун териб беришарди.
– Сиёсат шунақа эди. Айб менда эмас. Домла, сен эскиликни титма.
– Сен ҳам ўпкангни бос. Сенинг дардингга бу ерда даво йўқ. Пўлат билан учрашганингда ҳам ҳеч нимага эриша олмайсан. Уйни даъво қилсанг, “Ана, ол!” дейди. Шу ёшга етганида ким уй талашади, эсинг борми?
– Менинг бошқа гапим бор бу ўғриларга.
– Ўғри? Нимангни ўғирлашди?
– Манови, – бармоғини Рихси томонга бигиз қилди. – Эримни ўғирлади. Пўлат ёшлигимни ўғирлаган.
– Қўйсанг-чи, Адолат, булар ўғирлагани йўқ, ўзинг арзон-гаровга сотдинг.
Шокирнинг бу гапи чўғ устига сув сепгандай бўлди. Адолатнинг туташдан бўлак чораси қолмади. Пўлат қамалганида ҳижрон дардида сочларини юлмаган эди. Чунки юраги ўша йиллари гўё шароб тўлдирилган коса эди, энди эса эгасиз бўш ётоқ каби… Гоҳо равшан, гоҳо хира оламда дабдабалар мисли момақалдироқ каби ўтди-ю кетди.
Рўёбга чиқмас умидлар пўртанасига шўнғиган нодон бахтини топа олармиди?
Ўшанда Пўлат қалби эшигини очган эди, Рихси кирди ва тўлалигича эгаллади. Адолатга ўрин қолдирмади. Хиёнати туфайли бу қалбни ташлаб чиққан Адолат энди дўзах эшигини қоқарми? Маъшуқнинг ҳажрида интизорни англаса эди, тили тавбага келар, сўнг умрида пича ҳаловат топа оларди.
Алҳол, ҳақиқат булар томонида бўлганидан кейин гап талашиб нимага эришар эди?
Адолатга мана шу чорасизлик исканжаси азоб бера бошлади. Сукутнинг давом этиши яхшилик аломати эмаслигини фаҳмлаган Шокир ҳукмини баён қилиб қўя қолди:
– Бўлди энди, ҳамма ўтирсин, бу ерда ғалва қилмайлик, – сўри томон юра туриб Турғунга ўгирилди: – Обидга қарашиб юбора қол, ошни сузаверсин. Адолат, сен ҳам ўтир, ҳаммамиз ошни еб, кейин тарқаймиз.
Бу гап Мирҳосилга ёқмади:
– Сен ошни егину, манов икки моховни олиб, ўзинг тарқайвер. Биз қоламиз.
Шокир “Бўпти, ошдан кейин гаплашамиз”, деб гапни қисқа қилди-да, Рихсига яқинлашди:
– Биз билан ўтирасанми?
– Йўқ, йўқ, бора қолай.
– Бир коса сузиб берсин.
– Вой, ош мумкинмас ҳозир у кишига.
– Насибадан қайтма, Пўлат емаса, ўзинг татиб кўрарсан, дўхтирларга берарсан.
Шокир косага ош суздиргач, уни бир неча қадам кузатиб бориб, секин сўради:
– Нимага чиққан эдинг, бирон нима бўлдими, яширмай айтовур.
– Дадаси шу ерга йиғилганларингизни билиб, “чиқиб саломимни айтгин, “жўрабошилик амалини бошқага берадиган аҳмоқ йўқ, деяптилар деб алоҳида айтгин”, дедилар.
Шокирга шу жавоб кифоя қилиб, бошқа саволга тутмади. Анча чўкиб қолган, оғир-оғир, бир-бир босиб узоқлашаётган аёлнинг изидан қараб ўйга толди: “у хок эмас, ғубор эмас, кул ҳам эмас, жони бор, ғамларини бировларга улашмайдиган тирик жон у. Рихси… ўтли ҳасратларининг фиғонлари қуёш ботгани каби, кечанинг сукутига ғарқ бўлиб кета олармикин?.. Бу муштипарнинг вайрона кўнгли умиди нима бўлиши мумкин?”
Катта лаган улфатларга, кичикроғи Тўлқин ўтирган сўрига қўйилди. Адолат уларга нафрат билан қараб тургач, иложсизлик билан Тўлқинга шерик бўлди. У томонда ўтирганларда ҳам, буларда ҳам иштаҳа йўқ эди. Ҳатто бақувват-бақувват ошалайдиган Мирҳосил ҳам чўқилаб-чўқилаб ўтирди. Ош устида ортиқча гап-сўз бўлмади. Мирҳосил чойхона томон қараб-қараб қўйиш билан чекланди. Ошнасининг авзойи чатоқлигини сезган Турғун уни кузатиб, сергак равишда ўтирди. Бир ўзи ўтириб зериккан Телман эса ўрнидан туриб дераза оша ичкарига қаради-да, Обид инъом этган чойнакни кўтариб эшикка яқинлашганда остонада чойхоначи йўлини тўсди.
– Ҳа, биродар, йўл бўлсин?
– Биз ҳам эркакмиз, братан, бир қўл тортамиз.
– Биродар, жойингизда тинч ўтировринг, – деди чойхоначи улфатлар томон хавотир билан қараб қўйиб. Остонада бошланаётган можарони кўриб, Жокер дик этиб ўрнидан турди-да, чойхоначини четга суриб, Телманга ўзи рўпара бўлди:
– Ҳа, акахон, тинчликми?
– Эркак, бир қўл ташлайман.
– Сизни ким чақирувди?
– Ким чақиради? Ти что, братан? Сен инсон ҳуқуқини поймол қилма. Ё ментмисан? Ким хоҳласа ўйнайди. Мен кимман, биласанми? Телман поркерни эшитмаганмисан? Бутун Тошкент мени кўрганда титрайди.
Жокер унинг “покер”ни “поркер” дейишидан кулиб, пичинг қилди:
– Пул борми, “поркер”?
Телман чўнтагини ковлай-ковлай онаси томон қаради:
– Мамул, бабки давай, ҳозир мен буларга сеанс бераман.
– Акахон, озгина дамингизни олиб туринг. Ўйин ҳали бошланмади.
