Ўткир Ҳошимов. Ҳуркитилган туш (ҳикоя)

«Кўнгил вайрон бўлиши учун тақдирнинг ожизгина зарбаси кифоя».
С. Цвейг.

Тишлари тўкилган кемшик бола эдим. Сой бўйидаги ўтлоқ биз — болаларнинг «катта еримиз» эди. Ҳар куни эрта билан ойим чийдухоба шимимнинг чўнтагига яримта зоғора, бир бўлак қайнаган лавлаги солиб берарди-да, шохсиз, ювош эчкимизни етаклаб «катта ер»га жўнардим. Овози дўриллаб қолган Меливой кўк кўзни айтмаса, ҳаммамиз ёш болалар эдик. Ўтлоқ ёнидаги икки туп азим тол бизнинг овунчоғимиз эди. Баҳор келиши билан болалар тол новдаларидан ҳуштак ясашар, қизлар бўлса баргак тақиб, дарахт соясида черта ўйнашарди.
Бир куни орамизга янги меҳмон — Ҳалима деган қизча қўшилди. Унинг қишлоғимизга келганини ҳаммадан аввал мен билдим. Кечқурун ойим дадамга айтган гапини эшитиб қолгандим.
— Ҳаким сассиқ шаҳарга бориб қизини топиб келибди. Хотинининг бошига итти кунини солибди. «Ўзинг-ку, шармандалик қилдинг… Майли, сен ўша топганинг билан булавер. Менга қизимни бер», дебди…
Ҳаким сассиқ урушдан келгач, полизда бригадир бўлиб ишларди. Мен уни ёмон кўрардим: бир марта эчким полизига кириб кетганида мени икки тарсаки урган. Ойимнинг гапидан ҳеч нима тушунмаган бўлсам ҳам, Ҳаким сассиқнинг қизини кўргим келди. Эртасига кўрдим ҳам…

* * *

Ўша куни эрталаб момақалдироқ бўлиб, жала қуйгани эсимда бор. Ойим одатдагидай эчкининг елин қопини боғлаб (бўлмаса боласи эмиб қўярди) арқонни қўлимга тутқазди:
— Яхшилаб тўйғиз!
«Катта ер»га етиб келгунимча ҳаво чарақлаб очилиб кетди. Эчкининг арқонини ечиб, молларга қўшиб юбордим-да, тол тагида тўдаланиб турган болалар ёнига келдим.
Ўртада урушда ўлган дадасининг каттакон беқасам чопонини кийиб олган Меливой ёнбошлаб ётар, яланг оёқ болалар унинг атрофида ўтириб олиб нимагадир хохолаб кулишарди.
— Ҳаким сассиқнинг қизини кўрдингми, Анвар? — Меливой яқин келишим билан дўриллаб сўради. Кейин қўлидаги тол ёғоч билан имо қилиб кўрсатди. — Дадасига ўхшаган дароз экан.
Болалар тағин бараварига кулиб юборишди. Толнинг панасида турган новча қизалоқни энди кўрдим. Унинг катта-катта кўзлари маъюслик билан жавдирар, нима қилишини билмай, калишининг учи билан майсаларни эзғиларди.
Меливойдан ҳаммамиз қўрқардик, у ҳеч кимни аямасди. Лекин ҳозир у қизни масхара қилиши алам қилди менга.
— Дароз бўлса сенга нима? — дедим аламимдан чийиллаб.
Ҳалима ялт этиб менга қаради-ю, индамади. Меливой бирпас бақрайиб турди-да, таёғининг учи билан сой томонни кўрсатди.
— Бор, буқамни қайтариб кел! Сенинг галинг келди. У ҳар доим молини бизларга қайтартирарди. Нимагадир бу сафар ўжарлигим тутди. Сой бўйига тушиб кетган қора буқага қараб қўйдиму:
— Ўзинг қайтар! — дедим.
— Шунақами? — Меливойнинг кўк кўзлари олайиб кетди. Ирғиб ўрнидан турди-ю, қўлидаги таёқни баланд кўтарди. Ҳозир елкамга калтак тушишини билиб, қўрқувдан кўзларимни юмиб олдим. Аммо калтак тегмади. Бир маҳал кўзимни очиб қарасам, Ҳалима таёқни ингичка тиззасига тираб, синдиряпти.
— Бузуқнинг боласи! — деди Меливой унга қараб. Ҳалиманинг лаби пирпираб, йиғлаб юборай деётганидан бу ёмон гап эканлигини тушундим.
— Ўзинг бузуқнинг боласи! — дедим бақириб. — Кўк кўз! Кўк қарға!
… Ўша куни «катта ер»нинг хўжайини — Меливойнинг буйруғи билан «қиз бола» деган лақаб олдим. Эчкимни ҳам сойнинг нариги бетида боқадиган бўлдим.

