Бугун хизматга келганимга эллик икки кун бўлди. Адашмасам, бу еттинчи мактубим. Ҳисоблаб кўрсам, сенга ҳар ҳафта битта мактуб битибман. Баъзан ҳазилкаш ўртоқларим:
— Қизиқсан-а, бир йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Нега энди мактуб ёзаверасан? Хат ёзиш урф эмас-ку… — дейишади.
Балки хат ёзиш урфмасдир, бироқ кимгадир дилидаги сирларни, дунё гўзаллигию чексизлигини сўзлаб бериш ҳам анъана-ку. Шундай эмасми? Ўртоқларим ҳазиллашади. Аслида уларнинг ўзлари ҳам бир неча марта мактуб битганига гувоҳ бўлганман.
Хатимни олдингми деб сўрамоқчисан-а? Олдим. Ишонасанми, йигирма марта ўқиганим эсимда… кейин … ёдлаб олдим. Шамолни соғинмадингми, деб сўрабсан? Соғиндим. Айниқса, сенинг сочларингни ўйнаган шамол бу ерда ҳам бор экан. Улар қулоғимга сирли ва юракни титратгувчи сасларингни олиб келади. Мен улардан сенга соғинчли саломлар юбордим.
Санобар! Биласанми, одамда бир умр эсга олганда юракни жунбушга келтиргувчи исмлар бўлади. Сенинг исминг мен учун соф муҳаббат ва улғайишнинг иккинчи номидир. Биламан, бу гапларимга кўрсаткич бармоғинг билан кулгичларингни ушлаганча кулаяпсан. Шунақа кулганинг менга жуда ёқади. Мен нимаки ёзган бўлсам, эринмасдан ўқигин. Негаки, юрагим нимани буюрса, шуни ёзмоқчиман. Мендан сал нарида туриб мактуб ёзадиган йигитнинг исми Аброр. Айтишича, мактабда математикадан бешга ўқиган экан. Унинг фикрича, дунёдаги ҳар бир калом ҳисоб-китобли. Кулгилия. Энди тасаввур қилиб кўр. Сен кимгадир ширин гапирдингу ундан худди шундай муносабат кутсанг. Ёки яна кимгадир “Сиз зўр!”, деб айтсанг-у, у зўр бўлмаса-чи? Майли, менимча, Аброрнинг гапини бундай тушунмаслик керак. Унда қандай дейсанми? Қара, сен кимгадир яхшилик қилсанг, ўша сен яхшилик қилган одамдан қайтмаса-да, бошқа бир одамдан бу албатта қайтар экан. Бунга ишончинг комил бўлиши учун қишлоғимиздаги Кенжа бобонинг ҳаётини гапириб бераман.
Кенжа бобо урушдан ярадор бўлиб қайтади. Эсингда бўлса керак, Шодмонбиби момо айтиб берганди. Мелибой бобонинг боғига довча егани кирганимизда. Эсладингми?
Бобо бир оёғини бегона юртларга қолдириб келади. Уруш бошқа юртда бўлса-да, унинг совуқ шамоллари бизнинг қишлоқни ҳам четлаб ўтмаганди. Кетмон кўтаришга кучи етган қизми-аёлми, ёшми-кексами бари далада. Бобонинг виждони кайвони Сония момонинг сурпасидаги ундек покиза бўлган. Шундай кўнгли тоза бўлган бобо ҳам қараб турадими? У “Мен урушдан келдим, сенларни деб оёғимни олис юртларга ташлаб келдим”, деса, ким унга юрак ютиб бирор нима дерди? Йўқ, бобо бир оёқ билан эртадан кечгача тиним билмай ¬ишлайди. Бир куни қишлоқ раиси:
— Кенжабой сен почтачилик қилмайсанми? — деб сўрайди. — Шундоғам қишлоғимиз учун катта ишлар қилдинг. Сени қийнаб қўймайлик, яна…
Бобо почтачи бўлади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бутун қишлоқ оналари бобони кўрса, худди душманни кўргандек, оёқлари қалтираб юраклари тўкилади. Аёллар бир нарсадан қўрқарди: қорахат… Бобо кўча бошида кўрингудек бўлса, ҳозир қора сумкасини ковлайдию йигирма йил кўксимда ўсган боламни битта хатга жойлаб қўлимга узатади, деб қўрқишаркан. Бобо нима қилсин? Ахир, одамларнинг ўзи шу ишга қўйган-ку. У бир-икки марта ишни ташламоқчи бўлган, бироқ раиснинг юзи иссиқлик қилганми, жимгина ишлаб юраверган. Кейин биласанми нима бўлган? Ҳеч кимга хат келмай қўйган… Ҳа, шундай бўлган. Гоҳ-гоҳида битта-яримта келиб турган. Келганлари ҳам, омонлик ҳақида бўлган.
