Қулман Очилов. Қайтим (ҳикоя)

– Отангизнинг бошига бориб келсак, – деди Ҳожар буви ийманибгина. Бувининг одати шундай – бировдан қарз сўраётгандай, қисиниб-қимтиниб, эшитилар-эшитилмас овозда, оҳиста гапиради. –Вақтингиз бўлармикан, болам?
Авжи саратонда шаҳардан ҳориб-чарчаб қайтган ўғлининг жаҳли чиқиб, бақириб-чақириб кетишидан ҳадиксираб турган эди. Инсоф бердими ё ўша куни Жобирнинг ишлари бароридан келганмикан, қовоқ-тумшуқ қилмади.
– Нега бўлмас экан, – деди ройишлик билан сирли товоқдаги муздай айрондан ҳузур билан симирар экан. – Ўн чақирим йўл чўт бўптими, эна. Борамиз-келамиз… Ёнингизга яна икки-уч одам чиқса, тағин ҳам яхши.
-Икки-уч одам?.. Чиқиб қолар… Ҳайит-ку.
Чиқмади.“Зиёрат қочиб кетмас”, дейишди қизлари. “Салқин тушгандан кейин, Қурбон ҳайитида борармиз”, дейишди келинлари. Бир ҳисобга, қизларининг, келинларининг бормагани ҳам яхши. Аввал ҳаммаси тўйга чиқаётгандай ясан-тусан қилади, сўнг йиғи-сиғи, ундан кейин тум-тарақай иссиқдан қочади, шошади.
Кампир ифторликда қўшниларига киши билмас гап солди. Икки аёл икки неварасини ҳам ёнига оладиган бўлди.
-Борига – барака, – деди Жобир онасига. –Сиз олдида ўтирасиз.
 Енгил тортган она шоша-пиша бош ирғади. Жобир – тўрт ўғлининг учинчиси, фарзандларининг ўнинчиси.Уруш йиллари яқинларидан жудо бўлиб, бировларнинг бўсағасида ҳам етимлик, ҳам ёлғизлик аламини тортиб улғайган аёл бечора “тиш берган – ризқини ҳам беради,” деб туғаверибди, туғаверибди. Бир куни қараса, уч хонали пахса уйи чойгумдай қайнаб ётибди.Бозорга ўхшайди!Энди биров фарзандларининг нечталигини сўраса, уялади. Омон бўлишсин, ўн иккитагина, дейди ва сўраган одамнинг юз-кўзига қарамасликка, иложи бўлса, гапни дарҳол бошқа ёққа буришга уринади. Қарагудек бўлса, кўнгли хира тортади. Чунки суҳбатдоши, ким бўлмасин – каттами-кичикми, эркакми-аёлми – истеҳзоли жилмайиб турганини кўради: “Йўғ-е? Бунча оз!”Отасидан эрта айрилган бўлса ҳам, шукр, болаларининг бировга оғири тушган жойи йўқ. Бир-бирига суяниб, бир-бирига таяниб оёққа турди. Бугун бировдан – баланддир, бировдан – пастроқдир, ҳаммаси элга қўшилди, уйли-жойли, бола-чақали. Кампир невара-чевараларининг айримларини тинимайди. Ирим қилиб санамайди ҳам.
 Хўжаликда ҳосилот бўлиб ишлаган раҳматли эрини эслаганида кампирнинг дили ёришиб, энтикиб кетади. Биров бехосдан туртиб юборса, айбдордан ўзи кечирим сўрайдиган, кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ одам эди, раҳматли. Тилидан тушмайдиган гапи: “Қўли очиқнинг – йўли очиқ”. Тўладан келган, барваста, басавлат бўлса-да, гўдакдай содда, беғубор эди. Умри қисқа экан, фарзандларининг яхши кунларини кўролмай кетди. Ўлими олдидан аёлига: Жобир билан бўлгин, деб тайинлади, шу боланг чаққонроқ. Ўзини тезда эплаб кетади…
 -Бир гап, – деди Жобир орқа ўриндиқда ўтирган кампирларга. – Йўлда қўл кўтарган чиқса, суриламиз. Момолар неварасини тиззасига олади.
 Аёллар рози бўлишди:
 -Майли, ойнам, майли. Шу кунларда бензин жонивор ҳам тортилиб қолган, дейишади-ку.