* * *

Болалар орасига қайтгим келардию, «кўк қарға»дан қўрқардим. Фақат бир нарсага хурсанд эдим: Ҳалима ҳам ола сигирини мен билан бирга боқарди. Кейин билсам, у мендан уч ёш катта экан. Кун бўйи иккаламиз чиллак ўйнардик. Ҳалима бу ўйинда ўғил болалардан қолишмасди.
Ёзда тағин бир одат чиқардик. Ҳар куни пешинда сой бўйида олов ёқиб, қўрига иккитадан картишка кўмиб ейдиган бўлдик. Бир гал у, бир гал мен уйдан картишка олиб келардик.
Чўғда қоп-қорайиб пишган картишкани шоша-пиша артиб, оғзимиз куйишига қарамай еб олишдан лаззатлироқ нарса йўқ эди бизга.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни ўша тотли тушликни еб бўлиб, майсалар устига чалқанча ётиб олдим. Тубсиз осмоннинг бир чеккасида кўпикдай оппоқ булутлар оҳиста сузиб юрар, баланд-баландларда жажжигина бир тўрғай турган ерида типирчилаб, шодон сайрарди…
Ҳалима ёнимда ўтириб олиб, ўтлардан «ажина ковуш» тўқир, узун-узун бармоқлариниг шунчалик чаққон ҳаракат қилишига ҳайрон қолардим. Бирпасдан кейин у ингичка, паст товушда ашула айта бошлади.
«Очил-очил оқ тошлар-а…
Мен онамни кўрайин-а…
Дийдорига тўяйин-а…»
Унинг секин хўрсинганини этнитдим. Зум ўтмай яна қайтарди.
«Ойижоним…
кўрайин-а
Дийдорига…»
Кейин бирдан жим бўлиб қолди. Алланимадан қўрққандай, секин бошимни кўтариб қарадим. Ҳалиманинг катта-катта, қоп-қора кўзлари жиққа ёш эди.
Нима қилишимни билмай, довдираб қолдим.
— Йиғлама, — дедим ялиниб. — Йиғламаги-ин…
Ҳалима қўлидаги «ажина ковуш»ни улоқтириб юборди-да, қизил чит кўйлагининг этагини қайириб, кўз ёшини артди.
Арпага ўроқ тушди. Энди бизнинг ҳам ишимиз кўпайиб қолганди, ҳар куни машоққа борардик. Ўша куни пешингача иккаламиз бир тўрвадан машоқ тердик. Ўроқчилар нариги адирга ўтиб кетишган, қизиб ётган арпазорларни қуёш ёндирарди.
— Юр, сойдан сув ичиб келамиз, — дедим тўрвачамни орқалаб.
— Полизга бориб қовун емаймизми?
— Даданг бермайди-да, — дедим ишонмай.
— Беради, беради, — Ҳалима қўлимдан ушлади. Чопиб кетдик. Сой бўйидан юриб полиз ёнига етиб борганимизда тўхтаб қолдим.
— Қўрқма! — Ҳалима судрагудай бўлиб полиз ичига етаклаб кирди. Пушталар устида юмалаб ётган катта-катта қовун-тарвузларни кўриб кўзим ўйнарди. Лекин чайла ёнига яқин борганда қўрқа-писа яна тўхтадим. Чайла соясида Ҳаким сассиқ билан табелчи Тўлаш ака чордона қуриб ўтирганча коса қилинган босволдини ейишарди.
— Дада, бизгаям қовун берасизми? — Ҳалима аввал менга, кейин дадасига қараб қўйди.
Ҳаким сассиқ қизариб кетган кўзларини менга қадаган эди, ургани эсимга тушиб кетди. Ўшанда ҳам кўзлари шунақа қип-қизил эди.
Бирдан Тўлаш ака оғзини катта очиб, хохолаб кула бошлади. Яккам-дуккам тишлари орасида ярим чайналган оппоқ босволди бўлаги кўринди.
— Сассиқ! — деди у оғзини тўлдириб. — Тўйни бошлайверсанг ҳам бўларкан. Мана куёв болаям тайёр. — Кейин яна хохолаб кулди.
Ҳаким сассиқ лабининг бир чеккаси билан илжайиб қўйди. Ҳайрон бўлиб, Ҳалимага қарадим. У ҳам кўзлари жавдираб, атрофга аланглар, ҳов ўшанда — Меливойдан сўкиш эшитганда қандоқ қилган бўлса, ҳозир ҳам ўшандай, калишининг учи билан ер чизарди.
Тўсатдан миямга бир нима урилгандай бўлди. Улар мен билмайдиган, ёмон бир нарса тўғрисида гапиришаётганини тушуниб қолдим. Секин бурилдиму, йиғлаганча чопиб кетдим. Катта-кичик қовунларни босиб, пушталар устидан сакраб-сакраб борарканман, елкамдан оғир бир нарса босиб тушаётганини анчадан кейин билдим. Бошоқ тўла халтам экан. Уни ҳам улоқтирдиму сой бўйига югурдим.
…Ақлимни таниганимдан кейин билсам, мен ширин, беғубор туш кўраётган эканман-у, Тўлаш бир оғиз гапи билан устимдан муздай совуқ сув қуйиб, уйғотиб юборган экан. Мен бўлсам мана шу туш узоқ, жуда узоқ давом этишини хоҳлардим. Ўша-ўша Ҳалимани бошқа кўрмадим, нимагадир кўришни хоҳламадим ҳам. Кейин эшитсам, шаҳарга — ойисининг ёнига кетиб қолибди.