– Как бошланмади? Ўзим кўрдим-ку?
– Кўрганингиз бошқа… бекорчиликда пирра ташлаб ўтирибмиз.
– Поркер ҳам бўладими?
– Бўлади, бошланганида ўзим чақираман. Қани, юзта-юзта отайлик.
– Окей! Менда пул бор. Анави ведма менинг мамулям, унда куча денег.
– Бўлди, дедим-ку, ўйин бошлансин…
Жокер Телманни қўлидаги чойнакни олиб, қўлтиқлаганича ҳозиргача ўтирган жойига қайтаргач, пиёлани тўлдириб ароқ қуйиб беради. Телман ичди-ю, лабини артишга ҳам ҳоли қолмай, бошини қийшайтирганича қотиб қолди. Жокер “қараб туринг” деган маънода чойхоначига имлаб, ўзи ичкарига кириб кетди. Сал туриб, чойхона томон уч киши ўтди. Ўтирганлар уларга эътибор қилишмади. Хавотири кучайган чойхоначи улфатларга икки чойнакда қайноқ чой келтириб, уларнинг нигоҳларида норозилик ифодасини кўрмагач, сал тинчиб, ўчоқбошига борди-да, косаларга шўрва суза бошлади.
Ош ейилиб фотиҳа ўқилгач, Мирҳосил “энди кетасанми?” дегандай Шокирга қаради. Шокир бу қарашнинг маъносини англаган бўлса-да, жавоб бермади. Мамасоли нариги сўрига ўтиб, белбоғини жойнамоз қилиб, хуфтон намозини ўқиб олди.
Эски гаплар бошқа қўзғалмади. Бир-бирларидан аразлагандай камгап бўлиб қолишди. Мирҳосил бундай даврада ўтирса, юраги тарс ёрилиб кетарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди, жойида бир-икки қимирлаб олгач, сўрининг юқори томонига сурилиб, ёнбошлади. Агар кимдир биров “бағритошсан”, деса, ранжийдиган, бироқ инсон юраги билан ўйнаб, озор бериб қўяётганини ўзи сира фаҳм этмайдиган бу одамни ўжарлик отидан тушира олиш ҳалигача ҳеч бирларига насиб этмаган. Турғун оёқларини узатиб, тиззаларини уқалай бошлади. Шу зайлда барчалари олдинма-кейин ўзларига мос тарзда жойлашиб, пинакка кетган пайтларида Пўлат кўринди. Ошналарининг аҳволини кўриб, сал берида тўхтади. Изидан келаётган Рихси атрофга аланглаб олиб, хавотирли овозда деди:
– Вой, дадаси, дўхтирлар билиб қолишса, ҳамшира қизни хафа қилишади-я?
– Дўхтирлар уйғонгунича жойимга қайтиб ётиб оламан. Аяси, сен тушунгин, ошналаримни кўрмасам бўлмайди. Жуда-жуда соғиндим.
– Бир кунда-я?
– Сен бир кун дейсан, менга бир умр бўлиб туюляпти. Сен буларга қара-я, мени деб шу ерда ётишибди. Демак, мен чакана одам эмас эканман, а? Сен “қўрқиб кетдим”, дейсан. Нимадан қўрқдинг? Ўлиб қолишимданми? Бе, шундай ошналарни ташлаб, хайр-маъзурни насия қилиб кетсам, инсофдан бўладими? Қиёматда кўришганимда, “Ҳа, номард, шунчалик шошиб турганмидинг?” дейишмайдими? Аяси, сен балки ишонмассан, ома, ётганимда ошналаримни бир-бир кўрдим. Дўхтирлар мени “ўлди”, деб ўйлашди. Ома, мен уларнинг ҳамма гапларини эшитиб ётдим. Ётишим ҳам ғалати бўлди: каравотдан шифтга қараб кўтарилдим. Дўхтирларнинг ишларини кўриб турдим. Кейин худди барг қўнгандай аста қўндим.
– Дўхтирлар ҳам қўрқиб кетишди.
– Жон чиқиш осон эмас экан, аяси. Борлиқ билан йўқлик масофаси узоқмас, ҳатто бир қадам эмас, фақат юпқа парда билан тўсилган, ома ўша парда ортига ўтиш ҳам заҳмат экан. Биз бутун умр шу парда томон юрамиз. Бу бир чимилдиққа ўхшайди, аяси. Уй чиройли ясатилган бўлса ҳам, юрак шу чимилдиққа қараб интилаверади.
– Сизга аталган балоларга мен бошимни тутиб берайин.
– Ундай дема, аяси. Аввал мен кетай. Сендан кейин қолсам, жинни бўламан, хор бўламан.
– Обид ошнангиз хорлатиб қўймас.
– Тегишяпсанми ё жиддий айтяпсанми? Тегишиб ҳам айтма бунақа гапни. Кўктераклик Саримсоқни ҳеч кузатганмисан? Остонасида афтодаҳол бўлиб ўтиради. Тирик ўликнинг ўзи. Хотинидан кейин шунақа бўлиб қолган. Мениям шунақа бўлишимни хоҳлайсанми?
Сўри томон шарпасиз юриб, Адолат билан Тўлқинга кўзи тушгач, хотинига ажабланиб қараб олди:
– Бу ким, Тўлқинми? Адолат… Буларнинг келганини айтмовдинг?
– Кўнглингизни хира қилгим келмади.
– Чакки ўйлабсан. Тўлқин билан орамизда гина-кудурат йўқ. Сен унинг ёшлигини билмайсан. Кимга ёрдам керак бўлса, биринчи шу югурарди. Бир марта сойга чўкай деганимда, тап тортмасдан ўзини сувга ташлаган. Сузишни менчалик ҳам билмасди. “Ўзим сузишни билмайман-ку, буни қандай қутқардим?” деб ўйламаган ҳам. Балки, Худо шу меҳри эвазига икковимизни қутқариб қолгандир, а? Лекин бир марта қўрқоқлик қилди. Балки, кўзига болалари кўрингандир? Қўрқоқлик нима, биласанми? Касалликми? Шунақаси ҳам бор. Ома буники касаллик эмас. Унинг қўрқоқлиги – онгнинг бир нафасдаги хиралашуви эди.