Урушдан йигирма йил ўтиб бобо бу дунёни тарк этганида одамлар унинг сандиғидан икки белбоғ хат топиб олишган. Улар, биласанми, бир неча кишининг қорахатлари бўлган экан. Ўша қорахатлардан бири отамнинг бобосидан бўлган. Энг қизиғи, бобонинг қишлоғимиз оналарига ёзган мактуби ҳам топилган. Эсимда қолгани шу: “Агар оналар бир кун фарзанди қоғозга айланиб келишини билганида, туғмаган бўлишарди. Агар оналар фарзанд доғи юракни тешиб юборишини билганларида турмушга чиқмаган бўлардилар. Мен ёмон яшадим. Ҳа, бировга ёмонлик қилмасам-да, лекин ёмон яшадим. Негаки, мен оналарнинг кўз ёшига сабаб бўлдим.”, деган экан. Қолгани эсимда йўқ. Яхши эсласанг керак, байрамларда Кенжа бобо ҳақига дуо қиламаз. Бу унга оналарнинг марҳамати, кечиргани, сен яхши яшадинг дегани… Кенжа бобони ўйладиму Аброрнинг фикрига қўшилдим. Балки сен ҳам маъқулларсан…
Санобар! Ишонасанми, менинг кўп вақтим беҳуда ўтиб кетибди. Сен яхши биласан, қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин кўзимни аранг уйқудан очардим. Шунда ҳам онамнинг минг бир ялинишдан сўнг. Яна бир гап. Эсингдами, тегирмоннинг чап томонидаги сўқмоқда катта қоғозга БМТ деб ёзиб, тол соясида ўтирган Ашурмамат ака? Ўша аканинг бу ишидан минг марта кулганмиз. Сен ҳам бир марта кулгандинг. Мактабдан келаётгандик, баҳор кунлари эди. Дарахтлар гуллаганди. Ашурмамат ака ўша қоғози ёнида ухлаб қолганди. Сен ва бир неча дугонанг олманинг оппоқ гулини унинг устига сепгандиларинг. Бечора бир қалқиб тушганди. Мен унинг нега бундай қилиб юрганини билардим. БМТ дегани: “Баққа мусор ташламанг” дегани эди. Негаки, одамлар тегирмон орқасидаги чиқиндиларини шу ерга ташларди-да. Ўша Ашурмамат ака кичкина одам бўлса-да, қалби жудда катта эканлигини армияга келиб тушундим. Бу ерда ҳамма томон озода, саришта. Мен яна бир нарсани тушундим-ки, одам тартибли бўлса, ҳамма иши, бутун ҳаёти тинч, осуда ва завқли ўтар экан. Мен бу ерда саҳар туришга ўрганиб қолдим. Бир нарсани унутмаслигингни истайман: эрта бир кун турмуш қурсак асқотади. Инсон инсон бўлиши учун, аввало, йўлини тоза тутмоғи керак экан. Йўл тоза бўлдими, қолгани ўз-ўзидан озода бўлиб кетавераркан. Мен йўл деганда умр йўлини назарда тутаяпман.
Ҳар сафар озода биноларни, бир-биридан тартибли аксарларни кўрганимда Ашурмамат ака эсимга тушаверади. Агар уни кўриб қолсанг, менинг номимдан салом айт. Хавотир олма, иккимиз бир-биримизни яхши кўришимизни у киши билади. Ўзим айтиб берганман. Жаҳлинг чиқмасин, илк марта севиб қолган одам шодлигини ким биландир баҳам кўрмаса юраги ёрилиб кетади, ахир!