 -Фақат бензин билан иш битса майли эди.
 -Айтганча, янги харидингиз қуллуқ бўлсин, Жобиржон! Илоё, буюрсин!
 -Қуллуқ!
 -Янгими? Ё озроқ минилганми?
 -Минилганини бошимга ураманми!..
 Ҳожар буви лабини тишлади. Озиб-ёзиб машинасига чиққан кампирларга ўғлининг ҳе йўқ, бе йўқ, йўл кирани писанда қилгани ёқмади. Шу иддаосиз ҳам ҳеч ким қўлини қуруқ қўймайди. Ҳозир ҳамма тушинади. Билади. Шундай бўлса-да, она Жобирни яхши кўради. Четдан қараганда дағалроқ кўрингани билан кўнглида кири йўқ. Аллакимлардай ичимдагини топ, писмиқ ё майда гап эмас. Дилидаги – тилида. Фақат ҳаловати йўқ. Доим таҳликада. Кимдир қувиб келаётгандай қаёққадир шошилган, ҳовлиққан, асабийлашган. Дилтанг одам тез чарчайди. Чарчагани, асабийлашгани учун бошқаларни ҳам билиб-билмай ранжитиб қўяверади.
“Жигаримиз бўлсаям айтамиз, эна-а, деб куйинади баъзан қизлари момога. Шу инимизнинг нафси ёмон. Ҳамма “инга-инга” деб туғилса, Жобирингизнинг танглайи “танга-танга” деб кўтарилганга ўхшайди. Борига шукр демайди! Биз-ку майли, садқаи сар. Отамиз раҳматлик билан сизниям ёмон отлиқ қиляпти, эна!..”
Бундай зорланишларни эшитиб, онанинг нафаси ичига тушиб кетса, ўғилнинг фиғони фалакка кўтарилади:
“Мошинимга чиққан қариндошдан пул олмасам, қандай кун кўраман, эна? – дейди киракаш фарзанд. -Қишлоқнинг ҳаммаси қариндош-уруғ, таниш-билиш бўлса. – Сўнг мийиғида истеҳзо пайдо бўлади: – Пенсиянгиз эркатой қизларингиздан ортмаса…”
“Қариндош-уруғ ҳам вақти соати билан қайтарар, болам. Қолиб кетмас…”
Жобир норози бош ирғайди.
“Ютганим – ўзимники, эна, чайнаётганим – гумон, – дейди. – Насияни ўғри чиқарган!.. Менга бировнинг ҳақи керак эмас. Бир бўрда нонимни ҳалоллаб ейман…”
“Майли, – дейди она. – Ҳалолидан берсин, болам!”
Жобир шу топда онаси маъюс тортиб қолганини сезиб, маҳмадоналик қилиб, ранжитиб қўймадимми, деган ўйга борди. Эрталабдан бери айтган-эшитганидан, еган-ичганигача, кўрган-билганидан, қилган-қилмаганигача -ҳаммасини бирров хаёлидан ўтказди, лекин онасининг дилини сиёҳ қиладиган арзирли асос тополмади. Одамзот қабристонга ашула айтиб бормайди-ку, деб ўйлади. Ўлимни эслаганида ҳамма маъюсланиб қолиши табиий.
 У енгил тортди. Ҳали ўриндиқларидаги целлофан ғилофи ҳам олинмаган (шошилиб нима қилади – одамлар унинг яна янги машина олганини кўрсин, билсин, кўзи ўйнасин), кабинасидан пластмасса ҳиди анқиб турган машанасини ҳайдаб борар экан, ўзининг уддабурону меҳнаткашлигидан ҳузур туйди. У тенги кўп йигитларнинг ҳали машина нарида турсин, эшаги ҳам йўқ. Хаёлига бундай муқоясалар келганида у ўзини ростдан ҳам бадавлат ҳис қилади. Исмига “бой” сўзини қўшиб айтсангиз, иқ томонидан келиб гапирсангиз, сизга жонини ҳам бергудай бўлади. Гап орасида нафақат ака-ука, опа-сингилларини, балки бутун қишлоқ аҳлини доғда қолдириб кетганини таъкидлагиси келаверади. Кимнинг ичи куйса, туз яласин, туз!
