Саид Аҳмад. Бебош қаламнинг ёзганлари (ҳажвия)

(Турсунбойнинг олтин кони)

Абдулла Қаҳҳорнинг боғига Турсунбой деган бир паҳлавон йигит тез-тез келиб турарди. У боғда гулларнинг тагини чопар, ўт юлар, дарахтларни суғорарди. Абдулла ака ундан пулни аямасди. Кибриё опа ўтин ёрдириб, дарахтларнинг қуриган шохларини кестириб Абдулла акага билдирмай пул берарди. Абдулла ака ҳам унга машина ювдириб Кибриё опага билдирмай чўнтагига пул солиб қўярди. Турсунбой кетар чоғида Абдулла ака: «Қани Кибриё, Турсунбойнинг меҳнат ҳақини беринг», деб яна икки кишини номидан пул беришарди.
Ҳабиб Абдуллаев, Халил Раҳматуллин, Муҳаммаджон Ўрозбоев ва Ҳадича Сулаймоновалар малинахўрликка келишди. Дастурхон тўкин. Ҳабиб ака Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари тўғрисида, олтин ҳам, жез ҳам, нефть ҳам истаганча топилишини гапириб ўтирарди.
Шу пайт боғ этагида ўт юлаётган Турсунбой дарахт панасига келиб, Абдулла акани имлаб чақирди. Абдулла ака нима гапи бор экан, деб ёнига борди. Турсунбой уни етаклаб боғ этагига бошлади. Ниманидир астойдил ҳаяжонланиб гапирарди. Бир оздан кейин Абдулла ака кула-кула қайтиб келди.
— Нима гап, тинчликми? — деди Ўрозбоев.
— Турсунбой тушмагур олтин кони топибди. Эртага бориб иккаламиз қазиб олайлик, деяпти. Ўзингиз қазиб олаверинг, менда олтин кўп, дедим.
Меҳмонлар бу содда, довдир одамнинг гапидан кулиб қўя қолишди.
Кечқурун Турсунбой юз-қўлини ювиб сўрига келиб ўтирди. Абдулла ака бояги гапни сўради. Турсунбой нима деганини эслолмади. Абдулла ака қанча айлантирса ҳам нима деганини билмади.
Олтин кони масаласи унинг калласига бир келиб қайтиб кетган эди. Абдулла ака ундан: «Энди нима қилмоқчисиз?» — деб сўради.
— Қишлоққа бориб қариндош-уруғларни шилдим. Ҳамма жиянларимдан, тоғаю поччаларимдан уч сўм-уч сўмдан олдим. Ҳозир белимда эллик етти сўлкавой бор. Белим бақувват пайтида Москвага бориб бир ўйнаб келмоқчиман. Ўшанақаси Наманганга ҳам ўтиб келаман, — деди Турсунбой.
Абдулла ака унга ҳазил қилди.
— Мен ҳам бирга борардиму пулим йўқ-да.
— Ташвишланманг, Абдулла ака, эллик етти сўм икковимизга бемалол етади. Ортганига совға-саломлар оламиз. Вақтимиз бўлса Хрушчевни ҳам бирров кўриб чиқамиз. Ўзбекларнинг одамгарчилигини кўрсатиб қўяйлик.
Маслаҳат билан икковлари Москвага борадиган, харажатларни Турсунбой кўтарадиган бўлди.
Эрталаб нонушта пайтида Абдулла ака, энди нима қиламиз, деб сўради. Турсунбой кеча нима тўғрида гаплашганини бутунлай унутганди. У вокзалнинг орқасидаги касалхонага бориб, тоғасини кўриб келмоқчилигини айтди…
Абдулла ака оламдан ўтгандан кейин Турсунбой кўринмай кетди. Ким билади, у Хрушчев билан учрашдими, ўзбекнинг кимлигини кўрсатиб қўйдими, билолмадик.