– Ошналарингиз “Хизматига яраша Худо жазолади”, дейишади.
– Ундай дема, аяси. Менга бир марта ёмонлик қилган бўлса ҳам, унинг бундай ҳолга тушишини хоҳламаганман. Қарғамаганман. Мен умрининг охиригача яхши яшаб, оқибатда бахтли ўлим топишини истаганман.
– Бахтли ўлим? Қизиқ. Ўлимнинг ҳам бахтлиси, бахтсизи бўладими?
– Бўлади, аяси, бўлади. Оиласининг ҳузурида жон бериш, сўнгги сўзини айтиб ўтиш – бахтли ўлим. Изидан лаънат тошлари отилмаслиги ҳам, одамларнинг яхшилик билан эслашлари ҳам бахтли ўлим. Шу қутлуғ, кенг дунёда кимнинг ўлгиси келади? Одамлардан мангу жудо бўлишни ким истайди? Мангу яшаш ҳеч кимга насиб этмаган, аяси… Аммо тирик қалбларга кўчиб яшамоқ мумкин. Мана шундай оқибат муҳим…
Шивир-шивир қулоғига урилдими ё ёмон туш кўрдими, Турғун чўчиб бош кўтариб, атрофига аланглади. Пўлатни кўриб, кўзларига ишонмасдан сўради:
– Пўлат, сенмисан?
– Менман, ошнам, менман. Ётовриб, юрагим торс ёрилай деди. Ошналаримни би-ир йўқлай, деб ўғринча чиқиб келовурдим.
Турғун шошилиб ўрнидан туриб, пастга тушди-да, ошнасини қучоқлаб олди. Улар кўришаётган онда бошқалар ҳам бирин-сирин уйғондилар.
Рўпарада сўлаги оқиб ялпайиб ўтирган Телман ҳаракатсиз…
Ичкарида қимор ўйини бошлаб юборилган…
Пўлат юқорига чиқишга унамай, сўри четига омонат ўтирди.
– Ҳа, ошнажон, нима бўлди? – деб сўради Шокир.
– Нима бўлганини ўзим ҳам билмайман. Назаримда, у дунёга бориб келгандай бўлдим.
– У дунёга борган бўлсанг, энангди кўргандирсан, а? – деди Мирҳосил хушчақчақ оҳангда. Бунга жавобан ошналари, “ҳазилнинг ўрними?” деган норози қиёфада қарашди. Пайровни давом эттиришга ҳамиша ишқибоз бўлган Турғун эса имкониятини бой бермади.
– Ўзиникини кўришга фурсати бўлмабди, – деди томоғини қириб олиб. – Ома сенинг энангди аниқ кўрибди. Энанг нақ дўзах билан жаннатнинг орасида у ёққа-бу ёққа ўтаётганларнинг юзларига дон сочиб ўтирганмиш. Иккала томон ҳам чўтирга тўлиб бўпти. Борадиган бўлсанг, яккаланиб қолмайсан.
Бу жавоб Пўлатга хуш ёқиб хохолаб кулиб юборди. Унинг бу ҳузурланиши ошналарига таъсир қилиб, улар ҳам роҳатланиб кулдилар.
– Энди кулгидан ташқари айтсам, учиб юргандай бўлдим. Шу ердан ҳам учиб ўтдим. Рихси айтмаса ҳам, шу ердаликларингни билдим. Ома, бу ердан учиб ўтаётганимда ҳали етиб келмаган эдиларинг.
– Ҳа, учиб бўлгунингча ҳаммамиз етиб келдик. Чақирилганлар ҳам, чақирилмаганлар ҳам, – Мирҳосил шундай деб Тўлқин билан Адолатга ишора қилди.
– Ҳосил, ўша учиб юрганимда сенга бир гап айтдим, сен эшитмадинг. Ё эшитдингми?
– Қанақа гап?
– Тўлқин билан икковингга тегишли.
– Ярашишми? Минг марта айтгансан.
– Буниси минг биринчиси ва охиргиси, – ўрнидан туриб қўшни сўрига яқинлашди-да, Тўлқиннинг қўлини олиб, Мирҳосилни чақирди. – Бери кел. Болалигимизда покизароқ, ақллироқ эканмиз. Бир кунда ўн марта уришиб, ўн марта ярашардик. Гина-кудурат сақламасдик. Жимжилоқларимизни қовуштириб биримиз “қиличми, тўқмоқ?” дердик. “Қилич” дейилса, “қирқ йилгача”, “тўқмоқ” дейилса, “тўқсон йилгача ўртоқ”, деб ўзимиз ҳукм чиқарардик. Тўқсон йиллик ҳукм баъзан бир соатга бормасди. “Пўм” чиқараверардик, ярашаверардик. Аразимиз жиддийроқ бўлса, бошқамиз орага тушардик. Шулар эсларингдами? Энди бу дунёда кўрган-кечирганларимизни четга улоқтириб, болалигимизга қайтайлик: Ҳосил, қиличми ё тўқмоқми?
– Пўлат, энди орқага қайтиб бўлмайди. Синган чиннига чега урганинг билан изи қолади.
– Сен ўша изини ҳам унут. Тўлқин, қиличми тўқмоқми?
– Тўқмоқ – тўқсон йилгача ўртоқ. Бунинг заҳар тилига ўрганиб кетганман, гапларини малол олмайман. Бунинг гапларига яна тўқсон йил бемалол чидашим мумкин.
Турғун туриб келиб, Мирҳосилнинг биқинига аста туртди. Мирҳосил ўжарлик пайти эмаслигини англади.
– Болалигингда ҳам айёр эдинг, чўтир. “Хўп” дегинг келиб турса ҳам , “йўқ”, дердинг.
– Хўп. Йигит кишининг сазаси ўлгунича, замбаракнинг хартуми синсин. Қилич. Тўқим билан яна қирқ йил ошначилик қилишнинг ўзи бўлмайди.
– Ҳа, ана, қойилман! Улфатимиздаги хато қатор тўлди. Жам бўлдик. Энди кўришинглар. Суюнчисига битта паловхонтўра мендан.
Пўлатнинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглаётган, ҳаракатини зийраклик билан кузатаётган Шокирнинг қалби тўлқинланди: “Ҳаёт чиғириқларидан минг бор ўтган жафокаш, юраги қийма-қийма, чилпарчин, аламдийданинг дарди ўзига етмасмиди? Ўзганинг қайғусига шерик бўлиши нимаси?”
Пўлатнинг ишидан мамнун бўлган Тўлқин пастга тушиб, қулочларини ёйди:
– Кел, ошнам, чўтир бетларингни соғиниб қолганман.
Мирҳосилнинг ўжарлигини қўймай, совуқ кўришишидан норози бўлган ошналар бош чайқаб қўйишди-ю, танбеҳ бермадилар. Пўлат эса бу ҳолни сезмагандай бўлди.
– Энди яраштириш навбати менгами? – Мирҳосил қувлик билан кўз қисиб, Адолатга ишора қилди.
– Биз уришмаганмиз, яраштиришингнинг ҳожати йўқ. Адол, сен бекорга уринибсан.
– Мен сенга бутунлай бегонаманми? Булар-ку, аслида, етти ёт бегона. Мен ҳар ҳолда хотининг эдим. Булар билан ораларингда қуруқ гапдан бўлак ҳеч вақо йўқ. Бизнинг орамизда эса… ўғил бор.
Адолат Телманга қараб олди. Пўлат эътиборсиз равишда бир қараб қўйди.
– Ҳа, ўғлингга қарагинг ҳам келмаяптими?
– Вей, Адол, бунингга кимнинг қарагиси келади? – деб гапга қўшилди Турғун.
– Сен қарамай қўявер. Пўлат билан менинг ўртамда хотира ҳам бор.
– Хотира дедингми? Хотиранинг ўзи нима, Адолат, биласанми? Хотира – роҳатми ё азобми? Инсонга хотира нима учун керак? Мен учун хотира азобидан баттарроқ азоб йўқ. Баъзан ўтиб кетган марҳумларга ҳавасинг келади, баъзан уларнинг изидан жўнаворгинг келади. Баъзан эса хотирламаслик учун онгсиз жониворга айланиб қолгинг ҳам келади. Домла, нима дейсан, ё мен янглишяпманми?
– Хотира мавҳум нарса эмас. Тушкун ҳолат ҳам эмас. Хотира – бир тўлов, инсондан тортиб олинган энг қимматбаҳо нарса учун тўловдир. Бошқача айтсак, хотира – инсоннинг ожизона боқийлигидир.
– Яхши айтдинг, домла. Хотира – ўлимнинг қилмиши учун тирикларга берилган аянчли инъом.
– Жа-а юракларди сиқвордиларинг-ку! – деди Шожалил. – Икковинг гаплашадиган бўлсаларинг юрагим тўхтаб қолгандай бўловради.
– Пича тўхта, Жалил, дардимни тўкволай. Илгари айтмас эдим. Олтмиш йилдан бери юрагимнинг бир чеккаси йиринглаб, азоб беради менга. Уни неча минг марта тушимда кўргандирман. Мен унинг фақатгина қотиб қолган кўзларини кўраман. Шу топгача қайтиб келармикин, кўрармикинман, деб умид қилдим.
– Кимни айтяпсан? Саъдуллани эмасми?
– Ҳа, Саъдуллани. Биз уни босмачининг ўғли, деб ҳисобладик. Отаси Холхўжанинг йигитларидан эди. Дадамнинг қизиллардан бўлганларини биласанлар. Дадам унинг отасини ўлдирмаганлар. У Қашқарга ўтаётганида кўчки остида қолиб кетган. Одамлар “отасини ўлдириб, боласини ўғил қилиб олди”, деб бекор айтардилар. Саъдулла бу гапнинг ёлғонлигини яхши биларди. Адол, сен Саъдуллани севар эдинг?
– Бўлмаган гап, мен сени яхши кўрардим…
– Сен унга ўчакишиб, мени яхши кўргансан. Сенга қарамагани учун ўзингча ўч олгансан.
Ҳа, севмаслигини билар эди, ўзини кўп алдади. Адолат унинг кўзларини термилтириб, дилини қийма-қийма қилди. У жон риштаси бўлолмади, бирга ин қуришолмади. Пўлат Адолатга жонни садқа қилса ҳам, у муз эди, чўғ беролмади, қалби чанқоғини боса олмади, қуришқоқ лабларига севгининг ҳаётбахш сувини томизолмади. Бу ҳақиқатни Пўлат илгари айтмаган эди. Шу сабабли бу гап Адолатнинг юрагига бигиздай санчилди:
– Менми? Ўч олганманми? Пўлат, жинни бўлибсан! – деди овозини кўтариб.
Пўлат унинг нафратга тўла кўзларини кўришни истамай, бошини бурди. Унинг ўрнига Мирҳосил жавоб берди:
– Адол, менинг аниқ эсимда, Саъдулла комсомолга кираман, деб ариза берганида сен мажлисда гапирган эдинг: “Босмачининг ўғлига орамизда ўрин йўқ”, деган эдинг.
– Деган бўлсам, тўғрисини айтганман.
– Пўлатга тақаган айбларинг ҳам шунақа эди.
– Ҳосил, бу гапни қўй, Адолга даъво йўқ, ҳозир мен ўзимни айбламоқчиман.
– Сен унда гапирмаган эдинг.
– Ҳамма бало шунда. Бировга ёмонлик қилмаган одам – яхши одамми? Бировга яхшилик қилмаган одам-чи? Шуниси ёмонроқ эмасми? Мен индамай туриб, Адолнинг гапларини маъқуллаганман. Ўшанда Саъдулла менга нажот истаб қараган эди. Мен эсам, кўзимни олиб қочган эдим.
– Агар шуни гуноҳ десанг, бизлар ҳам гуноҳкормиз. Бизлар ҳам уни ҳимоя қилмаганмиз, – деди Мамасоли ўйчан тарзда.
– У замонда ҳақиқат билан ишонч қоришиб кетган эди, – деди Шокир афсус билан. – Лойқа сув билан булоқ суви аралашса ким айбдор? Лойқа сув билан булоқ сувини ким ажратиб бера олади?