-Момогиналарим, – деди ўғли манзилга етганларида. – Ҳар қабрнинг олдида икки соатдан кўз ёши тўкиб ўтиришимиз шарт эмас. Йиғи-сиғини қанча тез тугатсак, шунча яхши.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. У ён телефонига қаради.
-Соат саккизда шаҳарга кетишим керак. Бир ярим соат қопти. Уч одамим йўлда кутиб ўтирибди.
 Невараларининг қўлидан тутган аёллар атрофи сим тўр билан омонатгина ўралган мозор эшигидан кириб, ўзларига товун қабрлар томон бўлиниб кетишди. Ҳожар буви бу маконга қадам қўйганида негадир боққа киргандек бўлаверади. Аслида боғ билан мозорнинг қандай ўхшашлиги бор, ўзи билмайди. Лекин қабристон кампирга майдагина тепачалар, супачалардан иборат хилват боғни эслатаверади. Балки жуда сокинлиги учундир. Балки эри раҳматли айни кўкламда, ушоқ моллар ўтга тўйиб, қўзигуллар очилган пайтда қазо қилгани, қабридан тезда кўм-кўк майсалар бодраб чиққани учундир. Балки атрофи бийдай дала, ҳавоси доим тоза, саратонда ҳам салқин шабада эсиб тургани учундир. Шу ерга келса, эрининг нафасини, тафтини туйгандек, овозини эшитгандек бўлавергани, чоли билан дардлашгиси келавергани учун балки кампирга шундай туюлар.
 Ҳар не бўланида ҳам, Яратган Эгам аввал бандасига секин-аста бор неъматини берар экан, деб мулоҳаза қилади баъзан кампир. Онадан туғилгач, нафас олишни, кўришни, эшитишни, еб-ичишни ўрганади. Тили, оёғи чиқади. Ўнади-ўсади. Уйли-жойли, фарзандли бўлади. Ўғил-қизининг яхши кунларини кўрай, деб елади-югуради, ҳақ-ноҳақ ишларга қўл уради ва бир кун қараса, ўзи қариб-қартайиб қолган бўлади. Яратган энди ундан берганларини бирма-бир қайтариб ола бошлайди. Белидан қувват, кўзидан нур кетади. Кеча тош келса – кемириб, сув келса симириб юрган бандаси энди дори капалашдан бошқа ишга ярамай қолади. Ожизликда яна гўдакка айланади. Тоби қочса, фалон жойим оғрияпти, деб айтолмайди. Чақалоқ тили чиқмагани, кекса – истиҳола қилгани учун. Бировни ташвишга қўйишдан уялганидан эмас. Гап-сўзлардан юраги безиллайди. Дардини айтса, эшитган қулоқнинг –фарзандларининг ҳам, дўхтирларнинг ҳам – ҳамманинг энсаси қотгандек бўлади: “Ҳа, энди буёғи кексалик-да, момо!..” Бу – бўлди, дегани. Яна нима истайсиз, бу дунёга устун бўлмоқчимисиз, дегани. Нариги дунёнинг ғамини енг, дегани. У дунёнинг эшиги эса шу ерда – супачанинг тагида.
 Ўғлининг ортидан қуриб-қовжираб ётган ўт-ўлан, ёнтоқлар оралаб бораётган Ҳожар бувининг оёғига тикан киргандай бўлди. Ачиштирди. У калишига қалинроқ патак солмаганига ачинди. Аллақачон чўкиб, атрофи ғишт билан ўралган мармартоши қийшайиброқ қолган, ғарибгина қабр олдида тўхтадилар. Кампир қўлидаги оҳори кетган кўрпачани хазонлар устига тўшади. Кўрпача тўшалган шу тўрт қаричгина бўш жой – кампирники. Чолининг ёнидан ўзига жой сақлатиб қўйибди.
 -Ўтиринг, – деди ўғлига. – Сиғамиз.
-Сиз бемалол, – деди ўғли ва онасининг ёнига чўнқайди. Чўнқайди-ю, тиззаларида дарҳол оғриқ сезди.
 -Қани, эна, ўқинг!
 Ҳожар буви пичирлаганча тиловат қилишга киришди. “Иъяка наъбуду ва иъяка настайи-ин”, яъни фақат Сенга сиғинамиз, фақат Сенга илтижо қиламиз, деган сурага етганида танглайи қуриб, тили айланмай қолди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди.