Зўр одам бўлдингми, депсан. Санобар, биласанми, зўр одам бўлиш қийин экан. Лекин мен йўлимдан қайтмайман. Ҳайитой буви айтганди: “Болаликда қилинган орзу, келажакнинг кўзгусидир”. Шу гапи ҳамиша юрагимда.
Эсингда бўлса керак, болалигимизда Яккатол боғининг йўлида ўтиргандик. Беш ё олти ёшда эдик. Ўша кунги суҳбат ҳамон қулоғим остида. Биласанми, менинг қалбимга ўша пайт биринчи марта оташ тушган экан. Кунлар, ойлар, йиллар ўтиб у катта гулханга айланди. Сени соғинганда, ё бўлмасам зерикканимда ўша суҳбат эсимга тушади.
— Сенга самолётлардан хатлар юбораман.
— Сен ёзишни билмайсан-ку.
— Ўрганаман-да.
— Қачон?
— Самолётга минганимда
— Самолётга қачон минасан?
— Ўн йилдан кейин…
— Ўн йил?
— Ҳа. Кеча-чи, дадам битта китоб ўқиб бердилар. Бир паҳлавон иккита одамни елкасига миндириб девор устидан югураркан.
— Зўр одам бўлса кераг-а?
— Ҳа. Жудаям зўр одам экан.
— Усмон малимдан ҳам зўрми?
— Ҳа. Мен катта бўлсам шундай одам бўламан.
Шу кичкина суҳбат. Менинг юрагимга орзу уруғини қадади. Мен ўшанда биринчи бор зўр бўлишга сўз бердим. Бу сенинг олдингда, ўзим олдимда, умуман, еру осмон, тоғи тошлар олдида биринчи сўз ¬беришим эди.
Сенинг ўша кунги гапларинг қанчалик кулгили бўлмасин, мен учун ҳозир ҳам жиддий суҳбат эди. Усмон малим… Жисмоний тарбия ўқитувчиси. Ака-опаларимиздан эшитганимиз учунми, у биз учун зўр бўлиб кўринган-да.
Санобар! Мени соғиндингми, депсан. Уялган бўлсанг керак, шу жумлаларни устидан чизиб қўйибсан. Бир амаллаб ўқидим. Юрагимда какликлар сайрагандек бўлиб кетди. Ўзимни худди баланд тоғда ўтиргандек ҳис қилдим. Кимдир сени соғинса шунақа бўлса керак-да, чунки мендан тўрт ёш катта Умид ака ҳам ¬гоҳида барча билан қайта-қайта кўришиб қолади. Шунда ҳазилкаш Жамшид:
— Янгадан хат келган бўлса керак-да, — дейди.
Ҳали уйланмаган. Менимча, хат севган қизидан келса керак.
Хурсанд одамларнинг кулгиси ҳам бошқача бўларкан. Яйраб-яйраб куламиз. Умид ака ҳам қорнини қучоқлаб кулади. Буни ўз кўзинг билан кўрсайдинг…
Ҳа, соғиндингми, деб сўрабсан. Соғиндим. Жуда-жуда соғиндим.
Санобар, бу ерда ҳам қишлоғимизнинг шамоллари кезиб юраркан. Ҳа, ўша Бўзтепадаги шамол. Сени билмадим-у, мен ўша дамни эсласам, юрагимда отлар чопади: дукур-дукур.
Бўзтепа. Қишлоғимизнинг энг чиройли жойи. Сенга минг марта айтганман. Ўша тепаликдан қуёшнинг чиқишию ботиши кафтдек кўриниб туради. Агар вақтинг бемалол бўлса, тонг отишини томоша қилиб яйрасанг. Кейин кун ботишига термулиб олис-олисларга қараб хаёлларга толсанг, юрагинг бир қулоч ўсади. Сен билан атиги бир марта боргандим. Улоқчанг йўқолиб қолган экан. Эсингда-я. Куляпсанми? Ўшани қидириб боргандик. Қуёш ботар пайт. Ўша лаҳза ҳаётимнинг дафтарига олтин ёзув билан битилган. Шамол сочларингни ўйнар, бошимиз устида қалдирғочлар учарди…
Икки кун олдин шоирлар келишди. Хабаринг бор, шеърлар ёзиб юрардим. Мазза қилдим. Бир шоир шундай деди:
— Ватанни барча яхши кўради. Ҳисобчи ҳам, фермер ҳам, қурувчи ҳам, ер юзида қанча касб соҳиби бўлса, ҳаммасининг қалбида ўз Ватани бор. У отасидек суянчиқ, онасидек меҳрибон, акасидек елкадош, укасидек эркароқ, ¬опа-¬синглидек мунис… Шундай экан, шоирлар ҳар доим Ватан ҳақида ёзиши керак. Уларга ёзиш имкони берилган. Улар шундай ёзишлари керакки, бошқа касб эгалари ҳам “И-е, менинг ¬дилимдаги гап-ку”, десинлар.