Шокирнинг далда бериш мақсадида айтган бу гапи Пўлатни овунтира олмади:
– Ўша мажлисдан кейин Саъдуллани олиб кетишган эди…
– Замон қалтис эди. Биз уни сира ҳимоя қила олмасдик. Гапирсак-гапирмасак, барибир олиб кетишарди.
– Қисмат-да. Қисматидан ҳеч ким қочиб қутила олмайди, – деди Мамасоли Шокирни қувватлаб.
– Ўша пайтда оддий кўринган воқеа энди даҳшатли фожиа бўлиб туюляпти. Мен қамоқдалигимда ҳам, этапдан этапга ташлашганларида ҳам, маҳкумлар орасидан Саъдуллани қидирардим. Ўша ерларда учратарман, деб ишонардим.
– Пўлат, сен фожиа деб, гуноҳ деб, ич-этингни еяверма, – деди Мамасоли. – Мен кафил бўлай, ҳар ҳолда, Саъдуллага қариндошлигим бор. Унинг номидан мен кечдим гуноҳларингни. Сен ҳам ундан рози бўл. Худо ҳар икковингданам рози бўлади, иншаоллоҳ.
Турғун уни қувватлади:
– Сен қамоқдан чиқибоқ, Тўқимнинг гуноҳини кечган эдинг. Саъдулла тирик бўлса, у ҳам ҳаммамизнинг айбимиздан ўтарди.
– Пўлат, сен ҳақсанми ё ноҳақсанми, аниғи шуки, бу ишларнинг бари Тангрининг амри билан бўлган. Масалани ечувчи ҳам Унинг Ўзи.
Хотиранинг қора пардасини бир ҳамлада йиртиб, яксон қилиш мумкин эмаслигини билсалар ҳам, кўнгил ярасига малҳам топишга уринишарди.
– Масала шундай ечилса, қани эди… Мен ётиб, нималарни ўйладим, биласанларми?
– Қайдан билайлик, сенга ўхшаб тепада учиб юрибмизми? – деди Мирҳосил.
– Гапимга кулмаларинг: биз ўлмай туриб, би-ир ўлиб олишимиз керак экан, деб ўйладим.
– А? Нима дединг? Алаҳсираяпсанми, ошнам? – деди Обид ажабланиб.
– Тўғри айтяпти, шундай саҳиҳ ҳадис бор. Одам боласи, барибир ўладиган бўлганидан кейин ҳисоб-китобга тайёр туриши керак.
– Сўфи, сен тек тур, Пўлатнинг гапини эшитайлик-чи?
– Мен у дунёда ҳисоб-китоб қанақа бўлишини билмайман. Ома, киши ўзига ўзи савол бериши керак экан: одам бўлиб туғилганимдан кейин одамга ўхшаб яшадимми?
Бу гапдан кейин юраги сиқилиб турган Мирҳосил ёрилиб кетай деди:
– Пўлатвой, жа-а тор олиб юбордилар ошнам!
– Хўп, кенгроқ олайлик: афсусларимиз, армонларимиз борми? Мен айтдим, энди сен айт-чи?
– Мен ҳалол яшадим, ўғирлик қилмадим, бузуқлик қилмадим.
– Наҳот, афсусинг бўлмаса?
– Билмадим… ўйлаб кўришим керак. Сен ана, Боздан сўра, афсус дегани ўшанда қоп-қоп бўлади, а, Боз?
Мамасоли гапни ҳазилга олаётганидан норози бўлиб жеркиб берди:
– Бозингни қўй, хотиндан бошқа дарду ҳасрати йўқ.
– Мен сенларни имтиҳон қилмоқчи эмасман, – деди Пўлат. – Ўзларинг бир ўйлаб кўрларинг: ҳозир бизнинг улфатимиз эски бир аравага ўхшаб қолган. Биримиз ўтсак, араванинг бир мурвати синади. Аравамиз жуда узоқ юрди. Юровриб шалоғи чиқиб, лиқиллаб ҳам қолди. Бу шалоқ аравани энди ҳеч ким тузата олмайди.
– Тузатишга уринишнинг кераги ҳам йўқ, Оллоҳга таваккал қилиб яшайвериш керак.
Мамасоли ошналарига бир-икки ҳикматни эслатмоқчи эди, Пўлатнинг маҳзун ҳолати гапга аралашиш ўрни эмаслигини англатди.
– Вақти келиб, бирин-сирин ўтамиз. Ўлим – ҳақ! – Пўлат чуқур хўрсинди. Кейин аҳволини ниқоблаш мақсадида жилмайди: – Ўзимиз ўтсак ҳам, муҳаббатимиз ўлмасин.
Унинг маъюсгина жилмайишини ҳовлидаги битта лампочкадан таралаётган хира-шира нур ўзига ютди. Лекин сўнгги сўзлар титроғи барчаларининг вужудига титроқ уруғини сочди. Сукунат барчалари устига ўлим чодирини ёпгандай бўлди. Жимлик исканжасидан қутилиш учун Шожалил дўстининг гапини тасдиқ этди:
– Ҳа… бирин-кетин кетамиз. Охирида қолганга қийин, жуда қийин. Биродарлар, мен охирида қолишни истамайман…
Ошналарни ўз домига тортаётган нохуш ҳолатга ҳовлиққанича югуриб келган ҳамширанинг хавотирли овози барҳам берди:
– Вой, эсхонам чиқиб кетди-я! – деб Рихсининг ёнида тўхтади. – Аяжон, бу нима қилганларинг. Энди мени ишдан ҳайдашади. Дўхтиримиз билиб қолдилар.
Пўлат ножўя иши фош бўлган гўдак ҳолига тушиб, ошналарига “энди мени қутқаринглар”, дегандай нажот кўзи билан термилди. Ҳамиша гапга шай турувчи Мирҳосил бу сафар ҳам ўртага тушди:
– Бир пасга чиққанига ота гўри – қозихонами? Қайтага кўнгли яйради.