 “Бошланди, – деб хаёлидан ўтказди ўғил. –Кўз ёши дегани ўттиз йилдаям тинмас экан-да”.
 У чап товонини кўтариб, миқти гавдасининг оғирини ўнг оёғига солди.
 “Иъяка наъбуду ва иъяка настайи-ин”. Учинчи марта такорорлади кампир.
 “Адашиб кетди, – деб ўйлади ўғли. – Саксонни қоралаган момога саратоннинг иссиғида шунча ташвиш зарилмикан…”
 -Илоҳи омин! Қилган тиловатимиздан ҳосил бўлган савоблардан шу даргоҳдан осойиш топган дуоталаб барча мўминларни, хусусан,болагиналаримнинг отасини Ўзинг баҳраманд қилгин. Уларни Ўзинг раҳматингга олиб, гуноҳларини маҳфират этгин! Болагиналаримни Ўзинг тўғри йўлингдан тойдирмагин! Элимизни, юртимизни, болаларимни Ўзинг паноҳингда асрагин, Яратган Эгам!..
 Ўғилнинг оёқлари увишиб, зирқираб кетди. Энди оғирини чап оёғига ташлади. Бетоқат хўрсинди. Пишиллади.
 -Сиз бораверинг, болам! Мен ҳозир…
 Ўғил бир зум серрайиб турди-да, қабртошларни томоша қилганча машинаси томон кетди.
 -Мениям тезроқ қошингизга чақирсангиз бўларди, буваси! – Пичирлади кампир.- Тенг-тўшимизнинг ҳаммаси кетиб бўлди. Ёлғиз ўзим сўппайи-иб қолдим. Омонатини очиқ-сочиққина кунида, қийнаб-нетиб ўтирмасдан, осонгина олса. Болаларимизга дардисар бўлмасдан, қошингизга осонгина етиб олсам, буваси. Мени олдингизга тезроқ чақиринг, тезроқ олиб кетинг, садағангиз кетай!…
 Хиралашган кўзларидан обдастадан қуйилгандай тинимсиз ёш оқаётган кампирнинг назарида эри ободу осон бир жойга кетгану жуфти ҳалолини зор-интизор кутиб ётгандай, тезроқ унинг ҳузурига борса, барча ташвишлари барҳам топиб, дардлари енгиллашадигандай, муроди ҳосил бўлиб, эри билан ёшлигидаги каби яна тинч-хотиржам, бахтли-саодатли яшаб кетадигандай туюлади. Фоний дунёдан умидлари узилганнинг бир ғами қолади – нариги дунё саодати.
 Кампирнинг енглари, рўмолчаси хўл бўлиб кетди. Қабрнинг устидаги қовжираган ўтларни юлмоқчи бўлган эди, териси кўҳна кўрпачанинг астаридай юпқа тортиб, модорсизланиб қолган қўлларининг кучи етмади.
-Эрта бир кун оёғим тойиб кетса, – деб пичирлади у қабрлар оралаб изига қайтар экан , – менинг супачамни ҳам шуйтиб хазон босиб ётадими? Босганда-чи?.. Ўлдинг – ўчдинг. Тирикларнинг ташвиши ўзига етиб ортади…
Ҳамроҳлари аллақачон машинада ўтиришарди. Ҳамма, ҳатто болалар ҳам маъюс тортиб қолган. Кўзлари қизарган. Фақат Жобир рулни доира қилиб чалмоқда эди.
-Бугун майрамми, момолар, ё мотам куними?
Ҳеч ким жавоб бермади. Йигит радионинг мурватини буради. Хонанданинг хониши эшитилди:
“Боғ ўртаси – шоҳсупа, ёнидан ўтганмисиз?..”
Уйга яқинлашганларида аёллар Жобир билан ҳисоб-китоб қилишга киришдилар:
-Неча пулдан берайлик, айланай?
-Қанча бўлса, рози бўлиб беринглар. Кўп бердинглар, деб хафа бўлиб қолмайман! Ҳа-ҳа-а!..
-Тўрт мингдан етадими? – дейишди кампирлар. – Ё манаву гўдаккиналаргаям оласизми?
-Етади.