Санобар, биласанми, менинг ҳам қалбимда ўз Ватаним бор! Шуни топиб айтгани учун энтикиб кетдим. Яна бир шоир Ватан ҳақида шеър ўқиди. Битта ривоят ҳам айтиб берди. Жуда қойил қолдим… Нега дейсанми? Эшитсанг биласан.
Бир одам ўғлининг елкасига қўлини қўйиб:
— Ўғлим ким зўр? — дебди.
— Мен зўрман! — дебди ўғил.
Ота яна сўрабди:
— Ўғлим ким зўр?
— Мен зўрман! — дебди ўғил ўйлаб ҳам ўтирмай.
Ота ўғлининг жавобидан қониқмабдими, сал оғрингандек бўлибми, эшик томон равона бўлибди. Эшикка етгач, “яна бир сўраб кўрайчи”, — дебди:
— Ўғлим ким зўр?
— Сиз зўрсиз ота! — дебди ўғил.
— И-е, бу нима деганинг ўғлим. Икки марта сўраганимда мен зўрман дединг, энди…
— Ота, — дебди ўғил икки кўзи ёшга тўлиб — Икки марта сўраганингизда қўлингиз елкамда эди. Учинчи марта эса елкамда ҳеч нарса йўқ эди. Фарзанд елкасида отасининг қўли бўлса зўр бўлади.
Шоир акамиз сўзининг сўнггида шундай деди:
— Сизу бизнинг ота-онамиз — шу Ватан. Менинг тилагим битта: ҳеч қачон Ватанимизнинг қўли елкамиздан тушмасин. Биз зўр бўлиб юрайлик.
Ахир, ўзинг яхши биласан-ку, мен доим зўр бўлишни орзу қилардим. Шу орзу мени бу ерга — юраги ботир йигитларнинг маскани бўлмиш ҳарбий хизматга олиб келди. Шу ният бутун ҳаётимни бошқариб боришини сен ҳаммадан яхши биласан-ку. Айни шу ривоятни эшитганимдан кейин қалбимда мен исмини билмайдиган туйғулар пайдо бўлди. Қадам олишларимда қандайдир салобат сездим. Ҳар лаҳза елкамда кимнингдир қўли бордек улғаявердим. Одам улғайганини ўзи сезса ғалати бўларкан: худди дарахтдай гулласанг. Зўр-а. Ҳа, Санобар, юрагим катталашиб бормоқда. Жуда катта, Бўзтепанинг тоғидан ҳам катта…
Момомни ҳам ёзиб мени яна хурсанд қилдинг. Сен қизга ҳеч ақл битмади-да. Кап-катта қиз момомнинг кўз ўнггида дарахтга чиқасанми? Мени ҳам дарахтга чиқар, деб тўғри айтибди, момом.
Момом ҳақида сенга бир гап айтиб берайми? Сен ўшанда момомдан ранжигандинг. Тўғри, сен ундан кўп ранжигансан, мен охиргисини, хизматга кетишимдан бир кун олдинги воқеани айтяпман.