Унинг бу гапи ҳамширани овута олмади. Аксинча, йиғи бошлашига баҳона бўлди. Яна бир нима демоқчи эди, шошилиб келаётган докторни кўриб тўхтади. Доктор ошналарга парво қилмай, Пўлатнинг қаршисида тўхтади:
– Касалхонанинг тартиб-қоидаси бор-да, тоға, беморларнинг ҳаёти учун биз жавобгармиз.
Пўлат ўзини оқлаш ўрнига бошни эгди. Бундан фойдаланган Мирҳосил “Қўрққан олдин мушт кўтарар” деганларидек, докторнинг ўзини айблади:
– Жавобгар бўлсанг, қараб ўтирмайсанми! Сенга “ухлаб ётовур” деб топшириқ берувмидим?
– Ҳосил, тек тур, – Пўлат қўлини кўксига қўйди: – Жиян, айб менда. Шу ошналаримни қўмсаб қолдим. Ҳозир жойимга бориб ётаман, – деб жилмайди-да, ҳазил оҳангига кўчди: – энди одобли бола бўламан.
– Туппа-тузуксан-ку, қайтиб нима қиласан? Кетдик уйга, – деди Обид.
– Бу гап ҳам тўғри, – деди Шожалил.
Қаттиқ-қаттиқ гап айтишни қасд қилиб келаётган доктор ошналарнинг бу таклифидан кейин гангиб қолди:
– Ие, тоғажонлар, карвонсароймас-ку, бу.
– Жиян, тоғаларинг тегишяпти, – деди Шокир. – Ҳеч қаёққа кетмайди. Бир-икки кун дамини олсин. Пўлат, сени кўриб, кўнглимиз тинчиди, сен жойингга боравер, энди биз қайтамиз.
Доктор Пўлатни қўлтиқлаб шифохона сари юрди.
***
…Ичкаридаги ўйин ҳам авжига минди. Кетма-кет ютуқлардан руҳланган меҳмон қиморбоз тонготарда ўзини нима кутаётганини ҳис қилмай, ўртадаги пулдан нигоҳини узмайди. Унинг кўзларида ёнаётган очофат чўғ худди ўлжасига яқин келган бўри кўзларидаги ўтга ўхшайди…
***
Тарқалиш ҳақидаги аҳд эълон қилинган бўлса-да, ҳатто Шокирнинг ўзи ҳам кетишга шошилмади. Барчалари гап-сўзсиз туриб қолишди. Биринчи бўлиб Адолат қўзғалди. Ўғлига яқинлашиб, уни уйғотмоқчи бўлди. Эплолмагач, Шожалилни чақирди. Шожалил эшитмагандай бурилмоқчи эди, Шокир тўхтатиб, “Обид икковларинг амаллаб қўя қолларинг”, деди. Ўзи Тўлқинни етаклади. Кўчага чиқишда Мирҳосил Турғунни тўхтатди:
– Биз кетмаймиз.
– Нега?
– Сен унинг кўзларига қарамадинг. Гапларига эътибор бермадинг. У соғайгани учун чиқдими?
– Нега чиқди?
– У биз билан хайрлашгани атай чиқди. Кетмайлик, ғафлатда қолмайлик, ошнам.
Икки ошнанинг қарорига бошқалар монелик қилишмади.
***
Шифохона даҳлизигача бардам юриб келган Пўлат ҳолсизлана бошлади. Реанимация хонасига етганда гандираклади. Доктор ёнида бўлмаганида чалқанча йиқилиши мумкин эди. Орқада келаётган ҳамшира ёрдамга шошилди. Ҳушидан кетаётган Пўлатни жойига ётқизиб, шошқич муолажани бошлашди. Йиғлаб ўтирган Рихси докторнинг талаби билан хонадан чиқарилди.
***
Бу қишлоқ ҳудудидан чиқиб, сой кўпригидан ўтишгач, йўллари айри-айри бўлди.
– Тўлқин, бу кеч бизникида қолавер, эртаматан яна бирга борамиз, – деди Шокир.
Бу таклифни эшитиб, Тўлқин тўхтади:
– Домла, уйингга яқин келдик, шекилли, сен боравер.
– Сен-чи?
– Мен гапингни икки қилмай, деб сенга эргашдим. Ўша ерда қолишим керак эди. Қайтаман.
– Шу қоронғида-я?
– Домла, кўр одамга эрта-кечнинг нима фарқи бор? Тимирскиланиб бўлса ҳам топиб бораман, мендан хавотир олма.
Тўлқин бурилган эди, Шокир унга сўзсиз эргашди.
***
Маст одамни уйига олиб бориб қўйиш Обид учун ҳам, Шожалил учун янгилик эмас. Шу учун қилтириқ Телманни суяб юриш уларга оғирлик қилмади. Ёшликдаги одатларини канда қилмай, бири, мастнинг чап биқинига, иккинчиси, ўнг биқинига турта-турта уни қадам босишга мажбур қилишди. Шожалил уларни ўз уйига бошлаб келди. Кундузи қўшнисига учрашиб кетгач, ҳовли супуриб-сидирилган, уйдаги чанг артилган, айвондаги чироқ ёқиб қўйилган, бу уйда узоқ вақт одам яшамагани сезилмай қолган эди. Телманни меҳмонхонага олиб кириб дераза томонга чўзилтириб қўйишгач, Шожалил тахмондаги кўрпа-якандозларни олиб жой солди. Раҳбар кепатасида унинг ҳаракатларини кузатиб турган Адолат ёрдам беришни хаёлига ҳам келтирмади. Телманни бири, оёқларидан, иккинчиси, елкасидан тутиб, ўринга ётқизишди. Шожалил чойнакда совуқ сув келтириб, унинг бош томонига қўйди. Обид эса ранги ўчган мис чилопчинни олиб кирди. Адолатга “уйни расво қилмасин”, деган маънода қараб қўйиб, оёқ томонига қўйгач, чиқиб кетмоқчи бўлди.