“Гўдаккиналаргаям оласизми?” Кампир бу пичинг ўғлидан ҳам кўра, ўзига қаратилганини сезди. Болангизнинг қанчалар мумсиклигини кўриб қўйинг, Ҳожар буви. Лоақал ҳайит куни инсоф қилса, пул олмаса бўларди. Бу дунёда савоб деган ақидалар ҳам бор. Еб тўймаган, ялаб тўярмиди.
Дийдаси шунчалик қотиб, без бўлиб кетганмикан, ўғли пичингни сезмади ё ўзини атайлаб сезмаганга олди. Гарангсиди, чоғи. Кампир ҳамроҳларидан эмас, ўғлидан хафа бўлди. Гапирай деса, иложи йўқ, гап чўвалашади. Билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка олай деса, орқа ўриндиқдаги аёллар она-боланинг устидан баралла кулаётир.
Бесаранжом буви гапни ҳазилга бургиси келди. Напормон камзулининг чўнтагидан оқ калава ўралган бир юмалоқ беш юзталикни сездирмайгина чиқарди ва бирдан ўйланиб қолди. Мабодо, олса-чи? Йўғ-е, олмайди. Болам-ку. Лекин олса – ўлганим! Бу дунёда юргилигим қолмайди. Майли, бадгумон бўлмайин. Бари-бир олмайди.
-Э-е, эна? – Ўғли ажаблангандек кўрингани билан пулга кўзи тушиб, яйраб кетгани сезилди. – Сизам пул берасизми?
-Менга нима бўпти? –Ҳожар буви ўзини мажбурлаб кулди ва кулиш асносида овози бунчалик дадил ва табиий чиққанига ўзининг ҳам ишонгиси келмаётганини сезди. – Эл қатори-да. Худога шукр, отнинг калласидай пенсия оламан!
– Ҳа, майли! – Ўғли пулни олди. – Сизники- табаррук, эна… Хў-ўш, топиб олсанг ҳам, санаб ол!
Жобир пулни рул устига қўйди ва шошилмай санади. Санар экан бир пулга, бир йўлга қараб кетаверди. Буни кампир кўзининг бир чети билан кузатиб турди. Шу лаҳзаларда бошқалар – орқада ўтирган икки қўшниси нима қилаётганини кўргиси, билгиси келди. Лекин улар томонга ўгирила олмади. Ўгирилмаса ҳам, кўрмаса ҳам, улар Ҳожар буви ўз ўғлига йўл кира берганини, Жобир уни ҳеч бир иккиланмай, ҳатто оғзи қулоғига етиб олганини аниқ-равшан кўришди. Балки улар аввалига кампир ҳазиллашаётгандир, деган хаёлга боргандир. Лекин ўғли онаси берган пулни санашга тушгач, нафаси ичига тушиб кетган бўлса керак. Кўз қорачиқлари каттариб кетганини, бу қандай гап бўлди, дегандек, бир-бирига ажабланиб қараганини, сўнг маъноли кўз уриштириб олганини, юзларида яна истеҳзо пайдо бўлганини сезди. Энди улар машинадан тушар-тушмас ҳаммадан суюнчи олади. “Бир гапни айтсам, ишонмайсиз! Ҳеч ишонмайсиз-а, эгачи! Ҳожар бувининг ўғли бор-ку, Жобир… Пул деса, энасиниям!.. Ўз кўзим билан кўрдим-а…”
– Мана, ортиқчасини олинг, эна.
Ўғил онасига илвираб қолган иккита беш юзлик қайтарди. Кампир бир зум нима қиларини билмай, иккиланиб қолди. Бор-йўғи бир зум. Сўнг гўё етти ёт ҳайдовчи унга қайтимини бераётгандай пулни дадил олди. Олди-ю ўғли томон ўгирилди ва пулни пешонасига суртди. Инсофли-диёнатли, аммо бегона бир ҳайдовчини, таксичини дуо қилаётгандай, нуроний онахонларга хос назокат билан миннатдорлик билдирди.
-Сизники ҳам табаррук, болам! – деди. – Раҳмат!.. Минг раҳмат!.. Баракат топинг!.. – Ютинди. Сўнг ўзига-ўзи гапиргандай, синиққина овозда қўшиб қўйди: – Бу пулга энди невараларимга ҳайитликка ҳолва олиб бераман-да…

“Ҳуррият” газетаси, 2016 йил 6 март.