Момом оилада кенжа қиз бўлган. Энди уч ёшга кирганида катта акаси йигирма икки ёшга тўлган. Ўша акаси армияга кетиб қайтмаган. Уни ўша ёқдан урушга олиб кетган. Момомнинг ота-онаси “Ана келади, мана келади”, деб боласининг дийдорини қиёматга қолдириб бу дунёдан ўтиб кетган. Шу воқае сабаб момом, билсанг керак, бирорта фарзандини қишлоқдан чиқармаган. Армияга боришга-ку, асло унамаган. Шунинг учун барча амакиларим бир маҳаллада яшашади. Бир амаким учувчи бўлишни орзу қилган экан. Ҳозир ҳам айтади. “Ўзим-ку, бўлмадим, лекин ўғлим, албатта, учувчи бўлади”, дейди. Бунга ҳам момом унамаган. Қишлоғимизда бир кампир бўлган. Исми Анзират. Шу момонинг икки ўғли учувчи бўлади. Уруш пайти самолёти билан портлаб кетади. Момо телба бўлиб қолган экан. Эри бир куни болаларинг келади, мана кўрасан деб уни овутармиш. Момо қачон деса, мустақил бўлсак дер экан эри. Сен билан биз эслолмаймиз, айтишларича мустақиллик бўлган йилда осмонда ўзимизнинг байроғимиз нақши туширилган самолётлар ўтади. Шунда бобо: “Кампир, болаларинг қайтди”, дейди. Ўлим тўшагида ётган момо ўрнидан туриб осмонга қарайди. “Қани, болаларим, улар самолёт-ку”, дейди.
— Ўзимизнинг самолётимиз, — дейди бобо.
Момо бир оғиз гапирмайди. Шу кеча омонатини топширади.
Буни сен ҳам эшитгансан, эслатганим сабаб — шунга ўхшаш воқеалар момомни қўрқоқ қилиб қўйган. Ахир, узоқ йил қалбида сақланиб келаётган қўрқувни чиқариш осон эмас-ку.
Момом менинг хизматга боришимга тиш-тирноғи билан қарши бўлди. Барча амакилариму аммаларим орага тушиб бир амаллаб кўндирдик. Аввалги хатингда момомни хурсанд бўлганини, ҳозир армия яхши экан, деб алқаганини ёзгандинг. Энди яна момомдан хафа бўлишинг мумкинми? Йўқ, асло!
Санобар! Шодини танийсан-а? Тошкентда ўқияпти-ку. Ўша. Шоди менга бир вақтлар бир гап айтганди. Сени яхши кўриб, севишимни айтолмай юрган кунларим.
— Севган одамнинг юрагида олов бўлади, — Бобур жўра деди у. — Бу олов лаҳза сайин алангаланиб бораверади. Агар вақтида айтилмаса, кулга айлантиради.
Шодининг шу гапидан кейин сенга яхши кўришимни айтгандим. Ўшанда ростдан ҳам юрагимдаги олов ўрнида гуллар пайдо бўлганди.
Санобар! Сенга бир гап айтаман. Менинг юрагимда, бутун жисмимда ҳозир ҳам олов бор. Биласанми, бу олов қачон пайдо бўлди. Қасамёд қилган куним. Ҳа, ўша куни шапкамни осмонга отарканман, худди юрагим осмонга чиқиб кетадигандек ҳаприқар, еру кўкда юраклар учиб юргандек туюлган менга. Ўша кунги оловга шоир аканинг ривояти яна мой сепди.
Санобар! Аввало, сени менга учратган тақдиримга раҳмат. Сени дунёга келтирган ота-онангга раҳмат. Сен билан менинг киндик қонимиз тўкилган қишлоғимизга раҳмат.
Сени тишинг тушган кундан бошлаб яхши кўраман. Ўша Яккатол боғидаги йўлда қилинган орзудан бошлаб яхши кўраман.
Аввал тоғни, қишлоқни, сени яхши кўрдим. Сен туфайли ҳаётни, дунёни, еру-осмонни яхши кўрдим. Ҳамма яхши кўришларим йиғилиб–йиғилиб улкан муҳаббатга айланди.
Сени, мени, барчани кафтида кўтариб юрган онажон заминга, бошимизда қуёш нурию ёмғир, қорини сочган осмонга, шу замин, шу осмонгада ватан бўлган Ўзбекистонни яхши кўраман.
Санобар! Мен зўр одам бўлдим. Ҳа, елкамда Ўзбекистоннинг қўли турибди. Бу қўл ¬елкамда экан, бу дунёда мендан зўр одам йўқ.
Санобар бир гапимни унутма: одамнинг юраги ботир бўлса, у енгилмас экан. Менинг юрагим буюк Ватанни сева олган ботирга айланди!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 2-сон