– Обид, уйингга кетасанми, эрталаб биронтасининг машинасини гаплашиб бер. Кетсам, кета қолай, – деди Адолат. Хотиннинг бояги авжи пасайганини сезган Обид “маъқул” ишорасини қилди. Ҳовлига чиқишгач, икки ошна бир-бирига савол назари билан қарашди. “Нима қилдик?” деган саволга жавоблари тайёр бўлгани учун олдинма- кейин кўчага чиқиб, келган йўлларидан қайтишди. Чойхонага яқинлашганларида ой ёруғида икки одам қорасини кўриб, ошналарини танишди…
***
Уйига яқинлашгани сайин Мамасолининг қадам олиши оғирлашаверди, чойхонада уйғонган дард томоғини бўғаверди. Қоронғи кўчанинг адоғида Пўлатнинг маъюс чеҳраси бир-икки кўрингандай бўлди. Бўғиш билан кифояланмаган дард кўзларни ёшлантирди. Шу алпозда танбаланмаган эшигини очиб ҳовлига кирди. Салқин ҳавога чидолмай, “вой, белим”лаб қоладиган кампири айвондаги хонтахтага иягини тираганича кўча томон тикилиб ўтирган экан, уни кўриши билан ёшроқ аёлларга хос эпчиллик билан ўрнидан туриб қарши олди. Чироқ нури эрининг кўзларидаги ёшда акс этиб, хавотир билан тўхтади. Иккови бир-бирига тикилганича туриб қолди. Мамасоли бўғзидаги дард чангалини енга олмади. Кампири сўрайдиган саволига шумхабар эшитишдан қўрқиб, сўз бошлашга журъат эта олмади.
– Термосга ҳозиргинада чой дамлаб қўювдим, юринг, чарчоғингизни босинг, – деб айвонга бошлади. Бир пиёла чой фақат чарчоғини эмас, дардини ҳам олгандай бўлди. Мамасоли кампирининг кўзларидаги хавотирли савол назарига қисқа жавоб берди:
– Ошнам, анча тузук. Улфатлар билан бироз чақчақлашдик. Сен дамингни оловур, мен пича ўтирай.
Кампир кириб кетди. Ўзи ҳаракатсиз ўтирди. “Нега қайтиб келдим, ўша ерда қолсам бўларди-ку?” деган ўй қалбини тирнай бошлади. Чироқ ўчиб қолишига ҳам парво қилмади. Дард билан олишишга руҳий қуввати етмай, аста ўрнидан турди. Пайпасланганича уйга кириб шам ёқди. Қўлига Қуръон олиб, бурни устига кўзойнагини қўндириб ўқий бошлади. Ҳар куни бир саҳифадан ўқирди, бу кеч икки саҳифа ўқиб, Пўлатнинг ҳақига дуо қилди. Дарди сал аригандай бўлди-ю, лекин ётгиси келмади. Кундузи ўқий бошлаган китобини олиб, белгилаб қўйилган жойидан давом эттирди. Бу сафар тез ўқий олмади. Тўхтаб-тўхтаб, фикрлаб-фикрлаб ўқиди…
…Билингки, ўлимнинг хатари ва даҳшати буюкдир. Одамлар кам фикрлаб, оз эсга олгани учун ҳам ўлимдан ғофилдирлар. Эслаганлар ҳам қалбларини барча нарсадан фориғ қилиб эмас, дунёга машғул бўлганлари ҳолларида эслайдилар. Бундай эслашдан фойда йўқ. Ўлимни ҳақиқий эслаш йўли – ўлимни доимо ёнида билиш, ўлимдан бошқа нарсани қалбдан чиқаришдир. Буни бамисоли саҳро ёки денгиз орқали сафарга отланган киши ҳолатига ўхшатиш мумкин. Унинг бутун фикри-зикри сафарда бўлади. Қалб ҳам ўлимни эслаш билан машғул бўлса, бу иш қалбни буткул банд этади. Ўлим билан банд бўлган қалбда айш-ишрат талаби, дунё қувончи камаяди, тошқинлик босилади. Киши ўлимни кўп эслагани сайин ҳар хил ўлим онлари, бу даҳшатли онларни бошидан ўтказган дўстлари, тенгқурларининг илтижо тўла сўнгги нигоҳлари хотирида жонланади. Уларнинг ўлимларини, сўнгги манзилларини эслаб, оғир ўйлар гирдобида қолади: улар ким ва қандай эдилар? Энди уларнинг мавқелари, ҳолатлари қандай? Бу чиройли сиймолар тупроққа қандай сингиб йўқолади? Уларнинг жасадлари қабрларда қандай парчаланади? Улар аёлларини бева, фарзандларини етим қолдирдилар, мол-дунёларини ташлаб кетдилар. Уларнинг масжид ва мажлислардаги ўрни бўш, қадамлари дунёдан узилган…
Ҳа, киши ўлимни эслагани сайин қалбида шундай узоқ ва яқин ўлимлар, ваҳимали суратлар батафсил жонланаверади. Баъзан ортга қайтиб, уларнинг шижоат тўла ёшлиги, довдирашлари, ҳаётга бўлган майллари ва унда ўзини гўё боқий қоладигандек тутишлари, ўлимни унутишлари, ёшликдаги қувват ва ғайратга суяниб қолишлари, ўйин-кулгига берилишлари, шундоқ ёнидаги ўлимдан, унинг кутилмаганда келишидан ғофил бўлганларини эслайсиз. Тирикликда вужудини кўтариб турган оёқлар, ҳаракатга сабаб бўлган аъзолар яксон бўлди, энди қандай юрсин?! Тилини қуртлар кемирди, қандай гапирсин?! Оғзига тупроқ тўлган, қандай кулсин?! Ўлиб бўлди, энди нафсга ўлимнинг тадбирини қилишдан не ҳожат?! Шунча йиллар бепарво, ғофил юрди. Ўлим фариштаси эса у кутмаган вақтда келди ва нидо қилди: “Ё жаннат, ё дўзах!”
Ана шу пайтда киши ўзига назар солади. Ўзининг ҳам ўшаларга ўхшашлигини кўради, ғафлати ҳам, оқибати ҳам улар билан бир хил бўлиши мумкинлигини ҳис этади.
