Санжар Турсунов. Ниҳол (қатра)

Бу тун одатдагидан бошқачароқ бўлди. Чигиртка чийилламас, қурбақа “сайрамас”, шамоллар ҳам қаёққадир ғойиб бўлганди. Бутун коинот ўзидамас. Ой жуда олис, юлдузлар яқин-яқин бўлиб қолганди. Дарахтлар тепадан пастга қараб ўсадигандек. Ҳатто уй жиҳозлари ҳам ўрнидамас. Хонтахта ўрнида телевизор, музлаткич ўрнида газ. Хуллас, борлиқда неки мавжуд бўлса, ўрин алмашганди. Бу тун шунақа ғаройиб тун бўлди. Шу тун ҳамма нарса ўрнини алмашди. Ҳаммаси одатдагидан бошқачароқ. Мудом табиатнинг ўзгармас қонунидек бир вақтда ўчадиган тунчироқ ўчмади. Йигирма йилдан буён дашномларга, таҳдидларга, хўрланишларга чидаб келган умид чироғи ўчди. Йигирма йиллик сабр-тоқатга нуқта қўйилди.
Ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлидан қоқилмай ўтиб келган икки инсон бугун чекинмоқчи. Нимадан чекинмоқчи? Бахтдан. Бахт ҳам одамни тўйдираркан. Ҳайт деган туяга мадад. Милт этган шуъла умид чироғи. Қишнинг баҳори, бугуннинг эртаси. Улар мана шундай ишончларга ишониб йигирма йил, ўзбекчасига айтганда, бир ёстиққа бош қўйди. Улар бахтли эди. Аммо… бугун чекинмоқчи. Хотиннинг қанча йиғлаганини, тили бўлса, мана, ёстиқлар айтсин. Эрнинг қанча йиғлагинини мана, тили бўлса, китоблар айтсин.
Инсонга шунчалик кўп умр берилганки, шу умр давомида бахтли бўлмаслик нодонликнинг ўзгинаси. Ҳа, улар бахтли яшашди. Игна билан қудуқ қазиб илм топди. Обрў, мартаба, бойлик топди. Кўрса ҳавас қилгулик жуфтлик бўлишди. Бир яхшига бир ёмон деган гапнинг ёлғонлигини улар исботлади. Улар бир яхшига, бир яхши бўлишди. Улар аҳил, тотув ва, энг муҳими, тушуниб, ишониб яшашди. Аммо… Аммо инсон учун табиатнинг бир ўзгармас қонуни борки, унга барча бирдек амал қилади. Уни бажариш кишига шараф бағишлайди. Улар фақатгина мана шундан, шугинадан баҳра олишмади. Уларни фақат шугина кундан-кун, соатма-соат йироқлаштирарди. Ўзлари истамаса-да йироқлаштирарди. Уларнинг фарзанди йўқ эди…
— Бўлди, кетаман, – деди хотин. Эр индамади. Дилидагини сезиб тургандек вақт ҳам имилларди.
— Бўпти. Мен розиман. Фақат бироз сабр қил.
— Сабр? Йигирма йил сабрга суяниб яшадик-ку?
— Яна уч ой яшайлик… Кейин ажрашамиз. Фақат уч ой яшайлик.
Хотин қўрқди. Ахир усиз қандай яшайди. Аммо кимдир биринчи қадамни босиши керак. У кетишни хоҳлармиди? Аҳдлашувларида кетиш йўқ эди-ку. Аммо йиллар ҳар қандай қасамнинг ҳам қадрини йўқотди. У фақат эрини ўйламоқда. Балки бошқа билан яшаса фарзандли бўлар. Ўзи-чи? Ўлмаган қул бир кунини кўради. Майли, яна уч ой яшасин…
Эрталаб эр-хотин бозордан икки дона кўчат олиб келишди. Эр ўзича, хотин ўзича ниятлар қилиб боғ этагига экишди.
— Агар уч ой ичида кўкармаса…
Бу гапни иккиси ҳам тилида айтмади. Фақат кўзлар уқиб олишди.
Йигирма йиллик муҳаббатнинг якунини истаётган уч ой ҳам етиб келди. Дунё шундай яралган. Кутганинг келмайди. Кутмаганинг доим қаршингда. Уч ой ичида эр-хотин ўттиз йил яшади. Ўттиз марта ёшарди. Ўттиз марта кексайди. Кутилган ўша машҳур кундан бир тун олдин эрнинг уйқуси қочди. Ўтмишини ўйлади. Фақат хўрсиниш. Келажагини ўйлади… Ҳеч нарса йўқ… Худди хотини кетиб қолгандек ўрнидан отилиб турди. Ҳа, кетиб қопти. У шу хаёл билан ҳовлига, ундан ўтиб боққа кирди. Дунёнинг ўжарлигини қара: ой сутдай ёруғ, кўнгил эса… зимистон. Эр шу эзгин ўйлар гирдобида ниҳоллар томон юрди. Юрдию қотиб қолди. Хотини қўлида челак икки ниҳолга сув қуяр, лаблари тинимсиз пичирлар, бунга сари кўзидан ёш сизиб чиқарди. Хотин эрини кўрмади. Эр… Эр кўнглига, умрига, ҳаётига бир нур оқиб кираётганини кўрмади. Шу тахлитда тонг отди. Аллоҳ буюк. Аллоҳ ҳар нарсага қодир. Воажаб, ниҳоллар кўкарганди… Эр-хотин бир-бирига тикилишиб-тикилишиб қолишди…
Йўқ, муҳими бу эмас. Муҳими улар ниҳолни ёзда экишганди…