* * *

Кеча панорама кинотеатри ёнида Ҳалимани кўриб қолдим. Агар ўзи чақирмаса, танимасдим. У йўлкадан коляска етаклаб борарди. Қизиқ, Ҳалима мени қандай таниганига ҳайронман… Арғувон тагидаги скамейкада ўтириб гаплашдик. Ҳалима турмуш қурибди. Эри аспирант, ўзи врач экан.
— Бу — иккинчи ўғлим, — деди у аравачада ухлаб ётган ширингина чақалоқни кўрсатиб. Анчагача жим ўтирганимиздан кейин секин хўрсинди.
— Қандоқ яхши опа-ука эдик-а… Қаранг, ўн олти йил ўтиб кетибди.
Мен уни сизлашни ҳам, сенлашни ҳам билолмай иккиланиб қолдим.
— Ҳалиям қўрга кўмилган картишкани яхши кўрасизми? — дедим анчадан кейин.
— Ҳалиям ёш боласиз-а, Анвар… — у кулди. Бу ўша — ўзимга таниш, опаларча меҳрибон кулги эди.
Юрагимнинг бир бурчида соғинч туйғуси жўш уриб кетди. Рост-а, қандоқ опа-ука эдик-а!.. Тўлаш ака ўшанда нимагаям шунақа деди-а?
1966 йил.