…Ўлимни эслайсиз, ўлим ёнгинангизда турганини ҳис қиласиз. Аллақачон ўлимга ҳозирлик кўриш фурсати етганини, дунёнинг эса нақадар алдамчилигини теран англай бошлайсиз. Энди ўлимни номигагина, тил учида эслаб, ибрат ва огоҳлик ҳосил қилиб бўлмаслигини яхши биласиз. Демак, қачонки, қалб дунё билан овуна бошласа, ўша заҳоти ўлимни эсланг, аслингизга қайтасиз…
Мамасоли панжасини китоб устига қўйиб, ёш қуйила бошлаган кўзларини осмонга тикди: кечки осмоннинг қора духобасидаги беҳисоб юлдузларнинг жимирлашига боқиб ўйлади: “Керилиб юрганларнинг, аслида, ҳеч нимаси йўқ: жавоҳиру тилла матоҳлари ўзига вафо қиларми экан? Ҳатто “ўзимники!” деб қаттиқ ишонгани – кўзу қулоқлари, юрагу жигарлари… ўзиники эмас, лаҳад қуртларининг ризқи экан, керилгани нимаси?”
Куз осмонидаги тўлин ой нури кўнглини ёрита олмади. Ҳазин хаёллар уни эза бошлади.
Ўрнидан туриб, ҳовлига, ундан кўчага чиқди. Кўкда кўз юммаган, уйқуга чўммаган ой уни чойхонага қадар кузатиб борди.
***
Пўлат “ўлиш осон эмас экан”, деб эди. Бу сафар тез келди-ю, осон олди. Энди қайтариб бермайдиган қилиб олди.
Чирт узилган ҳаёт ипини қайта боғлашга табобат ожизлик қилди.
Ҳаловат истаган юрак бутунлай тўхтади.
Ўлим хавотири ўрмалаб киргач, юрак ҳаловат билан жимгина хайрлашган эди…
Рихси ичкарига кирганида доктор Пўлатнинг жағини боғлаёган эди. Рихси бир ҳўнгради-ю, сўнг пастки лабини тишлаб, тинчиди. Доктор имлаб қўйган эди, ҳамшира уни қўлтиқлаб даҳлизга олиб чиқди.
– Уйга борай, эрталабгача олиб кетайлик.
– Аяжон, пича сабр қилинг, тонг отсин, – деди ҳамшира ялиниш оҳангида.
– Ошналарига хабар қилай, армонда қолишди улар.
Шундай деб ташқарига қараб юрди. Суюкли қиз меҳри билан қўлтиқлаб олган ҳамшира уни ҳоли қўймади.
Ошналари кетгач, Турғун билан Мирҳосил сўрида ёнбошладилар-у, аммо ухламадилар. Хаёлларида умид соялари қўнимсиз санқийди. Киприкларни юма олгувчи туннинг тушлари уларни тарк этган. Касалхона томондан гоҳи-гоҳида эшитилиб турган шарпалардан сесканиб, беқарор эдилар.
Ҳамшира ҳамроҳлигидаги Рихсини кўрган заҳоти Турғун ўрнидан туриб кетди:
– Рихси?!
Шу томон ялт этиб қараган Мирҳосил ҳам турди:
– Рихси! Фақат “ўлди”, дема, Рихси!!!
Кўзларидан жавоб излаб, жимгина мўлтиллаб қарадилар.
Рихси ҳеч нима демади…
Умид даракчиси – кўклам жаранги энди эшитилмайди…
Энди ҳаёт баҳор мўъжизаси ила қарши олмайди…
Беҳуда кўзёшлари…
Мусаффо кўзёшлари қайғу-аламлари оловини ўчириш учун қуйилади.
Армонларга лиммо-лим тўла муножотлар…
Хазонларни тўкаётган шабада Рихсини четлаб ўтмади, киприкларидаги шабнамни қурита олмади.
***
Йиллар шамоли аёвсиз…
Яна куз фасли…
Офтобсиз, рангпар бир кун…
Жонсиз япроқларга ҳазинлик инган…
Яна ўша чойхона.
Жимжитлик… Увада булутларнинг чокидан сизиб ўтган кучсиз шуъла ерга қўнган…
Ёлғиз ўзи зериккан чойхоначи нарда тошчаларини бемақсад ташлаб, ўзича ўйнаб ўтирибди. Ҳассасини дўқиллатиб келган Тўлқин унинг хаёлини бузди:
– Ким бор, бу ер самовархонами?
– Ҳа, самовархона, келинг тоға, – чойхоначи шундай деб унга пешвоз чиқиб, етаклади-да, стулга ўтқазиб чой қуйиб узатди: – Чойга қаранг, тоға. Касалхонага кетяпсизми? Кимни йўқлаб келдингиз?
– Касалхонага келмадим, – деди Тўлқин хўрсиниб. – Касалхонада ётадиган улфатлар қолмади… Мен ширин хотирани излаб келдим, болам. Уч йил аввал шу ерда тунаган эдик. Уч йилда араванинг барча мурватлари синиб адо бўлди. Биттагина мен қолдим. Энди шу арава изларини излаб келдим. Сен кўрмаяпсанми бу изларни?
– Из? Қанақа из? Тушунмадим, тоға, қанақа аравани гапиряпсиз?
– Мен кўр бўлсам ҳам кўряпман. Сен басир бўлсанг ҳам, ақл кўзларинг сўқир экан. Кўзингни каттароқ оч, болам, бу изларни эҳтиёт қилишларинг керак.
Чойхоначига бу одам телба бўлиб кўринди…
Қуёшнинг ўзи бор-у, файзи йўқ. Кечаси яйрайдиган ойнинг нури ҳам сўниқ эди. Тўлқинга бу сирли манзара бегона: унинг кўз олдида ҳамма ёқ зулмат.
Ёлғиз… Ҳеч кимдан нидо йўқ…
Тор кўкрагидаги асир юрак беҳаловат.
Ҳаётнинг заҳмати туганмас-битмас…
Чойхоначидан садо чиқмагач, оғирлик билан ўрнидан турди:
– Ширин хотирамнинг сўнггиси шу ерда мева берган эди. Бу ерни зиёрат қилдим. Энди ошналарим ҳузурига борсам ҳам бўлар.
Кета бошлади…
Шамол турди…
Жонсиз баргларни ерга тўкди…
Бахт куйининг ҳам, бахтсизлик қўшиғининг ҳам ниҳояси бордир.
Вассалом…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 2-3-сонлар